11:56 Абдуллани халқ кечиргиси йўқдек...+Видеоинтервью | |
26 февраль куни Абдулланинг лицензияси Ўзбекнаво эстрада бирлашмаси томонидан бекор қилинди. Мунтазам қонун бузганлик сабаби кўрсатилган важга, шахсий фикрим ўзимда қолди. Бир айб учун икки маротаба жазолаш нотўғри деган фикрни олға сурган холда, мақола битгандим. Мақолани кун ярмига келиб олишимга сабаб эса халқнинг кескин фикрлари бўлди... кутмагандим. Халқ Абдуллани кечиришни истамаётгандек, буларни кечаги изохлардан билиш қийинмасди. Балки одамлар Абдулланинг бу воқеага аниқликларию тавба тазаррусини эшитмагани сабаб шундай фикрдамикан? Шахсан ман у мақолани Абдулла билан сухбатдан кейин ёзганим, сухбат давомида Абдуллани тушунгандек эдим. Шунинг учун хам, кечаги фикрларимни мана шу интервью билан бирга тақдим этаман дедим. Билмасам... Хозир эътиборингизга сухбат ва сухбат жараёнидан видеони (видео сухбат сўнггида) хам тақдим этаман. Балки халқ уни тушунар, кечирар...балки эса йўқ. Хархолда кечаги уни ёнини босишга сабабим ёзувлар тариқасида далил билан бор. Абдулла Қурбонов "Журналист-юлдуз” лойихамизда Достон
Убайдуллаев билан қатнашган эди. Яқиндагина тарқалган видео хақида сайтимизда
хабар бериб, қисқача фикримизни билдиргандик. Абдулланинг ўзи биз билан
боғланиб, мазкур холат юзасидан интервью бериш истаги борлигини айтиб , офисига
таклиф қилди. Ўрикзор тарафларда жойлашган Абдулланинг
офисига бир борган одам, қайтиб кетиш
йўлини топа олишига ишонолмайман. Сабаби жудаям махалланинг ичкарисида айланма
кўчалар аро бориларкан. Яхши хамки,
жамоамиз машинада. Бизни катта кўчадан Абдулланинг укаси кутиб олиб офисгача
кузатиб келди. Хонадон участка бўлиб офис тарзида
жихозланган. Ичкаридан Абдулланинг ўзи кутиб олди. Сухбатни
болаликдан бошладик. Абдулла Қурбонов: -9 ўғил, 1 қиз орасида катта бўлиб, нонвойликдан
санъатга кириб келдим. Бува боболаримиз
ахли илм бўлишган, шунинг учун бизга қўлингдан келса яхшилик қил,
яхшилик қилолмасанг ёмонлик қилма деб айтилган шиор остида тарбияланганмиз. Илк
устозим Мухриддин Холиқов бўлганлиги сир эмас, уларнинг санъаткор бўлишимдаги
хизматлари 100 фоиз бўлган. Sayyod: Нонвойчиликдан бирдан санъатга қадам
оралиғидаги узвийлик қизиқ. Абдулла Қурбонов: -Отам Ўзбекистон Халқ Хофизи Шерали Жўраев
билан 1971-1972 йиллардан, то мен 1976 йил туғилгунимга қадар бирга ишлаганлар. Отам чилдирма чалганлар. Шерали ака уйимизда
кўп бўлардилар. Нонвойчиликда катта бўлган Дониёр акам борлар, айнан шу инсон 1987 йил илк маротаба тўйга
олиб чиққанлар. Ўша пайт атиги икки қўшиқ куйлашни билардим, "Анори донаю дона”
ва "Қўша қўша тўйлар бўлсин”. Одамларнинг илиқ қабул қилишидан кейинчалик
тўйлар тўйга уланиб кетаверди. Ўша
пайтлар "Брейк” ва Майкл Джексонча рақсларга хам тушардим.
Мухриддин Холиқовни тўйларни бирида учратгач, мени шогирдликка оласиз
деб туриб олганман. Уларга сахий ва Хизр
назар қилган инсон дея бемалол таъриф бера оламан. Мухриддин
Холиқовнинг илк хонанда шогирдлари
бўлганман. Анвар Санаев, Рустам Махмудов
ва Отабек Мадрахимовлар эса уларнинг созандалари бўлишган. Мухриддин акага бўлган вафоимни таърифлаб
бўлмайди, канадек ёпишиб олгандим, сўксалар хам урсалар хам кетмайдиган
даражада бўлганман. Улар хам мени хеч кимга ишонмасдилар, жудаям яхши
кўрардилар. "Торпедо” деб лақаб қўйгандилар, сабаби биронта буюрилган ишни
зудлик билан амалга ошириб келиб, бирон маротаба мана шу вазифани уддасидан
чиқа олмадим деган жавоб қилмагандим. Бозор ўчарни хам ўзларидан аъло қилиб
келардим. Ўша пайтлар 4-5 синфдаги бола эдим. Sayyod: Уйдагиларингиз бунга қандай қарашган? Жудаям ёш бўлгансиз, у пайт барибир ўқиш ва
илм олиш устун бўлмаганми уйдагиларингизга? Бу ёшда танлаш хуқуқи хам
бўлмайдику. Абдулла Қурбонов: -Мактаб
директорларимиз хам "Сани онанг
гўдаклигингда сўрғич ўрнига, микрофон бериб катта қилганми?” дейишарди. Болалигимдан мактабда парта борми, нимаики бўлса
, қўлим билан чалиб ўтираверардим. Ўша
пайтлар Афғонистон хақида қўшиқлар оммалашган даври эди. Мактабда тадбир бўлиб, "дўстлари келсаю, келмаса болам, дўстлари
кулсаю, кулмаса болам” деган қўшиқни куйлаб, ўқитувчиларимни йиғлатгандим. Оналар йиғиси ва уларнинг дуоси хамиша мени илхомлантирарди. Хозирги кунгача нотани хам билмайман лекин , Худо
юқтирганига шу даражадаман деб хисоблайман. Мактабдан 3-4 синфдалигимда Халқ
хизматига чиқиб кетдим. Болаликдан
санъатчи бўламан деганманда, тарихчи, рассом ё математикмас. Мухриддин акани уйларида ўғиллари қатори
яшардим. Устоз кўрмаган хар тарафга
йўрғалар дегандек, хозирги хонандалар "Тўйлар муборак”ни куйлашни билишмайди.
Мухриддин ака эса , биринчи бўлиб шу қўшиқни куйлашни ўргатган. У пайтлар соатлаб жонли куйланарди. Хар қанақа вазиятлар бўлгану лекин , бир куни ,
бир сабаб билан Мухриддин акадан чиқиб кетганман. 1987 йил шогирд тушган бўлсам, бу воқеа 1990
йил бўлиб ўтган. Бир кун
тўйдан келсам, отам оғир ахволда тоблари қочиб ётган экан. Отам етим ўсган,
болаликларида додамиз Ватан химояси учун урушга кетиб, қайтиб келмаган. Бировни бурнини қонатиб эмас, халол ишлаб
оила боқганман дердилар. Сенларни сариқ
сигирни соғиб катта қилганман деганларида, нега ундай дейсиз? деб
сўраганимизда, таксида хайдовчилик қилиб пул топган эканлар. Кейинчалик эса шу Шерали Жўраев билан
ишлаганлар. Отамни фарзандлари кўп
бўлгани билан "Ўнта бўлса ўрни бошқа,
қирқта бўлса қилиғи” дегандек шу тобда барибир олдиларида бўлишим керак эди.
Ўнта фарзандни катта қилиш осон кечмаган. Қўқон шахрига тўйга боришимиз керак эди, ва мана шу отам касаллиги сабабли , жон
устоз, отамни ташлаб кета олмайман
десам, "Бир кун отанг, бошқа кун доданг
касал бўлади, бор кетавер, бошқа олдимга келма” деб тўйга кетиб қолдилар. Отамни шифхонага ётқиздик, шукр тузалиб
кетдилар. Тўйдан келган кунлари, эртаси
куни Мухриддин окани олдиларига бориб, вазиятни тушунтирсам, "Энди ўзингни йўлингни топ”
дегандилар. Йиғлаб хайрлашганман... Шу 1990-91 йилларда Ботир Зокировнинг ижодига бағишланган кўрик танлов бўлган. Шунга мени мархум Хусниддин Холиқов "Араб тангоси” қўшиғини куйлатиб тайёрлаганлар. Шу қўшиқни куйлаганимда Фаррух Зокировни йиғлаганини кўргандим. Мухриддин окамдан чиқиб кетганим боис, Фаррух акани олдига борганман. Ўша пайтлар "Халқлар дўстлиги” саройида (хозирги Истиқлол) УзГосЭстрада деган бирлашма бўларди. Фаррух ака ўша ерда ўтирардилар. Шу билан Фаррух ака билан шогирд бўлиб юрдим. Бир куни хизматда , бир
қиз мухлиса сифатида мен билан келиб гаплашиб қолди. Фаррух ака буни кўриб, "Ха
куёв бола бўлиб қолибсан” дея хазиллашганлар.
15 ёшларда эдим шунда. Эртаси куни Фаррух ака дуэт айтайлик деб таклиф
киритдим, шогирдингизман-ку деб. Шу
Абдулла куёвтўра ғояси хам ўзимдан чиққанди.
Ялла гурухининг 20 йиллик юбилей арафаси олдидан Москвага кетишимиз
кўзда тутилган пайт эди. Фаррух ака менга шеър топиб, ўзим хақимда ёзилган,
куёвтўра мазмунида бўлсин дедилар.
Мархум шоир Мухаммад Юсуф аканикига бордим. Дархонда турардилар, ёлғон бўлмасин, пиво ичиб турардилар. Дода , Фаррух ака
юбордилар деб, тўйда қиз билан гаплашиб
қолганим ва Фаррух окани гаплари, хуллас
хаммасини тушунтириб, шундай шеър
кераклигини айтдим. Бўлди, унда "Куёвтўра Абдулла” шеърини қиламиз, сен бориб
икта муздек пиво олиб келгин дедилар. Мен икки эмас, юраклари ёзилсин деб , тўртта пиво олиб келдим. Қайтиб келганимда , қўлларида қоғоз ва тўрт
куплет қўшиқ ёзиб турилган экан. Шеърни олиб Фаррух ака олдига бордим, хали
қўшиқ фонограмма , яъни магнит лентасига ёзилмасдан туриб , Москвага йўл олдик. Россия
концерт залида 4000дан ошиқ одам, бирқанча артистлар иштирок этдик, Обид
Асомов, Достон Убайдуллаев энди чиқаётган пайти ёш болакай эди, Хасан ва Хусан
хамда Кумуш Раззоқовалар.. хуллас менга хам навбат тегадиган бўлди. Араб тангосини куйлаганимда зал ларзага келди
ва кучли олқишлар билан тугаган бу қўшиқдан кейин , сахнага Фаррух ака чиқиб,
жонли ижрода илк маротаба шу Москвада
"Куёвтўра Абдулла” дуэти куйланди. Шундан кейин, ёшу қари шу қўшиқни хиргойи қилиб юрар
даражада хит бўлди. Ўша пайтлар кўп
болаларни суннат тўйларида куйлардик шу қўшиқни, қарангки бугунги кунга келиб, ўша болакайларни никох тўйларида хизмат қилиш бахти насиб
қилмоқда. Ўша пайт уйланганларни тўйида хизматда бўлган бўлсам эса, хозир
уларнинг фарзандлари тўйларида хизматда бўлиб келяпман Худога шукр. Не не одамларни хизматида бўлиб келяпмиз, пули
борми йўқми, фарқи бўлмаган, мени нархим фалон сўм деган гап бўлмаган. Нархим бўлмаган, берганига борганмиз. Дуо бирламчи бўлган, мана шу дуолар билан шу
даражага етиб келдим. Тўй бу орзу хавасли нарса, мени олдимга куёвларни ўзи, ёки анчадан бери ният қилганман деб онахонлар
келади. Созандаларимга хам айтаман, тўй
таклифига хеч қачон йўқ демаларинг, бу назардан қолишни бошланиши дейман. Бир
одам кўнгли ранжиб кетдими, оқибати яхши бўлмайди.
Sayyod: Тўй нархини бироз туширсам рейтингим
тушади, мани даражамга тўғри келмайди деган тушунчалар аксарият машхур
хонандаларда бор Абдулла Қурбонов: -Бунақа нарх наво билан одамни рейтинги
тушадиган бўлса, ундан кўра бўлмай қўя қолсин шу рейтинг. Бутун ер юзига ризқ
берилганида, санъаткор хонандалар жим
тураркан. Аллох уларга "Сенларни ризқингни халққа сочиб қўяман” деган
экан. Бизни ризқимиз аслида рости хам шу халқда. Санъаткор бўлиб, зўр бўламан деса, не не зўрларни кўрмадик.
Назардан қолиш керемас. Халқни юзига оёқ
қўядиган боламасман. Шу орада АҚШдан
қўнғироқ бўлади. Абдулла Қурбонов: -Мана қаранг , шу йигит 14 йилдан бери ният
қиларкан тўйида мени кўришни. Жасур
деган йигит, илмли ўқимишли бола. Тўй кунини 8 мартга ўзим тайинлаттирдим,
сабаби хамма шу куни аёлига гул олади, совға олади, сен эса ўзингни совға
қиласан дедим. Ундан бироз аввал 3-март
куни хам АҚШдаги яна бир ўзбек йигитни тўйи, қарангки бир қанча аввал Америкада
бошқа артистлар билан гала-концерт берганимиздан кейин, шу йигит "Шунча артистлар фонограммада
куйлади, сиз эса "Жонон бўламан” қўшиғини жонли куйладингиз, ният қилганман
келинг тўйимни ўтказиб беринг " деб илтимос қилди. Назарни қаранг. Йўл ва у ерда бўладиган пайтимдаги
харажатларни хаммасини улар ўзлари қоплашмоқда. Менга фалон сўм берасан деб талаб қилмадим,
сабаби ўша болалар мусофир юртда ўқиб ишлаяпти.
Sayyod: Аварияга учраганингиз оқибатида
юзингизда чандиқлар қолган, бу воқеага қанча бўлган? Абдулла Қурбонов: -2002 йил бўлган. Укам билан хизматдан қайтаётганимизда
йўлимиздан Москвич машинаси чиқиб қолган, халигача шуни тагига ета
олмайман. Уюштирилган бўлганми
дейманда... Одамлар мени ўлдига чиқариб, эшигимиз олдига маъракага деб, одамлар келишган . Шифохонага
келиб кўрганлар эса мени танимаган, бошим шунақанги шишиб катта
бўлиб кетгандики , таниб бўлмасди. Худога хуш келган жойим бор экан, одамларга
ёқадиган жойим бор экан тирик қолдим ва шу пайтгача келдим.
Sayyod: Ўспиринлик даврида куйлаш мумкин эмас
деб сизга маслахат беришганми? Ўтиш даврида куйланса овозга салбий таъсир
кўрсатади, Абдулла ўша пайтда хам куйлаганига овози бўғиқ деган фикрлар бор Абдулла Қурбонов: -Овоз мутация пайти дейишадию, Достонгаям мутация пайтида айтмагин
дейишганди, у айтмай қўйган, лекин аввалги овози билан хозирги овозини осмон
билан ерчалик фарқи бор. Овоз бўғиқмас,
керак бўлса агар овоз чиқараман десам, микрофонсиз тўй ўтказган
кунларимиз хам бўлган. Овози чиқадиган чилдирмами, таблами, ўшанга жўр бўлиб, харқанақа вазиятдан чиқиб кета олиб,
куйлайдиган санъатчи бўлганмиз. Хечкимми
зериктириб ёки кўнгилни қолдириб кетмаганмиз. Исталган қўшиқни фонограммасиз , керак
бўлса мусиқасиз хам куйлаб бера оламан. Тондан чиқмай, овоз қалтирамай куйлаб бераман, мақтанишмас,
Худога шукр юқтиргани шу бўлса керак. Sayyod: Сиз билан сухбатлаша туриб,
гапларингиздан, теран фикрлар ва исломий тушунчаларингиздан, инсон бир хулосага келса, халиги видеони
эсласак, на дунёқараш ва на ўзингизни
тутишингиз хозирги гапларингизга тўғри
келмайди. Тўғри жахлни инобатга олсак,
лекин сизга камера қараб турибди, сизни суратга олишаётганини била туриб, шартмиди шундай сўкиниш? Суратга оляптими , демак тарқалиши
тайин эканлигини билгансизку Абдулла Қурбонов:-(жим
ўйланиб қолади) Sayyod: Балки суратга олишни тўхтатсин деган
ниятда хақоротлар кучаявергандир? Видеони кузатсак, шундай хулосага хам келса бўлади. Абдулла Қурбонов: -Бир ўзимни хеч нарсага кучим етмас эди. Уришиб, уриб ташлайдиган кучим йўқ. Маст холатда эдим, юрагим сиқилган... Бўстонлиқда тўй хизматида эдим, бир одам қучоқлаб қулоғимни орқасини шундай эздики , кўзимдан учқун чиқиб кетди, оғриғига чидай олмадим. Келиб келиб, қулоғимни орқасидаги операция бўлган оғриқли жойни эзди-да. Ўша пайт кайфият хам йўқ, қорин оч, биласиз санъаткорни овқатланиш тартиби ўз қўлида эмас. Устига устак ўша ердаги йигитлар билан можаро бўлиб кетди. Ўзимни кучим етмаганидан , орган ходимларидан ёрдам сўраб мурожаат қилдим . Ходимлар эса мени мастлигимни кўриб , мени текшира бошлашди. Тушунмовчилик шу қадар
аралашиб кетдики, бир тарафдан маст холатидаман, яна икки қўлимни кишанлашган
холатдаман, атрофимда хаммаси қараб турибди, яна телефонга суратга хам оляпти,
мана шу рухан эзилиб турган пайтимдаги бўлаётган нарсаларни тасаввур қиляпсизми? Камида устимдан кулиш деб
жахлингиз чиқса, бошқа тарафдан бу холатни кўринишини ўзи, кучли рухий аффект юзага келтиради. Ва бу
холатда одам ўзига жавоб бера олмай қоларкан. Агар халқ мендан хафа бўлаётган
бўлса, тв орқали хам кечирим сўраш ниятим бор.
Хозир қаерга чиқсам , одамлар кўзида худди бировни хаққини еб қўйгандек,
зулм қилганимдек қарашяпти. Sayyod: Видеодаги асосан онадан сўкинганлик
халқ учун энг ёқимсизи Абдулла Қурбонов: -Ким сўкинмайди, мен хам оддий одамманку, яна
устига мастман, тан оламан, энди қолганини тасаввур қилаверинг. Икки маротаба бош мия чайқалиши ташхиси билан
даволанганман, менга умуман спиртлик ичимлик мумкин эмас, шунчаки шу куни хеч
нарса ёқмай, ғазабим тўлиб кетганидан ичгандим. Натижада бошқарувимни йўқотиб қўйдим, сўкиниши
тугул, гапираётган гапларимга хам жавоб бера олмайдиган холатга тушиб қолдим. Ўғри эмасман, террорист эмасман, Аллох асрасин, вахобиймасман лекин , маст
бўлганимга бундай муносабатда бўлиб видеога олиш , устимдан кулгандек бўлди. Мана шу сўкканим учун 10 суткага озодликдан махрум этилдим. Шу пайтгача милиция ходимларини кўрсам, барибир сизларга рахмат дейман. Милиция
бўлмаса, хамма бир бирини гўштини ейди,
лекин хамма касбда яхшиси бор, ёмони хам
бор! Sayyod: Тинтув пайтида сиздан чиққан нарсалар
нима эди? Абдулла Қурбонов: -Валерианка дориси юракка ва табак (тамаки). Бу воқеа 2012 йил ноябрь ойида бўлган ва нима
учун тарқалганини тушунмайман. Ички ишлар ходимларига ғараз ниятим йўқ, шу 10
суткадан чиқиб бориб, улардан узр сўраб
келдим. Беайб Паравардигор, шу куни
ичганим айбим бўлди. Мен
хақимда нима гаплар чиқмади дерсиз, гиёхванд хам дейишди, "шировой” хам, битта
шу "алкаш” денглар энди дедим. Топган пулимни кимлардир каби қинғир ишларга тикадиган
одаммасман, аввал оилам , ортса ана ногирон болларни оталиққа олганман, шуларга
сарфлайман.
Sayyod: Видео тарқалиб кетганлик сабабини
суриштирдингизми? Айбингиз учун жазоланибсиз, шундан кейин видео тарқалиши
фақат сизга минус бўляптику. Абдулла Қурбонов: -Суриштирдим, улар видеони
ўчириб ташлаган экан, билмасам қаердан қандай қилиб тарқалибди. Энди ўша одамниям оиласи бордир, бировга
ёмонлик қилиш ниятим йўқ, нима бўлса хам , айбим учун жазоландим, чиққанимдан
кейин улардан яна узр сўрадим. Халқдан хам узр сўрайман.
Sayyod: Сиз билан сухбатга келаётган пайтим, ижтимоий тармоқларда интервьюингиз манбасини
кўриб қолдим. Озодликка интервью
берибсиз, у ердаги фикрларингиз хозирги гапларингиздан фарқ қилмайдими? Абдулла Қурбонов: -Билмасам...Қандай тарзда етказишга хам
боғлиқдирда. Ўзимни айбимни тан олиб узр
сўрадим. Ичкилик маишат ўткинчи нарса деганман.
Бутун ер юзида ўзбек миллатига хавас қилишади деганман. Жонли куйлашни сўрашганида, Ўзбекистон хақида куйладим. Ўзбек миллатини ғурур билан тилга олинади. Бутун дунёга манаман деган улуғлар биздан
чиққан. Бекорга Ислом дини маркази деб Ўзбекистон тан олишмаган, Италия эмас,
Эрон, Малайзия, Арабистон эмас. Сабаби халқимиз мехмондўст ва Имом Ал Бухорий ,
Темурийлар юрти бу Ўзбекистон. Sayyod: Қўллаб қувватлаётганлар бўлдими? Абдулла Қурбонов: -Бу вазиятда устимдан кулган санъаткорлар хам
бўлди. 10 кунлик арестда олдимга фақат оила аъзоларим боришди. Аввал акам экан,
укам экан деб хаммани яқин олиб юрардим, йўқ ундай эмас экан. Беминнат хизмат
қилгандим қўлдан келганча, энди эса ўйлаб қиламан, кимга ва қандай... Хаттоки, ўнг кўзингиз чап кўзингизга душман дегани бекор эмас экан. Видео чиққан куни бир
оғайним қўнғироқ қилиб "Ёғоч бозоридаги болалар қўлида шу видеони кўриб қолдим,
шунақа бир видеоклип олибсизми?” деб мани устимдан кулгандек гапирди. Майли
шунисигаям шукур, ўлиб кетмабманку дедим.
Ўша воқеада, маст холатда ўлиб
кетмаганимга шукр қиламан. Биласизми...шу воқеадан кейин ўзимни тобутга
ўхшатдим. Майтини лахадга қўйгунча , тобутни хурмат билан , хамма кўтариб , мозоргача
борадию, майит кўмилгач, хамма дуо ўқиб,
қайтиб кетаверади, тобутни эса қайтиб
кўтаришга одам топилмай қолади. Мучал йили шу 36 ёш менга жуда оғир келди,
жонимдан тўйиб кетган пайтларим хам бўлди.
Майли , пешонамда боракан. Бефаросат тарбия олмагандим...ота-онам илк
маротаба мана шу воқеа сабаб орқамдан йиғлашди... Sayyod: Видео билан боғлиқ мавзуга хотима
қиладиган бўлсак Абдулла Қурбонов: - Ўзи унақа боламасман... шунчаки тезда лов
этиб ёниб кетаман. Ўзим тарқатганим йўқ, у ердаги холатга эса расман жазоимни
олдим. Нафақат расман балки, хозирги
кунда видео тарқалгач, рухан хам азобини ўзим кўряпман. Хеч кимга
даъвоим йўқ, одам ўзидан айбни излаши керак, хаммасига ўзим айбдорман,
ичкилик... Ичган бўлсам хам , бировни
пулига ёки бировга зарар қилиб эмас, ўзимдан ўтганига , ўзимни зараримга
ичгандим. Фақатгина маст холатда бўлиб, ўзимни бошқара олмайдиган ва жахлда гапимга
хам жавоб бера олмайдиган холатда эканлигимни айтиб, нафақат халқдан балки, хуқуқ тартибот органларидан хам узр сўрайман. Ички ишлар ходимларига рахмат хам айтаман,
мени шунчалик тартибга чақириб жазолашгани учун. Шунча халқ олдида йиғилган обруим биттагина шу
видео ва биргина шу холат билан
ўлчанадиган бўлса, унда билмадим...
Sayyod: Санъат оламида сизни кўпчилик жанжалкаш
инсон сифатида таърифлашади ва бир хафтада икки уч маротаба ким биландир
уришмаса ухлолмайди деган фикрлар хам бор. Санъаткорни қўшиғини тинглаш керак
лекин, унга инсон сифатида эргашиб бахо
бериш нотўғри деган фикрга нима дейсиз? Абдулла Қурбонов: -Бу хаёт ўзи бир сахнадек гап. Ашулачиниям
ўзини роли бор, хайдовчиниям ўзини роли бор. Хаётда хамма актер, хамма ўз
ролини ўйнайди. Эртага хамма ўзини гўрига ўзи киради, мани гўримга биров
кирмайди. Савол жавоб пайти хаттоки рафиқангиз хам, фарзандингиз хам савобини
бермас экан. Бу дунё ёлғончи дунё, не не хоким, машхур ва хонандалардан қолган
бу дунё. Биздан аввал хам бу дунёга не не олиму уламолар келиб кетишмади. Хозир
техника шу қадар ривожланганки, бир гапни телефонга гапирсангиз , мингтасини
қўшиб қўйса бўлади. Манам не не
санъаткорларни кўрмадим телефонларда, не не Халқ артистларини кўрмадим
телефонларда... Лекин
хозир мен долзарб мавзуга айландим. Пешонамда бор экан, санъаткор маъсулиятини янада хис қилдим.
Барибир маданият ходимимиз, хар қандай вазиятда хам буни унутмаслик керак.
Бошга тушмагунча тушунмайсиз, бир тарафдан дарс бўлдики , бу нарсаларни
чуқурроқ хис қиляпман.
Sayyod: Санъат олами вакиллари билан йиғилган
жойда, бир фикр билдиргандим; Абдулла Қурбонов кам қўшиқ қиладию лекин, айни ўрнига уради. Сўнггиларидан масалан "Гўзал ёрим”, "Онажоним”... Шунда "Аслида бу мархум Толиб Кулиевнинг махорати
орқасидан бўлган , эндиликда Абдулла бундай қўшиқлар ярата олмаса керак” деб айтишди. Рости хам ўзингиз стратегиянгиз
билан, кам лекин жойида қўшиқ қилишми
ёки рости қўшиқ ютуқлари Толиб Кулиевга
боғлиқмиди? Абдулла Қурбонов: -Авваламбор Толиб Кулиевни Аллох ўз рахматига
олган бўлсин. Лекин у хаётида бундай нарса яратмаган. "Толиб ака , менга ўхшаган, миллий йўналишда куйлайдиган одамга хам ашула
ёза оласизми ?” -дедим. Шу пайт шоир Бобур Умаров ўша ерда эди. Бир кун аввал
рафиқам билан жанжаллашиб қолгандим, уям бўлса шу телефон балосини деб (телефонни қўлига олиб силталайди) бу
телефон бало! Юрагим сиқилиб турган пайти эди,
Толиб Кулиев бошқа одамга қўшиқ ёзаётган экан. Самарқандга шарқ тароналари тадбиридан , Толиб
Кулиев бир азарбайжонлик рубобни чалган жойини компютерга ёзиб олган
эканлар. "Гўзал ёрим” қўшиғини бошидаги
мусиқа борку, шуни аслида атай бу қўшиққа хеч ким чалмаган, ана ўша рубоб
чалинган жойидан олинган. Хуллас Толиб ака уйида мана шу мусиқа бошланиши билан
, мени ичимдан ўша ички холатим билан "юрагимда бир сўз ётар сени ўйлаб,
билармисан гўзал ёрим, билармисан” деган сўзлар чиқиб келган. Шуни ўша рубобга
жойлашди. Бобур Умар , менга , яна бир қайтаришимни сўради, қайтардим, бўлди.
Шуни Бобур , Толиб ва мен , уччаламиз давомлаб тайёрлаб ташладик. Вазиятдан келиб чиққан холдаги ғоя , ўша ерни
ўзида тайёрланди. Бу ижодий жараён натижаси. "Онажоним”
қўшиғини эса Отабек Қамбаралиев билан биргаликда қилганмиз. У ерда хам ғоя
ўзимники бўлган. Шу бола хам менга ука
ва ўғилдек эди, юраги тоза бола. Кези келганда у хам мендан ранжиб қолди.
Уйланди, Аллох яхши фарзандлар берсин. "Онажоним”
қўшиғини нафақат ўзимни онам учун балки, бутун ер юзидаги барча оналарга
бағишлаганман. "Оққан дарё” қўшиғини
авария бўлиб, трубкадан овқат ичиб ётган пайтларим хиргойи қилиб, пичирлаб
миямга шеърни сингдириб олганман. Оёққа
тургач, юзларимдаги яралар билан студияда бориб куйлаганман. Хозирги
кунда "Улфатларим” қўшиғи устида ишлаяпман. "Акамсан деб эркалайди, укамсан деб
кўп алдайди, улфатларим улфатларим, бошимга бало кулфатларим”.. . Дўстлардан
жуда кўнгил совиган. 7 мартта ўлчаб бир кесилса, энди 7 миллион мартта ўлчаб,
кесадиган бўлдим. Энди ўзгараман,
ўзгармасам хам бўлмас экан.
ВИДЕО ( диққат видеода бу ердаги тўлиқ сухбат йўқ, фақат сухбатдан парча лавхалар) Видеосухбатни ютубда томоша қилмоқ видеони мобил турини тасиксдан кўчирмоқ 67мб Суратлар ва видео муаллифи Шахло Қодирова | |
Бўлим: Suhbat | Intervyu | Reportaj |
Кўрилган: 22555 |
Чоп этди: Sayyod
| Теглар: |
Нравится
Барча изохлар: 39 | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ! Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин! -Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. (батафсил манбаа)
Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод |