Равшан Эрматовга «Эл-юрт ҳурмати» ордени муборак! Tabriklar
Равшан Эрматовга «Эл-юрт ҳурмати» ордени муборак!

Ёқдими?

Бошқаларга хам кўрсатинг:
2014 йилнинг 12 июнь-13 июль кунлари Бразилияда ўтказилган футбол бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов иштирок этиб, Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги шон-шуҳратини янада юксалтиришга, халқимизнинг куч-қудрати ва салоҳиятини намоён этишга муносиб ҳисса қўшди.
 
 
Нуфузли халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришган ҳамюртларимиз эл-юртимиз ардоғида бўлиб, улар муносиб рағбатлантирилмоқда. 
 
Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 25 июлдаги фармонига мувофиқ халқаро майдонда мамлакатимизнинг спорт соҳасидаги шон-шуҳратини юксалтириш, ўзбек футболининг нуфузини ошириш, миллий футбол ҳакамлари мактабини ривожлантириш ишига қўшган муносиб ҳиссаси учун Ўзбекистон футбол федерациясининг халқаро тоифадаги ҳаками, ФИФА рефериси Равшан Эрматов «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланди.
 
Пойтахтимиздаги “Олимпия шон-шуҳрати” музейида 25 июль куни халқаро тоифадаги ҳакамни шарафлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда ФИФА рефериси Равшан Эрматовга Ватанимизнинг юксак мукофоти – “Эл-юрт ҳурмати” ордени ҳамда Президентимиз совғаси – “Malibu” автомобили тантанали равишда топширилди. 
 
Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан истиқлол йилларида тарихий адолат тикланди, халқимизнинг асрий орзуси – озодлиги, эркинлиги ўз қўлига ўтди, тинч-осойишта, фаровон ҳаёт кечириш, бугунидан мамнун бўлиб яшашига имкон яратилди, эртанги кунига ишончи мустаҳкамланди.
 
Мамлакатимиз дунёнинг ривожланган давлатлари қаторида эътироф этилаётгани бежиз эмас. Зеро, тинчлик-осойишталик, адолат ҳукмрон, инсон манфаатлари, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланган мамлакатгина қисқа фурсат ичида ана шундай мисли кўрилмаган натижаларга эриша олади. 
 
Президентимиз раҳнамолигида ҳаётимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар аввало инсон манфаатлари, халқимизнинг эзгу орзу-истаклари рўёбига хизмат қилмоқда. Айниқса, келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодни жисмоний ва маънавий етук, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик ўзининг юксак самараларини бераётир. 
 
Ислом Каримов ташаббуси ва раҳнамолигида дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшган Ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Беруний, Ибн Сино, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби буюк аждодларимизнинг бебаҳо мероси тикланди, улар бугунги кунда авлодларнинг тафаккурида, онгу шуурида, хислатларию фазилатларида намоён бўлмоқда. 
 
Соҳибқирон Амир Темур салтанатида ахлоқий ва маънавий мезонга айланган “Куч – адолатдадир” шиорининг ҳаётимиздан чуқур жой олгани, ҳар қандай шароитда адолат, ҳалоллик, ватанпарварлик, олижаноблик ва бағрикенглик билан иш тутиш ўзбек ўғлони Равшан Эрматов сиймосида бутун дунёга яна бир бор намоён бўлди. 
 
– Камтарона меҳнатларимни Ватанимизнинг юксак мукофоти билан тақдирлаган Президентимизга чексиз миннатдорлик изҳор этаман. Бундай эътибор ва ғамхўрлик келгусида янада юксак марралар сари рағбатлантиради, – дейди Равшан Эрматов. – Жаҳон чемпионатида биз не-не улуғ алломаю мутафаккирларга бешик бўлган буюк юрт фарзандлари эканимизни, биз ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва кам бўлмаслигимизни исботлашни мақсад қилгандик ва бу эзгу мақсадимизга етишганимиздан хурсандмиз. Учрашувларни хатосиз бошқаришимизда халқимиз, миллионлаб ўзбекистонлик футбол мухлисларининг ишончини оқлаш масъулияти бизга катта куч-ғайрат бағишлади. 
 
Бразилияда ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионатини миллиардлаб мухлислар томоша қилди. Улар орасида сайёрамизнинг барча минтақалари вакиллари бор. Улар мусобақани “Ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматов бошқаради”, деган сўзларни турли тилларда эшитди. Демак, улар яна бир карра Ўзбекистон, ўзбек халқи ҳақида маълумотга эга бўлди. Иқтисодиёт, илм-фан, маданият ва санъат ҳамда бошқа соҳаларда дунёга донг таратаётган жонажон Ватанимиз спортнинг энг оммавий тури бўлган футбол соҳасида ҳам жаҳон узра шуҳрат қозонди. Зеро, футбол ўйнаш қанчалар оғир, машаққатли бўлса, унга ҳакамлик қилиш, боз устига жаҳон чемпионати ўйинларига ҳакамлик қилиш, дунёнинг манаман деган жамоаларининг футболчиларини бошқариш, уларнинг ҳар бир ҳаракатига вақтида, бехато, адолатли баҳо бериш – қарор чиқариш шунчалар қийин ва масъулиятлидир. Ана шундай ўта оғир масъулиятни ўзбек ўғлони шараф билан бажаргани ҳаммамизнинг қалбимизни ғурур-ифтихорга тўлдиради. 
 
Энди айтинг, агар юртимиз мустақил бўлмаганида, Президентимиз томонидан спортга, спортчиларга шунчалар эътибор қаратилмаганида бундай ютуқлар бўлармиди?! Тасаввур ҳам қилиб бўлмасди! Бир пайтлар бизга менсимай, паст назар билан қараганлар энди “Ўзбекистон ҳакамлар мактабидан ўрганиш керак”, деб ёзмоқда. Демак, тан олишга, эътироф этишга мажбур бўлмоқда. Демак, ҳақиқат, адолат қарор топмоқда. Бу ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. 
 
2003 йилдан буён ФИФА таснифидаги мусобақаларда ҳакамлик қилиб келаётган Равшан Эрматовнинг Бразилия яшил майдонларида кечган шиддатли ва муросасиз учрашувларни бошқаришдаги юксак маҳорати, адолат принципларига қатъий амал қилиш, ҳар қандай мураккаб вазиятда ҳам тезкор ва тўғри қарор қабул қила олиш, футболчиларнинг руҳий ҳолатини яхши тушуниш каби юксак профессионал ва инсоний фазилатлари халқаро спорт жамоатчилиги, мухлислар, мутахассислар томонидан кенг эътироф этилмоқда. 
 
Р.Эрматов футбол бўйича деярли барча нуфузли мусобақаларни – 2007 ва 2009 йилларда ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги жаҳон биринчиликлари, 2008 ва 2011 йилларда клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатлари финали, 2010 йилги жаҳон чемпионати, 2011 йилги Осиё кубоги финали, 2012 йили ХХХ ёзги Олимпия ўйинларининг футбол учрашувлари, 2013 йилда эса Бразилияда ўтган конфедерациялар кубоги баҳсларини бошқарган.
 
Унинг 2010 йили Жанубий Африка Республикаси ва жорий йилда Бразилияда ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионатларида кетма-кет иштирок этиши ўзбек футболининг, бутун Ўзбекистон спортининг улкан ютуғи бўлди. 2010 йилги мундиалнинг очилиш маросими ва яна тўртта учрашувни аъло даражада бошқариб, дунёнинг манаман деган давлатларига Ўзбекистон спортчиларининг салоҳияти ва қудратини намоён эта олди.
 
Президентимиз Ислом Каримовнинг 2010 йил 20 июлдаги фармонига мувофиқ ўзбек футболининг шуҳратини жаҳонга танитиш, халқаро майдонда унинг нуфузини юксалтиришда ибрат ва намуна кўрсатгани, миллий футбол ҳакамлари мактабини ривожлантириш ишига қўшган муносиб ҳиссаси учун Равшан Эрматов “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони билан тақдирланди.
 
Р.Эрматов Осиёнинг “Энг яхши ҳакам” номинациясида кетма-кет тўрт маротаба ғолиб бўлган қитъамиздаги биринчи ва ҳозирча ягона футбол ҳакамидир. Халқаро футбол уюшмалари федерацияси уни 2011 йилда жаҳоннинг энг яхши ҳаками, деб эътироф этди. Ўзбек фарзандининг дунёнинг тенгсиз ҳаками бўлгани футбол тарихида рекорд сифатида қайд этилган. Мамлакатимиз ва халқаро миқёсдаги мусобақаларни одилона ва юқори савияда бошқариб келаётган ҳамюртимиз 2013 йил якунлари бўйича ҳам дунёнинг энг кучли ҳакамлари рейтингининг юқори поғоналаридан жой олди. 
 
Тадбирда ўзбек ҳакамининг бундай юксак муваффақияти мамлакатимиз мустақиллиги ва Президентимиз Ислом Каримов томонидан спортни, хусусан, футболни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрликнинг амалий самараси экани алоҳида таъкидланди. 
 
Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида ёшларимизнинг ўз ақл-заковати, истеъдодини тўла намоён этиши, маҳоратини муттасил ошириб бориши, юксак маънавиятли, баркамол инсонлар сифатида камолга етиши учун барча куч ва имкониятлар сафарбар этилмоқда. Бунинг самарасида юртимизнинг барча ҳудудларида аҳолининг, айниқса, ёшларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Жумладан, миллионлар ўйини – футболни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ўзининг юксак самараларини бераётир. Президентимизнинг 2006 йил 1 майдаги “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ва 2011 йил 19 январдаги “2011-2013 йилларда республикада футболнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва уни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ўзбек футболи тараққиётини янги босқичга кўтарди. 
 
Кейинги йилларда мамлакатимизда болалар ва ўсмирлар футболи тубдан ислоҳ қилинди. Футбол бўйича болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, ихтисослашган мактаб-интернатлари ва футбол академиялари фаолият кўрсатмоқда, жаҳон талабларига жавоб берадиган замонавий футбол стадионлари барпо этилмоқда, мавжудлари қайта реконструкция қилинмоқда, халқаро майдонда юртимиз шарафини ҳимоя қилишга қодир футболчиларни тарбиялаш, малакали мураббий ва ҳакамлар тайёрлашни янада кучайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
 
Ана шундай эътибор ва ғамхўрлик самарасида ўзбек футболи катта ютуқларга эришди. Ўтган йиллар давомида ёш футболчиларимиз Мексика, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Эрон каби давлатларда ўтказилган жаҳон ва Осиё чемпионатларида муносиб иштирок этди, Ўзбекистон футбол федерацияси ФИФАнинг “Fair Play” (ҳалол ўйин) соврини билан тақдирланди.
 
ФИФА рефериси Равшан Эрматовнинг кетма-кет иккита жаҳон чемпионатида ҳакамлик қилгани ҳам ана шу эътиборнинг амалий ифодаси бўлди. 
 
Бразилия майдонларида ўтказилган жаҳон чемпионатида Европадан тўққизта, Жанубий Америкадан бешта, Осиёдан тўртта, Африка ва Шимолий Америкадан учтадан, Океания минтақасидан битта ҳакамлар бригадаси иштирок этди. Равшан Эрматов Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва Болтиқбўйи мамлакатлари вакиллари орасида ушбу жаҳон чемпионатига жалб этилган ягона бош ҳакам бўлди. 
 
Нуфузли мусобақада Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси жами тўртта учрашувни – гуруҳ босқичида Швейцария – Эквадор, АҚШ – Германия ва Мексика – Хорватия, чорак финалда Голландия – Коста-Рика терма жамоалари ўртасидаги учрашувларни юқори савияда бошқарди. Р.Эрматов ҳакамлик фаолияти давомида жаҳон чемпионатлари финал босқичида энг кўп – 9 учрашув бошқариб, дунё рекордини ўрнатди.
 
– Халқаро майдонларда Ватан шарафини ҳимоя қилиш, унинг обрўсини юксалтириш катта бахт, – дейди Равшан Эрматов. – Футбол оламининг энг нуфузли мусобақаси – жаҳон чемпионатида Ўзбекистон номидан қатнашганимиздан фахрланамиз. Халқаро майдондаги бундай муваффақиятимиз замирида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида спортни, жумладан, футболни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик мужассамдир. 
 
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Абдужаббор Абдувоҳидов, Ўзбекистон халқ шоирлари Иқбол Мирзо, Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков, оғир атлетика бўйича жаҳон чемпиони Руслан Нуруддинов ва бошқалар мамлакатимизда спортни ривожлантириш ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатаётган улкан эътибори учун Президентимиз Ислом Каримовга миннатдорлик изҳор этди.
 
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.Мирзиёев сўзга чиқди.
 

Манбаа: uza.uz

ЎзА, Байрам Айтмуродов, Сарвар Ўрмонов (сурат) 
26-Июл-2014 02:01
Бўлим: Tabriklar | Чоп этди: Sayyod | Тег : Ravshan Ermatov
ТЕГИШЛИ МАВЗУЛАРДА:

1 Наргиза   (26-Июл-2014 03:00)
Жудаям тасирландим,кузда еш билан укиб,янада фахрландим!Буюк юрт углони б-н,ва У эришган ва эришаетган ютуглари билан чин юракдан табриклайман

2 muhlis   (26-Июл-2014 08:51)
Qoyil! Yangidan - yangi muvafaqqiyatlar tilayman Ravshan Ermatovga!

3 ledylove   (26-Июл-2014 10:15)
tabriklimiz bundan ham yo`qori martabali bo`sinla

4 dilfuza   (26-Июл-2014 10:46)
Ravshan Ermatov bunga loyiq

5 Гули   (26-Июл-2014 12:34)
койил малибу машинала муборак
**************************

6 Шукрулло   (26-Июл-2014 15:55)
Омадини берсин.

7 nala   (26-Июл-2014 19:40)
dunyo rekordini o'rnatiw osonmas

8 zaya   (26-Июл-2014 23:07)
Ravshan Ermatov haqqoniy erishdi mehnatlari orqasidan)))) chin dildan tabriklayman!

9 ЗАҲИРИДДИН МАНСУР   (27-Июл-2014 01:51)
БУ ФАХРНИНГ ОРТИДА КАТТА ЭЪТИБОР ЁТАДИ. ДУНЁ ЎЗБЕК ҲАКАМИНИ ТАН ОЛДИ. ЧУНКИ ДУНЁ АДОЛАТ ТОМОНИДА ТУРИШГА МАЖБУР. ДЕМАК БУТУН ДУНЁ ОДИЛ ҲОКИМ ДЕБ ЎЗБЕКНИ, ЎЗБЕКИСТОННИ ТАН ОЛДИ. МИЛЛИОНЛАГАН ХАЛҚ БИР ЎЗБЕКНИНГ ОҒЗИГА ҚАРАБ ТУРДИ. УНИНГ ФИКРИНИ АДОЛАТЛИ ФИКР ДЕДИ, БУТУН ХАЛҚ УНГА ЭРГАШДИ ВА НИҲОЯТ УНИ ОЛИЙ МАҚОМГ ОЛИБ ЧИҚДИ, УНИНГ ОЛДИДА ҲАММА ҚЎЛИНИ КЎКСИГА ҚЎЙДИ, ҲАЛОЛЛИК, ТЎҒРИЛИК, ОДАМИЙЛИК ДЕГАНДА КЎЗ ОЛДИЛАРИГА БИР МИЛЛАТ - СОДДА ВА БЕҒУБОР ЎЗБЕК МИЛЛАТИ КЕЛАДИГАН БЎЛДИ. БУ ТУЙҒУНИ ГАПИРИШГИНА ЭМАС, ҲИС ЭТМОҚ ДАРКОР. ЎЗБЕКНИ ДУНЁГА ТАНИТГАН, УНИ ҲУРМАТГА ЛОЙИҚ ХАЛҚ ЭКАНИНИ ИСБОТЛАГАН БУ ЎҒЛОНДАН БАРЧА ЎЗБЕКЛАР МИННАТДОРДИРЛАР. БУ БУЮК ЭЪТИРОФ БАРЧАМИЗГА МУБОРАК БЎЛСИН!

10 MOHINUR   (27-Июл-2014 04:58)
OFARIN BUNDANDA YUKSAK CHUQQILARGA ERISHISHIGA CHIN DILDAN TILAKDOSHMIZ

11 Nargiza   (28-Июл-2014 08:36)
Bundanda Ulkan Omadlar tilayman. Yurtimizda voyaga yetayotgan barcha avlodlar Ravshan Ermatov kabi faxrlanishga arziydigan Alloh nazari tushgan insonlar bo`lib yetishsinlar! shu qatorda bizga ham nasib qilsin!!!

12 Qaha   (29-Июл-2014 10:51)
Отангга минг рахмат Равшанбек

Исмингиз *:
Email(шартмас):
Код *:

Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: 

Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ!

Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин!

-Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. 

(батафсил манбаа)

Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод

Реклом:)
 
Adolatsiz haqiqatlar [32]
Arhiv [0]
Baxs| Tanqid | Janjal [460]
BeshBet [20]
Din [77]
Duel [2]
Expresso [31]
FIKRiston [55]
Hit-Parad [42]
Ijara qo'shiqlar [25]
IJODiston [74]
IMPRO-TK [18]
Jonli ijro [4]
JuMaNjI [51]
JurYuldus [10]
Kaktusso [5]
Yoqimsiz ammo foydali suhbat
Kongil [0]
Kundalik-shou [13]
Realiti serial
Mashhur ko'targan mavzu [2]
MP3|Video [1008]
Muhlis Minbari [214]
Ovoznoma [6]
Luiza bilan
Premyera [11]
Prikol [100]
Paparacci-ppc [0]
Podstava [3]
Realiti shou [66]
Retro [7]
Sayyod-show [25]
Sport [17]
Shantaj [6]
Videoloyiha
Shunchaki qiziq [27]
Suhbat | Intervyu | Reportaj [582]
Tabriklar [168]
Taqdimot [46]
Hayriya| Akciya | Tadbir [238]
Turk shou-biz [16]
TV | Teatr, Kino.uz [121]
Yangiliklar [767]
Yulduzning qo'shnisi [4]
Mashhurlarning qo'shnilariga so'z
BIRINCHI-SHOU [5]
Radio Grand bilan
Кимлар:

Хозир шу ерда: 5
Мехмонлар: 5
Рўйхатдагилардан: 0