Бош сахифа » 2012 » Февраль » 11 » Ботир Қодиров; "Тўйда ўрнимга бошқа хонанда бўлишини истамайман!"
07:49
Ботир Қодиров; "Тўйда ўрнимга бошқа хонанда бўлишини истамайман!"
 Кемтик дил билан ўсиб, ижод оламига ўз армони билан кириб келган  йигитни машхурлик нашидаси билан бирга янада каттароқ ва янада оғирроқ армон кутарди. Ботир Қодиров деган номини санъат оламида янгратишга улгурган бир пайтда бу зарбага у тайёр эмасди.
Унинг ёш онаси тўсатдан оламдан ўтди. Бу вақтда хеч нарсадан хабари йўқ Ботир вилоятда сахнада эди.
Умр давомида аёвсиз хаёт синовларига дуч келаверган Ботир  ўзини ўнглаб, янада кучлироқ ижод билан қайтиши учун икки йил керак бўлди. Ижод ахли кўнгли хақида гапириш ортиқча, кимлар ўзини ўнглади, кимлар эса хануз шунчаки қаддини тиклашга мадори йўқ.
Бу орада продюсерлари билан шартномаси тугаган Ботир ижод тарафлама хам ёлғиз қолгандек. Лекин, мана концерт хам бермоқда. 
Мана шулар хақида сухбат қуриб саволларимга жавоб олишни истадим. Ёлғиз ижоддаги катта таваккалчиликлар. Ўзига бўлган ишонч хиссининг бу қадар кучли эканлиги принципиаллик ёки мажбурият?
 Бирдан ёшларбоп йўналишда ажаблантирган Қодиров, аудиторияни кенгайтираман деб аввалги аудиторияни йўқотишдан чўчимайдимикан?
Таваккаллик ва ўзига бўлган ишончни кучи... Сабаб?
Атрофида ижодий жамоанинг бирдан ўзгариши нахотки шунчаки шартноманинг тугатилиши билан боғлиқ?
Концерт дастурида нақ 20та яп-янги хали хеч ким тингламаган тароналар...уларчи? Улар нималар билан хайратлантираркин? Ботирни сўнгги тароналаридан халқ ундан энди фақат сюрприз кутадигандек.
Сухбат давомида бир икки янги қўшиқларини тинглаттирди. Ха, ажаблантира оладиган тароналар бор. Тажрибалар...
Сухбат эмас (хар галгидек ;) ) бахс ёки бир жанжал тарзида кечган интервью Ботирни бошқа тарафдан кўрсатиши ва қизиқ туюлиши аниқ. Янги ва шахсий студиясида кечган сухбатни эътиборингизга хавола қиламан

Чилонзор тарафларда Ботирнинг янги очилган шахсий студиясига ташриф буюрдигу, кенг оммадан яхшигина яширинган студияга киргунча махфий лабороторияга кираётгандек ўзимни сездим. Студияни ичига киргунча ишонаверинг, хозир биронта эшик очилса студия бўлади деб хеч қачон хаёлингизга келмайди.

Лекин очилди, студия, кичкинагина, лекин шинам.


Ботир студияда  шоир, бастакор Иқбол Мухаммад ва бир икки йигитлар билан ижодий жараёнда экан. Салом-аликдан сўнг таништира бошлади.   Валихон, Андижондаги биринчи устози  Азиз ака Зайнабуддиновни ўғли. Бугунги кунда Ботирнинг шогирди, уни хам концертда олиб чиқмоқчи эканлигини билдирди.

-Мана бу акамиз Иқбол Мухаммад "Человек оркестр”, кўп қиррали ижодкор. Қўшиқ хам айтадилар, студияда хам операторлар, синтезаторда мусиқа ижро қиладилар хам, концертдаги репертуаримни шу киши билан ёзяпман. Фақатгина тайёр қўшиқни уйғунлаштириш (сведение)га Тарона рекордс билан хамкорлик қиляпмиз.

Студиянгизни топиб кириш жуда қийин экан

-Санъатикор учун халоватли жой мухим. Бу ердан кўчадаги мошиналар овози, одамлар ғала-ғовури  хам эштилмайди, ижод учун айни муддао. Кўрган бўлсангиз камералар, тансоқчилар хам йўқ эмас.


Бир икки "разминка" саволдан кейин жилмайиб:

-Ё сухбатлашайлик, ё уришайлик.

Биргина "Гўзалсан”  қўшиғини "айлантириб” концерт қўйиш...

-Нимага биргина? Май ойидан бери промам бор, "Алдамадим” қўшиғини "айлантирдим”ку.    Ундан аввал "Бир лахзалик дийдор учун” қўшиғим "Ёшлар” каналида "прома” бўлган. "Алдамадим” билан бир вақтда эса "Омон-омон” қўшиғим хам чиққан. 

Сўнгги ижод намуналарингизга қарайдиган бўлсак, ёшларбоп, айниқса Тошкентнинг ёшларига хос йўналишда рақсбоп бўлгандек. Вилоятлардаги, дейлик Андижондаги ўша илк аудиториянгиз эса   "Эх, бу йигит хам айнибди” дейишидан чўчимайсизми?

-Андижонга бир боринг (кулади). Умуман вилоятларга бир бориб кўринг нимани эшитишяпти. Билишимча у ерларда "Гўзалсан” таронаси яхши оммалашган. Бозор, кафе ва хонадонларда янграяпти деб эшитдим.

Ёш бўйича бўлган аудиторияни назарда тутдим, барибир илк ўша тор билан куйлаб чиққан қўшиқларингиз аудиторияси ёши каттароқ бўлган. 

Бу янги ёшларбоп хам ўша йўналишингиз каби овозингизга мос ва ярашгану, лекин барибир тингловчилар аудиториясини кенгайтираман деб маълум қисмидан ажралиб қолиш мумкинлигидан чўчимайсизми? 

Масалан, "Гўзалсан” клипини кафеда қўйишганидаги  ўрта ёшдагиларни реакциясини кузатдим, улар Ботир Қодиров эканлигига анча ишонқирамай ажабланишди. Ёмон кутиб олишмади, лекин  ажабланишди.

-Шу саволингизни концертимдан кейин берсангиз бўларкан. Промадаги икки қўшиққа хозирдан хулоса чиқаришга хали эрта. Лекин, йўқ, чўчимайман, ўзимга ишонаман.


Илк маротаба яккахон тарзда концерт дастурини тақдим қиляпсиз. Аввал Мансурхон Нурматов билан бирга  продюсерлар ва ижодий гурух билан амалга оширилган. Якка тарзда яна икки кун концерт беришга хам чўчимадингизми?

-Бир ўзим эмас, мен билан ишлаётган...балки янги гурух бордир.


Барибир Мансурхон билан бирга берилган концертда маъсулият икки кишида, хозир бир ўзингиз, яна аксига олиб, реклама хам кеч амалга оширилди. Баннерлар кўпчиликда  кеч чиққанидан хабаримиз бор, шунинг учун чўчиш хисси бўляптими? 

-Ха, бўляпти...Лекин қачондир хам концертни амалга ошириш керакку. Чўчиш бўладими, хаяжонми барибир амалга ошириш керак.


Албатта хаяжон ўз ўрнида, лекин ундан олдинги сизни холатингизда ишонч хисси нималарга асослангани қизиқ, яна икки кун.

-Икки кун тўлдираман деган ишончим халиям йўқ. Билмайман нима бўлади, лекин ўзимни синамоқчиман. Балки бир кун концерт берилар, мен хамма нарсага тайёрман, мен хозир ўша...


Таваккал?

-Таваккал! Ха.


Аввалги продюсерлар билан  хамкорлик тугатилиши сабаби қандайдир юзаки айтилгандек. Шартнома тугади ва бўлди. Муносабатлар фақатгина расмий ва хужжатий бўлгандек. Яхши ишланган гурух бўлган бўлса, нима учун узайтирилмади? Ўзаро қониқиш хисси бўлмадими?

-Ха, яхши ишладик, лекин қониқиш хақида савол-жавоб қилмасак яхши бўларди. Шунчаки шартнома муддати тугади. Шартномани узайтиришни эса ўзим истамадим. Ўзим алохида ишлагим келди. Ўзим учун ўзим ишлагим келди.


Репертуар тарафлама хам Мансурхон билан бир бастакор билан ишланарди. Энди таваккаллик репертуар тарафлама хам бўлаётгандек. Иқбол ака билан ижод намунангиз сони кам...

-"Алдамадим” ва "Эй дил” қўшиқларим Иқбол Мухаммад билан хамкорлик ишим. Концертни ўтказиб "Эй дил”га клип суратга олдириш режамда бор.


"Гўзалсан” қўшиғида нима учун "Дадо” гурухининг илк хитида ишлатилган "семпл”идан(афротовушлар)дан фойдаландингиз?

-Мен фойдаланганим йўқ (жилмаяди).  Бастакор Илхом Маматов фойдаланган. Лекин шундай холатда келди менга ёқди. "Дадо” гурухи фойдаланганми, менга фарқи бўлмади, чунки ёқди, шунинг учун аранжировкачи Жасур Бадалбоевга хам шу "семпл”ни қолдиришни айтдик.


Илк йўналишингиз асли кўнгилга мосмиди ё бугунги кундаги ижод намуналарми? Қай бири стратегик йўналиш? Аввалги продюсерлик гурухидан кетгач, йўналиш ўзгаргани сабабли, худди илк йўналиш стратегик халқ учун бўлиб, мустақил ижодда ўзингизни кўнглингиздагидек йўналиш билан ижод бошлагандексиз

-Ўзбек санъаткорларини худди алохида бўлимларга бўлиб юбораётгандексиз...


Шундай эмасми аслида?

-Тўхтанг, хозирги йўналиш билан аввалги куйлаган қўшиқларим орасида жуда катта фарқ йўқку. Аввал шашмақом айтибмидимки, хозир эстрада айтиб, катта фарқ қилаётган бўлсам? Ўша пайтда хам эстрада йўналишида, арабча ва  клуб йўлида хам куйланилган.


Лекин асосий урғу ўша "Адашдим”сифат қўшиқларга бўлган, концертингизда хам гувох бўлганимда асосий урғу шу йўналишда эди

-Миллий йўналишда чиқдим, фундаментим шу бўлди. Лекин уни атрофини хозир ўраб, уни ўстирмоқчиман. Мақсад шу. Мени тушунчамда санъатда аниқ бир йўналиш йўқ, ё мақом, ё евро, ё опера айтишим керак дегани йўқ.. Менга хаммаси ёқади, зўр ашула бўлса бўлгани. Хаммани, хар бир аудиторияни қалбига киришни истайман. Тингловчиларим 7дан 70 ёшгача бўлишини хохлайман, ниятим шу. Шунинг учун хам эстрада,  ва керак бўлса операни хам куйлайман, агар шуни бир кун келиб куйлашни истаб қолсам.


Кучингиз етармикан?

-Харакат қилиб кўраман. "Алдамадим” ва "Гўзалсан”дек қўлимдан келиб эпласам куйлайман. Эпламасам промаям қилмайман пул хам тикмайман.


Аввалги йўналишдан хозирги йўналишдаги ижод намуналарингиз қийинроқ деб ўйлайсизми?

-Ўзига яраша қийин.


Масалан?

-Масалан, бугунги кунда қайси ўша сиз айтгандек, тор билан миллий йўналишда куйлаб  чиққани, хозир эстрадани қойил қилиб куйлаб қўйди? Ўша классика мақом деймизми  куйлаб юрганлар эстрадани жуда бир қойил қилиб юбормайдида.


Бундай тажриба хам қилмайдида

-Қилиб кўргани хам "едира” олганмикан? Зўр бўлиб кетмаган, жуда бир камдан-кам чиқиши мумкин. Мен хозир ўзимни зўр санъаткор деб билаётганим йўқ, масалан саноқли эплайдиган санъаткорлар бор. Жахонгир Отажонов дейлик, исталган йўналишда куйлай олади, мақомни хам классика хам куйлай олади. Улуғбек Отажоновми, бошқами, овозини турли йўналишларга мослаштира оладиган зўр, Худо берган иқтидор сохиблари бор. Дейлик диапазони кенг бўлган хонандаларни айримлари эплайди, лекин хаммаси хам эмас.


Бунақа тубдан ўзгариш хам бўлмаганда, масалан Жахонгир Отажонов эклектика билан бирдан тубдан ўзгариш қилмаган.

-Чақасан, чақасан...(куйлайди) хажрингда дарду ғам билан фарқи борку.


Бор лекин сизникидан фарқли, унда бу қадар кескин бўлмаган. Нахотки хаммани янги йўналишда ажаблантирганингизни тан олмайсиз?

-Зўрку.

Ёмон демаяпман, илк саволдан "ўтлаб” кетдик, аслида ўша аввалги йўналишдаги "Севиб қолганман”ни олсак, авжи бор  ва оғирроқ. Бу "Гўзалсан”да эса куйлаш махоратида жуда бир қийин нарсани сезганим йўқ. Демоқчи бўлганим бу янги йўналишингиз осонроқ.

-(самимий) Қисқа ва лўнда айтайми? Тўйга кирдим, оғир қўшиқ куйладим, ва халқни рақсга чорлайдиган пайти келганида бошқа санъаткорни олиб келишларини хохламаяпман. Фақат оғир қўшиқ учун хонанда бўлишни хохламаяпман. 

Тўй қилаётган одам кимни айтамиз деса, хонандаларни номини айта туриб, Ботирни қаерига айтамиз деса, Ботирни бошига чақирамиз, жиддий классик қўшиқлари билан бошлаб беради- деган тушунча бўлишини истамайман. Яъни, фақат бир тушунчани айтяпман!  Хам классикани куйлайди ва хам керак бўлса мазза қилиб ўйнаймиз-деб таклиф қилганга нима етсин?! Қўшиқ куйлаганимда бутун тўйхона туриб рақсга тушиб,  байрамона рухият тақдим этишимни хохлайман.


Стратегик йўлни олдингизми деган савол туғилди, сабаби бугунги кунда "эклектика” яхши қабул қилиняпти, ўша "Дадо” гурухи  даврини эсланг. Улар ижоддан йўқ бўлишганидан кейин,  бугунги кунда Муниса Ризаева қайтара бошлагандек, лекин у ўша джаз билан уйғунлаштирган турида...

-Биз аввалроқ тайёрлагандигу, клип олишга анча вақт кетганди. Аниқ бир стратегия ёки аниқ бир ғоя бўлмаган. Шунчаки бошқаларникига ўхшамаган ноанъанавий нарсани хохладим ва харакатини қилдим.  Лекин, хозир фақат шу билан кифояланмаяпмиз, Иқбол ака билан яна шу каби ноанъанавий тарзда куйланган ижод намуналари бор...


Хали концертда яна шокка тушасизлар хам денг?

-(кулади) Шунчаки битта эклектик кўринишда тўхтаб қолмайман демоқчиман. Шу йўналишни ривожлантириш ниятим йўқ. "Еяптику” деб бир стильда қотиб қолмайман. "Алдамадим” яхши қабул қилиндими, "Алдамадим-2” қилишим керак деган тушунчалардан йироқман. "Адашдим”ни хам иккинчи қисмини қилдик-деб бир икки шоирлар олиб келганди. Ёки шу қўшиқни шўх тарзда хам қилмайсизми деган маслахатлар хам бўлганди, йўқ, бир нарсани икки маротаба қайтариш керакмас. Мени фикримча санъатда бир нарсани икки маротаба такрорлаш керакмас. Хадеб хам эмасу, ора-орада такрорланса бўлиши мумкин. Шунда хам сал бошқачароқ кўринишда.


Йўналишлараро ўзингизни йўқотиб қўйишдан қўрқмайсизми?

-Турфа бўлса қизиқмасми? Серқирра ранг-баранг бўлса зўрмасми?


Рэп хам бўлиши мумкинми?

-Рэпни хеч қачон айтмайман, "в пределах разумного” дейлик, меъёр жихатидан яъни, ва ярашган нарсаларни қиламан, ярашмаганини хеч қачон. Меъёр шарт.


16-17 февраль кунлари тақдим этиладиган концерт дастурида аввалги репертуардан қўшиқлар  бўладими, ёки принципиал янги қўшиқлар?

-Бўлади, тановар стилидаги  "Бир лахзалик дийдор учун” қўшиғи бўлади. Бастакор Мусахон Нурматов басталаган.


Доно продюсер омадли лойихадан шунчаки воз кечмайди. Шу масалада жавобдан қониқмадим..

-Продюсерга бериладиган савол- нима учун мени қўйиб юборгани.  Мен бир қушмидим мени қафасга солиб қўйса?  Чиройлик иш бошланганди, хаммаси хужжат билан расмий равишда. 5 йил ака-ука бўлиб ишладик. Халққа танитиш ва концертлар қилиш уларнинг зиммасида бўлди, айтилган ишлар бу вақт ичида бирма-бир қилинди.  5 йиллик лойихадан уларга қанақадир  фойда хам бўлди. Бундай  ишда сарф ва фойда деган нарсалар бўлади. Бу нарсаларни хаммасига бу вақт ичида улгурилди. Хамма рози-ризо ака-укадек хайрлашилди.


Мансурхон Нурматов билан муносабат?

-Зўр. Концертимга таклиф қилдим.


Мехмон хонанда сифатида?

-Йўқ, бугунги кунда Мансурхон Нурматов сахнага чиқиб,  рейтинг олишга мухтож санъаткор деб хисобламайман. Шунинг учун ёш укаларимиздан  халққа танилишига ёрдам  беришга сахнага олиб чиқишни лозим топдим.


Ёш укаларни?

-Шогирдлардан бирини.


Эриш туюлмасмикан халққа, ўзингиз хали ёшсиз ва устозлик даражасига хали бор эмасми?

-Эриш туюлади деб ўйладим. Буни режиссерларимиз хам айтди. Ўзим хам айтдим, менга хали эрта, устоз даражасида эмасман, лекин  кимгадир кимдир сабабчи бўлиб қоладида. Майли шогирдим деб эълон қилмай, бир укамизни санъатини эшитинглар- деб уч дақиқа тақдим этсак. Бизга масалан шу дақиқаларни вақтида беришмаган,  ким учундир шу уч дақиқа нимасинидир хал қилиши мумкин.


Қийинчилик кўрган кўпроқ қадрига етади деб ўйламайсизми? Шогирдим деб олиб чиқилаётганлардан униб кетганларни кўрмадик хам, масалан ўзингиз хам осонликча эришмагансиз...

-Тўғри, мен жуда қийналганман. Энди бу шогирдим мени олдимда 5 йилдан бери юради. Анча қийинчиликлардан ўтишяпти ўзига яраша. Сахнага олиб чиқиш фикрини билдирганимда концерт  режиссери Саъдулла ака эътироз билдирдилар.


Сизга қўнғироқ қилганимда гудок ўрнида Озодбек Назарбековни қўшиғи янгради. Аксарият хонандалар ўзларини қўшиқларини қўйишарди, балки нокамтаринлик, балки реклама...

-Йўқ, менинг ўзимнинг қўшиғим гудогимда йўқ. Озод акамни санъатини яхши кўраман.  Мазза қиламан, лекин гудокка шогирдлар қўйиб қўйишибди. Майли тураверсин дедим, лекин фақат Озод акамни эмас, бошқа хонандаларни қўшиқлари хам турибди.


Қизиқ, баннерингизда таблеткалар сурати кўринмади

-(кулади) Қувватин борку.


А, сиз хам шифо-шоу қиляпсизми? Дуовит деган нарсалар кўринмади дегандим.

-Дуовит бизда йўқ, бизда Қувватин.


Концертда хеч ким тингламаган қўшиқлар сони нечта бўлади?

-20та. Умумий концертда 23та қўшиқ бўлса, шундан атиги 3 донасини тинглашган холос.


Бу хам таваккаллик...

-Албатта.


Таваккалликлар сони кўпмасми?

-  2 йил жуда кўп кутдим шуни.  Майли ўзимни синай.


Концертда янги қўшиқларни сони кўп бўлса хам бўлмаса керак, хазм бўлиши қийин. Эски қўшиқларни севиб тинглаб, жўр хам бўлишади. Минг машхур санъаткорларни концертидаги янги қўшиқларидан хитлари хам, фақат концертдан кейин анча ўтиб хит бўлади. Масалан, "Санамгина”ни олинг, ёки икки йил ўтиб хит бўлган Озодани "Холос” қўшиғи. Анча пайтдан кейин илк яккахон концертингиз учун таваккалликлар кўп.

-Тўғри, зўр фикр бўлди.  Таваккаллик кўп бўляпти, хаттоки концертимни иккинчи кунини бермай, фақат бир кун концерт тақдим қилсаммикан деб хам ўйладим. Вахоланки, биринчи кунга чипталар сотилиб бўлинган. Ўн кун вақт бор, иккинчи кунни очсам сотиларкмикан чипта, буёқда об-хавони хам ўйлайман, одамларга ноқулай вазият... Шуларни хаммасини ўйлайману, лекин нима бўлган тақдирда хам, иккинчи кунни очмасам хам хафа бўлмайман.   "Ха иккинчи кунни кўтара олмабдида” дейдиганлар топилса хам ранжимайман. Чунки таваккал қилганим қўшиқларимга ишонаман!

 Хозирги шу 20та янги қўшиғим ўз мухлисини топишига ишонаман, ва шу нарсани яхши ният билан бошлаганман. Мабодо иккинчи кунида атиги 300та одам кирса хам, ярим зал бўлса хам, мен барибир қўшиқ куйлайман! Кейин диск чиққач, уни халқ кўради. Твга хам қўйдираман, токи концертга келмаганларга "Мана икки йил кўринмай, мана шу ижодни тақдим қиляпман, сизларга маъқул келадими йўқми, бу мени хисоботим” деган маънода. Одамлар кўргач, балким фикрлар бошқача бўлар,  балким кимдир "Вай, эссизгина зўр концерт бўлган экан мен кирмадим” дер. 


Тўй қилсангиз хам хеч қачон хамма бирдек мақтамайди, барибир кимдир айбини топиб олади. Айб топишга ўрганган одам барибир топиб чиқиб кетади. Юз минг доллор тикиб, зўр декорация, чироқлардан шоу қилиб, зўр концерт қилганингиздаям, барибир  бир нарса топиб "Вай, совуқ кунда ўриндиқларга иситгичлар ўрнатишмабди” деган бахона билан хам айб топишади. Шунинг учун таваккал. Концертдан кейин диск тақдим қилинади, кирганлар дармонда, кирмаганлар армонда...


Сухбат давомида "таваккал” ва "ишонаман” сўзлари ишлатилмоқда, нима учун унда жонли ижрога ишонч қилмай, жонли ижрога таваккал қилмадингиз?

-Концертгами? Аввало вақт! Кейин бу концерт берилиши бошиданоқ аниқ эмасди...


Нафақат ўзингиз балки биз хам жонли ижроингизга ишонамиз. Шоу тақдим этадиган хонандалардан эмассиз. Юқорида тилга олинган Жахонгир Отажонов  "Джуманджи”да машхур хонандаларни жонли куйлай олмайди деб сизни жонли куйлай олади деб айтганди.

-Аввало менга нисбатан чиройли сўзлар, санъатимга шундай бахо берилгани учун рахмат. Балки лойиқмасдирман, лекин чиройлик бахо берилибди. Иқбол ака билан кўп тортишдик, улар концерт қўймай, мана шу йиғилган ранг-баранг қўшиқларни прома қиларсиз деган таклиф билдирдилар. Мен хам шу концертда куйланадиган 20та қўшиқдан 10тасини аввал прома қилиб, кейин концерт беришни ўйладим. Лекин, 2 йил танаффус бўлиб кетди. Бугунги кунда концерт бермаса одамлар фикрида бу хонандани ижоди сустдек кўринмоқда.  Концерт берган хонандани зўр деб тушунишади. Вахоланки нормал равишдаги прома бўлса, концертни хам хожати йўқ. 

Кўп хонандалар концерт бермай хам промаси билан рейтинги яхши даражада. Концерт бу кўпроқ ният. Асли май ойида тақдим қилмоқчийдим, совуқ кунларда одамларни қийнамоқчи эмасдим.  Қарасак вақт йўқ, яъни концерт кунлари билан сарой банд.


Хуллас, саволга қайтамиз, жонли ижрога ишонасизми ва нима учун бунисига хам таваккал қилмадингиз?

- Жонли ижрода концерт бериш учун бир йил аввал  репертуар битган бўлиши керак. Ва ўша репертуар билан созандалар билан ишлашим керак.


Нима учун шу асосийсига келганида бизни санъаткорларимиз таваккал қила олишмас экан...  

-Жонли ижрода концерт бериш учун хам жуда катта гурух бўлиши керак. Ва бунда хамма ўз вазифасини бажара билиши керак. Хонанда белгиланган вақтда бориб зўр созандалар билан фақат куйлаши учун хам шароит керак.  Бугунги кунда яхши созандалар кам. Сиз хозир фақат хонандаларни назарда тутяпсизу, созандалар хақида гапирмайсиз.


Созандалар гурухингиз борми?

-Бор, тўйларда жонли куйлайман.


Ана шуларни концертга чиқаринг, шогирдларни мана бу тариқа сахнага чиқариб танитиш бошқачароқ бўлади.

-Репертуар бир йил аввал тайёр бўлиб, вақтингизни фақат созандалар билан  ўтказиб ишлаш керак. Хозирги биз қилаётган ижод намуналаридаги товушлар мураккаб, уларни концертда созандалар ёрдамида сифатли чиқариб бериш қийин. Жонли ижрони одамлар соғинган, албатта куни келиб жонли ижрода концерт берамиз. Лекин, хозир икки йиллик танаффусимда, яна бир йилга танаффус қилишни хохламадим. Танаффусга қадар  "Бир лахзалик дийдор учун” қўшиғимни "Озод шоу”да куйладим, кейин прома қилдим, кейин эса шартнома тугади, маъқул бўладиган қўшиқ чиқмагунча орада изландим.  Оилавий муаммолар юз берди, онам оламдан ўтганидан кейин юракка хеч нарса сиғмади...  

 

Иқбол акага таалуқлимасу, лекин шунда хам,   продюсерлар билан шартнома тугатилиши боис тушунарли, аммо нима учун ижодий жамоани хам ўзгартирдингиз? Масалан Мусахон Нурматов билан хамкорликни давомлаш мумкин эдику, хар холда ишончли хамкор эди.

-Мусахон ака билан хозир хам муносабатларимиз яхши. Репертуаримизда қўшиқлари бор, хозир хам улардан керакли маслахатларни олиб турибман.  Шартнома тугагани билан нафақат Мусахон ака билан, балки продюсерлар билан хам ака-ука сифатида қолганмиз. Бошиданоқ 5 йиллик шартнома тугагач, истасам шартномани узайтиришим ёки чиройлик ака-укадек хайрлашиш бўлиши хақида ният қилинган.


Бу тушунарли, лекин ижодий жамоани ўзгартиришга не ихожет эди, ёки шартнома даврида Мусахон ака билан ишлаш мажбурий бўлиб, хозир улардан хам озодмисиз?

-(кулади) Йўқ-йўқ. Мажбурий деган нарса бўлмаган. Нима десам бўлади...(ўйланиб).. У пайтлар хам бошқа бастакорлар билан хамкорлик қилишга харакат қилардим,  лекин хар сафар концерт олдидан, қўшиқлар сони кўп бўлиб, репертуар хам битгани боис, бошқа ижодкорлар билан ишлашга хожат қолмасди.  Шунинг учун хам бу борада продюсерлар билан бахслашишлмасди хам.  Биз бир оила бўлиб ишлаб, ўша оилани манфаатига содиқ ишлаганмиз. Мажбурият асосида ишланмаган, мақсад бўлган. Хохлаган пайт шартномани бекор қилишим мумкин эди, лекин бунга эхтиёж бўлмаган. Муддат тугагунча хамма қониқиб ишлаган, хозир керакли ва лозим топган нарсаларим юзасидан улар билан маслахатлашиб тураман. Қолганини ўз ақлим доирасида хал қиламан.


Мансурхон Нурматов у жамоадамилар халиям?

-Йўқ. Уларни хам шартномалари тугаган. Адашмасам...


Ижодингизни бошлагандан бери, то бугунги кунгача сийқаси чиққан мавзу бўлган Жўраевлар билан боғлиқ саволлар хануз таъқиб қиляптими?

-(бепарво) Йўқ, у саволлар тугаган.


Муносабатлар қандай?

-Хеч қандай эмас. Муносабатлар йўқ эди, йўқ хам.


Концерт номланиши "Дийдор учун”

-Номиям чиройлик, мухлисларимиз билан хам дийдорлашиш учун шундай номланиш. "Эй дил” деб хам номламоқчи эдик, устоз санъаткор Ғуломжон Ёқубовнинг концерт дастурлари "Эй дил” деб номлангани ва қўшиқларимиз шеъри бир бўлгани  сабабли, устозга нисбатан беадабчиликка йўл қўймадик.  


Ижодингиз ва концертга боғлиқ саволларим хозирча тугади, балки берилмаган саволларга жавобингиз, ёки ичингизда қолиб кетиши мумкин бўлган жавоблар  бўлса, мархамат..

-(кулиб) Хамма саволларни бериб бўлдингиз, хаммаси гапирилди, керакли маълумотлар берилди. Мухлисларни концерт дастурига таклиф қиламан.


Ботир билан диктофон ўчирилгач яна бироз сухбат қурдик. Иқбол ака концерт дастурида янграйдиган яна бир таронани бизга эшиттирди. Бу қўшиқ илк садосидан Юлдуз Ибрагимовна кўз олдимга келиб жилмайдим.

Бу фақат Юлдуз Ибрагимовнаники эди...

Нималигини концерт дастурига тушганингизда билиб оласиз. Хозирча эса 16-17 февраль кунлари "Истиқлол" санъат саройида бўлиб ўтадиган Ботир Қодировнинг концерт дастурида учрашгунча!))


Sayyod

Бўлим: Suhbat | Intervyu | Reportaj | Кўрилган: 13812 | Чоп этди: Sayyod | Теглар: Botir Qodirov

Нравится
Барча изохлар: 16
1 Masrur 22.   (11-Фев-2012 10:07) [Материал]
Zo'r suhbat bo'lipti. Ikkalaringa ham omad. Yulduzdi qaysi qo'shig'ini aytgan bo'lsa? Meni rosa qiziqtiryapti.

2 FC_PAXTAKOR   (11-Фев-2012 10:12) [Материал]
1-dagi Go'zalsan haqidagi savolingiz yoqmadi. Faqat Toshkentdamas Vil.larda ham modada.
Tabletka haqida: bu yerda ham Botir Qodirovni aybi yo'q yana hammasi Sa'dulla Abdullayevni ishi. Menimcha bu dorilarni Sa'dulla Abdullayev ishlab chiqarsa kerak. OMAD KONSERTINI YAXSHI O'TKAZIB OLSIN.

3 Dilrabo   (11-Фев-2012 10:24) [Материал]
Konsertlarini yaxwi ötkazib olsinlar.Tomowabinlar esa ob-havodan qörqiwmasa ham böladi.Chunki,konsert tafti isitib,iliq ruhda ötadi,Xudo xohlasa.Omad tilayman

4 muka   (11-Фев-2012 10:53) [Материал]
Har holda gazetalarni reklama qilgandan kora dorilarnu reklama qilgan yaxshiroq. Dorilarni foydasi koproq. ayniqsa duovidni.

5 Abdumalik   (11-Фев-2012 13:09) [Материал]
Konsertga jon deb borardimu, iloji yo'qda chunki uzoqdamiz. Mayli kelgusi yili nasb qilib qolar, Botr Qodirovga omad konsertni yaxshi o'tkazib olishsin.

6 Gogowa   (11-Фев-2012 13:10) [Материал]
Ulaga omad tiliyman ijodan toxtamasinla

7 Loading   (11-Фев-2012 15:12) [Материал]
Oka o'zlariga qarab yurarkanlar. Ijodga kirib kelishlaridagi mish mishlar ustiga Onalarini yoqotishlari ha bu oson emas.

8 ergash   (11-Фев-2012 16:19) [Материал]
Афсуски Тошкентдамасман,булмаса кирардим концертга!!!

9 chanel   (11-Фев-2012 17:13) [Материал]
band booze hammasiga omad,,

10 Mo'mina   (11-Фев-2012 20:09) [Материал]
OMad tiliman. sizi aybdor qimiman,to'y uchun kuylidigan artistla ko'p masalan Shaxzod guruhi kelin haqida awulalari bor bu bekordan bekorgamas toy uchun,toyda kim boladi xalq boladi...sizi xitoyda o'zbek muhlislariz bor,tavakkal qilishiz yoqdi Tavakkalam sunnatga kiradi ...ishlarizga omad

11 Abdurashid   (12-Фев-2012 00:10) [Материал]
Savollar ham javoblar ham o'rinli bo'libdi! Suhbat manga yoqdi!

Jahogir Otajonov adashmagandi, Botir Qodirov jonli kuylashni a'lo darajada bajaradigan honanda! Man o'zim yaqinda bunga guvoh bo'ldim. Ovozga gap yo'q SHEDEVR!

SAYYOD.COMga ham Botir Qodirovga ham omad tilayman!

12 oybek   (12-Фев-2012 00:51) [Материал]
Botirni ijodiga omad tilab qolaman...

13 Star92   (12-Фев-2012 03:11) [Материал]
Men ham juda xohlar edim konsertlariga tushishni... Afsus! Ijodlariga omad! Sizga ham rahmat, Sayyod!

14 Rahimjon   (12-Фев-2012 13:06) [Материал]
BOTIR QODIROV OMAD KONSERTNI KUTAMIZ ENDI

15 Abbosbek   (12-Фев-2012 14:01) [Материал]
Suxbat juda ajoyib o'tgan qoil. Botir Qodirovga omad . .
Konsert juda ajoyib o'tishiga ishonaman.

16 UzDDS   (14-Фев-2012 20:25) [Материал]
Sardoraka SHuhrat Qayumovni 2011 yilda bergan kansertlaridan be habarmisizz dimana !!! iltimos srushtrib ko`rinn

dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Исмингиз *:
Email(шартмас):
Код *:

Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: 

Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ!

Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин!

-Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. 

(батафсил манбаа)

Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод

YUQORIGA!