03:13 Алишер Узоқов хақида фикрлар. | |
"Hi-fi болакай” фильмида суратга тушган актёр Алишер Узоқов ҳақида, унинг ушбу фильмдаги ижодий гуруҳдан режиссёр Наргиза Салом ва сценарий муаллифи Нисо Бухарскаялар, турлича фикрлар билдирдилар ва буларнинг барчаси ижобий. Балки, у ҳақидаги бошқа фикрлар, фильм премьерасидан сўнг маълум бўлар?
Фильм режиссёри Наргиза Салом: - Алишер Узоқов жуда ҳам таъсирчан. Бу яхши ҳам, ёмон ҳам эмас. Лекин, у ўзини таъсирчанлигини беркитади, назаримда... Агар у билан яқиндан танишиб гаплашсангиз, у жуда ҳам яхши инсон. Унинг ҳамма камчиликларини, масалан, унинг кеч қолиши, у билан доим ҳисоблашиш, у билан ишлаш қийинчиликлари, ҳаммаси ўтгач ҳам, барибир фильмдаги бу ролга, ундан бошқа актёрни олмаган бўлардим, деб аниқ айтишим мумкин! Барибир, яна уни суратга олган бўлардим! (кулади) Чунки, фақатгина у, ўз қаҳрамонини шундай ижро эта олди. У шу фильмдаги қаҳрамоннинг ўзи! У айнан "Hi-fi” болакай! Фильмга саундтрекни ҳам Алишернинг ўзи ёзди. Бизга жуда ҳам ёқди. Жуда ҳам жўшқин, шўх қўшиқ. Хит бўлади, деб ўйлаймиз.
Сценарий муаллифи Нисо Бухарская: - Таъсирчан инсон билан ишлаш қийин албатта, у сал нарсага хафа бўлиши мумкин. Аммо, бу фильмдаги ролга Алишер Узоқовни таклиф этиб тўғри иш қилдик. Бир тарафдан қийналдик, албатта, лекин бошқа тарафдан олганда бошқа актёр мос келмасди, деб ўйлайман. Мени ўзимни ўғлимнинг характери ҳам худди шундай, сценарий эса, ундан олиб ёзилган, яъни, фильм прототипи бу мени ўғлим десам ҳам бўлади. Алишерга ҳам, алоҳида муомала, алоҳида ёндошиш керак. Шунинг учун ҳам, бир тарафдан бир оз қийин бўлди, лекин иккинчи тарафдан олганда, бу ролни Алишер Узоқовдан бошқа ҳеч ким бунчалик маромига етказиб ижро қила олмасди. Фильмдаги бош қаҳрамон образи, аслида қуйиб қўйгандек, унинг образи! Алишер билан ишлаш қийин бўлса ҳам, уни ўзига хос яхши одатлари бор. Ўзим мутахассислигим бўйича психологман ва шунга кўра, барибир Алишерда қандайдир масъулият ҳисси борлигини сездим. Мисол учун, суратга олиш вақтида, қўл телефонини ўчириб қўяди. Масалан, ҳамма нарса тайёр, уни кутяпмиз, келмаяпти, жаҳлимиз чиққан, "энди келмайди” деган сўнгги дақиқаларда, кутилмаганда, у барибир суратга олиш майдонига кириб келади. Суратга олиш ишлари тугай деб қолган кунлар эди, у фильмимиз режиссёр Наргиза Саломга: - "Наргиза опа, мен телефон рақамларимни алмаштиряпман, сизлар мени энди бошқа кўрмайсизлар” – деб айтиб қолди. Биз буни ҳазил сифатида қабул қилдик. Кутилмаганда, у чиндан ҳам, 4 кунга ғойиб бўлди. Уни ҳеч қаердан топишни иложи йўқ эди. Ҳаттоки, администратори ҳам уни топа олмади. Бизни ҳаммамизни ҳафсаламиз пир бўлди, ҳаттоки, (кулиб) у бизни ёнимизга қайтиши учун "абра–кадабра”га ҳам мурожаат қилмоқчи бўлдик. (кулиб) Уни руҳий тарафлама чақирмоқчи ҳам бўлдик. Ҳазил албатта... Кутилмаганда, унинг ўзи пайдо бўлди. Шунинг учун ҳам, барибир, масъулиятли йигит деб ўйлайман. Суратга олиш жараёнида сезишимча, Алишерга алоҳида инвидуал ёндошиш керак, масалан, "болам, болам” деб, "мана бу ошни еб олгин” деб, меҳрибонлик билан.
Фильм режиссёри Наргиза Салом: - Шундай яхши муомала қилсангиз, дарҳол ишлагиси келиб, ишга киришиб кетади.
Сценарий муаллифи Нисо Бухарская: - Бир тарафдан балки, бу минусдир, лекин бошқа тарафдан бу катта плюс! У худди рассом каби, ўз характерини кунига 20 марта ўзгартириб туради. Уни яхши кайфияти узоққа бормайди. (кулиб) Суратга олиш ишлари тугагач, биз ўзимизга Алишер Узоқовни бошқа ролга олмасликка сўз бердик. Лекин, суратга олинган кадрларни кўргач, уни яна яхши кўриб қолдик. "Қандай яхши актёр, қандай яхши ижро этибди” дедик.
Фильм режиссёри Наргиза Салом: - Тоғда суратга олиш вақтида, у тунда ижодий гуруҳдаги қизларни қўрқитган! Қизлар ўриндиқда гаплашиб ўтиришганда, у қоронғиликдан сакраб чиқиб, худди ёввойи мушукдек ҳаммани қўрқитиб юборди. (кулиб) У вақтда, унинг кайфияти яхши эди. Уни кайфияти яхши бўлмаса, бир бурчакда туриб олиб, умуман ҳеч ким билан гаплашмайди. Уни шундай кайфияти тез-тез ўзгариб туради, бир қарасангиз жуда ҳам қувноқ, бир қарасангиз, хомуш. Худди боладек. У ижод кишиси, характери шундай. Умуман олганда, биз ўзимиз ҳам шундаймиз, баъзида қувноқ, баъзида... Шунинг учун, бу оддий ҳол, менимча... Монтаж вақтида фильмни кўриб, бу ролни фақат у ижро қила оларди, дедик. Актёр сифатида, уни маҳоратига қойил. Фильмда мураккаб психологик эпизодлар бор эди, отаси билан конфликт саҳналари... Шунингдек, касалхона эпизодида, cюжет бўйича, отаси комада ётганда, унинг драматик монологи бор. Ана шу эпизодларни у жуда таъсирли ижро қилди. Бу қандайдир комедик эпизодлар эмас, унда комик эпизодлар доим яхши чиқади. Лекин, бундай оғир психологик эпизодлар, ота ва ўғли ўртасидаги конфликт, зиддиятли муносабатлар, жуда ҳам қийин. У шундай қийин эпизодларни жуда яхши ижро этди, ўз устида ишлади, ҳаттоки, актёр Нозим Тўлахўжаевдек, кучли, маҳоратли актёр, фильмнинг монтажи вақтида, бирга ўтирганимизда "Алишернинг ижро маҳоратига қойил” деди. Бундан сўнг, уни янада кўпроқ ҳурмат қилишини, актёр сифатида шундай қийин ролни уддалай олганлигини айтди. Агар Алишерни яхши тарафлари ва салбий тарафлари деб ажратиб чиқсак, барибир яхши тарафлари кўп назаримизда.
Сценарий муаллифи Нисо Бухарская: - Фильмда, сюжет бўйича, отаси комада ётган саҳнасини ижро этганида, Алишернинг кўз ёшлари табиий эди... Фильм бошидан унга сценарий жуда ҳам маъқул келган эди. Бу ҳам муҳим ўрин тутади. У ижодий гуруҳ билан ҳеч қандай зиддиятга бормади. У билан иш жараёида бироз қийинчиликка дуч келганимизнинг сабаби, уни ҳали радиога, ҳали тўйга, концертга чақиришарди. Айниқса, Жаҳонгир Позилжновнинг концерти вақти бироз қийин бўлди, чунки, кечки вақт кетишига тўғри келарди. Лекин, унда инжиқлик ва юлдузлик касаллиги йўқ. Овқат ҳам танламайди. Тушлик ва кечки овқатга нима тайёрланган бўлса, ҳамма билан биргаликда ўтириб овқатланади. У "емайман”, "менга бошқа нарса беринглар” демайди. Энг муҳими, конфликт бўлмади. Масалан, фильмда менинг қизим Асал, дебют тарзида, илк марта роль ижро этди. У Алишернинг синглиси ролида эди. У ҳали мактаб ўқувчиси бўлгани учун, актёрлик тажрибаси йўқ, у билан Наргиза Салом ва Нозим ака Тўлахўжаев бироз шуғулланишганди. Алишер суратга олиш жараёнида, қизимга ёрдам берди, қизим баъзида кераксиз жойларда кулиб юборганда ҳам, босиқлик билан қабул қилди. У "керак эмас, бошқани топинглар” демади. Қизим туфайли бир неча қайта дубль олишга тўғри келса ҳам, кутиб ўтирди. У ёш бўлса ҳам, унда сабр қилиш хислати борлигини сездим. Шунингдек, суратга олиш жараёнлари вақти, у ҳаммани кулдирди ҳам. Фильмни асосий суратга олиш 10 кун давом этди. Жуда ҳам тиғиз график асосида ишланди, балки шунинг учун конфликт бўлмагандир. Бунда режиссёримиз Наргиза Саломнинг ҳам ўрни катта деб ўйлайман.
Фильм режиссёри Наргиза Салом: - Суратга олиш вақтида, бир эпизодни суратга олиш 2 соат давом этди. Энди суратга олишни тугатган ҳам эдик, қарасак, Алишернинг юзидаги бир жароҳат йўқ! Қандай даҳшат! Грим қилиш вақтида унутилган! Мени жаҳлим чиқиб кетди. Ҳозир Алишер инжиқлик қилишни бошласа керак деб ўйладим. Энди нима қиламан, деганимда, у аксинча, "асабийлашманглар, қайтадан суратга оламиз!” деди. (кулиб) Биз уни асабийлашиб, жаҳли чиқиб кетиб қолса керак деб ўйлагандик, аксинча, биз ўзимиз асабийлашдик.
Қизиқарли воқеа Сценарий муаллифи Нисо Бухарская: - Фильмда менинг қизим Асал, Алишернинг синглиси Гўзал ролини ижро этди. Суратга олиш вақтида қизим, керак бўлмаган жойда кулиб юборгани учун режиссёр Наргиза Саломнинг бир оз жаҳли чиқди. "Агар эплай олмаса, ўрнига бошқа оламиз” деди. Шунда гуруҳдагилардан бири, қизимни бир қулоғидаги зираги йўқлигини пайқаб қолди. Шунда кимдир "агар зирак топилмаса, сени аниқ ролга олмаймиз” деди. (кулиб) Ҳамма бирданига зиракни қидириб кетди. "Агар зирак топилса, у ролини албатта ижро эта олади” деб, ҳаммамиз зиракни қидира бошладик. Ниҳоят, гуруҳдаги йигитлардан бири зиракни топиб, олиб келиб берди. (кулиб) Ҳаммамиз, худди фильм суратга олиб бўлингандек қарсак чалиб юбордик!
Феруза Фаттохова тайёрлади | |
Бўлим: TV | Teatr, Kino.uz |
Кўрилган: 6057 |
Чоп этди: Sayyod
| Теглар: |
Нравится
Барча изохлар: 18 | ||||||||||||||||||
Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ! Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин! -Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. (батафсил манбаа)
Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод |