Бугун 17 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академиясида, Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг "Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида белгилаб берилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академияси, ҳамда "Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ҳамкорлигида, ҳозирги куннинг энг долзарб масалаларидан бири бўлган, санъаткор одоби ва маданияти мавзусига бағишланган "Юксак маънавият – санъаткор одобининг мезони” деб номланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Ушбу давра суҳбатида шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги раҳбарияти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг масъул ходимлари, мумтоз ва эстрада қўшиқчилиги санъати йўналишида ижод қилаётган Ўзбекистон халқ артистлари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар, "Ниҳол” мукофоти совриндорлари, "Ягонасан, муқаддас Ватан!” ҳамда, "Қалбимда Ватан мадҳи” кўрик–танловлари совриндорлари, эстрада гуруҳлари, ёш ижрочилар, мусиқашунос олимлар, бастакор ва шоирлар, клипмейкерлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси ректори профессор Қиёмиддин Назаров сўзга чиқиб, ушбу анжуманни ташкил этган барча ташкилотчиларга миннатдорчилик билдириб, сўз бошлади: - Бу анжуманнинг ташкил этилганлиги халқимиз орасида маънавиятга эътибор кучайиб бораётганлиги, ҳаётнинг маънавий тамойиллари, барчамизни турмушимиз, фаолиятимизни асосий мезонига айланиб бораётганлиги билан ҳам боғлиқ. Санъаткорларни фақат телевизор орқали кўриш ва овозларини радио орқали тинглашнинг ўзигина, халққа кифоя эмас. Бугунги санъаткорнинг қиёфаси қандай? Бугунги санъаткор нима ҳақида ўйлаяпти? Бугунги санъаткор нима деяпти ва нимага чақиряпти? Ўз тингловчиларини нималарга бошлаяпти? – деган саволлар ҳаммамиз учун ҳам муҳим саволлардир. Санъаткорнинг куйи, оддий оҳанг эмас. Шу маънода, бизни ўйлантираётган нарса, санъаткорларимиз қандай сўзларни танлаяптилар? – деб, бугунги кунда санъаткорлар томонидан айтилган сўзлар ҳам, инсонлар тафаккурига сингиб, турли фикрлар уйғотиши, нималарга бошлаши, қандай ҳолатларга солиши мумкинлиги ва санъаткор масъулияти ҳақида ўз фикрларини баён этди. Шундан сўнг, сўз навбати "Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Бош директори Азамат Ҳайдаровга берилди. Азамат Ҳайдаров: – Санъаткор фaқат тадбирда ёки тўйда қўшиқ айтадиган касб эгаси эмас, шунинг учун ҳам халқимиз, Ҳожихон Болтаев, Комилжон Отаниёзов, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Фаттоххон Мамадалиев, Таваккал Қодиров, Берта Давидова, Коммуна Исмоилова каби устоз санъаткорларни доимо улуғлайди. Бизда санъатимиз довруғини дунёга танитган устоз санъаткорлардан қолган бир буюк мерос, хазина бор, бу санъаткор одоби ва маданиятидир. Бу мерос, санъат аҳлини юксак чўққиларга олиб чиққан. Минг афсус бўлсин–ки, бугунги кунда бунинг аксини кузатмоқдамиз. Ҳозирги авлод санъаткорларида, айниқса ёш хонандаларда одоб ва маданият етишмаётгандек, назаримда. Баъзи санъаткорларда, ҳали уларни санъаткор деб ҳам аташ қийин, телевидения орқали бир–икки кўриниб олгач, уларда бошқаларни менсимаслик, баландпарвоз сўзлар, ноўрин кийинишлар, қўпол муомала каби, ножўя хислатлар пайдо бўлмоқда. Баъзилари эса, турли газеталарга интервью бериб, ҳовли қурганлигини, қандилни қаердан ва қанчага олганлигини, ҳовлисида жуда катта бассейни борлигини айтиб мақтанмоқдалар. Бу мақтанчоқлик обрў эмас, аслида халқнинг нафратига дучор қилади. Баъзилари ҳовли тўйлари ўтказиб, дискларини бозорларда соттириб, баъзилари никоҳ тўйлари ўтказиб, дискларини кўз–кўз қилиб, сотиш учун дўконларга топширадилар. Чет элга чиқиш бўйича ишлаб чиқилган тартиб-қоидаларга риоя қилмасдан, хорижга ҳам чиқиб кетадилар ва бошқа мамлакатга маҳлиё бўлиб, киндик қони тўкилган, она юртни унутиб, тўқликка шўхлик қиладилар. Қийналиб қолганлиги ва ҳозирда Қозоғистонда ижод қилаётгани ҳақида журналистларга турли ёлғон интервьюлар берадилар. Кўпчилиги эса, ўзи шеър ёзиб, ўзи мусиқа яратади. Сўнг ўзи ижро қилиб, юлдузликни даъво қилади. Аёллар эса, ҳеч қандай одоб–аҳлоққа ва қадриятларимизга тўғри келмайдиган ҳаракатларни ўзида акс эттирган ғалати кийимларни кийиб, сочларини ҳам ғаройиб турмаклар қилиб, шовқиндан иборат мантиқсиз, савиясиз, тушунарсиз қўшиқлари ва уларга ишланган маъносиз, юзларига оққан бўёқлардан қиёфалари ўзгариб кетган раққосалар иштирокида, клиплар ишлайдилар ва телеэкранларни забт этадилар. Яна баъзилари эса, ўзлари жамоа тузиб, миллий маънавиятимизга умуман, зид бўлган номларни ўйлаб топадилар. Масалан, "Беном” деган гуруҳ бор. "Беном” дегани, "йўқ”, "ном–нишонсиз, дараксиз” деган маънони беради. Уларни чақириб, гаплашамиз, тушунтирамиз, лекин, негадир фойдаси бўлмайди. Яна бошқалари тоғларда, тошдан–тошга сакраб қўшиқ айтадилар. Улар учун текис ер йўқми, ёки саҳна етишмаяптими? Бундай гапларни айтиш биз учун жуда оғир. Фикрлар асосли бўлиши учун баъзи клиплар йиғилганларга намойиш этилди. Улар орасида ҳали кўпчиликка нотаниш бўлган ёш хонандалар билан биргаликда, танилиб улгурган ва анча йиллардан ижод қилиб келаётган санъаткорларни ҳам клиплари бор эди. Булар, Аслбек Неъматов "Суйдирдинг мани”, Тамила "Жоним қурбон”, Каниза "Ҳис эт”, Ҳожимурод Бекчанов "Хумор–хумор”, Жасур Умиров "Ҳанифа”, Мавлуда Асалхўжаева "Оҳ–оҳ”, Даврон Эргашев "Шинанай”, Шохруххон "Чорла”, янги гуруҳлардан "Манго” ва бир неча ёш хонандаларнинг клиплари. Азамат Ҳайдаров: – Тушунтириб изоҳ беришга ҳожат йўқ. Ўйлаб кўришимиз керак, санъаткор сифатида, санъаткорни номини сақлаб қолиш учун жавоб беришимиз керак. Ана шу ўринда яна бир масала, хонандаларимиз, Ватанимиз мустақиллиги арафасида жойларда ўтказиладиган байрам тадбирларида иштирок этиш учун, олдиндан катта миқдорда гонорар талаб қилишаётганлиги ҳақида айтиб ўтмоқчиман. Сизларни санъаткор бўлиб эркин ижод қилишингиз, халқимизни тўй–ҳашамларида бемалол қўшиқ айтишингиз, тинч осуда яшашимиз учун имконият яратиб берган Мустақилликка, Истиқлол байрамига ҳурмат шуми? Наҳотки, бу энг улуғ, энг азиз байрамни ўтказиб беришга ҳам пул сўралаётган бўлса? Шу ҳам инсофданми? Қолаверса, ҳар байрам ўтгандан кейин ҳукумат раҳбариятининг топшириғи билан санъаткорлар тўпланиб, уларга миннатдорчилик билдирилиб, пул ва мукофотлар бериляпти. Қолаверса, Муҳтарам Президентимиз томонидан "Хизмат кўрсатган артист” унвони, орден ва медаллар билан санъаткорларимиз тақдирланишяпти. 20 йил мобайнида юртимизда Юртбошимиз раҳнамолигида, маданият ва санъатни ривожлантиришга қўллаб–қувватлашга жуда катта эътибор, ғамхўрлик қилинмоқда. Амалга оширилаётган эзгу ишларни санаб, саноғига етиб бўлмайди. Мен шу юртнинг фарзанди бўлиб, шу азиз Ватанга нима қиляпман ва унинг хавфсизлигига қандай ҳисса қўшяпман деб, яна ва яна ўзимизга савол беришимиз керак. Хулоса шуки, жуда арзимасдек туюлган одобсизлик ва маданиятсизлик уруғи, агар вақтида унинг олди олинмаса, униб чиқиб, жуда катта аҳлоқсизликка айланади. Шунинг учун ҳам, авлодларимиздан мерос бўлиб қолган улуғ инсоний фазилатларга амал қилиш, санъаткор одоби ва маданиятига риоя этиш, талаб этилади. Сўз навбати, Ўзбекистон давлат консерваторияси мусиқий шарқшунослик кафедраси мудири профессор Соибжон Бегматовга берилди ва у киши санъаткорнинг халқ ўртасидаги обрўйи, халқнинг ардоғида турган инсонлар эканлиги ва бунинг сабаблари ҳақида ўз маърузасини баён этди. Шундан сўнг, ҳозирги кунда қўшиқларга танланаётган шеърлар, Алишер Навоий, Чустий ғазалларига мурожаат қилишлар жуда камлиги, ёш шоирларни шеърлари олиб қўшиқ қилиш кўпайиб кетганлиги, шеърга эътибор ҳақида фикр юритилиб, сўз навбати, Давлат ва жамият қурилиши академияси кафедра мудири, доцент Шуҳрат Ризаевга берилди. Шуҳрат Ризаев қўшиқ яралишида шеърнинг ўрни, матнга эътиборли бўлиш, санъаткорни халқ орасидаги ўрни, санъаткорларнинг сўзлари инсонларни онги, тафаккурига етиб бориши ҳақида айтиб ўтди. Алишер Навоийни сўз ҳақидаги таъсирли бир тўртлигини ўқиб бериб, ҳозирги кунда қўшиқларда жаранглаётган сўзлар, сўзга бўлаётган беҳурматлик, буни кечириб бўлмаслиги ҳақида ҳам, ўз фикрларини билдириб, баъзи сўзлари қўштирноқ ичида "маъноли” қўшиқларнинг "шеъри”дан мисоллар ҳам келтирди. Шуҳрат Ризаев: – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгани, бизни миллатлигимизни шартларидан биридир. Миллий тилимиз бор! Тилимизни бой бериб қўядиган бўлсак, миллат сифатида қиёфамизни йўқотиб қўйишимиз мумкин. Афсуски, профессионал шоирлар билан ишламай, ўзлари шеър ёзиб, мусиқага мос келса бўлди, деб куйлашади. Яна бир бошқа тенденция ҳам кузатиляпти, классик шоирларни шеърларини олиб, ўз билганича, ўзига мослаштириб олишади. Шу тарзда қанча ғазалларни олиб, ўз куйига мослаштириб олиб, охирида "кимни ғазали” десанг, "Машраб ғазали” дейишади. "Машраб” бундай ёзмаган десанг, "ҳа энди халқ сўзи” дея қолинг, дейди. "Халқ сўзи, халқ куйи” деган нарсани баъзилар ниқоб қилиб олишяпти. Ким ёзганини билишади, ўзларига мослаштирганликлари учун, шунақа сўзларни айтишади. Лекин, ёшларни ичида ҳам, интилувчанлари бор. Масалан, хонанда Зиёда, устоз санъаткорларимизни қўшиқларини қайта куйлади. Барчага манзур бўлди. Ҳамма шундай қилсин деганимиз йўқ. Лекин, бўлар экан-ку, шундай куйласа. Шундан сўнг, маъруза учун, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги масъул ходими, исломшунос Нуримон Абулҳасан сўзга чиқди ва ҳозирги ёшларни маънавий етук қилиб тарбиялаш зарурлиги, шунда улар юқорида кўрсатилгандек саёз ва савиясиз клипларни кўрмасликлари, санъаткорларга бўлган эътибор, санъаткор масъулияти ҳақида фикрларини баён этди. Нуримон Абулҳасан: – Ҳозир намойиш қилинган клипларда кўрсатилмади, лекин охирги пайтларда ёшлар томонидан жуда бир енгил кийинган айниқса, қизлар енгил кийимларда 14 асрда қурилган, бизни ота–боболаримиздан мерос бўлиб келаётган мақбараларни устига чиқиб, миноралар, гумбазларни ёнида туриб, клипларга тушишаётганлиги.... ахир аждодларимиз у минораларни бунинг учун қуриб кетишгани йўқ. Биз у минораларга қараб, ким эканлигимизни эслаб туришимиз учун! Биз бутун дунёга ўзимизни аждодларимиз билан фахрланаётган бўлсак, бизга шундай меросни, меъморий ёдгорликларни қолдириб кетишган бўлсаю, биз уларга бўлган ҳурматимизни "ана шундай” қилиб кўрсатишимиз тўғримикан? Яқинда мактаблардан бирида суҳбат ўтказдим, ўшанда иккита қизни турғазиб, бир савол бердим, "Маънавият ва маърифат ҳақида гапиряпмиз, қани менга Нодирабегим билан Зебуннисо кимлигини айтиб беринглар” дедим. Ишонасизларми, икки қиздан биттаси, "Нодирабегимни таниймиз, яқинда шу телевизорда чиқди, Хоразмлик қиз экан, бир–икки клипларини кўриб қолдим. Лекин Зебуннисо деганингиз, Нисоси йўқ бўлса керак, Зебо бўлса керак” деди. Ҳозир глобаллашув жараёни, ҳамма нарса тезлашиб кетган. Ҳеч кимга сир эмас, магнитофонни қўйсангиз ҳам, радиони, телевизорни ёқсангиз ҳам қўшиқ. Қўшиқсиз инсон яшай олмайдиган бўлиб қолган. Шу билан бирга, санъаткорларга бўлган эътибор ҳам кучли. Ёшларимиз устозларга мурожаат қилсалар, сўзларда, клипларни олаётганда, айниқса клипмейкерларимиз, ўзимизни миллий қадриятларимизга бу нарса тўғри келадими, деган саволни ўзларига бериб, кўрсалар. Санъаткорларимиз етук маънавиятли бўладиган бўлса, мақсадимизга эришамиз. Чунки, ҳали олдимизда жуда катта мақсадлар ва вазифалар бор. Шундан сўнг, иштирокчилардан саволлар ва фикрлар сўралди. Мавлуда Асалхўжаева хонанда: – Бошда кўрсатилган клиплар 2–3 йил олдинги клиплар. Мени клипим эса янги эди, 2 кун қўйилди, кейин "Ўзбекнаво”дан чақиришди. "Сўзлари нотўғри, сизга бўлмайди”, дейишди. Маслаҳатлашдик, "шеърини ким ёзди, сўзлари тўғри келмайди” дейишди. "Тўғри келмаса, мен қўшиқни айтмайман, клипни қўйманглар” дедим. Ўзи 2 кун қўйилган холос. Агар нотўғри бўлса, тўғрилашга ҳаракат қиламиз. Мана ҳозир ёшлар чиқишяпти, янги қўшиқлар ҳар ҳафтада. Баъзилари жаргон тилда, ўшаларни ёшлар яхши кўришади. Ўша қўшиқларга ҳам лицензия берилади–ку. Ўшаларга биз катталар "шундай айтма” десак бўлади–ку. Агар биз айтсак, ёшлар бизни ёмон кўришади. Масалан, мени ўша клипимга ҳам маблағ кетган. Лекин, бошқа қўйилмади. Менга эса туртки бўлди. Бундан буёғига чиройли, яхши қўшиқ айтишга ҳаракат қиламиз. Мен ҳамма санъаткорларни ҳурмат қиламан. Ҳаммамиз, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилсак, яхши ижод қиламиз. Шундан сўнг, журналистлардан баъзилари фикрларни билдириб ўтишди. Ғуломжон Ёқубов Ўзбекистон Халқ артисти: – Бу йиғилиш жуда ҳам яхши бўлди. Мана ҳозир Мавлудахон айтдилар, "биз камчилигини айтсак, ёшлар хафа бўлади”, дедилар. Хафа бўлса ҳам гапириш керак. Хафа бўлса, бир марта, икки марта хафа бўлади. Булар айтмаса, бунақа нарсалар бўлмаса, тарбия берилмаса, мана буни нотўғри айтяпсан демаса, бўлмайди. Бундан бу ёшлар, укаларимиз хафа бўлишмайди, деб ўйлайман. Бизни ҳам ёшлигимизда бўлган. Биз санъаткорлармиз, Ватанни севишимиз, ота–она, фарзандларимизни севишимиз керак. Бизни инсонлар ҳурмат қилишади, ҳурматни билиш керак. Янги қўшиқлар ижро этиб, Ўзбекистонимизни юксалишига ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак. Юртимизни қадрига етайлик. Шундан сўнг, йиғилганлар тарафидан қуйидагича фикрлар билдирилди: – Журналистларни ҳам айби бор. Жуда кўп, "Даракчи”га ўхшаган кўча газеталаридаги нарсаларни ўқисангиз, аксарият ҳаммаси, интервью бераётганлар, чиқаётганлар мана шу санъаткорлар! Ўқисангиз, даҳшатли даражада ўзининг шахсий ҳаётидан гапиради, керак бўлса, тўшакдаги ҳаётини ҳам айтади ва шуни газеталарда эълон қилади. Бу нарсалар шармандалик–ку. Бу бизнинг халқимизни ҳеч бир жиҳатига тўғри келмайди. Демак, у ерда журналистларимиз ҳам айбдор–ки, мана шундай нарсани улар ҳам ўйлашсин! Санъаткорларга гапим, чин шоирлар билан ишлашга ҳаракат қилинглар. – Наҳотки, биз Кумушни ҳаёсини, Раънони қўя турайлик, нега бизни қизларимиз ҳаддан ташқари ялонғоч сўзга ўч бўляпти? Нега ўзига "сен бўлмасанг бошқаси” худди шу маънодаги қанча–қанча сатрлар айтиляпти? "Сен бўлмасанг, менга бошқаси келаверади” деяптими? Наҳотки, бир миллатнинг ҳаёли қизи чиқиб олиб, эл олдида, шундай нарсаларни айтяпти? Шоирларда ҳам бир гап бор, "сиз шеър ёзингу, шуни онангизга ўқиб беринг, отангизга ўқиб беринг, шунга уялмасангиз кейин” Бу шеърни қандай қилиб онаси, отаси олдида ўқийди? Ахир сиз миллатни ифтихори бўлмоқчисиз–ку. Уч ой хит бўладиган қўшиққа миллионлаб сарфлашни нима кераги бор? Уч ойдан кейин буни биров билмаса? Ундан кўра, бир сўз айтинг, яшаб қолсин! – Мана шу хонанда Канизани чиқишини мен оиламни олдида, келиним, қизларимни олдида кўра олмайман ҳеч қачон. Мана шу қўшиқчи аёлларни деб, телевизорда концертлар каналини ҳам кўра олмай қолдик, беҳаё чиқаётганлари учун. Сериаллар–ку, майли, ўзбек қўшиқчи аёлини чиқишини кўра олмасдан, телевизорни ўчириб қўямиз. Энди бундай нарсаларга чек қўядиган пайти келди, деб ўйлайман. Ўтказилган йиғилиш ва ундаги билдирилган фикрлар, санъаткорлар ижодига ижобий таъсир кўрсатиб, келажакда ўз самарасини беради деб ўйлайман. Феруза Фаттохова тайёрлади
|