04:12 Соғлиқ минбари. “Во имя жизни!”. Саратонга қарши кураш тренинги. | |
"Фонд Форум” таклифига биноан иштирок этган тадбиримиздан репортаж:
Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги, «Аёллар кенгаши» Республика жамоат бирлашмаси, "Ҳаёт учун” («Во имя жизни!») Кўкрак бези саратонига қарши кураш Миллий Ассоциацияси ва UNFPA ҳомийлигидаги ТРЕНИНГ
«Аёллар кенгаши» Республика жамоат бирлашмаси 2005 йилда ташкил этилган Нодавлат ташкилот. (Аёллар томонидан оила, оналар соғлиғи ва келажак авлодни муносиб тарбиялаш ғояларини амалга ошириш мақсадида ташкил этилган.) Ушбу ташкилот оилаларни, аёлларни ҳаётда ва меҳнат фаолиятида қўллаб-қувватлаш, аёллар ва болалар соғлиғи ва дам олиши учун қулай шарт-шароитларни яратишга йўналтирилган хайрия тадбирларини, амалга ошириб келмоқда. 2009 йилдан бошлаб эса, бу ташкилот кўкрак бези саратонига чалинган бемор аёлларни қўллаб-қувватлаш борасида лойиҳаларни амалга ошира бошлади. Ушбу ташкилот қошида, 2009 йилнинг апрель ойидан бошлаб, «Во имя жизни!» аёллар уюшмаси ўз фаолиятини бошлади. Унинг давоми сифатида эса, «Во имя жизни!» кўкрак бези саратонига қарши кураш Миллий Ассоциацияси ташкил этилди. Бу Ассоциация доимий равишда кўкрак бези саратони касаллигини бошланғич босқичлариданоқ аниқлаш ва даволаш имкониятларни кенгайтириш билан шуғулланиб келмоқда. «Аёллар кенгаши» Республика жамоат бирлашмаси ва UNFPA ҳомийлигида, йиллик иш режаси тузилиб, ушбу дастур доирасида "Аёллар кенгаши” Республика жамоат бирлашмаси ва «Во имя жизни!» кўкрак бези саратонига қарши кураш Миллий Ассоциацияси ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида, Пойхтахтимизда жойлашган "Radisson” меҳмонхонасида 18 октябрдан 22 октябргача онкологлар учун, аёллар ўсма касалликлари бўйича "РМЖ билан касалланган беморлар учун психологик консультациялар” («Психологические консультации пациентов с диагнозом РМЖ») мавзусида Тренинг ўтказила бошланди. Тренинг Н.Н.Блохин номидаги Россия Онкология Илмий Маркази шифокор-психологи, Психология фанлари номзоди Ткаченко Галина Андреевна иштирокида ўтказилмоқда. 18 октябрь куни соат 10.00 да "Radisson” меҳмонхонасининг залларидан бирида тренинг иштирокчилари йиғилдилар. Тренинг бошланишида Ўзбекистон Республикаси Онкология Илмий Маркази Бош онкологи, профессор Ғафур-Ахунов Мирза-Али Аллаёрович сўзга чиқиб, тренинг ташкилотчиларини йиғилганларга таништирди.
Уларнинг ҳар бири, кўкрак бези саратонига қарши курашиш, касалликни даволашда қўлланилаётган турли янги дори воситалари, бу касалликни енгишда тиббий ёрдамдан ташқари, психологик ёрдамнинг ўрни, ҳамда келгусидаги режалар ҳақида, ўз фикрларини йиғилганларга баён этдилар.
Ғафур-Ахунов Мирза-Али Аллаёрович (Ўзбекистон Республикаси Онкология Илмий Маркази Бош онкологи, профессор): – Мақсадимиз, кўкрак бези саратонида тиббий ёрдамни, психологик ёрдам билан биргаликда олиб бориш. Бу эса, биринчидан бу касалликда кўрсатилаётган ёрдамни савиясини оширади. Иккинчидан беморларни шу касалликка бўлган фикрини ўзгартиради, даволаш усулини яхшилайди. Мен ўйлайман-ки, Республикамизда бу касалликни барвақт аниқлаш, 1-2 босқичларда аниқланиши, 60-65 фоизни ташкил этади. Ҳозирги ўтказилаётган тадбирлар, Республикамизда сут бези саратонини барвақт аниқлашни миқдорини кўпайтиришга қаратилган. Яъни, барвақт аниқлашни 60-65 фоиз эмас, 80-90 фоизга чиқариш ва даволаш натижаларини самарадорлигини ошириш. Шунинг учун, фақатгина тиббиёт ходимлари эмас, балки нодавлат ташкилотлар айниқса, "Аёллар кенгаши”га ўхшаш ташкилотлар, аёллар орасида тушунтириш ишларини олиб бориши, ўз вақтида шифокорга мурожаат қилишни ва шифокорга бўлган ишончни юқорилашини таъминлай олишса, мен ўйлайман-ки, онкологик касалликларга кўрсатилаётган ёрдамнинг энг яхши намунасидир. Бу орқали биз Республикамизда онкологик касалликларни, беморларни шифокорларга бўлган муносабатини, касалликни тузатишга бўлган муносабатни ўзгартиришимиз мумкин. Бутун дунёда онкологик касалликлар, онкологлар томонидан даволанади ва яхши натижалар олинади. Биз ҳам аёллар орасида бу касалликни барвақт аниқлашни, юқори даражада йўлга қўйишимиз керак. Бизда бунинг учун ҳамма имкониятлар бор. Республикамизда ушбу касалликка оид ультратовуш ташхисини ўтказиш, монография ўтказиш имкониятлари яратилган. Бу биргина Тиббиёт муаммоси эмас, бу ижтимоий муаммо онкологик касалликларда. Шунинг учун, биз ҳаммамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз керак деб ўйлайман. Бундай беморларга кўрсатиладиган ёрдамдан ташқари, руҳий ёрдам, психологик ёрдамни ҳаммамиз биргаликда олиб боришимиз керак. Бу фақат тиббиёт ходимларининг эмас, жамиятдаги юқори савияда бўлган инсонларни ҳам иши деб тушунаман. Фозилова Феруза (Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Аҳолишунослик жамғармаси, UNFPA Ўзбекистондаги ваколатхонаси мутахассиси): – Бизнинг дастурлар аёлларни жамиятда тутган ўрни, соғлом турмуш тарзи, контрацепция воситалари, фарзандларнинг саломат ўсиши, ёшларнинг ўқишга бўлган қизиқишини, иштиёқини кучайтиришга қаратилган дастурлар бўлиб, биз Ўзбекистоннинг деярли ҳар бир вилоятларида, турли лойиҳалар бўйича иш олиб борамиз. Кўпроқ Қорасув вилояти, бу йилдан Қорақалпоғистон Республикасида ўз фаолиятимизни бошладик. Бизнинг асосий мақсадимиз, ҳар бир инсон учун мана шу хизматлар, хизмат доирасини қулай қилиб яратиш ва улар истаган пайтларида ушбу хизматлардан фойдалана олишлари учун шароитлар яратиб беришдир. Албатта, фақат Тиббиёт муассасалари эмас, жамоат ташкилотлари, бугун кўриб турганимиздек, "Аёллар кенгаши”, Нодавлат ташкилотлари, кўкрак бези саратони Миллий Ассоциацияси билан, Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги билан ҳамкорликда мана шу ташаббусни амалга оширяпмиз. Ўйлайман-ки, бу лойиҳанинг келажаги бор. Бу жуда ҳам керакли ва ўз вақтида илгари сурилган лойиҳа. Салохитдинова Гулноза Рахматуллаевна («Аёллар кенгаши» Республика жамоат бирлашмаси Ижрочи Директори): – Лойиҳаларимиз кўп. Республика Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги билан биргаликда янги дастур ишлаб чиқмоқчимиз. Бу дастур маммология йўналишида кадрлар тайёрлаш. Ёшларимиз бу йўналишни ҳам инсонларга зарур ва фойдали эканлигини билишса. Тиббий муассасага келган аёлларимиз, нафақат бемор, улар билан мутахассислар иш олиб боришяпти, лекин муҳит, ички ҳиссиётлари, ўзларини бу нарсага бардош беришлари жуда қийин бўляпти. Шунда руҳшунослар ёрдами зарур албатта. Бутун дунёда, бундай ҳолларда руҳшунослар билан иш олиб борилмоқда. Бизнинг жамиятимизда ҳам, бу нарса секин-секин жамоатчилик ташкилотлари ёрдами билан амалга оширилмоқда. Ўйлайман-ки, бундай ҳамкорлик беморларга кўпроқ фойда бериши мумкин. Тренингда Психологлар Ассоциацияси, Олий ўқув даргоҳлари вакиллари, шифокорлар ва албатта ОАВ вакиллари ҳам бор эдилар. Улар ўзларини қизиқтирган маълумотларга эга бўлдилар. Шундан сўнг, бироз танаффус яъни, кофе-брекдан сўнг, Ткаченко Галина Андреевна (Н.Н.Блохин номидаги Россия Онкология Илмий Маркази Шифокор-психологи, Психология фанлари номзоди) мавзу бўйича, ўз маърузасини "Психо-онкология, мақсад ва вазифалар” ҳақидаги умумий маълумотлар билан бошлади.
Тренинг 22 октябргача ўтказилиши кўзда тутилган ва бу вақт давомида шу соҳа мутахассислари ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишлари мумкин деб ўйлайман. 22 октябр куни эса тренинг қатнашчиларига махсус сертификатлар топширилиши кўзда тутилган. Ўйлайман-ки, бу тарздаги шифокорлар ва руҳшунослар ҳамкорлиги, беморларга тезроқ соғайишларида янги имкониятлар яратади.
Шунингдек, яна бир тренинг "Скринингни тадбиқ қилиш ва хизмат кўрсатиш” ("Внедрение скрининга и оказание услуг”) мавзусида 25 октябрдан 29 октябргача ўтказилиши кутилмоқда.
| |
Бўлим: Yangiliklar |
Кўрилган: 4318 |
Чоп этди: Sayyod
| Теглар: |
Нравится
Барча изохлар: 3 | |||
Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ! Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин! -Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. (батафсил манбаа)
Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод |