Бош сахифа » 2017 » Февраль » 21 » Миллион сўмга интервью берадиган (арзимас) актриса?
21:54
Миллион сўмга интервью берадиган (арзимас) актриса?

Аввалига бизга телеграм орқали бир журналист жўнатган мақола билан танишинг:

 
ФЕРУЗА СОБИТОВА – БИР МИЛЛИОНГА АРЗИМАЙДИГАН АКТРИСА


Андижонлик юртдошимизнинг куюнчалик билан ёзган қуйидаги мактуби бизни ҳам хайрон қолдирди. Ўзи ҳақида ҳеч қандай маълумот келтиришни маъқул кўрмаган ушбу хат муаллифининг кўнглидан кечган оғриқлари сизларни ҳам таажжубга солиши шубҳасиз.
“Тўрт кундан буён “Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан  ташкил этилган “Киноактёр” театр-студияси ўзининг “Тўмарис” спектаклини Андижон вилоят қўғирчоқ театрида томошабинлар ҳукмига ҳавола этиб келмоқда.
Кўпчилик мақтаган мазкур спектаклга мен ҳам кеча ўн минг сўмга билет олиб, томошага тушдим. 12:00 да бошланади деган спектакл нақ 12: 45 да намойиш этила бошланди. Бу вақт орқлиғида томоша залининг тўлишини кутдик. Аммо шунча кутганимиз самара бермади: залнинг ярми тўлди холос. Очиғини айтсам, саҳна безаклари ва декорацияни кўриб, ҳаёлан тарихга қайтгандек бўлдим. Аммо “Тўмарис”нинг айрим саҳналарини кўргач эса ўзимга нимадир ололмадим. Маҳоратли режиссёр ва актёр Сайфиддин Мелиевнинг ушбу саҳна асаридаги эҳтиросларга бой саҳналар кўплаб томошабинлар қатори менинг ҳам ҳаёлларимни тўзғитиб юборди. Назаримда, актриса Феруза Собитованинг актёр Карим Мирходиевга суйкалиб, қучоқлашиш саҳналари спектаклни кўрган ҳар бир томошабин, айниқса, ёшларнинг “айниб” кетишига ҳақиқий “сабоқ” бўлиши турган гап. Телевидение орқали намойиш этиладиган хориж фильмларидаги бундай “манзаралар”дан зериккан томошабин театрда ҳам шундай ҳолатни кўриб, кетган вақти ва маблағига ачиниши табиийдир, агар у зиёли, ўқимишли инсон бўлса. Шунчаки, вақтини “мазмунли” ўтказиш учун томошага кирганларга эса бундай “эҳтирослар жангги” мойдек ёқиши турган гап. Шу билан бирга спектаклда ватанпарварлик руҳи ҳам бироз сустдек, назаримда. Режиссёр мана шундай ҳолатларга зийраклик билан эътибор бериши керак эди, деб ўйлайман.
Тўмарис ролини талқин қилган актриса Элмира Раҳимжонова ва унинг ўғли ролини ижро этган актёрнинг (уни илк бор кўрганим учун исмини билолмадим) изланиши ва ижроси менга маъқул келди, холос. 
Спектаклдан сўнг вилоят “Баркамол авлод” болалар ижодиёт марказидаги “Китоб олами” савдо марказида театр-студияси ижодкорлари ҳамда андижонлик мухлислар билан ижодий учрашув ўтказилди. Очиғи, ролларини севиб томоша қиладиган актёрларимиздан дастхат қўйиб беришларини сўрасак, улар “Анави китоблардан сотиб олинг, сўнг имзо ва тилак ёзиб берамиз”, дея айтган жавобидан ёқамизни ушлаб қолдик. Бу энди китоб ўтказишнинг яна усули эканда, деявердик. Қанийди, ўша китобларнинг нархи “осмонда” эмас, аксинча арзон бўлсаю, камида 50 минг ёки 100 минг сўмлик китоб харид қилсанг?!
Учрашув тугагач, чала ишларимни якунлаш мақсадида ишхонамга қайтиб бордим. Ишларим битгач, уйга йўл олдим. Ўшанда соат 20:30 эди, адашмасам. Андижон шаҳридаги “Тошкент” меҳмонхонаси ёнидан ўтаётиб, водийда ўз ўрни ва обрўсига эга бир журналда ишлайдиган журналист танишим Миролимнинг асаби бузилиб, турган ҳолатда машина кутаётганини кўриб қолдим. Ёнида бир дўсти ҳам бор эди. У билан салом-алик қилгач, ҳол-аҳвол сўрадим. Миролим юқорида номи зикр этилган спектакл актёрларидан бирининг қатъий айтган гапларини шундай сўзлаб берди: “Журналимизнинг март сонига актриса Феруза Собитова билан суҳбат қилиш мақсадида, меҳмонхонага келгандик, у ва ўзини продюссериман дея таништирган бир ака, мендан бир миллион маблағ талаб қилди. Нима эмиш, актриса интервью берганида қаттиқ меҳнат қилармиш, шу боис унинг меҳнати пулли экан. Ишонсангиз, катта-катта давлат унвонларини олган, не-не давраларни кўрган устоз санъаткорлардан интервью олганимда ҳам шундай фикр эшитмагандим. Улар билан ҳайрлашиб бўлганимдан сўнг меҳмонхонадан чиқдим ва актриса билан яна қўнғироқлашдим. Унга водийлик мухлисларнинг талаб ва таклифига биноан суҳбалашмоқчи эканлигимни тушунтиришга ҳаракат қилдим, афсуски у яна “ҳақ” тўғрисида гапира кетди...  Сўнг сенинг ҳам дардинг пул эканда, дея телефонни ўчириб қўйдим”. Миролимнинг сўзлари мени ҳам ажаблантирди. Унинг кўнглига ёруғлик олиб кириш мақсадида ҳали бирорта ҳам унвон олмаган ўша Феруза Собитованинг бир миллионга ҳам арзимаслигини, иложи борича кечагина порлаб, эрта сўнадиган бундай “юлдузча”лардан камроқ интервью олишини айтдим ва сўнг у билан хайрлашдим. 
Кеча 18 февраль куни бўлган мазкур ҳолатлар ҳалигача менга тинчлик бермаяпти. Аксарият санъаткорлар сиз шуни унутмангки, биз мухлислар ва эътирофимиз бор экан, сиз санъаткор бўлиб юрибсиз. Ўша халқнинг пулига қора қозонингизни тебратяпсиз. Ҳамиша камтар ва самимий бўлиб юришни бир умрга одат қилиб олинг. Шунда сира кам бўлмайсиз”.

 

Мазкур мақола юзасидан сайтимиз ходимаси Диля Сухбатова ўз суриштирув ишини ўтказиб, актриса Феруза Собитова билан боғланиб ушбу мақола билан таништириб фикри билан қизиқди:

Феруза Собитова: - Биринчидан, биз "Халқ билан мулоқот йили"муносабати билан ташкил этилган фестиваль билан Андижон вилоятига келдик."Китоб олами"мажмуаси ва"Ўзбек кино" ҳамда театр ҳамкорлигидаги илк сафаримиз бўлди. Бизнинг ушбу сафаримиз давлат миқёсида бўлиб ўтди. Бизни Андижон вилоят ҳокимининг ўзи, шаҳар ҳокимининг ўзи кутиб олди. Кели спектаклимизни кўришди. Спектаклимиз уларга маъқул келди. Ҳатто"Андижон гавҳари", "Андижоннома" газеталарини кўрсангиз, у ерда бизнинг спектаклимиз ҳақида тўлиқ фикрларини ёзишган. Буни биласизми нима учун шундай ёзилган? "Букашка - таракашка"деганлар бор - да, шундай кўра олмайдиганлар каби. Бизга бир журналист мурожаат қилди, сиздан интервью оламан, деб. Биринчидан чарчаган эдик, иккинчидан унга айтдим, сен мен ҳақимда эмас,  мана ҳозир "Халқ билан мулоқот йили"га ва шу "Тўмарис" спектакли ҳақида мақола қилгин, шу мақоланг ушбу спектаклда ижро этган барча санъаткорлар ҳақида, Тўмарис ҳақида бўлсин. Тўмарис бизнинг аждодимиз, буюк инсон, буюк аёл, ҳозирги кунда бизнинг аёлларимиз ҳам камида шу Тўмарисдек бўлса, яхши бўлар эди - да.

 

Диля  Сухбатова: - Йўқ, қаранг, мавзудан четлашиб кетдик, сизнинг продюссерингиз шу интервью учун 1 000 000 сўм сўрабдилар - ку.

Феруза Собитова: - Йўқ,  йўқ, 1 000 000 сўм ҳақида гап бўлмади.

 

Диля  Сухбатова: - Ўзи маблағ ҳақида гап бўлдими?

Феруза Собитова: - Мен алоҳида ўзим ҳақимда интервью бермайман  дедим. Фақат шу Тўмарис ҳақида ёзинг, бу ўқувчилар учун қизиқроқ бўлади, дедим. Кейин менда ҳозир ҳеч қандай янгилик йўқ, дедим. Интервью беришни ўзим ҳам унчалик ёқтирмайман, дедим ва мен интервьюни жуда кам бераман. Интервью бериш учун янгиликлар керак. Ҳадеб интервью бериш бу - мақ таниш - да! Ҳадеб мақтайвермайсиз - ку ўзингизни. Халқ учун, давлатимиз учун, "Ўзбек кино" қошида театр очилганинг ўзи бир тарих - да. Мана "Ўзбек кино"  қошида бундан 30 йил олдин бўлган театрни тиклашди.

 

Диля  Сухбатова: - Сиз ҳар куни ҳаммага интервью бериб юрмаган эдингиз - ку барибир. Шунинг учун қизиқиб сиздан интервью олгани борганида сиз ҳам рози бўлиб интервью беришингиз ёмон нарса эмас деб ўйлайман. Лекин бу ерда пул тўғрисида гап бўлган. 1 000 000 сўм бўлмаса ҳам, қанчадур маблағ ҳақида гапирилдими? Продюссерингизми гапирдими, бизда интервью шунача пул туради, деб?

Феруза Собитова: - Йўқ - йўқ, у фақат, агар сенинг газетанга мен реклама берсам, рекламанг неча пул туради, деди. Реклама пул туради - ку, деди. Лекин ҳозир биз унга келишмадик  деди. Ана шу актрисадан ўзи ҳақида интервью оласан деб келишмадик  деди. Мана бемалол спектакл ижрочиларини, ҳоким спектаклни томоша қилганини, "Китоб олами" ни, халқни биз китоб ўқишга жалб қилаётганимизни ёз. Мана биз китоблар сотишни уюштиряпмиз, бунинг учун китоб сотиладиган ярмаркада актёрлар турибди, одамлар бизга қизиқиб бундан - да кўп китоб сотиб олишди. Мен интервью шу ҳақида бермоқчи эдим, аммо менинг шахсий фикрим ҳам бор, тўғрими?  Ҳар бир инсон хоҳлаган ишини қилади, хоҳламаганини қилмайди. Мен интервью беришни хоҳламайман. Керак бўлган пайтда мен бераман интервьюни. Мен хоҳламаганимда мени ҳеч ким мажбур қила олмайди. Тўғрими? Ёки бу мажбуриятми?

Пул ҳақида гап бўлмади. Бу ёлғон гап. Энди шундай пасткаш одамлар бор. Қачонки, ўзининг ниятига эришмаганидан кейин, қандайдир бошқа ердан "чақиши" керак - ку. Агар ростдан ҳам ўша ёзганидек, эҳтирос - пеҳтирос каби саҳналар бўлганида, халққа шунчалик ёмон таъсир қилганида, ҳокимнинг ўзи нима қиляпсизлар, қандай спектаклни олиб келдинг, деган бўлар эдими?

 

Диля  Сухбатова: -Спектакльда  қучоқлаб қўйилган саҳна бормиди? Қанчалик даражада қучоқланган эди-деган савол туғилди - да...

Феруза Собитова: - Бу энди қучоқлаб... ўпишиб... йўқ, ундай саҳна йўқ. Бу рамзий маънода қилинган саҳна. Саҳнадаги рақсга мосланган, классика кўринишига асосланган ҳаракат бор. (Саҳнадан парча ҳикоя қилди) Хуллас, узукни олиб берди, ўзининг шоҳини севади, образ бўйича, бу оддий кўриниш. Сиз агар шу ерда бўлганингизда кўрган бўлар эдингиз. Халқ, аёллар рахмат деб саҳна ортига таъсирланиб келишди. 90 % халққа ёқяпти, битта журналистга ёқмаганини энди ҳозир гаплашиб ўтирибмизми?

Ҳожи Оталар ҳам спектаклни кўрди. Уларга ҳам ёқди. Агарда шу журналист ёзган мақола ҳақиқат бўлганида, у отахонлар келиб қўзғалон қилган бўлармиди..?

 

Диля  Сухбатова: - Эҳтиросли қучоқлаб қўйган саҳна биттами? Томошабинни эҳтиросли даражага олиб келадиган нимадир борми?

Феруза Собитова: - Ўзи битта биринчи саҳнада у нарса бор, лекин у саҳна бир марта бўлади, у аёл севгани учун унга эришиш учун қандайдир мулозаматлар қилади. Аммо ундай қучоқлаб, ётиб ёки ўпишиш саҳналари йўқ. Биз ҳам ёшларга ёки катта ёшлиларга ундай спектакл олиб келмаймиз - ку. Ахир бу спектакл назоратдан ўтган - ку.

 

Диля  Сухбатова: - Юқоридаги саволга қайтсак - да, сизнинг продюссерингиз сиз билан бўлган интервью газетага реклама бўлади-деб  бизнинг рекламамиз мана шунча нарх бўлади, дедими?

Феруза Собитова: - Умуман рекламамиз мана шунча туради дейилмаган, умуман пул ҳақида гап бўлмади. Битта савол бўлди, агарда сенинг газетанга мен реклама берсам қанча нарх бўлади, деганда, у 800 000 сўмми...деди. Лекин бошқа сон оғизга олинмади ҳам.

Бизни Андижонга сафаримизнинг масъул ходими  мен бу актёрларни спектакл қўйиш учун олиб келганман, шахсий интервью беришга эмас, деб айтди. Мен, биз шунчаки гастроль сафарига келмадик, биз ҳаққи тўланган гастроль сафаридамиз  дедим. Яъни текинга эмас бу, тушуняпсизми? Бу  хокимият ёрдами билан чипталар арзон нархда сотилган. Ўзи 25 000  сўм турадиган чипталар, халқ учун 10 000 сўм қилинди.

 

Диля  Сухбатова: - Унда нега спектакл бошланишини 45 дақиқа кутишди?

Феруза Собитова: - Вилоят ҳокими селектр мажлисида эди. Шуни нимага ёзмайди у (*****) бола? ҳокимнинг келишини кутдик.  

 

Диля  Сухбатова: - У томошабинларни кутдик, деган.

Феруза Собитова: - Ҳеч ҳам! (Асабийлашиб) Ёлғон гапирмасин!

 

Диля  Сухбатова:   1 000 000 сўмга интервьюни ололмадим, дебди, ундан кейин яна сизга қўнғироқ қилган экан, шунда сиз яна интервьюга айтилган нарх ҳақида гапирибсиз.

Феруза Собитова: - Мен унга айтдим, биз пули тўланган жойга келдик, дедим. Интервью беришни ёқтирмайман. Ҳатто Тошкент шахридаги газеталарга ҳам бир - бир интервью бераман  дедим. Менинг назаримда, мен ҳали у даражага етмаганманки, доимий равишда интервью беришга. Қачонки, Тўмарис  образи каби зўр рол ўйнасам, мана бемалол ёритсин. Мен ҳақимда ёзмасин, агар унинг ақли бўлса, у менинг олдимга эмас, Тўмарис ролини ижро этган Илмиранинг олдига келиши керак эди. У ҳақида ёзиши керак эди. Илмирада янгилик бор, у зўр образ яратди. Тушуняпсизми?

 

Диля  Сухбатова: - Спектакльдан сўнг вилоят "Баркамол авлод" болалар ижодиёт марказидаги "Китоб олами" савдо марказида театр  студияси ижодкорлари билан ижодий учрашув бўлган экан. Шунда мухлисларингиз сизлардан дастхат қўйиб беришингизни сўрашса, сизлар, ана у китоблардан сотиб олинг, сўнг тилак ва дастхат ёзиб берамиз, деган экансизлар. Нима дейсиз шунга?

Феруза Собитова: - Шунчалик ҳам бўрттирадими? Бундай нарса бўлмади. Биз тўғри келган одам билан расмга ҳам тушдик, дастхат ҳам қўйиб бердик ҳаммага. Фақат болачалар келганда уларга савол бердик, сизлар китоб олдингизми, қандай китоб олдингиз, қандай китоблар ёқади деб. Китоб ҳақида суҳбат бўлди. Кўпроқ  китоб ўқинглар, шунчаки расмга тушманглар, келинг, китоб олсангиз яхши деган маънода суҳбатлашдик. У ерда мажбурият деган нарса йўқ эди. Биз ҳар бир одамга кулиб хушмуомалалик билан жавоб бердик. Дастхатларни қоғозчаларга ҳам қўйдик.

 

(Шу  пайт  телефонни актриса  Наргиза Салмонова олди )

Наргиза Салмонова: Мен булар билан бирга эдим Андижонга бўлган гастрольда. Йўқ  демасангиз мен озгина қўшимча қилсам. Феруза Собитова ҳозир асабийлашдилар - да. Мана шу спектаклда мен ҳам ижро этяпман. Бирга келдим улар билан. Айтмоқчи бўлганим, у журналист йигит анчадан бери қўнғироқ қилар экан. Феруза Собитова билан интервью қилишни хоҳлар экан. Шунга Феруза опам, интервью олишни хоҳлар экансиз, келинг, биз шу меҳмонхонадамиз, деб чиройли муомала қилдилар. У бола келди. Бизнинг ҳар бир соатимиз, вақтимиз режа бўйича бўлгани учун ва овқатланишга ҳам вақти бўлмагани учун интервьюга вақт бўлмади. Шу билан, гап устига гап бўлиб, биз билан келган маъмуримиз айтдилар, ҳозир шахсий уларнинг ижодлари  ҳақида интервью қилмай турайлик - да, "Тўмарис" спектакли ҳақида ёзинг  дедилар. Шунда у, ўзлари ҳақида ёзишни хоҳлаган эдим  деди. Маъмуримиз эса, йўқ, укам, мени ҳозир тўғри тушунинг, мен олиб келган эдим, менинг назоратимда булар, кейин бошқа сафар агар ҳозир интервью қилмоқчи бўлсангиз шу спектакл ҳақида қилайлик  деди. У бола билмадим хоҳладими, хохламадими, у ёғи менга қоронғи, чунки мен у ерда йўқ эдим. Лекин битта савол бердилар, агар мана сизда журналми, газетами билмайман, шунда мисол учун ниманидир реклама қилмоқчи бўлсак, саволде, энди шунчаки, шу реклама неча пул бўлади, дедилар. Шунда, эшитишим бўйича  800 000 сўм дебди у бола. Маъмуримиз, шунга ўхшаган нарса десак ҳам бўлади деди ҳазил сифатида, шундай қилишимиз мумкин ёки хоҳласангиз интервьюни шахсий ижод хақида эмас, спектакль ҳақида қиламиз  дедилар.

 

( Телефонни режиссер ва актер Сайфиддин Мелиев олади)

 

Диля  Сухбатова: -   Андижонда спектакльдан кейин мухлислар билан ижодий учрашув бўлибди, шу учрашувда актёр ва актрисаларимиз дастхат қўйдириш учун борган мухлисларига, аввал китоб сотиб олинг, кейин тилак ва дастхат қўйиб берамиз  дейишибди. Шундай бўлдими?

Сайфиддин Мелиев:  Ха. очилишида бўлди. Очилишида мен ўзим ҳоким ўринбосари билан актёрлар чиқиб, тушунтириш ишлари олиб бордик. Албатта, китоб қанчалик юксаклигини, мисол учун, ўзим кўп китоб ўқишимни айтдим. Бу мақтаниш эмас, битта нарсаки, одам қанча китоб ўқиши ҳақида, китобнинг фойдалари ҳақида, ҳар битта одамнинг китоб ўқиши ҳақида, бугунги кунда қанчалик долзарблиги ҳақида гапирдик. Биз ҳам комедия олиб келсак бўлар эди, кўпчилик бизга айтадики, комедия олинглар, деб йўқ дедим мен. Томошабинларга ҳам айтдимки, мана олдимизда китоб ярмаркаси бўляптими, мана шу китобларни олинглар,  бу ҳам сизларнинг билимингизга, тасаввур дунёингизнинг очилишига жуда ҳам катта ёрдам беради  дедим.   

 

Диля  Сухбатова:  Ўша ерда сиз ҳам бўлган бўсангиз  олдин китоб сотиб олсангиз  кейин дастхат қўйиб берамиз деган  гап бўлганми?

Сайфиддин Мелиев:  -Йўқ,йўқ, йўқ,  мен ўша ерда, кеча ҳам айтдим, спектаклдан бўшаганингизда, албатта, китоб ярмаркасига киринглар дедим. Мисол учун, менинг ўзим ҳам  бир нечта китоб олган болаларга ҳам айтдимки, олинглар китобларни, ўқинглар, албатта,  баъзи пайтда, мисол учун, ҳаётда бўлади шундай ҳолатлар, битта китобни 2 - 3 та одам биргаликда олиб ўқишингиз мумкин  деб тушунтирдим.

 

Актер ва актрисалар фикри билан танишгач ўша мақолада кўрсатилган журналист Миролим билан боғландик.

 

Диля  Сухбатова:  Мақола аноним томонидан ёзилган, у ерда “ Таниш журналист Миролимни кўриб қолдим, кайфияти йўқ эди... ” каби гаплар бор. Мақолани ўзингиз аноним бўлиб ёздингизми?

Миролим: -Йўқ, мен бу мақолани сайтда кўриб қолиб, Наргиза опага юбордим. Улар Сардор ака (Sayyod.com раҳбари )га  юборибдилар. Очиғи, ўша куни меҳмонхонадан чиққандан кейин роса алам қилди .  “Водий гавҳари” журнали 2011-йилдан бери чоп этилади. Масалан, ўша Феруза Собитова билан ўтган йили октбрь – ноябрь ойларида телефон орқали боғланиб гаплашган эдик. Ўзи мен водийда турганим учун кўпчилик ёши катта актёр ва актрисалар билан, агар уларга малол келмаса, телефон орқали интервью оламиз. Феруза опага ҳам шу мақсадда телефон қилганимда, Тошкентга келганингизда ёки Андижонга ижодий сафарга борганимизда гаплашамиз деган эди. Спектакль ҳақида эшитган эдим, аммо у ерда Феруза опа роль ўйнаганидан хабарим йўқ эди. Карим ака Мирходиев роль ўйнаганини айтишган эди. Кейин мен Карим акага қўнғироқ қилдим: “ Ака, Андижонга келибсиз, интервью бера оласизми? Шундай  номли журналданман,- десам улар, - ҳозир спектакль бўляпти, тадбирларда ҳам юрибмиз, вақтимиз йўқ,”  - дедилар. Кейин спектакльга борган эдим, Феруза опа ҳам бор экан. Феруза опанинг ўтган йили айтган фикри ҳаёлимга келди ва спектакльдан чиққандан кейин опага қўнғироқ қилдим, уларга телефонда гаплашган гапимизни эслатдим. Кейин: “Қайси меҳмонхонадасизлар, - десам, - “Тошкент” меҳмонхонасида, - дедилар. Соат 15:00 ярим 16:00 лардан 19:00 ларгача гаплашдик. Агар интервью пуллик бўлганида ўша вақтнинг ўзида продюссер менга айтар эди, мен шунча вақт у ерда бўлдим, вақтимни кетказдим, интервью учун тайёрландим, шунча вақт ичида бошқа ишларимни қилиб, бошқа мақолалар ёзар эдим.

Меҳмонхонага бир талаба шеригим билан бирга бордик. Эшикнинг олдида продюссер иккита ака билан турган экан, келиб кўришдик. “Кираверинг, ҳозир гаплашамиз, - деган эди, - Феруза опадан интервью олмоқчи эдик,- десам, - бўлди, киринглар, “ – деди. Ичкарига кирдик, меҳмонхона фойесидаги ўриндиқларда ўтирдик, Феруза опага қўнғироқ қилсам,   бир 5  дақиқадан кейин тушди. Унгача ташқаридаги продюссер ака ҳам кирди. Ўриндиқда мен, шеригим, продюссер ака, Феруза опа ва ўша спектаклда роль ўйнаган битта кичкина жуссали актёр бор эди  - ку, Шохрух Худойқуловми исми... ўша ака чиқди. Шу беш киши эдик  холос. Кейин Феруза опага мен айтдим: “ Водий гавҳари” деган журналданман, боя спектаклдан кейин томошабинлардан яхши фикрларни олдим, спектакль ёқди, журналда битта саҳифани шунга бермоқчимиз расмлари  билан, Андижонда биринчи марта тарихий спектакль берилди, журналнинг февраль ойига шу спектакль ҳақидаги мақолада томошабинлар ва актёр – актрисаларнинг таассуротлари билан бермоқчимиз, кейин март ойи сонига Феруза Собитованинг ўзлари билан битта қизиқарли суҳбат қилиб, 8-Мартга бағишланган “Ижодкор аёллар” саҳифасига шу интервьюни берамиз,” -  десам, у ака айтдики : “Йўқ, Феруза интервью бермайди, чунки Феруза интервью берса,” -  ўша вақтда бир нимани англолмай қолдим, лекин  1 000 000 деган суммани эшитдим. Уша бир интервьюсига 1 000 000 ёки  1 соатига 1 000 000 деган бир фикрни айтди.  Масалан ўша интервью бериши 1 000 000 деб айтди.   Шундай деганига мен ажабландим. Кейин шу вақтгача Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ артистларидан интервью олганмиз, лекин биз улардан бир пул ҳам талаб қилмаганмиз ёки улар биздан пул талаб қилишмаган.

Мен уларга шу вақтгача интервью олганмиз, аммо пул ҳам бермаганмиз, талаб ҳам қилмаганмиз, дедим. Шундан сўнг улар сиз айтган гапни айтдилар, журналларингизга реклама берса, пулликми, деган. Мен уларга: “ Бизда реклама эмас, кимдир ўз хоҳиши билан чиқмоқчи бўлса, пуллик хизмат қиламиз, аммо санъаткорлардан ҳеч қачон пул олмаганмиз ҳам, пул бермаганмиз ҳам. Реклама эса, 800 000 – 850 000 бўлган эди бир сафар,” – дедим. Ака эса, ана кўрдингиз, бу ҳам шундай дегандек гап қилди. Кейин мен у акага, шундай келишган эдик, водийлик мухлисларнинг талабларига биноан интервью келишган эдик. Майли, ўша мақолада спектаклни ҳам ёзамиз, бу сизларга ҳам реклама бўлади, ҳам Феруза опа билан интервьюни март сонида чоп этамиз, дедим. У ака рози бўлмади.

Кейин 2 та журналимиздан бериб, улар билан хайрлашиб чиқдик. Меҳмонхонанинг ташқарисига чиққанимиздан кейин, шаҳардаги кўп шерикларимни кўрдим. Аламим устидан уларга бўлган воқеани гапириб бердим. Журналист танишларимга ҳам қўрғироқ қилиб айтдим ва сўрадим, шундай бўладими деб. Улар, бизда бундай ҳолат бўлмаган, дейишди.  Шундан сўнг Феруза опанинг ўзига яна қайта қўнғироқ қилдим: “ Опа, шундай спектакль бўлибди, продюссерингиз шундай деди, майли, Тошкентга қайтганингизда телефон орқали интервью олайлик, лекин пулга эмас, - десам, - сизга айтдик – ку, ука, талабни,” – деди. Кейин мен ажабланиб, телефонни ўчириб қўйдим. Кейин танишларимга айтдим.  Шундан бери мени шу воқеа ўйлантириб қўйди. Шу вақтгача ҳеч ҳам бундай воқеани эшитмаганмиз. 

 

Диля  Сухбатова:  -Мана шу суҳбатингизни диктофонга ёзиб олмаганмисиз?

Миролим:-Йўқ, шуни ёзиб олмаган эканман, лекин гувоҳ, шеригим бор, университетда ўқийди.

   Агар биз, масалан, айнан Феруза Собитовадан интервьюлари орқали журналимиз тиражи ошса, мухлислар ортиб боради деган мақсад бўлса, биз ундан ҳам бир таниқлироқ , Давлат унвонига эга, театрда фаолият олиб борган устоз санъаткорлардан интервью ўзи олиб келганмиз, унинг ўрнига ҳам шундай бир санъаткордан интервью олган бўлар эдик.

 

Хулоса ўзингиздан.

 

Диля Сухбатова тайёрлади. 

Бўлим: Baxs| Tanqid | Janjal | Кўрилган: 59887 | Чоп этди: Sayyod | Теглар: Feruza Sobitova

Нравится
Барча изохлар: 13
1 FC_PAXTAKOR   (21-Фев-2017 23:33) [Материал]
Pul o'lsina pul)))
Gap puldamas uning qanchaligida))))

2 semyonov_toni   (21-Фев-2017 23:46) [Материал]
bu voqea sizga yetib kelishini hayoliga ham keltirmagandirda,gap shu yarda qoladi dep o'ylaganmi endi afsuslanayotgandir...men sizi fikriz bor deb o'lagandim ohirida,Sardor aka,ha mayli shirin sozlarizni ayabsizda,shunaqa zvezda bob ketganlar haqida shu joyiga yetib boradigan qilib maqola qisayiz bolardi...

3 muxlis   (22-Фев-2017 08:38) [Материал]
Sen "To'maris" haqida yozgin deb senlab, mensimay gapirishidan aniq F. Sobitova yo'g'on gapiryapti. ma'muri ham, o'zi ham pul ta'ma qilgani aniq. Ya'ni reklama beruvchilar 800 000 ming to'lash kerak degan gapidan ma'lum, bular aniq ta'magirlik qilgan. O'zing kimsan deydigan odam yo'q!

4 Rovshanaka)   (22-Фев-2017 09:32) [Материал]
Bu Bemaza Didi diladan siniy kit mavzusi qiziqroq))

5 tuxohr2   (22-Фев-2017 15:14) [Материал]
Узидан "зведа" ясавотганла хам бор. Лн бир нарсани унутиб куймасин уза "звезда"лар халк тан осин санлани звезда дб ана кегин узиндан манга дисас каралева ясаволарин ким бусен хам унутма одам боласи сан санлаям! Казо казо инсонлаям узи бн олиб кетомаган обру этибори санла катгача борардиларин? Сомонхонами охирги жойларин? Спектакльга анчадан бери халк тушми куйган, сабаби оддий.... Тайинли еки кизикарли мавзу еки енгича талкин умуман йук! Ундан кура кинога тушвоти халк. Спектакльга тушишсаям факат комедия жанрига тугри тушишвоти. Коган мавзуларила ноль! Бу мани шахсий фикрим коганла нима диди билмадим.

6 Abror   (22-Фев-2017 15:22) [Материал]
Bu san'atkor deganini ko'pi ikkiyuzlamachi bo'ladi.Rol o'ynab o'rganib ketgan.

7 xaqiqatgoy ))   (23-Фев-2017 08:19) [Материал]
Feruza Sobitovaga ozi baaari shunaqa yengil rollar taklif etiladimi ozi? ShoxRux - Xato qoshigini klipidayam shu oynagan adashmasam??

https://www.youtube.com/watch?v=Sibe1-q-o7o

8 azalawyer   (23-Фев-2017 14:44) [Материал]
товба буларни нимасига одамлар улардан дастхат олади))

9 Бахром Сафаров   (24-Фев-2017 22:55) [Материал]
Ishonuring

10 Nigora   (25-Фев-2017 09:40) [Материал]
Man bu yigitni gapiga 100% ishonaman. Halq bn muloqotga borarmushde, intervyusi mlnmush.Kimsan?To' ti Yusupovamisan yo yana kattaroq aktrisamisan? Hatto shular ham pul talab qilmaydi. Uzini Gollivudda his qilgan bolsa kk.Biletini 10ming qiganmushde kitob 50 100 mingmush.Boshlaring osmonda bsayam, oyoqlaring yerda, prodyusser akajonizam sal uzlarini odmiroq tutsala nur ustiga a'lo nur bo'lardi.Salbiy rollarni kop oynardiz, hayotdagi uzizngizni yoritarkansizda mln somlik XONIMCHA

11 Isa   (27-Фев-2017 13:02) [Материал]
San‘at olami vakillari doimo xalqqa o‘z ma‘naviyati bilan o‘rnak bo‘lib kelgan. Bunaqa pul uchun ikki og‘iz gapini kanda qiladigan bir tiyinga qimmatlar teatr saxnasiga shak keltirmasin

12 Gafur   (02-Мар-2017 16:47) [Материал]
bu cala artist zoti hamma yoni bulgap yotipti bulani hammasini eledan otkazadigan vaqt keldi badiiy kengaw umuman iwlamidi bizada qobilyati bomasayam ciroyi yoki ..... bosa boldi

13 sardor_   (02-Мар-2017 19:34) [Материал]
Eee afsus sanatimizda endi bunaqasi xam paydo bolibdide. Interyu uchun pul....Feruza kelsak u haqida uzim uchun kerakli xulosaga ega boldim

dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Исмингиз *:
Email(шартмас):
Код *:

Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: 

Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ!

Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин!

-Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. 

(батафсил манбаа)

Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод

YUQORIGA!