01:31 "Даракчи"дан ранжиганлар: Масрур ва Парвиз | |
Ҳозир матбуотга қизиқиш кам, ҳамма маълумотлар интернетда деймизу, лекин аксар вилоятларда газета-журналлардаги янгиликларга ҳамон талаб катта. Сайтлар фойдаланувчиларининг асосий қисмини эса пойтахт аҳолиси ва шаҳарликлар ташкил этади. Ўша куни ҳам вақт алламаҳал бўлган, кўча анча совуқ. Боз устига олифталик қилиб қалинроқ кийинмаганман. Ишдан чиқиб такси пойладим. Биринчи тўхтаган ҳайдовчи ойнасини туширганда, Масрур Усмоновнинг қўшиғи янграб турарди: “Ёшлигимиз”... “Чарчаганингда яхши мусиқа тинглаб мароқли дам олгинг келади” Шу ўй билан манзилни айтибон ўзимни мошинага урдим. Кириш суҳбатидан сўнг мавзу беихтиёр Масрур Усмонов ижодига бурилди. Ҳамсуҳбатим гап орасида “Жонли ижрони синдиради-да, қўшиқлари юрак-юракларга кириб боради. Шу йигитга ҳурматим баланд. Фақат бир нарсадан бироз ранжидим” деди. “Нима экан?!” деб ажаблансам, ҳаммасига “Даракчи”да 13.11.2014 (№42 /812/) чиқақан мақола сабаб экан. Хонанда Масрур Усмонов билан уюштирилган суҳбатга ҳам ана шу алдамчи мақолага ишониб қолган таксист фикрлари билан ўртоқлашганим сабаб бўлди... “Ўзини қўшиғи эмас экан, нима қиларди концертини шу ном билан қўйиб... Шуни яхши бола деб юрардим, буям айниган экан...” Йўналишсиз такси ҳайдовчисининг бу сўзлари, мени чиндан ҳайратга солди. Хуллас хонанда билан учрашиб барчасига ойдинлик киритмасам бўлмасди...
Парвиз Фаттоев: Шу кунларда шоу-бизнес олами вакилларида туғилаётган савол, бу концертингиз реклама ролигидаги сўзлар: “Мухлисларини соғинган Масрур Усмонов...” нима учун мухлислар Сизни соғинмаган, гўёки “Сиз хоҳлагану улар эмас...”дек. Масрур Усмонов: Ҳайронман, ўзи биринчи концерт бўлса, қандай қилиб мен мухлисларимни соғинмаслигим мумкин. Тўй-ҳашам, тантана-базмларда дийдорлашган бошқа, саҳнадан туриб жонли учрашган бошқа. Шунинг учун ҳам хонанда сифатида мухлисларимни соғинишга ҳаққим бор-ку. Ахир яхшилаб ўйланг, илк концертида ким ҳам соғинмайди дейсиз. Яна билмадим, адашган бўлсам балки мен адашгандирман, лекин бир нарса аниқки, бу сўзлар роликда айтилса айтилмаса ҳам мухлисларимни соғинганим аниқ... Бу туйғу ўзгариб қолмайди. Кимга ва энг қизиғи нима учун эриш туюлаётганлигини англолмаяпман. Концерт саналари ўзгарганлиги боис бу реклама ролигини алмаштирдик. Ҳеч ким хавотир олмасин, унда соғинч ҳақида гап бўлмаган.
П.Ф.:Концерт санасининг ўзгарганлиги овоз пардаларининг шамоллаганлигида деб эшитдик. Аҳволингиз анча яхши бўлиб қолдими, шарфлардасиз... М.У.: Ҳа, ўша кунлари адашмасам октябр ойининг 25-26 саналари эди, ҳаво ҳарорати анчагина пасайиб кетгани учун қаттиқ шамоллаб қолдим. Шифокорлар 6-7 ноябр кунларигача олдингидек оёққа туришимга кафолат беришмади. Шунинг учун ҳам концертни ноябр ойининг 28-29 кунларига кўчирдик. Қолаверса тан оламан, яна бир сабаб, баъзибир ҳамкасбларим концертларида билетларнинг айрим ҳолатларда мажбурий сотилаётганлигини эшитдик. Айнан шу нарсани мен истамадим. Илк концертда ҳаммаси кўнгилдагидек бўлишини, 10 нафар бўлса ҳам асл мухлислар тушишини хоҳладим. Бундан нолимайман. Худога шукр, ҳамма ҳудудлардан, Сурхондарёю Қашқадарёгача мухлислар концертга тушиш тараддудида. Ҳатто баъзибир мухлисларимиз узоқ вилоятлардан концерт саналари ўзгарганлигидан бехабар қолиб, 6-7 саналарда “Истиқлол”га келишибди. Роса узрли бўлди... Лекин озми кўпми мухлисларим борлигидан мамнун бўлдим. Энди 28-29 кунлари кўрамиз, айтганимдек мен соғинган мухлислар қанчалигини... Биринчи синовдан юзимиз ёруғ бўлиб ўтамиз деган умиддаман.
П.Ф.:Масрур ака, репертуарингизда плагиат тароналар борми? Яна баъзилар Масрур Усмонов устоз санъаткорлар қўшиқларини қайта ижро этади дейишади. М.У.: Бу саволни менга 100 мартадан кўп беришган, аниқ. Аммо ҳар доим жавобим бир хил бўлган: ЙЎҚ! Биринчидан устозларимиз изидан боришнинг айб томонини кўрмаяпман. Лекин шахсан менинг муаллифлик қўшиқларим тўлиқ ўзимники! Плагиат ҳақида битта ҳам сўз бўлиши мумкин эмас. Лекин мухлисларимиз қаердадир фалон қўшиқни айтиб беринг дейишса, агар қўлимдан келса ижро этаман. Аммо шу пайтгача бировнинг ижод маҳсулига даъвогарлик қилмаганман! Баъзида бирор қўшиғимни ижро этишни бошласам, “буни қаердадир эшитганмиз, кимники эди...” деб қўйишади. Сабаби қўшиқларим устоз санъаткорларимизнинг ижро йўналишига жуда ҳам яқин. Шунинг учун ҳам тингловчиларга ўтган дамларни, яхши хотираларни эслатади.
П.Ф.: “Демак, ҳеч бир устоз санъаткорнинг қўшиғини қайтадан сайқал бериб куйлаб, ўзимники деб халққа айтмаганман” деб айта оласиз. Шерали Жўраев ашулаларини ҳам... М.У.: 100% ишонч билан айта оламан! Нимага “устоз санъаткорларнинг қўшиқларини айтасиз” деганлар исботи билан айтишолмайди. Атиги бир маротаба, Масрур сен фалончи ҳофизнинг фалон қўшиғини мана бундай қилиб қайта куйлагансан дейишса эди, алам қиладигани шунда. Кимдир ижодини турган-битгани кўчирмакашлигу уни юлдуз деб кўкка кўтаради, кимдир менга ўхшаб кечаю кундуз шеърини ҳам, куйини ҳам ўзи басталайдию аҳвол бундай. Очиғи тушунмадим...
П.Ф.:Балки қўшиқларингиздан қайсидир бири ўхшаб қолгандир. Ахир ҳатто ер юзида инсон бармоқ излари ҳам ягона эмас, ҳолбуки қўшиқ яратувчисида бу табиий-ку. Кимнингдир қўшиқларини қачонлардир кўп бора тингалаган бўлсангизу йиллар ўтиб, миянгизда айрим ноталар такрорланиб қўшиқ яратган бўлишингиз мумкин-ку. (10 сониядан кам бўлмаган пауза) М.У.: Мумкин. Балки... Лекин айнан устоз Шерали Жўраев қўшиқларини болалигимда - 6 ёшимгача уйда отам ва амаким тинглаганликлари боис кўп эшитардим. Аммо Мен хоҳлаганим ўша гап, кимдир “Мана бу қўшиқни Сиз мана бундай қилиб айтгансиз” деб исботласа кўнглим хотиржам бўларди... шундай одам топиб беринг менга илтимос...
П.Ф.:Ана шундай юртдошларимиздан бири, Бухоро вилоятидан Ҳидоят Садриддинов “Даракчи” газетасига хат йўллаган. Мана кўринг... М.У.:Буни аллақачон кўрдим. Ёзилган мақоладаги ҳар бир сўзни ёддан айтиб беришим мумкин. Шунчалик асабимга тегдики, миямдаги ҳар бир ҳужайрага ўрнашиб олди. “Даракчи” мухбири яхши гонорар олиши, ёки “Танқидга моил мақола чиқарсам яхши таниламан, ҳамкасбларим орасида обрўим ошади” деб ўзи бировнинг номдиан мана шу бўҳтонни ёзиб чиқарган бўлиши мумкин, ҳақиқатга яқинроқ. Ёки бўлмасам агар ҳақиқатдан ҳам Ҳидоят акамизми укамизми ёзган бўлсалар яна ўша гап, қайси устоз санхаткорнинг қайси қўшиғини эканлигини айтмайдими... Ҳолбуки бошқалар билмаса ҳам Сиз яхши биласиз, “Ёдингдаму” қўшиғининг шеърини ҳам куйини ҳам тўлиқ, яна бир бор айтаман тўлиқ ўзим ёзганман. Мусиқий сайқал Сарвар Раҳматхўжаевга тегишли. Яна мақолани сарлавҳасига “Токайгача устозлар соясига бекинасиз” дегани-чи. Шунчалар кайфиятимни туширдики... Мингта савол бошимда айланади ишонасизми? Масалан, “Аслида бу қўшиқ хонанданинг ўз ижодига тешгишли эмас” деб ёзилган, Мен ҳарқалай ақлдан озмагандирман, ўзим қачон қандай ҳолатда бу шеърни ёзганлигимни ҳам, куйини басталаганимни ҳам жуда яхши биламан. “Ҳеч бўлмаган концертни ўз ижодидаги бирорта қўшиқ билан атаса яхши бўларди” деб ғир бўҳтон билан халқни мендан совутишига чидаш қийин, ғурурим йўл қўймайди... Агар газета ижодкорлари ҳақиқий ижодкор бўлишса мени тушунишади, ижод маҳсулини яратиш қанчалик қийинлигини билишади ва албатта кейинги сонда тузатиш киритишади деган умиддаман. Яна такрорлайман, агар газетада ҳақиқий ижодкорлар бўлса... (қаттиқ сиқилиб, сув ичиб олади)
П.Ф.: “Ёдингдаму”ни қайсидир вилоятдаги катта тўйда бир неча маротаба такрор куйлабсиз. Буни ўша тўйда қатнашган ҳамкасбларимиздан бири айтиб берди. Ўзим 20 мартага яқинми? М.У.: Андижондаги тўйда 18 маротаба кетма-кет ва қайта-қайта ижро этдим. Шуни талаб қилишганлиги учун, минг бор раҳмат, шунчалик таронам қадр топганлигидан хурсандман. Бу энг рекорд натижа бўлди. Тошкентда эса “Ёдингдаму”ни энг кўп айтганим 11 маротаба бўлди. Ҳозирча шу... (кулгу кўтарилади)
П.Ф.: Қисқа савол-жавобларга ўтамиз... бир кеча кундузда неча соат ухлайсиз? М.У.:Илгари 7-8 соат эди, шу кеча кундуз концерт таайёргарлиги, аниқроғи масъулияти сабаб бу кўрсаткич 3-4 соат бўлган.
П.Ф.: Концертингизга илк таклифномани ҳамкасбларингиздан кимга берардингиз? М.У.: “Кўрамиз, ўзи ким эдию концерти қандай бўларкин” деган “севимли” ҳамкасбларимиздан бирига, юксак эҳтиром билан!
П.Ф.: Тасаввур қилинг, эрталаб уйғонганингизда Музаффар Абдуазимовсиз... Нима қилган бўлардингиз? М.У.: Тасаввур қилмасам бўлмайдими? Музаффар Абдуазимов яхши ижодкор, ҳурмат қиламан. Саволингизга жавобим: “Масрур Усмоновдек куйлаган бўлардим!” Лекин Илоҳим ҳар доим эрталаб ўзим бўлиб уйғонаверай...
Мақолани ёзиб тугатганимдан кейин соат кечки 22дан ошгандан кейин Масрур Усмонов қўнғироқ қилиб бир гап ёдига келиб қолганлиги, шуни албатта қўшиб қўйиш кераклигини айтди. Репертуаридаги “Икки-икки юрак” номли қўшиқ турк ва озарбайжон (адашмасам) халқ куйларида ижро этилган қўшиққа деярли ўхшаш оҳангда куйланган ягона яримплагиат тарона бўлиши мумкинлиги, шу қўшиқни яхши кўрганлиги учун ҳам куйлаганлигини таъкидлади ва хайрли тун тилади!
Суҳбатдан сўнг, ҳар бир ижодкор қатори Масрур Усмоновга ҳам муваффақият тиладим. Сўнгра “Даракчи”нинг қилмишларини ўйлаб на кулишимни билдим, на йиғлашимни. Нега бу нашр тобора журналистика элементларини четлаб ўтадиган бўлиб қоляпти. Мавзуни икки тамонлама ёритиш, нейтрал фикр билдириш асосий мезон эмасмиди... Майли ўша мухлис, қўрқмасдан бўҳтон битгандир дейлик, ижодкорлар газетага босишдан олдин тагига еишмайдими? Хонанда билан боғланишса бўларди, концерт олди “шапалоқ” туширмасдан. Мен шахсий фикрларимни клавиатурада терар эканман, бу воқеаларга бетараф инсон сифатида шуни айтишим мумкинки, “Даракчи”га адоватим йўқ, ўзим ҳам шу нашрга ул-бул мақолалар ёзиб, гонорар олган, нон-тузини еганларданман. Аммо газетанинг ҳозирги ҳолатига сиқилмасдан илож йўқ. Худди Масрур Усмонов билан содир бўлган ҳолат бундай аввалроқ ҳам кузатилган эди...
Самарқандлик стилист, ёш актёр дўстим Шароф Шарапов (Сайёд фойдаланувчилари Ягонанинг “Кел” клипи орқали яхши танишади) “Ёлғон” номли мелодрамада бош ролда Саврвиноз Османова исмли актриса билан бирга тасвирга тушган эди. Аёзли кунлардаги сёмкалардан сўнг, премера ҳам роса чўзилди. Фильмда Шароф ўйнагани учун ҳам ПР-менежер сифатида ахборот хизматларини тўлиқ ўзим бажардим. Ниҳоят дебютант ижодкорлар иштирокидаги картина катта экранларга чиқди. Тўғри фильм зўр эмас, аммо тарбиявий аҳамияти кучли. Унга тушган ёшлар адашиб қолишдан сақланишлари, ёлғоннинг оқибати нималарга олиб келиши мумкинлигини ҳис қилишлари мумкин. Бир сўз билан айтганда “Даракчи” кабиларда “оғиздан бол томиб” мақтайдиган баъзибир фильмлардан бир неча карра яхши фильм эди. Премера куни “Даракчи” мухбирини томошабинлар орасида кўрган эдим. Фильм охирига қадар барча яхши қабул қилишди. Ҳатто баъзи намойишлар каби титр чиқиши билан зални бўшатиб қўйишмади. Оддий исбот - премерадан сўнг ҳам бутун томошабинлар бир соатдан зиёдроқ ижодкорларни ўраб олиб суратга тушишди... Охири Сарой ходимлари чироқларни ўчириб ҳаммани тарқатишга мажбур қилишган эди. Ана шу кино ҳақида ҳам “Даркачи”да кимнингдир номидан, гўёки газета ўқувчиси сифатида мақола чиқарилган эди. “Фильмга тушган вақтимга ачиндим, актёрлар пул тўлаб ўзлари учун кино олишгандек” мазмунидаги мақолага нима учун мухбирнинг ўзи шахсий фикрини ёзмади. Ахир премерада “меҳмони азиз” бўлиб ўтирган эди-ку. Демак, буларнинг бари ҳеч қандай мактуб юборилмаганлиги, ҳаммаси мухбирнинг уйдирмалари эканлигини кўрсатади. Шароф шундан сўнг (ўшанда 12 та клип ва 1 та фильмда бош қаҳрамонни ўйнаган эди) қаттиқ тушкунликка тушиб, санъатни тарк этмоқчи бўлди, Ўзбекистондан четга ҳам чиқиб келди. Аммо ҳозир ҳаммаси жойида, янги реклама роликлари, клипларда суратга тушди. Ғуломжон Ёқубов, Зулайхо Бойхонова каби халқ артистлари эътиборига тушиб, уларнинг айни пайтда мусиқий каналларда намойиш этилаётган клипларида рол ўйнади. Шунчаки, юртимизда ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлашга шунчалик эътибор ва ғамхўрлик қаратилаётган бир пайтда, газета орқали санъатга кириб келаётган, маҳорати бор ёки Масрур Усмонов каби ўз ижод йўлини топган, меҳнати билан мухлис орттирганларни халқдан айро қилиш, йўлига тўғаноқ бўлиш жуда хуник ҳол. Бу хуник ҳолларни гўзал кўринишга айлантириш вақти келди. Ҳозир 10 дақиқа инстаграмда ўтириб 2 бетлик суратлар билан газета тўлдирадиган, ёки йўқ жойдан иғво чиқарадиган давр эмас. Ўқувчи ҳам, тингловчи ҳам, томошабин ҳам зийрак. Ҳақиқий санъатни сохтасидан ажратишга қурби етади. Бу ёғига ОМАД ҲАМКАСБЛАР!
Парвиз ФАТТОЕВ
| |
Бўлим: Baxs| Tanqid | Janjal |
Кўрилган: 11657 |
Чоп этди: writer
| Теглар: |
Нравится
Барча изохлар: 21 | |||||||||||||||||||||
Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ! Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин! -Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. (батафсил манбаа)
Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод |