06:13 Райхон ва Лола! Шоу-бизнесда катта шов-шув бўлган сухбат! | |
"Журналист-юлдуз” лойихамизнинг навбатдаги иштирокчилари Райхон ва Лола! 1-Қисм (Лола журналист) Газетада кеча чиққунга қадар шоу-бизнес оламида яхшигина шов-шув бўлган Лола ва Райхоннинг ГАЗЕТАГА КИРМАГАН ва БАДИИЙ КЕНГАШДАН ЎТМАГАН сухбатни ТЎЛИҚ ТУРИНИ эътиборингизга хавола қиламан:
Қизлар аввалига бир-бирига хазиломуз мурожаатлар билан бошлашди
Лола: Салом Райхон, кўринишингиз аъло. Райхон: Рахмат, Сизники хам. (кулишади) Лола: Сиздан доим интервью оламан деб орзу қилгандим Райҳон: Бу мен учун обру. Лола: Мен бунга шубҳа хам қилмагандим.
Лола: Олдинги йил нималар билан ёдда қолди,ютуқ ва омадсизликлар, бу йилдан нималар кутяпсиз, режаларингиз Райҳон:-Умуман олганда инсон нолимаслиги керак деб ҳисоблайман. Ва умуман мен бахтли инсонман деб ҳисоблаб Худога шукур қиламан. Бор нарсамга шукур қиламан, албатта режа, мақсад ва истакларим бўлгани билан уларнинг устида ишлаб керагидан кўпини хохламайман. Менда йўқ бўлган нарсалардан нолимайман, демак шу нарсага лойиқ топилмаган бўлишим хам мумкин, балки вақти етмагандир. Лекин хозирги хаётимдан мамнунман. Олдинги йил қандоқ бўлган бўлса шундайлигига Худога шукр қиламан, яхши нарсалар кўп бўлди, альбом чиқардим, хорижда концертим бўлди, вилоятларда хам албатта.
Лола: Сиз хар йили шундоқ хам концерт бериб, альбом чиқарадиган хонандасиз, менга олдинги йил олдингизга қўйган мақсад ва балки эришилмаганлари, кейинги йилга қолдирилганлари қизиқроқ? Райҳон:- Йўқ, ундайи бўлмади. Концертга тайёрланиш пайтида бу йилим хам бошланди. Буни сезмай қолдим десам хам бўлади, чунки концертга тайёргарлик пайтида кун билан туннинг хам фарқи бўлмай қолади.
Лола: Фурсатдан фойдаланиб табриклайман, концертда бўлиб катта таассурот билан қайтдим, кўп ишлаганингиз кўриниб турибди. Ижоддаги катта ўсиш ва ривожланиш сезилган. Райҳон: Раҳмат, концертдан кейин "Севавераман” альбомини чиқардик. Насиб қилса 1 апрель куни болакайлар ижодий мактабини очяпман
Лола: Болакайлар учунми? Райҳон:-Умуман олганда ёш бўйича чегараланмаган, лекин асосий урғу болаларга бўлмоқда, профессионал мактаб эмас, диплом берилмайди. Шунчаки бу мактаб ўз танасини бошқара олиш, ўз овози билан куйлаш деган нарсаларни олға суради. Овозни созлаб, рақсга тушишни ўргатамиз деб ваъда бера оламиз.
Лола: Профессионал эмас ихлосмандлар бўлгани билан дарс берувчилар ўз ишини устаси бўлса керак? Райҳон:- Ўқитувчиларнинг хаммаси профессионал!
Лола: Қувончли холат. Райҳон:- Фарзандларингизни олиб келинг.
Лола: Ўғлимга хам сўнгги мультфильм клипингиз жуда ёқади. Доим куйлаб юради, ким буни куйлайди десам "Ахон” дейди. 2 ёшлик бу ўғлим атиги икки номни билади, Наргиз ва "Ахон” (кулишади). Қўшиқларингизга матнни ўзингиз танлайсизми? Куйлаётган қўшиқларингиз шахсий хаётингизга боғлиқми ёки умумий хаётий қилиб куйлайсизми? Райҳон:- Айрим қўшиқларим матнини рус тилида матн тузиб Якзонга бераман, у эса жахли чиқиб, мен шоирман, таржимон эмаску дейди (кулади).
Лола: демак у таржима қилади? Райҳон:-Ҳа, албатта адабий тус бериб. Қўшиқларим менинг шахсий кечинмаларим ёки шунчаки биронта воқеадан қаттиқ таъсирланганим натижаси бўлиши хам мумкин. Фақат мухаббат эмас, хаётий бирон нарса бўлиши мумкин, яъни мен кўрганим ва мени таъсирлантирган нарсалар.
Лола: Дунёдаги барча қўшиқларнинг аълоси юксак туйғу-мухаббат хақида. Сиз ўз хаётингизни берар даражада қаттиқ севганмисиз? Райҳон:- Туйғу бўлган албатта, лекин хаётни бериш даражаси нотўғри, хаётимни ўзим истаганим учун олганим йўқ-ку..
Лола: Шунчаки юзаки савол эди, асл моҳияти севгининг кучи хақида билмоқчи эдим Райҳон:- Албатта қаттиқ севганман, балки шунинг таъсирида хам ижод қиларман.
Лола: Мухаббат сизга оғриқ келтирганми, куйганмисиз севгидан? Райҳон:-Мухаббатнинг албатта мана шундай салбий тарафлари хам борлигини нафақат ўзимдан балки атрофдагилардан хам кузатиб биламан. Албатта оғриқ билан куйдиради. Яхши муносабат бўлган тақдирда хам, қаттиқ яралаш онлари бўлиб туради.
Лола: Жавобсиз мухаббатни сезганмисиз? Райҳон:- Майкл Джексонни хақиқатдан хонанда сифатида эмас, эркак сифатида севганимни айтиб бергандим. Билмасам балки бу унчалик номал эмасдир?(кулади)
Лола: Аксарият ҳолларда илк мухаббат жавобсиз бўлади, ёш қизларимизга бу вазиятда ўзига ёрдам бериш учун қандай маслахат бера оласиз? Райҳон:- Менга дуо ёрдам беради. Худога илтижо қилаётган пайтим енгил тортаман. Бу фақат мухаббатдан азиятга боғлиқ эмас, умуман хамиша илтижо пайтида ёруғлик ва енгилликни ҳис этасиз.
Лола: Хаётда бажарган энг яхши ишингиз? Райҳон:- Айтсам нокамтарлик бўлади, шунинг учун айта олмайман.
Лола: Яхши, унда уятли ишингиз хақида, хаётда қайси қилган ишингиздан уялиб, пушаймон бўлгансиз? Райҳон:- Тўғрисини айтсам бундай ишларни қилмасликка харакат қиламан. Албатта кичик холатлар бўлади, ахир инсонмиз хеч қайсимиз гунохдан ҳоли эмасмиз, тўғрими? Лекин бу қадар кейин пушаймон бўлганимдек катта нарса бўлмаган.
Лола: Демак омадли инсон экансиз. Сизга таъсир кўрсатиб нимангизнидир тубдан ўзгартириб юборган китоб бўлганми? Ҳаётингизга таъсир кўрсатган ёки қадр-қимматларни қайта ўйлаб чиқишга ундаганими? Райҳон:-Ҳозир психологик йўналишда бўлган "Эркак ва аёл” деган китобни ўқияпман. Аёллик ва эркаклик тушунчасини чуқурроқ ўрганишни истаяпман. Чунки икки жинс умуман бошқа бошқа сайёралар. Эркакларни тушуна олмайман, улар умуман бошқача. Шунинг учун шу китобни сотиб олиб, ўзим учун нимадир, янги нарсани очаман деб ўйлаяпман. Ваҳоланки ҳозирча ўша билган нарсаларимни ҳам у ерда учратмоқдаман. Шунинг учун биз шунчаки бошқа-бошқа ва эркакларни борлигича қабул қилиш кераклигини тушундим, чунки..
Лола: Чунки, эркак дегани асли ташхисдек а? (кулгу) Райҳон:- Чунки уларни ўзгартиришга харакат қилиш бефойда мехнат дегани.
Лола: Бу китоб эркакларни янада яхшироқ ўрганишга ёрдам бердими? Райҳон:-Йўқ, умуман олганда бу китобдан аёлларни ҳам чуқурроқ ўрганишни истагандим, чунки аёллар ҳам турфа.
Лола: Менимча эса аёллар хам эркаклар хам бир ҳил Райҳон:-Йўқ, бир ҳил эмас.
Лола: Севги сиз учун? Райҳон:- Севги бу ҳаётда харакатланмоқ. Севги дунёни сақлаб қолади деган қўшиқ ҳам бор, ва мен унга қўшиламан. Чунки, агар мухаббат бўлмаганида биз ҳаммамиз қандайдир бир тош даврида тўхтаб қолган бўлардик. Эволюция ҳам мухаббат натижасида амалга ошади деб ҳисоблайман.
Лола: Севгига чин дилдан ишонасизми? Райҳон:- Севгидан жуда қўрқаман, лекин унга жуда ҳам ишонаман. Йўлимда хақиқий, чуқур, вафодор, диққатли, юмшоқ, ўзим тасаввур қилган ва бир умрга бўлган мухаббатни учратишни жудаям истайман. Қандайдир бир қисман, парча эмас, бутун диққатимни тортиб, бутун юрагимни эгаллаб турадиган, ҳаётимни унга бахшида қиладиган мухаббат бўлишини истайман.
Лола: Бундай мухаббат умрбод бўлиши учун нималар қилиш керак экан? Райҳон:- Шунчаки бу туйғу бўлиб яшашни иложиси йўқ, бунинг учун устида ишлаш керак.
Лола: Қандай ишлаш керак? Райҳон:-Мана шу қандай ишлаш кераклигини билмайман (жилмаяди). Менда бу ишда тажриба йўқ, билмайман, билганимда менда ҳозир севган инсоним бўлган бўларди. Бу саволга жавоб бериш мен учун қийин.
Лола: Турмушга чиқишни истайсизми? Райҳон:- Албатта!
Лола: Оила ёки карьера деган танлов туриб қолса? Райҳон:- Бу ҳолатда қурбонликсиз бўлмаслигини тушунаман, лекин мени танлаган инсон бундай танлов олдида қўймаслигини биламан.
Лола: Хеч қачон ишонч билан гапирманг Райҳон:- Мен кутаётган инсон мени бундай танлов олдида қўймайди, агар у мени севса, мени тушуниб, ҳаётга бўлган нигоҳимни ҳам хурмат қилиши керак. Мусиқани менинг хаётимдаги ўрни жуда катта эканлигини билиш қийинмас, уни шартта олиб, ҳаётимдан қирқиб олиб улоқтириб юборишни иложиси йўқ.
Лола: Райҳоннинг идеалидаги инсон уни шуғулланаётган касби билан қабул қила билиши керак шундайми? Агар сиз уни қаттиқ севиб қолсангизу унинг талаби санъатни тарк этиш бўлса демак, сиз ундан воз кечар экансизда? Райҳон:-Мухаббат бу бир-бирини тушунмоқлик деб биламан. Ҳамма нарсада бир-бирини тушунмоқликни ҳам иложиси йўқ, лекин асосий бўлган нарсаларни тушуниши керак. Бундай олиб қараса, мен ёмон нарса билан шуғулланаётганим ҳам йўқ. Оила учун қандайдир қурбонликлар қилиш керак бўлади албатта, лекин альбомлар чиқармаслик, клиплар олдирмаслик мен учун қийин. Бу оила учун катта бўлмаган қурбонлик деб ўйлайман, тўй хизматлари, қандайдир иштироклар, гастроллар булардан воз кечишга тайёрман, чунки хеч қайси бир эрга бу ёқмаслиги тайин. Бу нарсаларни тушунаман, ҳар қандай муносабатда келишиб иш тутган маъқул. Юқорида узоқ муддатга мухаббатни етказиш хақида айтдингиз, бунинг омили айнан мана шу "компромис” деб биламан. Бу нарса икки тарафлама бўлиши керак, агар фақат бир одам қурбонликка бораверса бу хеч қандай натижага олиб келмайди. Икки киши бир бирига интилишини сезилиши керак. Ремарк айтганидек "Мухаббат бу икки кишининг бир-бирига қараб тургани эмас, Мухаббат бу икки киши бир тарафга қараб турганидир”.
Лола: Райҳонни кўнглини овлаш учун қандай эркак бўлиши ва қандай жихатларга эга бўлиши керак? Райҳон:-Ростгўй бўлсин. Саҳоватли, инсонпарвар, меҳрибон ва вафодор. Албатта вафодор! Чунки муносабатда учинчи одамни умуман қабул қила олмайман!
Лола: Демак хиёнатни кечира олмайсиз? Райҳон:-Тўғрисини айтсам, алданишга тайёрман. Шунчаки эркак кишини борлиғи шундан иборатки, ҳеч бўлмаса бир маротаба бўлса ҳам ҳиёнатга боради.
Лола: Демак бошиданоқ унга сизни алдаш учун рухсат берасиз? Райҳон:- Йўқ, рухсат бермайман албатта, лекин бошқа тарафдан бундан қочиб қутулиб бўлмаслигини ҳам тушуниб турибманку. Пуштиранг кўзойнакни тақиб олиб, йўқ мен танлаган эркак бошқача бўлади дея олмайманку. Бу эркакларнинг борлиғи эканлигини тушунаман, балки бу бир физиологиядандир. Мана худди бизга фақат бир инсон керак эканлигини билганимиздек уларда хам бу нарса оддий хол. Билмадим нима учун улар бундай, лекин бу нарсани борлигича қабул қилишим керак. Лекин ақлли эркак ўз аёли устида шундай меҳрибончилик кўрсатиши керакки, унинг аёли ҳеч қачон ҳатто шундай бўлиши мумкин деб гумонланмасин ҳам.
Лола: Билиб қолсангиз кечира олармидингиз? Ёки доно аёл сифатида буни билмаганликка олармидингиз? Райҳон:- Йўқ! (Хандон отиб кулиб юборади). Жим тура олмайман, менда бундай характерим йўқ.
Лола: Хиёнатдан сўнг у билан яшашни давомлаб, яна ўша нигоҳ билан боқа олармидингиз? Яна шундай хурмат қила олармидингиз? Райҳон:-Йўқ. Менга билмаслик осонроқ.
Лола: Шундай вазиятга тушганлар учун маслаҳат бера олган бўлармидингиз? Райҳон:-Аввало аниқ бу нарсада амин бўла билиш керак. Чунки бахтингизга хасад билан гап тарқатишган бўлиши хам мумкин. Хиёнат бўлган тақдирда ҳам эркаклар шундай эканлигини тушуна олиш керак. Агар дархақиқат оиласини севса, бу хиёнат шунчаки бир хиссиз нафс қондиришдек ўтган бўлса бошқа гап. Эркакларда кўп учрайдиган ҳолат, ҳиссиз ғафлатга берилиши..
Лола: Шунчаки тасодифан ва маст ҳолатда а? (кулади) Райҳон:- Ха, мана шу каби тасодиф ва жиддий бўлмаган хиёнат бўлса кечириш мумкин деб хисоблайман. Агар рухан сотқинлик бўлса, яъни туйғу хам ҳис қилса унда муносабатни узган яхши.
Лола: Қўйиб юборармидингиз? Райҳон:-Қўйиб юборган бўлардим. Йўқ, мен ўзим кетган бўлардим.
Лола: Идеалингиздаги эркак хақида сўраганимда керакли ижобий тарафларидан кўпини айтиб, молиявий тарафлари хақида тўхталмадингиз. Райҳон:- Чунки бу мен учун мухим эмас.
Лола: Яъни оддий қамбағалгина Чирчиқлик чилангарда(слесарь) сизни юрагингизни забт этиш имконияти бор, шундайми? Райҳон:-Нима учун энди дарров Чирчиқдан чилангар бўлиши керак?
Лола: Қўпол қилиб умумлаштириб айтганда дейлик, оддий йигит масалан. Райҳон:-Умумий бирлаштириб тургувчи қизиқиш кўпроқ бўлиши керак, тушуняпсизми? Масалан ўша Чирчиқлик чилангар билан хам гаплашиш учун умумий қизиқ бўлган мавзуни хам топа олмаймиз. Энг асосийси бир-бирини тушунмоқ деб юқорида айтдим. Агар ўзаро бир-биримизни тушунсак-да унинг пули бўлмаса у менинг қайлиғим бўлмаслиги учун сабаб бўла олмайди! Агар у ақлли бўлиб унда...хм қандай тушунтирсам экан (сўз топишга қийналади), русча қандай бўларди..(кулади)
Лола: Ўзбекча айтишингиз мумкин бемалол. (кулгу) Sayyod: Потенциал? Райҳон:- Потенциал! Айни дамда пули бўлмаслиги мумкин, лекин агар унда потенциал бўлса упул топишни йўлини қила олади.
Лола: Агар у иқтидорли рассом бўлса? Ақлдан озар даражада жуда иқтидорли лекин маблағсиз. Унинг суратлари сизни кўнгил тубингизгача таъсир қила олар даражада бўлиб, пул топа олмаса. Райҳон:-Йўқ. Менимча бу менга хос бўлган турга кирмайди. Ақлдан озар даражадагисини ўзи мен учун эмас, маъжозий айтганда мен ҳаволанмаган, ерга яқинроқ бўлган инсонларни ҳуш кўраман. Буржим Паризод, ва у ер унсурига хос.
Лола: мен ҳам Паризодман. Шунинг учун келинг эркаклар ва мухаббатдан кўра ерга яқинроқ бўлган нарсалар хақида сухбатлашсак. Таом тайёрлашни биласизми? Яқинларингиз сиздан кутган шоҳона таомингиз қандай? Райҳон:-Тўғрисини айтсам, таом тайёрлашни унчалик ҳуш кўрмайман, лекин сўнгги пайтлар бу нарсага қизиқа бошладим. Танишларим ва онамни ҳам ҳоли жонига қўймай мени таом тайёрлашга ўргатинглар деяпман. Ростини айтсам бу нарсани уддасидан чиқиш турмуш тарзимга мос эмас. Эрталаб чиқиб кетиб кеч қайтаман, таом тайёрлаш тугул гоҳида уни ейишга вақт топа олмайман.
Лола: Умуман мазза қилиб овқатланишни яхши кўрасизми ва қандай таомларни ёқтирасиз? Райҳон:- Тўғрисини айтганда "гурман” (Лаззатланиб овқатланишни ҳуш кўргувчи, таъмни фарқлайдиган, таомлар бўйича муккасидан кетган) эмасман тез-тез овқатланишга тўғри келади.
Лола: Яъни иш билан бўлиб танаффусларда тезпишар таомлар "гамбургер” ва "хот-дог”лар ейишингиз мумкин? Райҳон:-Йўқ, «фаст-фуд»ларни унчалик хушламайман. Бутерброд ёки шоколад билан гохида кифояланиб қўйишим мумкин.
Лола: Келинг имиджингиз хақида, кимлар яратади, нималардан илҳомланасиз? Райҳон:-Билмасам, кутилмаганда ҳаммаси келади. Албатта ҳамиша замон талаби билан ҳамнафас бўлишга интилиб, тв ва журналларни кузатиб бораман. Либосларни яратишда Анжела исмли тикувчим ёрдам беради.
Лола: У сизни ғояларингизни амалга оширадими? Ёки... Райҳон:-Хар-ҳил бўлади. Гоҳи мен таклиф қиламан, гоҳи унинг таклифига биноан, ёки журналдан кўриб уни сал ўзгартириб либос яратамиз.
Лола: Концерт либосларида ўз танловингизга ишонасизми? Истаган нарсангиз ҳамиша амалга ошадими? Райҳон:-Йўқ. Хатто бу йилги концертимда ҳам қониқмадим. Тилларанг либосим бу қадар нозик бўлишини кутмагандик. Зар парчалари ипларни кесиб юбориб сочилиб кета бошлади. Натижада раққосалар ялангоёқ рақсга тушган сахналарда, либосимдан саҳнага ёйилиб кетган шишасимон парчалар оёқларни кесиб юборди. Сахнада қон изларини кўп жойда учратиш қийин эмасди. Кейин пуштиранг либосимга бириктириладиган юбкани концертгача кўрмагандим, айнан концерт куни кўрдим ва афсуски мен истаган тарзда тайёр бўлмаганини билдим..
Лола: Менга эса айнан ўша юбка бошқа либослардан кўпроқ ёқди. Райҳон:- Ҳар кимнинг ўз диди ва қарашлари бор, олдинги йилдаги либосларим кўпроқ ёққанди.
Лола: Умуман мода сиз учун нима ва унга қандай муносабатдасиз? Райҳон:-Унга мос бўлишга харақат қиламану, ортидан қувмайман. Жуда замонавий бўлгани билан менга қулай бўлмасаёки ярашмаса киймайман. Фақатгина ўзимга ёқса ва қулай ҳис қилсаму бошқаларга ёқмаса хам, киявераман.
Лола: Демак мода сиз учун одамга ярашган либос? Райҳон:-Йўқ, Агар мавсум янгилиги бўлган замонавий либос бўлсаю, уни кийганимда ярашса бошқа гап.
Лола: Мен ҳам шуни айтгандим. Райҳон:-Йўқ, менга олдинги асрдаги либос ҳам ярашиши мумкин, лекин айнан шу мавсумдаги бўлиши керак..
Лола: Дидингиз яхши деб ўйлайсизми? Райҳон:- Билмасам, қийин савол. Лекин шундай эканлигига умид қилган бўлардим.
Лола: Кўпчилик қизлар нафақат ҳатти-ҳаракатларингиз, ўзингизни тутишингиз балки кийинишингизга ҳам тақлид қиладилар. Мода хақида китоб ёза олган бўлармидингиз? Райҳон:-Йўқ, бу қадар модада нозик дидга эгаман дея олмайман.
Лола: Модада ўзингизни аъло деб билмасангиз ўз ишингизни профессионали деб биласизми? Райҳон:-Мен ҳали кўп нарсаларни ўрганишим керак деб ўйлайман. Мана ҳозир мактаб очиляпти, мен у ерда ўзим ҳам илк ўқувчи бўлиб ҳамма дарсларни ўзлаштиришни бошлайман. Ўзимга яраша ижоддаги бўшлиқларим бор, мен буни тан олишни истамайман ва у бўшлиқларни тўлдиришга харакат қиламан. Хуллас профессионал бўлишни истайман ва бунга интилмоқдаман.
Лола: Райҳоннинг ўзидан ҳам қандайдир дарсликлар бўладими мактабингизда? Яъни ўзингиз ниманидир ўқитасизми? Райҳон:- Очиқ дарслар бўлади. Мен ўзим ўқувчи бўламан.
Лола: Шунча йил саҳнада ишлаб қўйгансиз, кўпчилик учун намуна сифатида турасиз, наҳотки ўргатишга арзигулик ҳеч нарсангиз йўқ? Ахир кўпчилик мактабингизга эмас ўзингизга интилиб келишади. Уларнинг ишончлари ҳам кўпроқ сизга бўлади. Райҳон:-Шунинг учун ҳам энг аъло ўқитувчиларни танладим. Менинг фикримча, улар энг аъло ўқитувчилар. Улар билан ишлаганим учун бунга аминман, мени концертларимда сахналаштирувчи ва рақсларни ижро қилганлар. Улар менга яқин бўлган инсонлар. Мен бу мактабда хамма йўналишларни ўрганувчи ўқувчи бўламан, чунки ўзбек классик рақсларни ўрганишни жуда ҳам истайман. Мени нафақат томошабинлар, балки профессионал раққосалар ҳам баҳолашини истайман. Бу мактабда яна модерн ва араб рақслари ҳам ўргатилади. Ўргангим келяпти тушуняпсизми, кейинги концертим юқорироқ поғонада бўлишини истайман, ва бу поғонани фақат мен бера оламан. Бунинг учун кўп нарсаларни ўрганишимга тўғри келади, вокалдан дарс оламан, овозим устида ишлаб уни қайта созлаттиришни истайман, билмадим балки бу ҳаммаси мени синдириб қўйиши мумкин, лекин харакат қилиб кўрмоқчиман.
Лола: Бу ишларингизда омад тилайман, мана синглингиз бор, у ҳам Сизга қараб сиз танлаган йўлдан боришни истайдими? Умуман у ҳам сизни мактабингизга борадими? Райҳон:-Албатта боради. Лекин мен шуғулланаётган иш билан у ҳам шуғулланишни истайди дея олмайман. Ҳозирча аниқ бир тўхтамга келинганича йўқ, лицейга ўқишга киряпти. Шунинг учун математика ва инглиз тилларини ўрганмоқда.
Лола: Онангизни ҳаммамиз биламиз ва ҳурмат қиламиз, ажойиб актриса ва инсон. Онангиз йўлидан кетиб сиз ҳам актриса бўлишни истармидингиз? Умуман ижро қилишни истаган ролингиз борми? Райҳон:-Актрисаликни ўзимда синаб кўрганман, билсангиз фильмда иштирок қилганман. Бу жуда қийин вазифа эканлигини англаб, таълим олиш керак эканлигини тушундим. Менга кўп нарсаларни, хусусан актерликни мен билмаган сирларини ўргатган Боря Ғофуровдан миннатдорман. Шунингдек онамдан ҳам миннатдорман, улар менга қандай қилиб йиғлашни ўргатдилар, бу менга жуда жуда қийин кечди. Тўғрисини айтсам актриса бўлиш менга ёқмайди, билмадим нега, лекин бу соха ёқмайди.
Лола: Нима учун? Райҳон:- Масалан оддий бир йиғлаш учун ҳаётингиздан энг оғир дамларни эслашингиз керак бўлади, ва у нарсани қайта ўзингиздан ўтказганингиздан сўнг йиғлай оласиз. Бу одам учун ортиқча асабларни зўриқтиришга олиб келади.
Лола: Сизнинг ишингиз ҳам асаблар зўриқишидан айро эмаску Райҳон:-Ҳаётдаги оғир дамларни йиғлаш учун ишлатиш мен учун нотўғри. Бу нарсани уддасидан чиқаётганларга хавас қиламан, масалан ёш ўзбек актрисаларимиздан Дилноза Кубаевага жудаям хавас қиламан. Унинг роллари табиий ва Голливуд даражасида деб ҳисоблайман. У иштирок этган фильмларни томоша қилар экансиз бошқа актерларни умуман сезмайсиз.
Лола: Бизга таниш бўлган бир режиссер сиз билан бу борада бахслашган бўларди.Яқиндагина "Даракчи” газетасида бир режиссер фикри билан мақола чиққанди, тўғрисини айтсам уни ўқиб Дилнозага рахмим келганди. Райҳон:-"Ўғригина келин” фильмини томоша қилгач Дилнозадан бошқа хеч кимни кўрмадим. Фильм сюжетини тушунишимиз учун бошқалар унга фақат ёрдам бериб турганини кўряпман, лекин Дилноза олдида бошқалар кўринмай қоляпти. Нақадар кучли махорат.
Лола: Балки бу режиссернинг айбидир? Ўша фильмда бирга ўйнаган Улуғбек Қодиров бошқа фильмда худди шундай бошқаларни сездирмас даражада ўйнаши мумкин. Балки бу режиссернинг айби билан актер нотўғри намоён бўлаётгандир? Ахир хақиқий актерлар бир-бирини тўлдириб туриши керак, сездирмай қўйиши эмас. Райҳон:-Йўқ. Шунчаки юқори даражада бўлиш керак. Агар Дилноза Кубаева билан ишлаётган бўлсангиз албатта ундан юқори бўлиш шарт эмас, лекин ҳеч бўлмаса унинг даражасида бўлишингиз керак.
Лола: Демак, Дилноза Кубаевада омадсиз роллари йўқ шундайми? Райҳон:-Йўқ, мен унинг ҳамма фильмларини томоша қилмаганман шунинг учун аниқ айта олмайман. Хеч ким билан бахслашишни истамаган бўлардим, чунки бу менинг шахсий фикрим. Агар режиссерлар норози бўлса улар ўз фикрига эга бўлишга хақли, ўзимни ҳис қилган нарсаларимни айтяпман. Кўпчиликка Майкл Джексон ёқмаслиги мумкин, мен эса жуда яхши кўраман.
Лола: Эркаклардан актер сифатида ёққанлари борми? Райҳон:-У даража эмас деб хисоблайман. Улар яхши актер, лекин даражаси юқори бўлишини истардим. Дилноза кучлироқ деб хисоблайман.
Лола: Бугунги кундаги ўзбек киноси даражасичи? Райҳон:- Жуда бўш (слабый). Тўғриси-да, биз очиқчасига сухбатлашяпмизку, лекин қандайдир ютуқларни қўлга киритаётган, фестивалларда қатнашиб муносиб ўринларни қўлга киритаётган фильмлар бор, бугунги кундаги замонавий ўзбек фильмларини қадрини ерга урмоқчи эмасман, лекин юқорироқ даражада бўлишини истардим. Балки имкониятлар чеклангандир, тасмага (пленка) суратга олиш дейлик, қандайдир бир Голливуд даражасидаги техникаларни ишлатишми, билмадим.
Лола: Бизнинг кино хақида фикрингизга қўшилмаслик қийин албатта. Райҳон:- Билмадим, балки мен жудаям қатъий (жестко) жавоб бергандирман.
Лола:Бу оддий хаёт хақиқати, ва уни шундайлигича қабул қилиш керак. Кўпчилик машхурлар пластик жаррохлик ёрдамига боришади. Сизни муносабатингиз? Райҳон:-Хеч қачон пластик жаррохлик хизматига мурожаат қилмаганман.
Лола: Қачондир мурожаат қилган бўлармидингиз? Райҳон:-Худога шукур хозирча менга бу нарсани кераги йўқ, мухтожликни сезмаяпман, бу хақида ўйламаганман хам.
Лола: Ахир мен шундоқ хам гўзалманку, пластик жаррохлик керак эмас денг?(кулади) Райҳон:-Кўринишим мени қониқтиради. Балки ўзимда қайсидир аъзоларимни мана бундай бўлса яхшироқ бўлган бўларди деб ўйлашим мумкин, лекин пластик жаррохга бормаган бўлардим. Лекинбошқаларнимухокамахам қилмайман. Лекин барибир энг охирига қўйиладиган нарсалар қаторига қўйсам керак, чунки наркоз мен учун жуда бир дахшатли нарса. Менимча кўпроқ жисмоний тарбия тарафлама ўз устимда ишлаган бўлардим. Пархез ва жисмоний мехнат муъжиза яратади.
Лола: Сўнгги пайтлар дунёда бўлаётган воқеаларга муносабатингиз. Япониядаги цунами масалан хаммамизга таъсир кўрсатди, хамдардмиз. Ванганинг қиёмат хақидаги башоратига қандай қарайсиз? Айнан биринчи бўлиб Япония талофати хақида айтганди. Умуман сехрга, эскстрасенс, фолбинларга ишонасизми, уларнинг хизматидан фойдаланганмисиз? Райҳон:-Менимча Нострадамус ва Вангаларга ишонса бўлади. Бундай инсонлар минг йилда бир келса керак. Лекин башоратни ошкор қилишга уларнинг хақлари борлиги факт эмас. Улар тўғри қилишганми йўқми менга қоронғу. Бошқа тарафдан бу маълумотлар мавжуд ва Нострадамуснинг ёзувларини ўқигандим. "Одамлар қиёмат қачон бўлишини билишни истай бошлаганларида талофатлар бошланади ва бутун мусулмон ахли кўтарилади” деганди.
Лола: Шунга ўхшаш нарсалар содир бўлаётгандек. Райҳон:-Ҳа, Япония ва Лос-Анджелес сув тагида қолишини хам ўқигандим. Ванганинг гапларига яқинроқ.
Лола: Яъни сиз бунга ишоняпсизми? Қўрқиб кетяпсизми тан олинг? (кулгу) Райҳон:-Тўрисини айтганда қиёматдан қўрқмайман. Чунки гоҳида дунёга назар солиб у нақадар тошбағир эканлигидан..(сўзини охиргача якунлай олмайди)
Лола: Қиёмат бўлгани яхши дейсизми? Райҳон:- Қўрқмай қоламан. Билмадим, умуман ўлимга (по философски) ва дин орқали қарайман шунинг учун қўрқмайман. Агар хозир мана шу ердан чиқиб ўласан дейишса, ўтирган креслоимга чирмашиб "Йўқ, чиқмайман” демайман. Барибир бу нарсадан қочиб қутулиб бўлмайди.
Лола: Дунё тошбағир бўлса одамлар яхши бўлишига умид, харакат қилмоқ деган тушунчаларчи? Райҳон:- Менимча бу нарсаларга умид қилмоқ энди кеч бўлса керак..
Лола: Жуда бир пессимистик охангда саволларимни тугатишни истамасдим, яхшироқ сухбатда якунлашни истардим (кулгу) Райҳон:-Ишонишни истаган бўлардим, биласизми 5 йил аввал бу саволни берганингизда (юқори кайфият эмоциясида) "Ха, мен харакат қиламан!” деган бўлармидим. Чунки ўша пайтлар соддароқ бўлгандим, вахоланки хозир хам соддалигимни йўқотганимча йўқ.
Лола: Яхшиликка ишонасизми? Райҳон:-Албатта
Лола: Наҳотки яхшилик дунёни сақлаб қолмайди? Райҳон:- Менимча Худо "Хой инсонлар, яқин қолди, қаранглар нималар қиляптганингизни” деб уни бизга кўрсатишга харакат қилмоқда. Дунёда бўлаётган мана шу талофатлар туфайли одамлар ўзларига четдан назар солиб қадриятларни қайта кўриб чиқишар. Хар биримиз катта бир денгиздан бир томчидек бўлсак хам, хар бир томчи харакат қилса бу денгиз харакати демак, ана шунда дунё тоза бўлади.
Лола: Қизиқарли сухбатингиз учун ташаккур!
Савол бериш навбати Райҳонга! Лойихадан БАРЧА сифатли ва эксклюзив суратлар бу ерда | |
Бўлим: JurYuldus |
Кўрилган: 22565 |
Чоп этди: Sayyod
| Теглар: |
Нравится
Барча изохлар: 16 | ||||||||||||||||
Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ! Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин! -Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. (батафсил манбаа)
Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод |