04:32 "Севги фариштаси" ёпиқ премьерасидан | |
Бугун 6 февраль куни соат 14.00 да янги "Asia-Сinema” (собиқ "Комил Ёрматов”) кинотеатрида, режиссёр Шерзод Шохалиловнинг "Севги фариштаси” фильмини журналистлар учун ёпиқ премьераси бўлиб ўтди. Премьерага журналистлар билан бир қаторда фильм ижодий гуруҳи, актёр, актрисалар ҳам келишди. Кинотеатрнинг бар қисмида, келганлар учун, кофе-брейк ташкил қилинди. Бироз муддат, премьерага келган ижодкорлар фильм юзасидан, ўзаро фикр алмашдилар. Сўнг, фильм намойиш этилди. Фильм фантастик комедия жанрида суратга олинган бўлган бўлса ҳам, унда дардли саҳналар ҳам бор. Актёрларнинг ролдаги ҳолатларига аҳамият берилган. Фильмда ўта салбий қаҳрамонлар йўқ. Фильм намойишидан сўнг, ижодкорлар билан журналистлар фикрлашдилар. Актёр Алишер Узоқов: - Фильм сценарийсини ўқиганимда, авваламбор ўзига хослиги, сўнг, мана фильмни ўзингиз ҳам кўрдингиз, бошқа бир жанрда эканлиги, менга ёққанди. Билмадим, бу ролим, бошқа ролларимдан қай даражада ажралиб туради? Чунки, мен ўзим-ўзимга баҳо беришга қийналаман, барибир четдан баҳо берилиши керак, деб ўйлайман. Фильм яхши, менга актриса Асал Шодиева ва актёр Дилниёз Ғаффоровларнинг ижроси ёқди. Режиссёр ва ижодий гуруҳ жуда яхши ишлашган. Уларнинг ўзлари, нима демоқчи бўлган бўлсалар, менимча, шу фильм орқали айтишди, деб ўйлайман. Феруза Фаттохова: - Мана ҳозир фильмнинг биринчи намойишини кўрдик. Фильмни кўриб, ўзингизга, ўзингизнинг қайси жиҳатларингиз ёқдию қайсилари ёқмади? Алишер Узоқов: - Ўзимга унча ёқмадим, очиғини айтаман! (самимий) Роль жиҳатдан ҳам, ижро жиҳатдан ҳам, ўзимга ёқмадим! Феруза Фаттохова: - Нима учун? Алишер Узоқов: - Энди (ўйланиб), бир хил жойларга ўша ижрони сал . . . (шу вақтда актёр Адиз Ражабов келиб, суҳбатга қўшилади) Адиз Ражабов: - Лекин, менга унинг фильмда йиғлаган эпизоди, жуда ҳам ёқди! Алишер Узоқов: - (кулимсираб) Адиз Ражабов келиб менга ҳалақит беряпти! (фикрида давом этиб) Ўз ижроимни кўрганимдан кейин, барибир бу ҳолат, кўп киноларимда бўлади. Мана бу жойини бошқача ўйнасам бўларкан, деган фикр келади! Алишер Узоқов: (кулиб Адиз Ражабовга қараб) - Сизга эса раҳмат! Адиз Ражабов ҳам кулиб, ижодкорлар тарафга йўл олди. Феруза Фаттохова: - Бу ролингизни ҳам, бошқа ролларингизга, қайсидир жиҳатлари тарафлама, ўхшашлиги бор, деб ўйламайсизми? Алишер Узоқов: - (самимий) Ўхшашлиги бор. Лекин, бу нарса актёрга боғлиқ эмас. Актёр бу ижрочи ҳисобланади, режиссёр у актёрни ролга чақиргандан кейин уни бажариши учун унга топшириқ (задача) бериши керак. Ҳатти-ҳаракатларини назорат қилиши керак! Агар мисол учун, ўша ерда режиссёр "эй, бу ҳатти-ҳаракатингни қилма, бунақа гапирма, мана бунақа гапир, мана бунақа қил” деб турса, мен ўша нарсани қилиб бераман. Чунки, мен битта одамман, актёрман. Барибир, мисол учун, ҳинд фильмларини кўрсангиз ҳам, Шохруххонни актёр сифатида, бутун дунё тан олган актёр! Мисол учун, шу актёрнинг ҳам, мен ўйлайманки, роллари деярли, ҳаммаси бир хил! Лекин, барибир шуларни халқ кўради! Халқ ҳурмат қилади. Лекин, мен бу билан "мен ҳамма ролларимни бир хил ижро қиламан, шу билан халқ мени ҳурмат қилади”, демоқчи эмасман! Барибир, мен қўлимдан келганча, ролларимни бир-бирига ўхшатмасликка ҳаракат қиламан. Чунки, роль ўйнаганимда ҳам, "мана бу ролим, мана бунисига ўхшасин”, деган ният бўлмайди. Менимча, актёр бажарувчи ҳисобланади. Уни режиссёр бошқариши керак. Шерзод Шохалилов: - Ўзи бизлар, Алишер Узоқовни тўлиқ ўзгартириш ниятимиз йўқ эди! Унинг ҳаракатларини олиб ташласак, уни томошабин бошқа одам деб қабул қилади. Мисол, учун актёр Жим Керрини, одамлар ҳар бир ролида Жим Керридек қабул қиладилар. Актёр Брюс Уиллисни эса ўша жиддий роллари билан қабул қилишади. Шу каби, биз ҳам уни жиддий образ қилиб, томошабин ёқтирган нарсасини олиб ташласак, томошабин уни қабул қилолмай қолиши мумкин. Актёрлар Мурод Ражабов, Санжар Шодиев, Алишер Узоқов, буларни ўз йўналиши бор! Уни олиб ташласангиз, бу томошабинга қизиқ бўлмай қолиши мумкин! Шунинг учун, биз унинг бу ҳаракатларини меъёр даражада бермоқчи бўлдик. Феруза Фаттохова: - Лекин, бу томошабин учун бир хиллик бўлиб қолади, деб ўйламайсизми? Шерзод Шохалилов: - Йўқ! Биз буни роль бўйича, унинг олдинги ижодини кўриб чиқиб, у учун, сценарийдаги ролни ёзганмиз. Мисол учун, мен бошқа одамни тассавуримга олиб келиб ёзсам эди, ёки бошқа персонажни, йўқ одамни тассаввуримга олиб келиб, ёзганимда, у ўхшаса бошқа гап эди... Мисол учун, бошида сценарийда ҳам исмини "Алишер” қўйган эдим! Кейин "Жасур” деб ўзгартирдик. Ўзи актёр Алишер Узоқовни ҳаракатларини кўриб, лекин меъёр даражасида қилиб, олиб чиқдик. Мисол учун, актёр Мурод Ражабов ҳам, ролларида ўзига хос ҳаракатлар қилмаса, томошабинларни унга бўлган қизиқишлари сўниши мумкин. Ўзи бизнинг фильмимиз жанри ҳам, трагик комедия. Трагедияни бериб ва секин-секин комедияни ҳам, қўшиб борганмиз. Агар унинг комедик ўзига хос ҳолатларини олиб ташласак, фильм ўйлангандек бўлмас эди! Лекин, фильмни кўрган кўпчилик фикрича, у бошқачароқ ўйнаган. Энди уни бошқача одам қила олмаймиз. Лекин, менимча барибир Алишер ролини бошқачароқ ижро қилган. Феруза Фаттохова: - Мана фильмни кўрдик. Фильмда фантастика ва мистика ҳам уйғунлашган. Кўпчилик бундай жанрларга қўл уришга қўрқади. Томошабин қабул қила олармикан, деган фикрда бўлади. Сизда-чи, шундай фикр ёки қўрқув бўлмадими? Шерзод Шохалилов: - Ҳар қандай фильмни бошлаганда қўрқув бўлиши керак. Агар ҳеч қандай қўрқувсиз, шартта олса, кейин яхши чиқмаслиги мумкин. Қўрқув бўлса, шунга қараб, яна сценарий ва режиссура устида, съёмкада, монтажда, укладка, дубляжда ҳамма- ҳаммаси устида яхшилаб ишлайди. Қўрқмаса, бу нарсалар устидан тез-тез ўтиб кетади. Фильм халққа ёқмаслиги мумкин. Қўрқув ҳалигача бор. Мана ҳозир ёпиқ премьерада яхши сўзлар эшитяпмиз, лекин эртага халқ қандай қабул қилади, буни ҳали билмаймиз. Яхши қабул қилишига, умид қиламиз. Феруза Фаттохова: - Фильм ғояси нимадан келиб чиқди? Шерзод Шохалилов: - "Мактуб” фильмидан сўнг, бир сценарист билан гаплашиб, унга ўз ғоямни айтган эдим. Биринчи бўлиб, "дўстлик, севги ва айрилиқ” бўлишини ҳоҳлагандим. Шулардан "бирор нарса топасизми” дедим. Шундан кейин ўзим ҳам, ўйлашни бошладим. Ҳақиқатдан ҳам, шу нарсаларни битта нарса қилса, яхши ғоя чиқади, деган фикр келди. Шундан сўнг, ўзим ҳам ҳар куни ўйлаб, секин-секин ғояларни пишитиб, сўнг ёзишни бошладим. Орада бошқа ишларни операторлик ҳам, монтажчилик ҳам қилдим, бу ишлардан кейин, уйга келиб, ёзиб-тўлдириб сценарийни битирганман. Ўзи бу фильмни олишдан мақсад, ўзбек киносига янгича фантастик ғояни тақдим этиш эди. Мана ҳозир клипларда, роликларда, рекламаларда замонавий техникалардан фойдаланаяпмиз. Лекин, бу фильмларда ҳали унчалик яхши ривожланмаган, назаримда. Шунга қўлимиздан, келишини билиб, сценарий ёзиб, шу жанрда фильм суратга олдик. Томошабин шу фильмни кўриб, ўзига бирор нарса олиб чиқиб кетса, бизлар хурсанд бўламиз. Феруза Фаттохова: - У сценарист ёзган сценарий тақдири нима бўлди? Шерзод Шохалилов: - Маъқул бўлмади. Феруза Фаттохова: - Фильмни суратга олиш жараёнида энг қийин кечган саҳна? Шерзод Шохалилов: - Съёмка куни 26 кун деб ҳисобласак, бошида актёрлар билан гаплашганимизда мўлжал 18 кун эди. Съёмка пайтида қийинчиликлар бўлиб, сал чўзилиб кетди. Биз учун энг қийин саҳна, бу финал саҳнаси бўлди. Бир марта бошқача суратга олдим. Ўзимга ёқмади. Кейин яна бошқача-бошқача қилиб, суратга олиб кўрдим. 3 марта олдим, 3 кун олдим. Ҳар хил пайтларда ўйлаб-ўйлаб суратга олдим. Компьютер эффектлари устида, мен ва укам ишладик. Сўнг, саҳналаштирувчи рассом билан эффектлар табиий чиқиши учун, бирга тўлдириб чиқдик. Ўзи, эффектларни асосан укам ва мен ишладик. Феруза Фаттохова: - Фильмда трагедия ва мистика жанрлари ҳам уйғунлашган. Лекин, фильм жанри фантастик комедия дейилмоқда? Шерзод Шохалилов: - Тўғри, ҳозир томошабинлар кириб, "бу тўлиқ комедия эмас-ку” деб айтишлари мумкин. Ўзи фильм жанри трагик комедия, лекин фантастика ва мистика ҳам бор. Узун бўлиб, фантастик, мистик, трагик комедия дейилмаслиги учун, қисқартириб фантастик комедия, қилиб қўйдик. Ҳар қандай фильм, камчиликлардан холи бўлмаслиги мумкин, назаримда. Режиссёр Шерзод Шохалилов ушбу ёпиқ премьера билан кичик имтиҳондан ўтди. Эндиликда эса, олдинда 10 февраль катта премьера ва катта имтиҳон! Аччиққина, нордонгина фикрларимни ана шу катта премьера кунига олиб қўйдим)))))) | |
Бўлим: TV | Teatr, Kino.uz |
Кўрилган: 8437 |
Чоп этди: Sayyod
| Теглар: |
Нравится
Барча изохлар: 14 | ||||||||||||||
Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ! Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин! -Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. (батафсил манбаа)
Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод |