05:39 Лола билан концерт олдидан реалити сухбат | |
Лоланинг 3 кунлик концерти хақидаги хабардан сўнг шов-шувли тахмин, танқид ва гап-сўзлар бўлмоқда. Улар негизидаги саволларга чек қўйиш ва концерт хақида сизларга реал маълумот етказиш учун Лола репетиция қилаётган залга йўл олдик. Сухбатда концерт билан боғлиқ саволлардан ташқари сиз ва хаттоки Лола кутмаган савол жавоблар бўлиши тайин эди. Шахар марказида жойлашган ижодий клуб залига келганимизда Лола раққосалар билан рақсга тушаётган эди. Қўшиқ тугаши билан бизни кўриб бироз танаффус эълон қилди.
Макияжда бўлмаганингиз учун бугун илк бора бурнингизни қоқ учидаги холга кўзим тушди. -Саволларингиз бирам ғалати-ки (хандон отиб кулади). Буни яширмагандим хам, сезмаганингиз сизни хатоингиз.
Бир компанияда сиз билан ишлайдиган Нилуфар Усмонованинг пастки лабида холи бор, "Тарона”дагиларнинг хаммасида ўзига хос белгиси бордек. (Шахзоданинг хам тепа лабининг устида холи бор) -Агар биз хаммамиз опа-сингил бўлганимизда...Вахоланки компанияда биз хаммамиз опа-сингил бир оиладекмиз. Умуман агар инсоннинг юзидаги кўринарли жойда холи бўлса у бахтли бўлади дейишади. Мен бунга ишонаман.
Ўзига хос бир маънодек, бурнингизда бўлгани учун балки бошқаларга қараганда (ньюх, обоняние) туйиш (сезиш) қобилияти сизда кучлироқдир? Балки ижодга ва балки (любопытная) хаддан зиёд қизиқувчанлик? -Туйиш бизнинг оиламизда генетик ривожланган хислат. Турфа хидларни ажрата оламан.
Мен нима сепиб олганман? -Атир (кулгу), жуда ёқимли ва эркакларники.
Репетиция жараёнини кузатдик, ажойиб уйғунлашув. Раққосаларга бир икки харакатни тушунтиришингиздан ўзингиз сахналаштираяпсиз чоғи. Рақс харакатларини ўзингиз ўйлаб топдингизми? -Шундай деса хам бўлади. Хар куни йиғилиб биргаликда нималарнидир ўйлаб топяпмиз. Албатта асосий фикр барибир ўзимники бўлмоқда чунки ўзимнинг қўшиқларим ва уларни ўзимдек хеч ким яхшироқ хис қила олмаса керак. Менимча хар бир ижодкор бирон қўшиқни яратишда олдиндан уни клипи, сахна кўриниши ва хоказоларни кўра билади. Менга бунда ёш ва иқтидорли хореограф Гузал Бурхонова ёрдам бермоқда. Раққосаларга келсак, бу сафар умуман бошқа таркиб йиғишга қарор қилдим. Ва бу таркибни кастинг ўтказиб, битталаб танлаб олдик. Чунки бу сафар бошқача, ўзга, янги нарса қилмоқчиман. Мендан аввал кимдир қилгандек бўлишини истамайман.
Тажриба сифатида концертга тайёрланаётган рақс кўринишларидан бирини Лола билан биргаликда хис қилдик. Ха, Лола бизга бир икки харакатларни ўргатиб биргаликда рақсга тушди. Агар пластикангиз бўлмаса белингиз чиқиши табиий, жарохат олмасимиздан сухбатга қайтишга қарор қилдик.
Лола бир хит қўшиқ билан уч кун концерт бермоқчими?-деганлар топилса керак? -Кимдир бир икки қўшиқни айлантириб концертга чорлаши мумкин. Лекин бу концертни бошидан охиригача мана шу бир икки қўшиқлар бўлади дегани эмас-ку. Шундай бўлганида одамлар концертга тушармиди? Бу фикрни ўзи мантиққа тўғри келмайди. Концертдан аввал ўнта қўшиқ тақдим қилган хонандани яна шуларни концертда куйлайман дейиши кимга қизиқ бўлади? Янгилари концертда бўлади-ку. Агар бир қўшиқ тақдим этган бўлсам бу сахнага қайтишимдаги илк қўшиқ холос. Куни кеча яна янги "Имкон бер” қўшиғимни хавола этдим, унинг клипи албатта биринчи бўлиб сизнинг сайтингизда ва ТВМда премьера қилинади. Кейин ўзимни бир дона хит қўшиқ тақдим этган хонанда деб хисобламайман. Менинг мухлисларимга бугунги куйлаган барча қўшиқларим севимли ва хануз тингланмоқда. Концертимни кутаётган мухлисларимга фақатгина янги қўшиқларни куйлашга хаққим йўқ деб хисоблайман, чунки уларга севимли бўлиб қолган тароналарим бор. Лекин, у қўшиқларни янги талқинда тақдим этамиз.
Эски қўшиқларингизга янгитдан жон берилган? -Йўқ, сал нотўғрироқ бўлади бундай деса, сал бошқачароқ тарзда. Бошқача манерада қайта куйланиб ва бошқача аранжеровкада бўлишини айтишим мумкин. Барча сирни ошкор қила олмайман, чунки концертда кутилмаган сюрприз бўлишини истайман.
Умумий куйланадиган қўшиқлар сони? -23та
Ва хар бирида рақсга тушишингиз ростми? -Албатта! Хар бир қўшиқ сахналаштирилган кўринишда тақдим қилинади.
Уч кун 23та қўшиққа рақс тушиш жисмонан холдан айро қилса керак. Хозирданоқ сезаётган бўлсангиз керак репетицияларда, бир икки харакатларингизни бирга қайтариб белим синай деди. Пластикангиз бўлиб ўрганган бўлманг барибир хозир хар куни, кейин уч кун буларни қайтариш мушкул. Қандай қилиб куч топяпсиз, бирор воситалардан фойдаланаяпсизми? -Осон эмас албатта, озгина холдан тоймоқдаман, лекин хар кунги бу репетициядан ўргана бошларкансиз шу ритмга. Концерт кунигача ўрганиб қоламан ва уддасидан чиқаман.
Умуман 3 кун концерт беришга ўзингизда иккиланиш хисси бўлдими? -Албатта, хозир хам ич-ичимдан қайғуряпман. Лекин мен билан ишлаётган гурухга ишонмоқдаман.
Лекин халқ атрофингиздаги гурух эмас, Сизнинг концертингизга келишади-ку. -Тўғри, менга боғлиқ хаммаси.
Рекламага ишончми? -Йўқ. Авваламбор ўзимга ишониб 100 фоиз мехнат қилишга харакат қиляпман, лекин атрофимдаги ишчи гурухга хам кўп нарса боғлиқ, шунинг учун хам уларга ишонмоқдаман. Кунлар билан боғлиқ масалалар концерт ташкилотчиларига боғлиқ нарса, агар улар 3 кун танлашган бўлса мен уларга ишонаман. Лекин қандайдир иккиланиш бор, вахоланки бу иккиланиш концертга тайёрланишимга халал бермайди. Кейин ишонаверинг рекламага ишониш бу ахмоқлик.
Ахир кўпчилик шундай қиляпти хам. Бу бор нарса. -Яккахон концертни уч кун бошлаган инсон рекламага ишониши бу нопрофессионаллик ва ахмоқликдан далолат. Агар санъаткорни мухлислари, концертга келадиган тингловчилари бўлмаса хар қанча аъло реклама қилмасин у истаган нарса бўлмайди. Хамма нарсани комплексда қилиш керак. Тўғри, рекламанинг ўрни бугунги кунда катта, лекин яхши ташкилотчи, продюсерлик компанияси, жуда катта мехнат, иқтидор, мехнатни севиш кейин эса реклама туради. Биринчи навбатда артист, қолгани унга боғлиқ нарсалар.
Хаяжонланаяпсизми? -Албатта, жуда қаттиқ хаяжон ва харакат.
Концертингизни мухлислар қувонч билан кутаётган бўлса, кимлардир "Қани нима кўрсатар экан?” деб кутаётганлар хам бўлса керак. Буларни хам инобатга оляпсизми? -Хеч қандай бу каби фикрлар билан хисоблашиш ниятим йўқ. Бу шундай гапираётганларнинг муаммоси, вахоланки агар шундай гапираётганлар бўлса бу яхши, агар кимгадир қизиқ бўлмаганимда гап-сўз бўлмасди. Анти-рекламанинг ўзи реклама. Шундай гапираётганлар учун хам рахмат. Умуман ўзимни салбий фикрлардан сақлашга харакат қиламан, менинг яқинларим ва бирга ишлайдиган инсонлар хам бундан мени сақлашга харакат қилишади.
Концертдан аввалги маъсулият -Жуда катта! Умуман олганда хамма маъсулият менинг елкамда эканлигини хис қиляпман.
Қандайдир бир "фишка” хақида ўйладингизми? Кўпинча бирор концертдан сўнг, концертдаги қизиқ бир фишка хақида гапиришади. Ёки концертингиздан сўнг одамлар нимани кўпроқ гапиришини биласизми? -Билмасам..Фишкалар кўп, асосийси бу мухлисларга берадиган мухаббатим бўлса керак. Чунки танаффус пайтимда бу онларни жуда хам орзу қилиб кутгандим. Ишонмайсиз, хаттоки тушларимда хам кўрганман. Шунинг учун чин кўнгилдан концерт беришни ният қилганман. Артист учун энг аввало ният қилиш бўлса керак.
Танаффусдан қайтагнингиздаги рақобат хақида сўз юритгандик, концертга келсак айнан шу ойда бошқа санъаткорлар хам концерт дастурини тақдим қилишмоқда. Озода Саидзода, Зулайкхо Бойкхонова, Ёдгор Мирзажонов, Анвар Санаев, Зиёда. -Айтиб ўтилган хонандалар умуман бошқа йўналишда, бошқа мусиқа ва албатта бошқа тингловчилар. Уларга рақобатчи эмасман, умуман таққослаб бўлмайдиган нарсалар.
Молиявий тарафлама қарасак-чи. Дейлик бир оилада бир ойда хамма концертга тушишга имконияти бўлмаслиги мумкин ва уларда танлаш шарти бўлиб қолиши мумкин. -Йўқ….(жилмаяди). Бу нарсалар хақида хам ўйламасликка харакат қиламан. Концертга боғлиқ чипталар сотилиши ва хоказолар хақида ўйламайман чунки хар кимнинг ўз вазифаси бор, булар билан мен билан ишлайдиган профессионал гурух шуғулланади. Компанияда маъмур, директор, хисобчи ва бошқа лавозимлар бор. Ва хар бир профессионал ишчи албатта ўз вазифасини бажаради. Мен эса профессионал хонанда сифатида ўз ишим билан машғулман, ва чипталар сотиши хақида ўйламайман ва буни менга айтишмайди хам.
Жахонгир Позилжонов "Наврўз” радиосидаги "Джуманджи” лойихамизда концертингизга 20-та чипта сотиб олганлигини маълум қилди. Ва ундан уйдагилари яна сўрашаётганлигини айтди. -Йўғэ? (ажабланади) Мен учун бу жуда хуш янгилик. (Хазил қилади:) Ўзим хам хайрон бўлгандим, ким экан шу 20та чиптани олган экан деб (хандон отиб кулади)
Хонанда Паризод берган интервьюсида шоу-бизнесга қадам қўйишига сизга бўлган мухлислиги туртки бўлганлиги, яқиндаги гала-концертда сизни кўрган захоти хатто репетицияни қолдириб сиз билан суратга тушганини айтди. Сиз билан дуэт куйлаш унинг орзуси экан. Оддий мухлислар-ку тушунарли, лекин хамкасблар орасидаги мухлислар қизиқ бўлса керак? -Хар биримизнинг кумирларимиз бор, ва улар нимагадир туртки бўлишади, менга бу маълумот жуда ёқди, кимнингдир хаётидаги ижобий таъсирим мен учун қувончли. Демак, бекорга харакат қилмаётган эканман. Ўша куни келиб суратга тушгани ёдимда. Сахнадаги харакатлари дадил, яхши тутди ўзини, жуда иқтидорли ва келажаги бор деб ўйлайман. Унга қараб ўзимни ўша ёшдаги холатимни эслайман, ёши неччида эди, 15ми?
Йўғэ, 19! -Ха, хуллас, бу ёшда омма билан яна таниқли санъаткорлар олдида сахнага чиқишни ўзи бўлмайди. Катта хаяжон босади. Паризоднинг орзусига келсак, орзулар ушалади деб жавоб бераман (жилмаяди).
Хозир шу репетициянгизга қайси хонанда кириб келса, бориб суратга тушган бўлардингиз? -Ишонаверинг, у хонанда бу ерга хеч қачон кириб келмайди, чунки у балки Мадоннадир (кулади).
Концерт плакатингизни айримларида юзингизни фақат ярми акс эттирилган. Бунинг қандайдир бир рамзий маъноси борми? Балки ажрашди деган гап-сўзларнинг далили сифатида "Ярмим йўқ” деганимикан? -Ажрашди?(кулади) Ғалати-ку. Плакат ва ажрашди (ажабланади). Умуман плакат, имидж, қўшиқ ва клиплар менинг шахсий хаётим билан боғлиқ эмас! Лола нима учун бундай плакат қилибди деган конкурс ташкил қилсак бўлар экан-а?(кулади). Бу сурат асли кесилмаган, шудай суратга олинганди, менга жуда ёқди. Қандайдир бир сирли ва оддий эмасдек туюлди. Шунинг учун хам афишага қўллашга қарор қилдик.
Мана хозир кеч соат 20-00, репетиция авжида. Хар кунги бундай тартиб ва яна уч кунлик концертга шахсий хаётингизнинг муносабати қандай? -Нормал, чунки болаларимга қарайдиган энагалар, ёрдамчиларим бор. Асосан болаларимнинг бувилари бор.
Турмуш ўртоғингиз сахнага қайтишингизни хохламагани ростми? -Ха.
Ижодий танаффусингиздан кейинги "Ўзбегим таронаси” радиосининг 10 йиллик юбилей концертидаги илк сахнага чиққанингиздан сўнг турмуш ўртоғингиз билан муносабатингизда келишмовчилик бўлгани ростми? -Келишмовчилик деб бўлмайди-ю…Эркак кишининг аёли хамманинг кўз ўнгида бўлиши унга ёқмаслиги табиийку. Мана шу раққосаларни олинг, хар бирини ё суйгани ва ёки турмуш ўртоғи бор, улар хам концертларда, клипларда иштирок қилишларига қарши. Хар ким бу муаммони ўзича хал қилади. "Қийналар қалбим”ни эсланг, бу дегани қафасда ўтирибман дегани эмас-ку.
Концертингизда турмуш ўртоғингиз гул билан сахнага чиқармикан? -Ким билади дейсиз, буни ўзидан сўраш керак, ёки концертни кутиб кўриш керак.
Саволларимнинг негизида хозирда концертингиз билан боғлиқ бўлаётган гап-сўзлардан воқиф бўлдингиз. Нималар қўшимча қилган бўлардингиз? -Менга хеч нарса таъсир кўрсата олмайди, чунки мен авваламбор кучли инсонман. Кейин ўзимни танқид ёки салбий нарсалардан сақлашга харакат қиламан, айниқса концерт олдидан. Чунки салбий гаплар хозирги концерт олди кайфиятимга таъсир кўрсатиб қўйиши, депрессия юзага келтириши мумкин. Шунинг учун хеч нарсани ўзимга олмай мени қўллаб-қувватлаб турган мухлисларимга ишонаман. Хар куни тинмай мехнат қилиб харакат қиляпмиз. Концерт дастуримга хамма-хаммани таклиф қиламан ва ким келишидан қатъий назар ташрифидан хурсанд бўламан.
Концерт номланмади фақат Лола, нима учун? -Чунки бу мен! (кулади)
Sayyod жамоаси. | |
Бўлим: Sayyod-show |
Кўрилган: 15640 |
Чоп этди: Sayyod
| Теглар: |
Нравится
Барча изохлар: 15 | |||||||||||||||
Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ! Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин! -Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. (батафсил манбаа)
Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод |