Сардор Раҳимхон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист: — Авваломбор, халқимизнинг севимли шоири, менинг ижодимда ҳам катта ўрин тутган ижодкор Охунжон ака Ҳакимовдан билиб-билмай қилган хатоим учун минг бор узр сўрайман! "Даракчи” газетаси орқали берилган мақола чиндан ҳам ҳақиқат бўлиб, айбимни тан оламан.
Чиндан ҳам Охунжон аканинг шеърларини ўзидан бесўроқ (Охунжонга, деган жойини Сардорингга, деб) ўзгатирганим рост. Шу боис шоиримизнинг телефон рақами ва уй манзилини анча қийинчилик билан топиб, 30 январ куни Фарғона шаҳрига йўл олиб севимли шоиримиз билан юзма-юз кўришдим. Учрашув чоғида яна бир бор адибимизнинг меҳрли кўнгилларига тан бердим. У киши мени қучоқ очиб кутиб олганининг ўзи бу инсонга нисбатан хурматим яна бир карра ошишига сабаб бўлди.
"Нима учун” таронасининг муваффақиятида шубҳасиз Охунжон аканинг хизматлари катта. Бу ҳақида мен газета, журнал, радио, телевидение, интернет сайтлари орқали кўп бора гапирганман. Қўшиқ муаллифи, деганда биринчи бўлиб Охунжон Ҳакимов айтилган. Минг афсус у кишининг шеърини студияда ёзиш вақтида, аниқроғи ўзгартираётганимда Охунжон ака билан маслаҳатлашиш ҳаёлимдан кўтарилибди. Бу айбимни тан оламан! Ахир айбни тан олиш ҳам бир мардлик.
Редакция ижодкорлари ҳамда шу масала билан қизиққан барча ўқувчиларга шуни маълум қиламанки, Охунжон Хакимов билан Сардор Раҳимхон ўрталаридаги муносабат тикланди. Бунинг учун шоирдан яна бир карра миннатдорман!
Охунжон Ҳакимов, Ўзбекистон халқ шоири: — Сардор Раҳимхоннинг юқорида айтган гаплари тўғри. Фарғонага мени излаб келди, уни чин дилдан кечирдим. Лекин Иқбол Муҳаммадни ўзбошимчалиги, хонандани плагиаторлик йўлига бошлаганини кечирса бўлармикан?.. Майли, уни ҳам авф этдим. Бироқ тойғоқ йўлга тушиб қолганлар ўз маррасига етиб боролмайди. Буни унутмасин!
Иқбол Муҳаммаджонов, бастакор: — Ўтган сонлардан бирида мени интервьюимдаги "Энди китобларига иурожаат қилмасаммикан, деб ўйлаяпман”, деган гапни бошқача талқинда ёзилибди. Аслида ҳалигача устознинг китобларидан фойдаланамиз. У кишидан яна бир бор узр сўрайман! Бетоблигим учун Фарғонага, Охунжон аканинг олдига боролмадим. Аслида юзма-юз кўришиб, узр сўрашни дилимга тугиб қўйгандим. Насиб этса, албатта олдига бораман. Устоз, ёшлигимизга бориб, қилган хатоим учун яна бир карра узр сўрайман!
|