Бош сахифа » 2012 » Май » 27 » ОНАЛИК ҲИССИ, МЕҲРИ, ТУЙҒУСИ
06:25
ОНАЛИК ҲИССИ, МЕҲРИ, ТУЙҒУСИ

Ушбу ҳикояни марҳум тоғам, биология фанлари доктори

Жамолиддин Тошпўлатовнинг ёрқин хотирасига бағишлайман.

Мен ҳикоя қилмоқчи бўлган воқеалар анча олдин  етмишинчи  йилларнинг охирларида  бўлиб  ўтган. Мен  армия хизматини ўтаб келгач, институтга кириб ўқиётган кезларим эди. Мен аммамларникида туриб ўқирдим. Уларнинг икки ўғил, икки қизлари бўлиб, аммам катта қизлари ва кичик ўғиллари билан яшар, кичик қизлари оиласи билан алоҳида туришарди. Катта ўғиллари илмий текшириш институтида ишлар, алоҳида уй қуриб чиқиб кетган, уйлари Тошкент шаҳрининг шундай  чеккасида, Чингельди деган қишлоқда жойлашганди. Келинойим ҳам қайсидир малака ошириш институтида инглиз тилидан дарс берарди. Уларнинг бир ўғил, бир қизлари бўлиб, ҳали мактабда ўқишар, мактабга шаҳарга қатнашарди. Келинойим билан болаларини тоғам эрталаб хизмат машинасида олиб кетар, дарслар  тугагач, уларнинг ўзлари автобусда уйга қайтишарди. Тоғам баланд бўйли, оппоқ сочлари ўзларига ярашган, доим кулиб турадиган инсон эди. Тоғамни кўпчилик Шароф Рашидовга ўхшатишарди. Ҳақиқатдан ҳам уларнинг кўринишларида ўхшашлик бор эди. Ҳафтада албатта бир-икки марта келиб оналарини, яъни аммамларни кўриб кетар, келганларида албатта менинг ўқишларимни суриштирарди. Мен  чет тиллар институтининг француз тили факультетида таҳсил олаётганим учун мени ҳар доим кўрганларида "Ҳа, француз, ўқишлар қалай? Француз тилини ўргандингизми? Францияга олиб бориб ташлашса, оч қолиб кетмайсизми?” деб ҳазиллашарди. Кейин жиддийлик билан: "Институтга кирдингизми, яхши ўқинг. Ҳозирдан келажагингизни ўйланг, режалаштиринг. Фақатгина диплом учун ўқиманг. Диплом бўлсаю, билим бўлмаса, унақа дипломнинг боридан – йўғи яхши. Ўйин – кулги қочиб кетмайди, кейин ҳам бўлаверади. Шундай мутахассис бўлиб етишингки, ҳар доим сиз ишни эмас, иш сизни ахтариб юрсин. Карьера қилишга интилиб яшанг, лекин карьерага кимларгадир лаганбардорлик қилиш, ялтоқланиш орқали эришиш керак эмас, унга фақат кучли билимингиз, иқтидорингиз орқали эришинг. Шунда катта обрўга ҳам эга бўласиз ва ҳеч кимга қарам ҳам бўлмайсиз” деб насиҳат қиларди. Мен уларнинг гапларини жон қулоғим билан тинглардим. Кетар пайтларида аммамларга: "Буви, бу французингизга эҳтиёт бўлинг. Тергаб туринг. Яна бирорта Наташами, Марусягами илашиб кетиб қолмасин” деб ҳазил аралаш тайинларди. Аммам: "Оғзингдан ел учирсин – ей,  болам, Яхши ният қилгин. Агар шундай қиладиган бўлса, ўша куни ҳайдаб соламан-а. Акам шўрлик гўрида тик туради, агар шундай номаъқулчилик қиладиган бўлса” дер, тоғам кулиб – кулиб  чиқиб кетарди. Тоғам иш юзасидан тез – тез  чет элларга хизмат сафарига борар, қайтишларида ҳеч қачон ҳеч кимга ҳеч қанақа совға – салом кўтариб келмас, фақат аммамга 2 – 3  пачка қуруқ чой, болаларига фломастер ёки ручка олиб келарди, холос. У пайтларда чет элга чиқувчиларга  чет эл валютаси ўрнига   СССР "Внешэкономбанк”и томонидан  чиқарилган  "чек” беришарди. Чет элда хизмат сафарида бўлганлар, агар "чек”лари ортиб қолган бўлса, СССРнинг йирик марказий шаҳарларида жойлашган "Берёзка” деб аталувчи ва фақат чет эл валютасига ёки "Чек”га савдо қилувчи магазинлардан    ўзларига керакли буюмлар, нарсаларни харид қилишарди. Совет пулининг қудрати ушбу магазин остонасида тугарди.  "Берёзка” магазини атрофи доим ҳар хил шубҳали шахслар, валютафурушларга макон эди. Бироқ, ҳамма ҳам юрак ютиб "Берёзка” яқинига йўлай олмасди. Чунки, "Берёзка” магазини даҳшатли ва сирли КГБ (Комитет Государственной Безопасности) нинг доим ҳушёр нигоҳи остида назоратда турарди. Тоғам хизмат сафаридан ортиб қолган "чек”ларини келинойимга тутқазиб: "Мана буни олингда, ҳоҳлаган нарсангизни ана "Берёзка” дан  олаверинг” дерди. Келинойим тоғамнинг паспортларини олиб, "Берёзка” дан болаларига, тоғамга ёки ўзига керакли нарсани харид қилиб келарди. Тоғамнинг бу ишларидан мен ҳайрон бўлиб бир марта: "Тоға, шу нарсаларни бирданига  ўша ёқдан олиб келсангиз яхшимасми?” деб сўрадим. Тоғам эса ҳар доимгидай менга майин жилмайиб қаради-да: "Биласизми, мен кўпинча чет элга борганимизда баъзи бир ҳамроҳларимнинг қилиқларидан, ўзларини тутишларидан  ,бошқа давлатлардан келган ҳамкасбларимиз олдида    уялиб кетаман. Мана хабарингиз бор, ўтган йили Нью-Йоркда илмий симпозиумга таклиф этишди. Ўзбекистондан, Қозоғистондан, Қирғизистондан, Тожикистондан, Озарбайжондан 7 киши қатнашдик. Раҳбаримиз Москвадан тайинланди. Тошкентдан Москвага бордик. У ерда Америкада ўзимизни қандай тутишимиз, қандай юришимиз ҳақида "тегишли” кўрсатмаларни беришди. Хуллас, Нью-Йорк шаҳрига етиб келдик. Меҳмонхонага жойлашдик. Симпозиум ташкилотчилари томонидан меҳмонхона ва уч маҳал овқатланмшимиз учун пуллари тўлаб қўйилган экан. Шу кунги вақтимиз бўш бўлганлиги учун шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини бориб кўришга қарор қилдик. Айланиш давомида йўлимизда учраган магазинларга ҳам кирдик. Ҳамроҳларим  дарҳол харид қилишга тушиб кетишди. Мен ҳам келинойингизга битта инглиз тилида китоб олдим. Жавлон билан Ферузкага фломастер билан ҳар хил сақичлар, бувимларга уч пачка чой, опамларга атир совун олдим. Ишхонадаги танишлар учун ҳаммасига биттадан ручка олдим. 

Симпозиум жуда яхши ўтди. 30 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этишди. Анча мунча илмий янгиликлардан хабардор бўлдик. Мен ана шундан қувонардим. Яна бир кундан сўнг орқага қайтдик. Аэропортга кетаяпмиз. Ҳамроҳларимининг юклари машинамизнинг яримини эгаллаган.  Аэропортга етиб келдик. Мен машинадан тушдим-да, аэропорт биносига кирдим. Ҳамроҳларим инқиллаб-синқиллаб, юкларини судрашганича  орқамдан  кириб келишди. Аэропортда Финландиядан, ГФР(Германия Федератив Республикаси)дан симпозиумда бизлар билан бирга қатнашган ҳамкасбларимизни учратиб қолдик. Улар бизлардан сал олдинроқ учишар экан, у ёқ бу ёқдан гаплашиб турдик. Финлар билан немисларнинг ҳайрат тўла нигоҳлари менинг шерикларимда.эди. Ахир, бир кўз олдингизга келтириб кўринг, ҳар бирининг қўлида иккитадан жомодон. Жомодонларнинг ғар бири 20-30 килодан кам эмас. Финлар билан немисларнинг қўлларида эса биттадан енгил дипломат бор холос. Ундан ташқари мен ҳамроҳларим бунча кўп нарса харид қилишга пулни қайдан топишганига ҳеч ақлим етмасди. Бир амаллаб Москвага етиб келдик. Москвада ўзимни анча енгил ҳис этдим; чунки бу ерда ҳамроҳларимга ўхшаб катта-катта жомадон орқалаганлар кўп эди. Менда фақатгина битта дипломат борлиги , бошқа юким йўқлиги учун божхона текширувидан ҳам тез ўтказиб юборишди. Ҳамроҳларим икки соатлар қолиб кетишди. Божхонага анча-мунча тўлов ҳам тўлашган экан, шунга кайфиятлари ҳам тушиб кетибди.

  Гапнинг  қисқаси Тошкентга ҳам етиб келдик, одатий иш кунлари ҳам бошланди. Бир куни лабораторияда ишлаб ўтиргандим, беихтиёр қўшни хонада гаплашаётган икки кишининг гаплари қулоғимга чалинди. Улардан бири мен билан Америкага бориб келган Раҳимжон, иккинчиси бизларга яқинда ишга келган аспирант йигит эди. Ҳали чет элларга бирор марта чиқиб кўрмаган аспирант йигит Раҳимжондан Америка ҳақида таассуротлари ҳақида сўраган шекилли, Раҳимжон тўлиб – тошиб  гапирарди:  "Э – э Шокиржон Америка барибир Америка – да! Магзинларни айтмайсизм?! Чумчуқни сутини сўрасангиз ҳам топиб беришади. Роса айландик. Янгангиз нималар олиш кераклигини роса уқтирганди. деярли тайинлаган нарсаларини ҳаммасини олдим”. "Янгам билан болаларингизни роса сийлабсиз – да?”

" Э йўқ. Янгангиз олб келган нарсаларимни ҳаммасини аллақачон сотиб бўлди. Ўзиям талаш бўлиб кетибди.

– Кетаётганларингда шунча кўп пул беришдими?

– Қаёқда, кетаётганимда ўзим билан "Командирские” деган соатдан 6 та олволгандим, кейин бобомлардан қолган қандайдир бир китобча бор эди. Арабча. Нима ҳақида эканлигини ҳам билмайман. Таваккал деб ушаниям олиб олгандим. Заб қиган эканман. Шундай меҳмонхонани ўзида сотвордим.

– Балки, Қуръон китобидир? – сўради Шокиржон.

– Балки – бепарво жавоб берди Раҳимжон.

Қолган гапларини эшимтмай, ташқарига чиқиб кетдим.

Тоғам узоқ ўйланиб қолди ва чуқур хурсиниб гапларини давом эттирди:

– Ҳар ҳолда бизлар олим одамлармиз. Ўқимаган, оми одамларга нисбатан бизларда орият, ғурур, ватан туйғуси деган тушунчалар юқори бўлиши керак.

Уша, бизлар билан бирга бўлган немисларда, финларда бизлар қандай таассурот қолдирдик? Бирор бир жойда Ўрта Осиё ҳалқлари тўғрисида ўшалардан фикр билдиришларини сўраб қолишса биз ҳақимизда қандай фикр билдириши мумкин, сиз нима деб ўйлайсиз?  Раҳимжон яширинча олиб чиқиб кетиб сотиб юборган китоб – чи? Қанақа мазмунда эканлигидан қатъий назар, бу китоблар бизнинг маданий – тарихий бойлигимиз ҳисобланади – ку! Ахир, ўз ўтмишимизга, тарихимизга бўлган лоқайдлигимиз туфайли қанчадан –  қанча алломаларимизнинг асарлари, қўлёзмалари Англия, Франция, қолаверса, Ленинград кутубхоналарида, музейларида сақланмоқда!

– Ленинград ўзимизда – ку,  – дедим.

– Ленинград Ўзбекистонда жойлашганлигини билмас эканман, – киноя қилди трғам – Мен Ленинград Россияда жойлашган деб юрибман.

– Мен СССРда демоқчи эдим.

– Лекин, Ўзбекистонда эмас. Мен Ўзбекистоннинг маданий бойликлари ҳақидаи гапираяпман, – гапимни чўрт кесди тоғам.

– Қайтариб беришларини талаб қилсак – чи? –  дедим мен соддадиллик  билан.

"Улар сиз ўйлаганчалик аҳмоқ эмас.   Қайтариб олишга  ҳаракат қилишди, катта пул ҳам таклиф қилишди. Рад жавобини беришган.  Улар қадимий –  тарихий ёдгорликларни нечоғлик катта бойлик эканлигини яхши тушунишади”.

Шу билан навбатдаги суҳбатимизга якун ясалди.

Баҳор ойлври бошланиши билан мен ҳар шанба куни ўқишдан кейин тоғамларникига йўл олардим. Тоғамларникига бориш менга хуш ёқар, ҳафтанинг охирлашини сабрсизлик билан кутардим. Уларнинг ҳовлилари жуда кенг бўлиб, ярим гектарча чиқарди. Тоғам билан келинойим ўзлари илм кишилари бўлишларига қарамасдан, уйларининг олдига деярли рўзғорга керакли барча экинлардан экиб, парвариш қилишарди. Бундан ташқари, ҳовлининг бир чеккасига сим тўр тортиб, ўраб қўйишган бўлиб, бу ерда 100 тача товуқ, 10 – 20  та ўрдак, ғоз ҳам боқишарди. У ердан сал нарироқда битта – иккита қўй сиғадиган қўйхона ҳам бўлиб, унда  қўзичоқлар боқилар, улар сал каттароқ бўлишгач, уларни сўйишиб, гўштини бир қисмини аммамларга, бир қисмини келинойимнинг оналарига илинишарди. Калла – поччани қўшни қозоқ хотин олиб чиқиб кетарди. Тоғам ҳар доим инкубатордан бир ҳафталик жўжалардан 50 – 60 тасини  сотиб олиб келар, яна 30 – 40 тасини товуқларга тухум бостириб очтириб оларди.

Бундан мақсад, тоғамнинг айтишларича, маълум бир фойда олиш эмас, балки оила учун экологик тоза маҳсулот етиштириш эди.

 Тоғам мени кўришлари билан хурсанд бўлиб кетар, "Ҳа француз, келдингизми” деб кутиб оларди. Ҳали айтганимдек, тоғамнинг уйига бориш мен учун чексиз қувонч бағишларди. Чунки, қишлоқ боласи эмасманми, бу ерлар менга жонажон қишлоғимни ёдга солар, шаҳарнинг диққинафас, шовқин – суронли кунларидан бир кун, бир ярим кун бўлса – да қутилардим.

      Баъзан менга курсдошим Турғун ҳамроҳ бўларди. Турғун Самарқанднинг Пахтачи туманидан  бўлиб, мендан уч ёш кичик бўлса – да бир – биримизга тенглошлардек муносабатда эдик. Тоғам билан келинойим бизларни очиқ чеҳра билан кутиб олишар, Жавлон билан Феруза ҳам атрофимизда гирдикапалак бўлишарди. Бизлар ҳар доимгидек кечгача дам олардик, тоғамнинг қизиқ – қизиқ ҳикояларини завқ билан тинглардик. Кечаси келинойим Турғун иккаламизга ҳовлидаги катта темир кароватга жой солиб берар, бизлар эса анча вақтгача ухламай, институтдаги  ёки қишлоқларимиздаги қизиқ – қизиқ воқеаларни эслаб, кулишиб ётардик. Эртасига саҳарда уйқудан ўйғониб, апил – тапил ҳовлидаги крандаги муздай сувда ювиниб, нонуштага қадар, экинларга сув қуярдик, бегона ўтлардан тозалардик, беда, маккажухори ўрардик. Мен чапақай бўлганим учун ўт ўришга нўноқ эдим. Бунақа ишларни Турғун қойиллатарди. Нонуштадан сўнг яна ишимизни давом эттирардик. Тушликкача барча ишларни тугаллагач, шундай уйнинг орқасида оқиб ўтадиган чуқур ва кенг  ариқда мазза қилиб чўмилиб чиқардик. Унгача тоғам товуқ димламаними ёки товуқ бостириб пиширилган паловними сузиб тайёрлаб турар, келинойим бўлса "экологик тоза” помидор – бодиринглардан аччиқ – чучук тайёрлаб қўйган бўларди. Ҳаммамиз биргаликда, ҳазил – ҳузул билан овқатни паққос туширардик. Тушликдан кейин тоғам: "Бўлди, бугунча шуни ўзи етарли, яна чарчаб қолиб, кейин келмай қўйманглар, энди дам олинглар” дер, бизлар: Йўқ. ҳали чарчамадик” десак ҳам бошқа иш қилишимизга унамасди. Шундан сўн, бизлар икки – уч соат ухлаб дам олар, ва кечки салқинда шаҳарга қайтардик.

Кетиш пайтимиз тоғам, Жавлон,  Феруза – учаласи Турғун билан мени автобус бекатигача кузатиб чиқишар, тоғам иккаламизнинг қўлимизга беш сўм – беш сўм берарди.(У пайтларда беш сўмга бир киши беш кун бемалол тирикчилик қилса бўларди, айниқса, бизларга ўхшаган талабалар!) Бизлар гарчи пулни жудаям олгимиз келиб турган бўлса ҳам, йўлига ўзимизча рад қилардик. Лекин тоғам: "Студентчиликда бу нарсани айби бўлмайди. Студент биров бир нима берса олиши, урса қочиши керак” деб ҳазиллашиб, пулни барибир қўлимизгв тутқизар, бизлар ҳам ортиқча таранг қилмай, раҳмат айтиб олардик.

Шундай шанба кунларининг бирида дарслар тугагач, Турғунга бугун тоғамларникига бормоқчи эканлигимни айтиб уни ҳам таклиф қилгандим у: "Мен бугун уйга кетмоқчи эдим, шунинг учун узр, боролмайман” деди. Турғун билан хайрлашиб, институтдан чиқдим – да, тўғри тоғамникига жўнадим. Ҳаво иссиқ, гўёки, қуёш  ўзининг бутун ҳароратини Тошкент шаҳри томон йўналтирганга ўхшайди. Метрога тушгач, вужудим ниҳоятда ором олди. Метронинг ичи  ниҳоятда салқин эди. Ҳар гал жазирама ёз кунларида метрога тушганимизда Турғун: "Мана  шу ерга битта кароват қўйсанг– у, устига битта матрас ташлаб мазза қилиб ухласанг, ҳеч ким ҳалақит бермаса” дерди. Метронинг "Максим Горький” (ҳозирги "Буюк Ипак йўли”) бекатида чиқиб,  Чингелдига кетадиган автобусга ўтирдим. Тоғамларникига етиб келганимда, соат тўртлар чамаси бўлиб,   қуёшнинг тафти бироз қайтган эди. Ҳовлига киришим билан райҳону – турфа  гулларнинг хушбўй ҳидлари гуппилаб димоғимга урилди. тоғам айвонда китоб ўқиб ўтирган экан, мени кўриб: – Э – э ана француз ҳам келиб қолди, қани келинг, келинг,  – деб бағрига босиб кўришди. Кейин: Ҳа, бир ўзингиз? Турғун қани?   – деб сўради.

  – Турғун қишлоғига кетди, уйидагиларни соғинибди, – жавоб бердим мен.

 – Ҳа, яхши, уйдагилардан ҳам хабар олиб туриш керак, – деди тоғам.

– Қолганлар қани, кўринишмайди?  – сўрадим атрофга аланглаб.

– Келинойингиз Жавлон билан Ферузкани олиб тонг саҳардан ойиларини кўргани кетишди. Улар ҳам Турғунга ўхшаб уйдагиларини соғиниб қолишибди, – кулди тоғам.

Кўз   олдимга келинойимнинг ойилари келди.    Ўрта бўйли, озғиндан келган, доим одмигина кийиниб юрадиган бу аёлнинг юзларидан қандайдир нур ёғилиб турарди, гўё.

Мен ичкарига кириб, кийимларимни алмаштириб чиқдим.

– Тоға, нима иш бор, нима қилай? – сўрадим тоғамдан.

– Ўртоқ Француз, бугун кеч бўлди, бугунча дам оламиз. Сиз ҳам ўқишдан, қолаверса йўлдан чарчаб келгансиз. Кеча битта қўйчамизни сўйдиргандим, қўни – қўшниларга тарқатдик. Аммангизга бериб келдим. Келинойингиз ойисига олиб кетди. Қолгани – холодильникда. Шундан кечқурун бир қулинг ургилсин  шўрва қиламиз. Ёзда шўрва зўр кетади  – да. Сиз дам олинг, кўриб турибман, чарчагансиз. Мен шўрвага уннайман. Менга ёрдамчи керак эмас. Овқат қилиш ҳам ижод қилишдай гап. Ижод қилаётган одамга ҳалақит бериш керак эмас. Мен овқат қилсам, яйраб дам олгандек бўламан. Агар олим бўлмаганимда аниқ ошпаз бўлардим, шекилли. Тоғам мириқиб, чин юракдан берилиб кулади. Тоғамнинг қувноқ кайфияти менга ҳам кўчади.

Йиғма каравотни ҳовлидаги дарахтлар остига ўрнатиб, устига битта кўрпача солдим – да, устига ўзимни ташладим...

       Кўзимни очганимда қуёш уфққа бош қўя бошлаган эди. Кўзимни очишга очдим – у, барибир ўрнимдан тургим келмасди. Бутун аъзои – баданим бўшашиб кетган, худди устимдан танк босиб ўтгандай эди. Бир амаллаб ўрнимдан турдим. Тоғам ўзларининг севимли креслоларида китоб ўқиб ўтирибди. Мени турганимни кўриб: Ҳа, француз, калла пишдими, мазза қилиб дам олдингизми? – деб сўради. "Раҳмат” дедим – да уй орқасидаги ариққа бориб, чўмилиб чиқдим. Бирпасда ланжлигимдан асар ҳам қолмади.

Келинойим билан болалар бугун келишмас экан, бувилариникида ётиб қолишаркан.Кейин тоғам иккаламиз овқатландик. Ҳақиқатдан ҳам. шўрваям шўрвамисан – шўрва бўлибди. Гўштлари ҳил – ҳил бўлиб кетибди. Умримда бунақа ширин шўрва ичмагандим, десам  лоф бўлмас. Тоғамнинг зўрлашлари билан яна бир коса уриб олдим. Ўзи армиядагидек "дп” сўрай деб тургандиму, уялиб тургандим. Тоғамнинг гапи айни муддао бўлди.  Кечқурун ҳовлига шалаббо қилиб сув сепдим. Ҳаво янада салқин. янада хушҳаво бўлди. Майин шабада эпкини танимни яйратиб юборди.

 Кейин тоғам билан ярим кечагача гаплашиб ўтирдик,телевизор кўрдик.

Тоғам айвонда ётадиган бўлди. Мен йиғма каравотни ҳовлига қўйиб, пашшахона тутиб олдим.

   Тоғам: "Майли, ҳовлида ётақолинг, қишлоқни соғингандирсиз – а, француз?” деганича ухлашга кириб кетди. Мен кундуз куни ухлаб, анча дам олиб олганим учунми, анчагача ухлай олмай, чор – атрофдан эшитилаётган ҳашаротларнинг "эстрада” концертларини тинглаб ётдим...

  Тонгда тоғамнинг "Француз, подьём” деган "команда”сидан ўйғониб кетдим. Қарасам, ҳамма ёқ ёришиб кетган, қуёш энди юз кўрсатмоқда. Ҳаво шундай мусаффо, шундай ҳузурбахшки, одамни ўрнидан тургиси ҳам келмайди. Ўзимни мажбурлаб ўрнимдан турдим. Тоғам электронасосни ёққан, крандан муздай, шаффоф сув оқиб турибди. Краннинг тагига энгашиб, белимгача ювиндим. Шунақа маззаки...Артиниб айвонга кўтарилганимда, айвон ўртасидаги столда бир косада кечаги шўрва буғи чиқиб турар, чой – нон тайёр эди.

– Қани, Француз, дастурхонга марҳамат. Ёки французча кофе қилиб берайми? – деди тоғам ҳазиллашиб косадаги шўрвани мен томонга суриб қўяркан.

Тоғам ўзига иккита тухум қовурган экан. Биламан, тоғамнинг эрталабки нонуштаси доим иккита чала қовирилган тухум, бир чашка кофе. Бошқа нарса танаввул қилмайди. Бирпасда хуштаъм шўрвани суробини тўғрилаб қўйдим. Дастурхонга фотиҳа ўқиб, ишга киришдик. Тоғам кичкина челакчадаги арпа билан маккажухорини аралашмасини кўтариб, товуқхона томон кетди. Секин бориб. товуқхонага назар ташладим.Тоғам товуқларга дон бераяпти. Товуқлар тоғамнинг атрофини ўраб олишган. Ҳаммаси бир хил оппоқ. Фақат 10 – 12 та хўрозлар ҳар хил рангда. Барибир хўрозларнинг ҳам бир –  иккитаси оқ  экан. "Қизиқ, – дейман кулгим келиб, –  инсонларда аёллар турли –  туман, ялтироқ, ранг баранг кийимларни кийишни ёқтиришади. буларда эса тескариси”. 

     Кетмонни кўтариб, тоғам кўрсатган "иш жойим” га бордим. Ҳовлининг олдидан экинларни суғоришга мўлжаллаб қазилган ариқчанинг ичини ажириқ босиб кетган бўлиб, сувнинг юришини қийинлаштириб қўйган экан. Ғайрат билан бир бошидан тозалашга тушдим. Қуёш забтига ола бошлагач, бошимга майда гулли оқ чит қийиқчани маҳкам боғлаб олдим. Бир пайт ўтлар орасида бир нарса шитирлагандай бўлди. Қарасам, бир сариқ илон шувиллаб қочиб кетаяпти. Шартта бўйнидан ушлаб олдим. Биламан, сариқ илонлар заҳарли бўлмайди. Қишлоғимизда ҳар хил илонларни кўп учратардик. Илонлар асосан, қушларнинг тухумларини, полапонларини овлашар, уларни излаб уйларнинг бўғотларига ҳам чиқишарди. Ҳовли атрофларидами, томларнинг бўғотларидами,  қўйингки, қай ерда илон пайдо бўлса, шу заҳоти қушлар шовқин – сурон кўтариб, яқин – атрофдаги одамларнинг диққат – эътиборини шунга жалб этишга уринишарди. Биз болалар дарҳол ўша жойга етиб борар ва "хавф” ни бартараф этардик.  Шундан кейин қушлар тинчиб қолишар ва ўз тирикчилиги билан банд бўлишарди. Уйимизда фақатгина онам (Жойлари жаннатда бўлсин) илондан ниҳоятда қаттиқ қўрқарди.

     Қўлимдаги биланглаб ётган, чамаси бир метрлар келадиган сариқ илонни бирпас томоша қилиб турдим – да, тоғамга кўрсатмоқчи бўлиб, товуқхона олдига борсам, тоғам кўринмади.  Кейин нима бўларкин дедиму, илонни товуқлар тиғиз бўлиб дон ейишаётган жойга улоқтирдим. Ҳали айтганимдек, товуқхонада 100 тача товуқ бор. Илон шалоплаб ерга тушиши билан 40 – 50 тача товуқ қоқоғлаб, ҳар томонга тум – тарақай бўлиб қочиб қолишди. Қолган товуқлар бирпас ерда биланглаб, қочишга уринаётган илонга ҳайрон бўлгандек қараб туришди – да, тўсатдан унга ташланишиб чўқий кетишди. Мен анграйиб турардим. Ҳалигача товуқларни илонга ташланганини кўрмагандим. Орадан ярим соат ўтар – ўтмас илондан деярли ҳеч нарса қолмади, ҳисоб. Шу пайт кимдир елкамга қўлини қўйди. Ўгирилиб қарасам, тоғам.

– Ҳа, француз, товуқларга жуда маҳлиё бўлиб турибсиз. тушликка табака қилиб берайми? – кулди тоғам.

– Йўғ – э, тоға унгамас. Мен анави ариқчанинг ичидан катта сариқ илон ушлаб олгандим. Сизга кўрсатмоқчийдим, тополмадим. Кейин нима бўларкин деб ўша илонни товуқларнинг ўртасига ташладим. Товуқларнинг ярими илондан қўрқиб қочиб кетишди. Ярими эса қўрқмасдан илонга ташланиб, еб қўйишди. Илондан қўрқмайдиган товуқлар ҳам бўларкан – а!

Тоғам менга ним табассум билан қараб турарди. Менинг ҳайратга тушиб гапиришим уларни негадир завқлантирарди, назаримда.

– Эҳ, француз, француз! Ана шунақа, бизларни товуқлар қўрқмас, жасур, армияга бориб келган товуқлар. Шунинг учун ҳеч нарсадан қўрқишмайди, – қаҳ – қаҳ отиб кулиб юборди тоғам, кейин жиддий тортди.

– Биласизми, нега товуқларнинг ярими илонни кўришлари билан қўрқиб, қочиб кетишди – ю, ярими илондан қўрқмай, унга ташланиб, еб қўйишди? Сабаби жуда оддий. Илондан қўрқиб қочган товуқларни ўзимиз тухум бостириб очирганмиз. Уларни она товуқлар катта қилишган. Она товуқлар ўз жўжаларига қанақа жониворлардан қўрқиш кераг– у, қанақа жониворлар хавфсиз эканлигини ўргатади. Худди оналаримиз бизларга тарбия берганлари каби. Энди, илондан қўрқмай, унга ташланиб, еб қўйган товуқларга келсак, уларни инкубатордан сотиб олганмиз. Улар она тарбиясини олишмаган. Уларда қўрқиш инстинкти йўқ. Улар илонни кўргач, бу ҳам битта каттароқ чувалчанг деб ўйлаган бўлишлари ҳам мумкин. Тушиндингизми, ўртоқ француз? Зўрға "Ҳа” дея олдим холос. Мен дунёнинг бир қараганда оддий, лекин шу билан бир қаторда ўта мураккаб ҳақиқати олдида лол эдим.

        Орадан йиллар ўтди.

Бу орада мен институтни тугатиб, катта ҳаёт йўлига қадам қўйдим. Ўзимизнинг институтда ишладим. Кейин ҳаёт тақозоси билан институтдан кетдим. Соҳам умуман ўзгариб кетди. Ҳаётда кўп яхши –  ёмон одамлар билан тўқнашдим, сабоқ олдим. Янги дўстлар ортирдим. Энди мен ҳам улғайиб, турмушнинг, ҳаётнинг паст – баландига ақлим етадиган инсонга айлангандим. Турмуш, иш ташвишлари билан бўлиб, тоғам билан билан аҳён – аҳёнда кўришардик. Лекин, мен (ўз соҳам бўйича ишламаётган бўлсам ҳам) тоғам учун ўша – ўша "Француз”лигимча қолгандим.

      Бир куни ишхонада ишларни тугатиб, дам олиб ўтиргандик. Кимдир телевизор кўраяпти, кимдир газета ўқияпти яна кимлардир нарда ўйнашаяпти, хуллас ҳар ким нима биландир банд. Мен  смена бошлиғимиз Ғани ака (бизлар у кишини негадир Геннадий Ҳамидович деб чақирардик). билан у ёқдан бу ёқдан гаплашиб ўтирибмиз. Бир пайт Ғани ака бир аёл қўшниси ҳақида гапириб қолди. Гани аканинг гапириб беришича, у аёл болалар уйида катта бўлган. Улғайгач, биттасига турмушга чиққан. Иккита фарзандли бўлганида эри ташлаб кетибди. Ўзи қурилишда ишларкан.

– Биласизми, бундай қарасанг, туппа – тузук аёл. Бадбашара эмас. Лекин, нима десам экан, сал ғалатироқмией... Хотиним гапириб берди. Ишдан келаркан, болалари уйда оч ўтиришибди. Шошиб – пишиб овқат қиларкан, масалан, картошка билан гўшт қовурди, дейлик. Аввал ўзи қорнини тўйдириб оларкан. Атрофида оч – наҳор  болалари жавдираб туришибди. Йўқ, улар яқинлашса, уриб ҳайдайди. Ҳали айтганимдек, аввал ўзи нафсини қондиради, кейин ўзидан ортса, болаларига беради. Бўлмаса, бечора гўдаклар оч қолишади. Хотиним болаларга раҳми келганидан, уйга обкириб бир неча марта овқатлантириб чиқариб юборибди. Шу нарсани ҳеч кўз олдингизга келтира оласизми?! Болаларингиз оч бўлса, томоғингиздан овқат ўтадими?!

Йўқ!!! Мен бундай ҳолатни кўз олдимга келтира олмадим! Аёлларни – ку, қўя туринг. Ҳатто, ишдан ҳориб – толиб келган ҳар қандай эркакнинг (отанинг) олдига хотини овқат қўйса, у: " Болаларни қорни тўқми, овқат  ейишдими?” деб албатта сўрайди –ку?!

Шунда "лоп” этиб ёдимга тоғамнинг товуқлар ҳақида: "уларни инкубатордан сотиб олганмиз. Улар она тарбиясини олишмаган. Уларда қўрқиш инстинкти йўқ” деган гаплари тушди.

Демак, бу аёл болалар уйда катта бўлган. Худди, инкубатордаги жўжалар сингари. Товуқларда қўрқиш инстинкти йўқ. Бу аёлда... эса... ОНАЛИК ҲИССИ, МЕҲРИ, ТУЙҒУСИ йўқ!!! Демак, болалар уйи ҳам инкубатордек гап экан. Она ўрнини дунёда ҳеч бир нарса боса олмас экан.

 

Ўзбекистон Республикаси

Олий Харбий Божхона Институти

кафедра мудири полковник

Тўлқин Раҳмонов

Бўлим: Muhlis Minbari | Кўрилган: 5699 | Чоп этди: Sayyod

Нравится
Барча изохлар: 16
1 milawka   (27-Май-2012 10:08) [Материал]
DAXWAT BRAVO TARIFGA SO 'Z YETMAYDI!!! clap

2 bek88   (27-Май-2012 11:28) [Материал]
ОНАЛИК ҲИССИ, МЕҲРИ, ТУЙҒУСИ йўқ!!! Она ўрнини дунёда ҳеч бир нарса боса олмас экан. rost gap bo'.

3 nusrat8182   (27-Май-2012 11:51) [Материал]
qoiyiley shunaqa maqolalar ko'paysa zo'r bo'lardi.

4 888   (27-Май-2012 13:28) [Материал]
Яхши хикоя, лекин на боши бор на охири, ёзиш услуби яхши, кизикарли. Газетага яхши кетса керак, сайтдагиларни бундай "узун" хикояни укишга токатлари етмайдиёв))

5 Xurshida   (27-Май-2012 13:57) [Материал]
JUDA ZOR XIKOYA RAXMAT

6 Sokin_Qalb   (27-Май-2012 14:16) [Материал]
Yaxwi xikoya faqat cho'zilib ketibti! Ota Onasi tarbiya qiladi, kota qilib, qariganida, xol ahvol so'rawga yaramidigan farzandlayam bor! Mehri Alloh qalbga soladi! Farzadiga mehr bermagan ayol, Onamas tug'uvchi inson!

7 Bek8111   (27-Май-2012 16:51) [Материал]
Тугриликка тугрикуя, лекин хамма болалар уйида катта булганлар унака булади деб булмайди. Бу мантикан нотугри фикр. Сабаби она мехрини олганларни хам канчасининг килган вахшийликларини куриб келаяпмиз бу хаётда. Бу аввало инсонннинг узига, колаверса ген деган нарсалар хам бор ва албатта уша мухит хамда таъсир килувчи омиллар хам бор. Бир кишини куриб хаммага бахо бермаслик керак. Болалар уйида катта булган болалардан яхши хулкли, маданиятли ва маънавиятли инсонлар хам чикади. Фикрингиз тулик нотугри демокчи эмасман, сизнинг гапингизда хам жон бор. Факат бир томонлама. Болалар уйига камрок болаларни топшириш керак деган хулосани чикарса хам булади.

8 дили   (27-Май-2012 18:51) [Материал]
эринмай ӯқишга характ қиламан. google google google google google google

9 Arthur2010   (27-Май-2012 19:02) [Материал]
Кундаликка ухшаб кетаркан хикоя. Ёки очерк дейдими... Тугриси, канака аталишини билмайман. Укиса булади. Охири йукми. Тогасини хаёт тарзини тасвирлаб, тугатиб куя колибдида. Балки "Даракчи" ёки "Бекажон"га берса зур кетар.

10 дили   (27-Май-2012 19:42) [Материал]
яхши-ям каттароқ килиб ёзибсиз.РАХМАТ clap hands

11 Uktamjon Ismoilov   (27-Май-2012 22:02) [Материал]
juda zur! tarbiyaviy ahamiyati juda katta shunday maqolalar kup berib borilsa juda yahshi bulardi

12 SanjarBek   (28-Май-2012 12:41) [Материал]
Ajoyib hikoya. Hayotiy va o'z navbatida hayot haqida saboq beradigan zo'r hikoya ekan.

13 SHOH JAHON!!!   (29-Май-2012 18:21) [Материал]
xayotiy xikoya ekan juda tasirli

14 murodbek   (31-Май-2012 00:23) [Материал]
t6g*risi 6qib zerikib ketdim...

15 Annayev*   (02-Июн-2012 11:41) [Материал]
Таъсирчан хикоя.... оддий, равон езилган экан specool

16 AberAB   (02-Июн-2012 19:09) [Материал]
Маколани укиб чикдим, тасирли ёзилибди. Макола авторини жуда яхши танийман. Яхши инсон. Асли Самарқанд вилояти, Пойариқ туманидан.

dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Исмингиз *:
Email(шартмас):
Код *:

Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: 

Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ!

Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин!

-Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. 

(батафсил манбаа)

Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод

YUQORIGA!