Бош сахифа » 2011 » Август » 4 » Зухра Солиева ва Шафоат Рахматуллаева.
07:31
Зухра Солиева ва Шафоат Рахматуллаева.

Режиссёр Наргиза Саломнинг дебют режиссёрлик иши бўлган, "Hi-fi болакай”  фильмининг монтаж ишлари ниҳоясига етиб, ҳозирги кунда дубляжишларикетмоқда. Фильмни Камолитдин Раҳимов дубляж қилаётган студияга кириб келганимда, актриса Зуҳра Солиева фильмдаги ўз образига овоз бераётган экан.

 

Актриса Зуҳра Солиева 1972 йилда Самарқанд шаҳрида таваллуд топган.

1999-2003 йилларда Тошкент Давлат Санъат институтида таҳсил олган.

2004 йилдан 2009 йилгача Миллий Академик Драма театрида ишлаган.

2009 йилдан ҳозирги вақтгача, кино ва телевидениеда съёмкага тушишлар билан банд. Биринчи ижро қилган роли, режиссёр Рустам Саъдиевнинг "Вой-дод, сумалак” мусиқали фильмида, Сотти образи.

 

Феруза Фаттохова: -  "Hi-fi болакай”  фильмидаги ролингиз ҳақида?

Зуҳра Солиева: - Бу ролга мени фильм режиссёри Наргиза Салом таклиф қилди. Ундан олдин, Наргиза Салом билан "Суперкелинчак” фильмида бирга ишлаган эдик. Бу янги фильм сценарийсини ёзаётганда, "фильмдаги хола образида, сизни кўрдим” деб таклиф қилди. Лекин, фильмдаги иккинчи холаролини ким ижро этиши, номаълум эди. Кейин эса, бир неча актрисаларни синовдан ўтказгач, актриса Ҳалима Иброҳимовани таклиф қилишмоқчилигини айтди. "Яхши бўларди, Ҳалима билан мен контраст бўламиз” дедим. (кулиб) Ҳалима Иброҳимова билан биргаликда ишлаш ўзимга ҳам ёқди. Кўриб турибман, жуда ҳам яхши бўлган, адашмабмиз.

Феруза Фаттохова: - Фильмнинг ижодий гуруҳи билан иш жараёни қандай кечди?

Зуҳра Солиева: - Ижодий гуруҳ менга жуда ҳам ёқди. Бундай ижодий гуруҳ билан маза қилиб, роль ўйнайсиз. Мана бугундагидек, овоз ёзишга келганда, ижройингиздан кўнглингиз тўлади. Мана ҳозир фильмдаги образимга бошидан охиригача, овоз бериш жараёнини тугатдим. Актриса сифатида, ўзимга ижройим ёқди. Профессионал нуқтаи назардан кўнглим тўлди, дейишим мумкин. "Мана бу ерда бундай қилишга қўйишмади” деган, гап бўлмади! Мени фикрларимни ҳам инобатга олишди.

Феруза Фаттохова: - Демак, ўз образингизга ўзингиздан ҳам нималардир қўшдингиз?

Зуҳра Солиева: - Ҳа! Бу аниқ! (кулади)

Феруза Фаттохова: - Ролларим қандайдир бир қолипга тушиб қоляпти, деб ўйламайсизми? Кўпчилик томошабинлар шундай фикрлар билдиришяпти.

Зуҳра Солиева: - Йўқ. Бундай деб ўйламайман, ўхшашлик тарафлари бўлиши мумкин. Лекин, образлар бутунлай бошқа!      Кўрганлар айтиши мумкин, лекин мен бир қолипга тушдим, деб қўрқмайман. Кўпчилик бошқа нуқтаи назардан қарашсин, шундай фикрга келишдан олдин, нима кўраётганликларини яхшилаб кўриб, анализ қилишларини тавсия қилардим. Чунки, танқид қилган инсон, ёки шу тарафлама эътибор қилган инсон, ҳар тарафлама жавоб бера оладиган даражада бўлгандан кейингина, танқид қилиши керак, деб ўйлайман.

Феруза Фаттохова: - Улар сизни баланд овозда бақириб гапириш, кулиш услубингизни назарда тутишмоқда. Шу услубни бир хиллик дейиш мумкин. Негаки, ҳар бир образингизда, ўша бақириш, кулиш бор.

Зуҳра Солиева: - Бу услуб бошқа, ҳамма жойдаги бир хиллик бошқа- ку. Чунки, бақирсам ҳам, кулсам ҳам, халқ ана шу бақиришимни, кулганимни яхши кўрди. (жилмайиб) Алоҳида, "кулиб беринг, бақириб беринг” деб хизматларга таклиф этишади.  Шунинг учун, ҳамма образимда бақириш, кулиш бўлса, бу нарсани қилмасам, томошабинлар "нимага қилмадингиз?” дейишяпти. Бир-икки жойда шундай бақирмасдан, кулмасдан роль ўйнасам, томошабинлар дарров ўз фикрларини айтишиб, "йўқ, бақирмадингиз, кулмадингиз, қизиғи чиқмади” дейишди! Демак, шундай қилишим керак, мен учун энг асосий фикр, томошабинлар фикри! Шунинг учун, уларнинг айтганини қилишим керак, деб ўйлайман. Қачонки, "бўлди, бақирманг, бўлди кулманг, чарчадик” десалар, унда ўшанда тўхтатаман. (кулади) Унгача бақириб, кулавераман...

Феруза Фаттохова: - Нима деб ўйлайсиз, яратаётган образларингиз томошабинларга нима бера олади?

Зуҳра Солиева: - Образларим, томошабинларга яхши кайфият беради! Шундай кўнгил кўтарадиган инсонлар бор-ку, ҳаётда! Кўрганда, кўзингиз чақнаб, кулиб юборадиган инсонлар бор. Демак, шундай инсонлар бор-ки, ҳаётимиз янада гўзал бўлади, деб ўйлайман. Мухлисларим, интернетдан, телефонда ва газеталар орқали, фақат: "Сизни кўрсак, кўнглимиз кўтарилади.” дейишади. Хорижий давлатларда ўқийдиган, яшаётган юртдошларимиз эса, "уйни соғинсак, сизни фильмларингизни кўрамиз” дейишади. "Ғамгин бўлсак, ёки ишдан чарчасак, ёки узоқ юртда кимдир бизни хафа қилса, сизни фильмларингизни кўриб, кайфиятимиз кўтарилади” дейишади. Бундан ортиқ, бахт бўлмаса керак! Демак, шунчалик кайфият улашиб, шунчалик инсонларнинг ғамини озгина бўлса ҳам, унутишга ҳиссамни қўшган бўлсам, хурсандман.

Феруза Фаттохова: - Бу фильмнинг томошабинларга қандай маънавий, тарбиявий аҳамияти бор?

Зуҳра Солиева: - Бу фильм томошабинларга ва айниқса йигитларга кўп нарса беради. Кўплар қизларни кийиниши, сочига қараб, ва умуман олганда ташқи кўриниши чиройли бўлганига қараб, қизларни яхши деб ўйлайди ва шунда кўп адашади. Бу фильмда, қизларни фақат ташқи кўринишига қараб эмас, ички дунёсига қараб ҳам, уларга баҳо бериш кераклиги кўрсатилган. Энди буни ҳамма тушунмаслиги мумкин, лекин тушунмаган ҳам, нимадир олиб кетади деб ўйлайман. Фильм ғояси ҳам, инсонни биринчи навбатда қалбига эътибор бериш керак, қалби гўзал бўлса, уни юриш-туриши, сўзлари, хулқи гўзал бўлади, ҳамма нарса қалбдан келиб чиқади деб айтади. Қалби хунук бўлиб, юриш-туриши чиройли бўлиб, ўзи ниқобли инсонлар бўлади, йигитлар ана шундай ниқобли қизларни ажратиб оладиган даражада озуқа олади, деб ўйлайман.

Феруза Фаттохова: - "Hi-fi болакай”  фильмда бош қаҳрамонни ижро қилган қиз, илк маротаба суратга тушган экан. У билан партнёрлик қандай кечди? Кўпинча, дебютантлар билан роль ижро этиш, қийин дейишади.

Зуҳра Солиева: - Йўқ у қиз билан кўп эпизодим йўқ эди. Фильмда биттагина урадиган жойи бор эди, бўлди. Суратга олиш майдонига кириб келганимда, у қиз мен билан саломлашмади ҳам. У қиз ҳақида ҳеч нима билмайман, ўқийдими ёки у актрисами? У менга ҳеч нима демади, кейин мен ҳам индамадим. (кулади) Салом-алик қилармикан, деб қарадим-қарадим, лекин у индамади. (кулади) Ўзим ҳам ҳайрон қолдим.

Феруза Фаттохова: - Актёр Алишер Узоқов билан эпизодларингиз бормиди? Унга актёр сифатида қандай баҳо берасиз?

Зуҳра Солиева: - Йўқ, актёр Алишер Узоқов билан эпизодларимиз йўқ эди, лекин уни съёмка майдонида кўрдим. Актёр сифатида яхши актёр. Театрда бирга ишлаганимда ҳам, кўрганман яхши актёр. Лекин, ҳамма киноларда мимикалари, ҳатти-ҳаракатлари бир хил бўлиб қоляпти. Билардим, уни кумири Жим Керри. Ҳамма ролларида, у ўша Жим Керри бўлиб қоляпти, менимча. Лекин, унинг ички дунёси бор. Иккинчи план ишлаб туради, лекин, ҳатти-ҳаракатлари, мимикаларидан чиқиб кета олмаяпти, шунинг учун фильмлари бир хил бўлиб қоляпти, назаримда.

Феруза Фаттохова: - Фильм жараёнида, сиз учун энг мураккаб эпизод?

Зуҳра Солиева: - (Ўйланиб) Ўзим учун мураккаб бўлган эпизод, ўша милициядаги эпизод бўлди. (ўйланиб) Чунки милиционерни ўйнаган актёр, партнёр сифатида жуда қийнади. Менимча, у режиссёрни тушунмади. Киришиб кетиши ҳам қийин бўлди. Шунинг учун, айтаман партнёрга кўп нарса боғлиқ деб! Иккала томон ҳам, элликка эллик бўлиши керак! Ўша жойида қийналдим.

Феруза Фаттохова: - Фильмдаги образингиз қизиқарли туюляпти, суратга олиш жараёнида образ сабабли, қизиқ ҳолатлар ҳам рўй бердими?

Зуҳра Солиева: - Бозорда юрганимизда (кулади) энди "съёмка бўлади” дейди-ю, одамлар йиғилиб олишади. Ҳалима Иброҳимова билан атрофимизда, биттаси "Ҳей, Зуҳрахон! Сизни тўйга айтмоқчи эдик, қидириб юрибмиз” дейди. (кулади) Мен "камера турибди, гаплашамиз” дейман. Бир хиллар, бизларга ростдан "келинглар” деб нарсаларини сотяпти. Шу жойида қизиқарли бўлди, чунки одамларни камера билан иши йўқ. Кейин бундай кийимларда, кўчада юрганимиз ҳам ғалати бўлди. Ҳалима билан иккаламиз, бекатда турганимизда, машиналар тўхтаб, "қаерга кетасизлар?” деб сўрашди. Яна бир хиллар "бунақа кийимларда ким юрган экан”, деб қарашади, қарашса бизлар, "аааааа” деб кетишади.

 Феруза Фаттохова: - Фильмдаги кийимларингизни ким танлади?

Зуҳра Солиева: - Кийимлар, ўзимнинг костюмларим! Фильмдагилар менга, "Бухоролик холани ўйнайсиз!” дейишганига, дарров шу костюмларим, кўзимнинг олдига келганди.

 

Феруза Фаттохова: - Наргиза Салом билан "Суперкелинчак” фильмида ҳамкорлик қилгансизлар. Бу фильмда эса, режиссёр сифатидаги ҳамкорлик сизга маъқул бўлдими?

 Зуҳра Солиева: - Менга Наргиза Саломни ишлаш жараёни ёқди. Ёш бўлишига қарамай, яхши. Мен актёр билан қандай ишлайди деб, атай кузатдим. Актёрга тўғри йўналиш бериб, тўғри йўл кўрсатиб, тўғри ишлаяпти. Айнан актёр билан ишлаши менга ёқди. Бир хиллар бўлади, ўзи нимани тушунтиряпти, ўзи билмайди! Актёр нимани қилиб берсин? Унақаларга қараб, "ўзинг нима деяпсан? Нима ҳоҳлаяпсан? Ўзи ўзинг нима ҳоҳлаётганингни тушуниб ол” дегингиз келади. Наргиза Салом бўлса, ўзи тушуниб, ўзи нима ҳоҳлаётганини ҳам тушуниб, сизга тушунтиряпти. Шунда сиз ҳам, яхши режиссёр нима ҳоҳлаётганлигини тез тушунасиз.

Феруза Фаттохова: - Ўзингизни ҳам келажакда режиссёрлик қилиш ниятингиз борми?

Зуҳра Солиева: - Йўқ. Яхши актёр дегани, бу яхши режиссёр дегани эмас.

 

Феруза Фаттохова: - Шу вақтгача ижро этган ролларингиз орасида, ўзингизни кўнглингиз тўлмаганлари ҳам борми?

Зуҳра Солиева: - Ҳа бор. "Еттиҳайкал, битта кал” фильмида. У ерда мени ролим очиб берилмаган. Кейин "Ўзимдан ўзимгача” фильмидаги ролимдан ҳам кўнглим тўлмади. У ерда ҳам, мени образимни очиб беришмаган. У образдаги аёл, нимага ўзига ярашмаган кийимларни кияди? У ерда сценарий бўйича, у ўзининг дунёси билан яшайдиган аёл! Ўша кийим ярашмаётганини билади, лекин ҳоҳлаяпти, нима қилсин? У ўзини ёлғизлигини шундай нарсалар билан беркитадиган образ эди. Кейин, у аёл Раъно Ярашева ижро қилган образнинг қариндоши эди. У ёлғизлигини ҳис қилмасин, шу ерда яшасин деб олиб келишган. У ерда Раъно опа, фильм жанрини ўзгартириб, мени образимга худди чўрига қарагандек қараб кетди. Мен сценарийни ўқиб, у образдаги аёл, унинг қариндоши эканлигини билганман. Шунинг учун ҳам, у аёл уларнинг уйида бемалол юрибди. Хуллас, ролим тўлиқ очиб берилмаган.

Феруза Фаттохова: - "Hi-fi болакай”  фильмидаги образингиз каби, хола сифатида, ҳаётда ҳам, ўз жиянингизга нисбатан, шундай йўл тутган бўлармидингиз?

Зуҳра Солиева: - Агар нотўғри қилаётганини билсам, ҳа! Чунки, бир хил қизларга яхши жойдан чиқади-да, ўша йигит билан учрашмаган бўлса ҳам, севишмаган бўлса ҳам, мисол учун, катталарни кўзи етади-ку шу йигит шуни бахтли қила олишига. Агар мана шундай енгил ўйлайдиган жияним бўлса, "йўқ мен яхши кўриб тегаман” деса, мен уриб-уриб, мана шундай ўзига келтирардим. (кулади) Тушунмаса, урардим.

Феруза Фаттохова: - Унда севги-муҳаббат, йўқ тушунча бўлиб қолмайдими?

Зуҳра Солиева: - Севги-муҳаббатни, ҳақиқийлигини ҳис қилгандан кейингина, у учун курашиш керак! 2 марта телефонда гаплашиб, "мен сени севаман, сен мени севасанми?”, ёки кўришиб, "мен сенсиз тура олмайман” дегани, бу юзаки муҳаббат! Ҳақиқий севги муҳаббат эмас-да! Севги-муҳаббатни ичидан ҳис қилиб, "бу инсон, мени ҳаётда бахтли қила оладиган инсон”, деб ақлан шу нарсага етиб келганини билсамгина, мен жиянимга ёрдам берган бўлардим.

Феруза Фаттохова: - Унда фильмдаги образингиз, ўзингизга яқин экан-да?

Зуҳра Солиева: - Йўқ. Яқин эмас! Қарама-қарши ҳам эмас, шунчаки образ!

Феруза Фаттохова: - Сизни тўйларда, "Ёр-ёр” айтишингиздан хабаримиз бор. Балки, келажакда, сизни хонанда сифатида кўрармиз?

Зуҳра Солиева: - Яқинда, бир телеканалга интервью берганимда, «қўшиқ айтинг» дейишди. Мен у кўрсатувда, ўзим ёқтирган қўшиғимдан хиргойи қилсам, эфирга кетгандан кейин, кўчада аёллар, «Вой шунақа чиройли овозингиз бор экан, нимага қўшиқ айтмайсиз?» дейишди. Энди қўшиқчиликка, даъвойим йўқ-ку, даъвогар ҳам эмасман. Лекин, ўзим учун, ўзим яхши кўрган мавзуда қўшиқ қилиб, айтиш ниятим бор. Мени фикримча, агар уддаласа инсон ҳамма нарсани қила олгани яхши. Мисол учун, хонанда Согдиана қўшиқ ҳам айтади, роль ҳам ижро қилади. Унинг роллари менга ёқади.

Феруза Фаттохова: - Кўринишингиздан шўх-шаддод, қувноқсиз. Феъл-атворингиздаги ютуғингиз ва камчилигингиз нимада?

Зуҳра Солиева: - Кўнгилчанглигим! Ютуғим ҳам, камчилигим ҳам! Мени асосий бойлигим, бу мени халқ яхши кўриши деб ўйлайман. Бу бойлик кўпларда йўқ, менимча.

 



Зуҳра Солиевадан сўнг, актриса Шафоат Раҳматуллаева ўз образини овозлаштиришга Қўқондан етиб келди.

 

Шафоат Раҳматуллаева 1941 йилда Фарғона вилояти, Фурқат туманида таваллуд топган. Аввалига Педагогика билим юртини тамомлаган ва ўқитувчи бўлиб ишлаган. Cўнг, санъатга кириб келгач, бироз кечроқ, яъни 1974-1978 йилларда Театр ва рассомчилик институтида таҳсил олган.

Театр саҳнадаги илк роли, 1965 йилда "Нурхон” мусиқали драмасида, Ҳайдарнинг синглиси Қумри образи.

Кинодаги илк катта роли эса, 1987 йилдарежиссёр Ҳотам Файзиевнинг "Оқ бино оқшомлари” фильмидаги она образи. Ундан аввал, 1972 йилда режиссёр Йўлдош Аъзамовнинг "Меҳробдан чаён” фильмидаги бир кадрда, кичик роль ижро этган.

Аввалига Сирдарё вилоятидаги Олим Хўжаев номли театрда фаолият юритган. Ҳозирда 9 йилдан буён эса, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий номидаги Қўқон театрида фаолият юритмоқда.

47 йилдан буён санъат соҳасида.

 

Феруза Фаттохова: - "Hi-fi болакай”  фильмидаги ролингиз ҳақида фикрларингиз?

Шафоат Раҳматуллаева: - Бу фильмдаги ролим, нафақат ўз қишлоғидаги, балки теварак-атрофдан келган инсонларга ҳам бағрини кенг очиб, фақатгина инсонларга яхшилик қилиш ниятида яшайдиган ўзбек табиб аёли. У инсонларни ўтлар, гиёҳлар билан даволайди. Мана ҳозир матбуот орқали ҳам, телевиденияда "Ойдин ҳаёт” кўрсатуви орқали ҳам айтиляпти. Бизнинг юртимизда ҳамма нарса бор. Ўзбекистон шундай бой юрт-ки, тупроғимиз ҳам оддий тупроқ эмас, давоси бор деса бўлади. Чунки, ялангоёқ юрилса, оёқ тагидан танага давони жўнатиб туради. Шунинг учун ҳам, ҳар бир гиёҳни текширса, инсон танасига даво бўладиган нимадир бор. Мана шу менинг образимдаги аёл Кимёхон хола, бир тоғлик қишлоқда инсонларни даволаш билан шуғулланади. Шу билан бирга ўзининг ҳам неваралари бор, қўни-қўшнилари набираларини олиб чиқишади. Ким бу аёлга даво истаб келса, бағрини очиб, қўлидан келганича гиёҳлар билан даволайди, яхшилик қилади. Фильм мазмунини айтишим шарт эмас, негаки, томошабинлар кўриб, ўзлари баҳо беришлари керак. (кулиб) Меҳрибонгина аёлнинг ролини ижро этишга ҳаракат қилдим.

Феруза Фаттохова: - Бу образ бошқа ролларингиздан нимаси билан ажралиб туради?

Шафоат Раҳматуллаева: - Бу образим ҳам, она образи. Лекин, ўзи ўзбек оналари, ўзбек аёллари ҳаммаси бир. Меҳрибонликда ҳам бир хил, аччиғи келса ҳам бир хил, аммо бу аёлда бошқа образлардан фарқли равишда, масъулият кучли! Ўз вазифасини сидқидилдан елкасига олган аёл! Бировнинг саломатлиги учун, ҳамма нарсага тайёр! У ўзи учун эмас, бировнинг соғлиғини сақлаш учун ҳаракат қилади. Елкасидаги масъулиятни, юксак даражада сезиб турган аёл! Ўқимаган, қишлоқ аёли бўлишига қарамай, инсонларни уққан аёл! Образимда шуни беришга ҳаракат қилдим. Чунки, битта инсонни жавобгарлигини бўйнига олгандан кейин, ўшани ё оёққа турғазиши керак, ёки оёққа турғаза олмаса, унинг жавобини бериши керак. Масъулиятни ҳис қилиш керак! Ана шу масъулият ҳисси ва жавобгарлик тарафи билан, бошқа меҳрибон оналардан фарқ қилади.

Феруза Фаттохова: - "Hi-fi болакай”  фильмида бирга роль ижро этган партнёрларингиздан кимнинг ижроси маъқул бўлди?

Шафоат Раҳматуллаева: - Бу фильмда роль ижро этган деярли ҳамма билан бирга эпизодлар бор эди. Масалан, актёр Нозим Тўлахўжаев билан биринчи марта кинода бирга роль ижро этишим, илгари бошқа фильмлардаги ижроларини ҳам ҳурмат қилардим. Яхши, маҳоратли актёр деб биламан. Атрофимдаги барча санъаткорларнинг ҳаммалари мен учун қадрли.

Феруза Фаттохова: - Бу фильм Наргиза Саломнинг илк режиссёрлик дебюти. Бирга ишлаш жараёни қандай кечди?

Шафоат Раҳматуллаева: - Бу Наргиза Салом билан биринчи ҳамкорлигимиз. Наргиза Салом биринчи навбатда, режиссёр сифатида, ўзига талабчан. Шу билан бирга актёрга ҳам. Шунинг учун, кичик эпизодларни бўлса ҳам, кўнгли тўлмагунча, қайтадан суратга олди. Баъзи режиссёрлар, ўзлари кўп вақт биргаликда ишлаган актёрлар билан ишласа, дарров қаноатлантирарли даражада бўлади шекилли, тезда "олинди” дейишади. Бу ерда эса, режиссёр ва оператор икковлари "олинди” дейишяпти, лекин, "яна битта олиб қўяверайлик” ҳам дейишяпти. Бу ҳам яхши! Негаки, кейин монтаж вақтида, кўриб чиқаётганларида, қийналишмайди.

 

"Hi-fi болакай”  фильмни дубляж жараёни қизғин кечмоқда. Олдинда, яна Ҳалима Иброҳимова ва Алишер Узоқовларнинг ўз образларига овоз бериш жараёнлари бор. Режиссёр Наргиза Салом ҳам дубляж жараёнларида бевосита иштирок этмоқда.

Янги, замонавий барча қулайликларга эга студияда, актёрлар ҳам ўз ролларидан кўнгиллари тўлган ҳолда ўз образларини овозлаштирмоқдалар. Фильм премьерасига эса оз вақт қолди.

Феруза Фаттохова

Бўлим: Suhbat | Intervyu | Reportaj | Кўрилган: 6448 | Чоп этди: Sayyod | Теглар: Hi-fi bolakay filmi

Нравится
Барча изохлар: 9
1 Dilnoza   (04-Авг-2011 08:05) [Материал]
Kutamiz. Zuxra Soliyeva zo'r aktrisada.

2 Dilnoza   (04-Авг-2011 08:17) [Материал]
Feruza Fattahovaga raxmat. Sayyodga omad

3 FIRDAVS   (04-Авг-2011 12:37) [Материал]
MAN BU AYOLNI AKTRISA DEB BILMIMAN FAQAT BAQIRISH BILAN INSON ARTIST BULIB QOMIDI.

4 Zuxraxon   (04-Авг-2011 14:50) [Материал]
Kutamiz... Zuxra Soliyevaga omad.

5 УЗРО   (04-Авг-2011 15:36) [Материал]
КИНОНИ РОСА ҚИЗДИРГАНАМ ШУ АКТРИСА БЎСА КЕРЕ ЎЗИЯМ

6 Frenk   (04-Авг-2011 16:43) [Материал]
hammasi uchun raxmat haqiqatdan ham Zuxra Soiyaga gap bulishi mumkinmas

7 Askar   (05-Авг-2011 08:51) [Материал]
Нилуфар Усмоновага куйиб куйгандай ухшаб кетар экан жахллари чикканда. Доимо жахлингиз чикиб юрсин. Буни емон ниятда айтганим йук. Нилуфар Усмоновага ухшаб чиройли булиб юринг демокчиман

8 Jahongir_DENTA   (05-Авг-2011 10:25) [Материал]
Zuhra Soliyeva yaxshi aktrisa dib etish qiyin o'zicha nimadurla qimoqchi bo'ladi. FIRDAVS to'ri etgan odam baqirish bilan aktrisa bo'p qomidi. Hamma rollari bir xil. Ayolli fazilatini umuman ko'rmaganman. Sal skromniy rollaniyam o'ynasala bo'lardi. Qachon kinoda ko'rsam qaysi roli bo'masin baqirvotgan bo'ladi. Tomog'iga raxmi kemasmikin, uje baqirishi odam me'dasiga teyib ketti. Maslahatim bozorga chiqib ishlasinla bunaqa ovoz bilan!

9 Notanish   (06-Авг-2011 14:15) [Материал]
shunaqa rasa maqtashadi, kino busa bitta korishli boladi.

dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Исмингиз *:
Email(шартмас):
Код *:

Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: 

Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ!

Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин!

-Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. 

(батафсил манбаа)

Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод

YUQORIGA!