05:00 Сирожиддин: "Биздаги шоу-бизнес бу тўй!" | |
Бир куни дугонам билан уйда суҳбатлашиб ўтирганимизда, телевизорда янграётган бир ёш хонанданинг овози ва қўшиғи, бизни суҳбатдан чалғитиб, эътиборимизни тортганди. Бу ёш хонанда Сирожиддиннинг "Қолмайин куйиб” қўшиғи эди. Кейинчалик омма орасида, ўзининг овози ва ўзига хос йўналиши билан эътиборга тушган ёш хонандани, "Сўра кўзгудан” қўшиғи анчагина танитди. Қўшиқни ёдда қоларли сўзлари ва оҳанги, кўпларни тилига тушди. Уни танитган қўшиқ ва унинг ўзига хос йўналиши туртки бўлиб, бугун ёш хонанда Сирожиддин билан суҳбат уюштирдик. Суҳбат "Акфа медиа” студиясида бўлиб ўтди. Хонанда Сирожиддин, бу студия лойиҳаси эканлиги сир эмас. "Акфа медиа” жамоаси эса, ҳаммалари бир оила аъзоларидек аҳил. Шу туфайли, суҳбат жараёнида Сирожиддинни ёнидан, "Акфа медиа”нинг яна бир ҳозирда танилаётган ёш хонандаси Рухшона ҳамда, унинг маъмури Маъруф ҳам жой олдилар.
Феруза:- Ўзингиз ҳақингизда қисқача маълумот берсангиз. Асли соҳангиз шифокорлик экан. Сирожиддин:- 1987 йил 18 июлда туғилганман. Оилада 4 та қиз, 2 та ўғилмиз. Опаларим турмушга чиққан. Акам уйланган. Ўзимни ёшлигимда шифокор бўлиш орзуим бор эди. Лекин, ёшлигимда ҳеч нарсага қатнашмаганман, мактабда ўқиганман. Ҳозирда стоматология факультетини битирдим. Ўша стамотология соҳасида ўқиб, шогирд тушиб юрган вақтимда, ўзим битта қўшиқ чиқариш ҳаракатида юрганимда, студияда "Акфа медиа”да кастинг ўтказилаётгани ҳақида айтиб қолишди. Лекин, менга боргин деб айтишмади. Сўнг ўзим кастингга келдим, ўтдим. Ижодни бошладим, аммо ҳали ижодни бошлаганимга, бир йил бўлгани йўқ. Худога шукур, ҳаракат қилиб, альбом чиқаришга ҳам улгурдик. Номини "Сўра кўзгудан” деб номладик. У ерда 14 та қўшиқ жойлашган.
Феруза:- Кастингга келгунингизга қадар, вокал билан шуғулланганмисиз? Ҳозирги кунда, неча соатдан вокал билан шуғулланасиз? Сирожиддин:- Йўқ. Фақат мактаб даврида, тадбирларда қўшиқ айтиб юрардим. Ҳозирги кунда кун ора, 2 соатдан вокал билан шуғулланаман.
Феруза:- Оилангиздагиларни кўпи, медицина соҳасида экан. Сизни санъатга кириб келишингизга, уларни муносабати қандай бўлди? Сирожиддин:- (бироз ўйланиб) Тўғри, қаршиликлар бўлди. Тўғрисини айтсам мен ўқишни битирганимдан сўнг, ўқишни давом эттириш учун Москвага кетишим керак эди. Ҳужжатларни ҳам ҳаммаси тайёр, 28 август куни учиб кетишим керак эди. Лекин, барибир ҳеч қайси ота-онага фарзандини узоқда бўлиши ёқмайди менимча. Мен бу ердаги кастингдан ўтганимдан сўнг, уларга секин тушунтирдим. (кулиб) Уни ҳам, буни ҳам эпласа бўлади, қўлимда дипломим бор, биласизлар ёшлигимдан санъатни орзу қилганман деб, амаллаб тушунтирдим.
Феруза:- Тушунмадим, шифокор бўлишни орзу қилганмисиз ёки санъаткор? Сирожиддин:- (жилмайиб) Оқ халатда юришни ҳам, хонанда бўлишни ҳам орзу қилганман. Оқ халатда юриш ҳам насиб қилди. Балки, кейинчалик давом эттирарман, лекин ҳозир фақат ижод билан бўлиб вақт етишмаяпти. Феруза:- Биласизми, санъатда бир вақтлар жуда машҳур хонанда Дониёр Тошмуҳамедов бўлган эди. Унинг ҳам оиласи, шифокорлар оиласи эди. Сизни бунга муносабатингиз? Ўхшашлик бор деб ўйламайсизми? Сирожиддин:- Энди бу тақдир-да. Мен ҳаётда таваккал қилишни жуда ҳам яхши кўраман. Нимадир иш қилмоқчи бўлсам, у иш ўхшайдими, йўқми деган савол бўлмайди. Таваккал қилиб, ўхшайди деб қиламан.
Феруза:- "Сўра кўзгудан” қўшиғим, қўшиқларим ичида мени яхшироқ танитди деб ўйлайсизми? Сирожиддин:- (ҳайрон бўлиб) Нимага? Рухшона ва Жаҳонгир Позилжонов билан бирга айтилган "Соғиндим яна” қўшиғи ҳам танитган. Биринчи қўшиқларимдан "Яширма нозларингни” ҳам. Мисол учун, вилоятларга борганимизда, фақат шу қўшиғимни сўрашади. Лекин, Тошкентда негадир "Сўра кўзгудан” бўлиб қолди.
Феруза:- Альбом номини ҳам, шу қўшиқ номи билан "Сўра кўзгудан” деб қўйибсизлар? Сирожиддин:- Айтган қўшиқларим ичида кўпроқ ёққани "Сўра кўзгудан” бўлди. Яна бизга жон куйдириб, бирга олиб юрадиган админстраторимиз Бахтиёр акани қалбидан ҳам шу қўшиқ жой олди. Ўзи альбом номини "Қолмайин куйиб” деб номлаётгандик. Лекин, Бахтиёр акамлар сал шошмайлик, "Сўра кўзгудан”, клип билан чиқсин, ҳеч бўлмаса 10 кун айлантирайлик. Кейин номини "Сўра кўзгудан” қўямиз дедилар. "Сўра кўзгудан” қўшиғини, ўша вақтда фақат аранжеровкаси қолган эди. Кейин хўп дедик. Бу қўшиқни бастакори Азиз Худойқулов, Аҳад Қаюм шеъри, ғояси Мусахон Нурматовга тегишли.
Феруза:- Машҳурликка қадам қўйганингиздаги таъссуротлар қандай кечмоқда? Сирожиддин:- Таъссуротлар нима десам бўлади? (Сал ўйланиб) Оддий тарафи, фарқи, олдин танилмаган эдим, ҳозир сал бўлса ҳам . . . (кулади).
Феруза:- Атрофингиздагиларни, дўстларингизни бунга муносабати қандай бўлмоқда? Сирожиддин:- Олдин ўртоқларим билан у бу ерда ўтирсак, борсак (кулиб) бемалол бир-биримиз билан ҳазиллашардик. Тўғрисини айтсам, олдин ҳазиллашсам, тўғри қабул қилишарди. Ҳозир ҳазиллашсам, (ҳайрон бўлиб) сен кўтарилиб кетгансан дейишади, кўнглимга оғир ботади-де. Улар ўзига бошқача қабул қилишар экан. Яна биринчи марта, қайсидир газетага интервью берганимизда ошириб ёзишганди, яъни жавобимни бошқача ёзишган: - "Мен кастингга 100 фоиз эмас, 200 фоиз ишониб келганман”- деб. (кулиб) Ўзимни танишларимдан эса, "сен шунчалик интервью беряпсанми?” деган сўзларни эшитганман. Кейин яна ўша газетага интервью берганимда, ўша журналист опа: - "Шоу бизнес деганда нимани тушунасиз? Шоу бизнесда нима қилиш керак экан? - деганда (кулиб), "олаётган нафасни ҳам ўйлаб 2 марта ўйлаб, кейин бир марта нафас олиш керак экан” - деган эдим. (босиқлик билан) Шу вақтгача, нечта қўшиқ ёзган бўлсак, мен ҳар доим, мана бу ерини мана бундай айтсам бўлар экан деб ўйлайман. Ҳеч ҳам тўлиқ кўнглим тўлмайди-да. Ҳали ҳам, мен ўзимни яхши қўшиқ айтаман деб ўйламайман.
Феруза:- Ҳозирда ҳам шоу бизнес ҳақида, шу фикрдамисиз? Сирожиддин:- (Кулиб) Ҳа, шу фикрдаман.
Феруза:- Кўпчилик машҳурлардан сўралганда, кўпи мухлисларимни йўқотиб қўяман деб ўйлабми, севган қизингиз борми деган саволга, йўқ деб жавоб беришади. Сиз-чи, нима деб жавоб берасиз? Сирожиддин:- (жилмайиб) Севган қизим бўлган, ҳозир йўқ тўғриси. Мен яширмайман йўқ. Ёшликда бўлган. Мен тўғрисини айтсам, битта ўрганиб қолсам, жуда қаттиқ боғланиб қоламан. Мисол учун, бир қизни ёқтириб севиб қолсам, унга жуда қаттиқ боғланиб қоламан-да, кейин хаёлимда фақат ўша тураверади, бошқа ҳеч нимани ўйламайман. Мен жуда қаттиқ боғланиб қолганим учун ҳам, ҳозирча керак эмас деб ўйлайман.
Феруза:- Сизни кўнглингиздаги қиз қандай бўлиши керак, бу мухлисларингиз учун қизиқ? Сирожиддин:- (жиддий) Аввало, ўзини ҳурмат қилиб, ўзини босиб олган бўлса.
Феруза:- Кўп янги кириб келаётган санъаткорлар тўйга чиқишга қўрқади. Сизда-чи, қўрқувлар бўлдими ёки сиз проект бўлганингиз учун ҳам қўрқмадингизми? Сирожиддин:- Мен ўйлайман-ки, бу ер Ўзбекистон ва бизда кўпроқ шоу-бизнес, тўй билан боғлиқ деб ўйлайман нимагадир.
Феруза:- Нима учун, сиз шоу-бизнесни тўй деб ҳисоблайсизми? Сирожиддин:- Йўқ тўй эмас. Мана масалан, шоу-бизнесга кирганда, барибир ҳаммаси қўшиқ яратишдан, уни айлантиришгача пул сарфланади, тўғрими? Мисол учун, менда бунча пул йўқ, фақат санъатим бор. Мени даромад тарафим фақат тўйдан. Бизда мисол учун, диск ёки расмларимизни чиқариб, ундан фойда олмаймиз. Шунинг учун, шоу-бизнесни фойда тарафи, фақат тўйдан деб ўйлайман. Фақат халққа қўшиқ айтиб. Яна одамни кўпроқ тўй танитади деб ҳам ўйлайман. (кулади) Мен олдин ҳам, қариндош ва дўстларимни тўйида кўп юрардим. Кўпроқ Озодбек Назарбековни қўшиқларини айтардим. Яна қайси янги қўшиқ чиқса, мендан қолмасди.
Феруза:- Демак, сиз санъатга кириб келгунингизгача ҳам, тўйларга чиққансиз? Сирожиддин:- Ҳа, лекин жуда ҳар куни эмас. Мисол учун, тўйлар бўлган вақтда, 2-3 та ашула айтиб бер деб келишарди-да (кулади.) Кейин чиқиб, айтиб берардим.
Феруза:- Ўзингиз қандай қўшиқлар эшитасиз? Сирожиддин:- Бир хилларга, кимни қўшиқларини кўпроқ эшитасиз дейишса, мен Майкл Жексон, Бритни Спирсни эшитаман деб айтишади, аммо улар ҳам барибир, ўзбек шоу-бизнесидагиларни яхши қўшиқларини ҳам эшитишади. Лекин нимагадир, газеталарга бошқача айтишади. Мен ҳам, нима яхши қўшиқ чиқса, менга ёқса эшитаман, қайси санъаткор бўлишига қарамасдан уни яхши қўшиғини эшитаман. Лекин, бу билан мен миллий йўналишда кетяпман, фақат миллий қўшиқ эшитаман демоқчимасман. Турк эстрадасини ҳам эшитаман.
Феруза:- Сиз санъатга кириб келгунингизга қадар, кимнидир қўшиқларини эшитиб, ўзингизга нималардир олгансиз? Санъатга кирганингиздан кейин уларни устоз деб ҳисоблайсизми? Сирожиддин:- Мисол учун, мендан олдин санъатга кириб келган инсонларни, мен ҳаммасини устоз деб биламан. (ўйланиб) Чунки, қайсидир маънода кўп нарсалар олганман. Тўғрисини айтсам, "Акфа медиа”га келгунга қадар, 2-3 та санъаткорларни олдига шогирдликка олинг деб борганман, улар қабул қилишмаган. Лекин, санъатда ҳеч ким менга устозлик қилмаган.
Феруза:- Нимага, уларга овозингиз ёқмаганми ёки сендан хонанда чиқмайди дебми? Сирожиддин:- Йўқ,овозимни эшитмай туриб ҳам олишмаган. (кулади)
Феруза:- Ҳозир улар сизни танишадими? Сирожиддин:- (жилмайиб) Яқинда биттаси билан Андижонда концертда бирга туриб қолдик. Қараб туриб, бир айтсаммикин дедим, бир айтмасаммикин дедим. Уларни ўзи менга: "Ҳа, Сирожиддин яхшимисиз?” дедилар. Гаплашиб турибмиз. Бир паст гаплашиб турганимиздан сўнг, охири айтдим, "мени танидингизми? дедим, у киши "йўқ” деди. Ростдан танимадингизми деб сўрадим. У йўқ деди. (жиддийлашиб) Энди бу нарсани мен яширмай айтаман, стоматологияда ўқиб юрган вақтларимда, жуда кўп ишларда ҳам ишлаб кўрганман. Ҳеч қачон, мен меҳнатимдан уялмайман. Тўғрисини айтсам, сомсачи ҳам бўлганман. Ҳалол меҳнат қилганни, айби йўқ деб ўйлайман. Ўша вақтларда сомсада ишлардим. Бир одам шогирд тушириб қўяман деган. Ёмғир ёғиб турган эди, соат кундузги 4 ларда учрашганмиз. Бир соат ёмғирда шу инсон келади, деб кутиб турганман. Келган, "хўп-хўп” деб, телефон рақамини бериб кетган. Кейин телефон қилганимда, "ҳм-ҳм” деб, кейинчалик йўқ бўлиб кетган. Мен у вақтда, оддий кийимларда бўлганман. (кулади) Сўнг эслатдим, "бир вақтлар мен сизга шогирд тушмоқчи бўлгандим” деб. Сўнг (кулиб) "Вой бўлди, эсладим, айтдим ўзим ҳам, Сирожиддин мен сизни қаерда кўрганман” деб эслади.
Шу вақт суҳбатимизни тинглаб ўтирган Рухшона ҳам, суҳбатга қўшилди.
Рухшона:- Ҳозир у инсон, Сирожиддинга яқин бўлиб кетди. Сирожиддин:- (кулимсираб, самимий) Мен у инсонни айбламайман. У вақтда, улар жуда машҳур бўлганлар, ишлари ҳам кўп бўлган. Мен бу нарсадан фақат хулоса олдим. (камтарлик билан) Энди ўша вақтда шундай бўлган-да.
Феруза:- Хонанда сифатида ҳозирда, имиджингиз устида кимлар ишлайди? Сирожиддин:- (кулимсираб) Тўй ва оддий кунларда ўзим. Клипларда эса Лида Андре, Артём Дробыш.
Феруза:- Прессадаги "Сирожиддиннинг қоши йўқ” мақоласига муносабатингиз? Сирожиддин:- Ҳа, менга телефон қилишди, Ботир ака Имонхўжаев. "Сирож укам яхшимисан?” - дедилар. Кейин, "Сени нимага қошинг йўқ?” – дедилар. (кулимсираб) Мен: "Нимага қошим бор, фақат сийрак, онамларни қошлари шунақа” дедим. Энди, бундан уялмайман инсонмиз, шундай яралдик. Кейин улар айтдилар-ки, "Сен камерага нимага яхши ишламайсан?” –деб. Кўрган бўлсангиз, эсингизда бўлса, "Қолмагин куйиб” клипимизда (кулимсираб) камерадан қочиб юрганман. Мен: "Йўқ нимага ака? Янги клипимни кўринг, яқин олинган” - деган эдим. "Қошинг сийрак тўғрими?” – дедилар, мен "Ҳа” дедим. Улар: "Битта мақола ёзаман, Сирожиддинни қоши йўқ деган, қалай бўларкин?” - дедилар. "Ўзингиз биласиз” - дегандим. (кулади) Йўқ қайтанга ҳамма гапирди. Ҳаттоки, Қозоғистонларгача тарқалибди. Пиар бўлиб кетди. (кулади) Лекин, Ботир ака Имомхўжаевга катта раҳмат.
Феруза:- Сиз онангизгами ёки отангизга кўпроқ ўхшайсиз? Сирожиддин:- Фақат, қош жиҳатдан онамга ўхшайман. Юришларим, гапиришларим эса, ҳаммаси адамга ўхшайди. Рухшона:- (кулиб) Адалари ҳам катта. Ростдан катталар. (Кўрсатиб беради) Мен уларга бундоқ қарайман.
(Ҳаммамиз кулиб юбордик)
Феруза:- Ўзингизга четдан назар солганда, камчилигим нимада деб ўйлайсиз? Сирожиддин:- Ўзимга четдан назар солганда, камчилигим, кўпроқ уяламан. Уяламан деганда, ҳаяжоним жуда кучли-да. Нима деб тушунтириб берсам экан? Масъулиятни жуда ҳам ўзимга оламан. (кулади) Шу одатим жуда ҳам ёмон.
Феруза:- Нима учун Рухшона билан кўп бирга юрасизлар? Рухшона:- Шу саволга мен жавоб берсам, чунки Сирожиддин билан кўпроқ бирга жамоа бўлиб ишлаймиз. Биласиз, Жаҳонгир Позилжонов билан трио бўлиб айтган қўшиғимизни ҳам, кейин дуэт тарзида, (Сирожиддинга ишора қилиб) булар билан бирга айтдик. Кўпинча, шу қўшиқ сабаб, иккаламизни бирга чақиришади. Мен ҳам, буларни яқин инсоним, акамдек кўраман. Мисол учун, уларни ёрдамлари керак бўлса мен бемалол сўрайман, мени ёрдамим керак бўлса, булар бемалол сўрайдилар. Энди, "Акфа медиа”да биз битта оиламиз-да. Шунинг учун ҳам, кўпинча бирга юрамиз. (ҳазиллашиб) Булар мени қўриқчим бўладилар.
Феруза:- (ҳазил билан) Рухшонага қўриқчи бўлиш учун, спорт билан шуғулланасизми? Сирожиддин:- (кулиб) Олдин тош кўтариш билан шуғулланганман. Кейин қарасам, жуда бир қўпол бўлиб кетаётганга ўхшадим. (кулади) Шунга мажбуран ташладим. Ҳозирги кунда, ўзим эрталаб туриб, 1 соат вақтимни ажратиб, югуриб ҳаракат қиламан. Ёшлигимда курашга қатнашганман. Қозоғистонда чемпион ҳам бўлганман.
Феруза:- Кейинчалик, санъатда йўналишингизни ўзгартириш ниятингиз борми? Сирожиддин:- Кейинчалик эмас, мана яқинда янги қўшиқ ёздим, йўналиш ўзгарган. эстрада йўналишида эса "Бор борака” қўшиғим ҳам бор. Қўшиғингизни фақат катта ёшдагилар эшитса-да, ёшлар "эй” деса, ёқмайди масалан. Шунинг учун, ҳар хил йўналишда айтяпман. (самимийлик билан) Мен 7 ёшдан 70 ёшгача, одамларни қалбидан жой олишни ҳоҳлайман.
Суҳбат кутилмаган тарзда гоҳ ҳазил-ҳузул ва гоҳ жиддий кечди. Сирожиддин саволларга самимийлик билан гоҳида жиддий ва гоҳида кулиб жавоб қайтарди. Суҳбат жараёнида, уни ҳаяжонда эканлиги ҳам бироз сезилиб турди. Суҳбатдан сўнг, у жонли тарзда куйлаб ҳам берди. Келажакда, ўз овозини сайқаллашдан ва изланишдан тўхтамаса, вақти келиб, етук санъаткор бўлиши мумкин деган фикрга келдим. Суҳбат давомида, "Акфа медиа”нинг яна бир ҳозирда танилаётган ёш хонандаси Рухшона ҳам ўз фикрларини билдириб, суҳбатга янада файз ва қувноқлик шукуҳини киритиб турди. Бу суҳбатдан сўнг, аввал ҳам гувоҳи бўлганимдек, "Акфа медиа”ни чиндан ҳам, аҳил бир оила эканлигига янада амин бўлдим. Феруза Фаттохова
| |
Бўлим: Suhbat | Intervyu | Reportaj |
Кўрилган: 5414 |
Чоп этди: Sayyod
| Теглар: |
Нравится
Барча изохлар: 14 | ||||||||||||||
Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ! Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин! -Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. (батафсил манбаа)
Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод |