07:17 Ўзбекча юмор, бу нима деганингиз?! Райхон ва Лола 2-қисм. | |
Райхон ва Лола "журналист-юлдуз" лойихасида 2 қисм Савол бериш навбати Райҳонга
Райҳон: Тўғрисини айтаман, мен умуман тайёр эмасман, лекин харакат қиламан. Сиз қайтдингиз, Худога шукур, хамма кутганди. Қандай туйғулар билан қайтдингиз ва қайтишингиздан нималарни кутгандингиз, нималардан қўрққандингиз? Лола: Авваламбор ўз суйган машғулот ижодим билан шуғулланишни истагандим. Ижод мен учун ҳаводек нарса. Хаётимнинг мазмуни дея олмасамда, хаётимни тасаввур эта олмайдиган мухим бўлаги деб хисоблайман.
Райҳон: Турмушга чиқаётганингизда буни билармидингиз? Лола:-Ҳа, буни яхши тушуниб турардим. Турмушга чиқаётган пайт пуштиранг кўзойнак орқали дунёга боқаркансиз. Фақат яхши нарсаларга умид қилиб, берилган ваъдаларга ишонасиз..
Райҳон: Ижодни давомлайсиз деб ваъда берилганмиди? Лола: Албатта! Бу нарсани турмушга чиқишдан аввал хал қилиб олгандик, чунки бу мен учун жуда мухим. Балки ёш ва содда бўлиб ижод билан шуғулланишга имкониятим бўлишига ишондим.
Райҳон: Ота-онангиз кейинчалик турмуш ўртоғингизни фикрини ўзгартиришга харакат қилишмадими? Лола :Ота-онам мени шахсий хаётимга аралашмайдиган жуда доно инсонлар. Кейин ота-онам эмас, мен ўзим танлаган турмуш эди. Албатта ич-ичидан улар мен истаган нарса билан шуғулланишимни ва бахтимни хам ўйлашарди. Лекин бу нарсаларни ортиқча менга гапиришмасди хам. Сахнага қайтганимда эса катта бахтни сездим. Мени кутишаётганлигисини билардим, қайтишимдан бир муддат хам шубхаланмадим. Баъзи журналистлар (алохида урғу билан) тарафидан икки қўшиқ билан қандай қилиб концерт бериш мумкин деган саволлар хам бўлди, лекин бу мавзу хам мени қийнамасди, чунки менинг мухлисларим кутиб мени қўллаб қувватлашларини билардим.
Райҳон: Ўша журналистлар ва бошқаларга хам икки қўшиқ билан уч кун концертни аншлаг тарзида ўтказиб исботлай олдингиз. Лола: Албатта бу икки янги қўшиқ натижасида эмас, барча эски тароналарим хизмати деб биламан.
Райҳон: Концертга қандай тайёрланасиз, сахна кўринишлари, режиссер, ғоялар муаллифи.. Лола: Албатта суперғоям бўлгани билан унинг ёрдамисиз амалга ошира олмаслигим мумкин бўлган гурух мавжуд. Тарона продюсерлик маркази коллективи ёрдамида амалга оширамиз. Режиссура ва сахна кўринишларига келсак, кўпроқ ўз ғояларимдан келиб чиққан холда ёндошаман. Ғояларимни шу атрофимдаги гурух амалга оширишга ёрдам беради, албатта хамиша исталган натижага эришиш насиб қилавермайди, имконият бўлмаслиги хам мумкин.
Райҳон: Кутган нарсангизга эриша олдингизми? Лола:Бу концерт жуда тез бўлгани учун .... (сўзини якунлашга улгурмайди)
Райҳон: Концертга қанча муддатда тайёрланасиз? Лола: Қанча узоқ бўлса менимча шунча яхши. Охирги концертим бирдан бўлиб кетди, буёқда шахсий хаётим билан боғлиқ нарсалар билан концерт бўладими йўқми охиригача билмадик.
Райхон: Шахсий хаётингиз билан боғлиқ сирини оча оласизми? Лола: Бу жуда қийин. Йўқ, оча олмасам керак. Дейлик шахсий хаётим билан боғлиқ вазиятлар туфайли концерт бўлиш ё бўлмаслиги аниқ бўлмаган. Тез бўлиб кетгани билан концертга енгил елпи қаралди дегани эмас. Бизга берилган вақт мобайнида тўлақонли берилиб ишладик дея оламан. Хозир эса ортга қараб концертдан қониқмаяпман. Хамма минусларни кўриб нималар устида ишлаш керак эканлигини тушуняпман. Умуман хеч қачон ишимдан қониқмаганман.
Райҳон: Мусиқа ёки шеърлар ёзасизми, ёки харакат қилганмисиз? Лола: Фортепианода шуғулланган пайтларим, мусиқа ёзишга харакат қилганман. Хамиша нимагадир харакат қилиб кўрган бўлсам кимгадир кўрсатишга ўзимда ишонч топа олмайман. Шунинг учун нимаики қилсам мавхумлигича қолади.
Райҳон: Жуда хам афсус, мен сизга уларни ошкор қилишни тавсия қилган бўлардим, чунки натижаси кутилмаганда омадли бўлиши мумкин. Инсон ўзи ёзиб куйлагани бошқача бўлади. Мен ўзим ёзган ва ўзим ёзмаган қўшиқларни куйлар эканман, ўзим яратганимни куйлаганимда умуман бошқача хиссиётни сезаман. Бунда қалбингиз куйлайди. Лола: Балки қачонлардир бунга жазм қиларман.
Райҳон: Қўшиқ ёзиш онлари хақида, кимлар билан ишлайсиз ва ижодий жараён қай тарзда кечади? Ўзингиз бирон мавзуда буюртма берасизми, ёки сизга тайёр махсулотларни танлаш учун келтиришадими? Лола: Ҳар-ҳил кечади. Асосан олдиндан мусиқани, сўзлари ва хаттоки унга яралиши керак бўлган клип ғоясини хам тасаввур қилиб иш бошлайсиз. Лекин композиторлар ўз ижод махсулотларини кўрсатишгани хам бўлади. Негадир доим ўзингиз олдиндан тасаввур қилганингиз омадлироқ чиқади.
Райҳон: Билмадим қандай қилиб бу саволни тўғри берсам экан. Дейлик яна турмушга чиқяпсиз, яна оилани деб ижоддан, суйган касбингиздан воз кечган бўлармидингиз? Сиз бу нарсалардан ўтиб бўлдингиз, биласиз хаммасини. Оилани деб яна шу нарсалардан қайта ўта олган бўлармидингиз? Лола: Тўғрисини айтганда, агар бу тариқа очиқчасига айтадиган бўлсак, хаётимни тубдан ўзгартириб юборганлигим сабаби бу бўлмаган. Ўзингиз истаган инсонни учратиш кимгадир осон кечади кимгадир қийин, лекин хозир кўп нарса бошқача. Мен бошқаман, оилавий хаётга хам бошқача қараяпман. Нима бўлса хам мен учун оила хамиша биринчи поғонада тураверади. Оилани деб қандайдир қурбонликка бора оламан, лекин умид қиламанки...( сўзини тугатишга улгурмайди)
Райҳон: Яъни сиз яна ўз ишингиздан воз кечишга тайёрсиз? Лола: Йўқ, тўлиқ воз кечишга тайёрмасман, компромиссга (ўзаро келишилган битим) боришга тайёрман. Ўйлайманки мени олдимда бўладиган инсон буни тушунади. Мени хам тушунади ва бу сафар ундай танлов бўлмайди.
Райҳон: Фарзандларингиз хақида гапириб берсангиз. Қандай онасиз, она сифатида уларга нима берасиз , фарзандларингизгақанча вақт ажратасиз... Лола:(аввалги савол таъсиридан чиқиб кетмаган холда) ..Бундан аввалги савол юзасидан... Бугунги кунда мен...Қандай тўғри ифодаласам экан? Ўз аёлига қандайдир таъқиқларни қўйиш эркак тарафидан худбинликка киради деб биламан. Чунки аёл хам шундай инсон, у хам ривожланиши, ўзига бўлган ишончни мустахкамлаши керак. Тўрт девор ичида эмас хамма бахт. Аёл киши ўзини бахтли сезиши учун ўзини суйган машғулоти билан хам шуғулланиши керак. Эркак киши буни тушуниб уни қўллаб-қувватласа, аёл ана шу эркак хақиқатдан у излаб етган инсони эканлигини тушунса керак. Бу хаммаси бир-бирига чамбарчас боғлиқ нарсалар, бир-бирини тўлдириш демак. Агар хамма нарсам бўлиб, ёнимдаги эркак хамма нарса қилишга рухсат берсаю, фарзандларим бўлмаса бу хам тўлиқ бахт эмас. Айнан фарзандларим менга тўлиқ бахт хиссини беришади. Фарзандларим тинчлиги ва бахти учун қурбонликка боришим мумкин. Кейинги саволингизга қайтсак, хозир ишлашни бошлагач, ишларим албатта кўпайган, ва вақтни хам кам ажратяптгандирман..
Райҳон: Эркакларга айнан мана шу тарафи ёқмаслиги хақида ўйламаганмисиз? Севимлими йўқми машғулотингиз оилангизда салбий намоён бўла бошлагач эркаклар рухсат бермайди. Фарзандларга, эрига вақт камроқ ажратилади. Албатта хамма эркаклар худбин ва аёллари эр учун ўзларини тўлақонли бахшида қилишларини исташади. Лола: Фикрингизга қўшиламан. Лекин бўш ва ўзига ишонмаган эркаклар қўрқишса керак. Хақиқий аёл ўз севимли машғулоти билан пул орқасидан қувиш учун эмас, ўзига оро бериб, ўша эрига хам ёқиш учун, уйда ўтириб бир ахволга келиб қолмаслик учун, керак бўлса машғулотига хам, уйни саранжом саришта ушлашгаям, фарзандларига қарашга, эрига хам диққатни, хаммасига вақтни топа олади. Чунки бу машғулот унга ўзига ишонч хиссини беради, мана шу оиласига бўлган муносабатига хам илхом бағишлайди. Эрталабдан кечгача уйда ўтирадиган аёллар бор. Лекин оиладаги муносабатлар сифатига бу хеч қандай таъсирини кўрсатмайди. Айнан эрталабдан кечгача уйда ўтирган аёл эрларига камроқ диққат ажратишар? Фарзанди ва ўзига хам. Худди ботқоқда...(сўзини якунлашга улгурмайди)
Райҳон: Уйда ўтирадиганлар вақти келиб қизиғи қолмас даражага келишади деб хисоблайсизми? Лола: Шундай деб хисоблайман! Эрларига қизиғи қолмайди. Лекин хаммаси хам эмас! Уйда ўтириб хам ўз билими устида ишлаши мумкин, ўзини устида ишлаб ривожланиш хам мумкин. Уйда ўтириб хам эр учун қизиқ бўлиш мумкин лекин бу қийинроқ. Уйда ўтирган сайин у ўз домига торта бошлайди. Кўчага чиқиб одамлар билан мулоқотда бўлганингиздан кейин ўзингизни устингизда ишлашингиз, чиройлик кўринишингиз хам осонроқ кечади. Кейин эр билан бугун нима овқат қилганингиз хақида сухбатдан ташқари бошқа қизиқ мавзулар юзасидан гаплашиш мумкин бўлади.
Райҳон: Эр ва хотин бир бирига ўхшаш ёки умумий касб эгалари бўлиши шарт деб хисоблайсизми? Лола: Шарт эмас. Баъзилар умуман бирга ишлаш мумкин эмас, бу хаттоки муносабатлар учун зарар дейишади. Бир касбда бўлиб аёл эридан юқори чўққиларга эриша бошлагач вазият салбий тус олиши мумкин. Аёллар ишда ютуқларга эришишини истамаганлиги учун хам эркаклар ишлатишни исташмас. Ўзига ишонмаган бўш эркаклар бундай йўл тутади. Агар эркак ақлли ва хар тарафлама ўзига ишонган бўлса ўз аёлини хеч қачон нимадандир чегаралаб таъқиқламайди. Қайтанига уни ривожланишига ёрдам беради, чунки шундай эркакнинг олдида лойиқ аёл бўлиши керак.
Райҳон: Идеал турмуш сизнинг назарингизда қандай? Қандай эркакни кутяпсиз? Ўзи кутяпсизми? Лола: Хозир хеч қандай эркакни кутмаяпман, мен хозир дам оляпман (кулади). Хаётимда оддий бўлмаган вазият бўлгани учун хеч қандай эркакни кутмаяпман. Идеал эркак қандай бўлиши кераклигини билмайман. Ўзи идеал турмуш бормикан? Идеал жуфтлик ва идеал турмушларни кўрамизу лекин улар хам ажрашиб кетаётганларини кўргач ўзи идеал турмуш бормикан деб ўйлаб қолар экансиз. Жавоб бериш қийин, лекин шундай оилалар бор, мухаббат ва хурматни охиригача олиб борса бўлади деб умид қилишни истардим. Мухаббат бу танлаган инсонингни барча яхши ва ёмон жихатлари билан борлигича қабул қилиш демакдир.
Райҳон: Ишонасизми севгига? Лола: Хозирча ха.(кулади).
Райҳон: Қизлар орзу қилгандек даражада бормикан? Чунки эркаклар ўзгача хис қилишади уни. Лола: Бор албатта, ишонаман, лекин қизларнинг аксарияти хаддан зиёд иделлаштиришади. Кейин севиб куйиб қолгач севгига ишонмай қўйишади. Шунинг учун севгидан хаволанмаслик керак. Севги бор лекин нима у хечкимга аён эмас, хеч ким исботлаган хам эмас, у хар бир инсон учун индивидуал. Севгининг поғоналари кўп, ва хар бирида турфа туйғу. У ўсиб бориб юқори бир туйғуга эга бўлиши керак назаримда. Бошида албатта эхтирос, қизиқиш бўлади. Кейин эса ўзгариб бораверади, хурмат, кўникиш, усиз ўзингизни тасаввур қилмаслик. Энг охирги поғона бу мухаббат бўлса керак. Чунки барчасидан ўтиб бўлинади. Вақт ўтиб сезилса керак.
Райҳон: Яна бир шахсий савол беришни истаяпману... Лола: Бемалол.
Райҳон: Турмуш ўртоғингизни севасизми? Яна ўша дарёга қайта кирган бўлармидингиз? Лола:(узоқ ўйланади)
Райҳон: Агар жудаям шахсий бўлса ижодий саволларга ўта қоламиз. Лола: Йўқ, жавоб бера олсам керак. Агар бу туйғуга ишонч ҳосил қилганимда яна шу дарёга кириш ёки йўқ деган олдимда танлов турмасди. Тўғрисини айтсам яна таваккал қилмоқ хамиша қўрқинчли. Бу дарёга яна кириб чўкиб кетмайсан деган ишонч йўқ. Менимча иккинчи бора бу дарёга кирмоқ ва ниманидир ўзгартирмоқ ахмоқлик бўлса керак. Шунинг учун одам қўрқади. Хозир бу саволга аниқ жавоб бера олмайман, чунки жавобини ўзим хам билмайман. Лекин агар иккиланмаганимда жавоб берган бўлардим.
Райҳон: Мухлислар билан муносабат қандай, мулоқотда бўлиш керакми ёки фақат ижодий мулоқот кифоями? Лола: Мухлислар билан мулоқотда бўлиш зарур деб хисоблайман. Бу бизнинг касбимиз тақозо этган тарафларидан бири. Бизни севган тингловчилар бор экан шу даражадамиз. Хатлар ёзишади, уйимгача келганлари бор. Хатларга жавоб беришга харакат қиламан. Гоҳи илтимослар хам бўлади, уларни хам бажаришга харакат қиламан.
Райҳон: Қўнғироқ қилиб туришса керак? Лола: Йўқ, чунки рақамимни тез-тез алиштириб тураман. Лекин мухлислар томонидан қандайдир бир қўполликка дуч келмаганман. Барча учрашув ва сухбатлар дилдан ва чиройлик ўтади.
Райҳон: Янги фильмда иштирок этаётганингиздан хабарим бор, режиссери ким, бу фильмни ўзингиз буюртма бердингизми ё таклиф қилишдими? Сценарий муаллифи? Актрисаликда ўзингизни қулай сезяпсизми? Бирга ишлаётган партнерингиздан қониқяпсизми? Уларнинг ёрдами тегяптими ё кимлар биландир қийин кечяптими? Лола: Бирдан жуда кўп саволлар бердингиз харакат қиламан (кулади). Сценарийга келсак, мен хеч қачон ўзимга мослаб фильм буюртма бермайман. Қанчалик ролларим турфа бўлса шунчалик мен учун қизиқ. Умуман бошқа бўлган хаттоки салбий образни талқин қилишни истардим.
Райҳон: Бунинг таъсири бўлишидан қўрқмайсизми? Лола: Ха айнан мана шунинг учун хам шу каби роллар йўқ. Оммамиз ролларимизга ишонади, шунинг учун бу хавфли. Лекин актриса сифатида умуман ўзимга зид бўлган образни талқин этиш менга қизиқ бўлган бўларди. Хозирда иштирок этаётган қахрамон мендан унчалик фарқ қилмайди, ўзимни талқин этаяпман десам хам бўлади. Фильмдаги исмим хам Лола, лекин қайтараман бу сценарийни буюртма қилмаганман.
Райҳон: Фильмда хонандамисиз? Лола: Йўқ. Шунчаки қахрамоним билан дунёқарашларим яқин.
Райҳон: Жанри мелодрама, комедия? Лола: Романтик комедия деса хам бўлади. Лекин биз ўрганиб қолган ўзбекча юмор тарзидаги комедия эмас, у шунақанги бир...(сўзини якунлашга улгурмайди)
Райҳон: Нима деганингиз "ўзбекча юмор?” Лола: Жуда бир майдалашган, томошабинни зўрлаб кулдиришга интилган кўринишни назарда тутдим.
Райҳон: Сизнинг фильмингизда юмор нозик дидга эга тарзда қўлланилган демоқчимисиз? Лола: Гап нозик дидлигида эмас, енгил қўлланилган. Вазиятлар кулгулик туюлса томошабин кулади, "Омадсиз хазил қилдик а” деган тушунчалар бўлмайди. Афсуски биздаги фильмларда мана шундай шилқим юмор мавжуд.
Райҳон: Қайси фильмларни мисол тариқасида айта оласиз? Лола: Шахсиятга тегишдек бўлиб қолади, хафа бўлишади. Лекин бундай фильмлар бор, тўғрисини айтсам мен...(сўзини якунлашга улгурмайди)
Райҳон: Ўзи ўзбек киносини кузатиб борасизми? Лола: Унчалик эмас, лекин томоша қилганларим бор. "Телба” жуда ёқди.
Райҳон: Менга хам, "Пойма пой”чи ёқдими? Лола: Кўрмадим бу фильмни.
Райҳон: Йиғладим шу фильмда. Лола: Шу "Телба” ва "Мажруҳ” фильмларини томоша қилдим. Ўзимизни фильмларимизни мунтазам кузатиб бормасамда, биламан. Масалан бизнинг комедияларимиз ёқмайди. Майдалашган юмор, фильм ёки вазият кулгулик бўлганлигидан эмас, мана шундай комедиялар суратга олинаётганлигидан кулгингиз келади.
Райҳон: Жахонгир Позилжоновнинг режиссерлик ва актерлик ижодига қандай қарайсиз? Лола: Тўғрисини айтсам унинг фильмларини томоша қилмаганман. Шунинг учун хеч нарса дея олмайман. Ўзим иштирок этаётган фильмда актерлар ёрдам беришмоқда, профессионал актриса бўлмаганим учун ва бундай узоқ танаффус...(сўзини якунлашга улгурмайди)
Райҳон: Партнерингиз ким? Лола: Улуғбек Қодиров. Илк маротаба сценарийни тақдим қилишганида ўзимни Улуғбек билан умуман жуфтликда кўра олмадим. Умуман мос деб билмадим.
Райҳон: Нима учун? Визуал равишдами? Лола: Визуал хам, инсон сифатида хам уни умуман билмасдим. Бир-биримизга уйғунлашмасак керак деб ўйлагандим. Чунки унинг кўриниши бир хақиқий эркак. Мен эса замонавий бир кўринишда.
Райҳон: Менимча у ўзгара олиш учун етарли махоратга эга актер. Лола: Айнан фильмда у ўзгариши керак бўлмади, чунки сценарий бўйича ... ...(сўзини якунлашга улгурмайди)
Райҳон: Чирчиқлик эркак а? (кулгу) Лола: Сценарий бўйича менга умуман мос бўлмаслиги керак. Фильмнинг моҳияти ҳам ана шунда, гоҳида биз турфамиз мос эмасмиз лекин биргамиз. Хар-ҳил бўлганимиз билан гоҳида фикрларимиз ўхшаш бўлади. Фильмдаги қахрамоним айтганимдек дунёқараши менга яқин ва унинг розилигисиз турмушга беришмоқчи бўлишади. Бизда бу шундай қилишадику.
Райҳон: Мана шу нарсага қандай қарайсиз? Қизнинг, гоҳида йигитнинг хам фикри билан хисоблашмаслик хақида. Ота оналар ўзаро келишишади, адашмасам ёшлар бир маротаба кўришишади, хозир эса билишимча кўришиш хам керак эмас бўлган вазиятлар хам бўларкан, суратни кўрсатишар экан холос. Мени қўшнимнинг қизи бор ва уни турмушга узатаётиб, учрашувга бормайди деди. Агар бир икки чиққан совчи танламаса кейин уни хеч ким олмайди, шунинг учун учрашувга чиқармайман, суратни кўрса етади деганди. Муносабатингиз? Сиз хам фарзандингиз билан шундай муносабатда бўла олган бўлармидингиз? Ёки бир-бирини билиши керакми? Лола:Албатта бу ахмоқлик. Бундай йўлни тутган ота-онани умуман қўллаб қувватламайман. Бахсбоп мавзу. Хамма хар-хил, лекин мен фарзандларимга бундай тақдирни раво кўра олмайман. Менинг ота онам 4 фарзанд бўлсак хаммамизга демократик тарбия берган, бизда хар нарсада танлаш хуқуқи бўлган. 3 ёшлик гўдак бўлсанг хам сен шахссан ва ўз фикрингга эга бўлишга хақлисан деган рухиятда тарбияланганмиз. Бундай тарбия болаликдан инсонда шахсиятни ривожлантириш учун мухим бўлган нарса деб хисоблайман. Хаётда ўз танлаган йўлинг орқали учраган қийинчиликлар хам сени тоблаб дарслик сифатида ўтаб чиниқтиради. Мен хам ота-онам каби фарзандларимни тарбиялашга харакат қиламан. Хозир қизим 3 ёшда лекин унинг фикрига қулоқ тутишга ва агар у нохақ бўлган тақдирда хам, элементар сурат чизаётганимизда ўзи истагандек чизишни хохласа, нотўғрилигини билсам хам хато қилиш учун имконият яратиб бераман. У хатони ўзи қилганини тушуниб етишга имконият бераман. Кейин эса ўзининг хатосидан келиб чиққан холда унга тушунтираман.
Райҳон: Демак ота-онангиз босиб ўтган йўлдан намуна олиб кетяпсиз? Лола: Энг яхши тарбия бу намуна бўлса керак. Қизим менга қараб намуна олиши осонроқ, у хатто менга ўхшаб гапиради. Гоҳида гапларидан ажабланиб кетаман, ахир мен бундай гапираманку деб. Ота онам мени нимагадир жазолагани ёки таъқиқлаганини эслай олмайман, хамиша намуна бўлишган. Балки уларнинг хаётида мен қайтаришни истамаган хатолар бўлиб қолиши мумкин, бу хам мени учун дарс бўлади.......... ................................................... Давоми, охирги 3 қисм ва ВИДЕО Барча қизиқ, сифатли ва эксклюзив бўлган фотосуратлар бу ерда | |
Бўлим: JurYuldus |
Кўрилган: 11808 |
Чоп этди: Sayyod
| Теглар: |
Нравится
Барча изохлар: 11 | |||||||||||
Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ! Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин! -Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. (батафсил манбаа)
Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод |