Бош сахифа » 2011 » Май » 2 » Санъаткорни гохи тобутга ўхшатаман...
02:25
Санъаткорни гохи тобутга ўхшатаман...
 Бу галги "Журналист-юлдуз” лойиҳасининг меҳмонлари санъатга ёшлигидан кириб келган хонандалар Абдулла Қурбонов ва Достон Убайдуллаевлардир.

 

Хонанда Абдулла Қурбонов

Илк саҳнага қадам қўйган вақти: -  1987 йил

Илк ижро қилган қўшиғи: -  "Анори донаю дона”

Фарзандлари: - Фарзандлари Ҳабибуллоҳ 13 ёшда, Музаффар 12 ёшда, Шаҳризодабону 5 ёш, Абдуллоҳ Мустафо 3 ёш.

 

Хонанда Достон Убайдуллаев

Илк саҳнага қадам қўйган вақти: -  1987-88 йиллар.

Илк ижро қилган қўшиқлари: -  "Биз томонга бир қараб қўй”, "Балли калла”.

Фарзандлари: - Ўғли Даврон 5 ёшда, қизи Сакина 2 ёшда.

 

Аввалига "Журналист-юлдуз” лойиҳаси хонанда Абдулла Қурбоновнинг офисида бўлиб ўтиши керак эди. Лекин, кутилмаганда жой ўзгариб, Абдулла Қурбоновнинг яқин акаларидан бирининг офисида бўлиб ўтди. Иккала хонанда ҳам лойиҳага жиддий тайёргарлик кўриб, саволлар тайёрлаб келишган эди.

Суҳбатни биринчи бўлиб, хонанда Абдулла Қурбонов бошлаб берди.

 

Абдулла Қурбонов: - Дунёда энг бахтли инсон ким?

Достон Убайдуллаев: - (уҳ тортиб) Бу дунёда энг бахтли инсон, ота-онаси соғ-саломат, оиласи тинч бўлган инсон.

 

Абдулла Қурбонов: - Сизни болалигингиздан биламиз, устазодасиз, устазодани оиласида катта бўлгансиз, ҳозирги пайтда устоз билан шогирдни ўртасидаги муносабатларга қандай қарайсиз?

Достон Убайдуллаев: -  Ҳозирги пайтда устоз шогирдлар кўп-ку, лекин жуда ҳам олдинги пайтлардек устозларни қадр-қиммати қолмаган, назаримда. Устозлик қиласиз-да, шогирдингиз бир чўққига эришгандан сўнг, устозини ҳам менсимай қолмоқда. Шунинг учун, ҳозирги пайтдаги устоз-шогирдларни аҳволи, жуда ҳам оғир деса ҳам бўлади. Олдинги даврда, масалан Фахриддин Умаров билан Ҳожиакбар Ҳамидовни солиштирсак. Ҳожиакбар Ҳамидов устозлари дунёдан ўтиб кетгунларича, уларни ортида торларини кўтариб юрдилар. Доирачилардан Қаҳрамон Дадаевни шогирдлари Талъат ака ҳозирги кунгача, устозларини ҳозир мазалари йўқ касалхонада ётибдилар, ҳатто у ерда ҳам устозни ёнларида туриб, нима керак бўлса айтганларини қилиб, ёнларидалар. Мана ўшаларни устоз ва шогирд деса бўлади.

 

Абдулла Қурбонов: - Ҳаётда сизни ушалмаган орзуйингиз, армонингиз нима? Шу бугунги кунгача қила олмаган ишингизми ёки ўйлаб қўйган режангизми?

Достон Убайдуллаев: -  Ушалмаган орзулар десангиз, ҳар бир инсонни ҳам олдинда орзулари жуда кўп. Режалар ҳам жуда кўп, худо насиб қилса, ҳаммасини амалга оширишга ҳаракат қиламиз. Энди, ўзингизга маълум, бизларни уйимизга яқин инсонсиз. Армонларимдан бири, ёшлигимда онам оламдан ўтганлар. Энг биринчи армонларимдан бири бу. Она меҳрига зор бўлиб қолганман, мана шу менга армон бўлиб қолган.

 

Абдулла Қурбонов: - Қайси фарзандингиз санъат йўлида кетишини ҳоҳлайсиз? Қайси фарзандингиз сизга меҳрибон?

Достон Убайдуллаев: - Агар менга қўйиб берса-ку, ҳеч қайси бири санъат йўлида кетмаслигини ҳоҳлайман. Чунки, ҳозирги кунда жуда ҳам санъаткор кўп. Масалан, санъаткор битта қўшиқ яратгандан сўнг, буни ўзингиз ҳам яхши биласиз, бу аёл кишини туққан боласидек, фарзанддек яралади. Ўша қўшиқни агар биров тингламаса, одамга алам қилади. Эртага у ҳам, ёшлигидан чиқса, ёки  санъат йўлига кирса, уни яратган қўшиқларини биров тингламаса, ёки бошқа нарса қилса, юраги сиқиб қолиши мумкин. Шунинг учун, рақобатга чидай олармикан, сиқилиб қолмасмикан деган фикрда, санъат йўлидан бормасликларини ҳоҳлардим. Фарзандларимни биринчиси ўғил, иккинчиси қиз исмлари Даврон ва Сакинахон. Улардан меҳрибонроқлари қизим. Олдиндан қизлар меҳрибон бўлади, сен билмайсан деб айтишарди. Чунки, бизни оилада қизлар йўқ эди. Биттагина Муслима деган жияним бор, ўша бизни оиламизда биринчи қиз. Тўғри, ўғил бола кўчаники бўлар экан. Ўғлим ҳам кўп кўчада юради, (кулиб) сал жанжалкаш бўлган. Қизим бўлса жуда ҳам меҳрибон.

 

Абдулла Қурбонов: - Достон, мисол учун, санъат майдонини футбол майдони деб фараз қилсак. 2 та жамоа, 11 тадан ўйинчилар, ҳаммаси зўр ўйинчилар дейлик. Сиз ўзингизни қайси жамоада, қайси ўйинчи ўрнида кўрасиз? Мисол, учун ўзимизни "Пахтакор” жамоасини олсак, кўпчилик ўзини Миржалол Қосимов ўрнида кўриши мумкин. Масалан, мен ўзимни "Ўзбекистон” терма жамоасининг тренери ўрнида кўрардим, агар чет элдан бўлса Девид Бекхемдан ҳам зўрроқман деб ўйлардим. Нега? (кулиб) Чунки санъаткорлар билан футбол ўйнаганимизда ҳам, мен иккиталаб гол урганман.

Достон Убайдуллаев: - (жилмайиб) Мен ўзи футболга унча қизиқмайман. (ўйланиб) Энди мени ёш бўлганлигимни инобатга олган ҳолатда, мен ҳозирча ҳужумчи бўлиб ўйнаб турибман. Катта санъаткорларга ҳужум қилиб турибмиз-де. (кулади) Устоз санъаткорларга ҳужумчи бўлиб турибмиз. (кулади) Устозларимиз бор барибир, чунки мен ҳозир фалончини ўрнидаман дейиш, сал ноқулай. Одам ўзига-ўзи баҳо бериши ҳам, сал нотўғри деб ўйлайман. Бу энди мени фикрим.

 

Абдулла Қурбонов: - Мен ёшларимизни ичида дедим, чунки устозларимиз майдонга чиқишмайди-ю тўғрими?

Достон Убайдуллаев:: - (кулиб, самимий) Ёшларни ичида бўладиган бўлса, аниқ ҳужумчиман. Негаки, орамизда ёшлардан ўзини жуда ҳам катта тутаётганлари бор. Мен уларга ҳужум қилиб тураман.

 

Абдулла Қурбонов: - 20 йиллик юбилей концертингиз қачон?

Достон Убайдуллаев: -  Концертга келадиган бўлсак, концерт ўтказишни ният қилмайдиган санъаткорни ўзи йўқ. Бу аниқ нарса. Концерт ўтказиш ниятимда бор, йўқ эмас. Лекин, мен концерт ўтказишга озгина қўрқаман. Нимага-ки, мени ўзимни дўстларимдан келиб чиққан ҳолатда, дўстларимни кўпи савдогарлар, тадбиркорлар, бозорларда ишлашади. Оддий халқдан ҳам дўстларим кўп. Масалан, энди исмларини айтиб ўтмайман, бир хил санъаткорлар бор, концерт беришади-да, ўзи уларни халқ унчалик танимайди. Дўстларим келиб менга айтади: - "Достон ану санъаткор нима қилади ашула айтиб, концерт бериб, Истиқлол санъат саройида қўлидан келса, концерт берсин! Бизларни қийнаб нима қилади?” дейишади. Уларни айтиши бўйича, Бозорда паттачилар келар экан-да, "Фалончини концертига 4 та билет, олмасанг бугун паттангни олмаймиз. Эртага "налоговый” босади сенларни! Тушундингми?” - деб қўрқитиб туриб, уларни 4 та билетига "Фалон сўмдан берасан” дер экан. "Фалон мингдан 4 та билет неча пул бўлади, мен бозорда ўтириб, бир кунда шунча пул топмайман-ку” - дейишади улар. Нима қилади одамларни бунақа қийнаб билет сотдириб? Эртага, мен энди масалан, менга одам келадими, келмайдими деб, аниқ айта олмайман. Мисол учун, Истиқлол санъат саройи ҳам, не-не устозларимиз қадамлари етмаган жой, ўзингиз ҳам биласиз. У ер жуда ҳам катта даргоҳ, оддий жой эмас! Шунинг учун, ўзимдан-ўзим концерт бериб юборишга, одам ҳали сал чўчийди, тўғриси. Мен бировни қийнаб концерт беришни ҳоҳламайман! Қачон-ки, мен ўзимга ишонсам, мисол учун, бўлди, мен аниқ биламан, мен концертни 4 ёки 5 кун берсам, аниқ одам келади, билет кассадан сотилади. Ҳеч кимни қийнамайман ҳам, билетни ҳам ҳеч қаердан ўтказмайди, ёки одамларни қийнаб билет ҳам ўтказилмайди, деб ишонмагунимча концерт бермайман.

 

Абдулла Қурбонов: - Қайси автомобил маркасини яхши кўрасиз?

Достон Убайдуллаев: -  Автомобилларни ичида менга энг ёқадигани "Лассети”. "Лассети” билан "Нексия”ни яхши кўраман. Бу автомобиллар, бизнинг кўчалар учун энг яхши қилиб чиқарилган десам, ҳеч муболаға бўлмайди.

 

Абдулла Қурбонов: - Мен сизни ва аҳли аёлингизни ҳам оилаларини биламан. Лекин, уларни қаерда учратгансиз, шуни билмайман ёки совчи орқалими?

Достон Убайдуллаев: -  Аёлимни адалари билан адамлар яхши муносабатдалар, буни ўзингиз ҳам яхши биласиз.

 

Абдулла Қурбонов: - Узр, шу жойида жавобингизни бўламан. (Бизларга қараб) Буларни қайноталари Абдуллоҳ ака, халқимизни кўп хизматида бўлган яхши инсонлардан. Шу инсонни исмлари, мени Абдуллоҳ бўлиб қолишимга сабабчилардан бири. Улар бизни отамиз билан борди-келди қилишган. Энди айтмоқчи бўлганим, Достонжонни оилалари менга ҳам, у тарафлама яқин, ҳам бу тарафлама ҳам яқин.

 

Достон Убайдуллаев: - Хуллас, буларни исмларини мени қайнотамга ўхшаб юрсин, деб Абдуллоҳ қўйишган экан. Мени қайнотамни исмлари Абдуллоҳ. Касблари прокурор. Лекин, у даврда прокурор бўлмаганлар, кейинчалик прокурор бўлиб кетдилар. Ҳозир нафақадалар. Хуллас, уларни адалари билан ҳам Абдулло акамни адалари билан ҳам, мени адам яхши бўлганлар, яъни ўртоқ бўлишган. Қайнотамни уйлари билан, бизларни борди-келдимиз бор эди. Улар ҳам бизларга келиб туришар эди. Ёшликдан бирга ўйнаб катта бўлганмиз. Аёлим билан тенгдошмиз. Тенгдош бўлиб, бирга ўйнаб юриб, кейинчалик дўстлигимиз севгига айланиб, кейин мени ўзим совчи юбориб, турмуш қурганмиз. Мен уларни биринчи марта уйларида учратганман. 8 йил давомида, бир-биримизни севиб, 12 ёшдан бир-биримизни танисак, 14-15 ёшдан бир–биримизни яхши кўриб, дўстлик муҳаббатга айланиб, улар билан телефон алмашиб, гаплашиб юриб, совчи юбордим. Ота-онамни ҳам сал хабарлари бўлган, чунки мен ёшлигимдан таниқлиман-ку, қаерга борсам адам эшитиб қолардилар. Кўрганлар, "ўғлингизни ана бу ерда кўрдик, Достонжон ану ерда юрган эди” деб айтишарди. Ёшликда келинингиз билан бирга кўчада ҳам юра олмаганман, тўғриси. Мана ҳозир, ёш болалар қизлар билан юраверади-ю, ҳеч ким танимайди. Мени эса ёшлигимдан ҳамма таниб, "вой болам” деб қучоқлаб ўпаверишарди, яна "вой ану ерда Достонни кўрдик, бир қиз билан юрибди” деб, улар тўғри маънода айтишарди, мен эса адамдан "сен ким билан юрибсан?” деб гап эшитаверардим.

 

Абдулла Қурбонов: - Ҳозир ижод жараёнида клиплар оляпсиз, шу клипларингизни ғояларини ким ўйлаб топади?

