Бир вақтлар «Кун фикри» рукни остида қуйидаги фикрларни билдиргандим: «Санъаткор биринчи навбатда инсон, шахс эканлигини, кейин эса санъаткор эканлигини унутмаслик лозим. Яъни машҳурлик, санъатдаги ўрин учун курашишда, инсонийлик ва шахс тушунчасини йўқотмаслик даркор» Бугунги сухбатдошим билан учрашувга келар эканман, юқоридаги фикрларим ёдимга тушди. Шоу-бизнес оламида турли тахаллус, қиёслашлар мавжуд. Халқ ардоғида бўлган, устоз даражасидаги санъаткорларимизга эса қиёслаш хам ортиқча ном ҳам керак эмас. Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаева хамма учун бирдек азиздаги тирик афсоналаримиздан. Маданияти, хулқи ва ижоди намуна бўла оладиган бу санъаткорни бежиз зодагон аёл хонанда сифатида қабул қилмасак керак. Аксарият одамлар уни санъат оламидаги аёллик латофати ва назокати тимсоли деб билса, фасллардан баҳорга қиёслашади. Аслида-чи? Унинг ўзи учун қай фасл яқинроқ экан? Мана шу ва бошқа қизиқ саволлар, айниқса декабрь ойида кутилаётган концерт дастури хақида бугунги сухбатдан воқиф бўласиз. Яқиндагина буви номига эришган Насиба опа билан олтин куз таровати гўзаллаштирган дам олиш боғида учрашдик. -Авваламбор буви бўлганингиз билан табриклаймиз. Илк бора буви бўлиш хиссиёти қандай? -Рахмат, аслида буви бўлиш хиссиётини йилнинг бошидаёқ сезгандим. Мен билан бирга кўп йиллардан бери бирга яшайдиган жияним бор, январь ойида унинг фарзанди туғилгач, бувилик хиссиёти мана шу бўлса керак дегандим. Кўпчилик ўзингнинг набиранг туғилса бошқача бўлади дейишганди. Бугунги кунда ўша хиссиётлар яна янги хиссиётлар билан қайтиб келгандек бўлди.
(Суратда катта ўғли келини билан)
-Набиралик бўлганингиздан кейин нималар ўзгарди? -Ҳаётда энг мухим нарса югуриб-елиб бажариб юрадиган ишларимиз деб ўйлаймиз. Лекин уйда кичкина бола пайдо бўлгач, хаётда нималар мухим эканлигини шу кичик жони билан кўрсатиб қўяркан. Коинот ўша боланинг атрофида айланаётгандек. Шу пайтгача қилинган ишлар, касб ва хаётдаги интилишлар иккинчи ўринга тушиб қолади демоқчимасман, шунчаки уларга бошқа бир маъно киради. Фарзанд келиши билан боғлиқ севинчни хаётда қилган мехнатлар эвазига совғадек, тақдирлашдек хам қабул қиласиз. (Суратда кичик ўғли билан)
Болаликдан набира болангдан хам ширин деган иборани эшитиб келамиз, нимага шундай экан деган саволга ўзим учун жавобни бугунги кунда топдим дея оламан. Фарзандимизни биз оналар тўққиз ой ўзимизда олиб юриб, оғриқ ва қийинчилик билан дунёга келтирамиз, улар биз учун ширин бўлади. Лекин набиралар эса ундан-да ширин бўлар экан. Чунки набирани кўриш учун тўққиз ойдан кўпроқ муддат талаб этилади. Фарзандни ўстириб, тарбиялаб, уни шахс сифатида етиштириб, катта хаётга йўналтириб, унинг оиласи бўлишини кутиб ва албатта насиб қилса набиранг дунёга келишини кутиш керак бўлади. Яъни фарзандни 9 ой кутса, набира кўриш, унга етиш учун фақат кутиш эмас, кўп йиллар мобайнидаги мехнат қилиш керак бўлади. Данагидан мағзи ширинлиги, фарзандингдан набиранг ширин эканлигини мен мана шундан тушундим.
-Набирангизни исмини нима деб номладингиз? -Аднан. Туркий тилидан ўгирилган бўлиб, хаётнинг яшаш, қонун-қоидалари асосчиси деган маънони билдирар экан.
Интернетдаги сахифангизда Далерчам деган чақалоқ суратига кўзим тушганди. -Юқорида айтган жиянимнинг фарзанди. (кулади)
-Концерт дастурингиз нима учун декабрь ойига мўлжалланмоқда? -Ташкилотчилар айнан декабрь ойини тавсия қилишди. Декабрь менимча яхши ой, йилнинг охири.
-Лекин кўпчилик сизни бахор билан қиёслайди, қўшиқларингизда хам баҳор сезилади... -Йўқ, бахор эмас (кулади). Мен кўпроқ кузман. Қўшиқларда бахор бўлиши мумкин, лекин мен учун фасллар муаммо эмас, инсон хохласа кўнглида хар доим бахор яшайди. Қишнинг изғирин совуқ палласида хам истасангиз кўнгилда гуллар очилиб ётади, шунинг учун буни фарқи йўқ. Ёдингизда бўлса сиз билан сухбатда "Менинг мухаббатим қиш фаслида келиб, хаётимни бахор қилиб юборган” дегандим. Кўнгилдаги бахорга кўчадаги хаво таъсир қилмайди деб ўйлайман.
-Инсонни хаётидаги сўнгги мухаббат билан кўп нарса ўлчанар экан-да? -Сўнггимас...(ўйланади). Сўнгги дея олмайман, кимда сўнгги кимда илк. Бу хам унинг рисоладагидек ва орзу қилинган бўлишига боғлиқ. Мана шундайи биринчи, ягона ва охиргиси бўлади. Инсоннинг кўнглида мухаббат чуқур из қолдиришига у инсонни хаётига қанчалик маъно киритиб уни бахтли қилишига боғлиқ деб ўйлайман.
-Илк мухаббатингиз қайси фаслда бўлганлигини эслай оласизми? -Илк мухаббатим... (кулади). Илк мухаббатим "платоник” мухаббат кўринишида бўлган, чунки ёш бўлганман. Ўзим хеч қачон хаётда кўрмаган инсонга - актёр Олег Янковскийга болалик қалбим билан илиқлик мухаббатни сезганман. 12-13 ёшларимда унинг хамма фильмларини томоша қилиб, агар биронта фильмида бирор бир аёлга ошиқ ролини ижро қилаётган бўлса, ёнида қиз бола ёки аёл бўлса хам кичкина бола жоним билан қизғанишни хам сезганман (кулади). Фаслини билмайман, ўша болалик пайти, умримнинг бахори пайти.
-Актерликка боғлиқ тарафи бор экан, хеч ўзингиз актриса бўлишни истаганмисиз? -Актриса бўлишни истамаган қиз болани ўзи бўлмаса керак деб ўйлайман. Бир фильмда роль ижро этдим ("Суиқасд”фильми) Тажриба ва бирор бир янги нарсага уриниб кўриш маъносида рози бўлганман. Ундан аввалги бўлган таклифларда фильмда хонанда аёл қиёфаси, унинг хаётини талқин қилиш мавзулари бўлгани учун мени қизиқтирмаган эди. Лекин бу фильм эса жуда чуқур маънога эга бўлган психологик драма бўлиб, боласининг турмуш тарзи, қилаётган ишлари ва тақдиридан куйган она тимсолини яратдим. Нима бўлар экан деб қўл урдим, вахоланки ўзимни хеч қачон актрисалик махоратига эгаман деб хисобламаганман. Катта орзуим бор, маъноли, психологик сахна асари бўлган спектаклда роль ижро қилишни хоҳлардим.
-Бугун аксарият актер ва актрисаларнинг ўзлари театрда роль ижро қилишдан чўчишади. Театрда жонли рол ўйнаш сизга қийинчилик туғдирмайдими? -(Ишонч охангида) қийинчиликдан қўрқмайман. Инсон ўзи истаб, шунга озгина бўлса хам майли бўлиб, кейин озгина бўлса хам қобилияти бўлса мехнат орқасидан қийинчиликни енгиш мумкин. Хар холда шунга қўл уриб ўзимни синаб кўришни хохлардим.
-"Юлдузингни бер осмон” фильми хонанда аёл хақида бўлиб қўшиқларингиздан фойдаланишган. Халқ орасида фильмда Насибанинг хаёти тасвирланган деб тахмин қилинганди. Бош ролга сиз таклиф қилинганингиз ростми? -Рост. Лекин рад жавобини мен бермаганман. У пайтлар ўзимга боғлиқ бўлган жавобларни хам бериш хуқуқи ўзимда бўлмаган. Биринчи умр йўлдошим билан яшардим ва хаётимдаги хамма қарорларни ёки жавобларни шу одам берарди. Фильмда роль ижро қилишимни хохламади. Орадан бир неча йиллар ўтгач, хаётимда кўп ўзгаришлар бўлиб, хаёт умуман бошқа тарафларга бурилиб кетганидан кейин, шу фильм қайсидир маънода менинг хаётим билан боғлиқроқ эканлигини тушундим. Фарқи менда никохдаги икки кишининг ўзаро муносабати бўлган бўлса, фильмда узоқ йиллар хонанда ёнидаги продюсери ва севган инсони қачон бир кун келиб хақиқатдан расмий никох билан оила қуриб фарзандлик бўлишни, хеч кимдан кам бўлмаган оиласи бўлишни хохлашидан иборат. Ўхшаш тарафи эса, фильмда хам менинг хаётимда хам хонандага муваффаққият ва моддиятни келтирадиган инсонга қаралгандек бўлган. Мен учун оила бирламчи бўлган бўлса, умр йўлдошим учун фақат продюсер қўл остида ишлаётган, сўзидан четга чиқмайдиган ва биринчи навбатда унинг қўл остидаги ишчиси бўлганман. Учинчи ва тўртинчи навбатда эса турмуш ўртоғи. Шунинг учун бу тақдирларнинг бир-бирига ўхшашлик тарафлари бор.
-Озодликкача бўлган йўл... - Жуда бир озодикка эришаман деб….нима десам экан... Биласизми, ёнимдаги инсондан озодлик эмас, ўзимнинг ички дунёимдан, ўзимнинг балки феъл-атворимдан, ва қайсидир маънода менга бўлган таъсиридан озодлик бўлди. Унгача бўлган йўл эса, ота-онам ва катталардан эшитганим, сабр қилган ютади каби гапларни эшитиб катта бўлганимиз учун, шунга амал қилиш билан ўтди. (суратда хозирги турмуш ўртоғи) Умуман оилада хам кўрган тарбиям шу, сабрни биринчи ўринга қўйганмиз. Биринчи ўринда инсоннинг хаёти унга бахт келтириши керак. Фақат чидаб, сабр билан хаётни ўтказишнинг маъноси йўқлигини ва қизиғи бу учун сенга хеч ким рахмат айтмаслигини, бу учун қадринг хам ошмаслигини тушуниб етган пайтимда бўлиб ўтди бу воқеа. Хаётнинг ўзи ва воқеалар сабрнинг хам туби ва бир косаси тошиши бор деган нарсага олиб келди. Ўша тошадиган пайти келганида хамма нарса хал бўлди.
-Бугунги кундаги бахтингиз ва мухаббатингиз учун захмат чеккан деб айтиш мумкинми? -Қаеридадир шундай деб хам хисоблайман. Балки.. Йўқ! Захмат чекиш эмас, шунга сазовор бўлиш деб айтишим мумкин. Вахоланки хаётимнинг умуман бошқа-бошқа жойларидан иборат воқеалар. Хаётимиздаги хар бир даврни алохида тахлил қилишимиз керак.
Диктофон ортида: Халқдан шахсий хаётдаги баъзи қизиқ бўлган нарсаларни яшириш хам унга бўлган қизиқишни янада орттириши мумкин ва натижада сен учун хаётингни бошқалар ўйлаб топа бошлашади. Кейин Худо менга томошабинга шахсий хаётимдан ташқари тақдим қила олишим мумкин бўлган бошқа нарса берган, шукр куйлай ва ишлай оламан. Яна ўз фикримни баён хам қила оламан, бу билан хам одамларга қизиқроқ бўлишим мумкин. Худога шукур ўтмишда ва насиб қилса келажакда одамлар ёдида қоладиган санъатим бор.
-Ижодкор учун шахсий хаёт жуда оғриқли мавзу ва ижод учун катта таъсири бор дейишади. Кимдир ички хиссиёт, кимдир атроф мухитни кузатиб ва кимдир хозир ривожланган кўриниш: буюртма бериб ўзи хис қилмаган нарсани тақдим этади. Фикрингиз? -Хар кимнинг фикри хар-хил бўлиши мумкин, ва хар бир фикр яшашга, хурматга сазовор. Менга қолса атроф-мухит ижодимга хеч қачон таъсир қила олмайди. Хар холда таъсир қила олмаган. Билмадим, бу яхшими, ёмонми, балки таъсир қилганида яна хам фаолроқ ишлаган бўлармидим, халиги хит-парадларга тушиб.
Сайтингизда мухлисларни концертимда тинглашни истаган қўшиқлари хақидаги фикрлари билан танишар эканман, бир мухлиснинг фикри ёдимда қолди. Маъноси шундай эди: "Бахт ўзи нимадир” қўшиғини тинглаб Насиба Абдуллаевага мухлис бўлганман ва бугунги кунда ижод қилаётган замондош хамкасбларидан орқада қолганлар деб иккиланмай айтишим мумкин, лекин шахс сифатида нихоятда хурмат қиламан», деб ёзибди. Шу фикрни тахлил қилсак, хар ким ўзига яқин ва кераклисини олар экан-да. Агар бугунги кунда атроф мухитни таъсирига қараб, буюртма берибми, хамма ерда мен хақимда шов-шув гап бўлиб телевидениедан тушмаганимда, фалончидан зўр ишлаяпти, фалончидан ўтиб кетяпти деган гапларга эришган бўлардим. Лекин ўша изох муаллифи бўлган йигитнинг «шахс сифатида нихоятда хурмат қиламан»- деб ёзгани ва "Бахт ўзи нимадир” қўшиқлари орқали мухлис бўлганман”- дегани мен учун мухимроқ бўлди. Мана шу тарафини мен ўзимга олдим ва тўғри қилаётганимни билдим. Чунки аввало мен инсонман, шахсман, интеллект ва ақлим бор, фақат телевидениега келиб, чиройлик кийиниб, одамлар кўзига оловдек кўриниб, кетганимдан кейин икки дақиқа ўтгач эсдан чиқиб кетиладиган хаётни истамайман.
Сахна ходими бўлгани, хонанда бўлиб, шоу-бизнеснинг ичида юргани билан у шоу-бизнес одами эмас, бу санъат инсони. Уни дунёқараши, тафаккури бор, шахс бу, деган нарса мен учун яқинроқ. Ва мана шу фикрни билдирган мухлисга ташаккуримни билдираман. Шунинг учун фақат атроф мухитнинг таъсири билан эмас, ички хиссиётим...(ўйланиб қолади)... Албатта қандайдир санъат асари яралаётган пайтда ниманидир хис қилиб бошидан ўтказаётган бўлади. Бир нарсани бошдан кечириб, ёки кечирмаса хам, хаётнинг қайсидир бир тарафини, кимнидир хаётини кузатиб туриб, ичимиздан ўтаётган хиссиёт энг тўғри йўлни кўрсатади. Айнан шу пайт одамларга айтмоқчи бўлган гап энг ростгўй ва энг самимий бўлади. Ва ўша гапни биз санъат ахли, санъат намуналари орқали айтишимиз керак. Санъат одамларни фақат рақсга чорлаб кўнгилни чоғқилиш учун эмас, вахоланки у хам ўз йўлига ва шу кўнгилни чоғқилиш билан бирга одамлар билан қанақадир хиссиёт поғонасида, тафаккур хамда қалб поғоналарида санъатимиз билан ўзига хос сухбат қура олишимиз керак деб ўйлайман.
-Ўша давр санъаткорлари, хусусан сизнинг хам ижод намуналарингиз бугунги кунгача тингланиб келинмоқда. Бугунги кунда эса санъаткор хар қанча махоратли ва қўшиқлари аъло бўлмасин 10-20 йилдан кейин хам тингланмайдигандек. Рақобат каттами, замон талабими нимадан деб ўйлайсиз? -Рости хам бошқа хамкасб-ларимдан орқада қолгандирман, лекин шу пайтгача ишониб келганман, ва бундан кейин хам ишонаманки рақобатга бардош берадиган, инсонларда қизиқиш уйғотадиган ва шоу-бизнесда ўрнини тутадиган маъноли қўшиқлар хам бўлиши мумкин. Шоу-бизнесда айнан зўр хит бўладиган қўшиқ маъносиз "олди-қочди” бўлиши керак деган қонун ёзилмаган-ку.
-Яқиндагина бир газетада қўшиқ жони хақида мақола чоп этилиб, бугунги кунда рейтинги баланд бўлган хаттоки Озодбек Назарбековнинг хам маънодор қўшиқлари, хусусан хит бўлган "Эшигингда” қўшиғини қайта тинглашмаяпти деб ёзилганди. Яъни умрибоқий қўшиқлар яралмаяптими? -Йўқ, чунки........
Давоми бу ерда
|