Биласизми, яхши фильмни ўзига хос қандайдир рухияти бўладими, жоними билмадиму, доим тв каналларини "айлантира" туриб, турфа фильмлардан қандайдир бир 30-40 секундидан, у фильм қандайлигини билиб оламан. Бу билан ички хиссиётимни мақтаётганим йўқ, шунчаки ўша аъло фильмларни , рости хам рухияти бўлишига борган сари ишонмоқдаман.
Ижод олами тирик ва унга қандай ёндошилгани, махсулот билан танишувнинг илк секундлариданоқ сезилади.
Лола Элтоева ва Мирза Азизовлардек актерларга кўзим тушиб, пультни қўлдан туширдим ва фильмни кузата бошладим. Фильм 2012 йилдан бери эфирга узатилар экану энди кўришим экан.
Фильм тугагач, бир тарафдан кўрганимга хурсанд бўлдим, бошқа тарафдан ачиндим, чунки шу қадар таъсирландимки, бошим оғриб қолди. Фильм давомида эса эмоцияларни яшира олмай, овозда "Нахотки шундай инсонлар бор?!" деб юбордим. Фильмни оилавий ва яна бир дўстим билан хам кўрганимиз боис, улар нафақат шундай оилалар балки, жамиятимизда шундай инсонлар етарли даражада эканлигидан намуналар келтира бошлашди. Ёдимга тушди...Мен ўсган махалламдаги бир домлани қизини хам шу ёшида турмушга беришганди, тўйсиз ғалати тарзда жимгина бўлганди.....хечам тушунолмагандим. Кейин эса бирин-кетин ўлик болалар туққанини махаллада дув-дув гапиришарди. Кейинги тақдирини "дом"га кўчгач, билмай қолдим.
Бу фильмдаги шокка туширган холатларни кўриб, бир муддат "Нахотки шундай жамиятда яшаяпман?" деб қўрқиб кетдим, тўғриси.
Фильмдан бехабарлар учун, қисқача:
Тубанлик фильми сценарий муаллифи ва режиссери Хилол Насимов экан (титрдан кўришга улгурдим)
Оператор Умид Маликов (Клиплар борасидаги илк тажрибам У.Отажоновга "Лабингда" клипини шу оператор билан бирга амалга оширгандим)
2012 йилги бу картина "Ўзбеккино" миллий агентлигига қарашли экан. (Агар хусусий фильм бўлганида, ажабланган бўлардим, "так что, все нормально!"))
Фильм давомийлиги 93 минутни ташкил этади, гувохнома рақами 88/12-Д, гувохнома расмийлаштирилган сана 17.08.2012
Фильмда ақидапарастликни ўз жинсий нафси йўлида ривожлантираётганлар, хусусан бош қахрамон 15 ёшлик қизни ўзини отасидан хам катта ёшдаги инсонга, унинг мартабаси ва Исломдан етарли илми бўлмаганлар орасидаги сохта обрўси юзасидан турмушга беришлари билан боғлиқ воқеалар ўрин олган.
Шунингдек, турли оқимларни савдо-сотиқ ишлари, катта пул билан авраб ишга ёллашлари, эскилик салқити бўлган тушунча билан келинга нарсадек қаралиш, ва энг асосийси Исломдан етарли илми бўлмаганларни динни ниқоб қилиб, ўз манфаатлари юзасидан қилаётган қинғир ишлари фильмда намоён қилинган.
"Тубанлик" фильмидан хануз қулоғимда қизнинг чимилдиқдаги "Амаки илтимос менга тегманг" деб ёлворишию, кўз ўнгимдан Лола Элтоева қахрамони зорланган нигохлари кетмаяпти.
Умуман, бундай ўз таъсирини ўтказган ва ёддан чиқмаяптган холатлар жуда кўп, Муяссар Бердиқулова қахрамони гаплари, Мунаввара Абдуллаева қахрамони билан шифохонадаги супердиалог, никох пайтидаги секта аъзоларига ўхшаб ўқилаётган алламбало суралар таъсиридаги гипноздан келин бақириб юборгани..
Тўғриси, шу пайт, мен хам "бу нима гипноз сектасими?" деб бақирворай дедим.
Сюжет линияларидаги турли долзарб мавзулар бир чоррахада аъло даражада кесишган деб хисоблайман.
Сценарий муаллифи ва режиссер Хилол Насимовга алохида ва катта ХУРМАТ! Зеро, томошабинни шу қадар фильмга тортиб кетиш махорати, хамма ижодкорларда хам учрайвермайдиган ноёб иқтидор бўлса керак.
Бош қахрамонлардан бири ўсмирнинг ролидаги бироз сустликни айтмаса, актерлар ансамбли ўз ролларини аъло даражада уддалашган. Лола Элтоева, Мунаввара Абдуллаева ва Муяссар Бердиқулова, жуда ишончли ва аъло!
Бу фильмни томоша қилишни нафақат хаммага тавсия қиламан, балки тарғиб хам қиламан! Зеро, фильмда оилавий жихатдан жуда кўп нарсалар осон ва етарли даражада енгил тарзда етказилиб, хар бир ёшдаги томошабин учун катта дарсликни ўтайди!
Фильм динамикаси хеч кимни зериктирмайди ва бир нафасда томоша қиласиз.