Бош сахифа » 2011 » Июль » 8 » Жума фильми: Адашган аёл
06:59
Жума фильми: Адашган аёл

"АЛДАНГАН АЁЛ” ФИЛЬМИ

 

Фильм воқеалари бошланишиданоқ томошабинни, "воқеалар ривожи қандай кечаркин” деган савол билан қизиқтира олган.

Фильм ислом динини ниқоб қилиб, мусулмончилик қонун-қоидалари дея, инсонларни йўлдан адаштириб, ўз ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланаётган ва қурбон қилаётган кимсалардан огоҳ бўлишга ундайди. Фильмда бир аёл тақдири орқали, ана шундай динни ниқоб қилган манфур кимсаларнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари, уларнинг жиноятлари, турли ёшдаги адашган инсонлар ҳаёти ва фожеалари, ишонарли тарзда кўрсатиб берилган.

Фильм қаҳрамони, ўз онасининг вафоти туфайли руҳан тушкунликка тушган аёл, ана шундай динни ниқоб қилган кимсаларнинг гап-сўзларига ишониб, руҳан таскин топиш учун, ислом йўлига кирдим деб ўйлаб, аслида жуда қаттиқ адашади. Бунга эса, унинг соддалиги, руҳан тушкун ҳолати, дин ҳақида унчалик чуқур тушунчага эга эмаслиги, ҳамда, унинг атрофидагиларнинг, аёлни ҳатти-ҳаракатларига бефарқликлари ва лоқайдликлари сабаб бўлади, назаримизда. Аёл ўқитувчи бўла туриб, у ишлаётган ўқув муассасаси раҳбари, унинг ҳатти-ҳаракатларига бефарқ қарайди ва фақат уни ишдан бўшатиш билан чекланади. Аёлнинг эри эса, рафиқасининг ҳижоб ўраб, бир хонадонга араб тилини ўрганаман деб қатнаётганига, ҳамда уйда фарзандларига қандайдир китобларни ўқишга бериб, эри келтираётган егуликларни ношаръий деб рад этганида ҳам, рафиқасини аслида қандай оқим гирдобига тушиб қолганига, етарлича аҳамият бермайди.

Бунинг натижаси эса, аёлни динни ниқоб қилган кимсалар қўлида ноҳақ азият чекишига сабаб бўлади. Аёл ҳақиқий исломни яхши билмаслиги туфайли, ҳаттоки, уни ҳижратга юборяпмиз дейишганида ҳам, "нима учун, аёл киши бўлсам, ёлғиз юборяпсизлар, аёл кишиларга, ҳаттоки ҳажга ҳам маҳрам билан, яъни умр йўлдоши ёки вояга етган ўғил фарзанди билан бориш кераклиги, китобларда ҳам ёзилган-ку” деб ўйлаб ҳам кўрмайди. Натижада, у бутунлай бир бегона давлатда, қандайдир бир динни ниқоб қилган кимсалар қўлида хор бўлиб, жиҳодга даъват этилади.

Аёл билан биргаликда оқибатини тушунмай, алданиб бу йўлга кириб қолган аёлларнинг ҳам, тақдири аянчли кечади. Улардан бири, поезддан йиқилиб ҳалок бўлади, яна бири эса, жиҳод деб, бир жойга беморларни портлатишга юборилганида, бу ишни қилишни истамай турганида, ўзи портлатиб юборилади. Бир неча аёллар, ноқонуний равишда зўрлаб, исломий дея, ўша ердагиларга мажбуран хотинликка бериб юборилади. Фильм қаҳрамони, аёлнинг ўзи ҳам, ўша ердаги бир кимсага мажбурлаб хотинликка берилади ва ноҳақ азобланади. Бўлиб ўтган ноҳакликлар ва хунрезликларни кўриб, аёл адашганлигини тушуниб етади ва "янги эри” хонадонидан қочиб, бир қанча қийинчиликлар кўриб, ниҳоят Ўзбекистонга қайтиб келади.

Лекин, эндиликда уни на оиласи ва на яқинлари бор эди. У оиласи, фарзандлари ва эри ёнига ҳеч қачон қайта олмаслиги маълум эди.

Фильмда режиссёрлик иши, сценарий, операторлик иши муваффақиятли чиққан менимча. Либослар мос танланган. Актёрлар ижросидан эса, актрисалар Райҳон Уласенова, Жамила Ғофурова, Толиб Мўминов, Малика Усмонова, ҳамда режиссёр Ҳилол Насимовнинг образлари маҳорат билан ижро этилган. Айниқса, Райҳон Уласенова ижросидаги адашган аёл образи, унинг изтироблари, ўз хатосидан пушаймон чекишлари, жуда таъсирли чиққан.

Фильмда таъсирли лавҳалар кўп. Масалан, аёлни Ватандан узоқда, диний оқим вакиллари орасида, азоб чекаётган вақтида, ўз оиласини эслаши таъсирли кўрсатилган бўлиб, айниқса, кичик қизчасини чизаётган суратини олиб, бақириб йиртиб ташлаганини эслаши, ўзини оиласи бағрида бўлган вақтида, оқим таъсирида қанчалик жоҳиллашиб, фарзандига қилган ноҳақлигини, ўзга юртларда хор бўлганида, тан олиб, хаёлан фарзандидан кечирим сўраб йиғлаши, уни ўз айбини, адашганлигини тан олиши, демакдир, назаримда.  Оиласини ташлаб, ўша оқим гидобида ҳижрат деб, ўзи билмаган, бегона бир юртга ўйлаб ҳам ўтирмай жўнаб кетиш лавҳалари орқали, у эътиқод қилган, ушбу диний оқимнинг инсонларга онгига қанчалик зарарли  эканлиги, кўрсатиб берилган фикримча.

Фильм инсонларни огоҳликка чорлайдиган, мазмун жиҳатидан тарбиявий аҳамиятга ҳам эга бўлган фильм, деб ўйлайман.

"Алданган аёл” фильми ҳақида, шу фильмни суратга олган режиссёр Ҳилол Насимов ва фильмнинг сценарий муаллифи Ғофур Шермуҳаммад билан суҳбатлашдим. 

 

 

Ҳилол Насимов Кинорежиссёр

 

1963 йилда 9 февралда Тошкент вилоятида туғилган.

1980 йилда ўрта мактабни олтин медаль билан, 1985 йил Театр ва рассомчилик институтини Драма ва кино актёрлиги бўйича, имтиёзли диплом билан битирган.

14 ёшида илк марта, мактаб даврида, режиссёр Равиль Ботиров билан "Ажойиб хаёлпараст” фильмида эпизодда суратга тушган. 

1985 йилдан буён "Ўзбекфильм” киностудиясида ишлаб келмоқда.

2003 йилда "Ўзбеккино” буюртмаси бўйича, илк марта "Ёдгор” фильмини суратга олган. 

2004 йилдан "Ватан” киностудияси раҳбари

Бир неча фильмларда продюсер, картина директори сифатида ҳам фаолият юритган. 

Кинорежиссёр сифатида суратга олган фильмлари "Афанди ва Азройил”, "Мўғулчаи бузрук”, "Номус”, "Фақат ғалаба”, "Таҳдид”, "Алданган аёл” ва бошқалар.

Ҳозирги кунда яна бир янги фильм устида иш бошлаган.

 

 

Феруза Фаттохова: – "Алданган аёл” фильмини яратишга қанча муддат вақт кетди?

Ҳилол Насимов: – "Алданган аёл” фильми сценарийси Ғофур Шермуҳаммад қаламига мансуб.  Икки йил олдин асар, ҳужжатли фильм қилиш учун яратилган. Кейин, озгина–озгина ўзгартириб, кейин яна қайта ишладик. Сценарий вақтига 2 йилдан ошиқ вақт кетган бўлса, ишлаб чиқариш жараёнига 10 ой давомида, салкам 3 йил вақт, менимча.

 

Феруза Фаттохова: – Фильмни суратга олиш жараёнлари қандай кечди?

Ҳилол Насимов: – Оғир шароитларда ишланди. Бутун жамоамизга миннатдорчилик билдираман. Айниқса, актёрлар ва актрисаларимизга! Кўпчилик, росмана чиққан, дейишди. Ҳақиқатдан, бир эпизодда мен салбий қаҳрамонни ижро қила туриб, образда, росмана ҳаракат қилиб юборганман. Баъзида, бир шунақа томошабинни ишонтирадиган саҳналарда,  табиийликка ҳам эришиш керакмикан, деб ўйлаб қоламан. Актёрларнинг ташқи кўринишига келсак, Райҳон ҳам, кўплаб актёр, актрисаларимиз ҳам, "атайдан кўринишимизни хунук қилиб оляпсизми,” дейишди. Лекин, у ерда иложи борича, безаксиз бўлишига ҳаракат қилдик. Керак жойда албатта, гримдан фойдаланилди.

 

Феруза Фаттохова: – Фильмни суратга олиш жараёнидаги энг мураккаб ва оғир бўлган саҳна?

Ҳилол Насимов: – Поезддаги саҳналар, ўша саҳнани ижро қилаётган қаҳрамон қиз Жамила, енгил кийимда бўлиши керак, ҳаво совуқ, буни устига шамол бериб турилибди. Яна оғир саҳналар Покистон линиясини олаётган вақтимизда,  Райҳон қочиб кетганида, уни тутиб, отда, эгарнинг устига қўйиб келадиган саҳна бор эди. Эгар силлиқ эмас, чиқиб турадиган эгар. Қолаверса, ўша отни минадиган Абдуллоҳ роли ижрочиси ҳам, чавандоз эмас. Уни деб бир неча дубль қилганимиздан кейин, Райҳон, "бўлди ўйнамайман, қовурғаларим синиб кетди” деди. Чиндан ҳам, унга жуда қийин бўлаётганди. Охири ўйлаб, тушуниб, "дублёр оламиз, юзини беркитамиз” десам, Райҳон келиб, "майли, бўпти, фақат яхшилаб олинглар” деб, ижро қилиб берди, лекин ўзига жуда қийинчилик билан! (ўйланиб) Фильмда у тоғорада, бошидан сув қуядиган саҳнасида ҳам, кун жуда совуқ эди. Бу саҳна фильм учун керак эди, унинг фақат оёқларигина кўрсатилиб, бошидан сув қуярди. Хона ҳам жуда совуқ. Актриса Райҳон, "хона исийдими, йўқми” деяпти. Кичик печка, ёқамиз, ўчиб қолади. Райҳон, спектаклига кечикяпти. Охири, у "ечинмайман, совуқ еб кетяпман” деди. Шундай бир қийинчилик билан суратга олинган.

 

Феруза Фаттохова: – Суратга олаётган фильмларингиз, сценарийларини ёзишда ўзингиз ҳам иштирок этасизми? Қайси сценарий муаллифлари билан биргаликда ишлайсиз?

Ҳилол Насимов: – "Ёдгор” фильмининг сценарийсини ўзим ёзганман. Ғафур Ғуломнинг қизлари Олмос опа, "раҳмат” дедилар. Албатта, фильмга бадиий жиҳатдан ёндошиш ва қайси даврда ёзилганлигига ҳам, аҳамият бериш керак. Кўпчилик, фильм финалини ўзгартиришимга норози бўлишди. Лекин, фильм қаҳрамони, мен суратга олган финал бўйича, мардлик қилади. Фарзандининг кўнглини, ҳаётини бузгиси келмайди. У иккинчи марта хато қилгиси келмайди!

"Таҳдид” фильмини сценарийсини ҳам ўзим ёзганман. Ҳар хил фикрлар бўлиб, 6 йилга чўзилган. Чунки, бир хилда бироз қалтисроқ ёзсам керак. Баъзи бир муаммоларда кескинликка ўтиб кетиб қолгим келади. Жиддийлик бор, шунинг учун бўлса керак.

Режиссёр сценарийни қўлга олгандан кейин, уни аввал ҳазм қилиши керак менимча. Мана бу ерда, бундай ёзилган экан деб, кўр–кўрона суратга олиб бўлмайди, назаримда. Бу ижоднинг тўхташи деб ўйлайман. Баъзида "ишингиздан қониқдингизми?” деб савол беришади. Йўқ, фильм тугагандан кейин, экранда кетаётганда ҳам, бир фикр келиб, "мана шу ерини, шундай қилишим керак эди” деб ўйлаб қоласиз. Шундай бўлиши ҳам керак, деб ўйлайман! Чунки, вақт ўтяпти, ўзгаряпти. Шунинг учун ҳам, етти ўлчаб бир кесиш керак, назаримда. Айниқса, актёр танланганда! Актёр танлаш ҳам жуда катта жараён! Актёрнинг тўғри танланиши, режиссёрнинг 50 фоиз ютуғи, менимча! "Алданган аёл” фильмини кўриб, учрашувлардан бирида, бир зиёли аёл айтди: – "Фильмингизни икки марта кўрдим. Фильмнинг ютуғи, менимча, унча таниш бўлмаган актёрлар ансамблини йиққанингиз–да” деб. Бўлиши мумкин. Бу аёлнинг фикри, менинг фикрим билан ҳамоҳанг. Чунки, фильм сценарийсини қўлимга олганимдан бошлаб, қаҳрамоним жуда ҳам таниқли бўлмаслиги керак, деган эдим. Эътибор берсангиз, 50 фоиз актёрлар дебютантлар. Бу томошабинни қабул қилиши учун ҳалақит бермайди. Бу мени фикрим. Райҳон образи учун, ўша пайтда жуда кўп баҳс, мунозара бўлганди. Чунки, у жуда ҳам эмоционал актриса. Уни тўғри йўналтира билиш режиссёрнинг вазифаси. Режиссёр ва актёрлар бир–бирини тушуна билиши керак. Режиссёр "мен бундай ўйлагандим, актёр ёки актриса қилиб бера олмади”, дейиши, режиссёрни оқламайди. Тушунтира олмасанг, айб сенда, тушунмаса, айб тушунмайдиган актёрни олганингда, деб ўйлайман.

 

Феруза Фаттохова: – Ўзингиз ҳам, бу фильмда ва баъзи фильмларда ҳам салбий роллар ижро этгансиз? Ролларингизга нисбатан қандай фикрлар бўлган?

Ҳилол Насимов: – (самимий кулиб) Томошабинлар мени кўпинча, қаҳрли дейишади. Кўринишимдан, ижро этган ролларимдан бўлса керак. "Номус” фильмида ҳам, салбий рол ўйнаганман. Бир ёш қиз кўчада кўриб, қарайверди. "Ҳа, синглим” десам, "Мен сизни ёмон кўраман, росаям ёмон кўраман” деди. "Билмасдан, бир нарса қилдимми” деб ўйлаб, ҳайрон бўлдим. У бўлса, "мен сизни "Номус” фильмидан бери ёмон кўраман” деди. Бошқа бир журналист қиз ҳам, интервью олиб, "Тўғрисини айтаман, Ҳилол ака, мен сизни жуда ҳам ёмон кўрардим. Сиз билан гаплашганимдан кейин, кўнглим юмшади. Сизни ёмон кўриб қолгандим, ролларингиз таъсиридан бўлса керак. Ўзингиз нега шунақа ёмон ролларни ўйнайсиз?” деди. (самимий кулиб) "Кимдир ўйнаши керак. Демак, яхши ўйнабман–ки, шунчалик ишонишибди” дедим.

 

Феруза Фаттохова: – "Алданган аёл” фильмни суратга олиш жараёнида ва тайёр бўлиб, катта экранда кўрганингизда, ўзингиз учун энг таъсирли бўлган, ўзингиз таъсирланган лавҳа?

Ҳилол Насимов: – "Алданган аёл” фильмида, ўзим учун энг таъсирли саҳна, бош қаҳрамон аёл боласини қучоқлаб, хайрлашиб кетадиган саҳна. Кейин, у яна ўзини осишидан олдин, боласини эслайди. Ўша саҳналар, ҳали ҳам эслаганимда таъсирли. Баъзи лавҳаларни сценарийга қўшганимда, бироз норозиликлар ҳам бўлганди. Масалан, ўша ечиниб, тоғорада, бошидан сув қуядиган саҳна. Экранда, фақат оёқлари кўрсатилади. Яна, эрга бериб юборилганда, ўгай ўғли билан боғлиқ саҳна. Бу билан аёлни, қанчалик хор бўлганини кўрсатмоқчи эдик. Энди, ўша саҳналарни актрисамиз ҳам яхши ижро этишга ҳаракат қилди. Жараёнда ҳам бу ҳақида гаплашганимизда, актриса Райҳон бу ҳақида, "Қаеримгача кўрсатилади?” деб сўраган. "Номига, тиззангизгача кўрсатилади. Менга деса, шортик кийиб олинг”дедим. Эрини ҳам олиб келди! "Фақат бошингиздан сув қуясиз” – дедим. "Менга бу саҳна, фильм учун керак” дедим. Бу лавҳалар билан нимани кўрсатмоқчи эдим? Эслаш лавҳаларида, аёлни ўз эри ош олиб келяпти, у йўғида фарзандларини ухлатяпти, қараяпти. Майли, характери юмшоқроқдир, лекин, барибир қайсидир маънода меҳрибонлик қиляпти! Бу ёқда бўлса, аёл бировни оёғини ювиб ўтирибди! Шу даражада хор бўлганини кўрсатиш керак эди! Буни устига, улар ундан миннатдор бўлишаётгани йўқ! Орада уриб, тепкилаб туришибди! (ўйланиб, самимий) Шу саҳнани олаётганимизда, актёр қўл ва оёғининг тирноқларини ўстириши керак эди. Суратга олиш жойига бориб, энди оламиз десак, актриса келиб: "актёрни оёғини ювмайман” деса бўладими? "Бу саҳна менга керак” десам, "ювмайман” дейди.  "Бўлмаса” дедим, "бир усул қўллаймиз, сув қуясиз” дедим. Ўгай ўғил билан боғлиқ саҳна эса, аёлни ҳеч ким у ерда одам ўрнида кўрмаётгани, ўгай бола ҳам, она деб қабул қилмаётганини, қул деб қабул қилаётганини кўрсатиш учун керак эди. Аёл у болани "болам” деса, уни эса аёлга нисбатан, фикри бошқа ёқда. Чунки, аёл у ерда фақат қул холос. Бу унинг хорлиги. Шуни кўрсатмоқчи эдик. Бир киши фикр билдирди, "нега фильмда тожикчада гаплашишаётганда, ўзбекча таржимаси йўқ” дейди. Сиз буни, ўша "Райҳон орқали қабул қилинг” дедим. "У  қандай тушуняпти, сиз ҳам шундай тушунинг” дедим. Фильм қаҳрамони Райҳон ҳам тушунишга ҳаракат қиляпти, уни дунёсига тушиш керак. Баъзи бир томошабинлар, "фильм ниҳоясини тушунмадик” дейишди. "Аёл фарзандларини кўргач, қайтиб кетмагани яхшимиди”, шунга ўхшаш фикрлар. Мен айтдим, йўқ, бу аёл ўзбек аёлими, мусулмонми, келди, ўзининг уйига энди у бегоналигини ҳис қилсин! Уни энди бу уйга, яқинларига, ҳаққи йўқ шу болаларни ёнига келишга! Қандай қилиб уларнинг ёнига боради? Кимларнидир қўлига ташлаб кетган! У қандай қилиб, бу тўсиқни босиб ўтади? Ахир ҳозир чиқиб келяпти, ҳали босиб ўта олмайди. Балки, босиб ўтар,  болалари билан учрашар, болалари ҳам қайсидир маънода қайта қабул қилишар, лекин бу кейинги масала ва у ҳозир бунга тайёр эмас!

 

Феруза Фаттохова: – Сиз ҳозирги кунда кўпинча жиддий мавзулардаги фильмларни суратга олмоқдасиз, "Алданган аёл” фильми ҳам шулар жумласидан. Айтинг–чи, айнан жиддий мавзулардаги фильмларга қўл уришингизнинг асосий сабаби нимада? Баъзилар ҳозирги кунда хусусий фильмларда кўпроқ фаолият юритиб, моддий фойдани биринчи ўринга қўяди. Сизни эса, фильмларингизнинг кассаси, яъни моддий тарафи қизиқтирмайдими?

Ҳилол Насимов: – (самимий) Моддий томони ҳаммани ҳам қизиқтиради, лекин пул ишлайман деб, олди–қочди, бир неча фильмлардан бирор эпизодларини олиб, ёки ҳинд фильмидан олиб, чиқарилаётган фильмлар сон–саноқсиз бўлгани учун ҳам, мен жиддий мавзуларни танлаяпман. Менга ҳам, сал енгилроқ, кассабоп мавзулар олсангиз бўлмайдими, ҳам дейишган. Мен энди, шу барьерни сакраб ўта олмасам керак. Мана ҳозирги кунда ҳамма кўряпти, фильмларда нафақат актёрлар, балки сюжет ҳам ўзгараётгани йўқ. Албатта, муҳаббат, бири бой, бири камбағал ва шу кабилар... Менга ҳам сценарийлар олиб келишади, биттаси корейс сериалидан олинган, биттаси бошқа  фильмдан... "Бўлган–ку”, десам, "йўқ бу бошқача, ўзбекча” дейишади. (самимий кулиб) "Ҳа, ўзбекчага ўгиргансизлар–да” дейман. Баъзида эса, тайёр ҳинд ёки хориж фильмини шундоқ олишади–да, сал ўзгартиришади, бўлди. (самимий кулиб) Ўзи аввал бунга қўшиқчиларимиз йўл очиб беришганди, бирор қўшиқни сўзларини таржима қилишади–да, мусиқасини ҳам ўзгартирмай шундоқ куйлашади. Энди, буни киноварианти бўляпти. (самимий) Мен фильмларни ёмонламоқчи эмасман. Бундай ишлаётганлар, балки бир гал тажриба йиғар, кейин балки ўзига келиб қолар... Лекин, рақобатнинг борлиги яхши! Рақобат бўлиши керак ва рақобат бор жойда ҳақиқат, ривожланиш, ўсиш бўлади, менимча! Шунинг учун, бундан хафа бўлиш керак эмас, назаримда. Лекин, мен енгил олди–қочди фильмларга қўл урмасам керак, қўл урмайман ҳам деб ўйлайман.

Жиддий фильмлар ишлашимга келсак, мен ўзим жиддийроқ инсон бўлсам керак. Фильмларда ватанпарварлик руҳини кўрсатгим ҳам келган. Масалан, "Фақат ғалаба” фильмида, энди Мустақилликка эришган давлатимиз футболчилари, орият ва ватанпарварлик руҳияти билан майдонга чиқиб, ўша ердан ғалаба билан қайтганликлари кўрсатилган. "Таҳдид” фильмини ҳам, "Алданган аёл” фильмини ҳам олишга асосий сабаб, ватанпарварлик руҳияти ва ҳаётимизни қадрига етиш. Жиддий фильмларга қўл уришимга сабаб, кимдир жиддий фильмлар ҳам қилиши керак. Чунки, барибир ҳар биримизда вантанпарварлик руҳияти жўш уради назаримда. Шу кеча-кундузда, масалан осмонимиз тинч, юртимиз тинч. Ана тинч бўлгани учун ҳам, кўнглимиз хотиржам. Агар тескариси бўлса-чи, мана  бошқа ёқларни кўряпмиз, нималар бўляпти? Менимча шу тинчликни сақлаш учун, ҳаммамиз ҳаракат қилишимиз керак! Фильмларни суратга олиш жараёнида, шу йўналишда қамоқхонага тушганлар билан, шу иш бўйича шуғулланадиган терговчилар, кўпчилик ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ходимлари билан, учрашишга тўғри келди. Шу нарсага амин бўлдим-ки, ўз халқимизнинг баъзи вакиллари, тинч, осойишта ҳаётимизни қадрига етмаяпти! Балки, улар ўз дунёқараши билан ҳали бу нарсани тушуниб етмаётгандир, оқибати нима бўлишини? Масалан, фильм олаётган режиссёр, фильм воқеаларини охиригача, кўзини олдидан ўтказиб олиши керак. Агар улар ҳам, шу лентани кўзини олдидан ўтказса, ахир бошқа жойларда қандай ҳодисалар бўляпти? Оллоҳни ўзи асрасин! Айтмоқчиман-ки, бузуқ ақидапарастларнинг чангалига тушиб, ножўя йўлга кириб қолмаслик учун, ҳамюртларимиз кўзларини очишларини, ҳоҳлардим. Шунинг учун ҳам, "Таҳдид” фильмида, ватанпарварлик руҳиятида, шу йўлда керак бўлса, ўз муҳаббатидан, фақат ўзининг эмас, балки онасининг орзу-умидларидан ҳам кечиб, халқи учун, халқининг осойишталиги учун жон беришга тайёр ҳамюртларимиз борлиги, кўрсатишга ҳаракат қилинган. Энди шулар сабоқ бўлсин деган ниятда, шундан келиб чиқиб, кейинги фильмимиз, билиб-билмай алданиб қолган, олдидан оққан сувнинг қадрига етмаган аёлларимиз ҳақида, "Алданган аёл” фильми. Шу фильмни кўриб, бир полковник фикр билдирди: "Бу аёлларнинг муаммоси эмас, бу эркакларнинг муаммоси! Нимага? Наҳотки, шунчалик беэътибор бўлиш мумкин? Бу ҳаммаси беэътиборликдан! Кечирасизу, уйда бирга яшаётган хотинини нима қилаётганини билмаса, унда ёнидаги хонадонда яшаётган қўшнисининг нима қилаётганини қаердан билади? Шунинг учун, кўзимизни очишимиз керак!” Мен айтдим-ки, демак бу инсон фикрни тушунибди. Илоҳим, ҳамма тушунсин. Тушуниш учун, фильм озгина бўлса ҳам, туртки бўлса, биз ижодкорлар хурсанд бўламиз. Шунинг учун ҳам, жиддий фильмларни ҳам қилиш керак, деб ўйлайман.

 

 

Ғофур Шермуҳаммад Драматург, сценарий муаллифи

 

1973 йилда туғилган.

1997 йил Тошкент Давлат университетининг Журналистика факультетини тамомлаган.

 "Ўзбеккино” миллий агентлигида бош муҳаррир

 "Ёзувчилар уюшмаси” аъзоси

"Чавандоз”, "Аросат”, "Таъзиядаги тўй”, "Алданган аёл”  фильмларининг сценарий муаллифи

Шунингдек, "Қорақалпоқ фильм” томонидан суратга олинган  "Қўшнилар” фильмининг, Мурод Бойназаров билан бирга, ҳаммуаллифи

1999 йилда "Муқимий” театрида "Қудуқ тубидаги фарёд” деб номланган пьесаси, 2005 йилда эса, "Париқишлоқ афсонаси” пьесалари спектакль қилиб, саҳналаштирилган.

Ҳ.Олимжон номли Самарқанд вилоят театрида "Кўзларида холи бор” деб номланган комедик пьесаси саҳналаштирилган.

"Уч тут қўшиғи” пьесаси, "Миллий” театр бирлашмаси томонидан эълон қилинган танловда ғолиб деб топилган ва мукофотланган.

 

Феруза Фаттохова: - "Алданган аёл” фильми сценарийсини ёзишга нима туртки бўлди? Ёзишга қанча муддат кетди ва фильм воқеалари реал ҳаётдан олинганми?

Ғофур Шермуҳаммад: - Бу мавзуда сценарий ёзишни анчадан буён ўйлаб юрардим. Жуда ҳам бир актуал мавзу. Бир йилдан ошиқроқ вақт, бир неча вариантларини ёздим. Фильм ҳаётий воқеларга асосланган. Фильмга шундай фожеаларни бошидан кечириб, ўзининг қилмишларидан пушаймон бўлиб, изтироб чеккан аёлнинг қисмати асос қилиб олинган. Реал прототипга эга, бир аёлнинг бошидан кечирганлари, унинг гапириб берган оғир фожеавий ҳикоялари асосида бўлиб, бироз бадиий бўёқлар берилган. 

 

Феруза Фаттохова: - Демак, фильмдаги аёлнинг ҳаётда прототипи бор дедингиз. У аёл ҳозир ҳаётми ёки?

Ғофур Шермуҳаммад: - Ҳозирда ҳаёт ва қилган ишларидан тавба қилиб, амнистия билан озодликка чиқарилган. Ҳозирда унинг оғир кунлари ортда қолган. Эшитишим бўйича, болалари билан кўришиб туради. Фарзанд учун она, барибир она. Онадан ҳеч қачон воз кечилмайди. Лекин, оиласига қайтмаган бўлса керак. Келгусидаги шахсий ҳаётини, жуда ҳам чуқур сўраб–суриштирмадим. Энди бу аёл, ўзи ҳаётда билмай алданган, ўзи истамай қоқилган.

 

Феруза Фаттохова: - Сценарийни ёзиш жараёнида, қайси жиҳатлари қайта ишланиб, тўлдирилди? Қайси тарафларига асосий эътибор берилди?

Ғофур Шермуҳаммад: - Бу мавзунинг ўзи жуда ҳам оғир ва ёзиш ҳам мураккаб бўлди. Фильм экранга чиққач, премьерада ўтирганимда, аёлнинг изтиробларини кўриб, ўзимнинг ҳам юрагим эзилди. Аёлнинг фожеаси бу, аслида эркакларга қаратилган, деб ўйлайман. Аслида, бунга, аёлларни шундай ҳолга тушишларига эркаклар айбдор. Чунки, аёл киши табиатан содда, ишонувчан, нозик бўлади. Уни осон алдаш мумкин. Ана ўшанда эри қаёққа қараган? Бошқалар қаёққа қарашган? Асосий эътиборни, эркакларимизни кўзларини каттароқ очишга, "қаранглар” деган маънода сингдиришга ҳаркат қилганмиз. Ҳаётда ҳамма нарсалар бўляпти. Энг катта нарса бу, тинчлик – хотиржамлик. Мамлакатнинг, эл–юртнинг тинчлиги. Аёл киши бу фарзанд кўриб, ўз оиласи билан, ҳаётни давом эттирадиган инсон. Лекин, нафосат тимсоли бўлган аёлларни мана бундай, ишларни қилиб юриши, бу жуда ҳам оғир нарса! Бу тинчликни издан чиқариш, мамлакатни, ўша мамлакатда яшайдиган ўз фарзандларининг келажагини бузиш, яна ўз жонига қасд қилиш учун бориб, ўша нарсаларни бориб ўрганишлар, сўз билан ифодалаш қийин бўлган, оғир нарсалар, деб ўйлайман.

 

Феруза Фаттохова: - Сценарий ёзиш жараёнида, сиз учун энг таъсирли бўлган эпизодлар?

Ғофур Шермуҳаммад: - (ўйланиб) Ўша аёлни бегона юртларда хўрликларга дуч келиши, мана шуни ёзишнинг ўзи жуда бир оғир бўлди. Фильмда тайёр бўлгач, кўраётганимда ҳам, жуда бир юрагим эзилиб кетди. Чунки, бу ёқда Ватанида, эри ва фарзандлари бор эди, ўйламай қилган иши оқибатида, у ёқда қандай оғир аҳволга тушиб қолди. Қандайдир бир кимсанинг уйида хизматкор, чўрига айланиб қолиши, унинг уйида азоб чекиши, ўзини осишгача бориши, ўша нарсаларни ёзиш, ўзимга ҳам оғир бўлди. Бир эмас, бир неча эпизодлари, фильмда ҳам жуда таъсирли бўлди. Режиссёр Ҳилол Насимов фильмни жуда яхши суратга олган. Мен сценарийни ёзиш вақтида, аёлнинг хўрликларини ёзиб, қийналган эдим, фильмни кўриб, яна ҳам эзилдим. Негаки, режиссёр жуда ҳам таъсирли қилиб, суратга олган экан.

 

Феруза Фаттохова: - Фильм ишлаб чиқариш жараёнида, режиссёр билан тортишувлар юзага келдими?

Ғофур Шермуҳаммад: - Йўқ, фақат мулоҳаза билдирдим. Фильм бошланишида, ўша аёл бирданига ақидапарастликка ўтиб кетгандек, тезлашгандек туюлди, чунки, мен ёзганимда, яна эпизодлар бор эди. Фильмни суратга олганда, бироз қисқартирилган. Сценарист ёзади, тасвирга кўчгандан кейин, барибир кўпайиб кетиши мумкин. Ўзи одатда, энг яхши фильмни олсангиз ҳам, муаллифнинг нимадандир кўнгли тўлмаслиги мумкин. Вақти кўпайиб кетгани учун, ортиқча баъзи таассуротлардан воз кечишга мажбур бўлинган. Сценарийда менга таъсир қилган шундай бир жойи бор эди. Аёл қочиб, Покистондаги ўзбек йигитлари ёнига боради. Ўшанда, уларга бошидан кечганларини гапириб бергандан сўнг, бояги йигитлардан бири айтади: – Эй, синглим – дейди, –Биз ҳам асли ўзбекмиз. Афғоннинг ўзбекларимиз, ўша ерда яшаганмиз. Лекин, эсимизни таниганимиздан бери, уруш, ўлимдан бошқа нарсани кўрмадик. Бир кун тинч яшаб, ҳаловатимиз бўлмаган. Шу урушлардан безор бўлиб, афғондан бу ерга келиб, шу ерда Покистонда юрибмиз. Лекин, ярим кўнглимиз, қариндош–уруғларимиз ўша ёқда. Қандай яшашяпти? Тинчмикан, деб Доимий кўнглимизда ҳадик туради. Бизларнинг ҳам, асл Ватанимиз Ўзбекистон. У ердаги шароитни биламиз, тинч, осойишта яшаяпсизлар. Эшитиб, ҳавасимиз келади, хурсанд бўламиз. Сизлар эса, ўша тинчликни бузиш учун, шундай қилиб юрибсизларми? Қайси ақл билан шу нарсани қилдинглар? Сизлар ўзларингизни тинч ҳаётингизни қадрига етмайсизлар! Тинч–хотиржам яшаяпсизлар! Шуни бузиш учун, бориб ўзингларни портлатиб, Ватандаги тинчликни бузиш учун, шу ерларга келиб қолдингларми? Қайси ақл билан шу ишга қўл урдинглар?” - деган гапларни эшитиб,  бояги аёл, "ўша йигитлар шу гапларни айтганда, қилган ишларимдан шундай афсусландим, роса йиғладим” дейди. Ўша жойлари бор эди, қисқарган. Шундоқ ҳам, у аёлни изтироб–ўкинчлари берилди, дейилди. Лекин, умуман олганда, режиссёр фильмни жуда яхши олган. Албатта, холис баҳони ҳамиша томошабинлар берадилар.

 

Феруза Фаттохова: - Демак, режиссёр Ҳилол Насимов сизнинг ишончингизни оқлади? Сизни режиссёрнинг ишидан кўнглингиз тўлди?

Ғофур Шермуҳаммад: - Ҳа. Режиссёр фильмни жуда яхши суратга олган. Бу битта менинг фикрим эмас, кўпчилик томошабинлар шундай фикрдалар. Муаллифликка режиссёрнинг ҳам номини қўшдим, негаки баъзи жойларида унинг ҳам қўшилган топилмалари бор. Режиссёр Ҳилол Насимовга ишонса бўлади!

Феруза Фаттохова

Бўлим: TV | Teatr, Kino.uz | Кўрилган: 11063 | Чоп этди: Sayyod | Теглар: Aldangan ayol filmi

Нравится
Барча изохлар: 31
1 Dilnoza   (08-Июл-2011 08:30) [Материал]
BIR MACHITGA ISHLAYDIGAN AYOL MENGA SHU NARSALARNI YANADA CHUQURROQ CHIROYLI ÒRGATGANDI U KISHIGA RAXMAT ENG ASOSIYSI KÒNGLIMIZ TOZA BÒLSIN.

2 Kamola   (08-Июл-2011 08:45) [Материал]
Man ko'rdim bu filmni. Judayam tarbiyaviy ahamiyatga ega film. 10 marta ko'rsang ham yana ko'rging keladi. Insonni o'ziga jalb qiladigan film. Haqiqiy hayotiy film iwlangan. O'zimizi hayotimizdan olingan. Ortiqcha keraksiz sahnalar bo'lmagan. Sevgi muhabbatdan ancha yiroq film. Man wu filmni suratga tuwirgan barcha ijodiy jamoaga o'z minnatdorchiligimi bildiraman. Ko'pro wunga o'hwaw tarbiyaviy, yowlarbop va katta yowdagilarga ham birdek qiziqiw uyg'otadigan filmlar yaratiwingizni iltimos qilgan bo'lardim. Sayyod rahmat sizga katta. Har doimgide orginalsiz.

3 zeboshka   (08-Июл-2011 09:04) [Материал]
rosa yaxshi film ekan

4 Umicha   (08-Июл-2011 10:04) [Материал]
Film haqiqatan yaxshi chiqqan.Juda ta'sirli,rejisyor va scenariy muallifiga alohida tashakkur.Hozirgi o'ldim kuydim kinoladan ko'ra shunaqa odamlani ogohlikka,Alloh berganiga qanoat qilishga undaydigan filmlar ko'pro olinishini hohlardim.Film ijodkorlariga bundan keyingi hayotlari va ijodlariga omad tiliman.Hamisha sog' bo'linglar....

5 Umicha   (08-Июл-2011 10:07) [Материал]
thumb up

6 HURSHID   (08-Июл-2011 10:58) [Материал]
zo`r kino chiqqan lekin

7 UZRO   (08-Июл-2011 12:11) [Материал]
DA, JUDAYAM TA'SIRLI CHIQQAN

8 UzDDS   (08-Июл-2011 12:12) [Материал]
:-)

9 NOZI   (08-Июл-2011 13:15) [Материал]
Яхши кино экан, курдим. Энг асосийси долзарб мавзу танланган ва бошка кинолардан жанр ва сюжет жихатдан кескин фарк килади. Актерлар ансамбли хам яхши танланган. Фильм ижодкорларига омад

10 Nigora   (08-Июл-2011 20:43) [Материал]
Man bu kinoni yaqinda ko`rdim. Haqiqatdan, kino juda ma`noli, lavhalari ishonarli. Ayniqsa, manga ayolning begona yurtlarda birovlar qo`lida xo`rlangani juda qattiq ta`sir qildi. Hozirgi "xontaxta" (kassabob) kinolardan ancha-muncha yaxshi. Omad!

11 Nodirbek_studio   (08-Июл-2011 20:58) [Материал]
Rayhon rolni juda maromiga etkazib o'ynagan

12 rustamjon   (08-Июл-2011 21:24) [Материал]
Tog'risi ni yozsam o'zimizning filmlarni deyarli kormayman .Mana shu filmni joram maslahat berdiki kordim, ketgan vaqtimga achinmadim !

13 borka   (08-Июл-2011 23:40) [Материал]
Maqola biroz quruq chiqibdi, xuddiki zuriqib yozilganday. "Menimcha", "fikrimcha", "deb uylayman" va h. hech yopishmagan. Ozginayu sozgina bulsa yaxshi bulardi.

14 RUSTAM   (09-Июл-2011 08:25) [Материал]
JUDA MANOLI KINO FILM BOLIBDI,KOTTA SOVOBGA EGA BOLIBSIZLAR JUDA IBRATLI ,BU FILMNI NAFAQAT OZBEKLAR KORADI BALKIM BOSHQA MILATLAR UCHUN HAM MAKTAB BO'LADI,KO'ZLARINI KOTTA OCHISHSIN BU YOLGA ALDANIB KIRIB QOLISHDAN OLLOH ASRASIN QANAQA HOLATGA TUSHGANDA HAM HIS TUYG'ULARNI JAMLAB ,ODAMZOT O'ZINI QOLGA OLISHI KERAK ,OLLOH QALBDA BOLSIN ,O'ZIDA BO'LSIN AVVALO BIROVLARNI ZABONI BILAN OLLOHNI YOD ETMASIN ,QIYINCHILIKNI YUTA OLADIGAN ODAMGINA SABR TOQAT OLLOHGA BO'LGAN ISHONCHI BILAN QALBDA ISH YURITSIN ,QOLURSA OLLOHNI YOD ETISH UCHUN OLLOH BERGAN BAXTDAN QOCHIB BIROR KIMSANI GAPIGA KIRIB BEGONA YURTLARGA KETISHDAN OLLOH ASRASIN,SHU ALDANGAN AYOLLAR BU KALLA NIMAGA BERILGAN MIYACHI TOVBA O'ZLARIDA AYB ,AXMOQLIK ISHONUVCHANLIK OQIBATDA OILASIDAN AYRILISH KIM AYIBDOR BUNDA, O'ZIZLAR AYIBDORSIZAR,IBLISLAR BOSDI ERIMIZNI NOG'RASINI CHALMOQDA LIBOSI QORA GAPGA USTA ALDANMANGLAR ,AVSUSDAN OLLOH ASRASIN BIZNI,FILM IJODKORLARIGA YANA BIR BOR RAXMATLAR BO'LSIN!!!!!!!!!!!!!!!!!

15 Yorqin-3077   (09-Июл-2011 13:51) [Материал]
Кинони курмадиму лекин макташуди хозир укиб тугриси курганде булдим. Рахмат САЙЁДЖОН

16 Parvina   (09-Июл-2011 18:10) [Материал]
Холам шу кино куриб тавсия килган эди. Аммо бу кино хали бизада сотувда чикмаган. Ман курдим. Холам айтиб бераётган пайтида Худога шукур фарзандларим олдимда, дунёга кайта тугулганде булдим деганларича бор экан. Илохим кузимиз оччиклигида якинларимизни ёмон йуллардан асрайлик!!

17 jojo   (09-Июл-2011 20:15) [Материал]
Kinoni kurdik tasirlandik lekin bunda bizningcha uzbek halqini va Namozxonlarni faqat terorday kursatgan bu kinoni har tilda tarjima qilib kursatsa xudi jaloday buladi uzbek xalqi chunki Islom dinini qanchalik yaxshi ekanligini tushunmaydigan xalqga manoli qilib kursatmagan

18 mts   (09-Июл-2011 20:35) [Материал]
ХА ЖУДА ЗУР ИШЛАНГАН ФИЛИМ ЯРИМАГАЧА КУРГАНДИМ ИШЛАР БН БУЛИБ КОЛГАНИНИ КУРИБ БИЛМАГАНДИМ ЛЕКИН ФИЛИМ ЖУДА МЕНГА ЁККАНДИ

19 Mr_BaXa   (10-Июл-2011 11:53) [Материал]
Man mawi kino'ni ko'romadim ubu kimda disci yo'mi

20 Everything will be OK   (10-Июл-2011 16:08) [Материал]
мангаям жуда ёкди шу фильм. рахмат шунака яхши маноли кино оладиган режиссерла борлиги ун

21 Dilnoza   (10-Июл-2011 19:23) [Материал]
Maqola zòr quruq xam emas. Juda moyligina zòr. Kinoni kòrmaganman. Maqolani òqib kòz oldimdan òtkazib kòrganday bòldim.

22 jojo   (11-Июл-2011 00:13) [Материал]
kinoni judayam burttirib ishlashgan manga umuman yoqmadi.....

23 mishel   (11-Июл-2011 02:01) [Материал]
MAN FAQAT BEGUNOX UKASE JUDAYAM ACHUNDIM...XAYVON OPALAYAM BOR-DEE AFSUS ,,,QAYTANGA O'ZI ULIPKETSA ACHUNMASEDIM,KOPKOTTA AYOL AQILSIZ TUPOY ASABIM CHIDOMADI USHA LANATI AYOLGA UKASI XAQIDA UYLAPAM KORMADIYA,O'LGANDAN KEGIN KECHIRMUSH...qayguli.....

24 muxayyo   (11-Июл-2011 04:31) [Материал]
assalomu aleykom kino yomon emasku lekin bo'rtirib yuborishgan go'yoki barcha hudi kino qahramolari kabi hijobli va namozohonlar shunqa diganga o'xshab chiqan bita yomon bo'lsa bu digan hamasi yomon degani emas dindan xabari yo'q odam yomon dip o'ylashi tabbiy alloh barchga insof bersin

25 Dilnoza   (12-Июл-2011 05:44) [Материал]
Мухайе шуни айтадида хамма бир киши у.н бир киши хамма у.н деб cиз хафа буманг кимни канакалигини барибир хамма билади

26 oybek   (12-Июл-2011 20:43) [Материал]
mana yaxshi yaxshi aktrisalarimiz bor ekanku......JUDA XAM ZUR ISHLANGAN GAP YUQ...

27 locoste....   (12-Июл-2011 22:29) [Материал]
uzr manga bu film umumn yoqmadi umuman olganda uzbek film kurish keragi yo 1ta mavzu tanlashadi lekin sliwkom bachkana qilib bortiriwvaradi......bu kino ham uwala qatori bachkana va burtirvariwgan........

28 muxayyo   (12-Июл-2011 23:25) [Материал]
assalomu aleykom gapiz to'g'ri dilnoza inshaalloh haqiqat yuzga chiqadi alloh adolatli

29 mubina   (17-Июл-2011 03:50) [Материал]
kino umuman olganda faqat dinga qarshi bulishga chaqirgan hamma narsasi dinni yomon qilib kursatish xotinni eridan suramasdan kechgacha kuchada yurishi va hokazo yana bitta joyida kotta xotin nasihat qilib bu chettagilarni kiyimini kiymang deydi a shuncha moda deb kindigi ochiq kuti ochiq bulib yurishibdi qizlar ular uzbeklarni kiyimi ekande umuman olganda faqat islom dinini yomonlab tashlagan i vsyo

30 Dilim   (17-Июл-2011 17:31) [Материал]
Bu film yaxshi atishlangan. Buni kim qanaqa tushinishiga bog'liq. Filmda muqaddas dinimiz emas balki dinni niqob qilib qabix niyatini amalga oshirmohchi bo'gan kimsalani asl qiyofasi ko'rsatilgan.

31 Холис   (18-Июл-2011 18:45) [Материал]
Манимча диндан анча хабари бор одам бу филмни курса куп камчиликларни куриши мумкин. Диндан хабари йук одамларга ислом динини жудаям бир хунук ва аянчли, одамни нафрати келадиган килиб курсатилган. Бу филмда режисёр ва бошка снера устида ишлаганлар кимгадур яхши курниш максадида бу филмни суратга олишган. Бу фильмда ислом динини гузал тарафлариниям курсатса буларди. Афсус котта хато булган.

dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Исмингиз *:
Email(шартмас):
Код *:

Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: 

Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ!

Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин!

-Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. 

(батафсил манбаа)

Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод

YUQORIGA!