Кеча 25 май куни, бу йилги
битирувчилар билан суҳбатлашиш ва анъанага айлангандек, байрамни ҳис қилиш
мақсадида, Тошкентнинг кўплаб диққатга сазовор жойларида бўлдик. Масалан, "Зарафшон”
концерт зали атрофлари, Мустақиллик майдони, "Миллий боғ” ва бошқа бир нечта боғларда. Лекин, билмадик, бу гал бу
байрамдан бироз файз йўқолгандек. Сабаби, бугун айланишга чиққан ёшларда байрам
шукуҳи, завқи етишмаётгандек назаримизда. Шу сабабли, байрам эканлигини
билдириш мақсадида, фақат ушбу ҳолатга монанд ёшларни суратга олдик. Мактаб
ўқувчисидек кийинган, сочларига оқ лента тақиб, битирувчидек кийинган ёшлар, чиндан
ҳам 25 май "Сўнгги қўнғироқ” бўлганлигини билдириб турардилар. Лекин,
афсуски, жуда кўплаб ёшлар, бу анъанани аста-секин ёддан чиқармоқдалар шекилли,
чунки бу куни айланишга ҳар кунгидек кийимларда чиққанлар ва уларни битирувчи
эканликлари билинмайди ҳам.
Битирувчилар бу кун ҳақида ҳар хил
фикрлар билдирдилар. - Бу кун унутилмас кун! Чунки, у
қайтиб келмайди! –
деди 9 синф битирувчиси бўлган бир қиз. Чиндан
ҳам бу кун қайтиб келмайди, шунинг учун ҳам битирувчилар бу куни охирги марта ўзларини
мактаб ўқувчисидек ҳис қилишаётган бўлишса ажаб эмас. Лекин, кўплаб битирувчи
ўғил болаларни бу куни ниҳоятда хурсанд эканликлари билиниб турарди. Ахир ўғил
болалар тезроқ катта бўлишга интиладилар–да. Қизлар эса, аксинча, кўплар мактаб
даври тугаганидан хафа, баъзилар ҳаттоки кўзларига ёш ҳам олишмоқда эди. Баъзи
қизлар эса, қаерга ўқишга кириш ҳақида, баъзилар битирув оқшоми ҳақида
ўйлаётганликларини айтдилар. Хуллас, турфа хил ўй–хаёллардаги
ёшлар учун, барибир 25 май "Сўнгги қўнғироқ” куни, эсдан чиқмас кун бўлиб қолса
керак, назаримизда. Феруза Фаттохова Саида Вахобова
|