«ЖАСУР» ФИЛЬМИ ПРЕМЬЕРАСИДАН
10 январь соат 17.00 да Алишер Навоий номидаги киносаройда "Жасур” фильмининг премьераси бўлиб ўтди. Фильм Ватан ҳимоячилари бўлмиш ҳарбийларга бағишланган. Премьерадан олдин, Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков ҳамда, хонанда Шуҳрат Воҳидов биргаликда ижро қилишган саундтрек клипи намойиш этилди ва қўшиқ томошабинларни таъсирлантирди.
Сўнг, "Ўзбеккино” Миллий агентлиги раҳбари А.Ғ. Исҳоқов сўзга чиқиб, барча Ватан ҳимоячиларини яқинлашиб келаётган 14 январь "Ватан ҳимоячилари куни” билан табрикладилар.
Кейин, фильм ижодкорлари саҳнага таклиф қилиндилар ва актёр Акбархўжа Расулов фильм ижодкорларини таништириб ўтди.
Режиссёр: Баҳодир Одилов, Нажмиддин Ғуломов
Сценарий муаллифлари: Жаҳонгир Қосимов, Фахриддин Низомов
Фильмда бош ролларни актёр Миролим Қиличев, актриса Жамила Ғофурова, актёрлар Лазиз Мусаев, Маҳмуд Исмоиловлар ижро этишган. Шунингдек, фильмда Бахтиёр Қосимов, Фурқат Файзиев, Тоҳир Саидов, Улуғбек Юнусов каби актёрлар ҳам, турли образлар яратишган.
Таништирувдан сўнг, сўз навбати фильм режиссёрларига берилгач, Баҳодир Одилов, Нажмиддин Ғуломов сўзга чиқиб, ижодий гуруҳ ва томошабинларга миннатдорчилик билдирдилар.
Фильм намойиши бошланди.
Фильмнинг илк саҳналариданоқ, ватанпарварлик руҳида эканлигини сезиш мумкин. Фильмда режиссура, актёрлар ижроси фильм муваффақиятини таъминлаган.Аммо, фильмнинг бир жиҳати, фильм бошиданоқ воқеаларни автобус билан боғлиқлиги, унинг ниҳояси қандай бўлишини, бир кўришда билдириб қўйгандек, менимча. Лекин, фильм ниҳоясида ёзилишича, фильм воқеалари реал ҳаётий воқеага асосланганлиги учун, барибир томошабинларни қизиқтира олди, назаримда.
Актёр Миролим Қиличев фильмда нафақат ўз рафиқаси ва фарзанди учун, балки бир неча бегуноҳ инсонлар қони тўкилмаслиги учун, ўз жонини фидо қилишга тайёр ҳарбий образини яратган.
Актёр Акбархўжа Расуловнинг роли кичик бўлса ҳам, эсда қоларли бўлган.
Фильмда, диний ақидапараст террорчиларнинг қанчалик бешавқатлиги ва ҳарбийларни ўз касбига ва бурчига, садоқати асосли равишда кўрсатиб берилган.
Фильмни кўриб ҳар бир томошабин қалбида, Ватанга садоқат ва Ватан ҳимоячиси бўлмиш ҳарбийларга ҳурмат, янада ошса, ажаб эмас назаримда.
Феруза Фаттохова