02:20 Маънавият бераётган ҳам, тарбия бузаётган ҳам Сайёд!!! | ||
Сайтимизда мухлис минбари учун санъат олами хақида Alisher ABDUMALIKXON ёзган мақоласи: Бугунги санъатдаги тарбия?.. Йўқ нарсани нимасини қидириш мумкин. Тарбиясизликми?..Ҳамма кўриб турган, равшан нарсани ҳадеб қўл билан бигиз қилишдан нима наф? Ижтимоий қарашларнинг кузатувчиси сифатида мухлисларнинг ҳар бирининг фикрларини бирма-бир ўқиб чиқдим. Аксариятидан олган хулосам шу бўлдики, бугунги санъат ҳам ўз мухлисларига яраша экан. Ҳа, Шерали битта, ҳеч ким Юлдуз бўлолмайди. Ҳатто яқин эллик йил ичида яна улар каби санъаткорлар чиқиши ҳам гумон. Ҳозиргиларни уларнинг ўндан бир санъатига, инсонийлик фазилатларига ҳам менгзашимиз жуда баланд даражотга кўтариш бўларди. Лекин бу санъат дарғаларимиз ҳам инсон. Уларни идеаллаштириб бўлмайди. Ўз даврида ва ҳатто ҳозир ҳам уларнинг ортидан тўғри-нотўғри, ҳақ-ноҳақ гаплар бўлган, бўлмоқда. Биз эса, санъатда асосий муаммолар керагидан ортиқ топилиб турганида вақтимизни дарғалар ғийбатига сарф қилсак, бу билан халқ артистларимизнинг обрўйи тўкилиб қолмайди. Чунки улар халқ фарзандлари. Ҳа, биргина унвон --- халқ артисти эмас, халқнинг фарзанди. Фикрлардан бирида айтилганидек, ўнлаб мукофотлар олган, ўша мафтункор Райҳон билан санъатимиз гултожи --- Юлдуз Усмоновани солиштириб бўладими? «Райҳонга халқ артисти бериш керак. У ўнлаб мукофотлар совриндори», эмуш? Ҳақиқий санъатни зиғирча тушунган инсондан бу гап чиқмайди. Шундоқ ҳам керагидан ортиқ тақдирланди Райҳон. Кибрга дугоналигию жудаям ҳавойилиги етмагандек, ўзбек тилида гапиришга орланувчи бу хонанда олган мукофотларига қўшиб, ҳозирги мавжуд «хизмат кўрсатган» даражасини оқлаши учун ҳам яна ўттиз йил ўз устида изланиши, ҳақиқий ижод қилиши керак. Евроконцерт ва клиплар ғоясини ўғрилашу ўзига оро бериш --- ижод эмас. Иштони йўқларни тошбўрон қилишни бир четга суриб, чоки бир оз ситилганларни гапиргандек «Усмонова ундоқ, Усмонова бундоқ», дейилади яна фикрларда. Ақлинг етмаган муҳокамага тайинли нуқтаи-назар билдиролмай, кумирингни омадларини калкуляторга солиб, оқни қора, қорани оқ дегунча "Мен Райҳонни шеваман” деб қўя қол. Шу ўринда холис бир мулоҳазани ҳам айтиб ўтмасам, бўлмас. Ёши катталарнинг айтишига қараганда, Юлдуз Ибрагимовна 90-йилларгача рус тилини мен француз тилини қандай билсам, шу даражада билган эканлар. Ўшанда рус тилини ўрганишга жудаям қаттиқ аҳд қилганларми, Пушкин тили ўз маънодорлигию гўзаллиги билан сеҳрлаб қўйганми билмадим, примадоннамиз ҳатто бугунга келиб ҳам, сермазмун, чапани нутқларини тўла ўзбекчада ифодалай олсалар, нақадар чиройли эшитилиши ҳақида ўйлаб кўргилари келмаяпти. Ақл ўргатишга мен ҳатто қизларидан ҳам кичикроқман, аммо оддий мухлислари сифатида уларга «Юлдуз опа! Стилистларингизу бугунги моданинг талабларига, кўнгил ёшлигининг эркалигию дугоналарингизнинг гапларига тупуринг. Ҳаммамиз биламиз, Тангрининг назари тушган, иймони саломат, нурли аёлсиз. Гарчи ҳижобга кирмасангиз ҳам, бир оз ёпиқ ва озгина сипо кийинсангиз, янада фариштали бўлиб кетасиз. Шунда халқнинг Сизга бўлган юз йилларга етарли бугунги муҳаббати абадиятга муҳрланади, иншааллоҳ», дегим келади. Ва яна ишонаманки, хоним Ибрагимовна ўзларидаги бу эркаликларига барҳам бера олсалар, юриш-туришию гап-сўзини тўғрилаб, уларнинг ортларидан эргашувчи аёл санъаткорлар кўплаб топилади. Фақат бунинг учун ушбу «хайрли мода»ни бошқалар эмас айнан, Усмонова хоним бошлаб беришлари керак. Чунки, деярли қоронғулик қоплаган бугунги миллий санъатимиз осмонида ҳам, тунги табиатда --- росмана осмонда ҳам манзилга фақат юлдуз йўл кўрсата олади. Шерали ака Жўраевга муносабат ва у кишининг атрофидаги гап-сўзларга тўхталиб ўтирмайман. Биргина айта оладиганим: бошда дўппи, қўлда соз, катта овоз соҳиби бўлмиш бу кишининг катта юраги ўнта Озодбекни бир қилганда ҳам топилмайди. Изоҳлардаги фикрларда қонун билан тартибга солиш ҳақидаги таклифни айтмаганда ҳеч бир қарашда холислик ёки аниқ ташхисни кўрмадим. Мен каби шаккок мухлисларни анчадан бери соғинтирган сайёдона дадиллик билан, мунозарали жавоблар бўлишини била туриб, санъат ҳақидаги яхши-ёмон фикрлар айтилиши учун муштарий майдонини яратиб бергани, бугунги рўйи-рост фикрлашишимиз миллий санъатимизнинг тақдири билан бевосита боғлиқ эканлигини ҳисобга олган ҳолда: энди ҳаммаси очиқча. Ана энди, Сайёднинг ўзи ҳам қўлга тушди! Очиғи, бу саҳифани блог сифатида иш бошлаган пайтидан бошлаб кузатаман. Жуда бир ашаддий фанатликдан йироқ бўлсам-да, Сардор Камиловнинг чиқишлари, мулоҳаза ва фикрлари доим мен учун қизиқ бўлиб келган. Мутахассислиги бошқа бўла туриб, ҳатто уйқисираб ўтирганида ҳам унча-бунча ҳаминқадар журналистлардан қойиллатиб ёритади мавзуни, ўқувчини ўз сатрларига михлаб қўя олади. Ҳа, тан олиш керак, Сайёднинг қандайдир оҳанрабоси бор. Унда ўзига хос ёндашув, янгича(оргинал)фикр доим топилади. Лекин 2009-2012 йилги фаолияти билан солиштирганда Сайёднинг биз --- эски ва доимий мухлислари ўрганган айни бир шахсга доир танқидий, дадил чиқишлари камайиб, бугун бир пайтлар ўзи бу каби тоифаларни пўстагини қоққан қандайдир Тамилла, Амира Алибекова, Каниза сингари хонандачаларни кўтаришга уринаётгандек туюляпти. Бундан ташқари, сайт етарли талабларга жавоб берса-да, статусни ушлаш учунми билмадим, ҳеч қандай ташқи рекламаларни жалб қилмагани ҳурматимни оширган бўлса, бўлар-бўлмас хонандаларнинг концертолди рекламаси билан шуғулланаётгани ҳайратлантириб, ошган ҳурматимни ўз жойига қайтарди. Унинг ўзи бир мақоласида айтганидек, «Нима, маррага интилиш фақат мукофотгачами?» Яъни, етарли аудиторияни йиғиб олгач, сайёд-медиа фаолияти йўлга қўйилгач, тарихдаги оловли қадамлар бугун «ортиқча бош оғриқ»га айландими? Тўғри, бутунлай йўқ эмас. Мулоҳазалари ёзиляпти, аммо олдингидек ҳам эмас. Қанақадир юмшоқроқ, қоғозга ўралган ва ҳоказо. Сайёд сайёд эмас ўша «юлдузча»ларнинг ўлжасига айланиб қолаётгандек. Нима улар Сайёдни сотиб олишдими ё Сайёд даҳанаки овлардан чарчадими? Ва ёки улар ҳақиқатдан ҳам эътирофга лойиқ, рекламага арзийдиган, чинакам санъаткорларми? Кимдир менга ўхшаб, Тамиллага салбий муносабат билдирганида Сайёд бир фикрни айтдики, "Яна уч-тўрт йилда Тамилла Райҳон даражасига чиқиб олса, уялиб қолмайсизми?” эмуш. Нима марра яна Райҳонми? Унинг ўзи жуда бир киму, даражаси нима бўлибди? Нега энг баланд чўққини кўзламай, дўнгликка интилиш керак? Ва бу интилишда моделликдан бошқасига ярамайдиган юқоридаги қизлардан бошқа номзодлар йўқми? Сайёд! Айрим ҳаракатларингиз ўзингизга ярашмаяпти. Нафсиламбирини айтганда, маънавият улашаётган ҳам, «емаган товарларни едириш»га ҳаракат қилиб, тарбия бузилишини билиб-билмаган ҳолда ташвиқ қилаётган ҳам Сиз!!! Шукрки, sayyod.com маънавияти шуъласининг нури ҳозирча бу «белий ноч»дан ёрқинроқ. Хонанда бўлиш, машҳур бўлиш истагини билдириб, сизга мурожаат қилувчи бундай топ моделлар сони янада кўпаяверса, эртага нима бўлади, буёғи энди қоронғу. Гугуша билан боғлиқ ҳолатларни эслатиб, жиғингизга тегмайман. Бу масалада бир оз янглишган ёлғиз сиз эмассиз. Таассуфки, атрофдаги кўзлар фақат Сизни кўради. Санъат ва ижод оламининг айрим доиралари сайёдни умуман хушламайди. Ҳатто менга ҳам Сиз ҳақингизда салбий хабарлар беришган. Лекин менинг фикрим ўзгармади, ўзгармасин ҳам.(Мен сизга киманки... ўзгарадими-йўқ, буни сизга аҳамияти ҳам йўқ). Бундай ишлар билан қобилият ва имкониятларингизни ерга урманг. Истардимки, санъат остонасига яна бир «янги юлдуз» қадам босишидан аввал, қайсидир хонанда янги қўшиғини примъера қилмасданоқ, «Сайёд нима деркин», деб ўйласин, халқдан уялмаётганлар ҳеч бўлмаса, сиздан ҳайиқсин. Сиз ўз номингиз билан Сайёд бўлиб қолишингиз керак, лекин асло оддий ўлжа-хўрак эмас. Аслида юқоридаги фикрлар хусусида гапирса, гап кўп. Лекин ҳозирча етарли. Очиқчасига фикр сўраган эдингиз, мана сизга очиқча. Хулосаларимни тўғри тушунасиз деб, умид қиламан. Ҳалиги гап бор-ку: «Афлотун, сен менинг дўстимсан, лекин барибир ҳақиқат мен учун афзалроқ».
Шахло Қодирова: -Мазкур мақола Сайёд электрон почтасидан менга юборилди ва жамоа билан кўриб чиқилиб, лозим топилса, сайтга жойлаштириш сўралди. Жамоамиз билан биргаликда бу мақолани чоп этишни лозим топдик ва Сайёднинг хам фикрини олдик. Sayyod-Сардор Камилов:- Шахсан манга нисбатан танқид қисман ўринли. Шу сабабли хам уни тақдирини хал қилиш учун ижодий жамоага тақдим этдим. Аввало сайтдаги фаолият , сиз кўрсатгандек 2009 йилдан эмас, (ижодийси 2003) санъатга алоқадор сайтдаги фаолият 2007 йилдан буён. Айни дамда сайтдаги ижодим суст эмас, деярли МУТЛАҚО ЙЎҚ ХИСОБИ! Ўзимни сайт назарида шунақанги ёмон кўриб қолганманки, тасаввур қила олмайсиз. Бошқа иложим хам йўқ... На "Севганимга аталган нома" на "Жума овози" ва на "Фикристон"ни давомлаяпман... бу дегани ижод тўхтади эмас, хаммаси бор, илхом хам қайнагану, аммо йўналган манзили ўзга! Янги майдон! Танқид? Албатта у хам сустлашади, зеро КУЗАТУВНИ ЎЗИ ЙЎҚ! Аслида асосий ижод даври энди бошланган, аввал сайтдаги ижодга вақт кўп эди, энди эса тунни кунга улаб, ижод билан шуғулланиб, эрталаб сахарда уйга қайтяпмиз. Уларни натижасини кўрсатишга эса вақт керак, хозир фақат мехнат... экиляпти, гуллаяпти, хосили секин секин... Бир йўла учта ишни уддалаш осонмас! Медиа марказ маъсулияти ва у ерни хам юргазиш керак, фақат сайтга боғланиб ўта олмайман. Марра? Шуми ўлчаниш доираси?! Онамни тор қорнига сиққандиму, бундай тор фикрга хеч қачон сиғмайман! Марра ёки тўхтаб қолишлик эмас, РИВОЖЛАНИШ! Медиа марказ янги майдон. Янада кенгроқ ва янада машаққатлироқ мехнат талаб қилинадиган майдон! Ман ўзимми хеч қачон журналист деб айтмаганман ва хамиша ижодкорман деганман. Бугунги ижоднинг бошқа қирралари менга қизиқроқ ва мухимроқ! Марра эмас, бир жойда тўхтаб қолиш нотўғри! Ёш хам ўтяпти, тажриба хам ортяпти, нима учун бир жойда қотиш керак? Ман учун марра бу сўнгги манзил, сўнгги нафас! Унгача нега тўхтаб қолиш керак? Генерал бўлишни орзу қилмаган аскар аскар эмаску! Аммо бу, Сайёд сайтни йиғиштирди дегани эмас, бироз мураккаб жараённи бошдан ўтказяпмиз, иш боши қийинроқ. Бошлаб олдик, жараёндамиз! Оз вақт қолди, хаммаси янада зўр бўлади. Имкон! Тамила, Амира ва Каниза... Марра фикрингизга зиддият берманг, ИМКОНчи? Санъатдаги маррачи? Марра бу фақат Юлдуз, Шерали ва Райхонгина холосми? Уларга хам имкон берилибдики бугунги кунда улар шу даражада. Қўллаб қувватлашчи? Фақат марра билан хисобланадимикан? Нега бу қадар тор фикр? Қизиғи сизнинг маррангизда Муниса Ризаева тилга олинмабди... Вахоланки унинг бугунги кундаги рейтинги нафақат Райхон, балки бошқа хонанда қизлардан нисбатан баландроқ! Шерали ва Озодбек! Таққослашни ўзи нотўғри бўлган жойда Озодбекни яна Шерали Жўраев билан таққослаш мутлақо ўринсиз ва кулгулик. Хар бирини ўз мухлис ва аудиторияси мавжуд, Шерали Жўраев йиллар мобайнида, керак бўлса , даврлар оша хануз ижоддаги тирик афсонамиз, Озодбекники эса анчайин кам муддат бўлсада, ютуқлари етарли!
Райхон сахнага содиқ, дугоналик? Райхон хақида бир икки одамни фикри билан хулоса чиқаришингиз нотўғри! Изох ёзган фанатидир ва бу унинг шахсий фикри, лекин ўзбек тилидан орланади деган гап хақорот саналади. Тор фикрламанг, ўзбек тилидан орланса шу тилда куйламасди, болаликдан русийзабон мухитда ўсиб, йиллар давомида русча таълим олган одамдан ўзбекча фикрлашни талаб қилиш нотўғри! Зеро фикрлайдиган тилда сўзланади ва хис қилинади. Ўрганиш осон, ва балки шу тарафлама унга танқид айтишингиз мумкин, талаффузда хам. Аммо дугоналик...эх, қўйсангизчи шу мавзуни! У мавзуни хам кавласангизчи, тагида гап жуда кўп! Умуман, сахнага дугоналик олиб чиқилмайдики, шу билан унга бахо берсангиз. Унинг дугоналик воқеаси аслида мухокама қилишга хам арзимайди! Шоубизнесда ДЎСТЛИК ЙЎҚ! Бу аниқ! Асосийси Райхон сахна ва мухлисларига содиқ ва ижодда! Шоу-бизнесда биз дугонамиз, биз дўстмиз деганларни хаммаси сафсата! Керакли ишдан йироқдаги бекорчи сафсатабозлар холос! Ё оиласидан ва ё карьерасидан кўнгли тўлмаган комплексдагилар. Санъат оламида хақиқий дўстлик омадинг келгунча! Ёнингдаги дугонангни омади чопсинчи, шартта душманга айланади. Ёки бошқаси у омади чопганга чидолмай сизга гап ташиб, бўрттириб, ўз талқинида етказиб, орангизни бузиб юборадию, ўша омади чопган дугонангиздан , хеч бўлмаса шу тарафлама хасадини қондирганидан шодланади! Атрофига ўнта омадсизни йиғиб олиб дўстларим дегани дўстликмас, ўз ялақилари ва югурдакларига эга бўлмоқлик дегани холос) Хозиргача кўрвомман ва "вой у опамдек, синглимдек” деганини, ўша дугонаси чиқиб кетганидан кейин орқасидан гапираётган "дўстлари”ни "дўстлигини”! Шуни била туриб чидаяптими, демак бу қулай дўстлик!!! Аслида ич ичидан ёлғиз ва росмана хаётда дўсти йўғу, рейтинги бор санъаткорлар бундай ялақиларни сифати эмас, СОНИдан овуниб яшайди холос. Хўжакўрсинлик қурсин...комплекс ўлсин... Нормал одамни санъат оламидан дўстга куни қолмайди. Нахотки шу кунгача у билан дўст бўладигани бўлмаган деган саволидан изланади хаммаси)
Каниза Уни ўша устидан шоколад қуйганидаги даврини эслангу, бугунги кундаги халқона қўшиқ ва ижроларини таққосланг! "Журналистлар" мадхияси, халқона "Холаси аммаси" (майли мусиқасини арман халқ қўшиғидан олган бўлса хам) хозирги мутлақо муаллифлик "Хаммасигаям" қўшиғичи? Харакат қиляптику, сиз айтаётган ўша маррани натижасичи? Шу қизни айнан ўша имиджи учун ёқтиришмасди, шу сайт ўзгартиряптику уни. Ёмонми? Ношукр бўлмайдик илтимос. Амира Тамилаку майли, хали унга бахо беришга бордир, аммо Амирани келтириб сал хаққонийликдан ўзингиз тийғанибсиз, зеро, Консерваторияни битирган ва санъат оламидаги куйлаш махорати аъло бўлган бу қизни санъат майдонида ўрни бор! Яқин кунлар "Кактуссо”ни томоша қилсангиз, ундаги жонли ижросиданам бунга воқиф бўласиз. Реклама... Ман энди бир ўзим эмасман! Жамоам бор! Жудаям кичкина бўлса хам бор! Манимча ортиқча жавоб шартмас. Аммо энг асосийси: Фикримми (!) пулга алишмадим ва алишмайман хам! Сайтимдаги майдон ва мехнатга пул олишим мумкину, аммо фикримга эмас! Керак бўлса ўша премьерасига хам, АММО ФИКРИМГА ЭМАС! Ёқмаса жимгина шунчаки сайтдан жой бериб қўйишим мумкин, АММО ёқмаганни мақтамайман! ЙЎҚ! Ишонаверинг, шу кунгача ўзимга содиқ бўлдимми, келгусида хам шундай қоламан, сабаби, шу сайт билан яшамаслигим мумкин, эртага шоубизнесда бўлмаслигим хам мумкин, сохаларни алиштириб биронтасига содиқ бўлмаслигим хам мумкину, аммо ўлгунимча ўзим билан яшар эканман, ўзимга хиёнат қила олмайман!
Маънавият ва тарбия! Сарлавхангизга эътирозим бор! Иккисини хам бермаяпман! Менинг мақолам сарлавхасидан илхомланганингиз тушунарлигу аммо хар бир холат алохида фарқланади. Ротация ва рекламадаги қўшиқ билан клип гипноздек гап ва унинг таъсир кучи катта, бу бошқа гап. Тарбияни уйидан олсин, маънавиятни излаб топсин! Хар ким истаганини ва излаганини топади ва бунда фақатгина салбий ёки ижобий тарғиботни таъсири бўлиши мумкин. Бунда эса санъаткорнинг билиб билмай қилган хатолиги хам бўлиши мумкин. "Мени севишсин!" ниятини ўзида анча салбийлик ва бу мақсад кўп нарсага кўзни кўр қилади, зеро унинг лаззати жуда ёқимли бўлиб, натижалари хақида ўйланилмайди. Бундай ниятдаги хонандалар кам дейсизми? Хаммаси ниятга тақалади ва ўзимга жавоб берсам, хамиша ниятга амал қилиб, ниятимга таяниб ёзганман. Негизим ниятим ижобий экан, уни кимдир салбий тушунган бўлса , уни ўзига хавола. Асосийси ўзимга аён. Юқорида айтганимдек, танқидингизни қисман қабул қилдим ва бундай адекват танқидга хамиша тайёрман ва жавобиму рахматим хам бор. Менга нисбатан билдирган ижодий фикрларингиз учун эса алохида ташаккур! | ||
Бўлим: Muhlis Minbari |
Кўрилган: 14042 |
Чоп этди: Sayyod
| Теглар: |
Нравится
Барча изохлар: 22 | |||||||||||||||||||||||||||
Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ! Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин! -Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. (батафсил манбаа)
Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод |