09:01 Сиздан аввал хам, сиздан кейин хам СИЗСИЗ! | |
-Узр, чин дилдан. Эски йилда хафаликлар қолиб кета қолсин... Таниш сатрлар а?
Эски йилда хафаликлар қолиб кетсин дея кўпчилик узр сўраб муносабатни тиклаб кетаверади. Нафақат янги йил арафасида балки бу нарса хайит байрамларидаги кам бўлса хам аммо, учраб турадиган яхши холатлардан бири. Бироқ Аллох тарафидан буюрилган кечириш шартлиги ортида у муносабатни давомлаш мажбурияти турмайди. Айтмоқчи бўлганим кимнидир кечириб ундан кечирим сўрашингизда рухиятингизни тозалаб оласиз. Сизга нолойиқ бўлган инсон билан эса бундан кейинига яна муносабатни тиклаш шарт эмас, чунки агар у инсон сизга хиёнат қилган бўлса ишонаверинг, яна хиёнатлар ва кечиримлар кети узилмайди. Бир маротаба хиёнат қилган одам яна қилаверади. Табиати шу ундайларни. Айби хам ўзидамасдир уларни, ўзи хам сабабчи эмасдир, хаёт, атроф мухит, тарбия, дунёқараш...яшаш учун курашдаги осон бўлган қулай-ғирром усулидир...Лекин, шундай инсон ўзи сизни биргина бўлган хаётингизга керакми? Яна кечиришингиз сонлари ортавергач у хам ўзига тегишли хулоса қилиб айбини тушуниб етмай, барибир яна кечиради деб давомлайверади. Аниқ шуни айтиб қилмасада, онгли равишда ўзи хам қандай қилиб қўйганини билмайди. Натижада ўзингизниям хаётингиз ғубордан халос бўлмайди ва у инсонга хам ёрдам бермайсиз. У хам ўз айбини тушуниб етиши ва ўз устида ишлаши, ўзини тарбиялаши деган нарсалардан айирасиз.
Хаёт битта! Одамлар эса дунёда жудаям кўп! Учрагани шунча бўлса, учрамаганларичи?
Хаётимизда учрайдиган инсонлар мисли Аллох тарафидан юбориладиган ризқ каби. Жума хутбасида бир эшитгандим: ”Келган ризқни ушлаб турманг, ишлатинг зеро келаси кун эшигингизни қоқиб келган ризқ хажми янада катта бўлишига қарамай сиз ушлаб турган ризқни кўриб қайтиб кетади”-деб. Хаётимизга кириб келадиган инсонларни хам шу тариқа деб биламан, нолойиғини биттасига ёпишиб олсангиз Аллох юборган бошқа, балки лойиғи эшик тагида туриб қайтиб кетаверади. Чунки хаётингиздаги шундай инсон ўрни банд! У қайтиб кетган эса балки сизга муносиби ва аввалгисиданда аълодир? Хар биримизни хаётимиздаги учрайдиган инсонларни турфа хил роли билан ўрни бўлади ва улар лойиқ бўлса қолдиринг, бўлмаса бўшатинг ва албатта бошқасини учратаверасиз. Яна нолойиғи келдими демак ўзингиз хали у дарсни тўлиқ ўзлаштирмаган кўринасиз, ёки сизни ўзингиз унга мосмасдирсиз... Фақат ўзга айбдор бўлавермайди деган тарафлари хам бор. Лойиғини излаймиз, керак бўлса у ўз лойиқ инсонини топмаган ўринни қайта-қайта бўшатаверишдан чарчаманг, токи лойиғи барибир топилади. Бир-бирингизга лойиғи! Нафақат сизга у лойиқлик тарафи балки сиз хам унга лойиқ бўлишингиз керакку. Унда қандай муносабат? Бирига қулай, бошқаси чидамда кечиши бу муносабат эмас, бу қуллик! Муносабат ўзаро қулай ва шинам бўлиши шарт! Бу фақат мухаббатда эмас, дўстлик, хамкорлик, ишчи ва хоказо, хамма-хаммасида!
Хаётимдаги тажрибадан келиб чиқиб ёзяпман. Тажрибам эса ёш эмас, ёшим хам бу ёшимга тўйинган сохалару учраган одамлар турию сонлари билан хам етарли бойликка эга. Шу сабаб хам чин дилдан яхши ният билан яхши тажрибам билан бўлишяпман холос. Истасангиз олинг ва фойдасини топинг, бўлмаса ўзингиз англаб етмагунингизча яраларингизни ўраб, қонларингизни мазасини татиш билан қисқа умрингизни зое кетказаверинг.
Кечиримли бўлинг, кечирим сўрашни унутманг аммо ўша инсон хатоси оғирлигига ахамият беринг. Қолишга лойиқми? Сизчи? Кечирим сўраган инсонингизга ўзингиз хам лойиқмисиз, аслида? Йўқми? Унда кечирим сўрангу кейинги муносабатга интилмаётганингизни хам билдиринг ва чин дилдан кечириб, шунчаки салбий энергетикани қўйиб юборишни англатингу...кетинг. кетақолинг! Кета туриб яхши хиссиёт билан якунлаб кетинг! Чунки сиз ва ундаги салбий энергетика ижобий хислатда якунланмас экан келаси учрайдиган одамлар энергетикаси ундан аъло бўлиши мушкул иш. Узилмаган энергия устидан янгиси унмайди. Вақт ўтиб ортга қараганингизда умрим салбий таассуротлар нуқтасида якунланган ва “крест”лар тагида қолган инсонлар сони билан эмас, ёмонидан хам чиройлик якунланган дарслар бўлгани афзалроқ . Хархолда узрлар айтилдику яхши хайрлашилдику дейилгани ижобий хислат сездиради. Бу эса мухим!
Келаётган янги йил бўсағасида хар тарафлама сархисоб билан хисоботингизни ижобий якунлаб , узрларни айтиб, узрларни қабул қилиб янги йил, янги хаётга қадам босар экансиз, лойиқлари билан янги йилга бирга ўтинг . Нолойиқларини эса чиройлик узрлари айтилган оханг билан эски йилда қолдириб кетаверинг. Хаёт бир мартта берилади. Шу исм , шахсингиз ва кўринишингизу, тақдирингиз бу хаётингиз билан бир донагина! Яхши яшанг! Ёқтирмаган таомни ўзингизга зўрлаб еганингиздан нима фойда бор? Ёки организмингизга тўғри келмайдиган нарсалар қанчалик сизга тотли туюлмасин у организмингизни бора-бора ишдан чиқаргани қолади. Даволана туриб ачина бошлайсиз. Яна салбий хислар...уланиб кетилаверадиган кераксиз ва захарли хислар билан тўлаётган умрга ачинасан киши... Балки ўз вақтида нафсни тийган афзалдир? Хаётимизда учраган инсонлар хам шу каби. Ўзи ёмонмасдиру аммо рухиятимизга салбий таъсир кўрсатади. Харқанча ёқмасин, севиб куйиб, усиз хаёт йўқ деб билманг ундан фақат зарар кўраётганингизга ахамият беринг. Вақтида нуқта керак, бўлмаса рухиятингизни батамом расво қилиб кетганидан кейин тикланиш мушкул иш. Хаётга назар билан тушунчалар ва дунёқараш хам зарарланиб қолсаку тамом дегани...бир ўзингиз хаётга келдингиз, ўша инсонсиз хам кулиб яшагансиз, бахтиёр бўлгансиз, хаётдан завқлангансиз...шартми кимнидир деб буларни баридан воз кечмоқ? Олдинда эса яна қанча хаёт, қанча саргузаштлар, қанча янги чехралару қанча янги хиссиётлар! Хар бир янги инсонни ўзи янги бир тақдир, янги бир олам! Сизэса хаётга бир ўзингиз келдингиз, бир ўзингиз кетасиз...учраганлари сиздан аввал хам, сиздан кейин хам сизсиз!
Майли кимдир сизга ёмондир аммо кимгадир у бутун олам, худди сиз хам, хаммамиз хам кимгадир ёмонмиз, ким учундир бутун олам, кимгадир эса шунчаки ёнгинасидан ўтиб кетган бир чехра холос! Шундайларни қанчаси кунига бир-бирини фақатгина кийиб олган кийими, соч турмаги, кўриниши ва кимгадир ўхшатиши билан бир муддат ёдида қолдирадию, бир неча қадам шарофати билан унутиб юборади. Туташмай ўтган тақдирлар атрофимизда минглаб! Мана шу тарафларини ўйлаб салбий хиссиётлардан воз кечинг. Яхши ёки ёмон инсон бўлмайди! Шунчаки мос ва лойиқлар бўлади. Лойиқлар атрофингизда қанча кўп бўлса, бу хаётда яшаб ўтганингиздан ачинмайсиз! Сиздан аввал хам, сиздан кейин хам аслида сизсиз бўладиган яхшию ёмонлар қанча?
Sayyod
| |
Бўлим: FIKRiston | Кўрилган: 21944 | Чоп этди: Sayyod |
Нравится
Барча изохлар: 18 | |||||||||||||||||||||||
Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ! Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин! -Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. (батафсил манбаа)
Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод |