Ura garchi ko`rmagan bo`lsamda, radio orqali eshitdim. Molodsi...Добавлено (30-Июн-2011, 08:36)
---------------------------------------------
Ўйиндан олдин терма жамоаларда, аниқроғи, Австралия терма жамоасида юзага келган вазиятни яхши биласиз. Ана шу вазиятдан келиб чиқиб бўлса керак, Евстафеев аввалги учрашувларда ҳаракат қилган таркибни майдонга туширган бўлса-да, футболчиларнинг жойлашув схемасига кичик ўзгартириш киритди. Махсталиевни ўнг қанот ярим ҳимоясига қўйиб, Холмуродовни таянч ярим ҳимоясига ўтказди. Айниқса, ўйиннинг 22-дақиқасида бошқа бир таняч ярим ҳимоячимиз - Бобур Давлатов жароҳат олиб, майдонни тарк этишга мажбур бўлганидан сўнг, Холмуродга майдон марказида иш етарлича топилди.
Айнан Аббоснинг чап қанотдаги фаоллиги эвазига вакилларимиз ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. Ўйиннинг 11-дақиқасида Асилжон Мансуров майдон марказида тўпни рақибдан олиб қўйиб, олис масофадан Махсталиевни тўп билан таъминлади. Сардоримиз дарвозабон билан бирга-бир вазиятда кучи бўлмаган, лекин аниқ зарбаси билан ҳисобни очди! 1:0!
Терма жамоамиз бу ўйинда ўзини шунчалик хотиржам тутдики, ғалабага ўзлари ҳам шубҳа қилишмади, ўзимиз ҳам ўйинни хотиржам томоша қилдик. Фақатгина гол бўлган пайтларда маза қилиб бақириб қўйишни канда қилмадик. Аксинча, рақиб жарима майдончамизга ёриб кириш йўлини тополмай, чорасиз ҳолатда қолиб кетди.
Голдан 2 дақиқа ўтиб, Азизбек Муродов ўз қанотида ҳимоячидан тўпни олиб қўйиб, дарҳол очилаётган Темур Ҳакимовни тўп билан таъминлади. Ҳакимов эса бироз аниқроқ ҳаракат қила олмади. Акс ҳолда, голдан ўзига кела олмай туриб, "кенгурулар" иккинчи голни қабул қилиб олишлари мумкин эди.
Терма жамоамиз гол уриб олганидан кейин асосий эътиборни ҳимояга қаратди. Ҳаттоки футболчиларимиз қарши ҳужумга ҳам ўтишмади. Биринчи бўлим якунига етишига 5 дақиқа қолганида футболчиларимиз рақиб жарима майдончаси яқинига келиб, кучли прессинг уюштиришди. Натижада Сардор Собирхўжаев тўпни рақибидан олиб қўйиб, тўпни олдинга ташлаганча, жарима майдончасиига кириб борди. Ўткир бурчак остида Собирхўжаевнинг ўзи ҳам зарба бериши мумкин эди, аммо у янада қулайроқ вазиятда турган Аббосга узатди. Ҳимоячилар Махсталиевга зарба бериш имконини беришмади ва тўп орқароққа қайтарилди. Темур Ҳакимов тўпга зарба берди. Тўп эса ҳимоячилардан бирига тегиб, Пол Иззо қўриқлаётган дарвозанинг бўш бурчагига думалаб кирди - 2:0.
Терма жамоанинг биринчи бўлимдаги ўйинига баҳо бериб, шуни айтиш мумкинки, футболчиларимиз ўзларини майдонда худди фаворитлардек ҳис қилиб, ҳаяжонни бутунлай йиғиб олишганди. Натижада йигитларимиз қулай вазиятлардан жуда усталик билан фойдалана бошладилар. Қисқа қилиб айтганда, терма жамоамизнинг вазиятлардан фойдаланиш коэффициенти жуда юқори бўлди.
Иккинчи бўлимнинг дастлабки 15 дақиқасида Дайлан Томбидеснинг четлатилиши билан ёдда қолди. У керак бўлмаган вазиятда, майдон марказида Жавлон Мирабдуллаевга қарши тик оёқ билан чиқиб борди. Табиийки, ҳакам унга дарҳол қизил карточка кўрсатди. Орадан 5 дақиқа ўтиб, захирадан майдонга тушган Тибой Камара майдон ташқарисида Махсталиевни итариб юборди. Вазиятга тўғри баҳо бермаган ҳакам эса ҳар иккала футболчини огоҳлантирди. Перулик ҳакам бу вазиятда Аббосни провокация ишлатишда айблади, шекилли. Очиғи, мана шундай огоҳлантиришлар мутлақо лозим эмас. Кейинги босқичларда бу нарса бизга панд бериб қўйиши мумкин (Мексикада ҳали узоқ қолиш ниятимиз бор ахир).
Ушбу вазиятдан бир дақиқа ўтиб, ҳисоб 3:0га етди. Давлатбек Ёрбеков жарима майдончаси ичида тўпни қабул қилиб олиб, уни дарвозабон майдончаси сари кучли тарзда йўллади. Австралия сардори Чапман тўпни қайтараман деб, уни ўз дарвозасига йўллаб қўйди. 3:0! Тўп Коннордан ўтганда ҳам Холмурод Холмуродов бўш дарвозани ишғол қилишга тайёр бўлиб турганди.
Бу голдан кейин конфедерациядошларимиз бутунлай "синиб" қолишди. Натижада Евстафеев шогирдлари энди эркин ҳаракат қила бошладилар. Бир вазиятда Аббос яна бир марта гол уриши мумкин эди. Аммо бу сафар зарба кучли чиққан бўлса-да, дарвоза томон тўғри бормади.
Ўйин тугашига 5 дақиқа қолганида яшил қитъа вакиллари ўзларининг илк хавфлироқ ҳужумини уюштиришга ҳаракат қилди. Дарвозабонимизнинг ўз вақтида олдинга чиқиб бориши натижасида хавф йўққа чиқди. Орадан 2 дақиқа ўтиб, австралияликлар яна бир марта яхши имкониятга эга бўлишди. Аммо жарима майдончасига узатилган тўпни рақибларимиздан ҳеч бир дарвозага йўллай олмади. Аслида бу қарши ҳужумнинг ташкил этилишида Давлатбек Ёрбековнинг ҳужумдаги бироз сусткашлиги сабаб бўлганди. Кўп ўтмасдан фарғоналик ярим ҳимоячи ўз айбини ювди. Жасур ва Темур Ҳакимовларнинг ўзаро пасларидан кейин тўп Давлатбекка келди. У эса дарвозабон билан бирга-бир вазиятда ҳисобни 4:0га етказди.
Терма жамоамиз ўйиндан-ўйинга очилиб бормоқда. Футболчиларимизнинг ўзига бўлган ишончи тобора ошиб боряпти. Назаримизда, бугун терма жамоамиз ўзининг энг яхши ўйинини намойиш этиб берди. Ғалаба билан барча-барчани муборакбод этамиз! Биз ҳали бу билан чекланиб қолмоқчи эмасмиз!
ЎСМИРЛАР ЎРТАСИДА ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИ
НИМЧОРАК ФИНАЛ
ЎЗБЕКИСТОН - АВСТРАЛИЯ 4:0 (2:0)
Голлар: Аббос Махсталиев 11, Темур Ҳакимов 40, Коннор Чапман 66-автогол, Давлатбек Ёрбеков 89
Огоҳлантиришлар: Давлатбек Ёрбеков 29, Аббос Махсталиев 65 - Корей Браун 14, Рилей Вудкок 48, Тибой Камара 65
Четлатиш: Дайлан Томбидес 59, Тибой Камара (90+1, иккинчи огоҳлантириш)
Ўзбекистон (U17): Ғанишер Холмуродов, Сардор Раҳмонов, Асилжон Мансуров, Аббосбек Махсталиев (Жасурбек Ҳакимов 84), Азизбек Муродов, Сардор Собирхўжаев, Холмурод Холмуродов, Темур Ҳакимов (Диор Усмонхўжаев 90+1), Бобур Давлатов (Давлатбек Ёрбеков 22), Жавлон Мирабдуллаев, Муҳсин Убайдуллаев.
Австралия: Пол Иззо, Жейк Монако, Коннор Чапман, Том Кинг, Корей Браун, Хеман Эспиндола, Митч Купер (Митчелл Оксборров 80), Дайлан Томбидес, Люк Ремингтон (Энтони Проиа 55), Якоб Меллинг, Рилей Вудкок (Тибой Камара 55)
Ҳакамлар: Виктор Каррило, Жонни Боссио, Сезар Эскано (барчаси - Перу)
Манба: www.uff.uz