02:39 Йилнинг энг ЖОНЛИ ва энг ФАЙЗЛИ КОНЦЕРТИ бўлиб ўтди! | |
ЖАҲОНГИР ОТАЖОНОВНИНГ "СОҒИНДИМ” ДЕБ НОМЛАНГАН КОНЦЕРТ ДАСТУРИНИНГ БИРИНЧИ КУНИДАН РЕПОРТАЖ 16 май куни соат миллари 18.30 га яқинлашганда, Истиқлол санъат
саройига томошабинлар йиғила бошлашаётган эди. Бугун хонанда Жаҳонгир Отажонов
аввалги концерти оралиғидаги 6 йиллик танаффусдан сўнг, яккахон жонли ижродаги
концерт дастурини тақдим қилмоқда. Хонанда Жаҳонгир Отажоновнинг ўзи концерт олдидан концертга тайёргарлик кўраётганлиги ҳамда, кучли ҳаяжонда бўлганлигидан, концерт дастуридан сўнг, бир–икки ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб беришини маълум қилди. Концерт режиссёри ҳам хонанданинг ўзи эди. –Ҳозир фикру хаёлим концерт билан банд– деди самимийлик билан хонанда. 19.00 да концерт дастури бошланди. Парда очилиб, концерт дастури бошланганлигини билдирувчи мусиқа оҳанглари остида, сухандон Ўткир Сиддиқов сўз бошлаб, саҳнага хонанда Жаҳонгир Отажоновни таклиф қилди. Залда кучли қарсаклар янгради. Хонанда ўзининг концерт дастурини шоир Абдулла Орипов сўзи билан "Мен нечун севаман Ўзбекистонни?” деб номланган қўшиқ билан бошлади. Хонанда қўшиқни жонли ижрода ва чинакамига маромига етказиб ижро қилди. Қўшиқдан сўнг, Жаҳонгир Отажонов томошабинлар билан саломлашиб, уларга миннатдорчилик билдирди. Унинг овозидан ҳам ҳаяжонда эканлиги билиниб турарди. Концерт декорацияси оппоқ рангда бўлиб, саҳна тўрида катта экран ўрнатилган ва унда хонанда қўшиқ куйлаганида, ўша қўшиққа ишланган клип, хонанданинг саҳнада қўшиқ ижро қилаётган ҳолатлари кўрсатиб туриларди. Созандалар гуруҳи ҳам, ҳар бир қўшиққа мусиқаларни берилиб чалишар ва уларнинг ҳам ижро маҳоратига қойил қолмай илож йўқ. Негаки, концерт давомида, маълум бир пайт мусиқанинг ўзи ижро қилинадиган жойларида, уларга ҳам томошабинларнинг кучли олқишлари янгради. Иккинчи қўшиқ "Соғиндим” қўшиғи бўлиб, бу маҳзун қўшиқ кўплаб кўзларни ёшлантирди дейиш мумкин. Қўшиқ олдидан сухандон Ўткир Сиддиқов таъсирли оҳангда шеър ўқиди. Томошабинлар, қўшиқ давомида, қўшиқ сўзларини хонанда билан биргаликда такрорладилар. Қўшиқ ниҳоясига етгач, сухандон Ўткир Сиддиқов навбатдаги қўшиқ номини эълон қилаётган вақтида, кутилмаганда хонанда Жаҳонгир Отажонов у кишига, "ҳали қўшиқ тугамади” деб самимий ҳазил қилди. Буни ҳазиллиги сезмаган Ўткир Сиддиқов, бир муддат ҳайрон бўлди. Кейин эса, яна бир чиройли шеър ўқиди. Шеърдан сўнг, Жаҳонгир Отажонов "Кўзим қувонар” деб номланган қўшиғини ижро қилди ва унда миллий либосдаги раққосалар гуруҳи чиройли рақс тушдилар. Ундан сўнг, "Зор–интизор” деб номланган шўх қўшиқ янгради. Унга ҳам мос рақс бўлди. Бешинчи қўшиқ "Муҳаббатсиз келма ёнимга” сўзлари билан бошланган, "Оллоҳим” деб номланган маҳзун қўшиқ бўлиб, барчани таъсирлантирди. Олтинчи қўшиқ "Аёл макридан” қўшиғи янграши билан зал кутилмаганда кучли олқишларга тўлиб кетди! Раққосаларнинг қўшиққа мос рақсларидан илҳомланган хонанданинг ўзи ҳам, қўшиқ оҳангига мос, ҳаракатлар билан қўшиқни маромига етказиб ижро қилди. Қўшиқдан сўнг, эса томошабинларга мурожаат қилиб, "аёллар хафа бўлманглар, қўшиқ сўзларини шоир Бобур Бобомурод ёзган” дейишни ҳам унутмади. Шу билан концертнинг биринчи блоки ўз ниҳоясига етди. Кейинги блок олдидан саҳнага хонанда Жаҳонгир Отажоновнинг синглиси, Отажоновлар сулоласининг давомчиси Эътибор Отажонова таклиф этилди. Унинг ижросидаги "Турнагинам, шошма мени ташлаб кетгани” дея куйланган жонли ижродаги маҳзун қўшиқ, томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди. Концертнинг иккинчи блоки асосан, миллий қўшиқлардан иборат бўлиб, блокни хонанда Жаҳонгир Отажонов "Тановар” ижроси билан бошлади. Бу қўшиққа Ўзбекистон Халқ артисти раққоса Рушана Султонова маҳорат билан рақсга тушди. Барча томошабинлар қўшиқ ва рақсни юқори баҳолаганликлари, тинимсиз янграган қарсаклар ва олқишлардан маълум эди. Навбатдаги қўшиқ, севимли халқ қўшиқларидан "Жонон бўламан деб” барча томошабинларни янада қувонтириб юборди. Баъзи томошабинлар, залнинг орқа тарафида, рақс тушардилар. Ундан сўнг, бухороча қўшиқ, янгради. Бухороча кийимлардаги раққосалар ҳам қўшиққа мос рақсларни ижро қилдилар. Хонанда Жаҳонгир Отажонов баъзи янги қўшиқлар сўзларини ёддан чиқиб қоляпти деб, қўшиқлар матни ёзилган варақни қўлига кўтариб олди ва сабабини томошабинларга ҳам тушунтирди. Бухороча қўшиқ аввалига бир маромдаги оҳангда бўлиб, кейин эса жуда бир шўх тус олди ва раққосалар рақслари ҳам тезлашди. Навбат хоразмча қўшиққа ва рақсларга келди. Хоразмча қўшиқ вақтида, хонанданинг ўзи ҳам берилиб, рақс гуруҳидагилар билан биргаликда қўшиққа мос рақс ҳаракатлар қилиб, рақс ҳам тушди. Қўшиқлар орасида, хонанда томошабинларга "томоғим қуриб қоляпти, тушунасизлар” деб, саҳнани ўзида сув ҳам ичиб оларди. Ҳаяжон, ҳамда кучли иссиқдан хонанданинг пешонасидан тер қуйиларди. Албатта, бутун концертни жонли ижрода ўтказишнинг ўзи бўлмайди. Хонанда "Бахилимга тегинма” деб номланган сокин қўшиғини, саҳна четига ўтириб куйлади. Томошабинлар ҳам қўшиқ маъносидан ҳайратда эдилар. Хонанданинг "Ёш эмас” қўшиғи билан иккинчи блок ҳам ниҳоясига етди. Саҳнага Отажоновлар сулоласининг яна бир давомчиси хонанда Алишер Отажонов таклиф қилинди. У"Севгимсан гўзал қиз” қўшиғини куйлади. Концертнинг навбатдаги блокини
хонанда Жаҳонгир Отажонов "Ёр-ёр айтманг” қўшиғи билан бошлаганида, залда
қарсаклар ва олқишлар тинмади! Бэк вокалда Жамшид Рўзметов ва Эътибор Отажонова Навбатдаги "Ҳаёт, бунча қийнайсан?” қўшиғи вақти эса, олқишлар янада кучайди! Қўшиқ сўзларини бирга айтаётганлар, қўл кўтариб олқишлаётганлар ва орқа тарафларда рақс тушаётганлар.... барчаси, мухлисларнинг хонандага бўлган чексиз меҳри ва эътиборини билдирарди. Яна бир шўх қўшиқ "Севгилим хон қушим!” қўшиғида ҳам томошабинларнинг олқишлари, рақслари тинмади. "Айтишим шартмиди ошиқлигимни” қўшиғини сўзларини ҳам, томошабинлар такрорлаб, биргаликда куйладилар. "Хайр мактаб” қўшиғи янграганда, саҳнага мактаб ўқувчиси кийимидаги қизлар чиқиб рақс тушишди ва ҳамма мактаб даврини эслади, назаримда. Хонанданинг ўзи ҳам, ҳозирда мактабларда ўқишлар тугаётган ой бўлгани учун ҳам, мактаб даврини эслаб, бу қўшиқни куйлаганини айтиб ўтди. Концерт дастури "Ватан фарзандлари бўлинг чинакам” деб куйланган, Ўзбекистон Ватанимизга бағишланган қўшиқ билан якунланди. Концерт ниҳоясида, барча қатнашчилар саҳнага чиқдилар. Томошабинлар эса, концерт тугашини кутмаган эканларми, ҳеч зални тарк этгилари келмасди. Ҳамма томошабинлар, кутилмаганда саҳнага талпиниб, хонанда Жаҳонгир Отажоновга гул тақдим қилиш, табриклаш учун, саҳна олдига йиғилиб кетдилар. Одатда, концертларда хонандалар концерт тугагач, бир муддат томошабинлардан
гулларни қабул қилиб олиб, кейин ичкарига кириб кетар эдилар. Лекин, хонанда
Жаҳонгир Отажонов томошабинларни, мухлисларини деярли ҳар бири билан сўрашиб,
уларнинг гулларини қабул қилиб олиб, улар билан суратларга ҳам тушди. Хонандага
икки зар тўн ҳам кийдирилди. Томошабинлар ҳам зални тарк этмай, парда
ёпилаётганда ҳам олқишлаб турган эдилар. Концертда ташриф буюрган машхурлардан Шохруххон ва турмуш ўртоғи билан Феруза Жуманиёзовага кўзимиз тушди. Бу суратда хам Феруза тушиб қолган. Концерт ниҳоясига етгач, хонанда Жаҳонгир Отажонов билан суҳбатлашдик. Феруза: –6 йиллик танаффусдан сўнг, концерт бердингиз. Жонли, яккахон концерт. Концертга тайёргарлик вақтида, нималар режалаштирилган эди, эндиликда эса, қандай ўзгаришлар бўлди?
Жаҳонгир Отажонов: – Истиқлол санъат саройи, кимлар концерт ўтказмаган даргоҳ. Биз, концертда репетиция қилган вақтимиздаги саунд, бу ерда чиқмади. Негаки, Истиқлол санъат саройида репетиция қилишга озгина вақтимиз камлик қилди. Балки, буни томошабинлар, мухлисларимиз сезишмагандир, биз ўзимиз сездик. Бу нарса жонли мусиқани, мухлисга етиб боришида, жуда ҳам катта рол ўйнайди. Аввало, Оллоҳ ўзи бизни уялтирмасин! Тўғрисини айтсам, мен саҳнадан қўрқадиган инсон эмасман! Лекин, концерт бошида нимадир бўлдими, хурсандлигимдан озгина ҳаяжон бўлди. (самимий) Мен зал тўлади деб ўйламагандим, лекин, зал тўлиб кетди. Мен хурсандлигимданми, кўзимга ёш келиб, бошида озгина ҳаяжон бўлди. Лекин, менимча концерт охири жуда ҳам яхши бўлди. Саҳнада генеральный репетиция қила олмаганимиз учунми, озгина камчиликлар бўлди, назаримда. Буни ўзимиз сездик. Раққосаларни урилиб кетиши, шу каби озгина камчиликлар. Лекин, бу каби кичик камчиликларни мухлисларимиз кечиради, деган умиддаман.
Феруза: – Репетиция вақти дуэт бўлиши кутилаётганди. Жаҳонгир Отажонов: – Дуэт бўлиши керак эди. Синглим Эътибор Отажонова ва жияним Алишер Отажонов нима бўлганида ҳам, янги кириб келаётган хонандалар бўлганликлари учун, уларнинг овози у даражада пишиб етилмаган, назаримда. Мен 10 йилдан буён куйлайман, Алишер 3–4 йилдан бери, синглим эса бу йилдан куйлай бошлади ва бу биринчи саҳнаси. Шунинг учун ҳам, мени ёнимда камчилиги сезилиб қолмасин деб, дуэтни биз сал кейинга қолдирдик. Улар ўзлари алоҳида қўшиқ куйлашди.
Феруза: – Концерт давомида қўшиқларингиздан юрагингизга энг яқин қўшиқ қайси бири бўлди? Албатта, санъаткорни ҳамма қўшиқлари юрагига яқин бўлади, лекин биттаси барибир бошқаларидан кўра, яқинроқ бўлади.
Жаҳонгир Отажонов: – "Севгилим” қўшиғи. Шу қўшиғимни яхши кўраман. Яқин бир инсонимга бағишлаб ёзилган.
Феруза: – Концертингизни шунчалик файзли ва кўтаринки руҳда ўтишини, шунчалик кутиб олинишини кутганмидингиз? Жаҳонгир Отажонов: – (ўйланиб, самимий) Менимча, ёмон бўлмади. Кутгандим, албатта. Мен ўзим саҳналаштиргандим, қўшиқларни қатор қилиб, жойлаштиргандим. Тахминан, ориентир олганман. Мухлисларни яйрашини ҳоҳлагандим. (самимий ва қувониб) Лекин, мен кутганимдан ҳам зўр бўлди, назаримда. Ҳар бир қўшиққа алоҳида қарсаклар чалинди.
Феруза: – Қайси шоирлар билан биргаликда ишладингиз? Мусиқа ва аранжеровкачи? Жаҳонгир Отажонов: – Шоирлардан илк қўшиқни Абдулла Орипов шеъри билан "Мен нечун севаман Ўзбекистонни” қўшиғини куйладим. Янги қўшиқ. Кейин, "Соғиндим” Иқбол Мирзо шеъри, "Кўзим қувонар”, "Интизор” Ўктам Давлетов шеъри, "Оллоҳим”, "Аёл макри” Бобур Бобомурод шеъри билан куйланган қўшиқлар. Яна иккинчи блокда, миллий йўналиш, халқ фолклёрлари, Фарғона– Тошкент, Бухоро–Самарқанд, Хоразм санъатига ҳурмат юзасидан шундай саҳналаштирилиб, куйладим. Учинчи блокдаги қўшиқлардан "Севгилим” Шамсия шеъри, "Айтишим шартмиди ошиқлигимни” Уйғун шеъри, ва бошқалар. Қўшиқларни мусиқаси ва аранжеровкаси ўзимники ва қўшиқлар янгидан аранжеровка қилинган.
Феруза: – Концертда адашмасам, иккита янги қўшиқ бўлди. Жаҳонгир Отажонов: – Концертда ижро қилинган ҳамма қўшиқларим аввалги концертимдан кейин ёзилган. 2008–2009 йилги қўшиқлар ҳам бор. Чунки, барибир ҳаммаси яхши бўлиши учун йил талаб қилади. Бир йилда фақат яхши қўшиқ айтиш қийинроқ.
Феруза: – Концертда бирор шогирдингиз ҳам қатнашиши кўзда тутилганмиди? Жаҳонгир Отажонов: – (самимий) Мен концертни ўзим ўтказишни режалаштиргандим. Синглим ва жияним эса, биттадан қўшиқ айтишди. Ўйлайман–ки, яхши кутиб олишди. Концерт фикримизча, шу вақтгача ўтказилган концертлар ичида энг файзли ва ҳақиқий маънода, санъат намойиш этилган концерт бўлди дейиш мумкин. Бошқа концертлардан фарқли равишда, даҳшатли декорацияларсиз, костюмлар ва шоуларсиз, ҳақиқий ва бошидан охиригача жонли ижро, самимий ва кўтаринки руҳдаги концерт! Томошабинларнинг ҳақиқий баҳоси ва олқишлари! Хонанда Жаҳонгир Отажоновга ижодида яна кўплаб ҳақиқий жонли ижродаги концертлар ўтказишига тилакдошмиз. Феруза Фаттохова Саида Вахобова Концертдан кейинги қулоққа чалинган сўзлар: -Тавба шу болани умуман мухлиси эмасдим, биргина оқ кабутарини эшитганман. Жуда зўр бўлди концерт ман хали хам тассуротлар қуршовидаман. -Жонли концертни сехри бор бу аниқ, зал бирга жўр бўлиб куйладия. Жахонгир хаммани сехрлади. -Иброхим Тотлисоснинг концертидан кейин фақат мана шу концертни тан олдим. Бошқа ким бунақа 100 фоиз жонли концерт беряпти хозир? Жахонгир бу йилнинг энг хаққоний концерт берган санъаткори! Бу факт! -Мана санъаткор концертининг намунаси! Бошқаси концертмас. У шоу-поулар хаммаси масхарабозлик, санъаткор концертимас. Жахонгирга етадигани борми? -Энг файзли концерт мана шу, бошқасини кўрмаганман тўғриси. -Эртага яна тушаман. Оиламниям обкеламан, хозироқ чиқиб чипта олмасам эртага аниқ қолмайди. ВИДЕО эртага! | |
Бўлим: Suhbat | Intervyu | Reportaj |
Кўрилган: 16668 |
Чоп этди: Sayyod
| Теглар: |
Нравится
Барча изохлар: 28 | ||||||||||||||||||||||||||||
Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ! Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин! -Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. (батафсил манбаа)
Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод |