Аёл: - Бу
воқеа қаҳрамони гапирган инсон ҳақидаги ҳамма гаплари, мени эримга мос, тўғри
келяпти – деб гап бошлади. Ҳозир ҳам уйимда ва оиламда шу ҳақида муаммо
бўляпти! (аёл йиғлаб юборай деб
гапирарди) Аслида нима бўлганини айтиб бермоқчи эдим, агар иложи бўлса ёзиб
чиқарсангиз, илтимос! Ўқиб, ўша қиз ҳам инсофга келармиди? Эрим у қизни, "синглимдек
кўраман, онасини битта қизи, эрка қиз, менга худди ўз синглимдек” дейди. Ўша
мақоладаги қиз ҳам, "битта қизман, эрка қизман” деб ёзган. (чуқур хўрсиниб) Ўша
мақоладаги ҳамма нарса мос келяпти. Эрим билан совчи орқали турмуш қурганмиз,
турмуш қурганимизга беш йил бўлган, битта фарзандимиз бор. Эрим яхши ишда
ишлайдилар, қўллари очиқ инсон. Ўша мақоладаги қиз бўлса, бирга ишларди,
котибадек десам ҳам бўлади. Ўша қиз ҳадеб эримга смс ёзаверади. Ўзи эримдан
шубҳаланиб юргандим. Мана яқинда эримни
кийимларидан бир сим карта топиб олдим, телефонимга қўйиб, ёқиб кўриб,
хотирасида қолган смсларни ўқисам, (хўрсиниб) ўша қиз бир кунда кетма-кет 15
марталаб смс ёзган. "Овқатланиб олдингизми? Дорингизни ичдингизми? Нима
қиляпсиз? Мени у ёққа олиб боринг, бу ёққа олиб боринг! Мен сиздан хафаман, пом
чиқдим. Сиздан аразладим, сиз ҳам одаммисиз?” деб бемалол ёзган. Мен ўз эримга
шундай гапира олмайман ахир! У қиз бўлса, "Нимага мени айтганимни қилиб,
дорингизни ичмадингиз? Нимага овқатингизни емадингиз?” деб хўжайинчилик қилиб
ёзибди. Мен агар эримга бир оғиз шунақа деб гапирай, ёки ёзай, нима қилар
эканлар? Жаҳл қилиб, жеркиб берадилар! У қизга бўлса, бемалол экан. Эримдан "Бу
нима? Нимага бунақа ёзади?” деб сўрасам, эрим "бу мени синглим, ҳар доим
эътибор бериб юради” дедилар. У қиз бир–икки марта телефон қилганида, эримга
"гаплашманг” деганимга, бошқа сим карта олиб, мендан беркитиб гаплашиб, смс
ёзишиб юрган эканлар. Жаҳлим чиқиб, ўша смслар келган телефон номерига қўнғироқ
қилсам, у қиз овозимни эшитиб, қўйиб қўйди. Бўлмаса, эримни телефонидан
қўнғироқ қилгандим. Ўша смслар 29 сентябрда ёзилган экан, мен 6 октябрда ўқиб
қолдим. У қиз "мени қанақадир бир зинага олиб боринг” деб ҳам ёзган экан.
Эримдан "У қанақа зина? Нега бунақа деб ёзган?” десам, эрим "Самарқандда бир
зина бор, ўша ерга бориш орзуси экан” дейдилар. Шунча яшаб, эрим бирор марта
мендан орзуйимни сўрамаган! У қизни бўлса, орзусини билар эканлар! Ўша смсларни
ўқиб қолган куним, эрим чойхонада эдилар, мен ҳам жаҳл устида, уларга телефон
қилиб, қаттиқ гапириб юбордим. Ахир мени шунча пайтдан бери алдаб келганларига
жаҳлим чиқди. Боламни олиб, жаҳл билан кеч соат 21 ларда уйдан чиқиб кетдим ва
эримга "мени тополмайсизлар” дедим. Эрим мени соат кеч 23 ларда қидириб
топдилар, "гаплашиб олайлик” дедилар. Мен "Адаси, ўша қиз билан гаплашаман,
тўғриси, опа-сингилдек бўламан. Нега мен билан гаплашмаяпти? Телефонда қўйиб
қўймасдан, кеннойи деб гаплашиб кетганда ҳам шубҳага бормасдим. Нимага
телефонни қўйиб қўяди? Уйига бўлса ҳам олиб боринг, у билан гаплашмоқчиман.
Илтимос, агар олиб бормасангиз ўзимни ўлдираман!” дедим. Лекин, шунда ҳам эрим у қиз билан
гаплаштирмадилар. Ўша куни шунчалик жаҳл устида эдим, ростдан ҳам боламни
ташлаб, ўзимни ўлдирмоқчи эдим. Машинани тагига ташлайми деб, ҳамма нарсани
ўйлаб кўрдим. 5 йилдан бери эримни кўнглини тополмаяпман деб, тўйиб бўлгандим.
Бу нарса, мен учун "портлаш” бўлди.
Август ойида эрим бошқа ишга ўтган
эдилар. У қиз бўлса, ишдан бўшаган эди. Ўшандан бери смслашишаётган экан!
Мендан беркитиб, бошқа сим картада! Эрим доим, "у қиз мени синглим, у мен учун
азиз. У нима деса айтганини қиламан” деяверадилар. У қизни онаси ҳам мени
эримни ҳозирги ишлаётган жойида, эрим билан бирга ишлайди! Эрим у қизни
туғилган кунларида совғалар бериб, роса айтганларини қилиб юрганлар.
Қайнона қайнотам ҳам, мен эрим билан уришиб,
уйдан чиқиб кетганимдагина, у қиз ҳақида билиб қолишди. Лекин, эрим ҳеч кимни
гапига кирмаяпти. Қайнона-кайнотам ҳам гапириб кўришди, лекин эрим зарда қилиб,
уйдан чиқиб кетиб жаҳл қилди.
Эримга, "мен билан мажбуран яшасангиз,
яшаманг” ҳам дедим.
Биласизми, қайнонам ҳам,
қайнсинглим ҳам мен тараф. Қайнонам "Нега сиз ўша қизчалик бўлолмайсиз? Ўша қиз
эрингизни кўнглини топибдими? Нега сиз шундай қилмайсиз?” дейдилар. Бечора
қайнонам ҳам мени ўйлайдилар. Мен нима қилай? Эримга "мен билан гаплашинг”
десам, жаҳли чиқади. Менга гапиргиси ҳам келмайди. Бу ёқда ўша қиз билан
гаплашиб юрибдилар. (йиғлаб) Иш шу даражага етиб борибди, яна эрим у қизни
синглисидек кўрар эмиш. Ўзи эримни характери жуда ҳам яхши. Нима десам,
оғзимдан чиққанини муҳайё қиладилар. Лекин, (йиғлаб) менга эримни нарсаси эмас,
ўзи керак. Қорнига эмас, қадрига йиғлайди-ку одам. Озгина эътибор керак, бир
оғиз ширин гап йўқ. Эрим бутунлай ўзгариб қолган, хаёл суриб юради,
бошқача бўлиб қолганлар. Тўғри, олдин
ҳам унчалик гаплашмасдик, лекин ҳозир... умуман, менга ичини ёрмайдилар. Эримга
хотин керак, бола керак, лекин, мен ўзим керак эмасман! (дард билан) Тамом
бўляпман шунга! Эрим мен билан дардлашмайди, гаплашмайди, бирор нарсани
айтмайди! Ўзича сиқилиб юрибди. Мен ўзим эса, ўзим, ўша қизни унга
пешлайверганимга, энди ростдан ҳам эрим уни яхши кўриб қолдими деб, сиқилиб,
ўзимни еб ташладим. У қиз смс ёзган номерга, бошқа номердан телефон қилдим,
олмаяпти. Бегона номерларни умуман, кўтармаяпти! Эримни уйда овқат егиси ҳам
келмайди, "қорним тўқ” дейдилар. Телевизор кўриб ўтирадилар, нима
кўраётганларини ҳам билмайдилар, хаёл сурадилар, "адаси гаплашайлик” десам,
"уйқум келяпти” деб жаҳл қиладилар, яна кўзларини очиб, ўйлаб ётадилар. Эримда
ҳам бошқача фикр бошланяптими, деб ўйлаб сиқиламан. Ўша қизни яқинда уйини
билиб олдим. Ҳозир уйига бориб, ўша қиз билан очиқчасига гаплашайми, деб ҳам ўйлаяпман!
Нима қилишни билмайман. У қизни эрга тегишини кутсаммикан ҳам деб ўйлаяпман.
Чунки, у қиз ҳали турмушга чиқмаган. Унга совчилар келаётганмиш. Эрим айтди,
онаси келиб, совчи келганини мени эрим билан маслаҳатлашганмиш. Эрим ўша совчи
бўлиб келган йигит билан бориб гаплашибди. Эрим буни ҳам менга озгина ичган
кунлари гапириб бердилар. У қиз у йигитни ёқтирмаганмиш ва эрим у йигитни "йўқ”
қилганмишлар. Тушуняпсизми?
Эрим аввалги ишхонасига, бир марта
мени олиб борганлар, болам билан борганмиз. У қиз ва яна бир котиба қиз бирга
ишлашарди. Борсам, бошқа котиба қиз "кеннойи” деб, яхши муомала қилиб, боламни
эркалаб гапиряпти. У қиз бўлса, менга бошдан оёқ тикилиб, индамай қараб
турибди. Эрим уни "синглимдек кўраман” деб қанча гапирган, у қиз бўлса, менга
энсасини қотириб турибди. Мен ўшанда уларни муносабати бунчалик деб
ўйламагандим ҳам.
Ўша қиз эрим билан бирга ишлаётган
вақтида, эримдан, - ўша қиз ишлаяптими? деб сўрасам, - йўқ, ишламаяпти,
касалхонада-дегандилар. Бир куни эрим шошиб келиб, "дори олиб келишим керак”
деб, дорихонага чиқдик. Машиналарида кетаётганимизда, эримни телефонига смс
келди, мен шартта олиб, ўқиб қарасам, ўша "ошқозони оғриётган қиз”, "менга
гамбургер олиб келинг” деб смс ёзибди. Эримга қараб: - Ишламаяпти, касалхонада -
дегандингиз-ку, десам, - Касалхонада эди, энди чиқди ишга – дейдилар. Ошқозони
оғриётган қизни, "гамбургер олиб келинг” деб, ёзганига ҳайрон қолмай илож йўқ.
Ўша қиз мақоласида "кийимларини
ҳам ювиб, дазмоллаб бераман” деб ёзган. Мана шу ёзда эса, ўз–ўзидан эримни
кийимлари ювилиб, дазмолланган ҳолда уйга келадиган бўлиб қолди. Қаёққа олиб
боряпсиз, нега ювгани мени ўзимга олиб келмаяпсиз? – деб, эримдан сўрасам, –
мен химчисткага бергандим, мана бунақа жойидаги доғи кетмайди–ку, деб баҳона
қилгандилар.
Уришиб қолиб, ярашганимиздан кейин
бир куни эрим кечаси ичиб келди. Кечаси бўлса ҳам, кўчага айлангани чиқдик.
Шунда эрим ҳаммасини айтиб берди. Эрим: – У қиз доим сени ўйлайди. Сенга
айтмаган сирларимни унга айтганман. Синглимдек кўраман. Онаси ҳам ўғлидек
кўради. У қиз доим иссиқ–совуғимдан хабар олади. Унақа қилади, бунақа қилади.
Сенга ростини айтаман, сенга айтолмаган нарсаларимни унга айтганман,
ишонасанми? – деб, ҳамма гапларни айтиб бердилар. Эримни у қиз ҳақида
гапиришларини кўрсангиз....оғзидан бол томиб гапирди. (аёлни йиғлаб
гапираётгани билиниб турарди) Мен эса, индамай ҳаммасини эшитдим. Соат кечаси
23 да чиқиб кетган бўлсак, соат тунги 01.гача айландик, эрим фақат шу қиз
ҳақида гапирди. Ёмғир ёғиб турибди, шалаббо бўлиб кетсам ҳам, индамай гапларини
эшитдим! Эрим тўхтовсиз фақат у ҳақида гапирди! У қиз шунақа гапга уста қиз
экан! Нуқул болам ҳақида гапирар экан. Болам, 2 ёшга тўлмаган ҳали. "Сиз учун болангиз
биринчи ўринда, биласиз–а?” деб, болам тўғрисида гаплашиб ўтиришар экан! Эрим
ўзи боламни жонидан ортиқ кўрадилар. Лекин, мен билан ҳам, болам ҳақида
шунчалик кўп гаплашмаганлар. Эрим "у қиз мени акасидек кўради” дейдилар, лекин
у қизни тинмай смс ёзишлари–ю, гапларидан, эрталабдан кечгача эримдан хабар
олишларидан, бошқа нарса сезиляпти, назаримда.
Эрим ичиб келиб айланган кунимиз,
очиқ гаплашиб олдик, келишиб олдик, энди ҳамма нарсани очиқ гапирадилар деб ўйлагандим.
"Мен эримни нотўғри тушунибман, энди тўғри тушунишга ҳаракат қиламан” десам,
йўқ, яна ўша-ўша индамас ҳолатга кириб олдилар. Тўғри тушунишга ҳаракат қилиб,
бир-икки марта ўша қиз ҳақида, тўғриликча ҳол-аҳвол сўрасам, эримни жеркиб
беришларини кўрсангиз... (йиғламсираб) Мен билан умуман гаплашгилари келмаяпти!
Эримни нима қилиб ўзимга қайтариб
олишни билмаяпман. Оғзиларидан чиққанини қиламан, ичиб келганларида, "ўзингга
қараб юрмайсан” дегандилар. Мен олдин ишлардим, кейин болали бўлгач, бола билан
бўлиб, балки бироз ўзимга қарамагандирман. Лекин, ҳеч қачон эримни қаровсиз
қолдирмаганман! Ҳозир бошқа кийимлар кийиб, ўзимга қараб ҳам юрибман, эски
гапларни ҳам қўзғамаяпман. Лекин, эримда ҳеч қандай менга нисбатан ўзгариш йўқ!
У қиз ўз мақоласида, "у кишини ўзгартирдим” деб ёзибди, бошқа тарафга бўлса
керак. Эрим ўша ичиб келганида, "ўша қиз сени ўйлайди, кеннойимни у бу жойларга
олиб боринг” деб айтади, дедилар. Ўша қиз шунақа деганмиш. (хўрсиниб) Яқинда
эримни ошқозони оғриб касал бўлдилар. Мен дори ичишга ундадим, "бориб ўзингизни
дўхтирга текширтиринг” дедим. "Хўп” деб, қилмай юравердилар. Кейин бўлса, ўша
ичиб келганларида нима дейдилар денг, дўхтирга бориб текширтирганда зонт ютиш
керак экан, эрим ҳеч шундай қила олмабдилар. Шунда ўша қиз қўлларидан ушлаб
олибди-да, "мен учун ютинг” деган экан, ютибдилар! Ўша қиз дўхтирга ҳам бирга
борибди! Энди бўлса, эрим "юрагим оғрияпти” деб юрибдилар, юраклари оғриётгани
йўқ, сиқилиб кетяптилар, назаримда. Мен "дўхтирга боринг” десам, бормадилар.
Эрим намоз ўқимайдилар ва жума
намозига ҳам чиқмайдилар. Лекин, ёз вақтида, машиналарининг багажида жойнамоз
пайдо бўлиб қолди. – Қаердан олдингиз? – десам, – Нима ишинг бор? Аралашмагин –
деб, айтмадилар. Бу нарса ҳам ўша мақолага тўғри келади.
Аёл кишини кўнгли сезади, нима
бўлаётганини. Мен буни сезиб юрардим. Бундан бир-икки йил олдин ҳам, ўша қиз
билан смс ёзишиб юришарди. Ўшанда сезиб, уришганимдан кейин, эрим беркитиб
юрадиган бўлиб қолдилар. Лекин, мана яна билиб қолдим. У қиз билан гаплашай
десам, эрим "бориб у қиз билан гаплашсанг, ажрашиб кетаман” дейдилар. (хўрсиниб) Мен билан боламни деб яшаб
юрибдилар, менимча. Ўша қиз билан эримнинг тили бир. Бу қиз билан
муносабатларига 2 йил бўлиб қолди. Тўғриси, ҳозир йиғлаб-йиғлаб, сизга зўрға
телефон қиляпман. Эрим билан муносабатимизни бузилишига сабаб бўлган, ўша
мақоладаги қизлигига яна бир ишончим комиллик тарафи, у эримга смсларни ҳар хил
"одноклассники”да бўлади-ку, нуқталар қўйиб ёзишади-ку, ўшанақа нарсалар билан
ёзган. Буни интернетда ўтирадиганлар яхши билишади. У қиз интернетда ўтиради, бу
мақолани ҳам ўқийди, менимча.
Эрим ҳозир ҳам мен билан
гаплашмаяптилар. Ҳар куни эримни оғзини пойлаб, гапига интизор бўламан. Шундоқ
келиб, ётиб ухлайдилар. Мен эса, кечаси билан йиғлаб чиқаман. Тўғриси, жуда
қийналиб кетдим. Баъзида ўзимни ўлдирай дейману, болам кўз олдимга келади.
Ўзимни "бечора” кўрсатсам, эрим менга қайтармикан ҳам, деб ўйлайман. Лекин,
ғурур йўл қўймайди, "нега бунақа қилишим керак” дейман.
Бу йил ўзи мен учун оғир келди,
ҳомиладор бўлгандим, ўзи биринчи боламни зўрға қўлимга олганман, шунга бу
иккинчисига ҳомиладор бўлганимга, жуда хурсанд бўлгандик. Ёз ойларида токсикоз
кучли бўлиб, жуда қийналдим. Устига, уйда уста ишлатганмиз, буни устига бу қиз
ҳам сабаб бўлиб, қийналдим. Ўша пайтларда, майли, эримга бир–икки марта
қарамагандирман, лекин унақа у қиз ёзганчалик қаровсиз қолдирмаганман! У қиз
ана шундан фойдаланганми, билмадим. Ўша пайтларда, у қиз эримни жуда ҳам бечора
кўриб юборганми? Энди токсикозлар ўтиб, яхши бўлган вақтимда УЗИ га тушсам, "болани
юраги урмаяпти” дейишди. (йиғламсираб) 4 ойлик ҳомиламдан айрилиб қолдим. Ёзни
охирлари эди. Лекин, мен ҳеч қачон эримни кўчага, у қиз ёзгандек кир–чир,
дазмолсиз кийимда чиқариб юбормаганман! Эрим ҳам ўзини хафа қилмайдиган, ўзини
яхши кўрадиган одам. Лекин, бир одатлари бор, қиммат кийимлар оладилар, баъзида
бир кийимга ёпишиб олиб, ўшани кияверадилар. Балки, ўша пайтларда, бирор
нарсани менга айтмай, синглимдек деб, унга айтгандирлар. У бўлса, мени эримни
жуда бечора кўриб, мени эрига қарамайди, деб юборган бўлса керак. Ўзи иккинчи
болам нобуд бўлганини устига, бу қиз муаммоси..... (хўрсинади) Балки, эрим у
қизни синглисидек кўриб, бир–икки эркалигини кўтарган бўлсалар, у қиз нотўғри
фикрга бориб, ўзгараётгандир? Эрим уни ота–онасини жуда ҳурмат қиладилар.
Ҳатто, ўша қизни адаси, эримга: – Қизимни бунчалик эркалатманг–дебдилар. Эрим
бўлса: – Мен синглимдек кўраман – дебдилар. Балки, эрим тўғри кўнгилда
меҳрибонлик қилаётган бўлсалар, у қизни мияси, фикри айниганми? Эримни яхши
кўриб қолганми, билмадим, роса гапга уста қиз экан. Эрим ҳам жуда муомалага
уста, мени кўнглимга қарамаса ҳам, бошқаларга шунақа яхши муомалада бўладилар.
Билмадим, агар у қизнинг нияти
тўғри бўлганида, бировни оиласига аралашмас эди! У эримга фақат яхши гапиради,
бизни турмушимизда эса фақат яхши гаплар бўлмайди–ку... Эрим яхши гапларига
учиб, унга боғланиб қоляптими, деб ўйлаяпман. Ҳамма менга "сабр қил” дейишади,
мен сабр қиляпман. Лекин, сабр қилиб ўтираверсам, у ёқда у қиз ҳам баттар
қилмайдими, деб ҳам ўйлаяпман. Эрталабдан кечгача, эримга смс ёзаверса? Ортиқча
гаплар гапириб, эрим билан орамизга тўсиқ қўйиб қўйди, бу қиз! Эрим билан фақат
ташқаридан яхши яшаб юрганга ўхшаймиз. Нима қилишни билмаяпман. Эримни қандай
қилиб ўзимга қайтарсам экан?
Мен сайт орқали ўша қизга айтмоқчиман:
– У эримни бир–икки кийимларини ювиб бергани, кўзига яхши кўрингани билан,
ўзича эримни йўлга солмоқчи бўлгани билан, бир куни ўзи турмушга чиқиб, эрини
шунақа йўлга солмоқчи бўлса, барибир ҳеч
нарсани ўзгартириб бўлмайди. Ҳар қанақа эр ҳам, ўзини ўзгартираётган аёлни ёмон
кўради. Шунинг учун, эрим уни синглисидек кўраётган бўлса, сингилларидек бўлиб
қолишини айтмоқчиман!
Феруза Фаттохова
ёзиб олди
Эслатиб ўтамиз, хар якшанба мухлислар куни бўлиб ўз муаммо ёки кўнгил кечинмалари билан бўлишиб кенг омма билан хал қилишга имкониятингиз бор. kamilovsardor@gmail.comпочтасига иложи бўлса кирилл харфларида нома битишингиз ёки (+99897) 405-25-40 рақамига қўнғироқ қилишингиз мумкин.
Sayyod:- Эрингизни тушунса бўлади, айб аслида у қизда! "Запретный плод всегда вкусней" икки тарафлама қизиқиш бу. Инсон оилалик бўлганидан кейин романтикадан узоқлашади. У қиз эса эрингиз учун романтик илхом тушуняпсизми? Жуда камдан-кам эрли аёллар ўз эрларини романтик диапазонда ушлаб тура оладилар. Қайнонангиз хақ! Харакат қилинг. Эрингиз аслида романтика ва диққатга мухтож инсон экан. Сайтимизда сирли Забаржад тахаллуси остида маслахат бераётган аёлни мана бу ердаги "Хиёнатнинг қонин ичдим, тўкилма! Эрингиз юрадими?" мақоласини ўқиб чиқинг, хаммасига жавоб топасиз. У қизга эса : уят! Бир кун оилалик бўласиз, сизни бошингизга шундай нарса тушишидан қўрқмайсизми? Бировнинг бахтсизлигига хеч қачон ўз бахтингизни қура олмайсиз. Сингил ока деган бахоналар сафсата! Ўзингизни йиғиб олинг! Оила муқаддас, бировнинг муқаддас даргохига тупурган инсонни устидан албатта бу дунёда юз чандон бўлиб қайтади!
|