05:55 Яна дуэт, яна Насиба ва Жаъфарбек, ва яна "Яна-яна". | |
НАСИБА АБДУЛЛАЕВА ВА ЖАЪФАРБЕКДАН "ЯНА – ЯНА”! ЯНГИ ВИДЕОКЛИП СУРАТГА ОЛИШ ЖАРАЁНИДАН РЕПОРТАЖ
19 июнь куни Ўзбекистон Халқ артисти Насиба Абдуллаева ва ёш хонанда Жаъфарбекнинг янги дуэт қўшиғига, видеоклип суратга олинди. Ушбу видеоклип хонадонлардан бирида суратга олиниб, куйланаётган қўшиқ, шўх тарона бўлгани учун, видеоклип сюжет йўналишида, бироз ҳазиломуз кўринишлар ҳам ишлатилди. Видеоклипда Насиба Абдуллаева ва Жаъфарбекдан ташқари, актриса Ҳалима Иброҳимова ҳам роль ижро этди. Бу қўшиқ Насиба Абдуллаева ва Жаъфарбекнинг биргаликдаги иккинчи дуэти бўлиб, биринчи қўшиқ сокин тарона эди. Суратга олиш жараёнига, кириб келганимизда Насиба Абдуллаева клипга суратга тушиш учун тайёргарлик кўраётган эдилар. Уларга бир неча саволлар билан мурожаат қилдим.
Феруза: - Нима учун яна айнан Жаъфарбек билан дуэт ва яна муҳаббат ҳақида? Насиба Адуллаева: - (жилмайиб) Ўзи бундай саволлар бўлишини билгандим. Муҳаббат ҳақидаги мавзу бўлганига сабаб шуки, санъат асарларини яратиш учун ва мусиқий асарларни оладиган бўлсак, аслида ўзи шеъриятни ҳам, мусиқани ҳам, энг асосий мавзуси, бу муҳаббат мавзусидир! Айтинг-чи, дунёда ўзи бундан ташқари, санъатга мавзу бўлишга арзийдиган яна қандай мавзу бор? Иккинчидан қўшиғимиз, ҳам клипимиз ҳам, ҳазил қўшиқ. Нима учун яна Жаъфарбек билан дуэт? (самимий) Биласиз, мен билан дуэт айтаман деганларнинг сони жуда ҳам кўп. Лекин, яна Жаъфарбек, менга маъқул бўладиган ҳамда, овозимга ҳам мос ва қулай бўлган, менга ёққан мусиқий материални олиб келгани учун, яна Жаъфарбек билан куйладим. Биринчи қилган қўшиғимиз ва клипимиз оғирроқ, сокин қўшиқ бўлгани учун, унга альтернатива, бошқа қўшиқни ҳам яратишга жазм қилдик. Биринчи қўшиғимиз ҳам, шунчаки қулоқни четидан ўтиб кетмади, назаримда. Жуда ҳам кўп фикрлар билдирилди ва бахтимизга яхши фикрлар бўлди. Ушбу қўшиқ ва клип жуда кўпчиликка маъқул бўлди. Шунинг учун ҳам, ҳамкорлигимизни давом эттиришга қарор қилдик. Феруза: - Мастер класс ҳақида, кейинги ижодимда ёшларга мастер класс кўрсатаман, ёшлар билан ишлайман деганингиздан хабаримиз бор. Бу негадир турфа кўринишда бўлмаяпти ва бир инсон билан чегараланиб қолаётгандек? Насиба Абдуллаева: - (самимий) Битта инсон билан чегараланганим йўқ. Мен ёшларга, «бирга ишлайман, мастер класс кўрсатаман» деганим, бунинг учун ўша ёш ижрочиларни фақат ҳоҳиши етарли, деган маънода айтганим йўқ. Уларнинг ҳоҳишидан ташқари, истеъдоди ва ҳақиқатдан келажаги борлигига мени ишонтира олиши ҳам, катта аҳамиятга эга. Мастер класс, бу мен билан ҳамкорлик қилаётган ёш ижрочининг истеъдоди, савияси, қобилиятига қараб туриб, кимгадир шунчаки маслаҳатим керак бўлади ва у ўша билан чегараланиши мумкин. Кимдир аниқ бир қўшиқни айтиш манераларини кўрсатиб беринг, дейиши мумкин. Мастер класс деганимиз, ҳамма томондан, ҳамма кўринишда, ҳамма йўналишда уларга ўша маслаҳатимизни беришимиз ва йўл кўрсатишимиз ҳисобланади! Мастер класс деганимни, томошабинлар мастер класс кўрсатадиган, ёш ижрочилар билан дуэт қилиб чиқаверар экан деб, қабул қилишлари керак эмас. (самимий жилмайиб) Мастер класснинг йўллари кўп. Кўпчилик ёш ижрочилар масалан, бир қўшиқни ёзаётган пайтида, келиб ўша овоз режиссёрининг ёнида ўтириб, йўналтириб туришимни ёки кўрсатиб туришимни сўрашади. Бу ҳам ўзига хос, ўзининг йўлида, мастер класс ҳисобланади. Агар "устозлардан бирортаси билан қўшиқ айтишни ҳоҳлайсанми” десанг, "ҳа айтаман”, дейдиган ёшлар жуда ҳам кўп. Лекин, фақат ўша ҳоҳишнинг ўзи етарли эмас! Жаъфар эса, фақат қўшиқчи сифатида келиб, сиз билан дуэт айтаман дегани йўқ, у муаллиф сифатида ҳам ўзини кўрсата оляпти ва мени муаллифлик ишларига ҳам ишонтира оляпти. Мана биринчи қўшиқни ҳам, иккинчи қўшиқни ҳам, муаллифи ўзи. У билан ҳамкорлигимиз бошқа кўринишларда ҳам давом этади деб умид қиламан. Лекин, бу билан албатта Жаъфарбек билан ҳаммаси дуэт бўлади, дегани эмас. У мени ўзимни ижройим учун ҳам, қўшиқ ёзиб бераман деб, ваъда берган. (самимий кулиб) Умид қиламан-ки, албатта ваъдасининг устидан чиқади ва ёзган қўшиғи томошабинлардан яхши баҳолар олишимизга сабаб бўладиган бўлади.
Феруза: - Нима учун концертингиз қолдирилганлиги, сабаблари ҳақда биламиз. Ўша қолдирилган концерт дастурини бу йил ўтказиш режангизда борми, ёки кейинги йил? Насиба Абдуллаева: - Мени албатта, концерт дастури ўтказиш ниятим бор. Агар ҳамма нарса фақатгина мени ниятимга боғлиқ бўлганида, жуда осон бўлган бўлар эди. Мени ниятимдан ташқари, яна жуда кўп нарсаларга боғлиқ. Биринчи ўринда, ташкилотчилар тайёр бўлиши керак, уларда концерт дастурини ўтказишга ҳоҳиш бўлиши керак. Агар ҳаммамизнинг ҳоҳишимиз бир жойдан чиқадиган бўлса, худо ҳоҳласа, насиб қилса. Умид қиламиз, ҳозирча бир нарса демаймиз. Шу йилми, шу йилнинг охирими? Янаги йилнинг бошими? Худо ҳоҳласа, янгилик бўлиши билан биринчи бўлиб, сизлар биласизлар.
Феруза: - Санъатга чиройли кириб келиш, чиройли давомлаш ва чиройли кетиш ҳақида фикрларингиз? Насиба Абдуллаева: - (ўйланиб) Санъатдан чиройли чиқиб кетишнинг ўзи ҳам, бир санъат! Ҳар ҳолда, ҳар қайси санъаткорни санъатини поёнига етишини, ўзига яраша тақдири бўлади. Кимдир ундоқ, кимдир бундоқ кетади. Шунинг учун, иложи борича ҳар битта санъаткор, айниқса, санъатда узоқ йиллар хизмат қилган ва ўзининг мустаҳкам ўрнини белгилаб, ўша ўрнига эгалик қилиб келган санъаткор, иложи борича, вақти-соати келганида, санъатдан ҳам чиройли чиқиб кетишни ҳам бажара олиши керак, деб ўйлайман.
Феруза: - Янги қўшиқлар яратиш режангизда борми? Дуэтлардан ташқари? Насиба Абдуллаева: - Албатта! (жилмайиб) Янги қўшиқларим битта эмас, бир нечтаси тайёр бўлиш арафасида! Янгиликлар кўп.
Бир оз вақт клип сюжетига кўра, Насиба Абдуллаева билан боғлиқ кадрлар суратга олинди.
Санжар Ходжаев клип режиссёри: - Клип ғояси учта инсонга тегишли яъни, продюсер Алишер Мажидхўжаев, хонанда Жаъфарбек ва мен. Уччаламиз, маслаҳатлашиб суратга оляпмиз. Клипни суратга олиш ишлари эрталаб соат 10.00 да бошланди. Хонанда Насиба Абдуллаева билан биринчи марта биргаликда ишлашим. Хонанда Жаъфарбек билан эса, иккинчи марта биргаликда ишлаяпмиз. Аввал, "Ялло” қўшиғига видеоклип олишда, ҳамкорликда ишлаганмиз. Менга авваламбор, бу олинаётган клипнинг қўшиғи жуда ҳам маъқул бўлди! Клипни суратга олишга мени хонанда Жаъфарбек таклиф қилган бўлса ҳам, суратга олиш жараёнида у билан баҳслашув, тортишув юзага келмоқда.
Суҳбатимизга Хонанда Жаъфарбек қўшилди: - Мен суратга олиш вақти, клип сценарийсидан четга чиқмасликка ҳаракат қиляпман. Тўғри, режиссёр ўз ишини қиляпти, лекин...
Санжар Ходжаев: - Йўқдан кўра, кўп нарсани суратга оляпман. Яъни, запас қўшимча съёмкалар ҳам қиляпман. Шу сабаб тортишув юзага келяпти.
Феруза: - Сизга шу тарафлари ёқмаяпти?
Жаъфарбек: - Йўқ, ундай эмас!
Шундан сўнг, яна Насиба Абдуллаева билан боғлиқ кадрлар суратга олиниши бошланди.
Мен хонанда Жаъфарбекка билан суҳбатимизни давом эттирдим.
Жаъфарбек: - Қўшиқ шеъри ва мусиқаси ўзимники. Аранжеровка Беҳзод Ҳамроевга тегишли.
Феруза: - Хонанда машҳур инсон билан дуэт куйлаши, қанақадир машҳурлик келтириши мумкин. Лекин, сизни ижодингизда машҳурлик келтиргани йўқ. Ваҳоланки, сифат тарафлама тан олиш мумкин. Нима учун яна шу хонанда билан дуэт куйлашга қарор қилдингиз? Хонанда Жаъфарбек: - Биринчидан, биринчи дуэт қўшиғимиз томошабинларга ёқди. Яхши чиқибди, яхши айтибсизлар дейишди. Гап машҳурликда эмас. Биринчи "Хайр” қўшиғимиз, севгида "хайр” сўзини эшитган инсонларга ёқди, назаримда. Масалан, мен ҳурмат қиладиган инсонлар уйимдагилар, онамлар, устозим, масалан яхши санъаткорлардан Улуғбек Отажонов, радиобошловчи Жамшид Ҳожиниёзов каби, кўпчиликдан "яхши қўшиқ чиқибди” деган гапларни эшитдим. "Қўшиқнинг кучи бор! Озғин, калта қўшиқ эмас! Чиройли, келишган қўшиқ бўлибди!” дейишди.
Феруза: - Бу қўшиққа ишлатилган таъриф бўлди-а? Жаъфарбек: - Ҳозир масалан, ҳаммага ёқадиган нарса қилиш... Мана ҳозир суратга оладиган клипимиз ёшларбоп. Лекин, ўз даражасига эга қўшиқ. Биласизми, Насиба Абдуллаевани қўшиқларини эшитган инсонлар менга, "Ўзи Насиба Абдуллаеванинг ижоди билан танишмисиз? Нега бунақа қўшиқлар айтяпсиз?” деб айтмаслиги учун, сокин "Хайр” қўшиғидан бошлаганмиз, Насиба Абдуллаеванинг ижодига, услубига яқин қўшиқ биринчидан. (самимий) Иккинчидан, мен 20-30 йилдан кейин ҳам, масалан фарзандларимга, "мана болам, мана бу клип сифатли ишланган, замонга мос”, дейишни ҳоҳлайман, яъни замондан қолмаслигига ишонаман. Айнан, ўша "Хайр” қўшиғимиз!
Феруза: - Лекин, машҳурлик олиб келмаган бўлса ҳам ишонасиз? Жаъфарбек: - (ўйланиб) Машҳурлик... яккахон қўшиқлардан чиқади, назаримда.
Феруза: - Сиз нимагадир бир тарафлама куйлаётгандек бўлмаяпсизми? Мисол учун, бу қўшиқлар билан тўйларга чиқа олмайсиз. Жаъфарбек: - "Омон-ей” деган қўшиқ куйладим. "Маза-маза” қўшиғига клип суратга олдик. Нима десам экан, (кулиб) кўпроқ русларга ёқяпти. Чунки, комедик йўналишда олинган. Лекин, Насиба Абдуллаева билан қўшиқ куйлаганда инсон, сал ҳушёрроқ бўлиб куйлайди барибир. Ўзини рамкада ушлаб туради. Чунки, ундай инсонлар билан қўшиқ куйлаш ҳам масъулият! Агар ҳозирги ёш санъаткорларни санасангиз, санаб саноғига ета олмайсиз. Лекин, устоз санъаткорларни ҳисобласангиз... Масалан, мен Насиба Абдуллаева билан иккинчи марта қўшиқ айтаётган бўлсам, шу "Яна-яна” қўшиғини мен аввал ёзиб, Насиба опага олиб бориб бердим, улар келиб студияда қўшиқни куйладилар. Кейин мен студияга бориб, қўшиқни ўзимнинг қисмимни бошқатдан ижро этдим. Ўша бошқатдан этилган овозимни ҳам, яна ўзимга ёқмаганлиги туфайли, яна бир бор қайтадан куйладим. Яъни, икки марта куйладим. Нима учун? Чунки, билиниб туради, санъаткорни қанча йиллик тажрибаси борлиги! Йиллар давомида олиб келаётган санъати! Шунинг учун, тўғри маънода, бироз қўрққан ҳолда! Ҳозирги кунда эса, тўғрисини айтсам, сал бачканароқ бўлсангиз, ёшларга ёқиш мумкин. Мен бундай бўлишни ҳоҳламайман!
Феруза: - Дуэт нима учун ишқий, муҳаббат мавзусида ва менимча, икковингизга ёш тарафлама мос бўлмаган мавзу танлангандек? Жаъфарбек: - (тушуна олмай) Нимага?
Феруза: - Ёш тарафлама муҳаббат мавзуси? Жаъфарбек: - (ўйланиб, самимий кулиб) Энди агар 2011 йилга келиб, севги ёш танлайдиган бўлиб чиққан бўлса.... (самимий кулиб) Унда мумкин эмас! (самимий) Нима ҳақида қўшиқ айтишимиз мумкин?
Феруза: - Мавзулар кўп, масалан Ватан, она-ўғил, опа-ука ҳақида ёки? Жаъфарбек: - "Ўзбекистон”, "Тошкент”... Тўғри, мавзулар кўп. Лекин, боя ўзингиз айтгандек тўйбоп, ёки ёшларбоп, концертларга мос дегандек... Масалан, ёшларни концертига чиқсам-чи? Тўғри, Ватан ҳақида ҳам куйлаш керак, лекин ўзининг ўрни бор! Мустақиллик байрамларида масалан, тадбирларда! Мен авваламбор, шоу-бизнесдан четлашмаган ҳолда, мен Насиба опа томонга ва Насиба опамни ёшларига, йўналишига ҳам мосроқ қилиб, нейтрал йўл топиб, қўшиқ тайёрладик. Бу энди қўшиқ-де. Ҳамма ҳар хил ўйлаши мумкин. "Севиб қолдимми дейман” деган жойларида, саволлар бўлиши мумкин... Энди, қўшиқ қизиқарли чиқса... Мен севги ҳақида куйлашни ҳоҳладим. "Хайр” ҳам севги ҳақида. Лекин, мана Насиба Абдуллаева Фаррух Зокиров билан ҳам, Сардор Раҳимхон билан ҳам, "Шод” гуруҳи билан ҳам қўшиқ куйлаганлар. Лекин, мен айтишим мумкин-ки, улар Фаррух Зокиров билан куйлаган "Қайдасан?” дуэтидан сўнг, томошабинларни кўпроқ қулоғига чалиниб, ажралиб чиққан қўшиқ, дуэт "Хайр” бўлди. Жуда катта омад ва машҳурлик олиб келмаган бўлса ҳам. Машҳурлик шарт эмас демайман, лекин қайсидир маънода қўшиғимизнинг кучи бор ва кўпларга маъқул бўлди. Ўзим ҳоҳлаяпман, шу санъаткор билан дуэт куйлашни!
Феруза: - Келажакда яна дуэт бўлиши мумкинми? Жаъфарбек: - (самимий) Ҳа. Бўлиши мумкин. (самимий кулиб) Насиба опамни жонларига тегиб қолишдан қўрқаман! (жиддийлашиб, самимий) Агар жонларига тегиб қолмасам, албатта бўлиши мумкин.
Феруза: - Хонанда сифатида ижод қилаётганингизга ҳам бир йилдан ошди, назаримда. Бир йил ичида чиқаётган кўп хонандалар қанақадир тез эл оғзига тушиб, танилишяпти. Сизда қандайдир янгиликлар яратишми, танилишми, сал секинроқ бўлаётгандек. Сабаби, нимада деб ўйлайсиз? Жаъфарбек: - Ҳозир мени фикримча, масалан, менга 10 кун вақт берсангиз, 10 кун ичида 10 та қўшиқ қилишим мумкин. Ҳаммаси худодан, лекин ўз дунёқарашим бўйича, камида 6 таси хит бўлиши ҳам мумкин. Лекин, мен санъаткорман-де. Ўзим мусиқа ёзганимдан кейин, ўзим шоирлар билан ишлаганимдан кейин, масалан (самимий кулиб) "Уммон”ни ёки бошқаларни сўзларига ўхшаб ёздириб, битта мусиқага 7-8 та қўшиқ қила олмайман. Уларни ҳамма эшитаётган бўлса ҳам!
Феруза: - Ҳамма эмас! Менимча 12-14 ёшгача бўлганлар! Жаъфарбек: - Лекин, шундай стадионларни тўлдириб концерт беришаётганларига ҳавасим келди.
Феруза: -12-14 ёшгача, тўлдирганларга ҳавасингиз келдими? Жаъфарбек: - (самимий кулиб) Унга эмас! Стадионлар шунчалик тўлганига, санъатга ҳали икки оёғи билан кирган эмас, бир оёқда турса ҳам, стадионлар шунчалик тўлиб, ҳаммага ёқаётганига ҳавасим келади. Ҳозир, барибир саёз қўшиқлар тез машҳур бўляпти, назаримда.
Феруза: - Сиз айтмоқчисиз-ки, мени қўшиқларим саёз эмас, шунинг учун машҳур бўлмаяпти деб? Жаъфарбек: - "Мазали” деб номланган қўшиғимга клип сурат олдик. Тез орада чиқади. Ёшларбоп. Энди, яна бир нарса-да, "Хайр” қўшиғини куйлаганимиздан кейин тўйларда, бошқа жойларда, ҳозир ҳам "Яхшимисан? Насиба опа яхшимилар?” деган саволлар кўп учраяпти. Энди бирданига, ёшларга ёқаман деб, шартта оддий "ўлдим куйдим, кел ёнимга, чиқмайсанми кўчага, кеч бўлиб қолди, шом бўлиб қолди” деб қўшиқ айтсам, ҳамма "э, Насиба опа билан айтган қўшиғидан кейин мана! Ўзи бачкана экану, нима қилгани энди бу?” дейишлари мумкин.
Феруза: - Демак, сиз айтмоқчисиз-ки, секин-секинлик билан ҳаракат қиламан деб? Жаъфарбек: - Ҳақиқий санъаткорларни айтиш
мумкин кимлар эканлигини... Масалан, санъатда эстрада йўли билан миллий йўл
икки хил нарса. Эстрадани ўзини ҳам, ўнга бўлиш мумкин: миллий эстрада, жаз,
попса ва ҳоказо... Лекин, бизда ҳаммаси битта нарсадек, битта савол беришади.
Ҳамманинг ўз йўли, йўналиши бор. Лекин, "Хайр” қўшиғидан кейин мана шу комедик жанрдаги клипни ҳам, жуда ҳушёрлик билан оляпмиз. Чунки, бир-икки жойида ўтиб кетиб қолсак, томошабинлар ҳазиллигини тушунишса, яхши. Тушунмай қолса-чи, мен унда бачкана ҳофиз бўлиб қолишим мумкин. "Насиба опани ёнидаги анови ким? Жуда бир ўзини у ёқдан бу ёққа олиб, бачканалик қиляпти.” деган нарсалар ҳам бўлади.
Феруза: - Лекин, кўпчилик, масалан, сиз ўзингиз қўшиқ ёзиб берган Жасур Умиров ҳам, бир йил ичида сиздан кўра кўпроқ танилди, шу ҳақида ўйлаб кўрмаганмисиз? Жаъфарбек: - Омад, яхши қўшиқ ёзганингиз билан келмайди-де. Омад, бу худодан! Жасурга қизиқиб савол бергандим, "Қандай қилиб бирданига бундай омад?” деб. У эса, "Ака, мени "Биллура”гача бўлган, 20 тача қўшиғим бор.” - деди. Лекин, айнан "Биллура”га келиб, танилди. (самимий) Масалан, ўша Жасур ўзи куйлаган услубининг қироли бўлди дейиш мумкин. Ундан кейин, Жалил ҳам шу услубга яқинроқ қилиб куйлади, лекин...
Феруза: - Лекин, барибир машҳурлик, танилиш борасида . . . Жаъфарбек: - Балки, мен шошаётгандирман, лекин яхшиси, секин-секинлик билан яхши ижод қилган маъқул, назаримда. Продюсери билан. Шундан сўнг, бошқа
кадрларни суратга олиш ишлари давом этди. Хонанда Жаъфарбек билан актриса
Ҳалима Иброҳимова билан боғлиқ кадрлар суратга олинди. Насиба Абдуллаева бир неча хил кийимда суратга тушдилар. Жаъфарбек бир бошқачароқ қиёфага кириб, Ҳалимага севги изҳор қилди! Мен суратга олиш жойини тарк этаётганимда, соат 20.15 лар, Насиба
Абдуллаева ва Жаъфарбек билан боғлиқ кадрлар суратга олинаётганди. Воқеалар ривожи қандай бўлганлигини, клип тайёр бўлгач, билишимиз мумкин албатта. Клипни кутиб қоламиз. Феруза Фаттохова
| |
Бўлим: Suhbat | Intervyu | Reportaj |
Кўрилган: 9477 |
Чоп этди: Sayyod
| Теглар: |
Нравится
Барча изохлар: 9 | |||||||||
Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ! Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин! -Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. (батафсил манбаа)
Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод |