"Саримсоқ пирог”нинг навбатдаги қисмини
қачон пишаркин деб кутиб ўтирганларга ҳамда "энсам қотади-де, шу қизни
ёзганларидан” дейдиганларга Ассалому
алайкум! Бугунги ўткир ҳидли, мазали ва энг асосийси фойдали пирогимни бокс рингидан илхом олган ҳолда тайёрладим.
Пирог айниқса қайнаналарга роса ёқса керак, демак бокс, йўғ-е, бошладик! 1-раунд. Бекатда 21-автобусни
кутиб турган эдим, ёши 23-25 ёшлардаги, юз-кўзи кўкарган, кийимлари бир
аҳволда, қўлида миттигина чақалоғи, ёнида 3-4 ёшлар чамасидаги қизалоқ бўлган
келинга кўзим тушди... Олдига яқинлашиб, уни гапга тутдим, ёрдам таклиф қилдим,
аммо унга ёрдам керак эмаслигини айтди ва йиғи тўла овози билан ҳикоясини
бошлади... Ҳикояни эшитиб, кўзларим қинидан чиқиб кетай деди. Ҳикоянинг бош
қаҳрамони кайнона билан қайнота ва уларнинг боксчилардан қолишмайдиган
зарбалари. Улар ака-ука Кличколар бўлиб, келинни дўппослашган... Эрим урса
майли чидардим, лекин бунисига чидай олмадим, дейди келинчак. 1 ойлик чақалоғи
ҳамда 3 ёшлик қизи билан онасининг уйига, йиртиқ-чиртиқ кийимда, кўкариб кетган
юзи билан киришдан уялиб, қоронғу тушишини бекатда кутиб турган экан...
Эрингизчи, эрингиз индамадими, деган саволимга,
йўқ, индамадилар... деди. Эр жанивар бу ҳолатда рефери вазифасини
бажарган шекилли, орага аралашмаган, у фақат кузатган... Хуллас, ҳаёт зарбасию,
уни устига "добавка” супербаксёрлар зарбасини татиб кўрган келинчакка ачиниб, уйга йул
олдим... Ҳа, бундай одамлар нафақат келинини, керак бўлса ўша Валуевни ҳам ер
тишлатади... 2-раунд. Яна бир ринг майдони. Бу
галги қаҳрамон эса Майк Тайсон-қайнота. Данғиллама ҳовлининг 2-қаватига чиқиш
учун мўлжалланган зиналарни 8 ойлик ҳомиласи бўлган келин чала артаётган эмиш.
Қайнананинг бу сўзидан ларзага келган
Тайсон- қайнота, келинга ўшқиришни бошлайди. Қорни қаппайган келин
ҳайрон, ким билади дейсиз қорнидаги боласи ҳам "Додажон, сизни жин-пин
урдими?” дигандир ўша вақтда. Накаутга йўллайдиган
зарба учун Тайсон-қайната қўлини кўтарганда, эр орага тиқилади ва зарбани ўзига
олиб, еқилади. Хотини билан боласини ҳимоя қилган эр хамда зинани қорни ҳалақит
қилиб чала артган келин ҳайдалади. Орага катталар аралашиб, Тайсон-қайната
спортдан четлатилди ҳар тугул... Қайнана эса вой ман нима қилдим..., деб
навбатдаги зарба бериш йўлларини қидиради. 3-раунд. Бир қўшнимизнинг кудаси бор.
Ўша аёл катта ўғлига севган қизини олиб бермай, ўзига ёққан "бой хонадондан” қиз туширган. Орадан 4
йил ўтди. Бу орада ёқтирмаган хотинини куёв 2-марта она ҳам қилди, яхшиям
ёқтирмаган экан... Хуллас, келин йўқ жойдан баҳоналар билан уйдан ҳайдалди ва
қонуний ажрашмасдан туриб, 2 боланинг отаси куёвтўра ремонтни бошлаб
юбордилар... Яна дабдабали тўй бўлди, уйга эса ўша 4 йил олдан уйланишига рад
жавоби берилган қиз келин бўлиб тушди. Тўйга фарзандлари ҳам келишибди, ғоздек
керилиб, зар тўнларда КУЁВ бўлиб ўтирган адасига бораман деб кичкина ўғли роса
йиғлаганмиш... Аммалари жиянини адасини олдига олиб борганда, ҳалиги янги
келинни афт ангори ўзгариб, буришиб кетибди... Ёқмаганмиш, шу жойда ҳалиги амма
хам офат экан, бақириб, билиб тейдиз, оноси, энди чидайсиз дебди... Шу билан
ҒОЗКУЁВ тинчисайди, бошқатдан уйини ремонт қилиб, янги келинни излашга тушса
нима бўлади... А, нима, она рози бўлсалар, тўй даҳшат ўтмоқда, ким билади
дейсиз, балки навбатдаги келин бунисидан ҳам яхшироқ чиқар... 0-раунд. Таништирув
маросими. Тўй бошлашдан олдин айрим
қайноналар худди фаришталар бўлишади. Вой, қудажон жон, жон, жон деб, жонни
олишади! Данғиллама, ааанннччааа пул сарфланган тўйдаги оналар операциясида
эса "келиним эмас қизим
дедим-а” деб, ўзларини сипо тутишади... Етти маҳаллага эшитиладиган келин саломдан кейин
эса, қайноналар, бири қироличага, бири ялмоғиз кампирга, бири қоқин боқинчини
уйидан нари келмайдиган, яна бири эса боя айтганимдек боксёрга айланишади...
Ёрдамда қайноталар... Нима кераги бор шунча рол ўйнаб айтинг? Одамлар
гапирмасин деб, ўлиб кетишади, келинни чирқиратиб, ҳайдагандан кейин ким сизни
мақтайди холапошшалар десам... Нокдаун.... Ҳар бир инсон қариган
чоғида ёнида фарзандлари бўлишини, набиралари чуғур-чуғур қилиб атрофида югуриб
юришини, келини эса тоза ва ораста уйда, ширин-ширин овқатлар тайёрлаб беришини
истайди. Бунақанги оилалар жуда кўп, кўз тегмасин. Фариштали додажонлари ва
бувижонлари бор уйларга кирсангиз, ижобий энергиядан бошингиз айланади, уларга
қараб, одамни ҳаваси келади. Шундай қайноналар борки, келинини қизидай кўради,
билмаса ўргатади, сабр қилади, гоҳида гаплари билан "савалаб” ўтади, лекин ўғлининг
оиласини бузмайди, бир айби учун келинни улоқтириб, янгисини қидирмайди.... Боксёр қайноналар ҳам бир
кун қарийдику, кўзидан нур, қўлидан кучи кетганда, ҳайхотдек ҳовлида битта ўзи
қолганда афсус деб аталган мусиқани тинглар... ўшанда қилинган афсусдан не
фойда, ким билади балки ўшанда ҳам, "вой мен нима қилдим, ўзи
айбдор у савилни”, бўлармикин... Тур-МУШт Хулосам ўрнида, ўғил
туғилса ўзбекнинг ҳонадонида тўй бўлади. Зурриёдим, наслимнинг давомчиси деб,
эл юртга ош берилади. Қиз туғилса, кўзимнинг қувончи деб аташади. Ҳамма учун
ҳунукми, чиройлими, пучуқми боласи ширин. Эртага кимдир уғлини уйлантирса,
кимдир қиз чиқаради. Чиройли сарполар қилинади... лекин ҳозир оналар қизига
сарпо қилаётган вақтда бокс қўлқопларини ҳам солиб қўйиши керакмикин... Унга
тушаётган зарбалардан ҳимояланиш учун...
Ким билади дейсиз... Айрим холапошшалар,
сўлоқмондай ўғлини учрашувма-учрашув судраб юриши чиройлими... Қорни қаппайган
одамларнинг қайта-қайта "куЁВ” бўлиши кулгили эмасми... Уларни размеридаги зартўнлар ҳам йўқ
аксига олиб, бир тўйда қорни катта киёвга кичкина тўн кийдириб қўйишибди,
жудаям ҳунук ҳолат, кейин билсам, ёши 40 га борган бу куёв жанивар 3 марта
уйланибдилар, чарчамаганини қаранг, унга куёвжуранинг ҳам кераги йуқ,
проффесионал булиб кетган... Балки гапларим оғир
ботиб, нимани ҳам тушунардинг, бу ҳаёт, бу тақдир дерсиз, ўлибди энди ҳамма
айбни тақдирга қўйсак! Бугунги "Саримсоқ пирог”нинг "ударный” мавзуси сизга ёқдими,
фикр ва мулоҳазаларингизни кутаман. Пирогнинг хидидан боши айланганлар бордир
орангизда. Мархамат, адресим бор, ёзинг, зарбаларингизга жуда бўлмаса, туриб
беришга ваъда бераман! Келаси хафта
саримсоқжоннинг фойдали жиҳатларини қидиришда давом этаман... Айтгандай, бу
шахсий фикр эди халос, унга қўшилиш ёки қарши бўлиш хуқуқидан сизни на мен ва
на қонун чеклай олади! Интизор Очилова
|