Менга қўнғироқ қилган нотаниш аёл, ўзини психолог деб таништириб гап
бошлади: - "Исми-шарифим, Мавлуда Шерматова, ўзим психологман, мактабда
ишлайман. "Sayyod.com” cайтига тасодифан маълумот қидириб кириб қолдим. Кўп
нарсалар, очиқ ёзилар экан. Шунинг учун, мен ҳам психолог сифатида, ҳозирги
кунда ТВ каналларида намойиш қилинаётган клиплар ҳақидаги фикрларимни
билдирмоқчиман. Фикрларимни сайтда очиқ-ойдин ёзишингизни илтимос қиламан.
Ҳозирги
кунда доим кекса авлод вакиллари ёшлар ўзгариб кетишяпти, ёки бошқача
кийинишади деб норози бўлишади. Лекин, бу норозиликларни илдизи қаерда? Илдизи
мени фикримча, айнан ТВ каналлари орқали тинимсиз намойиш қилинаётган маъносиз
клипларда! Агар умумий фикрлайдиган бўлсам, биринчи навбатда, клиплардаги
хонандаларни кийимлари ва ҳатти-ҳаракатларини таҳлил қилиб ўтсам.
Клипларда
доим хонандалар, айниқса аёл хонандалар ва рақсга тушаётган қизлар энг сўнгги
мода деб, эгнига қандайдир менталитетимизга муносиб бўлмаган кийимларни кийиб
чиқишади. Албатта, замондан ортда қолиш керак эмас. Ҳеч ким уларга ўралиб, бир
эски кийимлар кийиб чиқишсин деб айтаётгани йўқ! Лекин, сонларигача очиқ,
баданларини кўрсатадиган ва ҳаддан ташқари тор кийимларни кийиб чиқишлари,
албатта ёшлар онгига ўта салбий таъсир кўрсатади. Кўп хонадонларда телевизор
мунтазам ишлаб туради ва хонадондаги ёш болалар ҳам ўша клипларни кўришади ва
айнан, ўша яримта кийим кийганларга эътибор беришади. Ёш қизларда эса, минг
афсуски, ўша клипдагиларга ўхшаб кийинишга иштиёқ пайдо бўлади. Анови клипда
фалон хонанда мана бундай кўйлак кийибди, мен ҳам шундай кўйлак кийишим керак,
деган нотўғри фикр келиб чиқади. Ёки, мана бу хонанда очиқ кийиняпти-ку, клипда
қизлар бундан баттар кийинишяпти деб, ҳар хил очиқ кийимларни кийишга берилиш
бошланади.
Масалан, биз мактабда ёш қизларга,
кийим борасида танбеҳ берсак, улар бизга клиплардан мисол келтириб, "ҳамма
шундай кийиняпти, сиз замондан ортда қоляпсиз” деб бизга, устозларга гап
қайтариш даражасига етишяпти. Уларни ана шу клиплар "тарбиялаяпти”! Фақат,
афсуски яхши томонга эмас! Қизлар клиплардаги қизларни баъзи бир "шаҳвоний” ҳаракатлари туфайли,
юзларидан ибо пардаси сидирилиб, ўзларини йигитларни олдида кўз-кўз қилиб,
шундай ҳаракатларни такрорлашяпти. Айнан, шундай ҳолатлар юз беряпти.
Йигитларга келсак, улар ҳам
хонандалар ва клиплардаги йигитлардан "ибрат” олишяпти! Клипдаги хонанда йигитнинг
атрофи тўла ярим-ялонғоч қизлар, ўзи эса бир қўли бир жойида, бир қўли қизларни
белида, шу аҳволда кимгадир севги изҳор қилиб, "Ўламан, қоламан, севаман,
уйингга бордим, отанг ҳайдади, онанг қарғади” деган мазмунда қўшиқ куйлаб,
ёшларга "замонавийлик” қандай бўлишини "кўрсатяпти”! Ҳозирги йигитлар қизларни
ортда қолдириб, сочларини турлича қилиб, лаклаб, ялтиратиб, силлиқлаб, ёйиб
олишяпти.
Мана шундай маъносиз клиплар
сафига, биринчи навбатда Мавлуда
Асалхўжаевани "Алдама” клипини киритган бўлардим. Бир пайтлар клипларида
стол устида ва ёмғир остида куйлаган хонанда энди ўзини бироз босиб олган. Лекин,
афсуски, унинг янги "Алдама” клипида рақсга тушган қизни юбкасига бир эътибор
берилса яхши бўларди. Қизни юбкаси шу қадар калта-ки, йигит билан рақс
тушганида кўтарилиб кетиб, у ёғини клипни кўрсангиз тушиниб оласиз! Ёш болалар
ҳам клипни айнан шунақа жойларини диққат билан кўришяпти. Мана сизларга клипни
"тарбияси”!
Хонанда Шохруххонга ҳам, очиғи
"Гулилолам” клипини кўриб қойил қолмадим! Клип компьютер графикаси йўналишида,
янгиликка интилиш бор. Лекин, клипда деярли маъно йўқ! Қандайдир модел қизлар,
мана биз, ҳоҳлаганингни танлаб ол дегандек, рақс тушиб, ўзларини таклиф қилишидан
бошқа нарса эмас! Хонандани ўзи бўлса, уларни қайси бирини танлашни билмагандек
боши қотган. Бу клип ёшларга нима бера олади? Атроф тўла қизлар, ҳоҳлаганингни
танлаб оласан деганими?
Ёш хонандалар-ку, ёмғирдан кейинги
қўзиқоринлардек, ҳатто номлари ҳам ёдда қолмайди. Бир қизни клипини кўрдим, номи
эсимда йўқ. Мазмуни, қиз ярим кечаси йигитига дискотекадан қўнғироқ қилади.
Йигит уйғониб жавоб беради. Қиз бўлса қўшиқ айтади, севги изҳор қилиб, худди,
мени келиб олиб кет дегандек. Қаранг-а,
ўзбек қизлари шундай "тарбияли” бўлиб кетишибдими, ярим кечаси йигит кишига
дискотекадан қўнғироқ қилиб уйғотса-я, қандай "одобли” қиз. Яна камига,
йигитдан ранжиб ўтирса. Уйида ухлаётган йигит ҳам шундай қизни, яхши қиз деб
севиб, яна рашк қилиб ортидан борса-я, ана тарбия. Ухлагунча, қизингни ёнига
вақтлироқ бормайсанми?
Бундай клипларни қандай қилиб, ТВ
да намойиш этишга рухсат беришади ҳайронман?”
Психолог аёл, қайси мактаб ва райондан эканлигини айтмади, лекин клиплар
ҳақида узоқ гапирди ва баъзи хонандаларни исмларини эслай олмади. Уни
фикрларини эшитиб, ўйлаб қолдим. Чиндан ҳам, нега энди хонандалар клип суратга
олдираётганларида, уларни турли ёшдагилар, яъни болалар ҳам кўришларига аҳамият
беришмайди?
Феруза Фаттохова
|