06:05 Аббос Қосимовнинг "шапат" ва "шапалоқ"лари) | |
Ёдингизда бўлса Аббос Қосимовнинг Тошкентдаги доира-шоусидан репортаж тайёрлагандим. Мазкур концертдан ижобий таъсирланганим боис, Аббос Қосимов билан сухбат уюштиришга қарор қилдим. Тошкентдаги "Олимпия" кафесида Аббос Қосимов ва унинг шогирдлари билан учрашдик. Sayyod: Хозир
энди Тошкентда яшаяпсизми?
Аббос
Қосимов- Йўқ, оиламиз билан Америкада яшаяпмиз, ижод хам ўша ерда. 2005 йилдан бери ўша ердамиз. Sayyod: Шу кетишингизга нима сабаб бўлган? Қандай қилиб кетгансиз? Гастроллар бўлиб бориб қолганмисиз ёки бошқа сабаб? Аббос Қосимов- Сабаби, 2003 йилда Тайванга
гастролга борганимизда фестивал бўлганди, мен ўзимизнинг доирачи болалар гурухим билан борганман. Ўшанда
Лос Анжелес деган гурух ва яна бир ансамбль келган. Шулар билан 2 хафта вақт
мобайнида бирга ишлаганмиз. Уларга
менинг ижодим ёқиб қолган ва "Сени таклиф қиламиз Америкага, бирга ижод
қиламиз” деб айтишганди. Мен бошида ишонмагандим, шунчаки айтиб қўйди шекилли деб
ўйлаганман. Кейин эса 2005 йилда таклифнома
келган. Элчихонага бориб, шу юборилган ишчи визасини олиб, шу йили кетганман. Sayyod: Тошкентда
Америкага нисбатан доира ва умуман сизларга хизмат кўпроқку, тўйларга масалан, тушум хам шунга яраша, бизларда доира орқали тирикчилик яхшироқ
Америкага қараганда. Шу тарафлари хам
қизиқ албатта, у ерда пул топиш қандай
бўляпти? Аббос Қосимов- Мен пул топиш ниятида кетмаган эдим Америкага. Мени ниятим шу ўзбек санъатини дунёга танитиш бўлган. Менинг фикримча, агар сиз Америкада машхур бўлсангиз, сизни бутун дунё танийдиган бўлади. Кўпчиликнинг фикрича, Америка дунёнинг маркази деб хисобланади. У ерда миллатлар хам хар хил. Агар у ерда танилсангиз, шу орқали сизни бутун дунё хам таниб олади. Хозир у ерда жуда кўп одам доирани билади, Ўзбекистонни танишади, шу санъат орқали. Доирани ўрганмоқчи бўлган ўқувчилар кўп, шогирдларимиз хам бор. Мана ёнимда хам биттаси ўтирибти, Нью Йоркли Алби исмли шогирдим. Бу шогирдим билан биринчи маротаба 2003 йилда учрашганмиз. Ўзим Америкага 4 маротаба борганман. Sayyod: Алби энди сизнинг гурухингизда қолдиларми? Концертлар хам бирга юрадиган, бошқалар каби гурухингиз аъзосими? Аббос Қосимов- Хам созанда гурухимдаги, хам
шогирдим ва ўзининг хам Америкада джаз
гурухи бор. Улар билан ўзларининг инструментларини, хамда доирани хам
чаляпти хозирда. Хуллас, 2005 йилда улар чақиришди, биз
бордик. Ижодни бошлаб юбордик ва илк записьни чиқардик. Ўша пайтда Америкада
гап тарқалиб кетганди, Ўзбекистондан доирачилар келишибти, эшитиб кўринглар
деб. Кўп созандалар йиғилишган, уларга
чалиб бердим, уларга ёқди. Шу созандаларнинг орасида Стив Вондер (Stevie
Wonder) нинг созандаси хам бўлган экан,
у хам ёқтириб қолиб, айна ўша вақтларда Стив Вондер янги альбом
чиқараётган экан, мени хам таклиф
этишган. Унинг "A time to love” деб номланган қўшиғини чалиб
берганман. Шундан сўнг, улар бир бирига айтиб, созандалар, бошқа гурухлар секин
секин чақира бошлашди. Ўша вақтда Нью Йоркда яна бир катта фестиваль бўлганди,
у фестивальда айнан шу урма асбоблар бўйича
жуда машхур мусиқачиларнинг бир қанчаси,
масалан, Зокир Хусайн ва бошқалар билан
танишдим. Шу фестивальда улар билан
бирга чалганмиз, шундай қилиб хаммаси бир бирига уланиб кетди.
Sayyod: Дунёга
танитиш деяпсиз, бу тушунарли, лекин сизга қандайдир тушум хам бўлиши керакку,
ўзингиздан кетиши керакмаску. Сиз у ерда қандай қилиб пул топасиз, менимча
фестивалларда пул тўланмайди... Аббос
Қосимов- У ерда текинга ишламайди хеч ким. Хар бир
фестиваль хам, концерт хам пул.
Sayyod: Тушумни
бу ердагидан фарқи борми? Олдин гурухингиз билан чиққансизку тўй, тадбирларга.
Бу ердаги ва у ердаги "ставка"ни фақри борми? Аббос
Қосимов- Жуда катта фарқи бор. У ерда энди нарсалар
хам, турар жой умуман яшаш қиммат. Тушум хам шунга яраша бўлади у ерда.
Sayyod: Элмурод
ака деган устозингиз бор эканлар... Аббос
Қосимов- Элмурод ака менинг иккинчи устозим бўладилар. Sayyod:
Сиз уларнинг олдиларига шогирд
бўлиб тушиш мақсадида борганингизда, улар бошида рози бўлмаганликлари ростми?
Созандаларнинг орасидаги бор гап экан бу. Аббос Қосимов- Одамларнинг орасида
хар хил гап юраверади ўзи. Ундай бўлмаган аслида (кулади) Биринчи устозим
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тўйчи ака Иноғомов бўлганлар. Тўйчи Иноғомов
Уста Олим Комиловнинг биринчи шогирдлари бўлган. Уста Олим Комилов ўргатганлари
бўйича Тўйчи ака рахматли, хато бўлмаса
агар 95 фоиз созандаларга, Қахрамон Дадаев, Талъат ака, Дилмурод ва Холмурод
Исломовлар ва бошқаларга
ўргатганлар. Мен хам биринчи шу
одамга борганман дарс олгани, кейин эса
Элмурод акадан дарс олганман. Яна орада Муъмур ака Вахобовдан хам дарс
олганман. Маъмур ака Вахобовнинг
йўналишлари бошқача, тескари йўл дейилади.
Sayyod: Шу доирада қандай йўналиш бўлиши мумкин,
тушунмайман. Оддий шу "уриш”... овоз чиқади... Аббос
Қосимов- Доира бу уриш эмас (кулади)
Доира бу санъат! Уриш тўпда бўлади
(кулади)
Sayyod: Урма
созку барибир.. Аббос
Қосимов- Ўзи аслида доирани пайғамбаримиз даврида аёллар чалишган. Аёллар чалиб, қўшиқ
айтишган. Кейин эса 1920 йиллардан бошлаб эркак кишилар чалишган. Аёл кишиларнинг доираси енгилроқ бўлган, эркак
кишиларда оғирроқ бўлган. Аёллар асосан фақат бармоқларида чалишган, эркаклар
эса секин секин чалишнинг турини кўпайтиришган. Ёзгандингизку "Шапат” деб,
шапалоқ. (кулишади) Ўшаларда усул бошланиб, кейин
раққосаларга чалиш бошланган. Усулни
озгина мукаммалроқ қилинган. Уста Олим
Комилов усулларни бир бирига қўшиб ,
ўйинга мосланган. Кейин эса Қахрамон Дадаевнинг даврига келиб соло инструментга
айланган. Ўша усулга қочирим қилиш бошланган. Қочирим хам биринчи тактга тушадиган қочирим бўлган.
(Тушунарли бўлиши учун оғизда чалиб беради) Sayyod: Яъни, бора бора енгиллашиб
бораверган демоқчисиз, шундайми? Аббос
Қосимов- Ха, мана шундай оддий оддий
қочиримлар келаверган. Кейин эса Элмурод
ака яна қўшганлар, шундай ривожланиб келган. Мисол учун тўртта такт бўлса, "раз
и два и три и четыре”
бўлса, Элмурод ака "раз и два...” ўша
"и” сига хам удар қўшиб чалишни бошлаган. Маъмур аканинг йўли "раз и” ни ўрталари бор, тушуняпсизми...
Sayyod: Шуларни
одамлар тушунади деб ўйлайсизми? Аббос
Қосимов- Тушунади, доирачилар кўпроқ
тушунади. Лекин Америкада, Европада хамма тушунади. Қандай қуйни чалсам,
хаммасига тушуниб, додлаворишади. Лекин
бу ерда ундай эмас. Гапимни бўлиб қўйдингиз (кулади) Маъмур ака
ўша айтганимдек, ора орага ташлаб,
бошлаган одам бўладилар. Кейин бу йўналишни мен ундан хам ривожлантириб
юборганман. Мақтанмайманку, лекин мана шу охирги йўналишларда хозирги чиқаётган
ёшларнинг хаммаси шу Аббоснинг йўналишида чалишяпти. Чунки бу йўналишни хозир
дунё тан олган.
Sayyod: Нимаси
билан фарқ қилади айнан сизнинг йўналишингиз бошқаларидан? Аббос Қосимов- Айтдимку, масалан,
қаранг, 4 та такт кетяпти... (кулиб юборади)
мен 8 та, 16 тага чўзиб юбораман. Умуман бошқача йўналиш бу. Масалан,
чалишни бошлаб, ўрталарида тушмасдан, охирида қайтиб келаман. Мени йўналишим,
мана хозир ўтириб гапириб бераяпманку, тарихини, доирада хам худди шундай
гапириб берилади. Қўшиқ қилиб чалиняпти
хозир доирада. Мени йўналишим Американинг
джаз йўналиши, Африка, Хиндистоннинг куйларини, барабанлар борми, хаммасини
уйғунлашгани деса хам бўлади. Хамма йўналиш қўшилган, мукаммаллашиб кетган. Sayyod: Хеч қизиқиб кўрганимисиз, бир секундда нечта удар ура оласиз? Концертда
кузатганим бўйича айтяпманда, қараб ўтирибман ва хаёлимга айнан шу савол келди. Аббос Қосимов- (кулади)
уни ундай хисоблаб кўрилмаганку, лекин битта тактнинг ичига анчагина
ударни киритиб юборса бўлади.
Sayyod: Сиз
мана айтяпсиз, джаз ва бошқа дунёдаги йўналишларни уйғунлаштиряпман деяпсизку
тажрибада, уларга бизнинг охангларни хам уйғунлаштиряпсизми?
Стив Вондер дедингиз... Уларга хам сингдиряпсизми қўшиқларингиз билан бизнинг
охангларимизни? Аббос
Қосимов- Албатти қўшамиз. Ўзи шундан бошлайман. Стив Вондерда хам ўзбекча
услубда чалинган. Ўзбек миллий созларимиздан бошланиб, ўртасида уларнинг куйларини уйғунлаштириб,
охирида яна ўзбекча куйларимиз билан тугалланади.
Sayyod: Сизларда доира тили борми, фақат ўзингиз учун
тушунарли бўлган? Мен концертдан келиб
чиқиб айтяпман кўп нарсаларни, кузатганим бўйича айтсам, мусиқада "савол-жавоб" деган
нарсаларни тушунаман мен хам, лекин ўшанда бир куй чалиндиде ва хамма кулиб
юборяпти ва айнан созандаларгина кулишяпти фақат. Ўшанда ўйладим, нимаси
кулгилик экан? Яна қайтадан хам видеодан кўрдим, тушунишга харакат қилиб. Нима
шу? Аббос
Қосимов- (кулади) Яхши савол. Чунки доира орқали хам гаплашиш мумкин. Барибир кўпроқ кўз ва
мимика орқали. Масалан иккаламиз доира чалаётган бўлсак, ўшанда кўрсатилиш бор.
Шундай қилиб, кейингисига ўтамиз ёки тезлашамиз деган маънодаги кўрсатилишлар
бўлиши мумкин. Буларни ўзимиз яхши тушунамиз, албатта. Бизда яна гаплашиш хам
бор, Хиндистонда, агар билсангиз, таблачилар ритмларни оғзида айтишади. Доирада хам ўзининг тили бор , масалан, "бак
бумба бум, бумба бак бумба бум”деб оғзида айтиш мумкин. Бунда хатто доира шарт эмас. Бир хил пайтлар
жуда хам шовқин бўлиб кетса, фақат оғизда хам репетиция қилаверамиз. Sayyod: Доира бутун дунё бўйича фақатгина бизнинг миллатимизда борми? Қизиқиб кўрганмисиз? Аббос
Қосимов- Бор, биринчи ўринда бизда, кейин иккинчи ўрин Тожикистонда, Қозоғистонда , Хитойнинг Урумчисида ва Тайванда хам чалишади. Урумчидаги мусиқачилар қўпинча
Тайванда хам ишлашади. У ерда хам Sayyod: Фақат биздагина ривожланганми фақат дейман.. Аббос
Қосимов- Ха, бизда ва Тожикистонда ривожланган. Чунки доира Ўзбекистондан
чиққан, кейин Тожикистонга ўтган.
Sayyod: Америкага кетганингиздан бери келиб турармидингиз Тошкентга? Аббос
Қосимов- Ха келиб турибман. Қариндошларим бор,
шогирдларим шу ерда. Келиб дарсдар ўтиб турилади. Мана кўрдингиз, концерт
қўйилди... Sayyod: Нега унақа кичкина жойда, мен
шуни тушунмадим? Аббос Қосимов- Бошланиши кичикроқ бўлсин дегандим..Шошилинч бўлиб қолди бу концерт ўзи. Қатта жойларда қилиш ният бор эди, вақтлироқдан харакат қилиш керак экан унинг учун, ўша "заявкалар” бериш ва бошқа ишлар.
Sayyod: Санъат
оламидан кўпчилик билан учрашганимдан кейин , айнан сайтда кўришганлиги бўйича,
кўпчилик сиздан хафа хам бўлишди "таклиф
қилишмади, биз боролмай қолдик” деб. Аббос
Қосимов- Энди худо хохласа кейинги концертни Истиқлол санъат саройида қилиш
мўлжалимизда бор. Вақтида харакатни
бошлаб.. Sayyod: Бундай концерт бизда хали
бўлмаган эди.. Мен шоу бизнесда бўлган
вақтим бундай мусиқий ва жуда қизиқ
концертни кўрмагандим, хақиқатдан хам.
Яна бир савол, бу ерга келишдан олдин озгина суриштирув ишларини олиб
бордим, ким қандай созанда ва шу каби
гапларни. Бир Маъруф деган доирачи бор
экан... Аббос Қосимов:-Ха
Маъруф, биз у билан бирга катта бўлганмиз. Элмурод акага бирга қатнашганмиз. Sayyod: Маъруфнинг йўналишини сизникидан қандай фарқи бор? Аббос
Қосимов- Яна боя айтганим, Элмурод ака сал
қўшганларку, Маъруф кўпроқ Элмурод аканинг йўналишидан кетган. Хозир ўзининг
хам усулини қўшган. Чиройли чиройли усулларни, ўша қочиримларни чалади. Ўзига
яраша "шапалоғи” бор. Зўр чалади, мен
уни хурмат қиламан. Мени йўналишимнинг
уникидан фарқи , биздаги дунёқарашнинг бошқачалигида. Мени куйларим аралаш,
хамма миллатларнинг куйларини уйғунлашуви бор. Менинг йўналишим дунёга чиқишга
осон ва улар хам буни тушунишади.
Sayyod: Менга
унинг "шапалоғи” кучли деб айтишди. Аббос
Қосимов- (кулиб юборишади) Унинг шапалоғини чиройлилиги бу уларда оилавий деб
ўйлайман, амакилари Хасан ака Азимов,
уларнинг шапалоқларидака шапалоқни мен хали эшитмаганман. Уларнинг
адалари борлар, Ғофур Азимов деган, уларнинг хам шапалоқлари зўр бўлган. Хасан
акадан бир шу хақида сўрагандим, "қандай қилиб чаляпсиз” деганимда кўрсаттилар,
яна бир савол беришди, "бошқа одам хам шундай чиқара оладими” деса, чиқара
олиши мумкину, лекин бу қондан ўтган деб жавоб бергандилар.
Sayyod: Доира чалганида зарб билан бўладику, хеч доира ёрилиб кетган пайт
бўлганми айнан урганида? Менга келган яна бир ғалати савол бўлиши мумкинку,
лекин қизиқда барибир. Аббос
Қосимов- Доира хеч қачон ёрилмайди. Ёрилиши мумкин, доира роса қизиб кетган
пайти, ўзи эски доира бўлсаю, шунда кучли зарб берганида ёрилиши мумкин. Лекин хали эшитмаганман,
кимдур доира чалаётганида ёрилиб кетибди деган гапни.
Sayyod: Бугунги
кунда урма созлар, нафақат урма соз балки созандалар ижоди бизда юқори даражада
ривожланган эмас, дунё миқёсида Ванесса Мей, кимдур скрипка, кимдур дудукда
чалади. Дунё миқёсида жуда ривож топган. Бизда ривожланмаган бўлсада, мана сиз
доирада машхурликка эришдингиз ва давом этмоқдасиз. Нега сизда етарли даражада промо йўқ? Мен сизни интернетдан биламан, агар Шавкат
бўлмаганида... Аббос
Қосимов- Аввал
Ўзбекистонда яшаганимда хамма билар эди.
Sayyod: Санъат
оламида... Аббос
Қосимов- Санъат оламида хам, халқ хам билар эди. Биринчи доира солосинин Юлдуз
Усмонова билан ишлаган пайтларда чалинган. У пайтда фақатгина усуллар билан
қўшиқчига ёрдам учун чалинарди. Ўшанда илк мартта доира солоси чалина
бошланган. Шундан сўнг Аббос гурухи деб танила бошланди. Кейин бошқа гурухлар хам кўпайиб кетти.
Шогирдлар кўпайди. 2005 йилда мен кеттим ва бу ерда ижод тўхтади хисоб бўлди.
Кейин у ерда харакатни бошладим. Худога шукр, Америкада анчагина ривожланяпти.
Кетганимнинг хам сабаби айнан шу эди, у ерда ривожлананса дунёга танилади,
бутун дунё тан олади шунда. Sayyod: Лос Анжелесда яшаяпсиз а? У ердаги ўзбекларнинг тўйига албатта борсангиз керак? Аббос
Қосимов- Ха , ўзбекларнинг тўйларига бориб тураман. Лекин кўпроқ Америкаликлар,
Афғонлар, Хиндистонликлар таклиф
қилишади. Хозир биз билан ишлайдиган 7 ё 8 та гурух бор, асосан улар билан бутун дунё бўйича гастролларда
юрамиз. Фестиваллар, концертлар ва бошқа махшур созандалар бор, уларнинг
ўзининг концертларида , Зокир Хусейи масалан, унинг концертларида катта катта
4000 кишилик заллар хам бемалол тўлади. Ана ўша ерларда ўзбегимни дўпписини
кийиб, яхтагини боғлаб сахнага чиқамиз. Ўшанда танимайдигани хам таний
бошлайди. Концертлардан сўнг орқа тарафларга ўтиб бу қандай инструмент, қандай
чаляпсиз, қўлингизни бир кўрай деган саволлар бериб, одамлар қизиқа бошлашган.
Мана шундай йўл билан промо хам секин кетяпти. Хозирда Америкада яхши
ривожланяпти, энди бу йилдан Ўзбекистонда хам
секин аста ривожлантириш режада бор. Концертни хам кичикроқ қилганимнинг
сабаби хам шу, секин секин ривожлантириб
борилади. Кейинги йил худо хохласа
Истиқлол санъат саройида концерт қўйиш. Ниятим эса, бутун дунёдаги машхур
созандаларни бу ерга олиб келиш. Улар
билан концерт бериш. Чунки кўпчилик билмайди, танишмайди кўрмаган,
эшитмаган. Биздаги созандаларнинг
дунёқараши, фикрлари ўзгаради. Янада
кўпроқ нарсалар ўрганади. Шу сабабли уларни олиб келиб , бу ерда
таништирмоқчиман. Sayyod: Доирадан бошқа яна бошқа урма созларни биласиз, лекин ўзингиз билмагану, ўрганмоқчи бўлган урма созлар борми? Фақат урма созлармас, умуман чолғу асбобларидан... Аббос Қосимов- Хамма
урма созларни чалишни биламан, хаммасини ўзини йўналиши қоидаларига эга,
хозирда мен ўша Хиндистон табласига жуда ишқибозман. У жуда қийин инструмент
хисобланади. Уни секин секин ўрганяпман. Кейин "струнный” инструментга
қизиқаман, масалан, ўзимизнинг миллий дутор, танбурлар... ўзимнинг жияним хам
шу ерда Умиджон Эшонходжаев, концерт
куни қўшиқ айтган. Мана бу хам танбурда чалиб хам қўшиқ айтади. Ўзи ғиччакдан
бошлаганди, кейин қўшиққа ўтди. Ўзимизнинг миллий қўшиқ, мақомларни айтади. Sayyod: Ўзимизнинг созандаларнинг аудиториясига қандайдир янгича йўналиш қила олдим деб айта оласизми? Концерт бердингиз, концертингизда шуни кўрсата олдингизми? Янгилик билан хайратлантира олдингизми? Аббос
Қосимов- Агар сезишган бўлса, жуда кўп янгилик бўлди. Тушунмайдиган одам барибир тушунмайди.. Sayyod: Мен созандаларни хам айтдим. Аббос
Қосимов:-Созандаларнинг ичида хам тушунмайдиганлари кўпда.. масалан менинг
йўналишимни доирачиларнинг 50 фоизи тушунмайди, агар адашмасам. Чунки боя
айтганимдек, ора ораларига туширилади ва бу жуда қийин нарсалар. Концерт куни
янги йўналишни хофиз жияним билан
чалдим, ўзи хофизнинг ёнида фақат усул ишлатса бўлади. Фақат "бум так, бум так”
орасида "така бум так” қилиб масалан. Мен эса
шу янги йўналишимда, яъни хофиз билан бирга чалдим, хофиз нима чалса ё
нима куйласа, мен доирада бирга чалдим. Кейин орада яна бир янги йўналиш, мусиқаси усул ушлаб,
доирага соло берилди. Тескариси бўлди,
бу менга усул ишлаб турди, мен ашуласини айтдим доирада. Мен бу йўналишни олиб чиққаним, доирачи фақат
усул ишлаб ўтиравермасин, у хам ижод
қилсин, хофизга халақит қилмасдан биргаликда кетсин, чунки доира хам мусиқа
асбоби, фақатгина уриб ўтириш шарт эмаску уни.
Ишласа бўладику, шуни кўрсаттим. Sayyod: Тушунарли.. Энди саволларимиз Албижонга: Устозингиз хақида ва нега айнан доира? Алби Реблейжл (Аббос аканинг америкалик шогирди, у сухбатни инглизчада давом эттирди): -Сизга хаммасини умумий қилиб гапириб берақоламан.
Мен Американи Техас штатининг
Аустин шахрида яшаганман. Бир фестивалда қатнашганимда Аббос ака хам ўша ерга
борган экан. Ўша ерда тўсатдан доирани овозини эшитиб қолганман. Мен уни
Африканинг мусиқаси ёки бошқа бир инструмент деб ўйладим. Уни доиралигини
билмасдим. Қарасам куйни бутун бир гурух чаляпти. Тўғрисини айтсам, мен
хаяжонланиб кетдим ўшанда қўшиқдан. Бундай овозни эшитмагандим аввал. Шундай қилиб, ёқтириб қолдим ва бир четда
кутиб турдим. Улар билан гаплашишга харакат қилгандим ўша пайт, Аббос ака
фестивал билан банд эди. Мен бир икки кун харакат қилдим у билан кўришишга ва
охири у вақт топиб мен билан кўришди. У менга доира хақида бошланғич тушунча
берди. Қандай қилиб усуллашни, қандай қилиб хар хил овозлар ва ритмлар
чиқаришни ўргатди. У билан уч соат мен учун биринчи қадам бўлди. Менда ўзимнинг
шахсий доирам йўқ эди, лекин у пайтла 2003 йилларда YouTube сайтидан доира
хақида маълумотлар қидиришга киришдим. Хар хил мақолалар, шошмақом хақида хам
қидирдим. Кейинги йил худди шу фестивалда яна доирани кўрдим. Менинг бир дўстим
менга рахмат тариқасида уларнинг концертига йўлкира ва яшашига хомийлик қилишга
рози бўлди ва улардан доира хам сотиб олди.
Доирани тушуниш учун ундан чиқаётган энергияни хис этиш керак. Бошқа созларда ўзингиздан ташқарига урсангиз, доирада ўзингизга қарата урасиз, яъни энергияни ўзингизга қайтарасиз (қўлида кўрсатади) Мен озгина дарс олдим, лекин барибир кўнглимдагидек эмас эди. Кейинги 2005 йили мен Нью Йорк штатига кўчдим, кейин Хиндистонга сафар қилдим. Кейин харитага қарасам, Ўрта Осиёдан унчалик узоқ эмас экан. Тошкент Дехлидан уч тўрт соат узоқликда эди, мени назаримда. У ерга боришга қарор қилдим ва Тошкентга чипта сотиб олдим. Тошкентга борганимда таксистдан арзонроқ мехмонхонага олиб боришини илтимос қилдим. Менда Аббос ва Хасан акани телефон рақамлари бор эди, лекин у инглизча билмас эди. Шундай қилиб, таксист мени Хадрага олиб келди ва мен шу ердан Хасанга телефон қилдим. Хасан гўшакни ўғлига берди, ўғли бироз инглизчани тушунарди. Мендан "қаердасиз?” деб сўради, "Хадрадаман” дедим, "Қаерда?, Нима? Ўша ерда туринг” деди. Мен телефонни қўйдим. Бир пайт Маъруф телефон қилди ва жойингдан қимирлама деди ва беш минутда келиб, мени олиб кетди. Ўшанда "қаерга кетяпмиз?” деб сўрагандим, у "Хавотир олма, бир одам билан учрашамиз” деди. У мени Элмурод ака билан кўришишга олиб борди. Улар ўзаро ўзбекча гаплашишди ва нега бу ердалигимни сўрашди. Мен доирани ўрганмоқчилигимни айтдим, улар яна ўзбекча гаплашишда давом этишди. Элмурод ака бироз ишонмай, нега Ўзбекистонга келганимни билмоқчи бўлди. Мен ростини айтаётганимни, доирани ўрганиш учун келганимни айтдим. Уни хайрон бўлганини тушуниш қийин эмасди, чунки бир Америкалик одам у ердан Ўзбекистонга доирани ўрганиш учун келиши у учун бир янгилик эди. У мени қизиқишимни сўради ва гапининг охирида уйига олиб кетишини ва у ерда яшашимни таклиф қилди. Хар куни мусиқий мактабга келиб ўрганишни хам таклиф қилди, мен унга ўз миннатдорчилигимни билдирдим. Улар менга йўл йўриқ кўрсатиб, доирани ўрганишимда ёрдамлашишди. Ўзбекистонда мен улардан бошқа хеч кимни билмасдим. Икки хафта ўша мактабга бордим, бирмунча ўргандим. Одамларнинг доира чалишини кўрдим ва энг қизиғи саккиз ёшли бола мендан яхши чалар экан. Мен Тошкентдан кетмасимдан олдин Элмурод акани ёш ўқувчиларидан бири менга Андижон полкаси, Олтин кўл ва бошқа тароналарни ўргатди. Хамма тароналарни видеога ёзиб олдим, Америкага борганимда уларни кўриб ўрганиш учун. Мен Америкага қайтиб Ўзбекистонда ўрганганларим бўйича практикамни давом эттирдим. Sayyod: Ўзбекистонда
доирадан бошқа яна нималарни ўргандингиз? Алби Реблейжл:-Доирадан ташқари ноғорани
ўргандим. Бу жуда чиройли инструмент экан.
Яна бир қанча қизиқ инструментларни қизиқиб ўргандим. Sayyod:
Яна бир нарсани сўрамоқчидим,
тилининг бошқалиги таржима қилиб бўлмайдиган нарсалар борку бизда, масалан, сиз
айтаётган шапалоқ сўзи. Қийин эмасми буларга тушунтириш? Аббос Қосимов- Уни хаммамиз ўзбекчада
айтаверамиз. Sayyod:
Шапалоқ десангиз ўзи тушунади
демак. (Шу пайт Элби "Шапалақ бак” дейди
ва хамма кулиб юборади. Аббос ака Элбига доира тилида чаламиз деса, Элби "бак
бака бум” овозлари билан Аббос ака билан қуйни давом эттиришди)
Sayyod:
Ўзбекчани хам ўргатяпсизларми? Аббос Қосимов- Ха ўрганяпти, "Қалайсан” денг, Сардор Sayyod:
Калайсан? Алби Реблейжл:- Рахмат, яхши (хамма кулиб
юборади) Доирани жуда турфа хил инструмент
деб айтиш мумкин. Уни чалиш йўллари кўп демоқчиман. Масалан, шапалоқ, ёки
оёқларингизга қўйиб олиб чалишингиз мумкин ва яна бошқача, шундай қилинса 4 ёки 5 хил инструмент бўла оларкан. Sayyod:
Сизнинг ўз гурухингиз борми? Алби Реблейжл: Америкада назарда тутяпсизми? Йўқ, менинг ўз гурухим
йўқ, лекин эркин созанда сифатида хар хил гурухларда куйлар чаламан. Жуда кўп
йўналишларда, поп, туркча ва бошқача йўналишдаги куйларни..
Sayyod:
Демак, Аббос ака, сиз
тўққизинчида учиб кетяпсиз, энди шу
билан Ўзбекистонга қачон қайтиш
режангизда бор? Аббос Қосимов- Хозирча
номаълум, келиш сабаби хам концерт қилиш. Агар хаммаси жойида бўлса кейинги
йилларга худо хохласа, яна чўзилса унда ундан кейинги йил... Sayyod:
Янги қонунларни билиб кетишингиз
керак, ана ўша реклама баннерларига икки уч ой олдин харакат қилишингиз керак бўлади.. Аббос Қосимов- Ха
айтганингиздек, вақт етмай қолар экан, бир йил хам етмай қолса керак. Бу концертимизга
атиги икки хафта тайёрландик. Кечаси билан тайёргарлик хам кўрдик. Агар
режамдагидек бошқа созандаларни олиб келсам, унда яна хам аввалроқдан харакат
қилар эканмиз. Sayyod:
Саволларим тугади. Бирор нима хақида эълон қилмоқчи ёки яна бирор
гапларингиз бўлса айтишингиз мумкин. Аббос Қосимов- Сизга янги альбомимни тақдим
этмоқчи эдим. Америкада чиқарганмиз.
Машхур созандалар билан хам, Ўзбекистондан юборилган куйлар хам жой олган. Шуни
сизга совға қилмоқчи эдим. Sayyod: Рахмат!
Шахло Қодирова ёзди. Суратлар: Шахло Қодирова | |
Бўлим: Suhbat | Intervyu | Reportaj |
Кўрилган: 9592 |
Чоп этди: Sayyod
| Теглар: |
Нравится
Барча изохлар: 4 | ||||
Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ! Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин! -Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. (батафсил манбаа)
Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод |