17:31 Миллий телеканалнинг юртимиздаги энг нуфузли маросими "Ўзбегим аёли"дан! | |
«Миллий» телеканалнинг энг нуфузли ва хурматга лойиқ лойихаси бўлмиш «Ўзбегим аёли» тақдирлаш маросимига старт берилганига бир ойдан ошди. Катта жамоа жуда катта ишларни амалга оширди. Республика бўйлаб кезиб юртимизнинг фахрли аёлларини излаб топиб , мана бугун бир жойга жамлади. 8-март куни хаммасини «Миллий» телеканал орқали намойиш этилганида кўриб билиб оласиз. Ишонинг, кўзда ёш ва дилда ифтихор билан томоша қиласиз! Бизнинг мақсад, нафақат шундай аёлларни тақдирлаш балки ўз ўрнида, эфир орқали эзгулик, оқибат ва яхшиликни тарғиб этиш хамдир. Шоу ва рейтингни фақат салбий қахрамонлар орқали ёки улар қисматидан фойдаланиб эмас балки, ижобий қахрамонлар билан, экранга лойиқ инсонлар тақдирини намуна тарзида намойиш этиб хам уддаласа бўлишини керак бўлса кўрсатиш хам. Бу аёллар нафақат намуна сифатида балки ЎЗБЕГИМ АЁЛИ сифатида эътироф этилиб тақдирланишга лойиқ!
Тақдирланганлар рўйхати:
Калбике Жиемуратова Фарзанд инсон юрагидан яралади. Доялар эса юрагингиз парчасини қўлингизга тутқазишади. Қаҳрамонимиз 50 йиллик иш тажрибасига эга Калбике Жиемуратова. Қорақалпоқ ҳамюртимиз ўз фаолияти давомида 40 мингдан зиёд чақалоқларни ўз оналарига соғлом топширган. Бу аёл энг оғир шароитларда, ҳатто шам ёруғида ҳам жарроҳлик амалиётларини ўтказган. У вақтида шифокорга, вақтида беморларга қон берувчи донорга, вақтида 7 нафар фарзанднинг меҳрибон онасига айланади. Шу сабабдан, бу аёлни “Оналарнинг онаси“ деб эъзозлашади.
Лола Раҳмонова Фарзандлар устозлар нигоҳи билан дунёни танийди. Айниқса, кўзлари ожиз ўқитувчи мана шундай имкониятдаги болаларга қалбан яқинроқ бўлади. 30 йиллик фаолияти давомида болаларга рус, инглиз ва немис тилидан сабоқ берувчи қаҳрамонимиз Лола Раҳмонова. У 5 тилни билувчи. Унинг тикиш ва тўқишга уқуви бор. У 3 нафар фарзандини бекаму кўст вояга етказган. У ўнлаб китобларни брайл алифбосига ўтказмоқда. Бу меҳнаткаш ва ҳаётга чанқоқ аёлни қандай қилиб имконияти чекланган дейиш мумкин. Аксинча, бу аёл чегарасиз имконият эгаси.
Нилуфар Аҳмедова Фарзанднинг кейинги марраси ҳаёт устидан ғалаба қозониш. Мақсадли инсоннинг қўли бўлмаса ҳам қулочи бўлади. Қаҳрамонимиз қўлларида нуқсони бор, лекин имконияти чексиз Нилуфар Аҳмедова. У ҳозир 21 ёшда. Урганч давлат университетида грант асосида таҳсил олмоқда. Бир вақтнинг ўзида Хоразм вилояти Ёшлар марказида тўгарак раҳбари сифатида фаолият юритади. У ўзининг қобилияти ва иродаси сабаб сув спортига меҳр қўйди. Ҳозирда парасузиш бўйича Ўзбекистон чемпиони. У мақсад манзиллари бўйлаб парвоз қила олади, сабаби унинг қанотлари қалбида жойлашган.
Ойшахон Фаёзова Чемпион фарзандлар ўз ғалабаларини оналарига бағишлайдилар. Чунки шоҳсупага она дуосидан кучлироқ йўлланма йўқ. Қаҳрамонимиз Ўзбекистон ифтихори Муроджон Аҳмадалиевнинг волидалари Ойшахон Фаёзова. Фарзандини чемпион қилиб тарбиялаган бу аёл 30 йилдан давомида ўқитувчилик фаолиятини олиб борган. Ҳозирда маҳалла яраштирув комиссиясининг раиси сифатида 40 га яқин оилалар бахтини қайта тиклаган.
Сабоҳат Жалолова Фарзанди туфайли чемпионга айланган яна бир аёл билан танишинг. Бизга таниш ва қадрли Баҳодир Жалоловнинг волидалари Сабоҳат Жалолова. Баҳодир отасининг вафотидан сўнг, спортдан воз кечишга қарор қилади. Лекин мана шу аёл фарзандини иродали бўлишга чақиради ва муносиб шароит яратиб беради. Оғриқларга тўла ҳаётга ўз фарзандини кузатиш оғир танлов. Бу йўлда фарзандга суянч бўлиш эса катта жасоратдир. Уч фарзандни уч жойда ишлаб вояга етказган бу Онамизнинг соҳаси - Ўқитувчилик. Фахрли инсонлар тарбияси унинг 30 йиллик фаолиятига ҳамоханг.
Саодат Жўраева Фарзанд насибаси касбдан ёки ҳунардан... Ҳунармандлар сафида қадди ва қадри баланд қаҳрамонимиз Саодат Жўраева. Бугун у бевақт оламдан ўтган яқинларининг фарзандларига оналик қилмоқда. Шу билан бирга, водийлик ҳамюртимиз Қўқон шаҳар меҳрибонлик уйларидаги ва маҳалласидаги қизларга баракали ҳунарини бепул ўргатади. Чин маънода У қалби ва қўли гул аёл. Тўнларининг безакларига айланган айни мана шу ҳаёт Саодатнинг саодатидир.
Рашида Ёдгорова Фарзандлар меҳнатни ота-онадан ўрганишади. Меҳнат орқали улуғланган навбатдаги қаҳрамонимиз фахрли фермер Рашида Ёдгорова. 21 ёшида ёлғиз қизи билан бева қолган аёл кейинчалик 4 фарзандни бағрига олган. Хориждан келтирилган сигирлар зотини кўпайтирган ва ҳозир уларнинг сони 400 дан ошади. Бу аёл 1000 тонна сутдан озиқ овқатлар ишлаб чиқаради. Шунингдек, 700 гектарга яқин ер майдони бор ва бу майдонда пахта-буғдой етиштиради. Бир неча оилаларни уй билан таъминлаган, доимий равишда уларга буғдой ва сут улашади. Шу сабабдан, Арнасойликлар уни “Туманимиз қаҳрамони“ деб айтишади.
Валентина Мясникова Фарзандларни қатъиятли бўлишга ундаш керак. Эътибор беринг. Бизнинг эътирофимизда - ўта қатъиятли Валентина Мясникова. Асли Москвалик бўлган қаҳрамонимиз совуқ уруш сабаб отаси ва акасидан айрилади. У жуда фидоий эди, шу сабабдан 13 ёшидаёқ уруш фронтига ошиқади ва “шавқат ҳамшираси”га айланади. Шу ерда Ўзбекистонлик аскар билан танишиб, оила қуради ва тақдир уларни Хоразмга элтиб қўяди. Бу аёл учун Ўзбекистон - ҳақиқий Ватан, чунки бу замин унга оналик ва шарафли педагоглик фаолиятини ҳадя этди.
Гавҳар Ҳусанова Китоблар - умр бўйи фарзандлар онги ва руҳини озиқлантиради. Китоб улашиш эзгу амал. Умри нурга тўла қаҳрамонимиз Гавҳар Ҳусанова. Бу аёл “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида 1 миллиард сўм кредит олган ва шаҳсий сармоясидан яна 800 млн сўм сарфлаб ўзининг тадбиркорлигини йўлга қўйган. У фаолияти давомида Вилоятда ягона бўлган “Мумтоз“ номли бепул кутубхона очади. 10000 дан зиёд босма ва электрон китоблар ўрнига эга бу зиё маскани аҳоли учун беминнат хизмат қилмоқда. Педагогдан тадбиркорга, тадбиркордан депутатга, депутатдан бизнинг қаҳрамонимизга айланган бу аёлнинг ташаббусини олқишлаймиз.
Хуршида Убайдуллаева Фарзандлар учун навбатдаги зарурат - илмдир. Илм чегара билмайди. У Биология фанлари доктори Хуршида Убайдуллаевага ўхшайди. Қаҳрамонимиз 100 дан ортиқ илмий ишлар ва ихтиролар эгаси. Бу олима дунё миқёсида биринчилардан бўлиб серҳосил, тезпишар ва узун толали “Порлоқ” пахта навини ихтиро қилган. Унинг илми билан томорқаларимиздаги сабзавотлар, боғимиздаги мевалар янада баракалироқ, янада тотлироқ... Англаш керак, қаҳрамонликнинг минг бир қиёфаси бор.
Ҳавасхон Ҳожиматова Яхши инсонни яхши оналар тарбиялайди. Яхшиликлар дунёни қутқаришига ишонувчи сўнгги қаҳрамонимиз Ҳавасхон Ҳожиматова. У муборак ҳаж сафари учун тўплаган маблағларига икки туманни бирлаштирувчи кўприк қурдирган. Яхшилар кўмаги билан битган кўприк қай маънода инсоний оқибатлар ва муносабатларнинг боғланишига сабаб бўлмоқда. 5 фарзанднинг онаси бўлган бу аёл деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Отасининг ва оиласининг ғамхўри Ҳавасхонга инсон сифатида ҳавас қилиш керак.
Хар бир қахрамон аёл пойтахтга келиб мехмонхонада яшаши ва овқатланишдан то махсус либосларигача тиктирилиб маросимга хар тарафлама тайёрлантирилди. Мукофот сифатида "Ўзбегим аёли" статуэткаси, катта плазма телевизор ва дам олиш сихатгохларига йўлланмалар берилди.
Тадбирдан фоторепортаж:
Тадбирни Олий мажлис сенати раиси Тензила Норбоева ва
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши ўринбосари ва "Ўзбекистон Республикаси Президентининг катта қизи сифатида халққа таниш Саида Мирзиёевалар очиб беришди.
Тадбирнинг бадиий қисмида хизматда бўлган артистлар қахрамон аёлларга мукофотларни топширишди.
Она монологи барчани кўз ёшларга "чўктир"ди.
Қизиқчилик Валижон Шамшиев ва илк ўзбек аскиячи аёли Махфуза Шербоева зиммасида бўлди.
бугунги қизлар суратга тушишдаги урфга кирган чўччайиш
Фронтга борган аёлни тақдирлашдан аввалги "Қора хат" олиш ва "Агар Ватан учун қурбон бўлган бўлсанг сендан розиман!" деган она ноласи бўлган сахна кўриниши ва хор билан бирга "Улуғимсан Ватаним!" қўшиғига залдаги харбий аёллар тик туриб куйлаши таъсирлантирди.
13 ёшидан фронтга борган аёл ўзбек йигитига турмушга чиқиб Ўзбекистонда яшай бошлайди ва ўқитувчиликка умрини бахшида этиб "Аввал икки Ватаним бўларди, энди у битта-Ўзбекистон!" деган роликдан таъсирландик. Мана шу қахрамонимизга залдаги хамма бирдек тик туриб олқишлади!
"Миллий" телеканал бош мухаррири Лола Зуннунова.
Суратлар муаллифи Абдурахмон Содиқов
Шу ўринда: Мана шу катта тадбир ташкилий ишларига ўз хиссасини қўшган ва Республикамизни турли чеккаларидан келган 20дан зиёд қахрамон аёлларимиздан тортиб то ижодий ва техник жамоамизгача дастурхон тўлдириб кутиб олган мухташам «Султон Саид» кошонасига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Биз учун қадрли ва азиз маскан @sultansaid_restoran бизни кези келса инжиқликларимизу талтайишимизгача мард бўлиб туриб бериши ушбу кошонани хар бир ходимига юксак хурмат хиссини қолдиради ва табиийки оғизда қолган ёқимли таъм бу ерга қайта ва қайта келишга ундайверади! #меньшепонтовбольшевкуса шиориига содиқ файзли ресторан! Рахмат! #ozbegimayoli #uzbegimayoli #o‘zbegimayoli #milliytv | |
Бўлим: Suhbat | Intervyu | Reportaj |
Кўрилган: 1782 |
Чоп этди: Sayyod
| Теглар: |
Нравится
Барча изохлар: 0 | |