Бугун жума... Муборак кун. Нафақат шу куни балки, хаётимизда Худодан хамиша ниманидир ният қилиб, ниманидир орзу қилиб қўлимизни дуога очиб илтижо қиларканмиз, ўзимизчи, яхшилик сўрар эканмиз, яхшилик учун нима бердик?- деган саволни унутамиз.
Бир вақтлар, айнан шу "Жума овози" рукнимда, мана шу суратдаги талаб қилмоқ аввал бера олишдан бошланар деган фикримни билдиргандим.
Бу нарсани хаёт давомида ўзимда билиб, сезиб келмоқдаман: Нимагаки эришган бўлсам, беришга хам хасислик қилмай, имкониятимдан унумли фойдаланишга харакат қилганимдан деб биламан.
Оддий шу интернетда ўзини суратга олиб "моделлик" танасини реклама қилиб, дуч келган жойдан ақлли гапларни шартта кўчириб, ўзиники қилиб кўрсатиш билан кунини ўтказаётганлар хануз жуда кўп.
Бир вақтлар шу интернет балосига дучор бўлиб, оддий фотосуратлару шеър ва монологлардан ташкил топган сахифачамдан, бутун бошли сайт бўлган экан, ундан мана шу "Бера олиш" сифатида хам фойдаланишга харакат қиляпман.
Хаммани мана шу нарсага , яхшиликни фақат талаб қилиб сўраш эмас, аввало қўлимиздан келадиган ва имкониятимизда мавжуд бўлганини бера олсак, унинг келиши хам файзли бўлар деган тушунчаларга ундамоқчиман.
Хайрия тушунчаси хақида кўп тўхтатлганман, хусусан болалар уйи ва хоказолар тўғриси мен учун эмас. Аввало давлат тарафидан улар жуда яхши таъминланган, майли, бориб хайриянгизни қилганингиз билан аввало ота-она ўрнини босиб кела олмайсизу, лекин шу хайрияга хам, хар тарафлама кераклироқ ва мухимроқ нарсалар билан қаралса дегандим.
Хеч қайси давлатда қон ишлаб чиқариш фабрикаси мавжуд эмас. Бутун бошли Европада хам фақат тарғибот орқали қон топшириш акциялари ўтказилади. Кунда кунора қанчадан қанча одамлар шифохонага бахтсиз тасодифлар юзасидан, авария ва шунга ўхшаш фалокатлар юзасидан тушиб қолишади.
Ўзим бир вақтлар шифохонада ишлаганим туфайли, шу қон етишмаган пайтида инсонни минг давлати бўлса хам, керак бўлган қон топилмагани олдида қанчалар кучсиз эканлиги ва танг ахволда қолганини гувохи бўлганман. Хеч кимни бошига тушмасину, тасаввур қилинг, қўлингизда исталган миқдорда пул мухаё, лекин зудлик билан яқин инсонингизни умрини сақлаш учун керакли қон топилмаса...
Қанчадан қанча умрни сақлаб қолиш учун эса, хаётимизда атиги 15 минутни ажратиш кифоя...
Лейкоз билан оғриган болакайлар учун қон топшириш акциясини Суғдиёна газетаси билан бошлаган пайтимизда, асосан машхурлар билан қон топшириш ва хайрия пулларини болакайларнинг ота оналарига бериш билан кифояланардик.
Касалликни енгиб бўлиши ва Аспарагиназа дориси борлигини у пайтлар билмасдик. Менимча йўқ хам эди.
У пайтлар бу акция хақида жуда кўп ғояларимиз бўлгани билан, хафталик акция ўтказиш бир қанча муаммолар юзасидан қолиб кетганди.
Хозирда, юқорида айтганимдек, сайтимни мавқеи, шукрки йиғилган фанфорум аъзолари кучи билан акцияни қайта жонлантириб, уни ривожлантириб бормоқдамиз. Кундан кунга атрофимда мени қўллаб қувватлайдиган инсонлар кўпайиб, фанфорум аъзолари тўлиб бориб, шу акцияни ривожлантираётганимиздан бехад хурсандман ва шукр қиламан.
Савоб...
Ўзи нима у?
Нега баъзи одамлар акция тушунчасини садақа билан адаштиришади? Одамларни яширин тарғиб қилиб бўладими?
Ким эрта тонгда уйғониб, бугун қон топширсаммикан?-деб ўйлайди?
Акциямизда қатнашган хар бир инсонни бир донагина инсон хурмат қилса хам, шу куни келган 20та одамни демак 20та яна хурмат қилган инсони келаси сафар келиши мумкин тўғрими? Демак, бу яна 20та одам дегани!
Бу акция! Тарғибот! Овоза қилмай йиғишни иложиси йўқ. Дунё бизнеси реклама билан чўнтагини тўлдирмоқда, керак бўлса санъат олами хам рекламасиз яшаши қийин.
Нима фарқи бор қай йўл билан яхшилик қилиш? Асосийси яхши ният ва яхшилик самараси-ку. Фалон болалар уйида ош бердим деб бонг ургандан кўра, инсон умрини сақлаб қолиш учун қон топширдим дегани менимча афзалроқ.
Тағин билмасам, ким учун қорин ғами мухим, кимга эса хаёт ва ўша қоринни саломатлиги!
Сизга чин дилдан рахмат айтишдими мана шуни ўзи савоб!
Мана шу юқоридаги интизор кўзларга бир боқинг.
Бу нигохларни тасвирлаб бўлмайди... Мен тушунган савоб аслида шу.
Бугун жума, муборак кун!
Жумани жумадек муборак ўтказайлик! Майли, акциямизда қатнаша олмасангиз хам, асосийси хар дуога қўл очганингизда, хар бирингиз шу сўраётган яхшиликни бера олишингиз мумкинлигини ич-ичингиздан хис қила олишдек бахтга муяссар бўлишни тилайман!
Саййид-ул айём муборак!
Sayyod
|