Достон Убайдуллаев: -  Ғояларини кўпинча, ҳаммага маълум ва машҳур бўлган Жамшид Ҳожиниёзов. Улар 2 йил мени продюссерим бўлиб фаолият юритдилар. Ҳозир энди бирга ишламаяпмиз. Ҳозирда улар хонанда Абдували Ражабов билан ишламоқдалар. Бирга ишлаган вақтимизда, улар озгина ғоялар бериб, ёрдам берардилар. Улар билан ҳам ака-ука бўлиб кетганмиз. Уларни миялари шунақа клипларни ўйлашга, ғоялар беришга яхши. Янги ашула ёздимми, тўғри олиб бориб Жамшид акамни қўлларига бериб қўяман-да, "ака битта нарса ўйлаб туринг” дейман. Жамшид акам ўйлаб, қоғозга тушуриб, улар ўйлаганда ҳам, жуда маромига етказадилар. "Клип мана бунақа бўлади-де, ану жойда қиз бундай қилади” (кўрсатиб беради)  эмас-де! Қаерда ким нима қиляпти, қаерда ким  қайси қўлини кўтаряпти, ҳаммаси қоғозда ёзилган. Ана шундай қилиб берадилар, менга ҳам ана шу ишлари ёқади. Яна уларни битта тарафи бор, бир хил сценаристлар бор, "мана шу нарсами, мана шуни оласан” деб туриб олади. Жамшид акамга бўлса, "мана бу ерини ўзгартирайлик, мана бу ери ёқмаяпти” деб ўз фикримни ҳам қўша оламан. Шунинг учун, ҳар доим Жамшид акамга илтимос қиламан.

 

Абдулла Қурбонов: - Ишдан қайтгандан кейин, қанақадир вақти, сизни ўзингизга берадиган саволингиз борми?

Достон Убайдуллаев: - (Ўйланиб) Ўзи ҳар куни инсон, ўзига-ўзи бир савол бериши керак деб ўйлайман. Энди бу мени ўзимни тушунчам. Энди бу ишни ҳамма қиладими-йўқми, мен билмайман. Лекин, тўғри мен ҳам бу ишни ҳар куни қиламан, деб аниқ айта олмайман. Аммо, эсимга тушган тушган вақтларда, масалан, 1 ҳафтада 7 кун бўладиган бўлса, 5 кунида: - " Бугун нимани ўргандим? Бугун нима қилдим? Кимга қанақа яхшилик қила олдим?” деган бир сарҳисобни, ўзимга-ўзим бераман.

 

Шундан сўнг, савол бериш навбати Достон Убайдуллаевга ўтди.

Хонанда Достон Убайдуллаев ўнтадан ошиқ саволлар тайёрлаган бўлиб, лекин ёзилган саволлари уйда қолиб кетганлиги сабабли, рафиқасига қўнғироқ қилиб, рафиқасидан телефонда саволларни ўқитиб, эшитиб, улардан энг маъқулларини танлаб, Абдулла Қурбоновга бера бошлади.

 

Достон Убайдуллаев: - Абдулла ака сизни ёшлигимдан биламан. Сиз хонанда Муҳриддин Ҳолиқовни уйларига келиб, ўша ерда ашулалар айтиб, кейин мана Абдулла Қурбонов бўлиб, зўр бўлиб кетдингиз. Сўнг "Ялла” ансамблига ўтиб, Ботир Зокировни қўшиқларини куйлаганингиздан кейин, "бу Муҳриддиннинг шогирди бўлиб туриб, кейин мана "Ялла”га ўтиб кетди. Кимни шогирди ўзи бу? Муҳриддинними ёки Фаррух Зокировними?” деган ҳар хил гап-сўзлар бўлди. Мана шу ишни, мен ҳам ҳалигача билмайман. Ўзи нима бўлган? Сиз ўзингиз, қайси бирларини устозим деб биласиз?

Абдулла Қурбонов: - (ўйланиб, самимий) Энди мен Муҳриддин Ҳолиқов билан ишлаб, шогирд бўлиб боргандан кейин, "шогирдлариман” деб, Муҳриддин акамга орқа қилиб олиб, Муҳриддин акамга ёпишиб олсам, унда мен фақат Муҳриддин акамни ашулаларини айтиб юришимга тўғри келарди. Ёки мен фақат устозимга тақлид қилиб қолишимга тўғри келарди, биринчидан. Иккинчидан, мени у одамдан чиқиб кетишимни сабаби бўлган. Энди машҳур бўлишимга сабаб, аввало Худо, устозларимдан Муҳриддин Ҳолиқовни укалари Ҳусниддин Ҳолиқов арабча танго қўшиғини тайёрлаб, менга ўзларига тайёрлаган қўшиқни берганлар.

Ботир Зокиров номи билан, "Эстрада қўшиқчилик кўрик-танлови” бўлган. Эстрада йўналиши, бўйича ўзингиз биласиз, ўша ерда мен қўшиқ куйлаб чиққанимда, Фаррух ака йиғлаганлар, йиғлаганларини ўз кўзим билан кўрганман. Муҳриддин акам билан эса шунақа иш бўлган-ки, мен чиқиб бўлганман. Машҳурман, Худога шукур ёнларида юрибман, шунда ҳам нима десалар, хўп деганман. Нима десалар, устозим-ку ахир деганман! Шунда бир иш бўлган. Бир кун Самарқанд шаҳрига, тўйга боришимиз керак бўлган. Тўйга борадиган пайтим ҳайдовчи жўнатдилар, ҳайдовчи келди, уларни ҳайдовчилари, мен айтдим-ки, "мен тўйга бора олмайман”. Шу ерда, "нимага?” деган савол туғилди. Нимага-ки, мени отамни мазалари йўқ. Мен 5 миллионта тўй бўлса ҳам, отамни-онамни бир марта, менга ўгирилиб қараганига алмашмайман! Чунки, улар мени ота-онам, улар мени дунёга келтирганлар. Керак бўлса устозимдан, ота-онам менга 100 минг марта азиз барибир! Шунда шундай шароит бўлди. "Нимага бормайсан?” -деган саволларига, ҳайдовчиларига ҳам, "Адамларни мазалари йўқ. Бориб Муҳриддин акамга айтинг, телефон қилсам жаҳллари чиқяпти,” дедим. "Бир кун аданг касал бўлади, бир кун доданг касал бўлади, мени олдимга яқинлашма” деб юбордилар. Мен ҳам, "бўлди, узр” дедим-да, телефонни қўйиб қўйдим. Лекин, мен ўлган одамни орқасидан ёмон демаганман! Ёмон ҳам демайман! Мени устозим бўлганлар! Бутун умр қарздорман! Мана уларни бола-чақалари, мен билан салом-аликда, Темур, Камрон, Одил, Камола синглим. Мен ҳаммаларига, синглимга-укамга, қандай меҳр берсам, ҳали ҳам, худди шундай меҳрдаман. Гулсара келинойим билан салом-алигим бор. Ўзи йўқни, кўзи йўқ деймиз-у, лекин менда ундай эмас. Энди акам ўлиб кетди-ю эмас, ўзи тириклик пайтларида тинмай борар эдим. Бола-чақаларини кўргани борар эдим. Лекин, ҳозир ҳам ўтиб кетган бўлсалар ҳам, бориб тураман. Аммо, меъёрида бораман. Нега? Болалари ақлли, ишли, топарман-тутарман бўлган. Шундай гаплар ҳам бўлди, "Абдулла устозини тан олмаган” деган гаплар. Нимага тан олмайман? Ҳамма билиб турибди-ю! Ажралиб қолишимни сабаби, шундай бўлган. Кейин ўшанда, улар Самарқандга кетдилар. Самарқандга бориб, тўйда хизмат қилишган, тўйдан кейин можаро бўлган. Кейин билсам, Муҳриддин акам билан тўй эгасини орасида гаплашишган, мен ҳам боришим керак тўй бўлган. У тўйни эгаси Муҳриддин Ҳолиқовга "Абдулла Қурбоновни ҳам олиб келасиз, шу бола "Абдуллажон” ни, мени бувим яхши кўради”, деб айтган бўлган. Унга муомала, ҳисоб-китоби бўлган, ҳисоб-китобини қайтариб бермаганлар. У ерга борганда, ўзларига берилганни олиб қолиб, менга берилганини қайтариб берганларида, ундай жанжал ҳам йўқ эди. Жанжал бўлганми, кейин улар менга телефон қилиб "сен ундайсан, сен бунақасан” дедилар. Кейин, мен ўша куни эрталабгача ухлай олмадим. Энди, мени ҳам бир характерим бор, яхши вақтим бўлиб қолса, ҳатто душманимни ҳам, кечириб юборишим мумкин. Бўлмаса, шу мени душманимлигини биламан, лекин кечириб юборишим мумкин. Бу энди одат, ҳар бир одамни ўзи бир одати бўлади-ю.

Эртаси куни эрталаб турдим, устозимни ёқтирган нарсаларини олиб, эрталабдан яна уйларига бордим. Адамни дўхтирларга кўрсатиб, хотиржам бўлгандим. Устозимникига борсам, жаҳллари чиқиб турган эканлар. Мен қаймоқни қўйдим, чой тайёрладим. Келин чиқиб кетдилар, кейин улар дардларини гапириб-гапириб олдилар. "Бўлди акажон, нима десангиз шу” дедим. Улар эса, "Бўлди бор, энди ҳоҳлаган ишингни қил, сендан ашулачи чиқмайди” деб юбордилар. "Ака бўлмаса, дуо қилинг” дедим, улар "бўлди укам” дедилар. Менга бир тарафдан яхши ҳам бўлган. Менга ўша нарса фойда ҳам, дарс ҳам бўлган. Лекин, мен барибир устозларни ҳурмат қилавераман! Кейин нима бўлди? Ўша пайт "Уз Гос Эстрада” деган жой бўларди. Бу ҳозирги "Истиқлол санъат саройи”да, "Ялла” ансамбли, Фаррух Зокировни ўша ердан топсам бўлар эди. Улар ўша ерда бўлишар эди. Муҳриддин акадан шу гапни эшитгандан кейин, Фаррух акани ёнларига борганман. "Эсингиздами, менга айтгандингиз, мени олдимга учрашгин деб, менда нима гапингиз бор эди?” десам, Фаррух ака Зокиров, "сен билан бир қўшиқ ёзамиз” дедилар. Мен "хўп, қайси қўшиқни?” дедим. Улар "Ай-яй-яй Абдуллани” дедилар. Шу билан, қўшиқ ёзилди. Мени ўзим, шоир Муҳаммад Юсуфга борганман, шеърини олиб келиб, Фаррух акамга берганман. Улар Рустам акам билан тайёрлашган. Ана у қўшиқ хит бўлган, дуэт деб мана шуни айтади! Бутун халқ, ҳалигача шу қўшиқни яхши кўради. Булар ҳаммаси, менга синов бўлган.

Мен устозим билан уришиб кетмаганман! Уларда характер шундай эди. Мен бирор ерда кўриб қолган бўлсалар, чақиртирардилар ва ёнларига ўтказиб олиб,  уришардилар. Ҳар хил ҳолатлар бўларди. "Хўп ака”, деб туравердим. Бир куни тўйдан чиқиб, мени урганлар ҳам. Мен урмаганман ва эртаси куни чиқиб, ўзларидан "нега мени урдингиз?” деб сўраганман. "Нима учун, нима ҳаққингиз бор мени уришга? Сизни фарзандингизни биров урса ёқадими? десам, "Йўқ ёқмайди” дедилар. "Нимага мени уряпсиз?” десам, "Сен мени ташлаб кетдинг” дедилар. "Мен ташлаб кетдимми? Ёки сиз мени ҳайдаб юбордингизми? Устоз мен сизни акамдек кўраман” деганман. Мана Худога шукур, менга нима деган бўлсалар, ўша ишлари бўлиб келяпти. "Укам ўғлимни уйлантирсам ёнимда турарсан, жигарларим қаторида ўғлимсан” деган эдилар, мана Камолани тўйида ҳам, Темурни тўйида ҳам ўша ерда турганман, устозим раҳматлидан кейин. Мен у инсондан фахрланаман! Ҳаммалари устозим, мендан олдин чиқишган саҳнага, ҳаммаларини ҳурмат қиламан. Ким мени устозим? Мухлислар, оригиналини билишмоқчи бўлишса, мени кўчага олиб чиққан, халққа таништиришга ҳиссасини қўшган устозим, Муҳриддин Ҳолиқовни укалари Ҳусниддин Ҳолиқов, Муҳриддин Ҳолиқов билан маслаҳатлашиб! "Қозонда бори чўмичга чиқади” дейди-ку. Мен уларни ёнига борганимда, мен ашулачи бўламан деб бормаганман, "мен машҳур хонанда бўламан” деб борганман. "Ёнингизда юрай” деб, ёнларига кирганман. Вақти келиб, ҳайдалиш куйини чалганимда ҳам, (кулиб, самимий) афсус чекмаганман.

 

Достон Убайдуллаев: - Хуллас, устозингиз ким, Муҳриддин Ҳолиқовми?

Абдулла Қурбонов: - Муҳриддин Ҳолиқов! Фаррух Зокиров ҳам, мени санъат йўлида давомчи устозим!

Санъат йўлида менга сабоқ берган, эстрада қўшиқчилиги йўлида, қўшиқчилик йўналиши бўйича дарс олганман, илм олганман улардан. Бирга ишлаганман.

Масалан, русча гапиришни билмасдим, рус тилини ўргандим, инглиз тилини ўргандим, саҳна ишларини ўргандим.

 

Достон Убайдуллаев: - Ўзбек халқини қайси жиҳатлари ёқмайди сизга? Масалан, концерт, тўй, ҳашамларда сизга ёқмайдиган жиҳатлар? Масалан, ҳаммада характер бўлади. Ҳаммани характери, нимага ёқмайди демоқчи эмасман!

Сиз санъаткорсиз! Сизга бизни халқимизни концерт, тўй-ҳашамларда, қайси муомаласи ёқмайди? Санъаткорга бўлган муносабати?

Абдулла Қурбонов: - (самимий) Мен бир хил пайтлари, шу нарсага ҳайрон қоламан. "Бир хор бўлган нарса, бир азиз бўлади. Бир азиз бўлган нарса, бир хор бўлади”-дейилади эскиларда. Мени буваларим қорилар бўлишган.

Мен кўнглингизга олманг-у, санъаткорни, "санъаткор кунингга даркор” деган жойи бор. Буни тушунган тушунади, тушунмаган қийналади.

Санъаткорни, мен бир хил вақтларда тобутга ўхшатаман. Ўзбек халқини ичида, тобутга ўхшатаман!

Ўлик ўлганда, ўша пайтда тобут керак бўлади. Ўликни олиб бориш учун, ҳамма тобутни ҳал қилиш керак деб, югуриб бориб, олиб келишиб, четларига оқ сурпларни, аёл бўлса паранжиларни ёпиб,  мозоргача ҳамма эъзозлаб, тобутда олиб боришади, ҳурмат билан тобутни ичидан майитни олиб қабрга қўйилгандан кейин, тобутга вақти келса, қарашга одам топилмай қолади!

 

Достон Убайдуллаев: - Жойига олиб бориб қўйишга.

Абдулла Қурбонов: - Ҳа, мен шундай вақтларда кўраман-да, ҳақиқатдан ўзим кўтариб оламан, болаларга, йигитларга, "қани кўтариб юборинглар укам, четга олиб қўяйлик” деб айтаман. "Нега?”  "Чунки шу тобут бўлмаганда қандай олиб келишарди майитни?” Халқимизни ичида, менга битта ёқмайдиган тарафи шуки, фақат санъаткорни эмас, ҳар бир инсонни қадри-қийматини иши тушганда, ёки бир ҳожатингиз чиқадиган вақтда эмас, уни ҳурмат қилдингизми, бутун умр қадр-қиммат қилинг! Борида, тириклигида ҳурмат қилинг! Ишингиз тушиб тўйга айтган вақтингиз, ёки концертингиз бор вақтингиз "вой укажоним, акажоним, сингилжоним” деб турманг. Бир хил одамлар бор, иши тушаётган вақт, сизни олқишлаб, шундай зўр гаплар гапиради, осмонларга олиб чиқиб қўяди. Ёнингиздан кетган вақт, бир-икки ўртоқлари билан ўтириб олиб, сизни ғийбат қилганда, гўрга тиққунча ғийбат қилади. Бу энг ёмон нарса! Ҳей дўстларим, ака-укаларим, опа-сингилларим, ҳамма нарсани ҳам жойида ҳал қилиш керак. Гап келдими, гап келганда отангни аяма дейишади. Менда шундай одат, келган жойида гапириб юбораман гапни. Ичимда қолиб кетса, юрагим сиқилиб, асабийлашиб ўтираман. (самимий) Қониқдингизми Достонжон?

 

Достон Убайдуллаев: - Мени ўзимга ҳам ёқмайдиган нарсаларни аниқ айтиб бердингиз. Фарзандларингиз бор, Худога шукур, сиз ҳам отасиз. Эртага фарзандларингизни келажагини, ким деб кўргингиз келади?

Абдулла Қурбонов: - Фарзанд ишқ боғида дунёга келади тўғрими? Боя зурриётларимиз деб, дуогўйларимиз деб айтдингиз. Фарзандингни орқасидан биров "э барака топ-ей, мана шу ўғлингга раҳмат, отангга-онангга раҳмат” деса-чи, қувонаркансиз! "Э падарингга лаънат” дейдиган сўзлардан худони ўзи асрасин! Мени фарзандларимга мени ниятим, сахийларни икки дунё офтоби дейишади, бахилларни икки дунё дўзахи дейишади. Эй худо, мени болаларим сахийлар қаторида бўлсин! Мени фарзандларим саҳобалари даражасига етадиган фарзандлар бўлсин! Уммати Муҳаммад бўлсин! Илоҳим, ота-онасини юзага чиқарадиган, оиласига фойдаси тегадиган, яшаб турган мамлакатига фойдаси тегадиган, юртини обод қиладиган, топган даромадини барбод қилмайдиган фарзандлар бўлишсин!

 

Достон Убайдуллаев: -  Пул топиб, ақл топмаган инсон бўлмасин демоқчисиз.

Абдулла Қурбонов: - Ҳа, меҳнатдан келса бойлик, ҳаёт бўлар чиройли! Шунинг учун ҳам, фарзандларига едираётган вақтида ҳар бир инсон, ҳалол едиришга ҳаракат қилиши керак, деб ўйлайман. Ризқ шундай нарса-ки, ҳаром едириб қўйсангиз, у албатта тешиб чиқади. Бола айниб кетишига, ота-она сабаб бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Нимага-ки, ризқ едираётган вақт, ризқни сабабчиси ота-она. Ҳаром едирса, ҳаромни орқасидан ҳаром ишларни олиб келади. Шунинг учун, болага луқмаи ҳалол едириш керак. Ҳаммамизни ҳам фарзандларимиз бор, ҳаммамиз ҳам фарзандларимизни роҳатини кўргимиз келади. Мени ниятим, ҳар биримизни ниятимиз шундай бўлса керак, фарзандларимиз орқамиздан "отангга раҳмат, онангга раҳмат. Қайси мамлакатда туғилган бола экан? Қайси миллатдан экан бундай фарзанд?” деб орқасидан раҳмат олиб келадиган фарзандлар бўлишини тилайман.

 

Достон Убайдуллаев: -Ўзбек эстрадасида энг севиб тинглайдиган қўшиғингиз?

Абдулла Қурбонов: - Ўзбек санъатида, мен устазодаларни кўп эшитаман. Энг севиб тинглайдиган қўшиғим, марҳум санъаткор Фаттоххон Мамадалиевни битта қўшиқларини ҳозир ўзим ижро этмоқчиман. Ҳозир шуни ҳаракатидаман. Ўзим кўпроқ эшитиб тураман. (хиргойи қилади) "Ватан сени жамолингни кўрай деб соғиниб келдим, Гулу гулзор, чаманзоринг кўрай деб соғиниб келдим” шу қўшиқни эшитаман. Ватан биринчи бўлиб, бу оиламиз, уйимиз, туғилиб ўсган жойимиз. Қаерга борсак ҳам, чопқиллаб келадиган жойимиз бу уйимиз, оиламиз тўғрими? Шунинг учун ҳам, устоз ҳофизларни тинглайман, маза қилиб эшитаман.

 

Достон Убайдуллаев: - Ҳозирги кунда ҳар хил газеталар, интернет сайтлари бор. "Жёлтый пресса” дейди-ю. Баъзида ҳар хил гапларни, бор гапни ҳам бўрттириб, қўшиб ёзишига, нотўғри фикрлар беришига қандай қарайсиз?

Абдулла Қурбонов: - Бу албатта нотўғри нарса. Жаҳлим чиқади бир хил пайт. Журналистларимиз савол-жавоб қилишади-да, "порлоқ юлдуз” дейишади. "Халқимизнинг порлоқ юлдузи, машҳур санъаткоримиз, фалончи” деб ёзишади. Бу қандай қилиб юлдуз бўлиши мумкин? Юлдуз бўла олмайди икки дунёда назаримда. Ўлгандан кейин юлдуз бўлиши мумкин, шўъла сочиб юриши мумкиндир, агар юлдузлик мартабасига етган бўлса, ўзини ёритолган бўлса, албатта. Битта юлдуз ер юзидан катта. Осмон олис, жойида туради. Ер эса пастда ва ҳаммамиздан қолиб кетадиган ер. (ўйланиб) "Юлдуз” деб ёзишади, мана шу саволига жавоб-да мендан. Ундан кўра, саҳна юлдузи, санъаткорлар санъат майдонида юлдуз даражасига эришмоқчи бўлган, юлдузлик даражасини орзу қилган деса, унда бошқа гап. (самимий) Реклама учун, йўқ нарсани ўзи машҳурмасларни гапиришади. Рекламада уларни ўрни бўлиши мумкин, шоу бизнесда ўрни бўлиши мумкин. Лекин, йўқ нарсани гапиришса . . .  Масалан, бормаган давлатларини ёзиб ташлашади. Ўзи компьютердан машҳур бир юлдуз билан расмга тушиб олган бўлади. Компьютердан қирқиб қўйиб қўйган бўлади. Манманлик бу худога. Шу савол-жавобларни халқни алдамасдан, иложи борича тўғри ёзишсин. Айтишади-ку, ҳақиқат эгилади-букилади, синмайди деб. Санъаткорларнигина эмас, бошқа касб эгалари ҳақида ёзганда ҳам, тўғри нарсани ёзишса, яхши бўлади, деган фикрдаман. Ҳамма журналистларимизга раҳмат, омад тилайман.

 

Достон Убайдуллаев: - Сиз ўзингизни қандай инсон деб биласиз? Хушчақчақ, ҳамма билан тил топишиб кетаверадиган инсонми? Ёки ўзига яраша қандайдир бир характери бор инсон деб биласизми? Камгап масалан?

Абдулла Қурбонов: - Мен ўзимни камгап дея олмайман. Ҳамма билади-ку, мен тўйларда ҳам гапириб бошлайман. (кулади ва кейин жиддийлашиб) Мен ўзимни ҳамма билан чиқишиб кетаверадиган инсон, деб биламан. Нега? Мени олдимдаги одам қайси касбда бўлмасин, ҳайдовчими самоварчими, ошпазми, у билан шундай муносабатда бўлгим келади-ки, худди ўша инсонга ўхшаб олгим келади. Ўша инсон мен ҳақимда бошқача фикрга бормасин дейман. Ўзини оларкан, унақа, бунақа экан демасин дейман. У инсон билан, биринчи муомалада яхши бўлиб оламан. У одам менга ўзини кўрсатмоқчи бўлмаса. Ким эдинг-у, ким бўлиб бўлдинг, деган савол бор. Мен бу саволни ўзимга ҳам бериб тураман. Дейлик, ўзи бир кўча супуриб юрган бола бўлса ва мен билан савол-жавоб қилаётган бўлса. Кўнглига қараб, ҳурматини қилиб турсаму,  ўзидан-ўзи . . .  бир нарса деса, юрагингизга тегади. Ундан сўнг, ўшанга яраша жавоб бўлади.

 

Достон Убайдуллаев: - Агар сиз санъаткор бўлмаганингизда, ҳеч хаёлингизга келтириб кўрганмисиз, қайси касб эгаси бўлардингиз? Қайси касбда ўзингизни кўра биласиз?

Абдулла Қурбонов: - Агарда мен санъаткор бўлмаганимда, пешонамга ёзилгани бор-ку, тақдири азал, пешонамда қайси касб бўлса ҳам, ўша касбни зўри бўлишга ҳаракат қилардим. Билмаслигим мумкин-ку, учувчи бўлиб қолишим мумкин ёки қурувчи бўлиб қолишим мумкин. (кулиб, самимий) Новвой бўлиб, нонлар ёпардим, бозорларга чиқардим. Ёшликда тадбиркорликка ҳам меҳр қўйганман. Ҳозир ҳам шуғулланиб тураман. Баъзилар айтишади, шоу бизнес, Абдулла фақат тўйга қараб қолган деб. Йўқ! Мени тўйдан бошқа касбларим бор. Масалан, бизнес билан шуғулланаман, ҳалол бизнес. Олди-сотди қиламан. Кўп нарса сотиб оламан, камроғини сотаман. Ярмини олиб қўяман. Кейин у бирортага зарур бўлиб қолса, сотаман. Ярми фойдага қолади. Тадбиркорлик, бу айбмас. Пайғамбаримиз ҳам тадбиркорликни суннат қилиб кетганлар. Эркак кишига қирқ ҳунар оз. Мен ашулачиман, ҳофизман деб уйда ўтираверсам, тўйим бўлмаса, хизмат бўлмаса, концерт бўлмаса, нимадир қилишим керак-ку. Шунинг учун, қирқ ҳунар оз деб, бизнес, ҳоҳлаган ишимни қила оламан, лекин қонунни ҳурмат қилган ҳолда, қонуний, ҳужжатларини расмийлаштириб, ҳалол иш, бизнес билан шуғулланаман.

 

Достон Убайдуллаев: - Ҳозирги кунда сиз кинорежиссёр бўлиб қолсангиз, кинорежиссёр сифатида қайси мавзуни кўтариб олиб чиққан бўлардингиз?

Абдулла Қурбонов: - Менда бир мавзу бор, ўшани ҳеч ёритиб ололмаяпман. Худо ҳоҳласа, ўшани қилмоқчиман. Режиссёрликка ўқимаганман, лекин режиссёрлик қила оламан. Масалан, менга режиссёрлик вазифасини топширса, бир гуруҳ мен билан чиқса, бемалол. Мен бир серияли фильм олмайман, мен сериал олишим мумкин. Бўлмаганда 7 қисмли бўлади.

 

Достон Убайдуллаев: - "Шайтанат”ми?

Абдулла Қурбонов: - Йўқ, меники "Оққан дарё оқаверади”. Ғояларим кўп мени.

 

Достон Убайдуллаев: - Ҳозирги кунда дуэт куйласангиз, ким билан куйлаган бўлардингиз? Қайси санъаткор билан?

Абдулла Қурбонов: - Агар мен ҳозирги кунда дуэт айтмоқчи бўлсам, машҳур санъаткор билан айтмоқчи эмасман. Нега? Ҳозир ёшларимиз кўп. Машҳурмас санъаткор билан куйлардим. Негаки, кимгадир ёрдам қилиш керак-ку, кимдир қўллаб-қувватлаши керак. Ҳадеб машҳурларга осилавериш керак эмас-ку. Дейлик, машҳур инсон танилмаганни олиб чиқса! Мана Каниза деган қўшиқчи қиз, Достон билан қўшиқ куйлаб танилиб кетди. Достон билан айтибди, дейишди. Каниза билан Достон дейилмади, Достон билан дейилди! Достонни 20 йилдан бери билишади. Шунинг учун, мен ҳам ҳали машҳур бўлмаган, энди санъат майдонига қадам қўйиб келаётган ёш истеъдодларга ёрдам бериш ниятидаман. Ҳозир ўзим жойлар тайёрлаб, студия қиляпман.

 

Достон Убайдуллаев: - Сиз тарбиячисиз. Масалан, болалар тарбиячиси, боғчада! Ҳозирги кундаги болаларга қандай тарбия берган бўлардингиз? Ўзингиздан келиб чиққан ҳолатда, Абдулла Қурбонов фикри билан?

Абдулла Қурбонов: - Агар Абдулла Қурбонов фикри билан айтадиган бўлсам, биз Ўзбекистон фуқаросимиз, ер юзидаги  барча халқлар аро, ўзбек халқига муҳаббат кучли. Ўзбек халқига ҳаттоки, Имом ал-Бухорийни юртидансиз деб, Маккаю Мадинада, Байтуллоҳда бошқалар ҳавас қилади. Ҳозирги кунда, келажак ёшларни қўлида дейишади, мени ҳам шу ниятим келажак, ўсаётган ёшлар бизни қайси авлоддан эканлигимизни билсин. Баъзи пайт телевизорларда ёшлар кўрадиган мульфильмларни, ёшларга кўрсатилаётган нарсаларни кўриб, асабийлашаман. Нима учун қандайдир ҳайвонлар, бўлар-бўлмас нарсаларни беришади? Бу нотўғри, менимча. Буни ўрнига болаларга яхши билим берилиши керак. Ёшликда олинган илм, темирга ўйилган билан баробар, қариганда олинган илм, кесакка ёзилган билан баробар. Шунинг учун, ёшларга илм бераётганда, "Сен қайси йўлда юрасан, сен қандай инсон бўласан?” деб, "отангни ҳурмат қил, онангни эъзозла, ака-укаларингни ҳурмат қил, сени ортингдан ҳамма раҳмат дейдиган бола бўлгин, сени ҳамма дуо қиладиган инсон бўлгин” деб тушунтириб, тарбия қилиш керак. Мана ўзим ҳам қизимга, шундай дейман, "қизим, она қизимсан, сен мени келажагимсан, эртага катта бўлганингда, бир жойга борганингда уялтирмагин, онангдан қандай сабоқ оляпсан, сен ўзбек оиласидаги урф-одатни ўргангин” деб, ёш бўлса ҳам гапириб тураман. Онасига ҳам "онаси тўғри тарбия бергин” деб айтаман. Ота-она фарзандини тарбиячиси! Демак, бизни тарбия билан эртага катта бўлиб, ё раҳмат олиб келади, ё лаънат олиб келади. Ҳар бир фарзанд, ота-онасига раҳмат олиб келсин! Дуо олган омондир, қарғиш олган ёмондир! Мени ниятим, ҳар биримизни фарзандларимиз дунё ҳавас қиладиган инсонлардан бўлсин! Ер юзида ўз ўрнига эга, оқил фарзанд бўлишсин! Ёшлигимизда ўзимиз ҳам бола бўламиз, кейин эса, ўзимиз ҳам ота-она бўламиз ва фарзандимиз учун жон куйдирамиз. Энг муҳими, юртимиз тинч бўлсин! Чунки, тинч юртда санъат ривожланади. Тинч юртда концертлар бўлади. Юрт тинч бўлмаса, қанча пулингиз бўлса ҳам татимайди. Энг катта неъмат бу тинчлик, хотиржамлик, саломатлик.

 

Достон Убайдуллаев: - Сиз ўз айбингизни биласизми? Айбингизни билган вақтингиз тан оласизми, ёки билиб туриб тан олмайсизми?

Абдулла Қурбонов: - Ҳаммада айб бор. Мен жаҳлим чиққан вақтда, биров нотўғри иш қилаётган бўлса, менга яқин инсонми, бегонами, мени қизиқтирмайди. Мени акам ёки укам деб, мен уни нотўғри ишини кечириб юборишим керак эмас-ку. Кечириб юбораман, қачон жойида гапим бўлса гапираман. Лекин, мен ким билан уришган бўлсам, тортишган бўлсам, уч кун! Тўртинчи куни ё у инсон мени учратиб қолади, ёки мен уни кўриб қоламан. "Мени тушундингми?” дейман, у ҳам "акамсиз-у” дейди. Ёки "ака хафа бўлманг, ўша куни нотўғри эди” дейди, "эй укам” дейман. Уч кун ичида мен ҳам айбимни тан оламан, ёки тўғрилигимни тан оламан. Барибир, тўртинчи куни, унутиб юбораман. Жаҳл уч кун, тўртинчи куни жаҳл йўқ. Нима бўлганда ҳам, тўртинчи куни, ярашиб кетиш керак, ҳаммадан қолиб кетади дунё. Кибрга берилиш керак эмас.

                                                              

                                                                                        Лойиҳа ҳақида

 

Абдулла Қурбонов: - Бу лойиҳа менга ёқди. Негаки, мен бу ерда журналист билан савол-жавоб қилмадим. Достон билан савол-жавоб қилдим. Достон ҳам мени укам, ҳам мени таниганим. Мени оилам билади уни оиласини, бир-биримизни иссиқ-совуғимиздан хабаримиз бор. Шунинг учун ҳам, у билан самимий суҳбатлашдим. "Sayyod” сайтига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Шундай суҳбат қилинглар, санъаткорларни ўзига ташлаб қўйинглар.

Достон журналист сифатида ҳам, менда жуда яхши таассурот қолдирди. Биз ёшлигимиздан катта ёшли, ақлли инсонларни ичида, уларни дуоларини олиб, улардан эшитган гапларимизга амал қилиб, катта бўлганмиз. Суҳбатимизни ҳақиқатдан, менга ибрат бўладиган жойлари, керакли саволлар бўлди. Журналист сифатида қойил қолдим, Достон жуда яхши саволлар берди. Мен ундан ёмон савол кутмадим. У нима савол беришни ҳам, қайси мавзуда гаплашишни ҳам билади.

Уни ўрнида бошқа санъаткор бўлганида, асабимга тегадиган ёки кўнгилга ёқмаган саволни бериши мумкин эди. Бу ерда ажабланадиган, одам ўйланадиган саволлар бўлган бўлиши мумкин. Лекин, ғазабланадиган саволлар бўлмади. Энди мен билан уни орасида рақобат йўқ. У менга рақобатчи эмас. Нега? Боя айтиб ўтганимиздек, бир-биримизни ёшлигимиздан биламиз. Рақобат бўлмаса ҳам, ютиб чиқа олмайсиз. Бизга бошқалар рақобатчи бўлишади.

 

Достон Убайдуллаев: - Бу лойиҳа менга ҳам жуда ёқди. Абдулла акамни гапларига қўшиламан. Абдулла ака билан ёшликдан ака-ука бўлиб катта бўлганмиз. Буларни оиласи билан бизни оила дўст. Шунинг учун, акам билан гаплашгандек маза қилиб гаплашдим. Ростдан ҳам журналист кутилмаганда қандайдир саволлар берса, довдираб қоласиз. Ака-ука бўлганимизга, самимий бир суҳбат бўлди. Абдулла акам журналист сифатида яхши саволлар бердилар. Энди журналистлардан, мана бу саволни берармикан, деб кутиш мумкин. Лекин, энди булар акам бўлганлари учун, ундай нарса кутмадим. Бу лойиҳадан қониққаним, қандайдир ўзимга керакли бўлган саволларни бера олдим. Кейин, ака-ука бўлса ҳам, кўп суҳбатлашсангиз ҳам, баъзи нарсаларни сўрай олмайсиз, масалан, Муҳриддин Холиқовдан, нимага Фаррух ака Зокировга ўтиб кетгансиз деган саволга, жавобни билмасдим. Шу нарсаларни билиб олдим. "Sayyod” сайтига ҳам омад тилайман.

 

Лойиҳа давомида, ҳар икки хонанда ҳам жуда самимий суҳбатлашдилар. Ўзаро ҳазил-ҳузул билан, лекин саволларга ўйлаб жавоб бердилар. Ҳар иккови ҳам бир-бирларига ўйлаб, саволлар бериб, жавобларида ҳам шу кунгача маълум бўлмаган, очиқ қолган баъзи ҳолатларга ҳам, ойдинлик киритдилар.


(с) sayyod.com лойихаси.

Саида Вахобова ёзиб олди.

 

Бўлим: JurYuldus | Кўрилган: 13027 | Чоп этди: Sayyod | Теглар: Abdulla Qurbonov, Doston Ubaydullaev

Нравится
Барча изохлар: 27
1 ibi   (20-Апр-2011 08:07) [Материал]
Boshida hayrooon bo'ldim, keyin o'zimga o'zim "bu bolani ko'p chalkash gapiradi" deyishardi, shu bo'lsa kerakda gapirishi dedim. Lekin yahshi hamki, to'liq gaplar emaskan. Shu erga ham qo'ysangiz, hursand bo'lardik. A tak, rostdan ham Muhriddin Holiqov haqida yomon gaplar bo'lsa, qo'yilmagani ham ma'qul.
Sevimli San'atkorlarni, bo'libam marhumlarini chiroyli hotira bilan eslaganimiz yahshi. Hamma odamda ham harakter bo'ladi, kayfiyat bo'ladi, shaytoni bo'ladi. Har bir shahsiy gapi, hayoti bo'lagini ko'chaga obchiqib nolish shart ham emas, yahshi ham emas.

2 saki   (20-Апр-2011 08:24) [Материал]
yo alxazar,,,,,,,,, sarlavxasini uzi g'alati ??????

3 Dilnoza   (20-Апр-2011 12:26) [Материал]
Hayotda bazida tushunarsizlik bo'ldi bazida emas ko'pincha nima bo'lganini biz bilmaymiz balki ular indamasdan ichiga saqlagandan ko'ra bir birlariga nima bo'lganini aytishsa ustoz shogirt ajralmasmidi ular bir birlarini yomon ko'rmasalar xam o'sha bo'lgan voqiya ikkilantirib qo'yaveradi xamma narsani betga aytaman ayniqsa noxaqlik bo'lsa ayab xam o'tirmayman chunki bu bilan xaqiqatni bilib bo'lmaydi to'qigan odam bu gaplarni yuzma yuz aytishimni kutmagani uchun xam dovdirab o'zini yolg'onlarini bilmagan xolda ochib qo'yadi ishonaman ular o'rtasida xam bir buzg'inchi ko'rolmas bo'lgan eshtgan gaplarimga ishonishga shoshilmayman ko'z ko'rib quloq eshtib boshqacha tushinish mumkin eshtgan gaplarga ishonishga yo'l bo'lsin chunki bu dunyoda yolg'onchi ko'p ishonaverish kerakmasda

4 Guli   (20-Апр-2011 12:54) [Материал]
good

5 Milashka   (20-Апр-2011 14:35) [Материал]
bu abdulla manimcha muhriddin holiqovni yomonlavotti shekilli uzi sal haliginaqaroq toshkendagi tuyladayam doim janjal chiqarib yuradi

6 kudratbek   (20-Апр-2011 16:17) [Материал]
menimcha o'lgan odamni orqasidan bo'lib o'tgan ko'ngilsiz holatlarni yodlab marhumniyam bezovta qilmalaring eslaring bormi o'zi o'zingni hayotingni ertangi kuningni o'ylalaring undan ko'ra

7 Yodgor   (20-Апр-2011 18:30) [Материал]
Shart emasdi shu gaplardi doston qilish .. Utib ketgan gaplarni kutarish....

8 munawwara   (20-Апр-2011 21:32) [Материал]
munawwaradin uzbekctan ilim cahiblariga calom!

9 feruza   (20-Апр-2011 23:28) [Материал]
abdulla qurbonovga nima bolgan uzi galatimi hudda birov rossa urgandey.

10 bek88   (20-Апр-2011 23:39) [Материал]
Davomi qani oxirigacha yozing

11 QALQON   (21-Апр-2011 14:03) [Материал]
Darakchida chiqqanidan keyin saytgayam joylashtirila hurmatli adminla! Bizda ya'ni O'zbekistondan tashqaridagilarda Darakchini olib o'qishga imkoniyat yo'q! )))

12 bratuha   (21-Апр-2011 18:18) [Материал]
atak shu sahifani ochirib tashasez yahshi bolardi olib tashela bolla

13 Dilnoza   (21-Апр-2011 21:37) [Материал]
Bo'lib o'tib ketgan narsalarni yaxshisi eslamaslik ayniqsa yomon narsalarni

14 Дилноз   (22-Апр-2011 00:50) [Материал]
Достонни утиришини карела, шу болага беш кетаманде, Абдулла нима дисаям эшитииииб утирибди, маладес!

15 UmmoNka   (23-Апр-2011 11:50) [Материал]
Abdulla oshibdimi? Intervyugayam ukrop,kashnichladan urib keganmi diyman.chota nuqtala ko'p!

Muhriddin Xoliqovni ustoz sanatkor db eslasey,bu Abdulla 4urbanovni kukun simirib yuradgan db eslashadi.


16 Farangiz   (29-Апр-2011 14:25) [Материал]
хаммелага маладец

17 shohida   (29-Апр-2011 14:27) [Материал]
tovba

18 Sitora   (02-Май-2011 05:06) [Материал]
YAhshi,

19 shahnoz   (02-Май-2011 07:53) [Материал]
Togrisi munchayam Abdulla Qurbonov mayda gap bo'lmasa!Erkak kishi digan munaqa bomidide.

20 saki   (02-Май-2011 09:10) [Материал]
Raxmat

21 bek   (02-Май-2011 17:21) [Материал]
ABDULLA QURBONOV KUPCHILIK YAHSHI KURADI.endi nima bugandayam yahshi qushiqchi SHU ABDULLA, KUPCHOLIKKA YOQADI ENG MUHIMI 2LASI HAM JONGA TEGMAYDI , BIR-BIR YAHSHI QUSHIQ ETIB QUYISHADI OMAD

22 Рахматжон   (02-Май-2011 20:25) [Материал]
Абдулла агар шу тарзда Мухриддинака хакида гапирадиган буса, узтоз деб тан олмагани яхширок эди. узини хурмат килган киши шу даражада гапирмайди.

23 X-MAN   (02-Май-2011 22:27) [Материал]
Ikkala san'atkorimiz ham oliy toifadagi qo'shiqchilar! Ayniqsa Abdulla akaga gap yo'q!

24 Ummat   (03-Май-2011 13:37) [Материал]
Juda qiziqarli suhbat. Hammalariga omad.

25 8791   (03-Май-2011 19:59) [Материал]
ikta san'atkor bir biri bilan savol javob qilsa yaxshiroq ekan, chunki san'atkorlar jurnalistlarni gapiga qisqa qilib javob berishadi, bu loyihaga esa to'liq javob berishgan..intervyuga kelsak, bulardan birortasini hayotda bilmay turib yaxshi yo yomon deyolmaymiz..

26 fahriddin   (08-Май-2011 16:23) [Материал]
ASSALOMU ALAYKUM HAMMA YHSHILARGA. SIZ AZIZLARGA BIR MISOL KELTIERMOQJIMAN. BIR OLIMDAN SURABDILAR: -UKANGNI KUPROQ YHSHI KURASANMI DUSTINGNIMI? -UKAMNI,-DEB JAVOB BERIBDI U,-AGAR DUST BULSA!..

27 M-file   (26-Янв-2014 22:59) [Материал]
Muhriddin Xoliqov hozirgi estrada xonandalari talim olgan maktab.Bu Abdulla nimala dvotti.Unga uxshaganla 100000000tadanam kup.Muxriddin esa...LEGENDA!!!

dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Исмингиз *:
Email(шартмас):
Код *:

Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: 

Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ!

Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин!

-Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. 

(батафсил манбаа)

Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод

YUQORIGA!