02:17 Куёв рекламаси тўйгача, келинники ажрашгунча?)) | |
"Саримсоқ пирог” сериали 2-қисм: "Тақ тақдан ох ох-гача" РеклОмная пауза! Рекламанинг зўри қаерда бўлади, айтайми, уйга совчи келганда!!! Куёв бўлмиш томоннинг делегация аъзолари нафақат олтин тақинчоқларни яхши кўришади, балки рекламанинг сирларинидан ҳабардор билағонлар бўлишади. Масалан улар, вой бизни ўғлимиз алпқомат, келишган, содда, топармон-тутармон, уйим-жойим дейдиган, ўқимишли дейишса, хуроз қанд чет элники деса, ётволиб ялайдиганлар туридаги қизнинг онаси шартта ишонади! Рекламанинг кучини қаранг-ки, аввал она, онанинг ёрдами билан ота ва бошқалар тасаввурида ҳақиқий шахзода гавдаланади. Тўйдан 1 йил ўтиб-ўтмай ўша шахзода, оқ отида қизни уйига ташлаб кетганда, реклама қилинган маҳсулотнинг сертификати йўқлиги, лицензиясиз брак товар эканлиги аниқ бўлади! Ёки келин томоннинг рекламаси, бизнинг қизимиз кўча кўрмаган, вой, шундоқ овқат қилади, салатларини айтмайсизми, еб тўймайсиз, саранжом-саришта... Рекламанинг "додаси” бўлмиш мақтовлар, тўйдан 5 кун ўтиб учиииб кетади, бечора қайнона эса, саришта келинини тушлик вақтида ширин уйқусидан уйғота олмай ҳалак... Ушбу рекламадан оғзи куйганлар қаерга мурожат қилсин... Хуллас, бу гапларим бугун сизга етказмоқчи бўлган мавзуимнинг кириш қисми эди. Саримсоқнининг аччиғию, тароватини сезгандирсиз…
Реклама... у қачон пайдо бўлган, ким уни ўйлаб топган... Хуллас, гапнинг лўндаси, реклама инсоният пайдо бўлибдики мавжуд. Унинг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалсада, шиддат билан ривожланиши, асосан 20-21 асрларга тўғри келган. Биздачи, бизда рекламага қандай муносабат... Келинг шахсан ўзимнинг муносабатим ҳақида тўхталсам. Айрим ҳужжатларимни олиш мақсадида мен 8 йил таҳсил олган, севимли илм даргоҳим, Ўзбекистон Миллий Университети томон йўл олдим. Йўл узун, шунинг учун ўқирман деб, "иссиққина” маълумотлар жам бўлган 1 та газетани сумкамга солдим, аммо газетанинг биринчи бетиданок бошланган рекламаларни кўриб, энсамни қотириб, вагон ичига кўз ташладим. Шу тарика, метродаги рекламаларни ўқиб, Беруний станциясига кандай қилиб келиб қолганлигимни ҳам сезмабман... Бунинг нимаси ёмон дерсиз.
Метродаги қизиқарли саёҳатимга қайтаман... Нима бало бу мобил алоқа компаниялари ким ўзарга ҳаракат килишяптими билмайман, "Буюк Ипак Йўли” бекати деворларини битта уддабурон компания 3 та баннер билан эгаллаган. Кейин катта қилиб колбаса ва сосискани расмини илиб қўйишибди. Хоп, вагонга чиқамиз, кўзларингиз қамашади, рекламаларнинг кўплигидан... Қоғозларнинг рангларидан, турли хил ёзувлардан бош айланади. Диққат қилинг, 50 тадан ортиқ (айримлари қолиб кетган бўлса, олдиндан узр) реклама қоғозлари!!! Сайтда хам реклама бўлмаслиги учун дори маҳсулотларнинг айрим ҳарфларини атайлаб тушуриб қолдираман. Бошладикми, дорилар: П*носол, Ф**рвекс, Ц*напар, Н***пассит, Ст**ангин, Тай**хот, С*норин - булар мен ўқий олган дориларнинг номлари. Катта ва рангли ҳарфларда қайси дардга даво бўлиши ёзилган, аммо тагидаги ёзувларни ўқий олмадим. Бунинг учун менга лупа ва бўйим етмаслиги учун стул талаб этилади. Менимча у ерда митти ҳарфлар билан, ножўя таъсирлари бўлиши мумкин, қабул қилишдан олдин шифокор кўригидан ўтинг ёки маслаҳатлашинг, деб ёзилгандир деб қўйдим... Агар ҳаммаси дорини рекламаси деб ўйлаган бўлсангиз, адашасиз. Вагон деворларига ломбард, квас ва соч учун воситаларни реклама қилувчи қоғозлар хам жойлашган. Ана шундай ур-сур ичида эса "Умринг боқий бўлсин, Азим Тошкентим!” деган ёзувга кўзим тушди, албатта бу банер майонез ва Ф*рвекс рекламаси ўртасида турган бўлсада, менимча, вагондаги энг чиройли ва маъноли ёзув эди!!! Пахтакор бекатида тушиб, Алишер Навоий бекатига ўтишим керак. Зинадан чиқиш вақтида эса ҳақиқий арча байрам! Йўлингиз тушса, бир разм солинг, гапларимга ишонасиз шунда. Ҳамма жой реклама... Метронинг чиройли ва тоза бўлиши учун кўп инсонлар фаолият олиб боришади, уларга катта раҳмат, чин сўзим! Дархақиқат шаҳримиз ер ости йўли дунё метролари ичида энг озода ва гўзалларидан биридир, лекин тўғриси ана шу гўзалликни дори, шарбат, колбаса рекламаларининг қоғозлари ёпиб қўймаяптимикин... Хайрият, Алишер Навоий бекати рекламадан холи зона экан!!! Айтгандай, айнан шу бекат менинг энг яхши кўрган бекатим, биласизми нега, сабаби, ҳар бир қарич жойи санъат асари!!! Беруний бекатида ҳам рекламалар сайли... Хатто, чиқиш эшигига "Қувват келганини билмай қоласан!” деган шиор билан, бир шоколаднинг расми туширилган қоғоз ёпиштирилган. Ана шу воқеа сабаб, сизга арз дафтаримни очдим... Нима керак бунча реклама??? Газетани боя эслаб ўтдим, 1-бети рекламадан бошланган-лигини... Радио ҳам эшитиб бўлмайди. Уйга келиб, ўзимга "ёққан” радиони қўйсам яна реклама)))) Биргина об-хаво маълумотини билишим учун, камида 60 сония томоқ оргиққа қарши бўлган дорининг рекламасини тинглашга мажбур бўлдим... Қизиқ томони "ножўя таъсирлари бўлиши мумкин, қабул қилишингиздан олдин шифокор кўригидан ўтинг” сузлари айтилмади хам! Телевизор қўйдим, худди шу ҳолат тақ тақ дан ох, ох гача, фойда берувчи дорини рекламасини кўриб, тақ-тақ нима экан деб ўйланиб қолдим, бу ажойиб рекламани сўзларини ким ёзган, уни ким тасвирга олгану, таржимасини боплаб ким қилган, хуллас бу саволимга жавоб топа олмасам хам керак. Хулосам шуки, мен метро, автобус, маршрутка, трамвайда юраман, газета ва журналларни имкон қадар, олиб ўқийман, шаҳримиз кўчаларида айланишни ёқтираман, мунтазам бўлмасада, телевизор томоша қиламан, интернетдан дунёда содир бўлаётган янгиликларни ҳар куни кузатиб боришга ҳаракат қилувчи инсоннинг ғалати рекламаларга ҳам, уларда кўз-кўз қилинаётган маҳсулотларга ҳам эҳтиёжим йўқ! Реклама бошланди дегунча, радиони ёки телевизорнинг мурувватини бошқа каналга бурайман. Реклама берувчиларга ҳам бир саволим, товарингизни ўтказмоқчи бўлган, ўзингизнинг бўлғуси ҳаридорларингиз гуруҳи кимларадн иборат бўлиши юзасидан изланишлар олиб борасизми? Йўқ бўлса, савдо менежментидан йироқ бўлган одамнинг, менинг фикрим шундай, барака топкур, метро йўловчиларининг катта қисмини талабалар, коллеж, лицей ўқувчилари ташкил қилади, улар ҳам жисмонан, хам руҳан соҳлом, а, хуп шундай экан, уларга дорини рекламаси нима кераги бор, айтинг!
Саримсокли пирогнинг бу галги қисми сизни рекламага қарши иммунитетингизни мустаҳкамласа, хурсанд бўлардим. Насриддин Афанди кўча бошида бир тўда болакайларга, бир ҳазллашай деб, махаллада қўшниси ёнгок қоқаётганлигини айтади. Болакайлар манзил томон югуриб кетишганда, содда Афанди, эй, ўзим хам колиб кетмасайдим ёнғоқдан деб, уларни орқасидан эргашади. Колбасалар чиройли килиб тасирланган баннерларга кўзи тушган компания эгалари хам, эҳ, узим хам бир татиб курай шу махсулотимдан дер, жуда бўлмаганда, нима дедингиз, агар улар хам метрода юрса мабодо...
Каминанинг фикрларини жуда юракка яқин олманг! Айтгандай, бу шахсий фикр эди халос, унга қўшилиш ёки қарши бўлиш хуқуқидан сизни на мен ва на қонун чеклай олади!
Интизор Очилова | |
Бўлим: Baxs| Tanqid | Janjal |
Кўрилган: 6961 |
Чоп этди: Sayyod
| Теглар: |
Нравится
Барча изохлар: 19 | |||||||||||||||||||
Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ! Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин! -Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. (батафсил манбаа)
Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод |