Бош сахифа » 2017 » Июнь » 23 » "Ўзбекистон обидаларидаги битиклар" тўплами тақдимотидан
15:28
"Ўзбекистон обидаларидаги битиклар" тўплами тақдимотидан

 

2017 йил 23 июнь куни Тошкент шаҳрида “O’zEOAVMA Media hall”да Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, “Uzbekistan Today” АА, “KolorPak”, МЧЖ ҳамда “Darakchi Inform Servis” МЧЖ томонидан “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” лойиҳаси доирасида тайёрланган “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар: Тошкент вилояти” жилдига бағишланган “Узоқ ўтмишдан мурожаат: Ўзбекистон обидаларидаги битикларда таълим, маърифат, тинчлик ва бунёдкорлик” мавзусидаги тақдимот маросими ўтказилди. Тадбирнинг асосий ҳамкорлари “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Ўзбекистон Фанлар академияси.

 

 

Тадбирни ташкил этиш ва ўтказишдан кўзланган асосий мақсад туркум нашрнинг 13-жилдини кенг жамоатчилик вакилларига тақдим этиш бўлса, шунингдек, “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” туркум нашрига кирувчи 13 та жилддан иборат 250 та тўплам, яъни 3250 дона китоб-альбомни жаҳон ва миллий кутубхоналар, олий ўқув юртлари, илмий-марказлар ва бошқа ташкилотларга беғараз совға қилиш бўйича ижтимоий акция ўтказилади. Тадбир давомида уларга ушбу тўпламни олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.

 


Шунингдек, тақдимот маросимида намойиш этилган фильм илмий-тадқиқот лойиҳасини амалга оширишда бевосита иштирок этган олим, изланувчилар, шунингдек, халқаро жамоатчилик вакилларининг чиқишлари лойиҳанинг биринчи босқичи ўз якунига етганлиги тўғрисидаги маълумотларни қамраб олган.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси илмий жамоатчилиги, давлат, жамоат, шунингдек, халқаро ташкилотлар, дипломатик миссиялар, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари диққатига ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги Тошкент вилояти жилдидан ташқари Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Навоий, Наманган, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳри, бундан ташқари Самарқанд вилоятининг икки тарихий меъморчилик мажмуалари – Регистон ва Шоҳи Зиндага бағишланган 13 китоб-альбомдан иборат туркум нашр ҳавола этилди.

 


Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан “Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да фан ва таълимни ривожлантириш, ўзбек халқининг бой қадимий, маданий-тарихий меросини чуқур ўрганиш ва асраб-авайлаш, китоб нашрларининг маърифий жиҳатларини аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш масалалари аниқ белгилаб берилган.
Бундан ташқари мамлакатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишида ҳам аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, бадиий, маърифий, илмий-оммабоп, тарбиявий, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган адабиётларни чоп этиш, улар билан таълим муассасаларини таъминлаш, миллий ва жаҳон адабиёти намояндаларининг етук асарларини саралаш, таржима қилиш ишларига алоҳида эътибор қаратилиши зарурлиги кўрсатиб ўтилган.
Юртбошимиз ўзининг Тошкент вилоятига амалга оширган ташрифи чоғида ҳудуднинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва маданий салоҳияти тўғрисида фикр билдирар экан вилоятда туғилган буюк олимларнинг жаҳон маданиятига қўшга улкан ҳиссасини қайд этиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти таъкидлаганидек, Занги ота ёдгорлик мажмуаси бу – бутун дунё мусулмонлари муқаддас деб ҳисоблайдиган қадамжодир. Тарихий маълумотларга кўра, бу ердаги мақбара қурилиши Соҳибқирон Амир Темур фармонига асосан бошланган ва Мирзо Улуғбек томонидан давом эттирилган. Мустақиллик йилларида эса Биринчи Президентимиз раҳнамолиги зиёратгоҳда улкан қайта қуриш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

 

​Маълумотнома:  
2016 йилнинг 17 октбярь куни Тошкенда “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” лойиҳасининг илк натижаларини қамраб олган, яъни 12 та китоб-альбом тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу тақдимот маросими Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллиги ҳамда “Uzbekistan Today” ахборот агентлигининг 10 йиллиги муносабати билан ўтказилди.  
Лойиҳа доирасида олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари республиканинг деярли барча ҳудудларини ва битиклар сақланиб қолган меъморий ёдгорликларини қамраб олди. Илмий тадқиқотлар жараёнида меъморчилик ёдгорликларидаги 1,5дан ортиқ битиклар (уларнинг кўпчилиги илк марта) ўқилди ва таржима қилинди. Жумладан, улар орасида 200дан ортиқ шеър, панд-насиҳат, доно ҳикматлар, 150дан ортиқ уста ва хаттотлар исмлари, 300 диний ва 150 бағишлов матнлари, 150 хронограмма, 100 тарихий саналар, 100 та ҳукмдорларнинг фармойишлари ва бошқалар мавжуд.  
Лойиҳани амалга ошириш жараёни ва 2016 йилда ўткзилган унинг тақдимот маросимида дунёнинг машҳур олимларидан олинган ижобий тақриз ҳамда юқори баҳолар лойиҳанинг илмий-маданий аҳамияти ва қиммати ҳақида гувоҳлик беради. 

 
  
 
 
“ЎЗБЕКИСТОН ОБИДАЛАРИДАГИ БИТИКЛАР” ЛОЙИҲАСИ ТЎҒРИСИДА ХОРИЖ  ОЛИМЛАРИНИНГ ФИКРЛАРИ
 

2012 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур томонидан Ислом ҳамкорлик ташкилотининг собиқ бош котиби Акмалиддин Эҳсом ўғлига “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” туркум нашрининг намунавий нусхалари совға қилинди. У тақдим этилган китоб-альбомларни жуда юқори баҳолади ва ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг ислом олами тамаддунига қўшган улкан ҳиссаси эканлигини алоҳида таъкидлади.
Миср университети Марказий Осиё тарихи, археология ва санъати доктори, профессор Аҳмад Ражаб Ризқнинг фикрига кўра, “Ушбу илмий иш янада муҳим ёзув ва ёзув усулларини қамраб олган. У мана шу йўналишда тадқиқот олиб бораётганлар учун жуда ҳам муҳим ва фойдали бўлиб, шунингдек, Ўзбекистоннинг азим ёдгорликлари ва уларда битилган ёзувларни ўрганаётган талабалар учун жуда кўп маълумотларни қамраб олган. Ушбу ўта муҳим илмий ишда кўплаб расмлар келтирилган бўлиб, уларни нафақат Ўзбекистон ва унинг маданияти, шу билан бирга умуман ислом олами тамаддуни учун аҳамияти деб ҳисоблаш мумкин. Мен ушбу китоб-альбомларни нашр қилиш устида иш олиб борган барчага чуқур миннатдорчилик билдираман”.
Шунингдек, 2015 йил Ўман султонлиги Вазирлар Маҳкамаси миллий котибияти раиси, Ҳужжат ва архивлар миллий бошқармаси бошлиғи, профессор Ҳамад бин Муҳаммад ад-Давянийнинг таклифига кўра лойиҳа ижодий гуруҳи вакиллари “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” китоб-альбоми тақдимотини ўтказиш мақсадида ушбу давлатда бўлишди. Тақдимот жараёнида лойиҳага юқори баҳо берилди. Қайд этилдики, “ушбу китоблар туфайли аждодларимиз томонидан қолдирилган меъморчилик обидалари билан танишиш ва битикларнинг мазмунини билиш учун ноёб имконият тақдим этилмоқда. Бундан ташқари нашр қилинаётган материаллар буюк Ўзбекистон халқининг донолигини, шу заминдан етишиб чиққан олимларнинг истеъдодини, ушбу ўлканинг юксак цивилизациясини намойиш этади”.
Китоб-альбомлар Европада ҳам юқори баҳога сазовор бўлди. Лувр музейи (Франция) Шарқ маданияти ва санъати бўлими раҳбари, профессор Ронте Рокко таъкидлаганидек, “Ушбу нашр нафақат эпиграфика йўналишида фаолият юритувчи мутахассисларда, балки Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари аҳолисида ҳам катта қизиқиш уйғотади. Улар Ўзбекистон шаҳарларидаги тарихий ёдгорликлардаги мазмунига оид билим даражасини оширади. Лойиҳа ижодий гуруҳи мамлакатнинг турли ҳудудларидаги битикларни ўрганиш ва уларни бир тизимга солиш бўйича улкан ишни амалга оширишди.бу ишларнинг натижаси – ажойиб китоб-альбомлар”.
 
 
 
 
“ЎЗБЕКИСТОН ОБИДАЛАРИДАГИ БИТИКЛАР” ЛОЙИҲАСИ ТАҚДИМОТ МАРОСИМИ ИШТИРОКЧИЛАРИНИНГ ФИКРЛАРИ
 
Ф.Абдухолиқов, “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” лойиҳаси раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист:

- Ўзбекистон обидаларидаги кўплаб битикларнинг доно мурожаат, панд- насиҳат, шеърий насиҳат, тарихий воқеалар тўғрисидаги маълумотларни қамраб олганлиги, ҳар бир инсонни таълим олиш, маърифатли бўлиш, тинчлик ва бунёдкорлик сари чорлаши уларнинг ниҳоятда муҳим аҳамиятли эканлигидан дарак беради. “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” лойиҳаси ҳукумат, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда қатор ташкилотлар кучларини бирлаштирган ҳолда мамлакат ҳудудида жойлашган меъморий обидалардаги эпиграфика ўрганилаётгани ва бир тизимда умумлаштирилаётганлиги билан ноёб ҳисобланади. Бу каби лойиҳа ислом дунёсидаги бошқа бирор давлатда амалга оширилмаган.

 


 
Эдвард Ртвеладзе, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, тарих фанлари доктори, профессор:
– Ўзбекистон меъморий обидаларидаги эпиграфик битикларни қидириш, ўрганиш ва нашр қилиш бўйича жуда улкан ишлар олиб борилди. Лойиҳа муаллифлари бундан аввал мутахассислар томонидан ўқилмаган ва тадқиқотчилар учун номаълум бўлиб қолган эпиграфик материалларни илмий муносабатга олиб киришга муваффақ бўлишди. Жуда қийин ва синчковлик билан амалга оширилган бу иш Марказий Осиё халқлари маданияти ва тарихини ўрганишда муносиб ҳиссадир. Алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, ислом санъати ва маданиятига оид ёдгорликлар сақланиб қолган мамлакатлар ичида Ўзбекистон бундай кенг миқёсли лойиҳани амалга оширган биринчи бўлди.


 
Жон Макгрегор, ЕХҲТ лойиҳаларининг Ўзбекистондаги координатори:

- Эпиграфик битиклар бўйича нашр қилинган китоб-альбомлар республиканинг мехморий ёдгорликлари билан танишиш, аждодлар томонидан қолдирилган битиклар мазмунини билиш учун ноёб имкониятни тақдим этмоқда. Амалга оширилган қийин иш нафақат сизнинг мамлакатингиз, балки бошқа давлатлар учун ҳам аҳамиятли.
 
Виктор Шулик, Россия ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари:
- Меъморий обидалардаги ёзувларда битилган Ўзбекистон тарихи, ўзбек халқининг теран маданий мероси менда чуқур таассурот қолдирди. Биз эшитган ва кўрганлар ҳар биримизни ва ҳаммани ҳайрон қолдирмай қолмайди. “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” туркуми шубҳасиз давом эттириш талаб қилинадиган ноёб ишдир. Ўзбекистон ва Россия муносабатлари тарихига оид битиклар топилганда жуда яхши бўларди. Чунки халқларимиз тарихи бир-бирига боғлиқ. Ва бу алоқалар икки халқ ва мамлакат равнақи учун давом этиши керак.
 
Мьюша Север, “Ҳудудий мулоқот”нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари:
– Жуда ҳайратдаман. Бу бутун дунё эътиборини ўзига тортадиган буюк ва қийин иш. Европа иттифоқида фаолият юритувчи ҳамкасбларимиздан бири Ўзбекистон ўз имкониятларидан фойдалана бошлаганидан хурсанд эканлигини маълум қилди. Зиддиятларга тўла вақтда Ўзбекистон турли, яъни Осиё, Шарқ ва Ғарб маданиятлари ўртасида кўприк воситасини ўйнаётганлиги жуда муҳим. Мамлакатингиз бутун дунёга ислом мамлакатлари маданияти бу – муқаддас маданият, барча маданиятлар мажмуаси эканлиги ҳақида ўз сўзини айта бошлади.  Бу ўзаро ихтилоф, экстремизм эмаслигини, бу кўпминглаб маданиятнинг тинчликсевар мактублари эканлигини ғарбда диққат билан тинглашимиз ва тушунишни бошлашимиз зарур. Мен айниқса, эпиграфик мактублардан бирининг билим, маърифат ва таълим олишга қаратилганлигидан ҳайратга тушдим. Бу ишни мен фаолият юритган ёки саёҳат қилган бошқа мусулмон маданияти хос бўлган мамлакатлардан фарқли ўлароқ Ўзбекистон амалга оширмоқда.  
“Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” лойиҳаси доирасида нашр қилинган бир нечта китоблар билан диққат билан танишиб чиқдим. Ҳайратимни акс эттиришга сўз етмайди. Бу ҳақиқатдан ҳам илм хазинаси, узоқ ўтмишдан мактублар. Мен бундан кўпроғини айтишим мумкин, яъни бу Шарқ ва Ғарб ўртасига қўйилган ғишт ва ўзига хос кўприкдир. Бу кўприкнинг нариги томонида Ғарб шарқнинг ҳали ўрганилмаган гўзаллигини кўриши, эзгулик ва бунёдкорлик, тинчлик ва иноқликка чорловчи меҳрибон ҳамда доно чақириқни эшитиши мумкин.
 
Томас Кунце, Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича раҳбари:
– Биз, менинг фикримча, тарихчилар, шарқшунослар томонидан бир неча йиллар давомида амалга оширган муҳим иш билан танишдик. Бу меҳнат тарихда қолади. Мени бу нашрни тайёрлаш учун олиб борилган иш кўлами, узоқ ўтмишдан келаётган мавзуларга қўл урилганлиги ҳайратга солди.
Айтиш мумкинки, бу қайсидир маънода жасорат. Эпигарфика бўйича материалларнинг кўпчилиги тадқиқотчиларга ҳалигача номаълум бўлиб келган. Улкан ишни амалга оширган ижодий гуруҳ жамоатчиликка тарихий ва маданий мероснинг бутун бир қатламини тақдим этди. Менимча, ушбу кенг миқёсдаги меҳнат билан нафақат ўзбек, балки хорижлик олим тадқиқотчилар ҳам танишишлари зарур.
 
Атул Кумар, ЮНИСЕФнинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича раҳбари:
- Мен бугун тақдим қилинган нашр билан танишиш имконига эга бўлдим.  Ўйлайманки, ЎзЭОАВМА ва “Uzbekistan Today” томонидан амалга оширилган бу ижодий иш ажойиб ва мамлакат мероси бўлиб қолади. Бу Ўзбекистоннинг қадимий мероси қанчалик ҳурмат қилиниши ва келажак авлодга етказиб берилишини кўриш имконини беради. ЮНЕСКО каби БМТ агентлиги Ўзбекистон номини янада юксалтириш, бу мамлакат меросиини жуда муҳим даражагача кўтаришга хизмат қиладиган шундай ташаббусни қўллаб-қувватлаганимизни кўришдан мамнунман.
Китоб бу – ушбу мамлакатнинг буюк меросидир. Фарзандларимиз ушбу китобларни ўқиш ва тарихнинг бизга айтганлари билан танишиш имкониятига эга бўлишади.
 
Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси раиси:
– Ўзбекистон эпиграфикаси бўйича чоп этилган китоб-альбомлар ушбу лойиҳанинг илмий ва маданий аҳамияти бўйича тенгсиздир. Республика ҳукумати ушбу лойиҳани бошланишиданоқ қўллаб-қувватлаган. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов унга алоҳида эътибор қаратган. Лойиҳанинг мустақиллигимизнинг 25 йиллигига бағишланиши ҳам бежиз эмас. Айнан мустақиллик йилларида мамлакатнинг буюк тарихий ва маданий меросини сақлаб бўйича кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилмоқда. Ва чоп этилган Ўзбекистон эпиграфикасига бағишланган нашр бунинг яққол исботидир.
 
Доктор Гассан Аҳмад Абуд, БАА элчихонаси вакили:
– Мени ҳаммадан ҳам кўпроқ араб ёзувига эътибор қизиқтиради. Ўйлайманки, бу машаққатли меҳнат билан босиб ўтиладиган узун йўлнинг бошланишидир. Чунки араб тили грамматикаси жуда қийин. Араб тилида унинг ажралмас қисми белгиларга алоҳида эътибор қаратилади. Лойиҳа муваффақиятли давом эттирилишига ишонаман. Китобларни варақлаб кўрдим ва олимларнинг чиқишларига кўра, у жуда қимматбаҳо. Эртага биз меҳмонларга китобларни совға қиламиз. Менимча, жуда қимматли ҳадя бўлади.
 
Асил Шалгинбаев, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили:
– Қозоғистон элчихонаси номидан “Uzbekistan Today” агетлиги жамоасини 10 йиллик билан табриклайман. Қозоғистон элчихонаси, албатта, бу туркумни тўлиқ ҳолда олади. Мен элчихонага янги келган ходимман. Ушбу китобларни кўрганимдан кейин Ўзбекистонинг барча шаҳарларига саёҳат уюштиришни режалаштирдим. Бу мен учун жуда ёқимли ва ҳайратланарли.
 
Тошмат Назиров, Тожикистон элчисининг маслаҳатчиси:
- Марказий Осиёда истиқомат қилувчи инсон сифатида мен учун ҳудудимиз тарихи билан танишиш жуда қизиқ. Бу ерда бутун республикадаги тарихий объектларда мавжуд битикларни сақлаш ва уларни ўрганиш бўйича катта иш амалга оширилган. 12 та китоб-альбом мамлакатнинг деярли барча ҳудудини қамраб олган. Олимларнинг маърузаларини тинглай туриб, Тожикистон элчихонаси вакили сифатида эпиграфикани ўрганиш бўйича анъанани давом эттиришни таклиф қилмоқчиман. Мен Шарқ қўлёзмалари маркази олимларининг чиқишларини диққат билан эшитдим. Бизда ҳам Фанлар академияси қошида Шарқ қўлёзмалари институти мавжуд. Аждодларимиз меросини ўрганишда бажонудил ҳамкорлик қилган бўлардик. Бу ўзига хос ноёб иш. Ўзбекистонда шу пайтгача бундай ўрганиш амалга оширилмаган. Нашр қилиниши мўлжалланаётган 25 та китоб-альбом илм дунёсига катта совға бўлади.

 


 
Шунингдек, лойиҳага Ла Сапенсия Рим университети (Италия) фан доктори Фабрицио Крузко, Торонто университети (Канада) фан доктори, профессор Схимелпенек Ван дер Ой, ЮНЕСКОниг Марказий Осиё тадқиқотлар халқаро институти директори Шаина Мустафаева, Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институти тарих фанлари доктори Владимир Настич, Гале университети (ФРГ) профессори Юрген Паул ва бошқа кўплаб олим ҳамда мутахассислар ижобий баҳо беришган.

 

 

 

Тадбирни   журналист Шахноза Ғаниева  олиб борди. Мен бу журналистни Россиянинг Оксана Пушкинасига ўхшатаман.

 

 

 

Шайх Абулазиз Мансур

 

 

 

Лойиха мауаллифи, НАЭСМИ раиси, "Даракчи" газетаси ва "Му5" телеканали рахбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист,  медиамагнат Фирдавс Абдухолиқов сўзсиз катта ишга қўл урган. Маънавият ва маърифатга мухим хисса! Ўтмиш ва келажакни боғлаб тургувчи бунёдкорлик иши мисоли.

Тарихимизни гўзал хикматию доно фалсафасиyb  замонавий китобда жонлантиришдек мураккаб ва мукаммал бу мехнат натижаси келажак авлод буюк бисотимизни унга хос жилдларда кўриб хавас ва ўтмиш олдидаги хаяжон билан ўрганишлари табиий. Зеро миллий қадриятлардаги буюк  сатрлар даврдан даврга ўтиб келишида унинг кўринишидан то сифатигача салобати бўлиши керак, назаримда.

 

 

Бундай миллат бисоти илми зиё олдидаги буюк ишлар устида ишлаган барча ижодкорларга чексиз хурмат!

Ўчмас из!

 

 

 

 

Ўтмиш ва келажакни боғлаган маънавий бунёдкорлик муборак!

 

 

Нодира Тўраева ва Сарвар Қамбаров тайёрлашди.

 

Бўлим: Suhbat | Intervyu | Reportaj | Кўрилган: 34819 | Чоп этди: Sayyod | Теглар: Firdavs Abduholiqov, My5

Нравится
Барча изохлар: 1
1 behzodmaxkamov   (24-Июн-2017 08:41) [Материал]
Bu tashabbusni Gulnora Karimova ko'targan edilar, ikkinchi shunga o'xshash g'oya "Found Forum taqdim etadi: O'zbekiston" albom-kitob edi, ammo shuni hech qayerdan, internetdanam topomadim!

dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Исмингиз *:
Email(шартмас):
Код *:

Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: 

Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ!

Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин!

-Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. 

(батафсил манбаа)

Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод

YUQORIGA!