Бош сахифа » 2011 » Ноябрь » 19 » Шохруххон тунгги барда қўлга тушди. 1 қисм.
06:52
Шохруххон тунгги барда қўлга тушди. 1 қисм.
 
 
«Тунги бар» янги лойихада мехмонларимиз билан  бардаги ичимликлардан эмас, ижодий сухбатдан маст бўламиз. Эркакларда хам кўнгил бор ва улар хам дилдан сухбатлаша олади. Айнан шундай сухбатлар қизиқроқ, очиқ ва дангалроқ кечса керак. 
Қизиғи сухбат ярим кечаси бўлиб ўтади.

Бугун барда сменда икки бармен мен  Sayyod ва Даврон Кабуловнинг мехмонимиз  хонанда Шохруххон бўлди.

У билан хамиша мунгли кўзлар, даханидаги  қиртишланган соқолча асоциация бўлиб келади. Биз нафақат буларга, балки қизлар мавзуси, уйланиш, оталик, унинг лаби ингичкалигидан тортиб оилавий мавзуларга хам чуқурлашамиз.

Ярим тунга келиб Шохруххоннинг мобил телефони батареяси "ўтириб” қолгани сабабли баримиздан аввал ток қидира бошлади. Салом аликдан сўнг унга муздек ва кучли температурага эга ичимлик эмас, оддий лекин қайноқ чой қуйиб бердик. Шохруххон ажабланмади.

Sayyod : Концерт бошлаб юборибсиз?

-Хозир эмас 13-14 январь кунларига мўлжаллаяпмиз.

Даврон Кабулов: Январь ойи концерт учун ноқулайроқ эмасмикан?

-Менимча йўқ.

Sayyod : Қизиқ баъзи газеталардаги маълумотларга қараганда 13-14 ноябрь эди

-(хайратланиб) Йўғэ?

Даврон Кабулов: (киноя билан хазил қилади) Икки хафтадан кейин концерт қўясизу ўзингизни хабарингиз йўқ а?

-13-14 январку (ажабланади).

Sayyod : Хўш, концерт қандай ўтиши хақида хозирданоқ режалар борми?

-Олдинги сафарги концерт кунлари  касал  бўлиб қолгандим. Шифохонага тушиб қолгандим, тушкунликка тушиб қолгач, хаёл хам  жойида бўлмаган.  Бу сафар энди яхшилаб тайёрланаман.

Sayyod : Сўнгги "Зўрсан” қўшиғига суратга олинган клипни ёшлар яхши кутиб олди. Ғояси рости хам ўзингизга тегишлими?

-Ғоясини уйда оилавий ўтириб ўйлаб топганмиз. Асосан бунда онам билан бамаслахат туздик. Хозир аниқ эсимда йўғу, лекин адашмасам гапдан гап чиқиб манекен тўғрисида мавзу кўтарилди ва клипга сценарий бўлиб кетди.

Sayyod :  Даврон , спорт шархловчиси сифатида  бугунги мехмонимиз Шохруххонни футбол майдонида қандай рольда кўрган бўлардингиз? Хужумчи, химоячи  ёки дарвозабон?

Даврон Кабулов: - Ярим химоячи

Шохруххон: (қизиқиб) Нимага?

Даврон Кабулов: Чунки ярим химоячи футболда аслида кўп нарсани амалга оширади. Асосий ишни. Химояга хам ишлаши керак, хужумга хам. Шохруххонда хам шу нарса бор, бир қарасанг фаоллашиб кетади, шунақанги бир пайтлар бўладики озгина орқага ўтиб оладилар.

Sayyod : Хаётингизни футбол майдонига қиёсласакчи юқоридаги роллардан қай бирини ўзингизники деб биласиз?

-Менга мана шу ярим химоячи деган таъриф ёқди. Ярим химоячи хужумга хам, химояга хам яхшида.

Sayyod : На уёқлик ва на буёқлик. Қизиқ, балки олтин ўрталик демоқчидирсиз. Лекин иккингизни хам фикрингизга қўшилмаган бўлардим, чунки ижодда Шохруххон бир маромиликда кетётгандек. Масалан бу йилги МТВА-2011да икки клипингиз мукофот учун курашишга арзийди, булар  "Зўрсан” ва "Чорла”. Ўзингиз қайсинисига урғу берган бўлардингиз?

-Бугун яна бир клипим тайёр бўлди. "Юр” қўшиғим борку, "Мухаббатнома” хам дейилади. Лекин хали тайёр клипни ўзим кўрганимча йўқ, шунисини кўрсам аниқ айта оламан қайсинисига урғу берса бўлишлигини.  Лекин ўзимга кўпроқ "Чорла” клипи ёқади. Чунки бу клипда хохлаган нарсамиз кўпроқ амалга ошган.

Даврон Кабулов: Қўшиқ анча аввал мухлисларга тақдим қилиниб бўлгач, анча ўтиб унга клип суратга олиш қанчалик тўғри экан? "Юр” қўшиғингизни одамлар тинглаб, "хазм” қилиб бўлишди. Агар клипда оригинал нима биландир хайратлана олдирмасангиз клип омадсизликка учраши мумкин. Шу нарсадан қўрқмайсизми?

-Бу қўшиққа клипни сюжети гарчан кичикроқ бўлсада, имиджим умуман бошқача. Бошқа клипларда кўрингандек эмас, либослар хам умуман бошқача. Кейин бу клипда "Ромэо ва Джульетта” фильмидаги партнерим актриса Зарина Низомитдинова суратга тушди.  Лекин "Юр” қўшиғини ремикс турига клип суратга олинди. Ремикс деганимда рақсбоп ва тез деб ўйлашингиз мумкин, аслида эса янаям секинроқ кўринишда ремикс қилинган. Кўпроқ мусиқий ёндошилган.

Sayyod : "Зўрсан” клипига қараганда "Чорла”ни танлаганингиз ажаблантирди, ахир оригиналлик бўйича ва ёшларга кўпроқ ёққани шу "Зўрсан” бўлдику.

-Сценарий тарафлама "Зўрсан” клипи анча яхшироқ, лекин хаммамиз ўйлаган нарсани бу клипда хаммасини  охиригача амалга ошира олмадик. Биз умуман бошқа нарсани олиб чиқиб бермоқчи бўлдик, сал шошилиб қўйганимиз учун бизни ўзимизни хатоимиз бўлди.

Даврон Кабулов: Фоизда неччи фоизи амалга оширилди?

-60-70 фоиз бўлиши мумкин. Ундан хам кўп бўлиши керак эди, (афсус охангида) шошдик-да. Лекин одамларга ёқяпти, мен қўрқяптгандим.

Sayyod : Менга хам шу клип жуда манзур келди.

Даврон Кабулов: Лекин халққа кўпроқ менимча "Чорла” яқинроқ.

Sayyod : Қўшиқни назарда тутсангиз, балки "Чорла” кўпроқ яқинроқдир.

Даврон Кабулов: Масалан қўшиқ сифатида менга "Зўрсан” яхшироқ

Шохруххон кулади.


Sayyod : Тўй хизматларида кўп бошловчилик қиласиз, Шохруххонни қайси қўшиқларига кўпроқ рақсга тушишади?

Даврон Кабулов: Шохруххонни хамма қўшиғига халқ рақсга тушади. Вахоланки авваллари камроқ эди. Балки аввалги репертуари унчалик бўлмагандир, лекин хозир тўйхонадаги 90-95 фоиз халқ Шохруххон қўшиғига рақсга тушади. Қолган 5-10 фоиз бу энди онахонларни ташкил этади.

Sayyod : Нима деб ўйлайсиз, сўнгги пайт ўринли стратегия қўллаб ижод қилаётганингиз сабабалими ё йилдан йилга номингиз брендга айланиб қолгани сабабли халқ орасида оммалашишда ўсишингиз борми?

-2009 йил қаттиқ бетоб бўлиб қолганим хақида юқорида айтдим, бу хам қаттиқ асабийлашганим натижасида бўлганди. Дўстлар билан муаммолар...ва хоказо.  Кўп нарсани юракка яқин олиб юборганим сабабли касал бўлиб қолгандим. Тушкунликка тушиб 2 йил  ижодга ахамият бермай қўйдим. Нимадир қилганим билан хисобга ўтмади. Ғоялар бўлгани билан харакат қилмадим. Кейин кун келиб ўзимга ахамият бериб қарасам ғалати бир ахволга тушиб қолганман. Умуман пастга  тушиб кетганман,  ахволим хам, кўринишим хам, юриш-туриш, гапириш ва хаттоки эгнимдаги кийимларим хам ўзгариб кетганди. Кўзим хам нурсиз бўлиб қолганди хатто. Мана шунда ўзимни хис қилдим ва бўлар энди деб ўзимни қўлга олдим. Кейин "Лейлам” деган қўшиқни Жасур Бадалбоев билан ишлашни бошладим. Мана шу қўшиқдан кейин тўхтамай, харакатда ишлаб келмоқдаман. Ижод хар куни эрталабгача!

Sayyod : Мендаги мавжуд хабарга кўра ўзингизга келиб ижодга қайтадан харакат қилишга бир нарса ундаган экан. Бир тўй хизматига келган пайтингиз, қўшиқ куйлаб турганингизда юрагингиз қаттиқ оғриб қолган ва тўйни тарк этишга мажбур бўлибсиз. Қаттиқ қўрққанингиздан хатто йиғлаб юборган экансиз. Мана шу воқеа олдинги турмуш тарзингиздан кечишга  сабабчи бўлиб, дейлик соғлом турмуш тарзини бошлаб юборгансиз. Шу бор нарсами?

-(ўйланиб) Ўша 2009 йил, хаммаси бир йиғилиб, ўша тўйдан юрак оғриб тўппа-тўғри шифохонага келтирилгандим. Хатто қон босим хам 200га чиқиб кетган экан.

Sayyod : Сизни сахнадан ташқарида, оддий сухбатда кузатганда қандайдир бир ички кучли комплексингиз бордек сезилади. Психологик тарафлама тахлил қилинса қандайдир ё болалик қийинчиликда ўтгандек, ё кучли тайзиқ остида бўлгандексиз.

-Менда комплекслар жуда кўп. Буларни йўқотишни уддасидан чиқа олмаяпман. Балким ўтмиш билан боғларман....хуллас ичимда нимадир бор Сиз айтгандек, бу нарса худди бир портлаб кетаман деб турадида...лекин чиқиб кетмайди. Хозиргача уни нималигини ўзим хам тушуниб етганимча йўқ.  Ичимда нимадир ёнаётгандек. Одамлар худди мени ёмон кўриб қолаётгандек хам туюлмоқда.

Sayyod : Мухаббат мавзусини машхурларга қийин тарафи бор, одам сифатида эмас кўпроқ машхур сифатида қабул қилишади. Сизни хам Шохруххон сифатида эмас, "Чорла” ва "Зўрсан” сифатида қабул қилишса ажаб эмас. Мана шу маънода қизлар билан танишиш қийин кечса керак?

- Энди...мени танимайдиган қизни Ўзбекистондан қидириб топишим қийин кечса керак (кулади). Агар рус ё бошқа миллат бўлмаса..

Sayyod : Демак таъбингизга чегараланиш қўйишга мажбур бўлар экансизда? (хазил билан) Сизга ўзи "блондинка”лар ёқадими ё "брюнетка”ларми?

-Тўғрисини айтсам менга европалашган замонавий қизлар ёқади. Лекин ўзбек! Бир хил ўртоқларимга ақлли қизлар ёқмайди, менга эса ўқимишли қизлар яқин. Дунёқараши кенг бўлсин, халиги битта танкни ичига кириб олиб қараб ўтирадиган даражада эмасда.

Даврон Кабулов: Сиз билан хамма мавзуда гаплаша оладиган демоқчисиз?

-Ўқимишли ва шунга лойиқ бўлган қизлар борку.

Sayyod : Лекин  кўпчилик бундайларни тили узун бўлади дейишади. Бу эса аксарият эркакларга хам ёқавермайди.

-Одамлар  хар хилку, яхшилари хам бор.

Sayyod : Сизга "девушка с характером” ибораси каби қизлар ёқадими дейман?

-Характери бор қизлар ёқади.

Sayyod : Шундай қиз билан яшай олган бўлармидингиз?

-(ўйланиб) Билмадим...

Sayyod : Сиз ёқтирган қизга ижодингиз умуман ёқмай сизни бошқа сохада кўришни истаса у билан яшаб кета олган бўлармидингиз? Яъни санъатингизни қадрламайдиган инсону, лекин  "Сени инсон сифатида севаман, санъатингни қадрлашга мажбур эмасманку!” деяпти.

-Севиб қолсам яшаб кетаман. Исталган одам билан агар мухаббат бўлса яшаб кетса бўлади.

Sayyod :Эркак хонандаларга халқда барибир бир "бузуқ”дек нигох билан қарашади, "мингтаси билан юрса керак, буларни севгани бўлмайди” деб.

-Энди бизларда қизлар билан танишишга шароит кўпроқда. Лекин аксарият танишувлар бу тариқа кечади "Мен Сизни машхурлигингиз учун эмас, ўзингиз учун гаплашаман” ва хоказо. Вахоланки қандайдир фоизи барибир бўлади. Лекин хонанда кўп мухлислари билан танишиб гаплашгани бузуқликка кирмаса керак. Бузуқлар оддий одамларда хонандаларга қараганда кўпроқ бўлса керак, чунки машхурни эл билади, уни минуси хам тезда гап сўз бўлиб кетади. Шунинг учун хонандалар бошқаларга нисбатан ўзига янада кўпроқ эътибор бериши керак.

Sayyod : Сизни машхур бўлмаганингиз учун танишаман деган қиз узоғи билан неччи кунда сизни билиб бўлгач қочиб кетиши мумкин? Сизни инсон сифатида аслида билмайдику.

Даврон Кабулов: Яъни қизбола Шохруххондан қанчада зерикиши мумкин? Сизни зерикарлилик даражангиз.

-Биринчи кунданоқ зерикади! Биринчи икки кун хам бўлиши мумкин. Лекин бир ойларча чамаси ўтгач, хануз ёнимда қоладиган бўлса, мени яхши танигач мен уни қизиқтиришни бошлайман. Мен билан танишган қизлар  биринчи навбатда   хамиша "Бунча бу зерикарли” деб ўйлайди. Лекин ундай эмас, чунки уни хам ўрганиб, мослашиб ўзимни намоён қилишимга хам вақт керак. Шунинг учун чидагани ёнимда қолиши мумкин. Айнан машхурлигим учун эмас, инсон сифатида яхши кўрган одам эса чидайди.

Даврон Кабулов: Хонандани сахнадаги, клипдаги ва хаётдаги образлари бўлади. Кимлардадир эса хаммаси бир. Масалан Абдулла Қурбонов хаётда қандай бўлса телевизорда чиқиб қўшиқ куйлаши хам худди ўшандай. Сахнадаги Шохруххон билан хаётдаги Шохруххонни орасидаги фарқ қанчалик катта?

-Рости, кўпчилик санъаткорларимиз хаётда бошқача, сахнага чиққач эса умуман бошқа кўринишда бўлишади. Кимлардир сахнада хам хаётда хам бир, энди баъзи бир тарафларини инобатга олмаган холда албатта. Абдулла Қурбонов хаётда хам, сахнада хам бирдек бўлгани учун хам, халиям Абдулла Қурбонов бўлиб , санъатда мавжуд  бўлиб юргандир. Самимий инсонни қадри бошқача бўлади.

Даврон Кабулов: Сиз ўзингизни самимий инсон деб хисоблайсизми?

-Ўзимни хозир қандайдир бир кўринишда кўрсатиш ниятим йўқ, шунчаки қандай бўлсанг шундай бўлиб қол деган нарса менга яқин.

Sayyod : Бугунги кунгача ижро этган образларингиздан қайси клипдагиси сизга яқинроқ?

-Хаммаси! Суратга  олинаётган клипларда ўша пайтдаги холатимни кўрсатишга харакат қилганман.

Sayyod : Илк "Пьеро” образидаги қўғирчоқ ролингизни олсак унда кимнидир қўлида қўғирчоқ бўлганмидингиз?

-Ўша пайт...севган инсоним билан энди ажралган пайтим эди. "Ярим бахт” қўшиғим хам айнан ўша воқеага алоқадор.

Sayyod : Машхур бўлганингиздан кейин у қиз билан учрашдингизми?

-Биз кейин кўришдик, гаплашдик хам. У хам, мен хам ўзгаргандик. Лекин барибир ичимизда бир-биримизга нисбатан нимадир қолгандек.

Sayyod : Хаётда қайси бир ўзингизни асосий камчилигингиз билан курашишингиз қийин кечади?

-Воз кечиб кетишим қийинроқ. Бир хил одамлардан пайти келса воз кечиб кетиш керак бўлиб қолади, лекин мен буни уддасидан чиқа олмайман. Жуда бир воз кечиш бўлмаса хам узоқлашиш керак бўлган вазиятлар бўлади, охири ёмон оқибатлар келтириши мумкин бўлган дейлик, жарлик ёқасигача бориб қолар холатлар юзага келишини билсам хам уддасидан чиқолмаяпман.

Sayyod : Ўзингизда аниқ бир хурмат қилган хислатингизчи?

-Бировга ёмонлик қилмаслик. Шундай одамлар борки одамлар хақида ёмонлаганлари етмагандек яна ортидан ёмонлик хам қилиб кетишади. Уларга хайрон қоламан. Бу эса менга эмас. Қўлдан келган тақдирда хам қилолмаган бўлардим.

Даврон Кабулов: Воз кечолмаслик хақидаги жавобингизни янада очиқроқ тўхталишни хохлардим, дейлик хозир Сизни ўраб турган, атрофингизда бўлган, Сиз билан бирга ишлаб кўришиб турганлардан воз кечиш керагу лекин халигача воз кечолмаганларингиз кўпми?

-Кўп ундай одамлар. Шундай бир безовта қилиб ташлайдиган одамлар кўпки...Вахоланки мен билан боғлаб турадиган хеч нарса қолмаганлари бор, орани очди қилиб аллақачон четлашадиганлари бор бўлса хам қандайдир қилиб ўзимни хатлаб ўтолмайман.

Sayyod : Нима халал беради бунга? Қайтиб келадиган эшигингни қаттиқ ёпма мақоли каби иш тутасизми?

-Билмасам, хафа қилгим келмайдими...Лекин бу мақол тарафлама хам инобатга оламан, аммо бу кўпроқ иш тарафлама. Хаётимда мен бошқача фикрда бўлиб лекин аслида яхши инсон бўлиб чиқиб ўзим уялиб қолган вазиятлар бўлган. Бўладику шунақа.

Sayyod : Санъат олами вакилларидан Сиз хақингизда, дўстлар билан шунчаки дам олиб ўтирган пайтда хам вақтни бесамар ўтказмай компьютерда мусиқалар тайёрлаб, гармонияларни хам тузиб чиқишингиз хақида айтишганди.

-Ха энди бу хобби-да. Лекин "Улетаю” ва "Лейлам” қўшиқлари мана шу хобби натижалари. Уйда ўтириб қолиб кетган пайтларим ёзилиб қолган қўшиқлар.

Даврон Кабулов: "Улетаю” қўшиғини Россия бозорига чиқишни мўлжаллаб тайёрлаганмисиз?

-Ўзи мақсад хам шу бўлган аслида. Лекин мени акцентимни инобатга олган холда мана шу ўзимизни бозорни мўлжаллаб қўя қолдик (кулади).

Sayyod : Яхши ижодкорларни  аксариятини икки тур нуқсони бўлади дейишади, ва мана шу нуқсони сабаб ижоди яхши бўлади дейишади.  Бу хам бўлса ё ижод пайти у "кайф”да бўлиши керак, ё сал телбанамо бўлиши керак. Сиз қай турига тўғрироқ келасиз?

-Биласизми бугунги кунда  "кайф”да юришга менга шароитни ўзи хам йўқ.

Sayyod  ва Даврон Кабулов (бараварига):  Хозирги кунда а фақат?

 (кулгу кўтарилади)

-Йўқ, биринчидан бориладиган жойлар кўп, хизматлар хам. Кейин, балки авваллари бўшроқ бўлганимизда бунга шароит бўлгандир. Мен қиладиган иш бўлмаган пайтларни назарда тутяпман. Хозир буни истаган тақдиримда хам иложиси йўқ. Кейин балки бир хил тоифа ижодкорларга шу "кайф” холатида деймизми илхом келади. Лекин бу вақтинчаликда, чунки бора бора мияни тешиклари ёпилиб қолиб, кейин ишламай қолар экан.

(Шохруххоннинг бу қадар чуқур медицина тарафлама жавобига Даврон ва мен ажабланиб қолганимиз учун Шохруххон тушунтириш келтиради):

-National Geografic телеканали борку, ана ўша ерда томоша қилгандим. Шу канални яхши кўраман. Ўша бетоб бўлган чоғларим шу канални томоша қилиб, одамни тана тузилишидан тортиб организмга боғлиқ кўрсатувлардан озгина шифокор бўлиб олдим.

(Мавзуга оид қўшимча: Тарихга назар солсак, буюк аллома Умар Хайёмнинг аксарият ижод намуналари май таъсири остида ёзилган деган манбалар мавжуд, хусусан кўпгина ижодида айнан май билан боғлиқ ижод намуналари бор- Sayyod)

Sayyod: Ижоддаги стратегиянгиз қизиқ, яралажак ижод намунаси биринчи келиши хақида. Замон зайлига қарабми, мантиқанми, илхомланган, ўша айтганимиздек маст холатидагими, ёки кимлардир айтгандек "Бу қўшиқ тушимда келган”декми?

-Ишонасизми, жахлим чиққанида келади. Ва асосан сокин тароналар. Асабимга тегишса атайин ишлайман. Умуман олганда эса стилларни Жасур Бадалбоев билан ўтириб танлаб изланамиз. Яъни мантиқан ёндошилинади. Чунки қайсидир қўшиқ тўй учун бўлса қайсидир концерт учун бўлади. Шуларни иложи борича уйғунлаштириш устида ишланади.

Sayyod: Сўнгги пайтлар тўй хизматларида ретро бурилиш содир бўлмоқда, ўзбекона тарзда биринчи бўлиб Асилбек "Гули”ни куйлади.  Сизнинг "Зўрсан” қўшиғингиз рости хам унинг қўшиғидан илхомланган натижами ёки тўйлар талаб қилаётган стильда куйлашнии истадингизми?

-"Зўрсан” қўшиғи аслида хазиллашиб куйланиб қўйилган қўшиқ. Шунчаки микрофонни олиб хазиллашиб куйлаб турилганда мусиқаси келиб қолган. Лекин унга ахамият берилмай ташлаб қўйилди. Сиз айтган ретро бурилиш бошлангач шу қўшиқни куйлашни режалаштирдик. Мана шу пайт Асилбекнинг "Гули” қўшиғи чиқди, менга тўғриси жудаям ёқди. Мана шу пайт кўпчилик менга "Зўрсан” қўшиғини чиқарсанг хамма гапира бошлашади, мана Асилбек куйлагандан кейин кетидан Шохруххон қайтаряпти деб дейишди. Вахоланки хар бир қўшиқ ўз аудиториясини топиб олаверади, нима фарқи бор ким кимни кетидан қайтяряпти? Мантиқан олиб қаралса у стиль азалдан бор, юқорида айтганимдек бу холат хаммага таниш ўша тўйлардаги ретро бурилишдан бошланди.  Истаган одам ундан фойдаланиб куйлашга хаққи бор.

Даврон Кабулов: Лекин анчадан бери фойдаланилмаётган стиль ва Асилбек яқин орада биринчи бўлиб фойдаланди.

-Тўғри Асилбек биринчи куйлади. Лекин юқорида айтганимдек "Зўрсан” қўшиғи тўй хизматларидаги ретро бурилиш давридан аввал ёзиб қўйилганди, ва умуман хозир ким кимдан қайтарди деган нарса ғалати, юқорида айтганимдек бу стиль азалдан бор, хар бир қўшиқ ўз аудитория ва мухлисини топиб олаверади. Фақатгина бир стильда куйланилган қўшиқлар, сўзлар ва мусиқалар ўзгача. Хозир шоу-бизнесимизда бир стильда куйлайдиган хонандалар кўп.

Даврон Кабулов: Хозирги кунда ўзингизга кимни рақобатчи деб хисоблайсиз?

-Хеч кимни. Лекин бу билан менга рақобатдош йўқ деёлмайман, шунчаки бировга қараб ишлай олмайман. Манбу одам клип чиқарибди, вой энди биз хам чиқармасак  қолиб кетамиз, тез клип олиш керак деган нарсалар йўқ. Бировга қараб ишлаш керакмас, энг мухими ўша қўшиқни чин дилдан тайёрласа ва у одамларга ёқса бўлди.

Даврон Кабулов: Саволни сал бошқачароқ қўйсам, Шохруххон ижод қилаётган йўналишда хозир ким бор?

-(ўйланиб) Билмадим, кўпчилик бўлса керак.

Даврон Кабулов: "Уммон” гурухини машхурлигига қандай қарайсиз?

-(норози охангда) Ваааййй.. "Уммон”га айтадиган гапимни, яхши тарафдан бошлайман. Яхши тарафи улар ўзларига шароит қидириб ўтиришмади. Кимдир менга студия керак, пул тушганда, Худо хохласа бир йил ичида қиламан деб бутун умр ўтиб кетган одамлар хам бор-да. Ундайларга ишлагандан фойдаси хам йўқ. "Уммон” гурухи эса, уйида микрофонни кўрди, "Nuendo”ни кўрди (мусиқа программасини назарда тутади), шундоқ овозни ёзди ва аудиомикс қилиб кўчага тарқатиб юборди. Мана шу йўл билан қандай қилиб бўлмасин номини чиқариб олди. Мана шу шароит изламай номини чиқара олгани учун маъқуллайман, лекин улар қилаётган қўшиқлар, уларнинг сифати халқни захарлаш билан бир хил деган нарса бўлиб қоляпти.

Даврон Кабулов: Демак "Уммон” гурухининг машхурлиги хозирча ўзини оқлагани йўқ?

...........................................

Давоми бу ерда

Бўлим: Suhbat | Intervyu | Reportaj | Кўрилган: 14081 | Чоп этди: Sayyod | Теглар: Sayyod, Shohruhhon, Davron Kabulov

Нравится
Барча изохлар: 13
1 AKTIVNIY   (27-Окт-2011 13:08) [Материал]
tongue койил, зур лойхаларни топиб юрасде!

2 YoJiK   (27-Окт-2011 13:17) [Материал]
hands

3 Nigor   (27-Окт-2011 13:22) [Материал]
qoyil biggrin biggrin biggrin

4 тушунмаганам тушунди   (27-Окт-2011 15:52) [Материал]
barmen bitta abrikosli brandy tayorlavorin

5 BarakObama   (27-Окт-2011 15:52) [Материал]
yomayo )

6 David   (28-Окт-2011 03:04) [Материал]
wox özi zör bola,muomalasiga gap yö,hurmatini biladi.

7 Asxo'j   (28-Окт-2011 03:56) [Материал]
Olg'a Sayyod biz siz bilan!!!

8 Dilnoza   (19-Ноя-2011 08:06) [Материал]
To'yda Yurak xuruji tutib qolgan deganda "Armon" klipi ko'z oldimga keldi. Sayyod zo'r intervyu raxmat Shohruhga omad.

9 bek_x6   (19-Ноя-2011 09:49) [Материал]
qoyilmaaan zo'r. "ulitayu" ashulez OK chiqqan rosa eshitaman. ko'pro uyda o'tirib xobbidan foydalansez bo'larkan))))
chiqvotkan xar bir qo'shiqlariz daxshat, chiqibdi dib eshitsam srazi qidirishga tushaman. ashulalariz yoqadi kliplaxam ajoyib quvnoqdee))

Shohruxxon bunchalar zo'rsan a)))))))))

10 FCPakhtakor   (19-Ноя-2011 10:40) [Материал]
zor chiqibdi lekin 1 chi qismini oqidim.

11 juli   (21-Ноя-2011 15:01) [Материал]
нега хатим бормаяпти

12 Хаётбек   (23-Ноя-2011 01:01) [Материал]
Зур сухбат булибди booze

13 Nodir   (26-Ноя-2011 23:28) [Материал]
Sayyodga proffissional fatograf keremi???

dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Исмингиз *:
Email(шартмас):
Код *:

Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: 

Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ!

Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин!

-Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. 

(батафсил манбаа)

Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод

YUQORIGA!