12 апрель соат 18-00да Ўзбекистон Давлат Консерваториясида, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, бастакорлар уюшмаси аъзоси, "Дўстлик" ордени сохибаси ва Ўзбекистон давлат консерваториясидаги эстрада йўналишида куйлаш кафедраси рахбари Дилором Омонуллаева билан "Устоз ва шогирдлар ижросидаги концерт"и бўлиб ўтди.
2012 йилнинг "Марди Майдон" жонли ижро фестивалида (манба) куйлаш махорати билан эътиборимни тортган Ойбек Тўхтаев таклифи билан мазкур концертга ташриф буюрганимизда, зал одамларга тўла эди.
Ойбек Тўхтаев хам иштирок этиши кўзда тутилган бўлиб, афишада номи бор эди. Афсуски, бетоб бўлгани сабабли, жонли ижрода куйлай олмасди. Шунинг учун биз билан биргаликда томошабинлар қаторидан жой олди.
Дастурни Мадина Мумтоз олиб борди.
Концертда бир қанча талабалар ўз ижодларини намоён қилдилар. Шахсан менда Лара Фабианни қўшиғини куйлаган қиз билан Дилором Омонуллаеванинг "Турналар қайтгунча омон бўлайлик" қўшиғи таассурот қолдирди.
Омонуллаева шунингдек, Эътибор Отажонова ва яна бир икки талабалар билан дуэт куйлади. Яна бир, шахсан мен учун концертнинг қизиқ бўлими, вокал парчалари бўлди. Талабалар қисқа "лала, фафа, парарам"дан иборат сўзсиз вокал махоратларини намоёнлашди. Бу бўлим дунёга машхур санъаткорлар, эронлик Гугуш, франция овози Эдит Пиаф ва бошқаларга бағишланди.
Эронлик хонанда Гугушга бағишланган тури менга жуда ёқди. Билмадим қайси қўшиққа эди, чунки юқорида айтганимдек, сўзсиз вокал бўлди, лекин "Азия" гурухи йигитлари мусиқани аъло даражада ижро қилиб беришди.
Дилором Омонуллаева ўз вақтида Согдиана ва Севара Назархондек бугунги кундаги ёрқин юлдузларнинг устози бўлган. Шахсан менда эса Дилором Омонуллаева деганда Кумуш Раззоқованинг қўшиқлари қулоғимда жаранглайди.
Дилором Омонуллаеванинг ижодида бошқалардан фарқи майинлик, нафис романтика, ва мусиқа кайфиятидаги енгил атмосферани сезаман.
|