Бош сахифа » 2011 » Февраль » 19 » Шухрат Аббосов юбилейидан репортаж
09:21
Шухрат Аббосов юбилейидан репортаж

РЕЖИССЁР ШУҲРАТ СОЛИҲОВИЧ АББОСОВНИНГ

ЮБИЛЕЙ КЕЧАСИДАН РЕПОРТАЖ

 

Режиссёр Шуҳрат Аббосов таваллудининг 80 йиллик юбилей кечаси, 18 февраль соат 18.00 да Киночилар уйининг катта залида бўлиб ўтиши белгиланган эди.

Биз Киночилар уйининг фойесига кириб келганимизда, фойе одатдагидан бошқача безатилганлигига кўзимиз тушди. Кираверишда рўпарада фотографлар меҳмонларни суратга олиб туришар, видеочилар ҳам, видеога олиш билан банд эдилар. Кираверишда чап тарафда эса, оркестр мусиқачилари чиройли куй чалишарди. Турли стендларда, режиссёр Шуҳрат Аббосовни фильмлар суратга олиш жараёнларидаги фотосуратлари қўйилган.

Фойедан катта зал томон чиқавериш зинасида эса, атлас кўйлакли қизлар қўллари кўксида, меҳмонларни кутиб олишаётган эдилар.

            Катта залга кирганимизда, у ерда ҳам томошабинлар ва меҳмонлар гавжум бўлиб, кеча учун тайёргарлик ишлари ниҳоясига етказилганлиги кўриб чиқилаётганди.

Саҳнанинг ўнг тарафига, юқорига катта 80 рақами жойлаштирилган, ўша ерга, яъни саҳнага Шуҳрат Аббосов учун кресло қўйилиб, гуллар билан безатилган ҳолда, ўз эгасини кутарди.

Саҳнани кираверишдан чап тарафи, пастки бурчак қисмида эса, кечада ўз маҳоратларини намойиш этиш учун санъаткорлар ва ижодкорлар йиғилишаётган эдилар.

Улар ичида устозлардан Ўзбекстон халқ артистлари Ёқуб Аҳмедов, Теша Мўминов, Рихси Иброҳимова, Саидкомил Умаров, Ёдгор Саъдиевларни кўриш мумкин эди. Шунингдек,  кўплаб режиссёрлар, актёрлар ҳам шу ерда эдилар. Юбилей кечаси бироз кечроқ бошланди.

Гулдурос қарсаклар садоси остида, залга режиссёр Шуҳрат  Аббосов кириб келганида, бутун зал оёққа турди. Шуҳрат Аббосов қарсаклар садолари ва фотокамералар ёғдуси остида, ўзи учун ажратилган махсус, залдаги VIP ўриндиққа бориб ўтиргач, ижодкорлардан бири у кишига зар тўн кийдирди. Қарсаклар ва олқишлар ҳали ҳам тинмасди.

Кечанинг бошланиш қисми сифатида, катта экранда оқ-қора тасвирда Шуҳрат Аббосовнинг суратлари ва суратга олган "Маҳаллада дув-дув гап” фильмидан лавҳалар намойиш этила бошланди. Лавҳалар намойиши давом этиб, режиссёрнинг "Абу Райҳон Беруний”, "Оловли йўллар” каби фильмлари лавҳалари, ҳамда у суратга олиш жараёнида олинган тасвирлар намойиш этилди. Намойиш вақтида ҳам, томошабинлар томонидан қарсаклар тинмади.

Тасвирлар ниҳоясида, экранда "80 ёшингиз муборак бўлсин устоз!” деб ёзилган ёзув кўринди. Шундан сўнг, қарсаклар садоси остида, кеча олиб борувчилари Дилноза Кубаева ва Акбар Атамуҳамедов саҳнага чиқиб келдилар.

"Маҳаллада дув-дув гап” фильмининг мусиқаси ҳамроҳлигида, Дилноза Кубаева "Ассалому алайкум” дея сўз бошлади.

Юбилей эгаси режиссёр Шуҳрат Аббосов саҳнага таклиф қилинди. Ҳамма залга қараб, Шуҳрат Аббосовни саҳнага чиқиб келишини кутди, лекин, кутилмаганда саҳнада унинг қўғирчоғи пайдо бўлди. Яъни, Шуҳрат Аббосов қиёфасидаги қўғирчоқ. Уни қўғирчоқ устаси бўлган бир йигит ҳамда  актёр, сўз устаси Валижон Шамшиев биргаликда, саҳнага олиб чиқдилар. Валижон Шамшиев қўғирчоқ номидан, гапира бошлади.

Дилноза Кубаева "Шуҳрат акани ўзларини  олиб чиқинг” дея, залга мурожаат қилганида, Валижон Шамшиев қўғирчоқ номидан Шуҳрат Аббосов бўлиб гапириб, залдагилар билан саломлашиб, "мен ўзимман” деб, залдагиларни кулдирди. Шундан сўнг, атлас кўйлакли қизлар, саҳнага ҳақиқий Шуҳрат Аббосовни таклиф этдилар ва  у киши саҳнага чиқиб келди. Шуҳрат Аббосов саҳнага чиқиб, ўз қўғирчоғини ўпиб, уни бошини силаб қўйди. Ўз навбатида, қўғирчоқ ҳам Шуҳрат Аббосовни бошини силади. Атлас кўйлакли қизлар ҳамроҳлигида, Шуҳрат Аббосов ўзи учун тайёрланган креслога бориб ўтирдилар.

Кеча олиб борувчилари Дилноза Кубаева ва Акбар Атамуҳамедов томонидан, режиссёр ижоди ҳақида айтиб ўтилгач, табрик учун саҳнага "Ўзбеккино” Миллий агентлиги раҳбари Аъзам Ғиёсович Исҳоқов таклиф қилинди. У киши режиссёр Шуҳрат Аббосовни табриклаб, "Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Ўзбекистон Кино арбоблари бирлашмаси томонидан, табрик сўзлари битилган махсус совға тақдим қилиниб, унга битилган табриклар Дилноза Кубаева томонидан ўқиб эшиттирилди. Бундан ташқари, Аъзам Ғиёсович Исҳоқов томонидан Шуҳрат Аббосовга, махсус тўплам диск ҳам топширилди.

Бундан сўнг, мусиқий танаффус эълон қилиниб, навбат "Сўғдиёна” камер оркестрига берилди ва улар томонидан, дирижёр Феруза Абдураҳмонова бошчилигида, Шуҳрат Аббосов суратга олган фильмлардан мусиқалар ва "Маҳаллада дув-дув гап” фильмидан қўшиқ ҳам ижро этиб берилди. Шунингдек, "Иван Васильевич ўз касбини ўзгартиради” фильмидаги ҳазиломуз қўшиқ ҳам ижро қилинди. Табриклар ва қўшиқлар орасида Шуҳрат Аббосовнинг қўғирчоғи номидан Валижон Шамшиев, турли ҳазил фикрларни билдириб турди.

Навбат Дилмурод Исломов бошчилигидаги доирачилар гуруҳига берилди. Уларнинг чиқиши ҳам кўплаб олқишларга сабаб бўлди. Дилмурод Исломов режиссёр Шуҳрат Аббосовга доира совға қилди.

Доирачилардан сўнг, устоз режиссёрни табриклаш навбати, Нодира Қурбонова раҳбарлигидаги "Томоша” болалар ансамблига берилди. Ансамбль болалари шеър ўқиб, қўшиқлар куйлаб режиссёрни табрикладилар. Улардан бири Маъруф Шарипов эса, режиссёр Шуҳрат Аббосовни рақсга тушира олгани ва режиссёр улар билан биргаликда рақс тушгани, томошабинларни қувонтирди, ҳамда қарсаклар тинмади. Шуҳрат Аббосов болаларга гул тақдим қилди.

Шундан сўнг, Шуҳрат Аббосовга "Фонд Форум” томонидан юборилган табрик хати ўқиб эшиттирилди.

Россия Актёрлар Гильдиясидан, Шуҳрат Аббосовнинг шогирди режиссёр Улуғбек Йўлдошев томонидан ҳам юборилган табрик ўқилди.

Режиссёрнинг 1960 йилда илк суратга олган тўлиқ метражли бадиий фильми "Маҳаллада дув-дув гап” ҳақида, актриса Дилноза Кубаева томонидан қисқача, маълумот берилгач, ушбу фильмдан экранда лавҳалар намойиш этила бошланди.


Саҳнага "Ўзбектеатр” бирлашмаси раиси Омонулла Ризаев таклиф қилинди. Лекин, негадир фильмдан лавҳалар намойиши вақти, ўчган зал чироқлари ҳеч ёнай демасди.


Ниҳоят, залда чироқлар ёниб, саҳнага Омонулла Ризаев ҳамда, Ўзбек Миллий Академик драма театри раҳбари Ёқуб Аҳмедов, театр жамоасидан Теша Мўминов, Саидкомил Умаров, Рихси Иброҳимовалар чиқишди. Барчалари Шуҳрат Аббосовни табрикладилар. Табриклардан сўнг, Ёқуб Аҳмедов "Сизда тўнлар кўп шунга бизлар...” дея, конвертда пул тақдим қилди.


Табрик учун навбат Корея диаспорасидан хонанда Ирина Намга берилди. У режиссёрни табриклаб, қўшиқ куйлаб берди.

Режиссёрни табриклаш учун саҳнага хонанда Райҳон чиқиб  қўшиқ куйлади. Сўнг   режиссёрни табриклаб, уни ниҳоятда ҳурмат қилишини, ижоди олдида бош эгишини билдирди. Ўз навбатида Шуҳрат Аббосов ҳам Райҳоннинг волидаси актриса Тамара Шокирова ҳақида сўзлаб, у фильмда роль ижро қилганида ёш қиз бўлганлигини, ижодкорлик давом этиб, унинг фарзанди Райҳон ҳам шундай санъаткор бўлиб етишганлигини айтиб ўтди.

Кечани олиб борувчилар режиссёр томонидан суратга олинган "Сен етим эмассан” фильми ҳақида, қисқача маълумот бериб, фильмни 1962 йилда Франкфурт шаҳридаги кинофестивалда ғолиб бўлганлиги ҳам айтиб ўтдилар. Катта экранда фильмдан таъсирли лавҳалар намойиш этилди.

Табрик учун навбат Алишер Навоий номидаги Академик театри жамоасига берилди. Жамоа вакили Шуҳрат Аббосовга табриклар ёзилган папкани тақдим қилаётганда, ҳаяжондан қўлидан тушириб юборди ва ҳаяжонда эканлигини билдирди. Шундан сўнг, театрнинг 2 нафар артисти томонидан опера ижро қилинди.

Актриса Гулчеҳра Жамилова табрикка чиқиб саҳнада бир қизиқ ҳодисани сўзлаб берди. Маълум бўлишича, Гулчеҳра Жамилова 15 ёшида режиссёр Шуҳрат Аббсовнинг "Сен етим эмассан” фильмида суратга тушиш учун, пробада иштирок қилган, лекин ўта олмаган экан. Шундан сўнг, орадан уч йил ўтиб, режиссёрнинг "Қалбингда қуёш” фильмида бош ролга таклиф этилганлигини фахрланиб айтиб берди. Актриса режиссёрни табриклаб, унга кўп бўлса ҳам, бу бир бошқача тўн-да деб, тўн кийгазди.

Ўз навбатида режиссёр Шуҳрат Аббосов ҳам миннатдорчилик билдиргач, кино суратга олиш жараёнидаги бир ҳодисани сўзлаб берди. Иссиқкўлда суратга олиш майдонида, чиройли кадр қидириб, узоқ вақт кутишган экан. Шунда кутилмаганда, Иссиқкўл узра камалак пайдо бўлиб, Шуҳрат Аббосов дарҳол актрисага топшириқ бериб, суратга олиш ишларини бошлаб юборганликларини айтиб ўтиб, "Гулчеҳра ҳаётимга камалак” олиб кирди, деб таърифлади.

Шундан сўнг, "Ялла” гуруҳининг илк таркиби, яъни ретро "Ялла” саҳнага чиқиб, "Қарғалар учса қарайлик” деб номланган кўҳна қўшиқни ижро қилдилар. Гуруҳ раҳбари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шоҳбоз Низомиддинов, Шуҳрат Аббосовни табриклади.

Шуҳрат Аббосовга Москвадан ҳам табриклар бўлди ва бу табриклар катта экранда намойиш этилиб, техник носозлик туфайли кадрларда тасвирлар тўхтаб қолиши ҳолатлари бўлди.

Бу табриклар эгалари "Тошкент нон шаҳри” фильмида роль ижро этган қиз, (ҳозирда катта ёшли аёл), режиссёр Элёр Ишмуҳамедов, ҳамда Шуҳрат Аббосовнинг дўсти режиссёр Георгий Данелия эдилар.

Саҳнада эса табрик навбати режиссёр Али Эргашевич Ҳамроевга берилди. У киши Шуҳрат Аббосов билан бирга самолётда учган вақтларини узоқ ҳикоя қилиб берди.

Саҳнага актёр Ёдгор Саъдиев таклиф қилинди. Ёдгор Саъдиев саҳнага чиқиб, ҳазиломуз тарзда "Али Ҳамроевдан кейин сўзлаш, худди Озодбек Назарбековдан кейин қўшиқ куйлашдек гап” деди. Бу гапга, томошабинлар томонидан қарсаклар бўлди. У киши режиссёрни фильмлари номларидан келиб чиққан ҳолда сўзлаб, "сиз энг бадавлат режиссёрсиз, 29 миллион дол...йўғ-ей, дўстларингиз бор экан” деб ҳазил қилди. Шунингдек, "мени 45 йиллик орзуйим, сиз суратга олган фильмда роль ижро этиш, илгариги пробалар энди йўқми, ҳозир кастинг-кастинг дейишади. Костюм кийиб келдим, балки ўтиб кетарман” деб, ҳазил билан яна  "ҳозир қўшиқчилар роль ижро этишяпти, балки қўшиқ айтсам ролга оларсиз” деб, режиссёр учун табрик сифатида классик қўшиқ ижро қилиб берди. Залда гулдурос қарсаклар янгради. Бундан сўнг, Ёдгор Саъдиев "суратларимни олиб келганман” дея, режиссёрга конверт тутқазганида, залда қарсаклар ва самимий кулги янгради. Ёдгор Саъдиев "яқинда Жалолиддин Мангуберди ҳақида фильм олаётган экансиз, Жалолиддинни мен ўйнай, бердисини Мурод ака ўйнасин” дея ҳазил қилди. Шуҳрат Аббосов эса, кулиб "менга ҳеч нарсангиз керак эмас, ўзингиз соғ бўлинг, пробасиз ролга ўтдингиз” дея жавоб қилди. Яна залда қарсаклар ва олқишлар бўлди.

Катта экранда "Тошкент нон шаҳри” фильмидан ўта таъсирли лавҳалар намойиш этилди.

Намойишдан сўнг, табрик учун саҳнага Россия халқ артисти Валентина Талызина таклиф қилинди. Ҳамда у киши билан бирга 45 йил аввал, "Тошкент нон шаҳри”фильмида, Мишка Додонов роли ижрочиси Владимир ва Шуҳрат Аббосовнинг шогирди Улуғбек ҳам бор эди.

Валентина Талызина сўз навбатини Улуғбекка берди. Улуғбек эса, Шуҳрат Аббосовни табриклади ва Мишка Додонов роли ижрочиси Владимирни қандай топганлигини ҳикоя қилиб берди. Шундан сўнг, Владимир ҳам сўзга чиқиб, ушбу фильмда суратга тушган жараёнлардан сўзлаб берди ва ҳозирда ҳам санъатдан узоқмаслигини, ҳозирда Маданият уйи раҳбари эканлигини айтди. Сўнг, Валентина Талызина Шуҳрат Аббосовни табриклаб, 2 та шеър ўқиб берди. Ўз навбатида, Россиялик кинорежиссёр Никита Михалковдан Шуҳрат Аббосовга табрик хати ва Россия Актёрлар Гильдиясидан совғалар топширилди. Шуҳрат Аббосов ҳам "шеърга шеър билан жавоб бериш керак” дея, рус тилида шеър ўқиб берди. Қарсаклар ва олқишлар янгради.

Табрик учун навбат хонанда Кумуш Раззоқовага берилди, ва у дуэтдоши билан "Жди меня” қўшиғини ижро қилди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон халқ артисти Тўлқин Тожиев саҳнага чиқди. У киши Шуҳрат Аббосовни: - "Юз йилда бир туғилади бундай режиссёр! Ҳаёт майдонида 8:0 ҳисобига ғолиб бўлган йигит!” дея  таърифлаб, табриклади.

Навбат, Тошкент Давлат санъат институти талабаларига берилди. Улар Шуҳрат Аббосовга бағишлаб, саҳна кўриниши ижро қилиб, у кишини табрикладилар.

Шуҳрат Аббосов суратга олган "Муҳаббат можароси” фильмидан лавҳалар намойиш қилинди.

Сўнг, саҳнага "Киноактёр” студияси механик ва инженерлари таклиф қилинди, деб хазиломуз тарзда актёрлар Адиз Ражабов, Акбархўжа Расулов, актрисалар Юлдуз Ҳамидова ва Раъно Шодиевалар таклиф қилиндилар. Улар Шуҳрат Аббосовни табриклаб, биргаликда қўшиқ куйлашди. Раъно Шодиева ҳазиллашиб, Шуҳрат Аббосовдан янги фильм суратга олсангиз, деб роль сўраган бўлди. Шуҳрат Аббосов ҳам ҳазилга ҳазил билан жавоб қайтарди.

Саҳнага Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Мавзур Аҳмедов чиқиб, Шуҳрат Аббосовни барча мультипликаторлар номидан табриклади. Ҳамда, режиссёр Шуҳрат Аббосовга атаб суратга олинган ҳазил мультфильмни тақдим этилди.

"Даҳонинг ёшлиги” деб номланган бу мультфильм, бош қаҳрамон Шуҳратни режиссёр бўлмоқчи эканлиги ҳақида. Мультфильмда қаҳрамони Шуҳрат "кино суратга олмоқчиман, режиссёр бўлмоқчиман” деганда, қаҳрамонлардан бири "Ҳозирги кунда комедияда Мурод Ражабов тушяпти, драмада Адиз Ражабов тушяпти” – деганида залда кучли қарсаклар ва кулги товушлари тинмади.

Шундан сўнг, кеча олиб борувчилари томонидан Абу Райҳон Беруний ҳақида қисқача маълумот берилиб, катта экранда "Абу Райҳон Беруний” фильмидан лавҳалар намойиш этилди.

Бундан сўнг, "Совпластитал” жамоаси вакили махсус совға билан саҳнага чиқиб, Шуҳрат Аббосовни табриклади. Кейин, эса Қўқон театри вакиласи ҳам, шеър ўқиб, режиссёрни табриклади.

Улардан сўнг, табрик учун навбат "Ялла” гуруҳи Фаррух Зокировга берилганида, зал олқиш ва қарсакларга тўлди. Фаррух Зокиров томонидан Шуҳрат Аббосовга "Юзга кирганингизда ҳам, бизни таклиф этасиз” деб, ҳазиломуз келишув бўлди. Фаррух Зокиров Шуҳрат Аббосовга бағишлаб "Сочларимга қўнса ҳам қор” қўшиғини ижро этди. Қўшиқ вақти ҳам, суратга олишлар, олқишлар ва қарсаклар тинмади.

Ниҳоят, кеча сўнгида саҳнада режиссёр Шуҳрат Аббосовнинг ўзига сўз берилди. Бутун зал тик туриб, қарсаклар билан Шуҳрат Аббосовни олқишладилар.

Устоз режиссёр аввалига бир шеър ўқиб берди, сўнг барчага миннатдорчилик билдирди. Унинг кўзлари ёшланган эди. Кеча олиб борувчиси Акбар Атамуҳамедов томонидан, "нега йиғлаяпсиз?” дея савол берилган эди. Режиссёр Шуҳрат Аббосов "бахт, қувончдан” – дея жавоб берди.

Шуҳрат Аббосов йиғилганларга яна бир бор миннатдорчилик билдирди.


Кеча ниҳоясига етган бўлса ҳам, меҳмонлар ва томошабинлар Шуҳрат Аббосовни қўйиб юборгилари келмагандек, ўраб олиб, тинимсиз суратларга тушишарди.


Уни шогирдлари, танишлари, уни ҳурмат қилганларни охири кўринмасди. Бир неча нотаниш кишилар келиб, "ҳозир экранда кўрдик болалигимизни, сизни фильмларингизда суратга тушганмиз, раҳмат” дея миннатдорчилик ҳам билдиришди. Улардан кўплари, қайси фильмда, қайси ролда эканликларини айтишмади, чунки улар учун бу вақтда фақат бир нарса муҳим эди. Яъни, режиссёр Шуҳрат Аббосовни фильмида суратга тушганликлари, шу режиссёр ва суратга олиш ишлари билан боғлиқ ширин хотиралар.

Ниҳоят, Шуҳрат Аббосовни содиқ шогирдларидан бири режиссёр Рустам Саъдиев саҳнадан кузатиб қўйди.

 

Ўз навбатида биз ҳам бугунги юбилей сабабчиси Шуҳрат Аббосовни фикрлари билан қизиқдик.

 Шуҳрат Аббосов: - (кулиб) Ҳозир уйга шошяпман! Хотиним ва қизимни ёнига! Улар қандай таассурот олишди бу кечадан? (ҳазил билан) Балки уйда ҳурматим бундан ҳам ошар! (кулади) (жиддийлашиб) Доим яхшилик бўлсин! Саломатлик бўлсин! Ёшларимиз мени ёшимга кириб, улуғ бўлиб юришсин илоҳим!  

 

Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминов: - Бугун Ўзбек санъати, маънавиятига катта ҳисса қўшган, фильмлари санъатда бир улкан из қолдирган устозимиз, 80 баҳорни қаршилаётган Шуҳрат Солиҳович Аббосовни чиройли анжумани. Элимиз, санъаткорлар, мухлислар табриклашяпти. Бу устозимиз байрами! Нафақат устозимиз, миллионлаб мухлисларни байрами! Биз санъаткорларни байрами! Ҳамма ёшлар ҳам, устозлардек, заминига, халқига эзгу ишлар қиладиган инсонлар бўлиб етай деб ният қилади. Биз Шуҳрат акамизга бугун юз ёшлардан ошиб юрсинлар деймиз. Буларни қилган ишлари неча-неча авлодларга бир мерос, анъана бўлиб қолади. Шарқнинг буюкларидан бири шундай деган эди: "Дунёда икки иш қолур абадий, дононинг сўзи-ю, ботирнинг иши. Минг йиллар ўтса ҳам ўлим билмайди, яхши сўз, яхши иш қилолган киши.”  Ўйлаймизки, биз бугун устозимиз, кинорежиссёримиз Шуҳрат ака Аббосовни қилган ишлари, ҳали юз йиллар авлод-аждодларга бир чиройли мактаб, дарслик, чиройли бир анъана бўлиб қолади. Юзларда юзлашишни Оллоҳ насиб этсин! Яна бир карра байрамлари муборак бўлсин!

 

Ўзбекистон халқ артисти Хайрулла Саъдиев: - Уларга соғлиқ, узоқ умр тилайман! Ижодлари ҳали ҳам давом этяпти. Доим халқимиз учун, ижодда хизмат қилишларини истардим! Байрамлари муборак бўлсин!

 

Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев: - Ўйлайман-ки, Шуҳрат акадек режиссёрлар 100 йилда эмас, 200 юз йилда бир туғилса керак. шунинг учун, бу режиссёрдаги авваламбор инсонийлик хислати, ҳамда суратга олган ўзбекона фильмлари асрлар давомида барчамизни, келажак авлодни ҳам эсида қолади деган умиддаман. Шуҳрат ака ҳозир ҳам забардаст, ўйлайман-ки, халқимизни яна бир янги фильм билан қувонтирадилар деган ниятдаман. Шуҳрат Аббсосов 80 билан 90 ни орасида, яна бир яхши фильм қўйиб деган хабарни эшитсак, биз хурсанд бўламиз.

 

Рустам Саъдиев (режиссёр): -  Ўзбек киносини ҳақиқий, ўзбекни ҳам киноси бор деган тушунчани мен фақат кўпроқ Шуҳрат Аббосов тимсолида кўраман. Ўзбек киносига биринчи пойдеворини қўйган инсонларни энг зўр қироллари бу Наби Ғаниев, Комил Ёрматов, Йўлдош Аъзамов ва албатта Шуҳрат Аббосов! Ҳар битта кино режиссурадаги режиссёр, мени ҳам фильмларим, режиссёр Шуҳрат Аббосовни фильмларидек машҳур бўлиб, авлоддан – авлодга ўтсин, деб орзу қилади. Афсус, бўлиб туради, бир хил фильмлар 3 ойдан сўнг, томошабин ёдидан чиқиб кетади. Мен фақат, худодан сўрайман ва орзу қиламан, қайсидир фильмларим (қайси эканлигини билмайман) Шуҳрат акани фильмларидек, халқимизни назарида қолсин, алоддан–авлодга ўтсин. Оддий сўз билан айтганда "модадан қолиб кетмасин” деб. Шу сабабли ҳам, биз бу инсон Шуҳрат акани қаршисида, санъати олдида таъзим қиламан. Бу инсонни ҳар бир нафасидан яхши маънода унумли фойдаланишимиз керак. Ҳар бир гапи бир мактаб. Бу инсонни эъзозлайман, менга ўхшаб Шуҳрат акани шогирдлари Ўзбекистонда жуда ҳам кўп. Ҳаммалари ўз изини қолдиришни бошлаган. Бу байрам нафақат Шуҳрат Аббосовники, бу ўзбек киносини байрами! Мана шуни ўзи, бугун киночиларни катта байрами! Бугун Шуҳрат акани ҳамма табриклади. Бу инсон босган қадами билан шу нарсани оқлаган. Эътибор қозонган ва шу олқишларга эришган. Керак бўлса, шу қадар тетик–ки, керак бўлса, қўрқмасдан ҳозирги замонни руҳиятига тўғри келадиган, қойил қолдирадиган кино суратга олиш потенциалига эга.


Кечки соат 18.00 ошгач бошланган Юбилей кечаси, тунги 22.00 дан ошгунга қадар давом этганлигини ва бу кечада сон-саноқсиз машҳурлар иштирок этганларини ҳисобга олсак, режиссёр Шуҳрат Аббосовнинг Ўзбек кино оламидаги ўрни ва меҳнатлари қанчалик беқиёс эканлигини яна бир бор ҳис қилдик.

Феруза Фаттохова

Саида Вахобова

 
Бўлим: Suhbat | Intervyu | Reportaj | Кўрилган: 6049 | Чоп этди: Sayyod | Теглар: Shuhrat Abbosov

Нравится
Барча изохлар: 9
1 Nigina   (19-Фев-2011 11:09) [Материал]
o'zlarini bu yoshgacha yahshi saqlaptila

2 zolushka   (19-Фев-2011 11:50) [Материал]
raxmat juda ajoyib böbdi biggrin

3 armonli_bola   (19-Фев-2011 14:02) [Материал]
ofarin umrlari uzoq b`lsin

4 quyosh   (19-Фев-2011 15:26) [Материал]
Uziyam Sovet davrdagi Reportajga uhshab qolibdi... :D

5 Mashhur   (19-Фев-2011 23:53) [Материал]
Zo'r kinrejisserda Shuhrat Abbosov. O'zbek kinoindustriyasini juda yuqori darajaga ko'targan daholardan biri sanaladi.

6 Anv@rbek   (20-Фев-2011 00:22) [Материал]
O'zbek kinosiga tamal toshini qo'ygan xurmatli Shuxrat Abbosovni chin dildan tabriklab qolaman, o'zbek kinosi uchun yaratgan buyuk va o'lmas asarlari uchun ularga aloxida RESPEKT!
P.S yaqin kelajakda "Maxallada duv-duv gap"ni 3D da ko'rse ne ajab, lekin afsuski texnologicheskiy eto nevozmojna

7 Jasur   (20-Фев-2011 18:27) [Материал]
Қизиқ дунё...Бир вақтлар бу жаноб "Оловли йўллар" фильмида Ўзбекистонни мустақил бўлганидан кўра, Россияга қарам бўлгани яхшилигини куйлаб ўтган эди (Қаҳрамони Ҳамза номидан албатта). Ҳозиргача унутулмайман ўша саҳнани...Денгизда сузиб кетаётган кемада худди шу истакни билдирган Ҳамзага, адашмасам, бир хорижлик ўзбек тупуриб юборган эди). Россияга, русларга сиғинган режиссер ҳозир бу ишидан афсус қилармикан ёки "Оловли йўллар" фильмида асли бўлган воқеаликни тасвирлаганман деб иддао қилармикан. Илло бундай сотқинлардан худо ўзи асрасин! Бугун уларга, ҳозир эса яна кимга сиғинади номаълум!!!

8 Zoyi   (21-Фев-2011 09:54) [Материал]
Шухрат ака самый классный из ныне живущих режиссеров, желаю ему крепкого здоровья и чтобы он нас порадовал еще каким-нибудь шедевром.
А Рано Шодиева - красотка

9 Dilya   (21-Фев-2011 10:32) [Материал]
я смотрю, тут выступали мои любимые метры нашей эстрады, Кумуш Раззакова, Фаррух Закиров, хочу выразить им особую благодарность за лучший вклад нашей эстрады, было бы очень хорошо если бы нынешние молодые певцы брали пример с таких уважаемых людей, нам есть кем гордиться!!!

dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Исмингиз *:
Email(шартмас):
Код *:

Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: 

Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ!

Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин!

-Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. 

(батафсил манбаа)

Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод

YUQORIGA!