13 сентябрь куни "Алишер Навоий" санъат саройида Хилол Насимовнинг янги, ижтимоий характердаги, "Одноклассники.ру" ўткир сюжетли драма фильми премьерасига таклиф қилиндик.
Доимгидек, томошабинлар қаторидан хонандадан тортиб актер ва актрисаларгача санъат оламининг кўпчилиги жой олишди. Уларни хар бирига тўхталиб ўтишни лозим топмадим. Охирги пайт кўпчилиги шунчаки расмга тушиб, текин пиар учун ясан-тусан қилиб келишадию, хамма билан расмга обдон тушиб, одамлар билан хам расмга тушиб ўзларига диққат тортиб бўлишгач, премьерани охиригача қолмай шартта қочишади. Шартми уларни реклама қилиш?) Премьерадан кейин, фильмни охиригача кўриб, биронта фикри мавжуд бўлган машхурни ёритсак арзир. Бундан буёғига буни инобатга оламиз!)
Фильм ижтимоий тармоқ орқали, хусусан "Одноклассники" сайтидан ўз манфаатлари юзасидан фойдаланаётганларнинг қора кирдикорлари хақида, реал воқеаларга асосланиб сўзлайди.
Хар бир нарсада ўз камчилиги бўлгани каби, ушбу фильмдаги актерлар ансамблидан, то бошқа деталларидаги камчиликлар етарлию, аммо фильмнинг мавзуси, воқеаларнинг баъзи сахналарида росмана шокка тушира олиши ва энг асосийси, замон талаби огох бўлишликдаги, ижтимоий тармоқларда нималарга ахамият беришлик кераклиги хақидаги мухим маълумот борасидаги хабарлар жонлангани устунлик қилади.
Отанинг ўз қизи билан воқеаси тубида хам шунчаки оддий тақдир тақозоси эмас, балки, янада чуқурроқ маънолар бисёрдек. Одамлар нафақат бир-бирини, балки ўз жигарларини сотяпти. Афсуски, жамиятнинг энг содда ва диндан илми суст бўлганларни, зомби холатига келтириш натижасида бунга эришилмоқда. Ижтимоий тармоқлардек ўзига тортувчи ва давр талаби бўлган нарсалардан эса, халқни ичидан емириб, захарлаши учун маълум кимсалар фойдаланишида жуда қулай келмоқда.
"Алданган аёл", "Тубанлик" ва мана шу "Одноклассники.ру"картиналари орқали жамиятимизга огохлик сигналини ёқаётган фильмлар халққа жудаям мухим. Айнан жамиятнинг содда ва илми суст бўлган фуқаролари учун бундай фильмлар етарли даражадаги огохлик дарсини ўтайди деб хисоблайман.
Фильм ижодкорларига эса, келаси фильмларида мана шундай мавзунинг ўта жиддийлиги ва унга хам хар тарафлама(!) жиддий маъсулиятни сезган холда ёндошишларини тилаб қоламан. Зеро, хатолик хақида сўзлайдиган фильмнинг хатолари бўлиши жуда эриш туюлади. Маъсулият олдида эса бу мумкин эмас. Катта фильмларда катта актерлар ўйнаши зарурмасдир, бироқ, мавзу даражадаги професионаллик жудаям мухим ва бундай картина устида ишлаётганда манфаат эмас, маъсулият бирламчи бўлиши шарт!
Хуллас, яна бир таъсири етарли даражада бўлган ва нафақат ёшлар, балки, умуман ижтимоий тармоқларда "ўтирмайдиган" катта ёшлардагилар учун хам, томоша қилиши керак бўлган фильм яралди.
Ушбу сатрларга кўз югуртирган хар бир ўқувчини, мана шу фильмни бориб, томоша қилишни тавсия қилардим.
Фильмдан керакли кўп нарса оласиз. Мухим ва керакли маълумотдан хабардор бўлганни эса, химоя қобиғи хам кучли бўлади!
|