13:37 Аёллар қамоқхонасидан махсус... | |
21-март куни Занги-ота туманида жойлашган аёллар колониясига байрам тадбирини ўтказиш учун ташриф буюрдик. Очиғи, таниқли ва рейтингдаги санъаткорлар, хонандаю, қизиқчи гурух ва бошловчилардан айримларига ушбу тадбирда иштирок этиш таклифини берганимизда, улар турли бахоналар билан рад этишди. Балки юрак кичиклик қилгандир, балки психика заифлик қилди ва ёки байрам куни узоқ йўл босиб ўтишга эринишди чоғи... Қайдам... Текин хизмат қайси артистга ёққан ўзи? Хизмат кўрсатган ва халқ артисти унвонлари мантиғи нимада экан деб гохо ўйланиб қоламан... Катта катта пулларга тўйларда "хизмат" қилганигами? Нимаси хизмат кўрсатган деб аталиши тушунарсиз хануз. Хуллас хаддим сиққан ва сўзим ўтган хонандаларни йиғиб, бошловчиликни хам ўз зиммамга олган холда , аксига олиб байрам куни ёмғирли хаво бўлса хам аммо, кўтаринки кайфиятда манзилга етиб келдик.
Фильмлар ва ёки шунчаки қамоқ сўзидаги дахшатли тушунчадан тасаввуримиз шукрки, биз кутган манзарани кўрсатмади. Аксинча, қандайдир бир дам олиш пансионати ва ёки санаторийни эслатгани рости, аёллар сақланадиган жой бўлгани учунми биз кўрган натижа қувонтирди. Маълум сабабларга кўра биз экскурсия қилган жойларда суратга олиш ишлари чекланган бўлгани учун сатрларда тасвирлашга харакат қилмоқдаман. Бироқ кутубхонани сурат ва видеога туширишга улгурганимиз учун шуни ўзиданам аёллар қамоқхонасидаги шарт-шароитни тасаввур қилиш қийинмасдир. Жахон адабиётидан то диний маърифий китоблар , Қуръон ва тарихий китоблару сўнгги янгиликлар битилган газеталар хам хаммаси мавжуд. Болалик аёллар бўлими хам рости, юртимиздаги аксар боғчалардан аъло даражада экани кутилмаган холат бўлди. Олий навли ундан қилинган иссиқ нонлару сомсалар, болалар учун кашалару котлеталарни кўриб хазил билан "озодликда хамма хам бундай овқатланмаса керагов"-, деб юбордик. Дархақиқат, ўз кўзимиз билан кўрган нарсаларни айтяпман. Аёллар қамоқхонасидаги шароитлар юқори даражада. Хўжакўрсингадир деган гумонга эса шошилманг, зеро экскурсия режада бўлмаган ва колония маъмурияти билан олдиндан фақат маданият ва маърифат залидагина тадбир ўтказиб кетиш келишилганди. Табиийки , шу ерга келиб менда шарт-шароит билан танишиш иштиёқи баланд бўлгани учун, тадбир давомида шароит хақида қизиқа бошлаганимда тартибот бўлимидаги ходим "бемалол, ўз кўзингиз билан кўришингиз мумкин"- дея кутилмаганда ошхонаю ўша болалик оналар бўлимларига олиб кирди. Бўлимда 24 соат махсус педиатр врач навбатчи хонасига хам кўзимиз тушди. Болалар ўйингохи катта бир хона бўлиб боғчага ўхшайди. Ўйинчоқлар дейсизми хаммаси бор. Маълум бўлишича, болалик аёлларни фарзандлари 3 ёшгача шу муассасада онаси билан яшашига рухсат экан ва исталган пайт ўз хохишига биноан уйига бериб юбориш хам мумкин экан. Агар хомиладор бўлиб колонияга келган бўлиб, туғиш пайти келса, қамоқхонада эмас, озодликдаги туғруқхонада туғдирилар экан, чунки дунёга келадиган фарзанд қамоқхонада эмас, озодликда дунёга келиши керак деган инсоний тушунчалар юқори тарзда. Қамоқхона маъмуриятидан то тартибни сақлашга масъул ходимларнинг муомаласи уларга бўлган хурмат хиссини уйғотди. Шароитлар хақидаги "пансионат ё оромгох бўлиб ётибди"-деганимга "жиноят қилганларга маза эканку"- дейишга хам шошилманг. Озодликдан махрум бўлиб яшашни ўзи бўладими? Алоқалар чекланган, истаган жойингга бора олмайсан, тартиб интизом кучли. Озодликдан махрум-мана шу жазони ўзи. Нима бўлса хам беайб Парвардигор, хамма хато қилади ва қамоқхона бўлса хам ИНСОНий шароит керак. Аёл эса нима бўлса хам ожиза ва унга алохида ёндошув билан шарт шароит бўлиши табиий хол. Ва бу нарсалар биздаги аёллар колониясида мавжуд эканини ўз кўзимиз билан кўриб гувохи бўлдик. Керак бўлса, ўша ошхонадаги янги ёпилган ва иссиқ тарзда бериладиган нонидан хам татиб кўрдиришди.
Тадбирга келсак, хеч бўлмаса байрамларда сал чалғиб, ёзилиб хордиқ чиқариш фақат яхшиликка деб биламан. Ёмон экан деб ёмонлик қилинган сари ундан яхшилик кутиб бўлмаса керак. Барча даволаш ишлари яхшилик билан амалга оширилади, назаримда. Бу хаётий тажрибамдан келиб чиққан хулосаларим. 21-март Наврўз кунги яхшилик байрам тадбири эса ожиза махкумаларга шодлик бахш эта олганини видеодан хам кўрсангиз бўлади.
Энг қизиғи, тадбирга алохида бир сценарий тузиб келмаган бўлсакда, йиғилган хонандаларимиз тарафидан куйланган қўшиқлар ушбу колониядаги аёллар ва уларнинг қисматига монанд кечганидан жамоамиз хайратланди. Гўёки хар бир куйланган қўшиқ атай махсус сценарий асосида тузилгандек бўлиб, хонандалар хам бунга атай танлангандек. Кетма-кетлик хам.
Масалан барча кўз ёшларга Дилноз сабабчи бўлган бўлса, барча қийқириқларга Имрон сабабчи бўлди. Барча олқишлар Шахнозга бўлган бўлса, барча рақслар Мустафога бўлди.
Демакки хар бир ташриф буюрган хонанданинг шу кунги тадбирдаги турфа хиллик тарзида алохида ўз ўрни бўлди.
Тадбир бошида Дилноз куйлаган қўшиқлардаги сатрлар бу ердаги аёлларни орасида оналар бўлиб ўз фарзандини соғингани ва ўзи фарзанд бўлиб онасини соғинганларга "...онажоним соғиндим, оймўма айтгин ростин, уни кўрасан доим, омонми чиройлигим" сатрларидан иборат "Мусофиргина онам" қўшиғи махкумаларни кўнглини бўшатиб йиғлаб олишига сабаб бўлди. "Халоли" қўшиғидаги "тўрт девор ютай дейди .... Кўзин сузса жанонлар, киприк қоқса барнолар, хафа қилманг мени ёрим, сизни кутар халоли...тўрт девор ичра орзу хамон бахтин кутмоқда..." -сатрлари эса ўз ёри озодликда бўлгану аёли махкума бўлиб турган аёлларга ўз таъсирини ўтказмай қолмади.
"Орангизда ёмон қизлар борми?" дея аёллар колониясида сахнадан туриб савол бермоқ ғалати бўлса керак а? Хам куласиз ва хам куясиз деган жойидан. Шу жойида хонанда Имрон таклиф этилиб тобора оммалашиб бораётган "Ёмон қиз" қўшиғидаги "Мен шу ёмон қизни яхши кўраман" сатрлари бошланганида қичқириқларни видеодан кўриб, яна бир бора тақдир хазили биланми ё тасодиф билан ушбу тадбирдаги қўшиқлар ва ундаги сатрлар шу қадар манзилига хам қалбан ва хам хазили биланам мос тушганига амин бўлиб хайратланасиз.
Шахнознинг хам "Балки бу охирги бир имкон", "Сени кўрсам қанийди" сатрларидан иборат қўшиқларини-ку янада мос тушганини айтмаса хам бўлади. Айниқса даврлар оша афсонавий қўшиққа айланиб бораётган "Сени кўрсам қанийди" шлягери янграганидаги қийқирувларни ва қўшиқ тугагунича олқишларни унутиб бўлмайди. Бу бари видеога мухрланган.
Муассасадаги аёллардан учтаси шу кунги тадбирга тайёрланиб келиб, раққосалик қилгани эса тадбирга ўзгача шукух бағишлади.
Шу куни барча рақслар хонанда Мустафога бўлди. Унинг шўх ва рақсбоп қўшиқлари аёлларни хушнуд этди. Бизга маълум бўлишича, Мустафо бу ердаги тадбирларда азалдан фаол эканини эътироф этиш керак.
Майлида, қамоқхонада бўлса хам аммо, ўта файзли, байрамона ва кўтаринки кайфиятда ўтган ушбу тадбирни унутиб бўлмайди. Аёл-да барибир, кўнгилчан зот , эътиборга чанқоқ ва мана шундай тадбирлар сабаб дилдан ёзилиб олади. Қачондир озодликка чиққанида ўз инсонийлиги ва хаётга шодлик билан қараш хусусиятини йўқотмаган тарзда ижобийлик хиссини сақлаб қолишига мана шундай тадбирлар сабабчи бўлса не ажаб? Жазо ўз йўлига аммо инсон ўзидаги ижобий хислатларни сақлаб қолиши ва бу хиссиётлар фақат ривожланишига сабабчи бўла оладиган барча саъйи харакатлар - профилактика мухим! Мана шунга хам имкон берган ва аслида таклиф берган хам муассаса рахбарияти ва ходимларига ташаккур! Яхшилик йўлидаги ва ниятидаги эзгу амаллар хамда унга доир хамкорлик ишлари бардавом бўлсин!
Тадбир якунида айтганимдек, келаси байрамларда шу аёлларни ўз бахти ва хотиржамлигини топган холда озодликда кўриш насиб этсин!-дея шу кундан репортажимга якун ясайман.
Фото Сарвар Қамбаров, видео Шахло Қодирова. Ташкилий ишлар хизматида яна Музаффар Каримов ва Улуғбек Кабуловичлар бўлишди. | |
Бўлим: Suhbat | Intervyu | Reportaj |
Кўрилган: 3389 |
Чоп этди: Sayyod
| Теглар: |
Нравится
Барча изохлар: 2 | ||
Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ! Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин! -Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. (батафсил манбаа)
Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод |