Бош сахифа » 2011 » Июнь » 1 » Юлдузлар тарбияси намунами ёки оддий халқни?
06:17
Юлдузлар тарбияси намунами ёки оддий халқни?
Sayyod: 1 июнь болалар кунига бошқачароқ ёндошишни истадим. Яъни фақат юлдузлар эмас, балки юлдузлар фикрига оддий халқ фикрини қарама қарши қўйиб таққослашни истадим.
Бунинг учун қўйидаги саволларни тайёрладим:

1. Болаларингизни нималардан муҳофаза қиласиз? Бугунги даврда болаларни нималардан муҳофаза қилиш керак деб ўйлайсиз?

2. Ҳозирги кунда ота–оналар болаларни ўқишдан ташқари, бўш вақтларида, спорт, мусиқа каби йўналишларга йўналтирадилар. Сиз, ўз болаларингизни қайси йўналишга йўналтиряпсиз? Нимага йўналтириш керак деб ўйлайсиз? Сизнинг-ча, энг актуал йўналиш?

3. Болани йўналтирганда, болани ўзининг ҳоҳишига қараш керакми? Болага таъсир ўтказиш шартми?

4. Болангиз билан қандай гаплашасиз? Бола хам шахсми? Ўзингиз бола бўлиб қолсангиз, агар сизни ҳоҳишингизга қарши бўлишса, нима қилар эдингиз?

5. Болаларингиз қандай фильмлар кўришади ва қўшиқлар эшитишади?

6. Болангиз сизнинг касбингизни давом эттиришини ҳоҳлармидингиз?

 

Қани, аввал ўзингиз барчасига жавоб бериб чиқиб кўринг-чи, кейин эса машхурлар ва оддий халқнинг фикри билан таққослаймиз.
Сиз қандай ота онасиз? Сизнинг тарбиянгиз тўғрими? Машхурларничи?

 Ана энди лойихани Феруза ва Саидалар амалга оширишади, уларга сўз:


Машхурлар оламидан:

Шахзода – хонанда.

1. Бола тарбиясида, уни кимлар билан мулоқотда бўлиши муҳим ўрин тутади. У қандай даврадагилар билан бирга? Агар унчалик яхши бўлмаган даврада бўлса–чи? Ҳеч бир ота–она бундан ҳимояланмаган. Олдиндан билиб бўлмайди. Мен ўзим эса, боламни кимлар билан мулоқотда эканлигини ва нима ишлар билан машғуллигини, қизиқишларини билишга ҳаракат қиламан. Менимча, бу жуда ҳам муҳим. Болаларни ёмон давралардан муҳофаза қилиш керак, назаримда.

2. Болани бирор йўналиш актуал экан деб, ўшанга йўналтириш нотўғри, мени фикримча. Болани нимага қобилияти бўлса, унга нима қизиқарли, у қайси тарафлама қобилиятли ва кучли бўлса, ўшанга йўналтириш керак, назаримда. Масалан, мени ўғлим шахмат ўйнашни жуда ҳам яхши кўрар эди. Танловларда ғолиб чиқиб, фахрий ёрлиқлар ҳам олганди. Ҳозир эса, унга шахмат қизиқарли эмас. Ҳозир унинг қизиқишлари ўзгариб бормоқда. Энди унга компьютер ва информатика қизиқарли, информатикадан имтиҳонни ҳам аъло баҳога топширди. Мен уни ўзи учун қизиқарли бўлган йўналишга йўналтираман.

3. Мен боламга тушунтиришга ҳаракат қиламан. Масалан, спорт борасида шундай бўлди. Мен уни сузишга қатнашишини ҳоҳладим. Чунки, сузиш энг хавфсиз, жароҳат етмайдиган, фойдали спорт тури, менимча. У эса, буни ҳоҳламади. Мен ҳам, мажбур қилишни истамадим. У бокс билан шуғулланишга борди. Мен эса, боксни у учун бироз хавфли деб ҳисоблайман. У шуғулланаётган тренер ҳам, уни спарингда қатнашишга танлади. Шундан сўнг, мен уни ўтқазиб, хотиржам гаплашиб, ундан хавотир олишимни, жароҳат олиш оқибатларини ва келиб чиқиши мумкин бўлган муаммоларни тушунтирдим. Ўғлим мени тушунди. Биз у билан худди дўстлардекмиз. У албатта, боксни ташлагани йўқ, шуғулланяпти. Унга буни таъқиқлаш керак деб ўйламайман. Лекин, менимча, профессионал боксга ўтмаса керак.

4. Болам билан дўстлардек гаплашамиз. Бола билан дўст бўлиш, жуда ҳам муҳим. Болани сенга ишониши, фикрларини бўлишиши ҳам муҳим, ота–она билан муносабатда, айниқса. Болани жазолаш, қўл кўтариш жуда ҳам нотўғри, менимча. Ўзимиз ҳам қачонлардир бола бўлганмиз. Бола учун, меҳр, тушуниш ва дўстона муносабат керак! Болада, айниқса, ўтиш даврида қийинроқ давр бўлади, дейишади. Мен эса, ўз боламда ҳатто буни сезмадим ҳам.  Чунки, бизда ҳаммаси жойида.

Болаликка қайтиб, болам ўрнида бўлсам ва мени ҳоҳишимга қарши бўлишса... Биласизми, ҳозир бу саволга жавоб бериш жуда ҳам қийин. Агар, 14–15 ёшлик вақтим бўлса, албатта йиғлаб, уришиб бўлса ҳам, сўраган бўлар эдим. Лекин, ҳозир вақт ўтгач, албатта, босиқлик билан тушунтириб, гаплашардим.

Болани албатта, тарбия қилиш керак. Масалан, яқинда ўғлим билан қўл телефон билан боғлиқ шундай воқеа юз берди. Биз ўғлим билан, боя айтганимдек, дўстмиз ва мен ҳамма нарсани унга тушунтиришга ҳаракат қиламан. Ўғлим, мактабга бориш учун вақтли туриши керак, чунки мактаби узоқда жойлашган. У ҳар куни, кечки соат 10 да уйқуга ётади. Унинг кун тартиби шундай. У бизга хайрли тун тилаб, ухлагани кириб кетади. Яқинда, у янги қўл телефони сотиб олиб, доим интернетга кирадиган бўлди. Мен эса, тасодифан кечки вақт интернетга кирдим ва ўғлимни ҳам интернетда эканлигини билиб қолдим. Соат эса тунги бир бўлган эди. Эртаси куни, у мактабга кеч қолди. Унга кечки вақт бошқа бундай қилма, деб айтдим. Лекин, бу ҳолат яна қайтарилди. Шунда мени турмуш ўртоғим, "сен нотўғри иш қиляпсан, ундан қўл телефонини олиб қўйиш керак. Бошқа бундай қилмаслиги учун, кечки вақт олиб қўйиб, эрталаб қайтариб бериш керак” деб айтди. Шунинг учун, мен ҳозиргача била олмаяпман. Бундай вазиятда нима қилиш керак? Жазолаш керакми, олиб қўйиш керакми? Менимча, яхшилаб тушунтириб, гаплашиш керак. Биринчи сафарданоқ қатъий чоралар кўриш шарт эмас, менимча. Балки, мен адашаётгандирман? Билмадим...

5. Ўғлимга жуда ҳам рэп ёқарди. Менимча, уни ёшидагиларни ҳаммаси рэп тинглашни ёқтирсалар керак. Ҳозир эса, бизда қандай янги қўшиқ чиқса, ҳаммасини билади ва дарҳол қайси қўшиқлигини айтади. У мусиқага қизиқади ва мусиқа борасида диди яхши. Қайси қўшиқ хит бўлишини ажрата олади. У футболга ҳам қизиқади. Футбол чемпионатларини кўришни яхши кўради.

6. Агар тўғрисини айтсам, мен буни ҳоҳламасдим. Мен эркак хонандаларни ҳурмат қиламан, хафа бўлишмасин. Лекин, менимча, бу унчалик эркакларни касби эмас, аёлларни ҳам... Шунинг учун, мен буни ҳоҳламасдим.

 

Лола – Хонанда

1. Мен болаларимни шафқатсизлик ва ҳар хил ёмонликлардан сақлашга ҳаракат қиламан. Уларни тарбиясига таъсир қиладиган ҳар хил ёқимсиз ҳолатлардан, ҳар хил соғлиқ билан боғлиқ муаммолардан муҳофаза қиламан. Соғлом ҳаёт кечиришларига ҳаракат қиламан, меҳр–муҳаббатимни уларга бағишлаганман. Мен уларни ёмонликлардан муҳофаза қилиш керак деб ўйлайман. Шу сўзда ҳаммаси мужассам назаримда, ёмонлик, ҳамма кўнгилсизликлардан муҳофаза қилиш керак. Болаларни ҳаётни севишга ўргатиш керак. Уларда яхшилик, эзгулик туйғуларини тарбиялаш керак

2. Биринчи навбатда соғлиқ бўлгани учун, соғлиқ билан боғлиқ бўлган, соғлом бўлишига таъсири катта спорт турларига бериш керак. Масалан, ўғил болаларни сузишга, бошқа спорт турларига бериш мумкин. Энг муҳими, бу бола учун қизиқарли бўлсин, зерикмасин. Қизларни бўлса, гимнастикага берган маъқул. Яна мусиқага ҳам йўналтирган яхши. Масалан, фортопиано, бу санъат. Болада ижодий қобилиятни ривожланишига ёрдам беради. Болалар ўқишлари ва яхши ривожланишлари учун, тайёрлов мактабларига бериш керак. Бу отаоналарнинг вазифаси, менимча. Болаларни билимли бўлишига аҳамият бериш керак, бу энг муҳими деб ўйлайман.

3. Йўқ, мен албатта болаларимни ҳоҳишидан келиб чиқаман. Ҳатто, элементар нарсаларда ҳам. Масалан, кийим танлаш борасида, мени болам бирор аниқ танланган костюмни кийишни ҳоҳламаса, лекин, буни мен ҳоҳлаган бўлсам, боламни уни кийишга кайфияти бўлмаса, ёки ўша кийимни унга ранги ёқмаса, мен уни мажбур қилмайман. Мен унинг фикрига қулоқ соламан. Чунки, бу уни шахс сифатида ривожлантиради. Мен фарзандим ҳар қандай ҳолатда, ўз фикрига эга бўлишини ҳоҳлайман.

Болага тарбиявий таъсир ўтказиш керак. Тушунтириш, сўзлаб бериш керак. Чунки, фақат тушунтириб, гаплашсанг, бола ниманидир тушуниши мумкин. Агар у ниманидир нотўғри қилса, унга нимани нотўғри қилганини, тушунтириб бериш керак. Шунда у хулоса чиқариб, кейинги сафар, бундай қилмайди. Биз болаларга кўрсатадиган энг катта таъсиримиз, бу уларга намуна бўлишимиз. Бекорга, онасига қараб, қизини қандай қиз бўлишини билиб оласан, дейишмайди. Биз ўзимизни қандай тутсак, гаплашсак, болаларимиз ҳам ўзларини шундай тутишади. Биз ўзимиз уларга, тарбия тарафлама намуна бўлишимиз керак. Мен шундай деб ўйлайман.

4. Ўғлим 2 ёшда ва у ҳали кичик бўлгани учун, уни эркалаб, албатта, ёш боладек муомалада бўламан. 4 ёшли қизим билан эса, катта ёшли инсондек муомала қиламан, тенгдошдек. У билан ҳар хил вазиятларни муҳокама қилишим мумкин. Масалан, кун қандай ўтганлигини, нималар қилдик, нима ёқди, нима ёқмади, каби. Уйқу олдидан, у билан жиддийроқ мавзулар, масалан, яхшилик нима, ёмонлик нима эканлиги ҳақида, гаплашишимиз мумкин. У билан катта ёшли қиздек, тенгдошдек муомала қиламан, негаки, уни ўзига ишонган шахс бўлиб, вояга етишини ҳоҳлайман. Менинг ота–онам ҳам шундай қилишган. Улар доим менга танлаш эркинлигини беришган, худди катта ёшли қизлардек. Шундан келиб чиқиб, талаб ҳам қилишган. Шундай қилинса, бола ҳам ўзини шунга муносиб тутади. Ўзини ёш бола деб ҳис қилмайди ва масъулиятни ҳис қилади. Унинг сўзлашиш нутқи ҳам ривожланади.

Мен агар боламни ўрнида бўлсам ва мени ҳоҳишимга қарши бўлишса, (ўйланиб) билмадим, нима қилар эдим? Ҳозир бунга жавоб бериш бироз қийинроқ, Лекин, ҳамма болалар инжиқлик, эркалик қилиш ва тўполон қилиш ҳуқуқига эга, чунки уларни руҳияти шундай. Нимани таъқиқласанг, ўша нарсани ҳоҳлайди. Шунинг учун, менимча бутунлай бошқа усул қўллаш керак. Болага оддийгина "йўқ” деб бўлмайди. Агар "йўқ” десанг, нима учун шундайлигини, болага тушунтириб бериш керак. Нима учун йўқ, нега, сабаби нимада? Шунчаки, болага "йўқ” дейиш, нотўғри. Агар уларга шунчаки "йўқ” десанг, бақиришлари, тўполон қилишлари ва атайлаб, ўша нарсани аксини қилишлари мумкин. Ҳар бир болага қандай ёндошишни билиш керак. Масалан, мен ўз болаларимга қандай муомала қилишни, ёндошишни биламан. Улар мени тушунишлари учун, нима дейишни биламан. Ҳамма болалар ҳар хил ва ҳар бирига ўзига хос усул керак. Отаоналар буни яхши билишса, бола тарбияси анча енгилроқ бўлади, назаримда.

5. Фарзандларим болаларга мўлжалланган фильмларни кўришади. Болаларнинг руҳияти нозик бўлади. Буни ҳисобга олиш керак. Қизим 2 ёшлигида "Қирол шер” мульфильмини кўрганида, Симбанинг отаси вафот этганида, қизчам йиғлаган эди. Чунки, у шерга ачинганди.

Биз болаларим билан яхшилик ҳақидаги мультфильмларни кўрамиз. Масалан, "Лунтик”, "История игрушек”, "Уолт Дисней” мультфильмлари, "Гадкий яд”, "Наша Даша” каби. Яна ўқув-ўргатувчи мультфильмлар, масалан, инглиз тилини ўргатадиган мультфильмлар, ҳар хил қизиқарли эртаклар. Қўшиқлардан эса, болаларга мўлжалланган қўшиқларни тинглаймиз. Уйқу олдидан болаларимга, онам болалигимда менга айтиб берган қўшиқларни айтиб бераман. Мультфильмлардаги қўшиқлардан, "Чебурашка”, "Крокодил Гена” кабиларни. Бошқа вақтларда эса, масалан, мени қўшиқларимни ҳам яхши кўриб эшитишади.

6. Буни айтиш қийин. Бундай бўлмаса керак. Мен боламни бошқа жиддийроқ иш билан шуғулланишини ҳоҳлайман. Бу, менимча, эркак киши учун унча жиддий касб эмас, назаримда. Агар хобби сифатида бўлса, бемалол. Лекин, бу билан профессионал равишда шуғулланишдан менимча, асраган бўлардим. Лекин, агар аниқ шу йўлни танлашса, унда қаршилик қилмасдим деб ўйлайман. Чунки, ўз даврида мени ота-онам ҳам, қаршилик қилишмаган. Мен фарзандларимни тушунаман. Лекин, мен уларга бошқа бирор касбда ҳам ўзларини синаб кўришни таклиф қилган бўлардим. Балки, бошқа нарсада ҳам ўзларини кўрсата олишар?

 

Нилуфар Усмонова – хонанда.

1. Боламни кўчадаги ёмонларга қўшилиб кетмаслиги учун, ҳар хил ёмон ишлардан, ҳақоратли  сўзларни ўрганишдан қаттиқ муҳофаза қиламан. Оғзидан бир ёмон сўз чиқмайди. Эркин ўсган бўлса ҳам, мен қўйган чегарадан ўтмайди. Мен эркин қўйганман, лекин қандайдир барьерлар ҳам қўйганман ва ундан ўтишмайди. Шундай нарсалардан, касал бўлишдан муҳофаза қиламан.

Бугунги болаларни ҳам ёмон болаларга қўшилиб қолишдан, ҳар хил салбий феъл-атвордаги инсонлардан муҳофаза қилиш керак деб ўйлайман. Аёл аёл бўлиши керак, эркак эркак бўлиши керак.

2. Болани албатта спортга, сузишга бериш керак. Кейин албатта, мусиқага бериш керак. Бундан бола, фикран ўсади. Шахматга бериш керак, менимча. Мана шу уч нарса болага жуда ҳам керак, назаримда. Болани қизиққан нарсасига қўйиб бериш керак.

3. Тушунтириб, бир нарсага қизиқиши бўлса, шу нарсани яхши ва ёмон тарафларини тушунтириб, кир деб кўриш керак. Агар у яхши нарса бўлмаса, бола ҳам у билан шуғулланишни ҳоҳламайди. Болани психологиясига таъсир қилмайдиган бошқа тарафи бўлмаса, рухсат берса бўлади.

Болага яхши таъсир ўтказиш керак, қаттиққўл бўлиш керак, назаримда.

4. Болаларим билан ёшлигидан катталарга ўхшаб гаплашаман. Вақти келганда, кичкина деб, эркалатаман ҳам. Лекин, мен алдамасдан бола билан тўғри гаплашаман. Ёшлигидан шу нарсага, ҳақиқатга ўргансин дейман. Ҳаёт осон эмас.

Ўзим болалигимга қайтсам ва мени ҳоҳишимга қарши чиқишса? Бунақаси ҳали бўлмаган! Қарши чиқишмаган!

5. "Дисней” каналини кўришади. Ўғлим "Жонс” деган гуруҳнинг мухлиси. Уларнинг қўшиқларини кўпроқ тинглайди. Фильмлардан "Кариб денгизи қароқчилари” каби фильмларни яхши кўради.

6. Йўқ.

 

Достон Убайдуллаев – хонанда

1. Ҳозирги кунда болаларни, мени фикримча телефондан муҳофаза қилиш керак деб ўйлайман. Болаларимга ҳам, қўл телефонини ҳеч қандай булутссиз, камера ва фото аппаратсизини олиб берардим. Чунки, ҳар хил кераксиз нарсаларни бир-биридан ўтказишлари мумкин. Мен ўзи шунга қаршиман.

2. Мени ўғлим ҳали жуда кичкина. Боғчага боради. Мен боғчадалик вақтида, у-бу нарсага бериб қийнашни, унча тушунмайман. Бу мени фикрим.

3. Қизиқишига албатта қарайман. Мен фарзандимни ҳоҳишига қарши чиқадиган ота эмасман. Масалан, мен ҳозир санъаткор бўлишини ҳоҳламайман, лекин ўғлим, "Мен санъаткор бўламан” деб кейинчалик туриб олса, мен қаршилик қилмайман.

Фарзандларимни сўраган нарсаси бўлса, ҳисоблашаман. Лекин, жуда кўп эмас. Энди, ҳозирги замонда озгина ота-оналик таъсирини ўтказиб турмаса бўлмайди. Чунки, ҳозирги кунда интернет оламида ҳам, ҳар хил сайтлар бор. Улар орқали ҳар хил нарсалар очиқ-ойдин. Шундай нарсалардан сал муҳофазалаб, сал таъсирингизни ўтказиб турсангиз, улар ҳам сал ота-онасидан сал чўчиб турмасалар, ҳозирги кунда тарбия бузилиб кетиши мумкин. Чунки, ҳозирда техника ривожланиб кетди. Шундай нарсалардан ҳам ҳимоя қилган бўлардим.

4. Мени атрофимдагилар "мен фарзандларим билан жуда қаттиқ гаплашаман” деб айтишади. Мен бўлса, улар билан, улар кичкина бўлса ҳам, катталардек гаплашаман. Катта бўлганда ҳам, шу муомалага ўргансин, дейман. Бу балки, мени ўзим ҳам, ёшлигимдан катталар билан ўсганимгами, билмадим.

Агар болалигимда, мени ҳоҳишимга қарши иш бўлса, ҳисоблашишмаса, мен амаллаб адамларни кўндирган бўлардим. (кулади)

5.  Улар ҳозирда мултьфильмларни яхши кўришади. Айниқса, "Ну погоди!” каби мультфильмларни севиб кўришади. Кўпроқ, адасини қўшиғини эшитишади, (кулиб) чунки яхши кўришади.

 

Даврон Эргашев – хонанда.

1. Менимча, болаларни ўртоқлари яхши бўлиши керак. Дўстларига эътибор бериш керак. Тарбиясиз дўстлардан муҳофаза қилиш керак деб ўйлайман. Ўртоғи қандай бўлса, бола ҳам шундай бўлади, дейишади–ку. Кейин, қўл телефонлари масаласида, менимча, ёш болага қўл телефони керак эмас. Биз ҳам бола бўлганмиз. Қўл телефони олиб беришга ҳаммани қурби етади, лекин менимча ақлли ота–оналар, боласига қўл телефони олиб бермайди.

2. Менимча, спорт. Чунки, спорт актуал ва соғлиқ учун фойдали. Мени фарзандларим ҳам спорт билан шуғулланишади. Қизим сузишга боради. Ўғлим эса, "Бунёдкор” жамоасида, футбол билан билан шуғулланади.

3. Биринчи навбатда болани ҳоҳишига қараш керак. Ўзи нимани яхши кўриб, нимани ҳоҳласа, мен бунга қарши эмасман. Масалан, бизни оилада санъаткорлар бўлмаган. Мен санъатга қизиққанман ва менга қарши бўлишмаган.

Болага жуда ҳам қаттиққўл бўлиш керак эмас! Болани тушуниш керак. Ёшликда болалик қилиб, ҳар хил хатолар қилиши мумкин. Лекин, болаликдан жуда қатъий чекловлар қўйишга вақтли деб ўйлайман.

4. Болаларим билан худди ўртоқдек гаплашаман. Кулдириб, ҳазиллашиб, самимий гаплашамиз. Улар ҳам "ада” деб, самимий гапиришади. Болаларимни ўзимдан қўрқитиб қўймайман. Баъзилар отасини кўрса, қўрқиб кетади–ку. Бу нотўғри, менимча. Ўзи бизни оилада, ўзим ҳам ота–онам билан самимий кулишиб, яхши гаплашиб ўтирамиз.

Агар бола бўлсам ва ҳоҳишимга қарши бўлишса, ота–онамни гапига қулоқ солардим. Лекин, агар тушунишса, гаплашиб, тушунтиришга уринардим.

5. Болаларим деярли, мусиқа тинглашмайди. Ўзбек фильмларини кўп кўришади. Айниқса, болаларга мўлжалланган фильмлар, мультфильмларни кўришади.

6. Йўқ, ҳоҳламасдим. Ўзига яраша яхши тарафлари билан биргаликда, қийинчиликлари ҳам бор.  

 

Алишер Мажидхўжаев  - продюсер. (Ойбек ва Нигора, ҳамда Жаъфарбекни продюсери)

1. Мен фарзандларимни ҳар хил фильмлардан, кўчадаги ота-онасини тарбиясини билмайдиганлардан муҳофаза қиламан. Ўзимни онамлар борлар. Улар ҳам тарбия қиладилар. Мен болаларимни тарбиясини эски, ўз тарбиямиздек бўлишини ҳоҳлайман. Мен ўзимни қаттиққўл ота қилиб кўрсатганим билан, лекин болаларимни ҳамма айтганини юз фоиз қилиб бераман. Қандай усулда? Ойингдан сўрагин, ойинг хўп десалар, деб. Яъни, мени онамдан. Фарзандларим кўпроқ мени онамлар билан бирга.

Ҳозирги болаларни интернетдан ва қўл телефонларидан ўтказилаётган ҳар хил нарсалардан ҳимоя қилиш керак деб ўйлайман. Шу нарсалардан жуда ҳам қўрқаман, чунки болалар тарбиясига таъсир қилади. Болаларимни қўл телефонларини, жиянларимникигача текшираман. МР3 қўшиқлар, суратларгача текшириб, кераксиз, сал бошқачароқ бўлса, дарҳол ўчириб ташлайман.

2.3. Мен болаларимни ҳоҳишига қарайман. Улар билан ўртоқ бўлиб сўрайман. Ёки ойисига сўраттираман. Мен ўзим олий маълумотлиман, ўзим Шарқшунослик институтини  тугатганим билан, болам агар электрик бўламан деса, ҳоҳишига қаршилиқ қилмайман, ёрдам бераман. Катта фарзандим ҳозир тиш дўхтир бўламан дейди Шунга ҳозир, тиш тузилиши бўйича, керакли маълумотларни, биологияни ўзи қизиқиб ўқиб- ўрганяпти. Агар фикри ўзгариб қолса ҳам, ҳоҳишига қарайман. Боламни ҳоҳишига қарши чиқишим мумкин эмас.

Ҳозирги кунда қайси касб бўлса ҳам, ўшани устаси бўлиш керак. Билмадим, бизни ота-боболаримизда, болани бирор соҳага, касбга йўналтириш кучлироқ бўлган бўлса керак. Ҳозирги кунда эса, бемалол бир нечта нарсани ўрганиш, ҳар соҳада ўз ишингни  устаси бўлишинг керак.

Менимча, болаларга таъсир ўтказиш керак эмас! Дейлик, кунига 23 соат бола ёнимизда бўлиб, кейин бир соат кўчада, бирортани ёнига чиқиб келса, ўша бир соатни таъсири етиши мумкин. Ўшанга иложи борича болани ўзидан ҳам билиб, масалан, мана бу дўстинг қандай бола? – деб, агар болангиз, –  у бола уйида сўрамасдан мана бундай қилибди–деса, – унга айт, бу иши нотўғри, уйидагиларни  гапига кириш керак. Сен ўргат, тушунтир–деб, тўғри тарбия бериш керак. Сен бу билан ўртоқ бўлма- деб эмас, аксинча, –  айтгин, уни тўғри ишга чақиргин, яхшиликка ўргатгин–  деб, тушунтириб, ўргатиш керак. Уришган билан фойдаси йўқ, ахир.

4. (кулиб) Ҳозир фарзандларим билан бола бўлиб гаплашадиган пайтдан ўтдим. Чунки, ҳозир фарзандларимни ёшлари ҳам катта бўляпти. Ўртоқдек гаплашаман. Секин кўнглидаги нарсани билишга ҳаракат қиламан. Уларга тарбияни, ўртоққа маслаҳат бергандек, бераман.

Мени ўзимга фақат бир тўсқинлик бўлган. Мен Шарқшунослик институтини "Халқаро муносабатлар” йўналишида тугатганман. Умуман, мусиқага алоқаси йўқ. Америкада ҳам ўқиб келганман, мутахассислигим тилшунослик. Лекин, продюсерлик қиляпман. Мен ўзимча ҳар хил мусиқа асбоблари чалиб юрганман, қизиққанман. Лекин, институтга кирадиган вақтим, қаршилик бўлган. Сен бошқа соҳада ўқишинг керак, деб шарқшуносликка йўналтиришган. Мана, шунча йил ўқиб, яна барибир мусиқага продюсер бўлиб қайтдим.

Лекин, барибир тарбия биринчи ўринда! Биз шундай тарбия олганмиз! Ота-онам, менга бошқа нарсаларда тўсқинлик қилишмаган! Улар ёмон нарса ҳоҳлашмаган, мени билим олишимни исташган! Магистратурани ҳам ўқигин дейишган. Ўқиб ёмон бўлмадим. Фойдаси бор! Чунки, мана ҳозир тил билиш керак, бирор жойда керак бўлганида бемалол сўзлашаман. Ота-онам ўқитмаганида, балки бу даражага эришмасмидим.

5. "Божалар”, Райҳон, Шаҳзода, Озодбек Назарбеков ва Юлдуз Усмоновани қўшиқларини эшитишади. Қўл телефонларида ҳам шуларнинг қўшиқлари. Фильмлардан эса, кўпроқ ўзимизни эски ўзбек фильмларини кўришади. Уйимда 100 дан ортиқ фильмлар бор. "Мафтунингман”, "Суюнчи” каби. "Кавказ асираси” кабиларни ўзбекча дубляждагилари бор. Ҳозирги тижорат фильмларини саралаб, кўрсатишга ҳаракат қиламан. Масалан, "Шомурод ва Дурдона” фильмини сўрашганди. Дискига қарасам, у ерда бошқа роса кўп ҳар хил фильмлар ҳам ёзилган экан. Шундан кейин, студияда фақат шу фильмни ўзини, алоҳида ёздириб, олиб бориб бердим. Ҳар хил фильмларни кўришига йўл қўймайман. Хориж телеканалларини ҳам кўришларига рухсат бермайман.

6. Ҳоҳишига қарайман.



   Оддий халқ, бошқа соха вакиллари:

Нигора Умархўжаева – ўқитувчи. (суратга тушишни ҳоҳламади)

1. Мен болаларни биринчи навбатда, ҳар хил интернет клублардан, интернет сайтлардан ва ҳаттоки, баъзи газеталардан ҳимоя қилган бўлар эдим. Масалан, ўз болаларимга интернетга чеклов қўйганман. Болаларим, мен уйда бўлганимда, мени рухсатим ва назоратим остида, маълум бир соатга, маълумот олиш учун интернетга кирадилар. Шунда ҳам, алгебра, ёки инглиз тили каби керакли фанлардан маълумот олиш учун! Ҳар хил шоу бизнес сайтларига киришга умуман, рухсат бермайман. Газета масаласида ҳам, чунки баъзи газеталарда турли маъносиз воқеалар, аҳлоқ тарафлама бола тарбиясига таъсир қиладиган нарсалар ёзилган, маъносиз ҳикоялар берилади. Очиқ айтаман, масалан "Парвона”, "Бекажон”, "Ҳордиқ” каби газеталардаги баъзи ҳикояларни ўқиб уялиб кетасан. Нима ҳикоя муаллифлари шу каби ҳаёсиз воқеаларни ўз бошларидан ўтказишганми дейман, бунчалик берилиб ёзишибди? Хуллас, бу каби газеталар ва ҳикоялар ҳам, болалар тарбиясига таъсир қилади! Шу газеталарни ҳам сал тартибга солишса яхши бўларди!

2. Албатта, болаларни қобилиятига қараб, нимагадир йўналтирса, келажакда фойдаси тегади. Мени ўзимни, икки ўғлим ва қизим инглиз тили дарсларига боришади. Майли, бошқалардан сал одмироқ кийинарман, лекин, фарзандларим билимли бўлади. Турмуш ўртоғим ҳам шу фикрда. Катта ўғлим шахмат бўйича мусобақаларда қатнашяпти. Қизимни яқинда яна қўшимча равишда дизайнерликка ҳам ўқитмоқчиман.

Менимча, ҳозир инглиз тили, спорт актуал бўлса керак.

3. Баъзида болани ҳоҳишига қараш керак, баъзида эса бола дангасалик қилса, уришмай, тўғри тушунтириш керак. Масалан, иккинчи ўғлим инглиз тилига боришни бошида ҳоҳламаган. Кейин мен унга, инглиз тилида ёзилган рангли китоблар, журналларни кўрсатиб, агар тил ўргансанг, мана шундай китоб, журналларни ўқий оласан, ана аканг, опанг бемалол ўқишади. Сен эса, билмай ўтираверасан – деб тушунтирганман. Боламда тил ўрганишга қобилият бўлса ҳам, ўзида ҳоҳиш йўқ эди. Тушунтирганимдан кейин, ўзи қизиқиб кетди. Ҳозир у 5 синфда ўқийди ва инглиз тилини, синфида ҳаммадан яхши билади. Муҳими, ота–она тушунтира олиши ва қизиқтириши деб ўйлайман. Лекин, агар бир жуда қийин нарса бўлса ва бола эплай олмаса, мажбурлаш керак эмас!

4. Болаларим билан (ўйланиб туриб) кўпроқ ўқитувчилигимга бориб, ўқувчиларимдек гаплашаман. Лекин, кўнглидаги нарсани билишга ва сирдош бўлишга ҳаракат қиламан.

Агар бола бўлиб қолсам ва ота–онам ҳоҳишимга қарши бўлишса, (ўйланиб) яна бир марта тушунтиришга уриниб кўрардим. Болаларга осон, йиғлаб, ёки ширин гап билан тушунтирса, отаона барибир эрийди. Отаонамни барибир кўндирардим.

5. Фильм кўришга деярли вақтлари йўқ. Агар кўришса, кўпинча ўзбек фильмларини кўришади. Чет эл фильмларидан бўлса, аввал ўзим ўша фильмни маъносига қарайман. Агар яхши фильм бўлса, кўришади. Мендан беркитиб иш қилишмайди. Қўшиқчилардан (ўйланиб) Райҳон, Шаҳзода, "Божалар”ни қўшиқларини кўпроқ эшитишади. Ёшига мос–да. "

6. Бу жуда ҳам асабий касб деб ўйлайман, менимча қарши бўлардим.

 

Маҳмуджон– ДАН ходими (фамилиясини айтишни ва суратга тушишни ҳам ҳоҳламади)

1. Мени фарзандларим ҳали кичкина. Мен уларни телеканаллардаги ҳар хил маъносиз, тарбияга тўғри келмайдиган фильмлардан, кейин бекорчиликдан, қўл телефонларидан, автомобиллардан ҳам муҳофаза қилган бўлардим. Бошқа болаларни ҳам шулардан муҳофаза қилиш керак деб ўйлайман. Ота–она боласини қаерда юрганини, нима кўраётганини, ким билан мулоқотда бўлишини, доим билиши керак, менимча.

2. Қизим ҳали кичкина. Ўғлимни эса бу йилдан каратэга бердим.

Менимча, спортга, сузишга ва тил ўрганишга бериш керак. Яна, бирор касб ҳам ўрганса, ёмон бўлмайди.

3. Албатта, ҳоҳишига қараш керак. Лекин, керакли нарса бўлса, баъзида аввал бериб кўриш керак. Агар жуда эплай олмаса, кейин ўйлаб кўрса бўлади. Болани назорат қилишни билиш керак.

4. Болаларим билан (кулиб) ҳар доимгидек. Улар мени "дадам келди” деб, ишдан келсам, югуриб  кутиб олишади. Мен ҳам кулиб, ширин гапираман.

Агар ўзим бола бўлсам ва ҳоҳишимга қарши иш қилишса... Бўлган шундай нарса. Болалигимда дадам, мени сузишга берганлар. Бошида ҳеч ҳоҳламаганман, эрталаб туриб бориш керак эди. Лекин, дадам қаттиқ турганлар. Кейин, 2 ҳафта боргач, ўрганиб қолганман. Одамни чиниқтирар экан. Тўғри қилган эканлар деб ўйлаганман. Лекин, бошқа нарсаларда билмадим, доим ҳоҳишимга қарашарди.

5. Кўпроқ, телеканалларда  айланаётган қўшиқларни кўриб, қайтариб юришади. Лола, Райҳон, Шаҳзода, "Божалар”, "Давр” гуруҳларини қўшиқларини. Фильмлардан, "Келгинди куёв”, "Бойвачча” ва "Суюнчи”ни яхши кўришади. Кўпроқ, шуларни кўришади.

6. Агар ўзлари ҳоҳлашса, қаршилик қилмасдим.

 

Дилдора Зиёдуллаева – шифокор (суратга тушишни ҳоҳламади)

1. Болаларимни қўл телефонларидан, бўш вақтини бекор ўтказишидан, кўчадаги ҳар хил кечки вақт ишлайдиган кафелардан ва интернетдан муҳофаза қиламан. Болаларимга видеоли қўл телефони ишлатишга рухсат бермайман. Кейин, касбим шифокор бўлгани учун, соғлиғини ҳам доим назорат қиламан. Интернетда соатлаб ўтиришга рухсат бермайман. Бошқа болаларни ҳам, қўл телефонлари, интернетдан муҳофаза қилиш керак.

2. 4 та фарзандим бор. Катта қизим, Нозима институтни Иқтисод йўналишида бу йил битиради. Уни ҳунар ҳам ўргансин деб, тикувчиликка ва овқат пишириш курсига ҳам берганман. Ўзи ҳам жуда қизиққан. Қолганлари сузишга боришади. Кичик қизим инглиз тилидан репетиторга боради.

Менимча, (ўйланиб) спортга, соғлиқ учун ҳам фойдали.

3. Боланинг ҳоҳишига қараш керак. Бўлмаса, бекорга иқтисодий тарафлама ҳам зарар. Бекорга кераксиз нарсага йўналтирмаслик керак. Болани бўш вақтини бекор кетмаслиги учун назорат қилиш керак, менимча. Иккинчи ўғлимни спортнинг дзюдо турига бераман деганимизда, ҳоҳламаган. Мен ҳам, мажбурламаганман. Лекин, буни турмуш ўртоғим жуда ҳоҳлаганди. Оғайниларини спорт зали бор эди. Лекин, боламизни қизиқмаслигини кўриб, улар ҳам мажбурламадилар.

4. Онадек гаплашаман, албатта. Улар гапимга қулоқ солишади.

Агар бола бўлиб қолсам, ҳоҳишимга қарши иш бўлса, аввал қилишга уриниб кўрардим. Чунки, бизда тарбия шундай бўлган. Агар ҳеч эплай олмасам, унда ота–онамга, ўша ишни қила олмаслигимни айтардим. Ўйлайманки, улар кўриб, албатта, мажбур қилишмасди.

5. Нилуфар Усмонова, Шахзода, Райхон, "Божалар”, Шохруххонни қўшиқларини кўп эшитишади. Фильмлардан, шу ҳозирги кундаги фильмлар. Лекин, кўп фильмлар бир марта кўришли. Чет эл фильмларини кўришига рухсат бермайман. Лекин, агар яхши маъноли фильм бўлса, бирга кўраман.

6. Оғир лекин, керакли соҳа бўлгани учун, менимча рози бўлар эдим.

 

Мастура Нажимова:- Тикувчи аёл, Беруний метроси, модалар ательеси.

1. Касал бўлмаслигидан сақлашга ҳаракат қиламиз. Вақтида эмлатиб турамиз. Лекин, ўзи болага нимани таъқиқласангиз, айнан шу нарсага қизиқади. Шунинг учун, таъқиқламасликка ҳаракат қилиш керак, аксинча тушунтириш керак деб ўйлайман. Биринчи навбатда, алкоголизмга қизиқиб қолмаслигини ҳам назорат қилиб, ёшлигидан ичиш ва чекиш ёмон нарса эканлигини тушунтириш керак.

2. Албатта спортга бериш керак. Мени ўзим сузишга берганман. Масалан, мен шахматга боришларини ҳоҳлардим, олиб бордим, лекин улар ҳоҳлашмади.

3. Барибир, болаларимни ҳоҳишига қарайман. Чунки тўгаракларга олиб бордим, барибир қизиқишмади. Қизиқмаса, мажбур қилиб бўлмас экан. Агар тасодифан, ўзи қизиққан нарсага қизиқмай қолган бўлса, ундай ҳолда бошқа жойдаги худди шундай тўгаракка олиб бориш керак, чунки у балки қатнашаётган жойида ким биландир чиқиша олмаган ҳам бўлиши мумкин. Янги жойда, яна қайтадан қизиқиб кетади. Тўхтаб қолиш керак эмас, деб ўйлайман. Ҳаракат қилиш керак. Ўзим кичик ўғлимни, яқинда нимага ўқишга қизиқмайди деб, психологга олиб бориб кўрдим. Писихолог, болангизга ўқиш қизиқ эмас, қизиқтириш керак деб айтди. Мактабини алмаштиришни маслаҳат берди. Энди, ўқишга қизиқиб қолса керак.

4. Болам билан дўст бўлиб гаплашишга ҳаракат қиламан.

Ўзим бола бўлиб қолсамми, (кулиб) барибир ўз сўзимни ўтказган бўлар эдим.

5. (кулиб) Ўғил болалар тикувчи бўлмайди-ку. Яхшиси, бирор жиддий, эркакча касб эгаси бўлишсин.

 

Мунира Алимуҳамедова – Тикувчи. (суратга тушишни ҳоҳламади) Шайҳонтоҳур тумани, "Гулзор”ательеси

1. Болани ташқи муҳит таъсиридан муҳофаза қилиш керак, назаримда. Ҳар хил касалликлардан ва мияси заҳарланишидан. Қандай нарсалар ўқиётганига ҳам аҳамият бериш керак.

2. От спортига бергандим. Лекин, эплолмади. Ўзи қизиққанди, кейин ташлаб кетди. Кейин, расм чизишга борди. У ҳам ёқмай қолди, қийин деди. Компьютер курсларига бориб, уни ҳам охиригача олиб бора олмади. Ҳозир энди, каратэга боряпти. Лекин, буни охиригача олиб борса керак. Чунки, мусобақага ҳам бориб келди. 3-ўринни олди. Шундан кейин яна ҳам қизиқиб кетди.

3. Мана ҳоҳишига қараб, шунча нарсани ташлаб кетишига йўл бердим-ку. Мажбурлаган билан фойдаси йўқ.

4. Менимча, болага фақат бола сифатида қараш керак эмас, менимча. Кўп болаларни ота-онаси тушунмайди. Болани аввал тушуниб туриб, кейин муомала қилиш керак. Мени болам сиз билан гаплашиб бўлмайди, дарров уришиб кетасиз, дейди. Бошқаларни боласи билан гаплаша оламан, лекин ўз боламга келганида... Мен боламга ҳаддан ортиқ эркинлик берганман, назаримда. У ўз фикрларини бемалол очиқ баён қилишига йўл қўйиб қўйганман. Лекин, тарбияси ёмон эмас. Агар мени хафа қилиб қўйса, дарҳол келиб, кечирим сўрайди. Ўзи 13 ёшда бўлса ҳам, катталардек фикрлайди.

5. Рэп ва рок эшитади. Ҳозирги кунда чиқаётган ҳамма фильмларни кўради. Лекин, афсуски, ҳозир шунақа даврми, ёшидан келиб чиқиб порнографияга қизиқиб қолган. Афсуски, буни бутунлай таъқиқлашни иложи йўқ. Уйда таъқиқлаганман, лекин кўчада буни иложи йўқ деб ўйлайман. Ахир истаган жойида кўриши мумкин, менимча. Яна билмадим. Бундай нарсалар ўзбек фильмларига ҳам кириб келяпти. Масалан, яқинда ўғлим бир фильмга тушдим деб келди ва яна тушмоқчилигини айтди. Қизиқиб қолибди, нима фильм экан деб, ишдан чиқиб, 2 аёл билан бирга, ўша фильмга тушдик. "Бахт излаб” деган фильм экан. Тавба, яна шу фильмни аёл режиссёр суратга олганига ҳайрон бўлиб қолдим. Порнографияга қўйилган илк қадам деса бўлади, бу кинони! Бир қаричдек калта кўйлак кийиб олган, оёқлари, сонлари очиқ бир қизни, йигитлар сочидан тортиб, уриб, судраб келишяпти! Олиб келиб, бир каталакка мажбурлаб киргазиб, оғзини скочлаб, боғлаб қўйишди. Фильм шу ерига келганда, титраб кетдим. Хайрият, у ёғига ўтишмади. Залдаги болаларни, "ҳой, давомини ҳам кўрсат” деб гапиришларини.... Фильм тугагач, залдаги баъзи болалар очиқчасига "аттанг, бориб бошқа ерда бунақа жойлари охиригача олинганини кўрамиз” деб чиқиб кетишяпти. Ўша болаларни ёши кўпи билан 14-16 да! Буни қаранг, болаларни нимага бошлаяпти, бу фильм? Фильм қаҳрамони қамалиб чиқиб, бир кўчадаги суюқоёқ қизни уйига олиб кириб, унга қизил кўйлак берармиш. Қиз бўлса, уни севиб қолармиш. Бу ёқда очиқчасига, ўша йигитни дўсти, бир йигитни бошига уриб ўлдирди. Очиқ–ойдин одам ўлдиришни экранда кўрсатишди. Мана сизга "тарбия”! Бунақа нарсаларни кўришни уйда таъқиқлаганинг билан, мана кўчани аҳволи! Яна аёл режиссёр суратга олганмиш бу фильмни! Уни киносидан болалар тарбиясизликни, беҳаёликни ўрганишяпти! Боламга бунақа киноларга тушма, пул бермайман дедим. Лекин, эртага ўша аёл режиссёр ўша фильмни "давомини, охиригача” суратга олмаслигига ким кафолат беради?

Болаларга бунақа нарсаларни оқибати ёмон бўлишини кўрсатиш, тушунтириш керак. Болаларда ҳозир ўтиш  ёши, жинсий алоқага қизиқишади. Аёл режиссёр суратга олган "Бунақа” кинолар, уларни баттар қизиқтиради. Болаларга менимча, бундай пайтда призерватив деган нарсадан фойдаланишни сингдириб бориш керак. Ахир, минг беркитганинг билан барибир кўчадан ўрганади. Бу нарса ўзимни ҳам бошимдан ўтган. Масалан, ёш йигитлар билан гаплашганимда, сразу постелга намекать қилишган. Улар химояланиш усулларини хаёлига ҳам келтирмаган. Балки, бу болаларга жинсий алоқага вақтли киришига сабабчи бўлиб қолар, лекин ҳар холда касалликлардан асрайди. Айниқса, ҳозир "шунақа” нарсаларга қизиқиб турган вақтида, уларга ҳимояланишни ўргатиш керак, менимча. Ҳозир спид, сифлис, юқма касалликлар кўп бўлса.

5. Кўпроқ, Озодбек Назарбековни, Шаҳзодани эшитамиз.

6. Аёллар стилисти бўлишини ҳоҳлардим. Ахир улар ўзига қараган ва замонавий бўлишади.

 

Исмоилов Аброр - Такси ҳайдовчиси (суратга тушишни ҳоҳламади)

1. Болаларни ҳамма ёмон нарсалардан муҳофаза қилиш керак. Ёмонликни кенг маънода тушуниш керак. Масалан, ёмон йўллардан, ёмон ишлардан, бировга ёмонлик қилиш, ҳамма ёмон нарсалардан. Чунки, бола ҳамма нарсани тезда ўзига сингдириб олиши мумкин.

2. Болаларни қизиқиши ва қобилиятига қараш керак. Мажбурлаб, ҳеч нарсага эришиб бўлмайди! Мени болаларим ҳали ёш. Ўзи аслида болаларни бекор юришига йўл қўймаслик керак. Эртанги кун учун ҳеч ким жавоб бера олмайди.

3. Бола ҳам одам! Албатта, ҳоҳишига қараш керак! Қўғирчоқ эмас-ку, бирор нарсага бериб, айтганингни қилдирсанг! Ўзи аслида биринчи навбатда ота-оналарни тарбиялаш керак! Ота-она яхши бўлса, бола ҳам яхши бўлади! Ота-она ўзи бузуқ ва тарбиясиз бўлса, қандай қилиб, болага тарбия бериши мумкин? Ўзини–ўзи тарбиялаб олсин, ўша ота-оналар! Бекорга пулини ишлатиб, боласини қийнагунча, миясини ишлатиб, ўйлаб кўришсин!

4. Мени ҳоҳишим билан ҳисоблашишмаган! Кейин эса, ўзим ҳунар танлаганман, ўз ҳоҳишим билан ишлаяпман.

5. Маънили бирор қўшиқчи қолмади–ку, кимни эшитишади? Ҳаммаси ўзини реклама қилишдан бошқасига ярамайди, менимча. Фильмларни таъқиқласангиз, ана кўча тўла фильм. Ҳоҳлаганини кўришади, барибир.

6. Сира ҳоҳламасдим. Ўқимишли, зиёли касб эгаси бўлишсин. Албатта, шунга ҳаракат қиламан. Мени касбим билан эса, агар бўш вақти бўлсагина шуғулланишса бўлади.

 

Дилдора Тошмедова – Сотувчи аёл, Олой бозори (суратга тушишни ҳоҳламади)

1. Боламни кўп вақт кўчада ўйнаб юришига рухсат бермайман. Чунки, ҳаммаси ана шундай бекорчи бўлиб, кўчада болалар билан юришдан келиб чиқади. Кейин компьютерга ҳам рухсат йўқ. Қўл телефонини кейинчалик, билимини оширса, ўйинлар ўйнаши учун олиб бераман. Ҳозирги болалар биздан кўра, ақллироқ ва ривожланган. Кўп нарсага ақли етади уларни. Кўп нарсаларни ўғлим менга айтиб ўтиради.

2. Боламни ҳозир мактабга тайёрлаяпмиз, ёши 6 да. Ўзи рус тилига қизиқади. Рус тилидаги мактабга берамиз. Ҳозир репетиторга боряпти.

Менимча, болаларни че тилларини ўрганишга бериш керак.

3. Боланинг ҳоҳишига қараш керак. Болам учувчи бўлишни ҳоҳлайди. Ҳозирдан самолётга қизиқиб, ўзича суратлардан кўриб, уни ҳам ўрганяпти. Агар ўзи қизиқмаса, ота–она минг уринсин, фойдаси йўқ, менимча.

Болага таъсир ўтказиш керак эмас.

4. Болам билан онадек гаплашаман. Доим ойи деб, келиб мендан маслаҳат сўрайди.

Агар болаликка қайтиб қолсам, мен барибир ўз ҳоҳишимни қилган бўлардим.

5. Болам "Дисней” телеканалини кўради. Россия телеканалларини кўради. Ўзбекчани умуман, кўрмайди. Рус хонандаларини қўшиқларини эшитади. Максим, Филипп Киркоров, Диана Гурцкая, "Корни”, "Любэ” шу кабиларни эшитади.

 

Азиза Муродова    Сотувчи аёл, Юнусобод тумани, супермаркет (суратга тушишни ҳоҳламади)

1. Болани ошна–оғайниларига қараш керак. Ким билан гаплашяпти, қаёққа боряпти? Назорат қилиш керак. Менимча, ҳар хил тўдалардан, оқимлардан муҳофаза қилиш керак. Балоғат ёши айни, болани ўзгарадиган вақти. Ўша пайтдан ўтиб олса, бир фикрга келади. Унгача, ҳар хил нарсалардан муҳофаза қилиш керак. Масалан, қизларни ҳам ҳар хил қизлар билан дугона бўлишларига йўл қўйиш керак эмас. Баъзи қизларни кўрсангиз, мана шу ердан рўмолга ўраниб ўтиб кетишади. Қараб турсангиз, ҳожатхонага кириб, кийимини алмаштириб, чиқиб кетишаётганини  кўриб, ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Ҳамма нарса, мана шунақа ўралганлардан чиқяпти! Уйда ўтириб қолган аёллар қизларни "вой шим кийиб, очиқ кийим кияди” деб, гапиришади. Ҳозир унга қарамаяпти! Ўша шим кийганлар, қайтага, ўзини сақлаб юради. Ўраниб олиб, кейин ҳожатхонада кийим алмаштирадиганлари бўлса, яна ўраниб олиб, гўёки, она сутини оғзидан кетмаган, яхши қизлар ролини ўйнашади. Тавба, кўзлари ола–кесак теради, яна ўзларини содда қиз қилиб кўрсатишади.

2. Мени ўғлим спорт залига боради. Бошқаларга ҳам, спорт билан шуғулланишларини тавсия қилардим.

3. Биринчи навбатда, болани ҳоҳишига қараш керак. Кейин, уйдаги шароитга ҳам қараш керак. Бола қизиқса–ю, шароит тўғри келмаса? Ҳаммаси оиладан келиб чиқади. Болани бирор ерга бориши учун маблағ керак. Ўша шуғулланаётган касби учун, керакли нарсаларни сотиб олиб бериш керак.

Болага таъсир ўтказиш керак. Лекин,  уйда олиб ўтириш керак эмас. Одамови бўлиб қолади. Мана катта қизимни уйда олиб ўтириб бекор қилдим. Одамларга қўшилгиси келмайдиган бўлиб қолди. Кейин ишга киргаздим, у ерда бошида шу одатидан қийналди. Кейин эса, бошқалар билан ишлаб, мана дунёқараши ўзгарди.

Лекин, болага ҳамма нарсага ҳам рухсат беравермаслик керак. Масалан, мендан рухсат сўрашса, аввал ўша кун келсин. Кейин гаплашамиз, дейман. Дарров рози бўлмайман.

4. Болаларим билан ҳар доимгидек, қаттиққўлман.

Болалигимдан қиламан деган нарсамни, албатта қиламан.

5. Кўпроқ оилавий киноларни бирга кўрамиз. Ўзи баъзида телевизор кўришга ҳам вақт бўлмайди. Ўғлим детектив фильмларни кўришни яхши кўради. Ҳамма ўзбек хонандаларини эшитамиз. Асосан, ўрта ёшдагиларни, Абдували Ражабов, Достон Убайдуллаев, яна Сардор Раҳимхон, кейин Райҳонни ҳам эшитишади.

 

Феруза Фаттахова, Саида Вахобова:Албатта, турли соҳа вакилларининг фикрлари ҳар хил. Лойиҳа давомида энг қийин бўлгани, шоу бизнес йироқ бўлган бошқа соҳа вакилларидан фикр олиш бўлди. Негаки, кўплар саволларимизга жавоб беришни, жавоб берганида эса, суратга тушишни ва иш жойини, ўзи ҳақида маълумотларни айтишни ҳоҳлашмади. Албатта, бу уларнинг ҳоҳиши.

Лекин, касб эгаларидан масалан, баъзи бир такси ходимлари орасида, маданият етишмаслигини ҳам гувоҳи бўлдик. Улар орасида баъзилари, журналистлар ҳақида "интервью олиб, текинга бирор ерга бормоқчи, таксида текин юриш учун интервью олиш баҳона” дейишди. Уларга шахсий машиналаримиз борлигини айтиб, журналистлар ҳақидаги бу хаёллари, ўринсиз эканлигини ҳам айтдик.

Шунингдек, баъзи сотувчилар ҳам маданият борасида, такси ҳайдовчиларидан ҳам қолишмас эканлар. Уларнинг кўплари, журналистларга умуман ишонмасликларини баён қилдилар. Мисол қилиб, "газета ва интернет сайтларида, бўлар-бўлмас нарсаларни ёзишади. Ўз талқини бўйича, баъзи нарсаларни бутунлай бошқача қилиб кўрсатишади” дейишди. Афсуски, исми–шарифларини ошкор қилишни ҳам исташмади. Уларни тушуна олмадик.

Юқоридаги фикрлардан келиб чиққан ҳолда, болалар муҳофаза қилиниши керак бўлган нарсалар рўйхатида, бизнинг назаримизда, қўл телефони биринчиликни эгаллади дейиш мумкин.

Сизлар бу ҳақида қандай фикрдасизлар?

 
Бўлим: Yangiliklar | Кўрилган: 12988 | Чоп этди: Sayyod

Нравится
Барча изохлар: 16
1 islombek   (01-Июн-2011 08:04) [Материал]
man farzandim uchun u dunyo bu dunyo obod bolishi uchun 30 pora quronni yod olgizib koysam ALLOHNI kalomni bilgan bola juda togri va bahtiyor farzand boladi ohiratda ham mandan hafa bolmaydi

2 banda   (01-Июн-2011 08:16) [Материал]
man 12 yoshimdan namoz okiganimda mani okitishganida bunday jirkanch zino insonlarga ozor berib konglini ogritib broni bolasini kakshatib nasha sigaret arok ishmagan bolardim ,bu dunyoda hop hammasi otib ketdi endi namoz okiyabman halol haromni farkiga boryabman ,oldingi kilgan ishlarimga kanday javob beraman NARIGI DUNYODA?

3 Milashka   (01-Июн-2011 08:48) [Материал]
LOLA,NILUFAR SHAHZODA bular judayam tugri gaplani gapirishdi manam qushilaman va kelajakda farzandlarimni huddi shunday qilib tarbiyalashga harakat qilaman

4 Muhammad(s.a.v)ning yo'lidagi chang   (01-Июн-2011 08:59) [Материал]
yuqorida birodarlar to'g'ri aytadilar oldin ohiratni o'rgataylik keyin bu dunyo haqida ammo afsuski hozir buni aksini qilishadi ehh... biz bu dunyoga juda cho'mib ketdik 5 kunlik dunyoda uy mashina pul mansabni izidan quvib bir-birimizni g'ajib yuribmizda qissadan hissa bolalarimiz shunaqa DUNYOPARAST MOLPARAST bo'lmasin

5 rux   (01-Июн-2011 09:39) [Материал]
Muhammad(s.a.v) ning yo'lidagi chang nomli birodarimiz fikriga qo'shilaman.

6 Munisa   (01-Июн-2011 11:11) [Материал]
Мунира Алимуҳамедова – Тикувчи.Шайҳонтоҳур тумани, "Гулзор”ательеси iltimos shu ayolni bildirgan fikrlarini olib tashlasela.13 yoshli o'g'liga prezirvativdan foydalanishni o'rgatmoqchi bo'gan onadan nimani ibrat olish mumkin? Bizayam yoshlikda yigitla b-n gaplashganmiz lekin xich kim bizani postelga taklif qimagan xatto yuzimizga qarab gaplashmaganmiz.Odamiga qarab muomala qiladi yigitlayam normalniy qizlani postelga taklif qilishmidi.Bu mani shaxsiy fikrlarim.Bu ayolni maslaxatlarini o'qidigan muxlislariz ko'paymasidan o'chirsela yaxshi bo'lardi.

8 Noz@   (01-Июн-2011 16:25) [Материал]
2 Munisa: Bilmadim yoshiz nechidayu lekin, hozirgi yoshla judayam oldinlab ketgan!!! Ishonuring...
Eng tog'ri fikrni shu opamiza bildirganla db o'yliman! shuchun o'chirmela hich nmani! Etish keree!!! bzada uyalishadi etib o'rgatishmidi... shundan har hil kasallila ko'payib boruradi!

7 Дилдора опа   (01-Июн-2011 15:26) [Материал]
Мунисани фикрларига кушиламан. Хеч кайси одам узидан узи келиб постелга таклиф килмайса керак. Мунирахон ёшликларида кандай киз булганликларини курсатибдила. 13 ёшли бола жинсий хаёт хакида хали тулик тасавурга эга булмайдику, презервативни тушунтириш керак, деган гап аклга сигмайди. Ундан кура фарзандларимизни назоратини кучайтиришмиз керак. каерга кетди, ким билан кетди билишимиз керак. Укиш жойи билан доимо мулокотда булиб турилса, каердалиги хам аниклаш мумкин. Чунки агар дарсдан кочса укитувчиси хабар беради.ва сиз хам уни каердалигини суриштиришингиз мумкин.

9 muhsina   (01-Июн-2011 19:42) [Материал]
HAMMA HAR HIL, AVALAM BOR ALLOHNI TANITSANGIZ VA ALLOHNI KALOMINI ORGATSANGIZ HAR QANDA BOLOAR HAM UZLARI YOMON ISHLARDAN QAYTISHADI VA YOMON ODAMLAR BILAN BIRGA DOSTLASHISHMAYDI. ALLOHIM FARZANDLARIMIZAN YOMONLARDAN VA YOMNLIKLARDAN UZI ASRASIN . Muhammad s.a.v (nomi bn yozgan ) insoni gaplariga qoshilaman va Islombekni fikirlariga ham qoshilaman. ALHAMDULILLAH ALLOHGA HAMDU DANOLAR AYTAMAN VA KOPROQ DUA QILAMAN VA BOSHQALARGA HAM TAKLIFIM KOPROQ DUA QILAYLIK, ALLOHIM HAMMANI TOGRI YULDA QILSIN FAMMASNI TAQDIRI CHIROYLIK BOLSIN VA SABIRLI BOLISHSIN AMEEN.

10 nilushka   (02-Июн-2011 00:14) [Материал]
Munira Alimuhamedova Astahfrullo o'zida bomagan tarbiyani qanaq qilip bolaga beradi bu ayol uyalmasdan pastel diydi zinoni nimaligini oqip organip chiqsala yomon bomasidi ozlarigayam bollarigayam foyda bolardi kinoni ayol kishi suratga oldirganmish dip brovni aybdor qilip ozlaridan behabarla siz tarbiyani tog'ri bersiz bola usha kinogamas foydali ishga boradi

11 Nargiza   (02-Июн-2011 02:56) [Материал]
Rahmat! Yahshi ish qilibsizlar,bunaqa halq ishidagi intervyular ko'p va haqqoniy bulishini istayman.

12 Mulxis   (02-Июн-2011 09:33) [Материал]
Qiziq tarbiya degan narsa o'zimizda yo'q ekanu, yana bolalar haqida gapirasilar(

13 ledy   (02-Июн-2011 11:20) [Материал]
мен хали оналик мартабасига эришмаганман. Худо хохласа энди. Балки фикр билдиришга ёшлик киларман, узим мутахассислигим буйича педогогман. Хаммани фикри хар хил, хеч кимга фикрлашни таъкиклай олмайсиз. Мунисани гапларини укиб, бошида анча уйландим. Кейин хулоса чикардимки, хак эканлар. Шаркона хаё, шарм деган тушунчалар кадим йиллардан буён шарк халкларини асосий тарбия негизи булиб келган. болага муносабатда очикчасига ёндошиш, унга хаддан ортик эркинлик бериш хам асосан европа халкларига хос. хаммамиз биламизки, европада жинсий хаётга умуман бошка назар билан карашади. масалан, бир манбада укишимча 16 ёшда мактаб укувчиси хомиладор булиб колса, бу хеч кимни ажаблантирмайди, аксинча ота она болани кандай тарбия килиш хакида бахс олиб боради. юкоридага Мунира опамиз айтганларидек, болага химоя воситалари хакида маълумот берилса.... эртага 14-16 ёшли бола койилса, ойи, хавотир олманг, призерватив ишлатдим хеч нима килмайди энди, дейдими

14 sohiba   (04-Июн-2011 00:41) [Материал]
menga yulduzlarimizi farzand tarbiyalash haqdagi gaplari yoqdi,uzimiyam hozrcha bitta uglim bor,lekin tarbiyalash judayam mashshaqatli va mas'ulyatli vazifa ekan.(ayniqsa farzandz qaysar b.sa)ancha muncha bilimlarimiyam oshirib oldim,Sayyod.uz ga RAXMAT!

15 sevara   (04-Июн-2011 12:41) [Материал]
Farzandga ortiqcha gapirish shartamas? unga ozingizni qilayotgan namunali xulqingiz bilan ibrat bolishingiz mumkin. Bola ota onaga taqlid qilib osadi. Siz avvalo ozingizni tarbiyalang ota onalar

16 Jaxongirbek   (01-Июн-2012 20:40) [Материал]
bu erda judaxam chiroyli tarbiya yunaliwlari keltirilibdi,men wularga kowimcha kilmokchiman.
Bolalarni dunyovi va diniy tamondan tarbiyalaw kerak deb bilaman,
eng muxumi uzligini tanitiw lozim,bugungi kun bn emas balki ertangi kunga mustakil va mustaxkam yawawni bildiriw kerak.
Bu dunyo xisobli,yaxwilik kilsa yaxwilik,yomonlik kilsa yomonli keladi,kaytar dunyo!

dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Исмингиз *:
Email(шартмас):
Код *:

Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: 

Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ!

Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин!

-Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. 

(батафсил манбаа)

Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод

YUQORIGA!