08:33 Гранд радиосида "Сумалак-шоу" | |
16 апрель куни "Гранд” радиоси муҳаррири ва бошловчиси Иброҳим Аҳмедов, бизни "Гранд” радиоси фан-клуби аъзолари билан биргаликда тайёрланаётган "Cумалак”ка таклиф этди. Сумалак Сардор исмли, Вазир жаноблари ники(тахаллуси) билан эфирга чиқувчи, фан-клуб аъзоларидан бирининг уйида тайёрланаётган экан. У ерга кириб борганимизда, бизни радиобошловчи Иброҳим Аҳмедовнинг ўзи кутиб олди.
Хонадонда фан-клуб аъзолари гавжум ва тайёргарлик авжида бўлиб, бизни самимий кутиб олишди. Ҳовлини ўнг тарафида қозонда сумалак тайёрлаш бошланган бўлиб, сумалак қозонга солиб бўлинган ва энди қайнай бошлаган экан. Хоналарга эса столлар ҳозирланган ва чиройли безатиб қўйилганди. Дастурхондаги ундирилган кўк буғдой ва "Гранд” радиоси тасвири туширилган торт ҳаммани эътиборини тортди.
Хонадоннинг санъаткорлар қўшиқ ижро қилишлари учун ажратилган саҳна қисмида, "Баён” гуруҳи йигитларига кўзимиз тушди. Бу гуруҳ бу байрамда, "дежурлик” қилишди деса ҳам бўлади. Негаки, энг кўп қўшиқларни улар ижро қилишди. Улар ҳаттоки, жонли ижро ҳам қилиб беришди.
Бу тадбирни ўтказиш ғояси кимдан чиққанлигини билиш мақсадида, Иброҳим Аҳмедовга мурожаат қилдик.
Иброҳим Аҳмедов: - «Гранд» радиоси очилганига 13 йил бўлган бўлса, ҳали бир марта ҳам сумалак қилмаган эдик. Аниқроғи қилишмаган эди, чунки мени Гранд радиосига ишга келганимга 5 йил бўлди. Шахсан менда, шундай сумалак қилайлик деган ғоя пайдо бўлди. Сумалак қилиш билан бирга, фан-клубни ҳам кайфиятини кўтариш, чунки фан-клуб дегани, фақатгина радиони эшитиш ва биз фақатгина эфир берамиз дегани эмас. Улар билан учрашиб, шунга ўхшаган тадбирларни ўтказишни мақсад қилган эдим. Бу таклиф билан раҳбариятга чиқдим, раҳбарият ҳам бу таклифни қўллаб-қувватлади. Сўнг фан-клубга эълон қилдим. Ҳамма бунга рози бўлди, мана кейин кўриб турганингиздек дастурхон ва сумалакларни улар ташкил қилишди. Бир сўз билан айтганда, ҳамма аҳил жамоа бўлиб ташкил қилинди. Олдинлари фан-клуб билан йиғилиб турардик. Кино ва боулингларга борар эдик. Бу сумалак тадбири, шу вақтгача фан-клуб билан энг катта тадбиримизнинг биринчиси!
Феруза: - Ўзингизни уйингизда ҳам сумалак қилинадими ва ўзингиз ҳам сумалак қандай тайёрланишини биласизми?
Иброҳим Аҳмедов: - Сумалак бу, ўзбек миллий-урф одатларидан бири ҳисобланади. Уйимизда менимча, мен туғилишимдан ҳам олдин сумалак қилишарди. Бу бизни уйимизда анъана деса ҳам бўлади. Лекин, қандай қилинишини билмайман. Фақат билганим, буғдойни қиймалагичдан чиқариш кераклигини ва кавлашни биламан, бўлди. Орада тош солиб туришни ҳам биламан. (кулади). Бугунги сумалак, шу вақтгача бўлган сумалаклар ичида энг эсда қолгани ва каттаси бўлди десам ҳам бўлади. Чунки оила даврасида бўлган сумалакда ҳам, бугунгидек бўлмаган эди.
Бироз ўтиб, хонадонга хонандалардан J
Sulton, Фирдавс Фазлиддиновлар кириб келишди. Улар ҳам қўшиқлар ижро этишди ва
уларни қўшиқларига фан-клуб аъзолари, берилиб рақсга тушишди. "Гранд” радиоси раҳбарияти ҳам кириб келишди.
Хонадонга хонандалар Шахзода Лола ва "Жоним” гуруҳлари кириб келишганда, барча уларни катта қувонч билан кутиб олишди. Дарҳол стол атрофига таклиф қилишди. Бу ҳолат, бизга тўйларда қуда тарафни ўзгача ҳурмат-эътибор билан кутиб олишларини эслатиб юборди.)))
Биз ҳам ўз навбатида хонандалар Шахзода ва Лоланинг фикрлари билан қизиқдик.
Шахзода: - Биринчи марта хонанда Юлдуз Усмонованикида бўлган сумалакда иштирок этганман. Тахминан 5 йиллар аввал, жуда ҳам қувноқ давра эди, ҳамма артистлар иштирок этишган. Бу мени ҳаётимда, биринчи марта сумалакда иштирок этишим бўлган. (кулиб) Биринчи марта бўлгани учун менга жуда ҳам қизиқарли бўлган, (самимий) чунки биринчи марта сумалак қандай пиширилишини кўрганман. Иккинчидан, у ерда ҳамма артистлар бор эди ва биз ҳамма артистлар камдан-кам биргаликда йиғиламиз. Шунинг учун ҳам, жуда қизиқарли ва қувноқ руҳда бўлган. Ўшанда биринчи марта сумалак пиширганман десам ҳам бўлади.
Феруза: - Сумалак қандай тайёрланишини биласизми? Шахзода: - Мен сумалакни буғдойдан тайёрланишини биламан (ўйланиб). Унган буғдой эзилади. Сумалак ҳақида "Мажруҳ” фильмида ҳам саҳна бор эди. Эзилган буғдойдан юзга ниқоб тайёрласа ҳам бўлади.
Лола: - Одатда баҳор келганида, биз дугоналарим билан йиғилиб, сумалак пиширамиз. Фақат бироз бошқачароқ, яъни кечга яқин сумалакни бошлаб, тонггача қўшиқ-рақслар, жуда ҳам қувончли бўлгани учунми, бу ҳар доим орзиқиб кутиладиган тадбир. Чунки, ҳамма яқинларни, дўстларни биргаликда тўпланиш имконияти, вақтни мароқли ўтказиш, яхши дам олиб, сумалак пишириш ажойиб. Айниқса, сумалакни аралаштириш, кавлаб ният қилиш бошқача. Сумалакка тош ҳам солинади, қозондаги сумалакни кавлаб, кавлайдиган куракча билан қанча ташланган тошни топсанг, шунча фарзандинг бўлади деб эшитгандим. Амал қилиб кўрганман. (кулади) Энг завқли тарафи, ҳамма биргаликда тўпланиб, қувонишади. Бу эса жуда ҳам ёқимли, негаки ҳаётимизда ҳамма биргаликда тўпланиб, юракдан завқланиб, дам оладиган тадбирлар унчалик кўп эмас. Сумалак - бу севимли тадбирлардан бири.
Феруза: - Ҳаётингиздаги энг биринчи сумалакни эслай оласизми? Лола: - Эслаш қийин. (кулади) Менимча, жуда ҳам кичкина вақтим бўлса керак. Адашмасам, бувимникида, болалик вақтларимда сумалак пиширишарди.
Феруза: - Сумалакни қандай тайёрланишини биласизми? Лола: - (кулиб) Буғдойдан тайёрланишини биламан, лекин тўлиқ қандай тайёрланишини билмайман. Аралаштириб, қозонда кавлаб пиширишларини биламан. Ўзим албатта, уйда тўлиқ тайёрлаб пишириб кўрмаганман. (кулиб, самимий) Худо ҳоҳласа, ҳали ҳаммаси олдинда, ҳаммасини билиб оламан ва кейинги сафар бу ҳақида айтиб бераман.
Биринчи бўлиб, Лола қўшиқ куйлади. Бу вақтда Шахзода бориб, қозондаги сумалакни кавлаб келишга улгурди. Шундан кейин фан-клуб аъзолари ва мухлислар Шахзодани ўраб олишиб, тинимсиз суратга тушиб, дасхат ола бошлашди.
Бу вақтда эса қўшиқ куйлаётган Лола атрофида ҳам мухлислар беҳисоб бўлиб, барчалари у билан суратга тушиб, рақсга тушиш билан банд эдилар. Лоладан сўнг, Шахзода қўшиқ куйлади ва барча мухлислар қувончдан бақириб юборишди.
Шаҳзода қўшиқ куйлай бошлади ва у билан суратга тушишлар эса тўхтамади. Рақс ҳам авжига чиқди. Бу вақтда эса, Лола бориб, қозонда сумалакни кавлаётган эди. Мухлислар анча вақтгача Шаҳзода ва Лолани қўйиб юборгилари келмай, роса суратларга тушишди ва хонадон ҳам фотостудия бўлиб кетди.)))
Мухлислар улар билан суратга тушиш билан овора бўлган вақтларида, хонадонга Манзура ва Сардор Раҳимхон бирин-кетин кириб келишди. Уларни ҳам ҳурмат билан кутиб олишиб, дастурхонга таклиф қилишди.
Сардор Раҳимхон: - Радиода ишлаб юрган вақтларимда, мухлислар билан шундай сумалак пишириш тадбирлари уюштирардик. У вақтларда "Сезам” радиосида, кейин "Наврўз” радиосида, "Орият-доно”да шундай тадбирлар уюштириб турардик. Бунга анча йил бўлган. Бундай тадбирларда мен бажонидил иштирок этаман, чунки бу биринчи навбатда бизни асл урф-одатларимизга содиқлигимизни, фаоллигимизни кўрсатиш. Қолаверса, ўша ерда мухлислар билан дийдор кўришиш, ўзимни худди улар каби оддий инсон эканлигимни ҳис қилишга энг яқин йўл, энг яхши имконият деб ўйлайман.
Саида: - Энг эсда қоларли сумалак? Сардор Раҳимхон: - Энг эсда қоларлиси бу, "Наврўз” радиосида ишлаб юрган вақтимда, "Дўст” деб номланган радиолойиҳам бўларди. Мана шу радиолойиҳани барча мухлисларини йиғиб, ўзимиз сумалак уюштирганмиз. Ўйин-кулгилар, қўшиқлар бўлиб, эрталабгача давом этган. У вақтда мен радиобошловчи эдим, қўшиқ айтмасдим. Эрталабгача ўйин-кулги бўлиб, тонготар, тонг ёришишини, офтоб чиқишини кутиб, ҳаммамиз кузатганмиз. Энг эсда қоларлиси шу бўлган.
Саида: - Сумалакни қандай тайёрланишини биласизми? Сардор Раҳимхон:- Биламан. Бошидан охиригача нималар қилиниши яхши биламан. Лекин, ўзим тепасида туриб ҳаммасини тайёрламаганман.
Саида: - Энг биринчи марта сумалак пиширишда иштирок этганингиз? Оилавий, болалик вақтларингиздами ёки, кейинчалик . . . Сардор Раҳимхон: - Мен ёшлигимдан биз ҳам сумалак қилайлик деб, ота-онамга айтардим. Лекин, сумалакни мажбуриятлари бор экан, эшитишимча, бир марта сумалак қилгандан кейин, 7 йил кетма-кет қилиш керак экан. Уйдагилар буни масъулияти катта дейишгандан кейин, мен ўртоқларимникида сумалак тайёрланганда иштирок этишимга тўғри келарди. Лекин, уйда ҳали ҳеч сумалак қилмаганмиз. Ўзим сумалакни яхши кўраман, ҳоҳлаган фаслда сумалакни севиб истеъмол қиламан. Ҳар йили албатта, сумалакда иштирок этаман.
Саида: - Сумалак билан боғлиқ иримларга, ниятлар қилинишига қандай қарайсиз? Сардор Раҳимхон: - Йўқ, бундай иримларга ишонмайман. Энди инсон ҳар доим, авваламбор яхши ният билан яшайди. Лекин, сумалакни тепасида бўладими, бошқа жойдами, ўзи умуман баҳор кириб келиши билан худо ҳоҳласа, ризқу–рўзимиз қут–баракали, деҳконларни хирмони баракали бўлсин. Умуман, мана шу кириб келаётган баҳор орқали бутун ҳаётимизга ҳам янгилик кириб келсин деган маънода, ҳамма яхши ният қилади. Лекин, айнан сумалакни тепасида туриб олиб, тошларда бир ниятлар қилишни, мен ширк деб ўйлайман. Шунинг учун, мен бунга ишонмайман.
Манзура: - Сумалак пишириш билан боғлиқ кўп тадбирларда иштирок этганман. Ҳар сафар қизиқарли ва ўзига хос бўлади. Мана бу сумалак тадбирида кўплаб юлдузлар ҳам иштирок этишяпти. Ҳаммани яхши кутиб олишяпти ва яхши қабул қилишяпти. Шахзода, Лола, Сардор Раҳимхон ва бошқалар . . . Ҳозир бўлаётган сумалак тадбирини менга маъқул жиҳати, "Гранд” радиосининг шундай мухлислари борлиги! Улар мана шундай ўз уйларида, самимий, меҳрибон ёшлар, ҳамма артистларни яхши кутиб олишяпти. Ҳақиқий байрам бўляпти! Ҳамма хурсанд, ажойиб байрам!
Саида: – Ўзингиз сумалакни яхши кўрасизми? Манзура: – Албатта! Сумалакни жуда ҳам яхши кўраман! Мени онам ҳар йили, сумалак пиширадилар, соғликлари яхши бўлса, имконият бўлганда албатта. Биз бироз бошқачароқ сумалак ҳам тайёрлаймиз. Яъни, жўхоридан. Бошқалар буғдойдан тайёрлашади–ку. Биз эса, жўхори донидан тайёрлаймиз. Бу бутунлай бошқача таъмга эга.
Саида: – Ўзингиз сумалак тайёрлашни биласизми, тўлиқ рецептини айта оласизми? Манзура: – Тахминан эсимда, дон ёйилиб, ундирилади. Кейин ўсгач, қиймалагичдан чиқарилади. Ҳосил бўлган масса яхшилаб, суви сиқиб олинади. Бир неча марта алоҳида порцияга бўлиб, шарбати олинади. Кейин қозонга озгина ёғ солинади. (кулиб) У ёғини эслолмаяпман. Фақат биламан, доим сув солиб турилади.
Хонандалар Сардор Раҳимхон ва Манзура ҳам қўшиқ куйлашганида, мухлисларни қувончлари авжига чиқди ва улар билан ҳам тинимсиз суратларга тушишди.
"Сумалак” байрамига хонандалар Шохруххон, Даврон Зайнутдинов, актриса ва хонанда Муниса Ризаева, Ситора Фармоновалар ҳам келишган эди. Улар ҳам қўшиқлар ижро қилишди. Бу орада сайтимиз рахбари Sayyod хам «Ўзбегим таронаси» радиоси бош мухаррири Сайёра Рўзиқулова билан биргаликда ташриф буюришди. Гранд радиоси рахбарияти мехмондорчилигидан ўтгач Sayyod ният билан сумалак кавалаб кейин кетишини айтиб сумалак қайнаётган қозонга йўналди, негадир Сайёра Рўзиқулова бу ишни қилишни истамади. Сайёра Рўзиқулова Иброхимнинг таклифига биноан микрофонни олиб тадбир юзасидан илиқ фикрлар билдириб Sayyod - Сардор Комиловни таклиф этди, Гранд радиоси фан клуби жўрлигида бир овозда барча Sayyodни қайта-қайта Сардорлаб чақиришди. Бошқа иложи қолмаган Sayyod келиб, бундай дабдабали таклифдан ишонқирамай : «Сардор деб Рахимхон билан адаштириб чақирмадиларингми ишқилиб?” дея хазил қилди кейин эса у хам тадбир ва радиога илиқ фикрларни билдириб Сайёра Рўзиқулова билан Гранд радиосига кетишди. Бундан ташқари, Иброҳим Аҳмедов ҳар бир сумалакка келган хонандаларни ва машҳурларни тўғридан-тўғри эфирга олиб чиқиб, уларга сўз берди.
Ҳамма бирин-кетин сумалак ҳам кавлашди.
Фан-клуб аъзолари билан қизиқарли ўйинлар ҳам ташкил қилинди ва улар бажонидил ушбу ҳазил ўйинларда иштирок этишди.
Сумалакка яна бир неча хонандаларни ҳам келишлари кутилаётган эди.
Биз хонадондагилар билан хайрлашиб чиқиб кетаётганимизда, соат 18.00 дан ошган, Иброҳим Аҳмедов биз билан хайрлашар экан, бундай сумалак қилиш энди анъанага айланишини ва ҳар йили 16 апрелда "Гранд” радиосида сумалак бўлишини таъкидлади.
Феруза Фаттохова
Sayyod: ФМ диапазонидаги нодавлат радиолар орасида илк фаолиятни бошлаган Гранд радиоси бугунги кунгача ўша рухиятини сақлаб қолган. Ёдимда, ўша пайтлар кассеталарда қўшиқ тинглаш урфда эди, лекин бу радио фаолиятини бошлагач, кассеталар хам унутилиб, барча идоралар, хусусан ўзим ишлайдиган бир нозик давлат идорасида хам хар тонг шу радио билан бошланиб, яна уйда хам уйқуга кетгунча Гранд овози янграб турарди. Бугунги кунгача бир неча радиолар очилиб хар қайсиси ўз формат, лойиха ва яна бошқа нарсалари билан қизиқтираётган бўлсада, ўз вақтида жуда катта машхурликка эга, давр сенсацияси бўлган Гранд улар орасида долзарблигини йўқотиб қўймади. Хануз тонггача ишлайдиган пайтим кўпинча айнан шу радионинг тунгги плей-листи билан танишган холда ишлайман. Бугунги тадбирда хам уларнинг жамоасидан фақат ижобий эмоцияни хис этдик. Радионинг фан клуби хам қувноқ ва ижобий хисларга тўла ёшлардан иборат эканлигини хис этдик. Гранд радиоси хамда унинг фан-клуб аъзоларига ва албатта радиобошловчи Иброхим Ахмедовга омад тилаб қоламиз! Молодцы! | |
Бўлим: Suhbat | Intervyu | Reportaj |
Кўрилган: 7128 |
Чоп этди: Sayyod
| Теглар: |
Нравится
Барча изохлар: 30 | |||||||||||||||||||||||||||||||||||
Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ! Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин! -Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. (батафсил манбаа)
Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод |