06:44 Улуғбек Қодиров Шахзодани ролини ўйнайди... | |
Яқин кунлар томошабинларга тақдим этилиши кутилаётган, ишчи номи "Нафс” фильмида кутилмаган рольни ижро қилганингиз хақида хабардормиз. Бу рольга қандай мослаша олдингиз? -Кўпчилик хозирданоқ мени шайтон ролини талқин этди деб адашишмоқда, фильмни суратга олиш давомида менинг ролим бош қахрамоннинг салбий тарафи намоёндаси дейиш мумкин. Хар бир инсонни ижобий ва салбий тарафлари бор, мана шуларни танлаш натижасида инсон яхши ёки ёмон турга бўлиниб қолади. Қахрамоннинг салбий тарафи бўлиб қизбола кўринишида унинг кўз ўнгида намоён бўламан ва уни йўлдан уриб, ёмон ишларга ундашга харакат қиламан. Бошида бу рольни ижро қилишга кўп ўйладим, қандай қабул қилишаркин деб узоқ иккиландим. Кейин эса ижобий ролларни етарли талқин қилганман ва 11 йиллик ижодий фаолиятим даврида хамма қандай инсон эканлигимни билишадику деб ўйламай қўйдим. Биласизку, мен аввало хонандаман, актриса эмас ва салбий ролларни ижро қилмаслигим керак деган нарса хонандаларда бирламчи бўлади. Кейин халқимизда аксарият инсонлар ролларни шундайлигича қабул қилишади. Мисол учун Адиз Ражабов билан бўлган воқеани эсланг, "Бўрилар”даги салбий ролидан сўнг бу фильмнинг иккинчи қисмида иштирок этишдан бош тортган, ва халқимиз артистларни экрандан шундайлигича қабул қилишади, шу роли орқали кўпчилик ёқтирмай қўйганлигини ўзи айтганди. Мана шу каби мен хам бошида иккиландиму, лекин бу ролим одамларга хаётда адашмаслик, тўғри танлашига ёрдам бўлади деган хулосага келдим. Четдан қараб хулоса қилишга ундайди. Қандай бўлмаслик керак хақидаги қўлланма деса хам бўлади (кулади). Кейин хаммага бирдек хам ёқиб бўлмайди, мени ёқтирмаганларда бу фильмни кўргач хеч нарса ўзгармаса хам керак фақатгина (образга кириб:) "Ха, ўзи билардим шунақалигини” дейиши мумкин (кулади). Нима қилай энди хаёт шу экан, сохам шуни тақозо этади. Қайтанига ақлли одам бу фильмдан хулоса қилсин дейман. Умуман фильм комедик жанрда бўлса айнан менинг ролим комедик рухда эмас. "Мажрух” фильмидан сўнг ролингиз ижобий бахоланиб кўпчилик "актрисалик махоратини оширибди” деган фикрга келишди. Бу фильмдаги салбий ролингиз билан балки актерлик махоратингиздаги бошқа қирраларни хам намоёнлаш ниятидадирсиз? -Йўғэ, хеч нарсани кўрсатиш ёки исботлаш ниятим йўқ. Тўғрисини айтсам, келинг бу фильмдаги иштироким тарихи билан таништирсам. Тарона офисидагилар билан тушлик пайтида бир кафеда тушлик қиламиз, ўша ерда актер Фаррух Соипов хам кўпинча тушлик қилади. Бир куни ўша ерда учрашиб қолган пайтимиз бир фильмга сценарий ёзаётганлиги, ва унда иштирок этишим хақида таклиф киритди. Аввал сценарий билан танишишимни айтдим, ва кунларни бирида сценарийни келтириб бу фильмда мен ва Лола иштирок қилишини истаётганлигини айтди. Лолага бош қахрамон қиз ролини таклиф қилиб менга бошиданоқ мана шу хозир ижро этган салбий ролимни айтди. Лола сценарий билан танишиб рад жавобини берди, хозир уни ролини актриса ва хонанда Муниса Ризаева талқин этмоқда. Мен ва Лолага бир роль берилган деб одамлар адаштиришди, вахоланки бошиданоқ шу салбий рольга мени таклиф қилган, хозир Муниса Ризаева талқин қилаётган бош қахрамон қизга эса Лола таклиф қилинганди. Унда Райхончи? Унга хам шу фильмга таклиф тушганидан хабар бўлганди -Билмадим, унга хам шу Муниса Ризаева хозир талқин этаётган роль таклиф қилинган бўлиб у хам рад бергандир, хабарим йўқ. Лоланинг рад жавобига хам мен бошида иккилангандек салбий рольни халқ шундай қабул қилади деган сабаб бўлди. Вахоланки унинг роли салбий деб хам бўлмайдию, лекин бир ақлсиз, енгил хаёт турини севадиган, фақат кийим, яхши хаёт билан кунини ўтказадиган қизнинг роли эди. Менинг ролим эса қизиқарли туюлди, чунки салбий бўлсада ниманидир кўрсатиб беради. Хар холда хулоса қилишга ундайдиган роль. Умуман ўзи билан ниманидир халққа олиб борадиган фильмларни ёқтираман, шунчаки кўрдинг тамом эмас. Шунчаки фильмни томоша қилишга 2 соат вақтим зое кетса асабланаман. Ундан ўзимга нимадир олишим керак тушуняпсизми? Бу фильмдаги ролим одамларга ниманидир тушунтира олади, шунинг учун ижро қилишга рози бўлдим. Фақатгина баъзи бир нарсаларни олиб ташлашни илтимос қилдим. Нималарни? -Нима десам экан...Сал ёқимсиз бўлган диалогларни. Юқорида фильмлардан ниманидир олишим керак дедингиз. Ролингиздан ўзингиз учун нималарни олдингиз? Ёки ўргандингиз? -Албатта олдим... (киноя билан) Умуман олганда кўп нарсани ўрганиб бўлдим хаётда (кулиб юборади). Хаётимни ўзидаёқ жуда кўп ходисалар ўтиб бўлган, лекин қандайдир бир хатолик қилиб ундан уялганим каби нарсалар бўлмаган. Бу нарсани очиқ ойдин айтишим мумкин. Хар бир одам хаётида хатоликлар бўлади, мен хам бундан мустасно эмасман, лекин таъкидлаганимдек ундай хатолик учун уяладиган даражадаги хатоликлар бўлмаган. Хаётдаги характерингиз ва имиджингиз бу ролингиздан йироқда. Нима ёрдам берди бундай тарафни кўрсатиб беришга? Балки кимлардандир илхомландингизми? -Ролим катта эмас фильмда. Бу ролни яъни бош қахрамон йигитни салбий тарафини намоёндаси бўлган менинг қахрамонимни мен, яна бир машхур актер ва бош қахрамонни талқин қилгувчи актер Фаррухнинг ўзи хам талқин қилади. Яъни битта роль уч кишига тақсимланган. Шундан бирини мен ижро қиламан. Бу роль кўрсатиб беришга фильм режиссери Фаррух Соипов ёрдам берди. Бир куни сухбатлашиб ўтирганимизда у хатто "Сиз бошқача экансиз, сизни бошқача деб билардим” дейди. Бирон нарсани намойиш қилишда у меня ўзини эркин хис қилиб бемалол кўрсатиб бера олади деб ўйлаган экан. Бир сахнада қўполлик ва сурбетликни кўрсатиш керак бўлганида уялдим. Хеч шу нарсани кўрсата олмадим ва Фаррух ёрдам берди. Умуман фильмда режиссерга қулоқ тутишга харакат қиламан, чунки сценарийни ўқиган хар бир инсон ўзича қабул қиладику, режиссер ўзи истаган нарсани қандай кўринишни истаётганлигини тушунтиришига боғлиқ. Шундай дейсизу сиз билан аввалги ишлаган режиссерларни профессионализмига шубха йўқ. Очиқчасига айтсак, Фаррух Соипов расмий равишда нафақат актер балки режиссер хам эмас. Қийналмадингизми у билан? -Мен хам шундай деб ўйлагандим. У Америкадаги актерлик академиясини тугатган деб эшитганман ва катта мактабни кўрган деб ўйлайман. Бошида иккиланиб режиссер профессионал эмас, мен хам профессионал актриса эмас, нима бўларкин деб кўп ўйладим. Лекин суратга олиш ишлари бошлангач, у нима қилаётгнини билиб, тушуниб амалга ошираётганини кўрдим. У билан ишлаш дархақиқат қизиқ ва мароқли кечди у ўз ишини билаган режиссер дейишим мумкин. Тажрибакор -Ха! Ўша сурбет қизни сахнасини уддасидан чиқа олмаётганимда у Америкада ўқиган пайтида, дарсда ўқитувчи ўқитувчиларни уятдан чиқариб олиш махорати қандай кечишини гапириб берди. Шу хам ёрдам берди. Рольнинг яқин тарафичи борми? -Йўқ. Умуман! Хеч бир диалог ва хеч бир хатти харакатим мени хаётимдаги табиатим, тушунчам ва тарбиямга мос эмас. Мен хозир ўзимни оппоқ момиқ тарзда кўрсатишга харакат қилаётганим йўқ, мен хам фаришта эмасман албатта, мен инсонман, салбий тарафларимдан инжиқлигимни, қаттиққўллигим, қайсидир маънода асабий хам эканлигимни айтишим мумкин. (Асабланиб): Нимадир нотўғри бўлаётганини, одамлар маъсулиятсизлигини ёқтирмайман. Лекин бу фильмдаги диалоглар, гапираётган гапларим, хатта харакатимдан ўзлигимни хаттоки 1 фоизи хам йўқ! Салбий тарафни сиз, ижобий тарафни ким ижро этди? -Хеч ким. (Кулади.) Ғоя хориж фильмидан кўчирилгандек туюлмадими Сизга? -Бундай мавзудаги фильмлар кўпку. Ўхшаш десак тўғрироқ бўлади. Ўзбекистон учун бундай мавзу ортиқча бўлмайди деб ўйлайман. Саундтрек -Бўлади, мен ва Фаррух куйлаймиз. Лекин дуэт тарзида эмас, шундай таклиф бўлди, лекин алохида куйлашга қарор қилдик. Яъни икта саундтрек бўлади. Фильмда машхур бир инсонга "айланиб” қолар экансиз. Шахзоданинг бошқа кўринишини ким ижро қилади? - Улуғбек Қодиров! Мен унга "айланиб” қоламан ва мени ролимни у ижро қилишни давомлаб Фаррухни қахрамонини йўлдан уришда давомлайди, кейин...хуллас кўриб бахо берасизлар. Фильмнинг рус тилидаги турига овозни қахрамонимга ўзим бердим ва дубляж жараёнида Фаррухнинг ижобий қиёфасидан салбийга ўтишидаги махоратини аъло бахоладим. Яхши актерлик махоратини намоён қила олган. Дубляж иши қийин сиз бунда биринчи маротаба бўлсангиз керак қийин кечгандир? -Фаррух менга рус тилидаги турига ўзингиз овоз беришни истамасмидингиз деб мурожаат қилди. Чунки талаффузингиз акцентсиз ва ўзингиз овоз берганингиз маъқулроқ, осон кечади сизга чунки ўзингиз ижро қилган роль деди. Харакат қилиб кўраман дедим. Ва қийин бўлади деб ўйлагандик, албатта осон эмасу лекин у даражада қийин кечмади. Фақатгина бир ибора устида норозиликни билдирдим. Узоқ вақт Фаррух билан бахслашдим. У эса йўқ бу ўзбекча шундай гапирилади маъноси тўғридан тўғри эмас деди... Қандай ибора экан у? -Русчада бошқачароғу, ўзбек тилидаги дубляжига эътироз билдирдим. Рус тилида ўша сахна кўринишида "Не стоит себя сдерживать, я бы набил ему морду, сделай это так, тебе же этого хочется”. Ўзбекчасида эса "Эркемисан?” деган ибораси менга қўпол туюлди. Қандайдир бир синоним топишни иложиси йўқми, ёки сал юмшоқроқ турида айтса бўлмайдими деб эътироз билдирдим. Жуда узоқ муддат бахслашдик...хуллас билмадим, мен ўз фикримда қолдим. Дубляжда ўз ролимни кузатар эканман бошиданоқ жуда бир яқин олиб иккиланганим бекорга экан деб билдим. Жуда бир жиддий эмасдек. Лекин у ердаги мимикаларим.... жуда бир сурбетларча кўринишни ифода этишга тўғри келган.
Бошқа саволим йўқ, қўшимчангиз борми? -Қўшимча сифатида фильмни томоша қилган одамлар бу фильмни жиддий қабул қилиб, ундаги менинг ролимни жиддий қабул қилмасликларини сўрардим. Хонанда сифатида менинг ролимга қаралмасликларини сўрардим. Қилмишларни фильм қахрамони бажаради, Шахзода эмас (кулади). Одамлар профессионалроқ ёндошишларини ва Адиз билан юз берган воқеа такрорланмаслигини истардим. Миллионлаб одамларнинг ижобий фантазияси қахрамони бўлган Шахзода эндиликда Фаррух Соиповнинг салбий тарафларини намоён қилгувчи кўринишда гавдаланади. Буни кузатиш жуда қизиқ кечса керак.
Sayyod | |
Бўлим: TV | Teatr, Kino.uz |
Кўрилган: 9095 |
Чоп этди: Sayyod
| Теглар: |
Нравится
Барча изохлар: 22 | ||||||||||||||||||||||
Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ! Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин! -Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. (батафсил манбаа)
Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод |