05:21 Шоу-бизнес ва жиноят олами | |
Санъат аҳли борки, оддий одамларга нисбатан бадастир яшайди. Айниқса, машҳур хонандалар, актёр ва бошловчиларнинг егани олдида, емагани ортида. Улар бой-бадавлат, тўкин-сочин истиқомат қиладилар. Бойликка эга бўлмаган кўпчилик одамлар эса бойлик эгаларини ёмон кўришади. Уларда ҳасад ўти ловуллаб ёнади, нафслари жилов топмай қолади. Натижада айримлар қотилликка қўл урадилар. Биз қуйида тилга олажак уч қотиллик айнан нафсга мутелик туфайли содир бўлган эди...ЛАЙЛО АЛИЕВА(1975 – 1998)Ҳамкасблари ўз қотилига айланишини Лайло Алиева хаёлига ҳам келтирмаган, албатта.
Бугунги ёшлар Лайло Алиевани танимасликлари мумкин. Уларга Райҳону Шаҳзода бўлса кифоя. Ваҳоланки, 18 йил муқаддам Лайло, ҳозирги тилда айтганда “мегаюлдуз” эди!Лайло Алиева 1975 йили Самарқандда таваллуд топган. Унинг болалиги Тошкентда ўтди. Қизалоқнинг чиройли кўзлари гўдаклигидан эътиборни тортди. Икки ёшида “Мода” журналида расмлари чиқди. Дастлаб пойтахтдаги 110-мактабда, кейин хореография билим юртида таҳсил олган Лайло тенгдошлари орасида яққол ажралиб турарди. “Семурғ” оромгоҳидаги “Гўзаллик” танловида юқори ўринни олганида у 10 ёшда эди.Лайло ҳам қўшиқ куйлар, ҳам рақс тушарди. Кейинчалик телевизор экранида пайдо бўлди. Бир нечта видеоклиплари чиқди. Мухлислар орттирди, санъат аҳлининг ҳурматига сазовор бўлди. Бироқ айнан ҳамкасблари томонидан ваҳшийларча ўлдирилиши Лайлонинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаган эди.Унинг суратлари орасида бўйнида тилла занжир, бармоқларида олтин узуклар тақиб тушган расмлари ҳам кўп. Лайло болалигидан тақинчоқларга ўч бўлган. Айтишларича, буваси йирик заргар ўтган. Бувиси ҳам бу ҳунардан бохабар эди. Лайлонинг ўлдирилишига ана шу тилла тақинчоқлар сабаб бўлган.Машъум кечада Лайло Алиеванинг эшигини ўша пайтда машҳур бўлган “Ал-Вакил” гуруҳининг икки нафар йигити тақиллатди. Лайло уларни танигани учун ҳам меҳмон сифатида қабул қилди. Акс ҳолда ярим кечада эшигини очмаган бўларди. Бироз ҳол-аҳвол сўраб ўтиришгач, улар кутилмаганда Лайлога ташланишди. Ожиза аёл икки эркакка қарши нима ҳам қила оларди? Бу унинг тақдирига битилган сўнгги кеча бўлиб қолди.Лайло Алиева қирқ икки жойидан пичоқлаб ўлдирилган. Қотиллар унинг барча тилла тақинчоқларини, ҳатто бармоғидан чиқиши қийин бўлган узугини совун суркаб суғуриб олишган. Улар жазоланди, олий жазога ҳукм қилинди, бироқ энди Лайлони тирилтириб бўлмасди.У энг сара қўшиқлари жамланмасини “Сен – менинг орзум” деб номлаган. Ўша, 1998 йили Лайло 20 августдан 10 сентябргача “Туркистон” саройида концерт ўтказиш учун шартнома ҳам тузиб қўйган эди. Афсуски, ёш юлдузнинг 20 кунлик концерти ўтказилмай қолди. Лайло Алиева 23 ёшида ваҳшийларча ўлдирилди.Лайлони дафн этишгач, бир ой ўтмай, отаси ҳам вафот этди. У оғир мусибатни кўтара олмади. Лайло Алиевадан ёлғиз ўғли Жасурбек ёдгор бўлиб қолди.Искандар Аъзамов (Скан Мульти)(1978 – 2006)Ҳеч кимда хусумати бўлмаган Скан Мульти ҳам аёвсизларча ўлдирилган..
Скан Мульти тахаллуси билан танилган Искандар Аъзамов 1978 йилнинг 25 январида туғилган. У кинорежиссёр, сценарийнавис, телевизион тасвирчи ва актёр эди.1996 йилдан эътиборан ўзбек телевидениесида ишлай бошлади. “Культпоход”, “Авлод”, “Компьютер-Азия”, “Клипомет” кўрсатувларини ташкил этишда қатнашди. 1997 йилдан бошлаб вафотига қадар 100 га яқин мусиқий видеоклипларни суратга олди. 2003 йили Москвада, СТС каналида постановкачи оператор бўлиб ишлади (“Утро с Киркоровым” ва бошқаларда).Ёдингизда бўлса, Скан Мультининг “Хўжа Насриддин: ўйин бошланади” номли бадиий фильми роса реклама қилинганди. Бош ролларни Искандарнинг ўзи ва хонанда Согдиана ижро этишганди. Ўшанда бу санъаткорлар ўртасида ишқий муносабатлар борлиги ҳақида гап-сўзлар ҳам чиққан. Мазкур овозалар қанчалик рост ёки ёлғон, аммо Согдиана февраль ойида Москвага учиб кетгани ҳақида маълумотлар бор. “Хўжа Насриддин: ўйин бошланади” – ҳеч қайси киноасар ярим йил мобайнида реклама қилинмаган бўлса керак. Роликда фильмдаги энг қизиқ лавҳалар берилганди. Бу эса томошабинларнинг қизиқишини янада кучайтириб юборди. Бироқ, худди Мўмин Орипов каби Скан Мульти ҳам ўз фильмининг премьерасига етиб кела олмади. 2006 йилнинг 23 июнь куни у 28 ёшида ўзининг уйида икки нафар йигит томонидан шафқатсизларча пичоқлаб ўлдирилди. Скан Мульти қотиллар билан шахсан таниш бўлган. Улар Искандар Аъзамовнинг хизматини адо этиб юрган мардикор йигитлар эди. Қотилларнинг Скан Мультини ўлдиришдан муддаоси пул бўлган. Пичоқ билан берилган зарбалар унинг умрига якун ясади. Компьютерда ишлаб ўтирган Скан Мульти ўз ҳаётига тажовуз қилишларини кутмаган ҳам. Қотиллар унинг орқасига ва юрагига бир неча марта пичоқ уришган. Жиноятчилар йирик кўламдаги кинокомедияни суратга олган режиссёрнинг уйида бойлик кўп деб ўйлашганди. Бундай бўлиб чиқмади. Қотиллар ушланиб, тегишли жазоларини олишди.
Раҳматилла Мирзаев (1955 – 2015)
Раҳматилла Мирзаев 1954 йил 22 сентябрда Тошкентнинг “Қашқар” маҳалласида туғилган. У болалигида отасидан етим қолди. Ўрта мактабдан сўнг ўша даврда Тошкент театр ва рассомчилик институти деб аталувчи, бугунги кунда Тошкент маданият ва санъат институтининг актёрлик бўлимига ўқишга кириб таҳсил олди. 1976 йили телевидениеда ўтказилган дикторлар танловида иштирок этиб, юзлаб номзодлар ичида ғолиблар қаторида ишга қабул қилинди. Шу-шу, фаолияти ТВда ўтди. “Ахборот” ва бошқа дастурларни олиб борди. “Дилдаги гаплар” кўрсатувига муаллифлик қилди. У ҳар қандай кўрсатув ва дастурга профессионал даражада ёндашарди. Кўркам қиёфаси, ўктам овози туфайли кўплаб томошабинлар қалбидан жой эгаллади. Бир диктор қилиши керак бўлган ҳамма ишни муваффақиятли уддалади. У тўйларда ўртакашлик, концертларда конферансьелик ҳам қилди. Узоқ йиллар ТВда фаолият кўрсатган Раҳматилла Мирзаев 2014 йилнинг 22 сентябрида ўзининг 60 ёшини қаршилади. У Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг олий тоифали, унвонли сухандони эди. Раҳматилла Мирзаев роллар ижро этган видеофильмлар яхши маълум. У салбий қаҳрамонларни ҳам қойиллатиб ўйнаган. Р.Мирзаев уч фарзанднинг отаси ва бир неваранинг бобоси эди. Айтишларича, Раҳматилла ака қанчалик машҳур бўлмасин, ниҳоятда камтар, содда бўлган. Кўчада қийналган кампир ёки чолга кўзи тушса, машинасини тўхтатиб албатта олиб кетган. Кимнидир шифохонага ётқизишга тўғри келса, кўмаклашган. Жуда кўплаб инсонларга яхшилик қилган. Уйларидан одам аримасди. Яна бир гап: Раҳматилла ака ниҳоятда шошиб юрган. Бир умр шундай бўлган. Доимий равишда шошилган одамларнинг тақдири эса... қандайдир аянчли тугайди дейишади. Раҳматилла Мирзаевнинг оиласи иккита эди (иккинчиси – шаръий). Биринчи оиласидан икки нафар – Зарифа ва Умиджон, иккинчисидан бир фарзанд – Шодия дунёга келди. Аммо умрининг охирларида якка ўзи яшагани ҳақида маълумотлар бор.
Раҳматилла Мирзаев ўлимидан бир кун олдин қизалоғи билан концертга борган эди.
2015 йилнинг 1 март куни Р.Мирзаев қизи Шодия билан Ғуломжон Ёқубовнинг концертига боради. Концертни томоша қилишади. Ўша куни якшанба эди. Концертдан кейин қизини онасининг ёнига юборган Р.Мирзаев ҳовлисига йўл олади. Эртасига, 2 март куни эрта тонгда у ўз уйининг ертўласида пичоқлаб ўлдирилди. 60 ёшли Р.Мирзаев Зангиота туманининг Чувалачи қишлоғида истиқомат қилувчи 21 ёшли К.Шоазизов томонидан шафқатсизларча ўлдирилди. Дастлабки тергов давомида жиноятга сухандоннинг ўғли У.Мирзаев ҳам алоқадор эканлиги аниқланди. Жиноятчилар узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилдилар. Анвар Намозов
| |
Бўлим: Adolatsiz haqiqatlar |
Кўрилган: 60470 |
Чоп этди: Sayyod
| Теглар: |
Нравится
Барча изохлар: 34 | ||||||||||||||||||||||||||||||||||
Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ! Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин! -Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. (батафсил манбаа)
Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод |