05:48 Машхурлар сархисоби! 1 қисм | |
Янги йил арафасида ҳар бир инсоннинг кўнглидан ҳар хил ҳис-туйғулар кечади. Тугаётган йил сарҳисоби, эришилган ютуқлар ва Янги йилдан кутилаётган умидлар. Айнан, шу мавзуда машҳурлар билан суҳбатлашдик.
Ғуломжон Ёқубов 1. Янги йил дегани, бу янгиланиш. Мисол учун, йилни янгиланиши, орзу-ҳавасни янгиланиши, ҳамма нарсани янгидан орзиқиб кутиш, умид қилиш. Олдинги йилда етмаганларини, ҳамма ўйлаган ниятларни рўёбга чиқармикан деб, келаётган йилдан кутиш. Мана шу орзу қилиш, ҳавас, Янги йил. Мен шундай деб тушунаман. 2. Ўтган 2010 йил менга жуда катта нарса берди. (самимий) Мен жуда ҳам бахтли инсонман. Ўзимни ижодий кечамни, туғилган кунимни ўтказдим. 40 йиллик ижодимни, ижодий кеча қилиб ўтказдим. Бу йил менга жуда ҳам омадли ва бахтли йил келди. 3. Янги 2011 йилда, янги клиплар суратга олишни бошлаганмиз. Буларни бир нечтасини йилни охиригача, халққа тақдим қиламан. Шуларни ҳаммасини, эшитиб, кўришади. Янгилик, янгилик ва фақат янгилик. Янги йилга, янги қўшиқларимни ҳадя қиламан. Ҳаммага сиҳат-саломатлик тилайман!
Насиба Абдуллаева 1. Янги йил биринчи ўринда шахсан мен учун, болаликка қайтиш ҳиссиётини ҳам беради. Болалигимизни ҳаммамиз соғинамиз-ку. Айнан янги йил байрами кунлари, Янги йил яқинлашганда, Янги йил кечаси шу орзуйимиз ҳақиқатдан амалга ошадигандек, унга ишонч пайдо бўлади. Ўша болаликни ҳис-туйғуларига, ўша беғуборликка, ўша яхшиликка ва янгиликка бир ишонч қайтиб келган бўлади. 2. Ўтган 2010 йил менга ҳаётимни янги бир босқичини, ҳаётимга янги бир мазмун кирганлигини кўрсатган йил бўлди. 2010 йилни бошида жияним Шуҳратни фарзанди Далер дунёга келган бўлса, ўшанда ўзи бувилик нималигини қайсидир маънода тушуниб, ҳис қилиб етган бўлсам, кейин сентябрь ойини охирида яна ўғлимнинг фарзанди ҳам дунёга келди. Бир йилни ичида мен, икки марта бувилик ҳиссининг нималигини тушуниб етдим. Ҳаётимга янги маъно кирди, ҳаётимга бу кичкина беғубор болалар билан бирга гўзаллик кириб келди. Шунинг учун, йилни энг катта воқеалари мана шу икки болани дунёга келганлиги деб ҳисоблайман. Табиийки, ижод соҳасида ҳам орқада қолмасликка ҳаракат қилдик. Барибир қандайдир изланишлар бўлди. 2010 йилда "Кўнгил боғимдан” альбомим чиқди. Йилни охирига концерт мўлжаллаган эдик, концертларимиз ҳозирча, мана баҳорга қолди. Лекин, барибир ўша концерт мўлжаллаганимиз учун, бу жонли дастур устида ишлар ҳам, фойдали бўлди. Йилни охирига келиб, истеъдодли бастакор Жаъфарбек билан "Хайр” дуэтини куйладик. Бу қўшиқ чиққанига узоқ вақт бўлмаган бўлса ҳам, ҳар томондан эшитаётганим ва томошабинлар, журналистлар ҳамда мутахассислар томонидан берилаётган юқори баҳони ҳам ютуқ деб ҳисобласа бўлади деб ўйлайман. Чунки, ҳар битта янги қўшиқни дунёга келтираётган пайтимизда ҳали уни тақдири қандай бўлишини ҳеч биттамиз белгилаб бера олмаймиз. Биз муваффақиятли деб ўйлаган қўшиғимиз томошабин томонидан қандай қабул қилинади? Унинг келажаги қандай бўлади? Уни ҳали бирортамиз олдиндан айта олмаймиз. Лекин, бу қўшиққа суратга олинган клипимиз ҳам жуда муваффақиятли чиқди. Ортиқча нарсаларсиз, мен ўйлаган, мени руҳиятимга тўғри келадиган маънода бачканаликсиз, чиройли клип бўлди. Озгина бир вақт мобайнида, жуда яхши баҳолар берилди. Қизиқарли ижодий сафарлар, гастроллар ҳам бўлди. 3. Мен ўзи ҳар йили кириб келаётган Янги йилдан фақат яхшилик кутаман. Яхшилик ва омад кутаман, ҳам ишонаман. Худди шуни томошабинларга ҳам, мухлисларга ҳам тилаган бўлардим. Ёшимиз неччига боришидан қатъий назар, ҳаётимизга кириб келадиган ҳар битта Янги йилдан яхшиликни кутайлик ва мана шу яхшилик, Янги йил билан биргаликда кириб келишига ишонайлик. Яхшиликка ишониш туйғуси ҳеч қачон бизни тарк этмасин! Ҳар бир яшаб ўтган йилимиз маъноли, мазмунли бўлсин! Ҳаётимизни ҳали бўладиган неча гўзал йилларига, фақат яхшиликни олиб ўтайлик! "Шахзод” гуруҳи солисти Рашид Холиқов 1. Янги йил деганда болалик кўз олдимга келади. Болаликда энг зўр байрам бўлган. Шунинг учун, Янги йилни ҳар доим болаликда кутгандек кутаман. Жуда ҳам чиройли, жуда ҳам сеҳрли байрамлардан биттаси десак адашмаймиз. 2. Ўтган 2010 йил кўп нарса берди, кўп нарса олди. Бу ҳаёт шундай экан. 2011 йил "Шаҳзод” гуруҳини ташкил этилганига 20 йил бўлади. "Шаҳзод” гуруҳи ташкил этилганда, туғилган болалар 20 ёшга тўлади. Лекин, бу ҳисоб эмас. Мен ҳоҳлайман-ки, йилдан йилга мана шундай мухлисларимиз билан бирга бўлаверайлик. Ёшлигимда ижод йўлини бошлаганимда қандай ният қилган бўлсам, мана ҳозир шу нарсаларни амалга ошиб келаётганидан жуда ҳам хурсандман. Бундан кейин ўзимга ҳам шуни тилайман ва мухлисларга ҳам, ҳар доим биздан янгиликлар кутиб қолишсин, биз уларга янгиликларимизни етказиб турамиз. 3. (самимий) Нима кутиш мумкин? Фақат яхшилик, санъаткорга бўлса, албатта чиройли қўшиқлар ва доим мухлислари билан бирга бўлиш. Энг кераклиси, соғлик-саломатлик, оилада хотиржамлик. Ҳаммага омад! Шахноз (бастакор, шоира, хонанда) 1. Янги йил, бу умрни яна бир босқичи. Мен учун, яна битта ёшга катта бўлишим, менга берилган умрни яна битта, мен билмаган кейинги қисми деб биламан. Янги йил деганда, қувончни ҳис қиламан! Янги йил дегани, қайсидир маънода битта ҳаётни яшаб ўтасиз. Йил бошлангандан кейин, охиригача режа тузилади. 2. 2010 йил давомида, кўпгина дўстларимни дўстлигини кўрсатди. Афсуски, бир хил дўстларимни сохталигини ҳам кўрсатди. Бу йил ҳаммага жуда баракали келди. Анча дўстларимни ишлари юришиб кетди. Шахсан ўзим учун эса, бу йил ёзган ва ижро этган янги қўшиқларим, кўпгина устозлар билан ижодий ҳамкорлик, кейинги йилга яна орзулар келтирди. Бу йилги омадим, кейинги йилга асос бўлди. 3. Янги 2011 йилда, шаҳримизни янада гўзаллашишини, қурилаётган янги биноларни тезроқ битишини кутяпман. 2011 йилда яна кўпгина ўртоқларимни, дўстларимни оиласида ҳам чиройли кунлар бўлиши керак. (самимий) Ҳаммаси ўша ниятларига етишсин! (жилмайиб) Ўша чиройли кунларда хизмат қилишга тайёрман! Ўйлайман-ки, шоу бизнесимизда янги овоз пайдо бўлар балки? Ўзбек эстрадасига яна битта янги овоз қўшилар? Олдинда жуда катта режалар бор. Келаётган Янги йил ҳамма учун бундан ҳам омадли, баракали келсин! "Божалар” гуруҳи Жаҳонгир Позилжонов 1. Янги йил деганда, янгиланишни ҳис қиламан. 2. Яхши ижод берди, ижод борасида ютуқларга эришдик. Янги қўшиқлар ва фильмлар. 3. Ҳозир янги альбом устида ишлаяпмиз, Худо ҳоҳласа янги 2011 йилда чиқади. Яна бир янги фильмимиз катта экранларга чиқади. Янги фильмлар суратга олиш ниятидамиз. Худо ҳоҳласа, янги 2011 йилни 23 март кунига, Мўмин Ориповни хотирасига бағишланган концерт ўтказиш ниятидамиз. Янги йилда ҳаммага янги-янги омадлар тилайман! Янги йилда айнан ижодкорларга янги-янги ижод, умуман ҳар битта соҳадаги инсонларга янги йилда бахт, омад тилайман!
Самандар Ҳамроқулов 1. Янги йил деганда, ўтган йил билан келаётган йил ўртасидаги қилинган ишларни ҳаммасини сарҳисоб қиламиз. Янги йил, янги кун, янги зафар, янги ижод, янги ҳаракатлар! 2. Ўтган 2010 йил менга жуда кўп нарса берди. Омад, сабр-тоқат, соғлик, оилавий бахт берди. Ҳаммаси бор худога шукур. 3. Менга деярли ҳар йили, ҳар янги йил омадли келади. Ҳар йили санъатни қайсидир бир қирраси ва қайсидир бир жабҳасида, қилган меҳнатим юзага чиқиб, юзим ёруғ бўлади. 2011 йил ҳам яхши ижод маҳсулларига бой бўлади деб ўйлайман. Дўстларим сони кўпаяди, оилам сафи кенгаяди. Энг муҳими тинчлик, оилавий хотиржамлик! Ҳамюртларимизни ҳаммаларини кириб келаётган Янги йил байрами билан табриклайман! Янги йилда янги омадлар, янги улкан зафарлар, янгидан- янги ғоялар, санъаткорларимизга, ижодкорларимизга яхши, янги асарлар яратишларига тилакдошман! Юртимиз тинч бўлсин! Халқимиз доим хурсанд бўлиб, кўтаринки кайфиятда, кўтаринки руҳда яшашларига тилакдошман!
Даврон Эргашев 1. Янги йил деганда битта ёшга кўпайиш, менимча. Мен учун, ҳар куни Янги йил-да, мисол. Айнан, 31 чи декабрдан кейин, 1 январни кутиш эмас. Ухлаб туриб, соғ-саломат уйғондим, мен учун ҳар куни Янги йил! Мен учун ҳар куни бир хил кундек, фақат йил ўзгаради, кун ўзгаради. 2. Ўтган 2010 йилда кўп нарсаларга эришдим, қизли бўлдим. Исмини Ансора қўйдик. Яхши ижод қиляпман, йилдан-йилга мухлислар кўпаймоқда. Орзуларимга эришяпман. 3. Янги 2011 йилда, ўтган йилда эришмаган ниятларимни амалга оширмоқчиман. (самимий) Ҳозир участкам битишини кутяпман. Худо ҳоҳласа, янги уйга кўчиш ниятим бор. Ижод ҳам давом этади. Ўзбекистони-мизни, мухлисларни
кириб келаётган 2011 йил билан табриклайман! Авваламбор оиласини бахтига, бизни
бахтимизга соғ-саломат бўлишсин! Энг муҳими соғлик бўлсин! Бизни оиламиз ҳам,
ҳар доим мана шундай кулиб, хурсанд бўлиб юришсин! Юртимиз тинч бўлсин! Ёдгор Мирзажонов 1. Болалигимдан бу байрамни жуда ҳам яхши кўраман. Яқин-яқингача ҳам Қорбобога ишониб келганман! Қорбобо ҳақиқатда бор, ҳақиқатдан арчани тагига совға қўйиб кетади, мана шу ҳаяжон, мана шу интиқлик, ҳозиргача тарк этмайди. Янги йил деганда, мана шу ҳис-туйғулар кечади ҳар сафар. Янги йил байрами энг севимли байрамларидан бири, энг мўъжизавий байрам деб биламан. 2. 2010 йилда энг катта воқеа, бу 5 йиллик танаффусдан сўнг, Истиқлол санъат саройида, икки кунлик "Дунё” деб номланган, яккахон концерт дастуримни берганим бўлди. Мухлисларим ҳақиқатда мени соғинганини ва мен ҳам мухлисларимни соғинганимни, ўша дийдор кўришганда ҳис қилдим. Янги қўшиқларимни тақдим этдим. Янги клиплар суратга олинди. 2010 йил мен учун ижодий кўтаринки йил бўлди ва 2011 йилни алоҳида бир шижоат ҳамда, илҳом билан кутиб оляпман. 2010 йил мени ижодимда, омадли йил бўлди деб тўлақонли айтишим мумкин. 3. 2010 йилда эришилган мухлисларни эътиборига, 2011 йилда ҳам Худо ҳоҳласа, янги қўшиқларим, янги йўналишдаги тароналаримни тақдим этиш ниятим бор. Энг катта орзуйим, режиссурада ўзимни синаб кўрмоқчиман. Яхши бир сценарий ёзиляпти. Режиссёр сифатида ҳам, ўзимни имкониятларимни намоён этмоқчиман. Яккахон концерт дастуримга кўпчилик вилоятлардаги мухисларим келиша олмади, шунинг 2011 йилда Республикамизни барча вилоятларида, концерт дастурларини ўтказиш ниятим бор. Янги йилда мухлисларга омад тилайман! Инсонлар бир-бирига меҳр-оқибатли, эътиборли бўлсин! Меҳр-оқибат бор жойда, албатта ижод ҳам бўлади. Тинчлик-хотиржамлик ҳам бўлади. Бахтни заминида меҳр-оқибат ётади. Мен шунинг учун, инсонларга энг муҳими, сиҳат-саломатлик, омад ва меҳр-оқибат тилайман!
Шароф Муқимов 1. (кулиб, самимий) Қорбобо, совғалар, оппоқ қор, беғубор орзулар! Байрам, яхшилик рамзи! Ҳаммаёқ байрамона безатилиб, инсонлар дилида янги орзулар, умидлар пайдо бўлади. 2. Ўтган 2010 йил ҳаётимдаги энг бахтли онларни берди! Оила қурдим! Ижодда ҳам янги қўшиқлар яратдим. Кейин, кўпдан мухлисларга дуэт ижро этишни ваъда қилардим. Бу ваъда ҳам амалга ошди. Рафиқам Севинч Мўминова билан чиройли, севги ҳақида дуэт ижро этдик. Бахтли ва омадли йил бўлди! 3. Янги 2011 йилда киносаноатимизда яхши из қолдирадиган фильмлар яратиш ниятидаман. Режиссёр сифатида, устозлар таълими асосида, фильмлар суратга олмоқчиман. Бу ишга жиддий киришяпман. Шунингдек, хонандаликдаги ижодимга ҳам янгича ёндошиб, рус тилида, қозоқ тилида, тожик тилида ва бошқа ҳар хил тилларда ҳам қўшиқлар куйламоқчиман. Мухлисларимизга ҳам Янги йил, фақат бахт ва омад олиб келишини, ҳар қандай ишда муваффақият ва ютуқларга эришишларини тилайман! Кириб келаётган Янги 2011 йил ҳар бир хонадонга, ҳар бир инсоннинг дилига чексиз яхшилик, қувонч, бахт олиб келсин! Ҳар бир кунингиз, ҳар дақиқа, Янги йилдаги каби шодликда ўтсин ва бунга сабаблар ҳам чексиз бўлсин! Соатлар бонг урганида, кўнгилдаги беғубор орзуларнинг барчаси амалга ошсин! Лейли 1. Янги йил деганда, биринчи навбатда болаликдаги туйғулар, болалик хотиралари, мандарин ҳиди, совғалар, шоколад, оилавий анъаналар! Ўзингни безатилган стол атрофида, оиланг даврасида тасаввур қилиб, илиқлик ва меҳру муҳаббатни ҳис қилиб, қандайдир янгиликни кутиш. 2. 2010 йил менга биринчи навбатда ҳар хил ҳис-туйғулар берди. Ўз билимларимни ошириш, ўзимга ишонч, кўп нарса берди дея оламан. Мен ҳеч қачон ёмон, оғир йил бўлди демайман. Ўтиб бораётган йилни миннатдор бўлиб, кузатаман. Чунки, йилдан-йилга нимадир янгилик ўрганамиз. Йил қандай ўтса ҳам, шундай йил бўлганидан хурсанд бўламан. 3. Ҳар томонлама ривожланиш ва яхшиланиш. Моддий тарафдан ҳам, ижодий тарафлама ва шахсий ҳаётда ҳам. Янги йилда, янги ва яхши воқеалар. Ҳар бир инсон албатта, қандайдир мўъжиза кутса керак. (кулиб) Мен ҳам ҳамма каби, нимадир янги, яхши ва ажойиб нарса кутяпман. Энг муҳими доимо тинчлик бўлсин! Инсонларни ҳаётий қувноқлик ва гўзаллик тарк этмасин! Ҳар бир инсонни ҳаётида, Янги йилда кичик бўлса ҳам, қувонтирадиган, ҳаётига мазмун бериб, безайдиган мўъжиза юз беришини тилайман! Отабек Муталхўжаев 1. Янги йил деганда, янгиланиш, янги режалар, янги ниятлар, дўстлар ва яқинлар билан дийдорлашиш, байрамлар, қор, ҳаммани нияти холис, ҳаммани орзу-нияти беғубор, ҳамма бир-бирини Янги йил билан табриклаган ва умуман байрамона кайфият деб ўйлайман. 2. 2010 йил, ижодимдаги янги-янги йўналишдаги қўшиқлар берди. Айниқса, ота-она ҳақидаги қўшиғим муваффақиятли чиқди. Кўплаб онажонларни меҳрини қозонганим, уларни эътибори, қолаверса, яна бир янги фильмда суратга тушганим, ижодимни янги-янги қирралари очилгани! 3. 2011 йилда Худо ҳоҳласа, концерт беришни режалаштиряпман. Шу ниятим амалга ошишини астойдил ҳоҳлаяпман. Мухлислар учун янги-янги қўшиқлар ва клиплар яратиш. Ҳозир ўзим сценарийсини ёзаётган янги, чиройли фильмда суратга тушиш. Янги йилда мана шу ижод маҳсулимни мухлислар эътиборига ҳавола этиш ниятларим бор. Режалар кўп. Бу йил амалга ошмай қолган режаларни, 2011 йилда амалга ошишини кутяпман. 2011 йил, "Қуён йили” ҳаммага омад ва бахт олиб келсин! Ҳаммага самимият, меҳр-муҳаббат, тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, муваффақият олиб келсин! Зиёда 1. Янги йил деганда, албатта Қорбобо. (кулиб, яхши кайфиятда) Болалигимдаги Қорбобо! Ҳар доим Қорбобони кутардим. Ҳар йили келарди, ҳар йили кутар эдим. Бу йил ҳам кутяпман, лекин . . . (кулади) 2. Ўтган 2010 йил яхши ижод қилишга, яхши қўшиқлар ва сифатли клиплар яратишга, кўп ижод қилишга ундади. Шу йил илк концерт дастуримни ўтказдим. Шунча ютуқларга эришдим деб ўйлайман. Бу йилдан, ютуқларга эришганимдан жуда ҳам хурсандман! Кириб келаётган 2011 йилда бундан-да яхши ижод қиламиз, бундан-да яхши концертларни халқимизга тақдим этамиз деган умиддаман. 3. Янги 2011 йилдан? (кулиб) Ҳали ўйлаб кўрмабман. Менимча, фақат яхшиликлар! Ҳаммани юзида кулгу бўлсин! Ҳар доим хурсандчилик бўлсин!
Динейра 1. Янги йил деганда, албатта, мандарин, ҳар хил салатлар, оливье масалан, безатилган арча, Қорбобо ва орзулар ушалиши! 2. Ўтган 2010 йилда мен биринчи марта дуэт ижро этдим. Бу хонанда Шохруххон билан "Манзиллар” дуэти ва унга клип суратга олдик. 2 та фильмда суратга тушдим. Биринчиси "Дўстимнинг тўйи”, комедия жанрида. Иккинчиси эса номи ҳозирча сир. У ерда жуда мураккаб ролни ижро этдим. Ижодимда ҳали бундай роль бўлмаган. Ҳозирги кунда фильмни дубляж ишлари кетмоқда. Йил якунида эса "Қиз бола” қўшиғимга клип суратга олдик. 3. Янги 2011 йилда, "Қиз бола” қўшиғимга ишланган клипни телеэкран орқали намойиши бўлади. Мен суратга тушган 2 та фильм катта экранларга чиқиши кутилмоқда. Кўпдан-кўп, янги, яхши ва қувноқ қўшиқлар! Мен ўзим барибир қувноқ, рақсбоп қўшиқларни ёқтираман ва шу йўналишда давом этмоқчиман. Яна, албатта энг асосийси соғлик-саломатлик! Яқинларимиздан ҳеч ким касал бўлмасин! Ҳамма соғ-саломат бўлсин! Янги йил билан!
Ойбек 1. Янги йил, сеҳрли ва мўъжизакор байрам! Оилавий байрам! 2. Мустақил ижод қилиш имкониятини берди. 3. 2010 йилда мустақил ишлашни ўргандик, 2011 йилда ижодимизни янада яхшироқ қилишга ҳаракат қиламиз! Мухлисларга тилакларим, асосийси соғ-саломат бўлишсин! Доимо ўйлаган ниятларига доимо интилиб, шу йил эришишсин! Нигора 1. Янги йил деганда, байрам, яхши кайфият, ҳаммани кулиб юрган чиройли чеҳрасини кўраман. Улардан келаётган яхши сўзларни эшитиб, одамлар бир-бирига меҳрибон экан, деган нарсани ҳис қиламан. 2. 2010 йил бизга яхши ижод берди. Яхши имкониятлар, яхши дўстлар берди. Ҳаётга яна ҳам чуқурроқ қарашни берди. 3. (кулиб) 2011 йилдан яхши нарсалар кутяпман! Ҳаммани кириб келаётган байрам билан табриклайман! (кулиб) 2011 йилда ҳамма яхши нарсаларни кутсин! Яхши ният қилса, албатта амалга ошади! Қолгани эса Оллоҳдан! Мадина Мумтоз 1. Янги йил деганда, яна бир ёшга катта бўлганимни ва Янги йил киргач, Янги йил кирганини ҳис қиламан! (кулиб) Қорбобо борлигига ишонмайман, лекин Санта Клаусга ишонаман. 2. Ўтган 2010 йил менга жуда ҳам кўп нарсалар берди ва олди ҳам. Йилни бошида адамни йўқотган бўлсам, ўзбекона Янги йилимиз Наврўздан кейин, кўп янгиликлар бўлишни бошлади. Кўп яхши воқеалар бўлди. "Ниҳол” мукофоти олдим, жиянли бўлдим. Унга Зокиржон деб исм қўйдим. "M&TVA 2010”да қатнашмаган бўлсам ҳам, номзодликка кирганим ҳам, мен учун катта гап. Яхши қўшиқлар яратдим, яхши фильмларда суратга тушдим. 3. Янги 2011 йилдан фақат яхшиликлар кутяпман. Фақат яхши воқеалар бўлсин! Ҳаммада яхшиликлар бўлсин! Ҳусан 1. Янги йил деганда, янгиланиш, мана шу бир йил ичида нима иш қилган бўлсам, сарҳисоб қилиш. 2 Ўтган 2010 йил менга жуда катта нарсалар берди. 2010 йилда озгина бўлса ҳам, халқ эътиборига тушдим. Ижро қилган қўшиқларим халқ эътиборига тушди. 3. Янги 2011 йилда бундан ҳам катта ютуқларни кутяпмиз, Худо ҳоҳласа. Бу ютуқларга эришиш учун ҳозирги кунда ҳаракат қиляпмиз. Мухлисларга Янги йил тилакларим, авваламбор мухлисларни жуда ҳам ҳурмат қиламиз, қандай орзулари бўлса, ҳаммасига эришишларига тилакдошмиз! Ҳаммани кириб келаётган Янги йил билан табриклайман!
Жасур Умиров 1. Янги йил деганда, янги орзуларни, янгиланишни ҳис қиламан. 2. 2010 йил менга омад берди. Концерт, кўп-кўп хит қўшиқлар берди. Халққа танитди, мухлислар берди. Шундан жуда ҳам хурсанд бўлдим. 3. Янгидан-янги хит қўшиқларни халқимизга тақдим қилиш ниятидаман. 2011 йилда халқимиз, юртимиз тинч бўлсин! Барча юртдошларимизга, Янги йил бахт ва омад олиб келсин! Ўйлаган ниятларига етишсин! Хонадонларига қут-барака тилайман! Фақат омад!
Рухшона 1. Янги йил деганда, ҳар бир болаларни кичкиналигида, ота-онаси арчани тагига совға қўйиб қўйишади-ку. Кейин, ўша болалар уйғонгандан кейин "Вой менга Қорбобо совға қолдириб кетибди”, деб жуда ҳам хурсанд бўлишади. Янги йил деганда, биринчи кўзимни олдига шу нарса келади. 2. Ўтган 2010 йил биринчи ўринда, албатта санъатга кириб келишим, янги қўшиқлар, янги клиплар берди. 2010 йил тўғрисини айтсам, мен учун жуда ҳам энг бахтли йил бўлди. "Акфа медиа”га кирдим ва ўз фаолиятимни йўлга қўйишга ҳаракат қилдим. Бу йил менга энг бахтли нарсаларни берди, десам адашмайман. 3. Янги 2011 йилдан янги қўшиқлар, янги клиплар, мухлис орттириш, қўшиқларимизни мухлисларни юрагига етиб бориши, ҳамма-ҳаммага мана шуни тилаб қолардим! Сирожиддин 1. Янги йил деганда, бир йил давомида қилинган меҳнатларни самарасини, якунланишни ва янгиланишни тушунаман, ҳис қиламан. 2. Ўтган 2010 йил халққа танилишимни берди ва яхши кунлар кўп бўлди. Авваламбор, 2010 йилда биринчи марта телевидениега чиқишни, ижод қилишни, ижодимизни халққа кўрсатишни бошладик. 3. Янги 2011 йилдан умидларим катта. Юртимизга, халққа бундан ҳам кучлироқ жиҳатдан хизмат қилиш, янги-янги қўшиқлар, янги-янги клиплар. Ҳаммани кириб келаётган Янги йил билан табриклайман! Жаъфарбек (бастакор, хонанда) 1. Янги йил деганда 31 дан 1 кунга ўтади-ку, худди хаёлимда ўзимни янгилагандек ҳис қиламан. Янгидан туғилади-ку одам, худди шундай. Кейин хўрсиниб, ўйлайман, нима иш қилишим керак? Мана бу йилда нима қилдим? -деб. Янги йилни, янгиланиш деб ҳисоблайман. 2. 2010 йил орзуларимни 100 фоиздан, бир йил ичида, 30 фоизига эришдим. Қолганига, албатта худо ҳоҳласа 2011 йилда эришмоқчиман. 3. (кулиб) 2011 йилдан қолган 70 фоизни кутяпман. Янги йилда ҳамма севгисига эришиб, севиб-севилиш бахти насиб этсин!
Актриса Раъно Шодиева 1. Янги йил деганда, байрам, оила, совғалар, яхши кайфият, ҳамма яхши нарсалар. 2. Мен учун 2010 йил жуда ҳам оғир бўлди, ҳар томонлама. Айниқса оилам учун, онам кўп касал бўлдилар. Ишим томонлама ҳам қийин тарафлари бўлди. Лекин, биз буларни ҳаммасидан ўтиб чиқдик. Аммо, ўзига яраша, мен учун санъат тарафлама яхши янгиликлар бўлди. Янги кинолар, янги лойиҳалар. Яхши нарсалар ҳам кўп бўлди. 3. (кулиб) Тўғрисини айтсам, 2011 йил жуда кўп нарса кутяпман. (кулиб) Оила аъзоларим сони кўпайишини ҳоҳлайман, Худо ҳоҳласа. Ҳаммага Янги йилда байрамона кайфият тилайман! Ҳамма бахтли бўлсин! Соғлик тилайман! Ҳамма, ўз уйига кирганида, фарзандларини жаранглаган кулгуси эшитилсин! ТВМ телеканали бошловчиси Роксана 1. Янги йил деганда безатилган арча, мандарин ва оливье салати ҳидини ҳис қиламан. (кулиб) Янги йилда ҳар бир хонадонда шу салат қилинса керак. Менга Янги йил байрамини нимаси ёқади? Бизни соҳамизда, ҳамма дам олса ҳам биз ишлаймиз. Шуни ўзини ҳам, қандайдир гашти бор. 2. (ўйланиб) 2010 йил йўқотишлар ҳам бўлди, топишлар ҳам.. Мен учун ҳам хурсандчилик, ҳам қайғули йил бўлди. Хурсандчилик тарафи, оилали бўлдим. 3. (кулиб) Худо ҳоҳласа, яхши ниятлар кўп! Ҳамма ниятлар, орзулар ушалишини ҳоҳлаган бўлардим. 2010 йилда бир нарсага амин бўлдим. Кўпинча, бир-биримизга хурсандчилик, шодлик, аъло кайфият тилаймиз. Энг муҳими, ўша хурсандчилик, шодлик, ўша аъло кайфият кўнгилга сиғиши экан. Кўнгилда шундай кайфият бўлсин-ки, ўша хурсандчилик, шодлик ҳам, аъло кайфият ҳам кўнгилга сиғсин! Шуни тилаган бўлардим ҳаммага! Режиссёр-клипмейкер Ёдгор Носиров 1. Янги йил деганда, авваламбор шаҳримиз гўзаллашади. (кулиб) Чироқлар кўп бўлади. Янги йил деганда, ўзимни ёшлигим, албатта, Қорбобо, энг асосийси оила даврасида кутилиши эсимга келади. Янги йил куни ҳар доим, оилам даврасида ойижоним, акаларим, келинойиларим, жиянларим билан кутаман. 2. Ўтган 2010 йил мен учун кўп нарса берди. Фильмлар, клиплар суратга олдик. "M&TVA 2010” тақдимотида, хонанда Лолани мен суратга олган "Қийналар қалбим” клипи, энг яхши клип деб топилди. Бу менга энг зўр янгилик бўлди. 3. Худо ҳоҳласа, 2011 йилда ҳам жуда кўплаб янгиликлар бўлади. Иккита фильм суратга олишни режалаштиряпман. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин! Ҳар битта оилага бахт, омад, сиҳат-саломатлик, яхши янгиликлар тилайман! 2011 йил, 2010 йилдан кам бўлмасдан зўр бўлсин! Ҳамма яхши тилакларим халқимизга! | |
Бўлим: Yangiliklar |
Кўрилган: 7334 |
Чоп этди: Sayyod
| Теглар: |
Нравится
Барча изохлар: 7 | |||||||
Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ! Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин! -Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. (батафсил манбаа)
Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод |