03:58 Хосила: Сахнада тўйим бўлади! | |
Сайт жамоаси билан биргаликда Хосила Рахимованинг уйига кириб келдик. Киришда бизни Хосила Рахимова ва уларнинг маъмурлари Ёдгор кутиб олишди ва ховлидаги Ўтовга олиб киришди. Ховлида қад ростлаган ўтов атрофи қадимий ва тарихий нарсалар билан безалган. Аввалига ўтов ичида бироз сухбатлашдик.
Хосила Рахимова: Бу ўтов Кигиз , емгир ёғса шимиб олиб, оғир бўлиб қолади, шундай бўлиб битта ўтовим ағанаб кетди. Кейин иккинчи ўтовни олиб келтирдим. Ташқаридан кўрган бўлсангиз атрофини темир каркас билан ушлатиб, махкам қилиб қўйганмиз. Sayyod: Ўзи бу ўтовни нима учун бу ерда қурдиргансиз, сиз адашмасам Сурхондарёликсиз, у ерда ўтовда ростдан хам яшаганмисиз ёки оддий участка уйларда яшаганмисиз? Хосила Рахимова: Йўқ, оддий участка уйларда яшаганмиз, ўтовда олдин яшашган, ота буваларим яшашган. Хозир яшашмайди, фақатгина чўпонлар далаларда яшашади. Sayyod: Демак, умрингизда биринчи маротаба Тошкентга келиб бу ўтовни қурганингизда киргансиз, тўғрими? Хосила Рахимова: Йўқ, олдин хам кирганман, момомларнинг уйларида бўлган, ёшлигимизда ўтовларда ўйнаб юрардик, танчаларда ўтирар эдик.
Sayyod: Ха, демак, бу шунчаки эмас, ўзингиз ҳис қилганингиз бўйича, ўша хиссиётлар билан боғлиқ.. Хосила Рахимова: Ха шундай. Эшикдан кирганингизда чориғ илиб қўйишадику, кўпчилик уйларда бор. Хар кирганида пешонасига урилиб туриб, ўтмиши унутилмас экан-да, худди шу маънода бу нарсалар хам. Sayyod: Ўзи, сизнинг келиб чиқишингиз қандай? Оилавий шароитингиз қандай эди бу машхурликка эришгунингизга қадар? Хосила Рахимова: Бизнинг оила зиёли оила бўлган. Ўзига тўқ, шифокорлар оиласида ўсганман. Дадамиз рахматли, хар тарафлама етук инсон бўлганлар, шу сабабли хам мени санъат йўлига олиб кирганлар. Катта опам дадамнинг изларидан кетиб шифокор бўлганлар, иккинчи опам эса, хозирда менинг продюсеримлар, улар қиз бола бўлсалар хам жисмоний тарбия йўналишида ўқидилар, спорт сохасидан кетдилар, мен санъатдаман.
Sayyod: Битта сиз санъат сохасидасизми? Хосила Рахимова: Мен ва укам Абдуманнон хам санъат йўлини танлади Sayyod: Сизгача оилангизда санъаткорлар бўлганми? Умуман бошқа касблар экан, шифокорлар оиласида санъаткор бўлиши, умуман бошқа бошқа сохаларку булар. Хосила Рахимова: Менинг аждодларим орасида кўплар ўзига тўқ бўлишган, у вақтларда қишлоқда махаллада бойларнинг аёллари кайвони бўлган экан, тўй хашамларда, келин саломларда бошчилик қилишган. Уларнинг гапи гап бўлган эканда одамлар учун. Кайвони аёл дейишган экан. Масалан, катта катта тадбирлар бўладими, тўй хашамларми бошқарувчи бўлишган. Келин келса саломни қилдиришган ва шундай ишлар.. шундай кайвони аёллар бўлишган экан, уларни ортидан бой буванинг аёллари деб қайтаришган, айтганини қилишган, тинглаган гапларини. Момоларимиз доиралар чалиб, келин саломлар айтиб, тўйларда хам қатнашадиган кайвони аёл бўлганлар. Лекин бунақа хонанда, санъаткор даражасида бўлмаганлар. Хаваскордек гап бўлган. Sayyod: Шифокорлар оиласидан бўлиб, медицинадан хабардор бўлмаслик қийин масала. Қандай оилада тарбия кўрсангиз шу оиладаги мухитдан таълим олмасангиз хам, биласиз барибир. Сизда хам шундайми? Ўзингиз учун медицинадан билим олганмисиз? Хосила Рахимова: Қизиқ савол бўлди. Қишлоқдаги тиббиёт пунктида дадам врач, онам эса хамшира бўлиб ишлаганлар. Бу гаплар бундан 40 йил олдинги гаплар, у пайтлар докторлар етарли бўлмаган. Кечасию кундузи беморлар эшигимизни тақиллатиб келаверишарди. Шу сабаб дадамлар биринчи ёрдам беришга доим тайёр турар эдилар. У пайтда бизлар барибир уларга ёрдам берардик хамшира сифатида, кўрганмиз. Истмалаб келарди кўплар, то биринчи ёрдамларни бериб ёрдам бермагунларигача биз ёнларида бўлардик. Кўп беморларни кўрганмиз. Шунинг учун биринчи ёрдам беришларни тушунаман мен хам. Уйдагилар хам тушунишади. ( Сухбатни уйни ичида давом эттириш учун хамма Хосила Рахимованинг ховлисида жойлашган Ўтовдан уй ичига кириб кетишади. Орада фотосессия хам амалга оширилди ва Sayyod яна саволларини бериб ўтди)
Sayyod: Бу ердаги нарсаларнинг хаммасини ўзингиз сотиб олганмисиз ёки мерос қолган нарсаларми (ўтов ичидаги илиниб турган чопон, гиламчалар ва ўтов деворларида илиниб турган бошқа нарсаларга ишора қилиб) Хосила Рахимова: Бу ердаги нарсаларнинг кўпгинаси оиламиздагилардан қолган, бошқа қариндошларда хам бор, улардан хам сўраб сўраб тўплаганман. (хамма кулади) Ёдгор (Маъмур): Олиб қўйганман деб қўя қолинг (кулади)
Сухбатни уй ичидаги мехмонхонада давомладик. Залга Ҳосила Раҳимова Сурхондарёнинг миллий киймида кириб келдилар.
Sayyod: ўзи ростдан уйда шу кийимда юрасизми? Ҳосила Раҳимова: Йўқ, ўзи...билмадим, бу кийимда ҳам юравераман. Ҳозир ёдимга тушиб, шу кўйлагим ёқди. Меҳмон келса шу кийимда юраман. Лекин бошқа вақтларда шортикларда хам юраман (кулишади).
(Ўтовдаги фотосессияни инобатга олган холда, фотографимиз тавсияси билан Хосила уй ичида бошқа либосда бўлиши учун либосини ўзгартириб чиқди.) Sayyod: Сизни образингиздан келиб чиқиб “Торнадо аёл” деб бир ёзган эдим- . Шундай бўлгани билан, лекин мана, ҳаётда кўришиб-гаплашяпганимда бошқачароқ, аёллик латофатини йўқотмаган экансиз. Ҳосила Раҳимова: Сал соддароқ, ҳа.
Sayyod: Ҳа, соддароқ. Энди билмадим, ҳаётда шундаймилар ёки ҳозирми (кулишади) Ҳосила Раҳимова: Шундайман лекин кўпроқ.
Sayyod: А бу ўзингизнинг образингизми, уша ўзингиз айтган тоғлик қизни айтганингиздаги образми ёки сизнинг ички дунёингизми? Кўпчилик санъаткорлар айтадики, мен ўз ички дунёимни саҳнада намоён қила оламан, деб. Энди бу икки одамдек бўлади-да. Сизда қандай шу? Ҳосила Раҳимова: Мен ҳам шунга яқинроқ бўлсам керак, ички дунёим бўлса керак. Кейин қандайдур ўша образимда, масалан, ўша кастюмим ёки сочимнинг турмагида, тақинчоқларимда бошқача руҳиятга тушиб қоламан-да.
Sayyod: Сиз қўрқмайсизми, бора-бора келиб, энди образингизни жўшқин, бошқача деяпмизку, бора-бора ўзингизга (урғу билан), шахсан ўзингизга таъсир қилиб, дағаллашиб кетишдан қўрқмайсизми? Ҳосила Раҳимова: Йўқ, энди...дағаллашишдан...билмасам... Бир мунча образ ҳам инсон ҳаётида таъсир қилади, қайсидур маънода, масалан, ҳар доим саҳнада шу образда бўлганингиз учун ҳаётда ҳам таъсир қилади. Лекин уша образингизнинг тагида озми-кўпми ҳаётий феълингиз ҳам тааллуқли бўлади-да. Бўлмаса иккаласи бир-бирига таъсири бўлмаса ундай оригинал бўлиб чиқмайди-да образ. Томошабинга етарли бўлиб бормайди. Шунинг учун қандайдир бир-бирига узвий боғлиқлик бор. Масалан, биз кўзимиз билан илғамайдиган қандайдир бир руҳий ҳолатлар бор-да шу образимда. Ҳаётдан ҳам таъсирланиб шундай образни олганман. Нимадур қилишга, нимадур таъсир қилади-да.
Sayyod: “Бос, бос, қамчи бос...”, ёки кураш ҳақида сизни танимасдан, фақат шу эфирдан кузатадиган бўлсак, қандайдир, салобатингиз босиши мумкин-да. Ҳазиллашиб, а ҳозир қамчилаб туриб, савалаб кетса-я, деб. Мухлисларингиз ҳаётда бошқача экансиз, вахоланки эфирдан салобатингиз босади, қандайдир бир эркакшода, деганлар бўлганми? Ҳосила Раҳимова: Ҳа, ҳаётда жуда ҳам кўп бўлади бундай воқеа. Телевизорга қараганда ҳаётда бошқачароқ экансиз, дейишади. Экранда, менимча, яна ҳам баланд кўринаман, бўйингиз ҳам баланд, барваста аёл, деб ўйлар эдик, дейишади(кулиб), кейин менимча, ўша образимдан келиб чиқиб шундай деб айтишади.
Sayyod: Ҳеч хам латофатли аёл образини яратишни ўйламаганмисиз? Майин, қандайдур сокин қўшиқ билан, дейлик, қандайдир баҳорий образми ёки умуман бошқа бир қиёфада образни тажриба қилишни ўйлаб кўрмаганмисиз? Айнан аёллик нафосати билан дейлик. Ҳосила Раҳимова: Ўзимнинг яккахон концертларимда ундай образларим ҳам бор.
Sayyod: Кураш ҳақидаги қўшиқ айтгансиз...кўрган эдим-да шу клипингизни адашмасам...ўзингиз ҳаётда ҳам эркак кишилар орасида кураш тушганмисиз, ёки фақат клип учунми? Ҳосила Раҳимова: Йўқ, кураш тушганман. Ёдгор (маъмур): Мен бир сирни айтаман, 10-синфгача кураги ерга тегмаган курашчи (деб Ҳосила Раҳимовага ишора қилди). Ўша “Кўпкари” қўшиғида ҳам, (Ҳосила Рахимовага қараб) бемалол айтиб кетишингиз мумкин, отни ўзлари минганлар. Ўша отнинг олди туёқларини кўтаришни ҳам унча-мунча эркаклар бажара олмайди, фақат чавандозлар қила олади, ана шу жараённи ҳам 3 кун суратга олиш жараёнида унамасдан ўзлари бажарганлар.
Sayyod: Оилада Сизми “лидер”? Ҳосила Раҳимова: (ўйланиб) йўўўқ.
Sayyod: Энди образингиз таъсир қиладими, деяпман-да, кураш ҳам тушсангиз агар... Ҳосила Раҳимова: Йўқ, умуман бунинг дахли йўқ. Оилага, умуман, ҳаётга дахли йўқ у образнинг. Sayyod: Мен ўша клипингиздан кейин танқидий фикр билдирган эдим. Менинг фикрим бўйича, барибир кураш аёллик билан уйғунлашмаган нарса-да. Кураш ҳақида эркаклар айтса бошқа. Ҳосила Раҳимова: Спорт турику у. Энди насиб қилса, олимпиадага ҳам кураш ўзининг номи билан киритилса, у бизнинг миллий спортимиз-да. Бошқа спорт турлари бизнинг миллий спортимиз эмас. Sayyod: Нега бошқа спорт турлари ҳақида айтмагансиз. Аёлларга хос бўлган спорт турлари ҳам борку. Ҳосила Раҳимова: Энди у ўзимизнинг миллий спорт туримиз бўлгани учун айтганман. Нима қиламан футбол ҳақида айтиб?
Sayyod: Йўқ, миллий спорт турларимизнинг ичида аёлларга хосроқ бўлгани йўқми? Ҳосила Раҳимова: Масалан, “Кўпкари” ҳам чавандозлик спортига киради, уни айтганман ва кураш ҳам, нима дейди, бутун дунёни ўзига қарата олган спорт тури-да бу. 128 та давлат эди ҳали ўша тан олиниб, спорт турига деб қабул қилинганига. Уша пайтда, энди ундан кейин яна қўшилган бўлса 130 тадан ошиб қолган. Бу фахрли ҳолат! Чунки Ўзбекистон миллий командасида ҳам кўп қизларимиз бор, шу спорт тури билан. Масалан, қанча спорт турлари билан қизлар қатнашиб, бутун мамлакатни дунёга спорт билан танитишга ҳаракат қилишяпти-да. Шу курашда ҳам бизнинг йигит-қизларимиз жонбозлик кўрсатиб, дунёга танитишади юртимизни, деган маънода айтганман.
Sayyod: Шу қўшиғингиз кураш ассоциациясида мадҳияга айланганмиди? Ҳосила Раҳимова: Курашдагиларга, ҳа.
Sayyod: Бизда охирги пайт “видео” ларнинг тарқалиши жуда ҳам урфга кирган. Қандайдур бир, санъаткорнинг шахсий ҳудуди қолмаяпгандек. Ҳозир ўзини кўчада қандай тутишга ҳам ҳайрон бўляпти, бошқа ҳам. Лекин бу сизга ҳам таъсир кўрсатди-да, масалан, уша Қашқадарёдамиди тош отилиши билан боғлиқ видео? Шу ҳақида батафсилроқ гапириб берсангиз. У ерда сизга тушунарли бўлган тарафлари ҳам бордир, лекин сизга танқидий фикрлар ҳам бўлди-да. Масалан, нима учун бировнинг тўйида, майли, тош отилдими, нимадур бўлди, а у бировнинг тўйи барибир. Қандайдур уша вазиятдан чиқиб кетиш керак эди. Тўйни тўхтатмаслиги керак эди, деган фикрлар ҳам бўлди. Ҳосила Раҳимова: Бу воқеа Китоб туманида бўлган. У ерда тўй тугатилгани билан, ўзи тўй охирлаб қолган эди-да. Тўйнинг охирида...2 ярим соатлик вақти ўтган эди, гаплашганимиз бўйича яна ярим соатлик жойи қолган эди. Шу...ўшани ҳисобга олганман...
Sayyod: Ростдан ҳам сизнинг кечикиб келганингиз сабаб бўлганми бунга? Ҳосила Раҳимова: Мен уларни огоҳлантирганман. Уша вақтларда даволанаяпган эдим. Иложи йўқ, десам ҳам унашмаган эди, келасиз деб. Лекин Абдуманноп борган ўз вақтида.
Sayyod: Абдуманноп ким? Ҳосила Раҳимова: Укам, ҳа...иккинчи ҳофиз эди у пайтда. Ҳозир алоҳида бўлиб чиқди. У ўз вақтида бориб ҳизмат қилган, мен эса муолажаларимдан кейин 2 ярим соат ўзим ҳизмат қилганман.
Sayyod: Шу тош отганни барибир билдингизми ким отганини? Тагига етдингизми? Тошмиди ўзи у, кесакмиди? Ҳосила Раҳимова: Менимча, кесак.
Sayyod: Сизга текканми? Ҳосила Раҳимова: Текканлиги учун тўйни тўхтаттирганман-да, ҳа.
Sayyod: Бош, елка? Айнан қаерингизга теккан? Ҳосила Раҳимова: Орқамга теккан, шекилли. (шу вақтда Ёдгор (маъмур) чап тараф елканинг орқа тарафини қўли билан кўрсатди). Ундан олдин раққосага ҳам қилиқ қилишганди. Мен огоҳлантирдим, ундай қилманглар, ҳеч бўлмаса, меҳмонлигимизни ҳурмат қилинг, деб. Шунча гапдан кейин ўзимга келиб теккани ошиб тушган.
Sayyod: Тўғри, ёқимсиз ҳолат. Нима билан тугаган шу воқеа? Ҳосила Раҳимова: Мен бир вақт туриб, кейин кетганман. Бошлаганимга 2 ярим соат бўлган эди, ўзи шартномамиз бўйича 3 соат бўлиши керак эди. Ярим соатли қолган жойига, бўпти, деб ҳизмат ҳаққимни ҳам олмай кетганман. Сиз қишлоқнинг тўйларини кўрганмисиз? Аёллар ерда ўтиради-да. Кейин йигитлар келиб аёлларнинг йўлини тўсиб олган. Аёллар йигитларга, қочинглар, биз ҳам кўрайлик деб шу мақсадда хотинлар отган. Кесакни отганда одам қарайди-ю, қочинглар, нарироқ туринглар, деб отишган эмиш... Шундай дейишди. У кейин менга тасодифий теккан ҳолатимуш... Уй эгалари келиб кечирим сўрашган эди. Энди майли, ўтиб кетди у уша пайтда...барибирга ҳам...шунча жойдан борасан... Энди улар, лўли миллатига мансуб халқ эди. Ҳар ҳолда, одам ажратмасдан, уша ерга бориб, тўйига қатнашиб, пастга тушиш керак бўлса тушиб, ҳаммаси билан гаплашиб... одам ажратадиган одатим йўқ-да мени...
Sayyod: Ўша ерда гапингиз ҳам бор эди: ” Тошкентлик ашулачингиз сизнинг ана у ерингизга тушадими?”- деган. Мана шу гап ҳам кўпчиликка таъсир қилган. Нимани айтмоқчи бўлгансиз шу ерда? Ҳосила Раҳимова: Масалан, биринчидан, унча-мунча келмайди ҳам-да у тўйга, бормайди у қишлоққа.
Sayyod: Чекка жой бўлгани учун-да? Ҳосила Раҳимова: Ҳа... Ёдгор (маъмур): Лўлиларнинг маҳалласи. Ҳосила Раҳимова: (тасдиқ билан) лўлиларнинг маҳалласига бормайди ҳам. Иккинчидан, қандай тўйхонада бўлаяпган экан деб, унинг сатҳига, рейтингига тўғри келмайдиган тўйхоналар бўлса, тўйга бормаяпган санъаткорларни ҳам эшитганман. Шундай талаблари бор санъаткорлар, ундай чанг-тўзонга ҳамма ҳам боравермайди.
Sayyod: Танқид ҳақида гаплашяпганимизда , “Роксана” қўшиғида рус талаффузини назарда тутиб хам савол берсам Ҳосила Раҳимова: Талаффузим...100 фоиз русчани билишим керак эмаску. Менинг ўзбеклигимни, айнан Сурхандарёлик эканимни билдириб туриши керакку рус тилидаги ашула ҳам. Уни мен тоза рус тилида, сиз билганчалик, қилиб айтсам, унда менинг шевам, унинг тагида қолган миллийлигим қаерда қолади?
Sayyod: Шуни айтяпман-да, сиз қайси аудитория учун бу қўшиқни айтдингиз? Рус аудиториясигами, ёки бўлмаса... Ҳосила Раҳимова: Рус аудиторияси учун, масалан, мен битта қўшиқ билан бу аудиторияни ўзимга қаратаман, деган фикр бўлмаган. Лекин шу қўшиқда, агар Александр Македонский ҳақида ўқиган бўлсангиз, Ўрта Осиёни босиб олаяпган, Амударё соҳилларига келган вақтида, уша Амударё соҳиллари, Далварзин тепаликлари бизнинг Сурхандарё томонларига тўғри келади. Ана шундан, Равшана...Рухшона бизнинг ҳудудга тааллуқли қиз. Иккинчидан, Македонский келганда у билан бирга русий забонлар келади, славянлар келади. Улар славянлар келгандан кейин, (Sayyodга юзланиб) агар сиз ўқимаган бўлсангиз, Равшанани рус талаффузи билан “Роксана” дейишади. “Роксана” русча исм бўлганидан кейин мен нима учун рус тилида айтмаслигим керак?
Sayyod: Йўқ, сўзини эмас, у ерда айтиляпган матндан бошлаб нақоратигача айтяпман-да. Ҳосила Раҳимова: Йўқ, майли, бошқа сўзларини ҳам...масалан, эшитгансиз, рус тилида озарбайжанлар ҳам айтганку, миллий, ўзининг оҳангида рус тилида айтган, тўғрими? Аммо озарбайжанча оҳанги, урғуси турибди. Лекин қанчалар баҳо беришган. Энди ўзбекларнинг рус тилида маромига етказиб қўшиқ айтиб қўйганлари бор. Лекин мен фольклорчи бўлиб туриб, озгина ўзбекча оҳанг билан рус тилида қўшиқ айтишимни ёмонликка йўймайман-да. Тўғриси, мен ўзим унчалик билмайман рус тилини. Балки шудур менинг хатоим, камчилигим. Лекин бу “Роксана” тарихий қўшиғини ёритиб беришимга халақит берадиган тараф эмас.
Sayyod: “Ҳай яра” деганиз нима бу? Ҳосила Раҳимова: “Ҳай яра” бу – бизнинг, бахшиларнинг қўшимчаси. Сиз бирданига бу нарсага чуқурлашиб кириб кетгансиз-да. Сал бошқача тарафдан қараш керак.
Sayyod: Йўқ, бу фақат менинг қарашим эмас. Агар фақат ўз фикримдан келиб чиқиб савол берадиган бўлсам, унда интервью олишимнинг ҳожати йўқ-да, телефон қилиб, гаплашиб қўявераман. Бу ерда ҳамманинг фикри бўлган. Наҳотки сизга ҳеч ким бу саволни бермади ва танқидни айтмади шу вақтгача? Ҳосила Раҳимова: Йўқ, менга айтишди, акцентингиз билиниб қолибди, деб. Энди ўзбекман, акцентим билинса нима қилибди, деганман-да.
Sayyod: Демак ғоянгиз шунақа бўлган, ўзингиз хоҳлагансиз шундай акцент билан айтишни. Ҳосила Раҳимова: Йўқ, энди рус тилини билмаслигимни ҳам айтяпманку. Рус тилини ҳам унча билмайман. Рус тилини билмаслигим ҳам барибир таъсир қилади-да. Sayyod: Унда бу қўшиқни айтишингиздан мақсад нима бўлган? Ҳосила Раҳимова: Айтяпманку, умуман фольклор бизда шунақанги беқиёс, бахшичилик йўналишида. Масалан, Шомурод бахшини оладиган бўлсак, Сибирга отасининг орқасидан боради, “Бибигул” ни айтганманку, бўлган воқеа шу, шундай қилиб, Шомурод бахшининг отаси сургун бўлиб кетганидан сўнг, отасининг ортидан Сибирга бориб, русларнинг ичида қолиб кетади. Ана ўша ерда худди шундай шевада бахшиёна қилиб айтган. Рус тилини унча яхши билмайди, “Ҳай ярааа” деб рус тилида бахшиёна қилиб айтган. Шундай инсонлар бор ҳаётда. Кейин ҳозир бизнинг бахшиларимиз шундайки, агар масалан, сиз русий забон бўлсангиз, турган жойида акцент билан рус тилида шундай қўшиқ айтиб кетаверади. Улар чунки шундай топқирлиги билан ажралиб туради-да. Ўзбекча сўз топиб кетиши табиий, лекин рус тилида “А чёрный волос твой мальчик” деб тўқиб кетаверади. (кулишади) фарқи йўқ уларга. Лекин нима бўлса ҳам,кўпчилик танқид қилган бўлса ҳам “Роксана” рус тилида бахшиёна йўлида айтилган биринчи қўшиқ бўлиб қолди ва мухлисларга, халққа ёқди.
Sayyod: Йўқ, бундай қўшиқ айтиш бўйича сиз ягона, бетакрор ва биринчи бўлдингиз. Ҳосила Раҳимова: Рус тилида айтилганми фольклор қўшиқ, масалан? Фольклор жанри – менинг жанрим. Мен янгилик қилишга чанқоқман. Мен янгилик қилмоқчи бўлдим.
Sayyod: Бугунги давр шоу-бизнесини оладиган бўлсак, ҳозир айтганингиздек биласиз бугунги ижодни. Бугунги шоу-бизнесдан сизнинг ижодингиз мутлақо фарқ қилади-да, миллий, фольклор...энди бундайлар кам барибир. Фольклорда куйлайдиган аёллардан битта бўлиб қоляпсиз-да. Қийинмасми? Масалан, барибир Тошкентда яшаб ижод қиласиз. Тўйларга ҳам фольклор қўшиқлар билан бориш ... Ўйлаб кўрмайсизми эстрада йўналишида ҳам ижод қилишни? Ҳосила Раҳимова: Тўйларга мени фольклор қўшиқларим учун чақиришади. Кейин эстрада қўшиқларини ҳам айтаман, репертуаримда бор. Улар билан ҳам бемалол бора оламан. Энди, фольклорни танлаганим, барибир мен ўша халқнинг номидан келган номзодман-да пойтахтда. Эстрадага ўгирилиб кетиб...мен масалан,нима дейди...шунча жойдан шунча халқнинг номидан шу санъатни кўрсатиш учун келганман.
Sayyod: Йўқ, мутлақо ўгирилиб кетишмас, демоқчиманки...Ҳосила Раҳимовани, Тошкент тўйларида “бирров” га учратишни тасаввур қилмайман. Шуни айтяпман, барибир сизга талаб вилоятдан кўп-да. Тошкент тўйлари учун ҳам репертуарингиз борми? Тошкент тўйига ҳам нимадур хит қилиш ниятингиз борми? Айнан эстрада йўналишидаги хит устида ишлаяпсизми, деган савол беряпман. Ҳосила Раҳимова: Йўқ, айнан мана шу ҳудудга кираман, деб қўшиқ яратмаганман.
Sayyod: Йўқ, Турли ижод бўлиши учун-да? Ҳосила Раҳимова: Турли ижод учун яратаман агар тасодифий чиройли қўшиқ учраб қолса, албатта ижро этаман. Чунки ҳамма жойда ҳам мухлисларнинг кўнглини олиши керакку санъаткор. Бундай қўшиқларим ҳам бор. Масалан, шу кунгача агар ёқмаган бўлса, энди чиқиб қолиши мумкин. Барибир санъаткор ижодда ҳаракат қилаверади. Янгилик сари интилаверади.
Sayyod: Вилоятдан Тошкентга қадар сизнинг ўз таъсирингиз, яъни фольклор даражада таъсирингиз бўлган бўлса, лекин пойтахтдаги, шоу-бизнесдаги таъсир сизга нима бўлди айнан? Миллий, Сурхандарё уша ўзингиз айтган фольклор дейдиган бўлсак, сиз ўзингизнинг таъсирингизни бизнинг шоу-бизнесга ўтказа олдингиз-да “кўпкари” кабиларнинг нима эканлигини билмайдиган ёшларимиз кўп барибир, майдонда чиққаннику, хоҳласак хоҳламасак кўрамиз-да. Яккахон концерт бу – бошқа нарса. Куни кеча бизнинг Фан форум билан суҳбатлашиб ўтирганимизда, битта бола, айтдики: ”Мен Ҳосила Раҳимованинг битта қўшиқлари учун концертларига тушганман”, - деб. “Опа” деган қўшиқ айтган экансиз, жуда таъсирланган экан...ёш йигитча...умуман миллий қўшиқ эшитмайдиган. Энди ундайлардан қанчаси бор эканки, концертингизга тушиб, уша тарихни ўзи билан “олиб чиқиб кетади-да” уша вилоят колоритларини. Саволим шундай-да, сиз ўзингизнинг таъсирингизни тошкентлик бўладими, европалашиб кетган бўладими, ўтказа олдингиз. А лекин пойтахт, масалан, Тошкент, ёки европалашиб кетган атроф-муҳитми, шоу-бизнес кабилар сизга ўз таъсирини қанчалик ўтказди? Дейлик, бўянишдан ташқари, бўйнингиздаги мунчоқми, балки кийинишми...балки пластик операциядур...қандай таъсири бўлди? Ҳосила Раҳимова: Энди кўп таъсири бўлди пойтахтнинг. Инсон барибир бир жойдан иккинчи жойга келса, уша жойнинг шароитига мослашади. Қолаверса, катта саҳна, катта ижодкорлар, албатта, менга кўп таъсирини ўтказган. Чунки барибир аввало кўринишингизга эътибор берасиз, кастюмларнинг оригинал бўлиши, умуман, пойтахтда талаб каттароқ, ҳар холда, ўзингизга нисбатан талабчан бўласиз. Менга кўп тарафлама таъсирини ўтказган пойтахт.
Sayyod: Мен бу саволни берганим, энди очиқроқ бераман саволларни, бир қайсидур тадбирга келганимизда, сиз келиб ўтирган эдингиз, концертмиди билмайман, шунда: ”Ҳосила Раҳимовага пластик операция ярашмабди”, - дейишган, шу тўғрисида...кўпчилик яширади: “Йўқ, мен кремлардан фойдаланаман, мен ҳеч нарса қилмайман”, - дейди, лекин Манзура – ягона қиз тан оладиган . Сиз тан оласизми шундай нарсаларни, ёки сизда у нарса йўқми? Ҳосила Раҳимова: Йўқ, тан оламан.
Sayyod: Мурожаат қиласиз а барибир пластик хирургияга? Ҳосила Раҳимова: Йўқ, мен ҳозир умуман пластик ҳирургияга мурожаат қилганим йўқ. Лекин ооолдин, бундан 10 йил олдинги қовоғим устидаги пластик операциямни мен халққа эълон қилганман, айтганман ўша пайтда.
Sayyod: Муносабатингиз ижобий бу нарсага? Ҳосила Раҳимова: Ижобий, ҳозир уни бошқа соҳадагилар қилиб ётибди чирой учун. Жаҳоншумул аҳамиятга эга эмас ҳозир операция қилдириш. Оддий ҳолат у, масалан, уйда ўтирган уй бекаси ҳам қиляпти ҳозир пластик операцияни. Ҳозир у жуда бир нима бўлиб кетди, дейдиган нарса эмас. Ёдгор (маъмур): 2004 йилда бўлган биринчи бўлиб, ўша Манзурадан ҳам аввал қилдирганлар бу операцияни. Ҳосила Раҳимова: Мен Туркияда пластик операция қилдирганман, ҳали унда Тошкентга ҳам келмаган эди қовоқни олдириш. Ҳозир энди оммалашиб кетди. Истанбулда қилдирганман 10 йил олдин қовоқ устида, ундан кейин бошқа тиғлик операция қилдирмадим. Бу ҳақида ҳаммага айтганман мен, матбуотчилардан яширмаганман. Масалан, ҳозир косметологияга борсангиз, актрисалардан кўп савдогарлар шу нарсани қилдириб ётишибди.
Sayyod: Асосий урғуни ҳозир нимага беряпсиз концертга тайёргарликда? Ҳосила Раҳимова: Миллий фольклорга!
Sayyod: Миллий фольклор деганда биз, барибир, ҳалиги айтган чалиб айтади, бошқасини айтади. Мен, масалан, сизнинг концертингизда фонограммани тўхтатиб, жонли мусиқа билан қўшиқ айтганингизни кўрсам, шуни “фишка” деган бўлар эдим. Ҳосила Раҳимова: Балки ундай ҳам бўлиши мумкин, лекин концертгача дастурда бўладиган нарсаларни ёритмайман, деганман. Ёдгор (маъмур): Асраб турибдилар “фишка” ларни.
Sayyod: Тушундим. Бугунги кунда Ўзбекнаво жонли ижронинг тарғиботини кўпроқ қилгани сари, халқнинг ҳам шунга талаби катта бўляпти – да. Кимлардур ростдан жонли ижрода концерт беряпти, кимлардур бера олмаяпти, кимлардур баҳона қиляпти. Сизда қандай бу? Барибир миллий йўналишда бўладиганларга кўпроқ талаб бўлади. Ваҳоланки, жонли куйлаш бу – санъаткорнинг касби тақазо этган мажбуриятдир. Фикрингиз? Ҳосила Раҳимова: Тўғри, жонли ижрога ижобий қарайман. Жонли ижрода концерт берилса, санъаткор учун ҳам, тингловчи учун ҳам зўр!
Sayyod: Сиз ўзингизни шунга тайёр эмас, деб ўйлайсизми, ёки... Ҳосила Раҳимова: Мен ҳозир 50 га 50 десам ҳам бўлади , жонли ижро билан фонограммани. Ёдгор (маъмур): Жонли блокингизни ҳам айтиб кетинг шу баҳона. Ҳосила Раҳимова: Ҳа, жонли блок ҳам бўлади, фонограммадан ҳам фойдаланилади. Миллий фольклорда рақслар билан чиқиладиган саҳналарим ҳам бор – да. Ёдгор (маъмур): Сакраш керак, югуриш керак... Ҳосила Раҳимова: Шунинг учун, ҳаракатлар билан жонли айта олмай қоламанми, деган фикр бор. Кейин бошқа сабаблар ҳам борку, ташкилотчилик ишлари билан ҳам овора бўлиб қоламан.
Sayyod: Концертингизда ҳеч ким эшитмаган янги қўшиқларингиз сони қанча бўлади? Ҳосила Раҳимова: 80 фоизи янги қўшиқлар бўлади. 90 фоизи десам ҳам бўлади.
Sayyod: Қўрқмайсизми томошабинлар зерикиб қолишидан? Чунки улар концертингизга келяпганда ўзлари билган қўшиқларингизни “қулоғида ўйнатиб” келади – да, ана шу қўшиқни айтсангиз бирга ижро этади. Янги қўшиқларни қабул қилиш жуда ҳам қийин бўлади томошабинларга. Борган сари санъаткорларга 80 фоиз қўшиқларини эски, қолган 20 фоизини янги қўшиқлар қилиши фойдали бўлмоқда. Олдин халқнинг орасида қўшиқ айланиб олиш керак, кейин концертда бирга айтиладиган бўляпти. Ҳосила Раҳимова: Кўп мухлислар янги қўшиқлар ҳам кутишади – да. Бир – иккита эски қўшиқларим ҳам бўлади, лекин янги концерт беришнинг мақсади – янги қўшиқлар қилиш. Мен чунки 2 йилда бир марта бераман концерт, ҳар йили бермайман. Sayyod: Нимага? Ҳосила Раҳимова: Ўзи шундай йўналиш қилиб олганман концерт бериш учун. Жуфтликка тўғри келади. Яхши ижод қилиб, янги қўшиқларимни яратишим учун яхши имконият. Мен учун 2 йил керак экан, яхши маҳсулот еғишим учун. Хом – ҳатала, 1 йилда яхши пишириб – пиширмай узатгандан кўра истеъмолчига, 2 йилни ўзимга меъёр қилиб олганман. Шунинг учун кўпроқ янги қўшиқлар қилишга ҳаракат қиламан, чунки 2 йилда бир марта концерт берганингдан кейин, янги қўшиқларга эътибор берасан – да.
Sayyod: Концертимни сир тутяпман, деяпсиз, сирдан ташқари нималар айта оласиз? Нималарни айтиш мумкин концерт ҳақида? Ҳосила Раҳимова: Мана, янги қўшиқлар айтаман, кейин Мирзабек Холмедов иштирок этадилар концертда, булардан ташқари укам Абдуманнон ҳам дастуримиз меҳмони бўлади, шуларни айта оламан. Равшана Шарипова бошчилигидаги “Наврўз” рақс дастаси иштирок этишади.
Sayyod: Абдуманнон Рахимов укангиз бўладими? Улар қачондан бери ижод қиладилар? Хосила Рахимова: Ха, укам. У ёшлигидан ижод билан шуғулланади. Кичкиналигидан ёнимда юрар эди иккинчи хофиз бўлиб. Кейин алохида бўлиб чиқиб кетди. Sayyod: Уларнинг хаммага таниш бўлган хит қўшиқлари борми? Мана сизда “Қамчи бос”, “Кураш” булар борде хамма билади. Уларда борми шу каби қўшиқлар? Ёки уларни сиз паровоз бўлиб тортаяпсизми? Ўзларига қўйиб берганингиз яхши эмасми? Ўзинг харакат қил,ижод қил, танил деб.. Хосила Рахимова: Кўпинча ўзига қўйиб бераман
Sayyod: Очиғи, мен фақат баннерда кўриб, кейин савол бердим, ким бу бола деб, кейин укалари деб айтди маъмурингиз. Хосила Рахимова: Укам ўзимиз тарафларда, Қашқадарё ва Сурхондарё тарафларда ёшлар орасида анча яхши, ўша ернинг олди тўйларида юради. Бир иккита қўшиқлари бор яхши.. “Гажак” деган қўшиғи бор, “ўйна ўйна” деб айтади, тўйларда яхши кутиб олишади шу қўшиғини. Бошқа қўшиқчилар хам шу қўшиғини минусини олиб тўйларда айтишади, шу даражага етган қўшиқда бу (кулиб) бундай минуслари тарқалиши фақат хит қўшиқларда бўладику.
Sayyod: Сиздек уларда хам ёриб чиқиш иштиёқи бўлмайдими демоқчиман. Уларни промолари хам йўқ, сизга қараганда уларда реклама йўқ. Хосила Рахимова: Энди шундай ниятимиз бор. Ўзи шунга етилиши керак, қачондир ўзи тайёр бўлади шунга. Хеч ким олдиндан мана шу пайт портлайман, янгилик қиламан деб айтолмайди. Аввало, бу насиб!
Sayyod: Йўқ, энди бундай десангиз хам нотўғри бўлади. Сизни биламизку, кўряпмиз қандай изланишингизни, натижаларни олиб қарайдиган бўлсак. Танлаган мавзуларингиз хам янги, теша тегмаган. “Қамчи бос”, “Кураш” масалан, янгилик борку. Укангизга хам шундай маслахатларни берасизми? Ёки “яхши укам, ўзим сени қўллаб қувватлайман, мен зўрман, ўзим олиб чиқаман” дейсизми? Хосила Рахимова: Йўқ йўқ, албатта унга маслахатлар бераман, излангин, ўқигин, ўргангин деб доим айтаман. Хозир харакат қиляпти. Яқин орада ўзини бир янги йўналишда кўрсатмоқчи, мени йўналишим фольклор, образим эса шижоатлик, жўшқинку, унда бошқачароқ бўлади. Бизда Сариосиё ва Бойсуннинг қисман жойларида ўзига хос ритм бор, у “Бос бос”га қараганда бироз оғирроқ, шу бўйича ўзига янги йўналиш танлаб, шу йўлдан кетиш ниятида. Худо хохласа хозир харакатда, йўналиш хам ўзидан ўзи бўлмайдида, бу йўналишни одамларга сингдириш, уларнинг ичига кириб бориш учун йиллар керак бўлади, битта қўшиқ билан хам қийин, изидан яна давом этиб кетавериш керак. Хозирча илк қадамларини босди, ўша худудлар буни билишади, республика миқёсига чиқиш учун барибир кўпроқ мехнат қилиши керак. Умид қиламанки, ўзининг йўналишини топиб кетади.
Sayyod: Бошқа хонандалар билан дуэт айтмагансиз, фақат укангиз билан айтгансизми? Ва нега? Таклиф йўқми? Ёки ўзингиз хохламайсизми? Хосила Рахимова: ха фақатгина укам билан. Йўқ, нега энди, таклиф бўлган, бор, дуэт бўлса ва у хали айтилмаган мавзу бўлса айтардим, кўп қайтарилаверган нарсаларни яна қайтаришни хохламайман.
Sayyod: Мана айнан хозир сизга интернет орқали савол беришяпти, “Хосила опа, Уммон гурухи дуэт айтишни таклиф этишса, айтган бўлармидингиз?” деб Хосила Рахимова: Йўқ (кулади) Sayyod: Нега? (кулиб юборади) Хосила Рахимова: Нимани айтаман улар билан? (кулиб) Sayyod: Мослаштирсангларчи, эклектика қилиб (кулади) Хосила Рахимова: Агар улар фольклор айтамиз дейишса айтишим мумкин! Sayyod: Лекин мен уларнинг йўналишида айтиб додлаб сиқилмайман денг (кулади) Хосила Рахимова: Йўқ, йўқ. Уларни йўналишини ўрганаман деб, нима қиламан вақтимни кетказиб, тўғриси.
Sayyod: Турмуш ўртоғингиз қандай қарайдилар санъатнинг машаққатига? Ярим кечаси келишингиз мумкин, кунлаб йўқ бўлишингиз мумкин.. Кимнингдур эри продюсер майли, тушунамиз. Лекин сизнинг эрингиз санъатга боғлиқ инсон эмаслар, билишимизча. Хосила Рахимова: Ха санъатга алоқалари йўқ. Лекин тушунадилар мени.
Sayyod: Турмуш ўртоғингиз қаерда ишлайдилар? Хосила Рахимова: Хозирда ўзининг бизнеси билан шуғулланадилар. Sayyod: Турмуш ўртоғингизга қараганда кўпроқ пул топаман деб ўйлайсизми? Хосила Рахимова: Хозирми? (кулади) Sayyod: Йўқ, умуман олганда Хосила Рахимова: Хозир икковимиз хам бир хилда топадиган бўлиб қолганмиз (кулиб юборади) Sayyod: Менга қизиқда, турмуш ўртоғининг қандай ўзини хис қилиши, кўп эркакларнинг ҳамиятига тегадиде аёли унга нисбатан кўп пул топса. Хосила Рахимова: (ўйланиб) биз учун пул топиш ундай мухим нарса эмас. Боя айтганимдек ота уйимдан шундай тарбия кўрганманки, пул топган инсон ундай бўлади ёки бошқа деган нарса бўлмаган, тўғри пул керак, яшаш ва эхтиёжлар учун зарур, лекин топиш энг мухими эмас, ким топса топиб кетаверади, кимда қандай тақдир ёзилган бўлса шуни кўриб кетаверади. Sayyod: Аксарият аёл хонандаларда бўлгани каби сизда хам борми уйингизда ёрдамчи? Уй ишларида, болалар тарбиясида ёрдамлашадиган? Хосила Рахимова: Бор албатта, бусиз қийин жуда. Ёрдамчим бор. Sayyod: Ўзингизнинг пазандалик қиладиган вақтларингиз қачон бўлади? Бўлиб турадими? Хосила Рахимова: Кайфиятга қараб бўлади. Алохида бир кун деб айтолмайман, тўғри келган вақтда ўзим ошхонада иш қилиб кетавераман. Олдиндан шу вақтда шу таомни қиламан демайман, тўғри келиб қолса тайёрлаб кетавераман. Секин секин харакат қилаётган бўлса хам абжирроқ бўлгин деб ўзим қўлидан олиб тайёрлаб кетишим мумкин.
Sayyod: Қайси таомни боплаб тайёрлаб бера оласиз? Хосила Рахимова: Айтишларига қараганда ошни зўр тайёрлар эканман. (кулади)
Sayyod: Демак, сизда оилавий зиддиятлар бўлмагани сабаби олдин сиз келинликни қойиллатиб қўйиб, кейин санъатга киргансиз? Хосила Рахимова: Албатта, 8 йил хизматда бўлдим, келинликни қойиллатиб қилганман. Ўчоқда тезак ёқиб, овқат қилар эдим. Хар куни тандирда 24 талаб нон ёпардим. Шунинг учун хозирги ёшларни кўриб “Шу хам иш эканми?!” дейман. Хозир иссиқ ва совуқ сувлар ёнида, кир мошина кирларни ўзи юваяпти. Бизнинг вақтларда эса тоғора тоғора кирларни қўлда ювар эдик.
Sayyod: Тарбияда хам талабчансиз демак? Хосила Рахимова: Ха албатта. Хозирги ишлар ишми? Қўл учида қилиб ташласа бўлади тезгина. Сигир соғишлару, қатиқ ивитишлар йўқку буларда.
Sayyod: Саволларимиз ўз якунига етди, агар қандайдир эълонларингиз, концертга боғлиқ янгиликлар , мухлисларга айтмоқчи бўлган гапларингиз бўлса бемалол айтишингиз мумкин. Хосила Рахимова: Апрель ойининг 28-29-30 кунларида “Истиқлол” санъат саройида ўзимизнинг яккахон концерт дастуримизни тақдим этамиз. Барча мухлисларимизни концертга таклиф этиб қоламиз. Чин кўнгилдан, самимий ва юракдан тайёрлаётган концертимизни келиб томоша қилсангиз биз жуда хурсанд бўлардик. Бахор фаслининг энг чиройли ойи – апрель ойида дала даштларга, кенгликларга чиққингиз келса, шу дала даштлар, ўт ўланларнинг тафтини, хидини олмоқчи бўлсангиз, далаларда айтиладиган қўшиқларни эшитгингиз келса, қўй боқиб юрган вақтларни кўз олдингизга келтиришни хохласангиз, ўша ўзимизнинг миллий, ота боболаримиздан қолган оханглар билан хаётий ташвишларингиздан бироз бўлсада чекиниб, озгина дам олиб кетамиз десангиз мархамат, бизнинг концертимизга ташриф буюринглар. Дашту далаларнинг хидини “Истиқлол” санъат саройига олиб кириш ниятида хозирда ишламоқдамиз. Чин юракдан хамма мухлисларимизни, барча томошабинларни таклиф қилиб қоламан. Ёдгор (маъмур): “Истиқлол” санъат саройининг ташқи майдонига биринчи бўлиб, ўтовни ўрнатган хам, карнай сурнайлар билан концертга одамларни жалб қилган хам айнан шу аёл бўладилар. Бу 2006 йилги воқеа, 2008 йилги концерт дастурларида эса ўтов ичкарига кирган. Биринчи бўлиб концертда жонли ўтов, ясалган махсус декорациялар эмас, хақиқий ўтов. Мана шу сизлар кўрган ховлида турган ўтов ўшанда сахнага ўрнатилган ўтов эди. Яна бир нарса, барибир буларнинг йўналишлари фольклор ўша негизга бориб тақалади, юпқа ва сумалаклар концерт дастурларида хар битта томошабинга тарқатилган. Энди бу йил нима тарқатиш ниятидасиз? (Хосила Рахимовага қараб) Яна қандай Сурхондарёнинг таомларидан бўлади? (Хамма кулади)
Sayyod: Ижоддан ташқари яна нималарни олиб чиқасиз сахна билан томошабинлар орасига? Хосила Рахимова: Бундай иш режада бор, хали ўйлаяпмиз бу хақида. Хар бир концертим мен учун тўйдек гап. Мен хурсанд бўламан, ўзимни тўйимдек худди, улар мехмонлар, менинг қўшиқларимни тинглаб истеъмол қилишади. Одам қорни тўйиб қўшиқ эшитса хам мазза қиладику, худди шунақа нарса. Уйга келган одам қуруқ кетмасин дегандай. Асосий нарсаларни айтдим. Айтолмайман деганим қўшиқларим хақида, улар орасида хали тайёр хам эмаслари хам бор. Тайёргарлик жараёнида балки ўзгаришлар яна бўлиши мумкин. Янгилик қўшиқлар бор лекин. Шунинг учун улар хақида олдиндан айтолмайман. Ёдгор (маъмур): Айтингда, мен акробатикам билан ёки... Sayyod: Акробатика?! (хайрон бўлиб) Ким?! Ёдгор (маъмур): Йўқ,йўқ, йўўўқ... Ха кимдур акробатикаси билан, булар ижодлари билан демоқчи эдим. Sayyod: Хааа кимдууур денг,(О гооосподи) мен буларми дебман (кулиб юборади) Яхши бўларди лекин шундай эълон берсангиз (кулади) Хосила Рахимова: Хамма босиб тушсая концертимга шундай қилар экан деб (Хамма кулиб юборади)
Видео ва интервьюни матн турини хам Шахло Қодирова ёзди. Суратлар Муаллифи Абдурахмон Садиков | |
Бўлим: Suhbat | Intervyu | Reportaj |
Кўрилган: 11352 |
Чоп этди: Sayyod
| Теглар: |
Нравится
Барча изохлар: 10 | ||||||||||
Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ! Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин! -Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. (батафсил манбаа)
Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод |