05:46 Актерларга профессионал бахо! Сўз актер Нозим Тўлахўжаевга! | |
"Hi-fi” болакай” фильми 15 сентябрда премьера бўлиши кутилмоқда ва бу фильмда суратга тушган актёр Нозим Тўлахўжаев билан қисқача суҳбатлашиш учун "Киночилар уйи”га келганимда, улар "Киномания” дастурига интервью бераётган эдилар.
Феруза Фаттохова: - "Hi-fi” болакай” фильмида роль ижро этишдан ташқари, бу фильмда бадиий раҳбар ҳам экансиз. Фильм ҳақида фикрларингиз? Нозим Тўлахўжаев: - "Hi-fi” болакай” фильми ҳақида фикрларим, албатта ижобий. Режиссёр Наргиза Салом ўз олдига қўйилган вазифани бажара олди, деб ўйлайман. У фильм суратга олишни ҳоҳлаганди ва буни амалга ошира олди! Уни режиссёр сифатида актёрлар, оператор, бастакор билан ишлаш тажрибаси йўқ эди. Лекин, у бу ишни муносиб даражада амалга оширганига амин бўлдим. Мен бадиий раҳбар сифатида, анча ёрдам беришимга тўғри келади, деб ўйлаган эдим. Аммо, унчалик уринишимга ҳожат қолмади. Чунки, мен қаршимда тайёр режиссёрни кўрдим. Бу унинг биринчи фильми бўлишига қарамай! У аввал учта фильмга продюсерлик қилган. Шунинг учун ҳам, у ҳаётий ва профессионал тажрибага эгалигига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади. Мен уни бу муваффақияти билан табрикламоқчиман, чунки бугунги кунда дебют режиссёрлардан, у бу картинада эришган муваффақиятга эриша олганлар, унчалик кўп эмас.
Феруза Фаттохова: - Актёр Алишер Узоқов ҳақида фикрларингиз? Нозим Тўлахўжаев: - Алишер Узоқов профессионал актёр. Мени биргина ташвишлантирадиган жиҳати, унинг ҳамма ерда бир хиллиги. Масалан, мен яқинда "Висол” фильмини суратга олдим ва унда актёр Адиз Ражабов суратга тушди. Нафақат мен, балки бадиий кенгашдагилар ҳам, Адиз Ражабовни қанчалик ўзгарганлигини, актёр сифатида янги қирралари очилганлигини айтишди. Бу жуда ҳам муҳим! Тушунаман, жаҳон киносида ҳам ўзига хос тенденция бор. Актёр қайси фильмда бўлмасин, ўзини ўйнайди. Драматик ролми, комедикми, ҳамма ерда унинг ўзи! Мисол учун, Аль Пачино, ҳамма фильмда Аль Пачино! Лекин, Аль Пачино, қаерда Аль Пачино бўлмасин, у албатта, ҳар бир картинадаги ўз ролининг ўзгача жиҳатларини, ноодатий топилмасини топа олади. Биз экранда ўша Аль Пачинони бутунлай бошқа, янги жиҳатларини, янги қирраларини кўрамиз. Мен ҳам Алишер Узоқовни экранда, бошқа янги ижодий қирраларини кўришни истардим. Ўша бир хил ҳаракатлар, улар билан ролдан ролга ўтиш, бу мумкин эмас. Ахир у актёр-ку! Актёр эса ҳар хил характерларни ижро этиши керак, деб ўйлайман.
Феруза Фаттохова: - Суратга олиш жараёнлари давомида Алишер Узоқовни актёр сифатида қандай салбий жиҳатини сездингиз? Нозим Тўлахўжаев: - У дисциплинага риоя қилмайди. (кулиб) У суратга олиш майдончасига кеч қолиб келади. Баъзида умуман, келмайди. Бу ҳамма юлдузларда учрайдиган касаллик, менимча. (кулиб) У мени дўстим, унга тилагим, ҳамкасб сифатида ҳаққоний гапираман, сен халқимиз севган юлдузсан, яхши актёрсан, лекин бу яхши хислатларга яна бир хислат қўшсанг, кинони муқаддас ва азиз билиб муносабатда бўлсанг, янада ёрқин актёр бўлардинг. Бу каръерага ҳам таъсир кўрсатади.
Феруза Фаттохова: - Бугунги ёш актёр ва актрисалар ҳақида фикрларингиз? Нозим Тўлахўжаев: - (ўйланиб) Мени бугунги кундаги ёш
актёрларни ўз ижодларига бўлган муносабатлари ташвишлантириб ранжитмоқда. Уларнинг
асосий ҳоҳиши, экранда кўриниш, оммага ёқиш, майнавозчилик қилиб, ҳаммани
кулдириш, ёмон маънода кулдириш, яъни томошабин қалбини таъсирлантириш эмас,
айнан кулдириш, асосийси "сен ҳақингда гапиришсин, сени кўчаларда танишсин,
сендан дасхат сўрашсин”, муҳими фақат шу! Ғалати тенденция, асосийси, "мен бу
дунёда борман” деб ўзини кўрсатиш! Бу нотўғри, менимча. Актёр, санъат одами,
оммага ёқиш, ўзини олиш ва ҳадеб "бу мен” дейиш
учун яратилмаган. Актёр, бу қалблар ҳукмрони, у инсонларда ижобий эмоция
уйғотиши, энг яхши инсоний хислатларни шакллантириши, гўзаллик, меҳр каби
сифатларга эга бўлишга интилишга ундаши керак, менимча. Актёрнинг маънавий позицияси, ана шундай деб ўйлайман. Бу катта экранлардаги шунчаки майнавозчиликлар эмас, улар миллат ҳаётига, маънавиятига таъсир кўрсатадиган инсонлар. Бизнинг ёш актёрлар, энг асосийси пул ва шон-шуҳрат, машҳурлик эмас, асосийси томошабин қалбида нима қолдираётганликларини тушунсалар, ана шундагина яхши актёр бўла оладилар, деб ўйлайман. Агар улар ўз касбларига юқорида айтганимдек, "муносабат”да бўлишда давом этсалар, бир-икки йил ўтиб, қариганларидан сўнг, ҳеч кимга керак бўлмай қоладилар. Чунки, улар аслида экрандаги ёшлик ва гримёр томонидан чизилган «чиройли қўғирчоқлар” холос. Негаки, уларда юрак йўқ, назаримда. Актёр ўзи шуғулланаётган санъатни ҳурмат қилиши, ўзи санъатни севиши ва у ўз санъатига содиқ бўлиши керак. Лекин, минг афсуски, пул тушунчасини, санъат тушунчасидан олиб ташлаб бўлмайди, назаримда.
Феруза Фаттохова: - Ёш актёр ва актрисалардан кимларни ўз касбига тўғри муносабатда деб ҳисоблайсиз? Нозим Тўлахўжаев: - Мени фикримча, Адиз Ражабов, ёши катта актёрлардан Мурод Ражабов, актрисалардан энг яхши актриса Раъно Шодиева. Бу гапни очиқ ва ҳаққоний айтяпман. Ҳозирги ёш актрисаларни кўпларини ишларини кузатганман, улар деярли бир хил. Асосийси, улар учун чиройли қомат, чиройли кўзлар, чирой..... шунчаки чирой. Актриса Раъно Шодиева эса, профессионал актриса бўлмаса ҳам, кинога ҳаётдан кириб келган. У туғма қобилиятли, кучли драматик потенциалга эга. У ҳам комедик, ҳам трагик образларни бирдек маҳорат билан ярата олади. Фақат бир жиҳати, унинг характери оғир, ахир албатта, қобилиятли инсон, яхши актёр характерли бўлиши керак. Яна мени фикримча, актриса Шахзода Матчонова ҳам, драматик ва бирдек комедик актриса сифатида, кучга тўлиб, тажриба орттиряпти, деб ўйлайман.
Феруза Фаттохова: - Сиз учун драмада ёки комедияда, қайси бирида рол ижро этиш юрагингизга яқин? Нозим Тўлахўжаев: - Юрагимга яқини албатта, драматик санъат, лекин комедияни ҳам жуда яхши кўраман. Менга томошабинларда эмоция уйғотиш ёқади. Бу кулгими, ёки кўз ёшларими, қандайлиги муҳим эмас. Энг асосийси, бу эмоция пайдо бўлиши, энг ёмони эса, актёр томошабинларни ғашига тегиши ва бундан бошқа, ҳеч қандай эмоция уйғотмаслигидир, менимча. (кулиб) Лекин, актёр барибир томошабинда қандайдир реакция уйғотади. Агар актёр ўз ролини яхши ижро эта олмаса, ундан томошабинларни кўнгиллари қолиши мумкин.
Феруза Фаттохова
| |
Бўлим: Suhbat | Intervyu | Reportaj |
Кўрилган: 5115 |
Чоп этди: Sayyod
| Теглар: |
Нравится
Барча изохлар: 16 | |||||||||||||||||||||
Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ! Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин! -Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. (батафсил манбаа)
Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод |