02:41 "Башара-шоу"- телеканаллар "ижоди" | |
“Яна шуми? Нимага бу чиқвуради, на бир тайинли ашуласи бор ва на бир роли. “
“Хадеб чиқаверарканда одамни кўнглини ағдариб, бошқага ол жонга тегди шуям”
“Туппа-тузук артист эди айнибди, бир яхши нарса қилмай хадеб чиқаверсаям одамни бездираркан. Яхши кўрардим шуни, энди энсам қотвотти”
“эй, ашулангни айтсангчи, нималар деб валдираяпсан а? Тинчгина ашулангни эшиттирганинг яхши эканг, оғзингни гапга очсанг одам қочадигану пашшаларни чақирадиган фикрларинг боракан ўзиям”
Анави янги каналда фалончи писмадончи билан шоу бўлармиш, наригисида артистлар кўрсатув олиб борармиш, яна бирида артистлар ўзлари гапириб ўзлари кулармиш....
Фақат гапирармиш, кулармиш...куйламасмиш... ишламасмиш...ижод хам қилмасмиш!
КЎРСАТув дегани бу КЎРСАТ мени ё ИЖОДимни?! Телеканаллар кўпая бошлагач аввало фақат хордиқ чиқаришга мослашган бўлиши ўйлантирса яна ундаги ИЖОД эмас ШАХС промоси хайратлантира бошлади. Кўрсатувлар ва ундаги ижоди суст ва ёки йўқ бўлган артистлар ва хоказо. Артистлар ва мухлислар билан боғлиқ энг долзарб муаммо бу албатта мухлисларни уларга том маънода шахсга сиғинишдек бориши саналади. Фанатизм оқибатларию ва ўзимиздаги холат хақида бир неча бора сайтимда ёритгандим ва улардан бирида бир фанатнинг ўз кумирини онасидан хам юқори тутишини тан олгани катта шов-шувга сабаб бўлганди. Айб тарбия фанатизм ва унга мубтало бўлганларда дерсиз? Асло! Уни бартараф эта олмаганлик ва ўша фанатизмга йўл қўйиб беришлик деб хисоблайман. Оддийгига мисолда айтсак, телеканаллар орқали артистлар билан боғлиқ турли кўрсатувлару ўйинларда асли ижодидаги янгилиги йўқ бўлганларни юзини реклама қилаверишидаги мантиқсизлик. Гўёки бу каналлар шу артистлар учун очилиб улар ортидан ва уларни олиб чиқиб ўз каналига томошабин йиғиб табиийки яна улар ортидан промосию ва у каналда кетадиган рекламаси ортидан пул кўришлик мақсад бўлиб қолаётгандек. Каналнинг ўз ижоди нимадан иборат? Фақат артистларни чиқариб кўнгилочар дастурларни кўрсатишми?
Санъатга алоқадор телеканалларда нима учун санъат оламидаги муаммолар ёритилмайди? Шоу-бизнесдаги иллатларни бартараф этишдаги кўрсатувлар изланишлар-қани бундай ижод махсули? Телеканалларнинг адолатли ижоди нега йўқ? Танқид қилсанг артистга ёқмайди ва сени телеканалингдаги айрим тадбирларда қатнашмай қўяди деб чўчишми журналистика ахволи? Кейин артист хам табиийки ўша телеканалнинг шахсий “запрети”га учрайди . Осмондан олиб ёзилаётган сўзлар эмас бу! Бир вақтлар бир газета ва унга алоқадор телеканалдаги бу ички тартибдан хабарим борку. Рахбариятига вақти-вақти билан хизматга керак бўлган рейтингдаги артистларни танқид қилишга рухсат бўлмасди. Хозир хам аслида шу ахвол! Натижада... Артист хато қилса “Ўзбекнаво” айбдор, улар бот-бот гапиришмасин артистлар нигохида хам улар айбдор. Нима учун масалан, халқ танқидини эфирга олиб чиқмайсизлар? Ана инстаграмдаги одамларнинг танқиди сабаб шаталоқ отадиган артистларни сал попуги пасайди. Халққа мослаша бошлади. Артистлар “Одамлар ёзишади изохда” деган иборани кўп қайтара бошлади. Биз билан интервьюларда хам айрим саволларга “Э қўйинг, одамлар кейин изохда ундай деб ёзади, бундай деб ёзади” деб инобатга ола бошлади. Истеъмолчи айтиши керак ўз норозилигини, чунки артистга хақ тўлайди ва аслида халқ асл юқори рахбарият! Бунга эса имкон яратилиши керак. Эфир! Телеканаллар фақат кўнгилочар парки бўлса узрку унда у ўзини хурмат қилган телеканал эмас оддий масахарабозлар жамоаси деб тушунилади.
Телеканаллар очиляпти бу яхши, ўсиш (кенгайиш) хам бор, монополия энди йўқ... Хуллас имкон бору сифат эса... ижодий ва маънавий сифат қайдасан, дарак бер бўлиб ётибди... Плагиат ва бачканалик билан томошабин йиғиш трендини кўтариб худа-бехуда артистларни секундигача эфирларга тиқиб ташлашлик ... шунга яраша қани энди муаллифлик шоуси бўлсаю, уни олиб бораётганни махоратига тан бериб ижодига ишона олсанг! Ўзлигидан уялганми ё ўзлигини йўқотган бошловчилар... Ёки ўрнига артистлар. Яқинда об-хаво маълумотлариниям артистлар айтиб турса ажабланмасам керак.
КиноЭФИРчи? Артистлар орқали кинотеатрларга томошабинлар қайтарилди деб мақтанишарди... Аммо унинг натижасини ЭНДИ ана кўряпмиз бугун. Хонандани актердан ва режиссерни сомсапаздан ажратиб бўлмас остин-устун ахволда кино олами. Тренажер зали юлдузи эфирда актер, юзига тўрт кило шпатти бергани актриса бош рольда. Критериялар осон! Жа бўлмаса таниш билишчилик ва шахсий хаёт нафс қондирувчилари. Диплом керак бўлмаган сохаку бу, демак қолган хаммаси мумкин.
Кинотеатрларда эса 1000 долларлик бир хафтада суратга олинган фильмни ортидан 2-3 минг доллар ишлаш бизнеси авж олган. Шундан кўра кинотеатрлар ўша яна дискотека бўлиб ётганию аммо томошабин энг сарасини эфирдан томоша қилгани яхши эди. Чунки яхши фильмни биз барибир кинотеатрлардан кўрмаяпмиз! Чунки пул тикаётгани хам санъат оламидан эмас, демакки у санъат асарини талаб қилмаяпти! Ўша машхур “башара” керак унга холос. Ва ўзини махсулоти, қизи, ўғли ва ё жа нари борса ўйнаши фильмда чиққани қолади. Хамма хурсанд. “Ижодий” жамоа пул қилди, хомий эса реклама. Халққа нима қолди? “Ма санга, ма санга, ****қолди Хасанга” буёғи.
Бахтимизга руслар бор! Плагиат кўрсатувлар... ўша кўрсатув бошловчисигача тақлид қилишга уриниб арзон ва сохта кўринишга келиб буни эфирдан миллионлаб одамларни энсасини қотириш ва ёки шу нарсаларни тарғиб этишдан не фойда? Русларнинг 1-телеканалидагисини “Миллий телеканал”да ва “ТнТ”дагисини эса “ЗўрТВ”да кўриб турсанг ижодкор сифатида баридан нафратланиб кетаркансан. Кейин эса ачинасан. Ўша олиб бораётган билан бирга телеканалнинг тўлиқ “ижодий” жамоасига хам. Бечораларда бошқа илож хам йўқ, (БЕ-ЧОРА, чорасиз, чора йўқ, имкон бору илож йўқ) )чунки ижодни ўзи йўқ, ғоя йўқ, калла фақат қандай қилиб “соққа қилсак” билан банддек. Артистга мансаб берилганидаги оқибаларни эслаймиз, хонандага эфир берсанг ё шахсий концертига айлантиради ва ёки йўналишидан келиб чиққан холда цирк аренасига.
Хомийлик даври ижодкор инқирози(ми?)... Яқинда бир артист айтганди, ижодкорга хомий санъат оламидан бўлмаса ёмон экан деб. Пул тикаётганлар хеч бўлмаса ижодни хам талаб қилса эди... Жамоа рахбариятига ижодкорларни йиғса эди... Қуруқ реклама айлантириб пул топишдан иборатми телеканал мавжудлиги? Бутун бошли ўзингни халқинг олдига чиқиб нима беряпсан? Фақат ундан оляпсан реклама учун, унгачи нима беряпсан? Артистларни концертда хам сахнада хам “ўйнатиб” одамларни хордиқғини чиқариш мумкин, эфир орқали нимани гипноз ва нимани тарғиб қиляпмиз? Кўз ва қулоқларни нималар билан “боқяпмиз”? Унга чирой ва гўзаллик қани? Худди юқоридаги кино оламининг бугунги давр кўриниши телеканалларда хам. Ижод олами рахбарияти бизнесменлар! Чунки пул тикканиям ва табиийки рус мақолидек “шампан виноси” буюртма қиладигани хам албатта бизнесмен! Ижод кимларни қўлида?...ва нега? Окалар, (окахонлар!) зўр ишларни бошлабсизлар, гап йўқ! Аммо ўша ишни НЕГИЗИ ва керакли МУХИМ нарсаларини хам олинглар илтимос! У нарсалар фақат СОТИБ олинадиган нарсалар- дейлик техника, чироқлар ва дизайн эмас, оддийгина ижодий гурух йиғинглар, бўлди! Хамма ўзини ишини қилсин, артист артистлигини...бошловчи бошловчилигини.. Халққа хам керакли нарса беринглар! Маънавий озуқа! Хаёт фақат ўйин-кулгу, қотишдан иборат эмаску. Бу нарсалар бўлиши учунам салбий нарсаларни бартараф қилиш хам керакку. Эфирми бу сахнами, аренами фарқи қолмаяптику тушунчалару мохиятларни.
Давлат телеканаллари.... ахвол! Ўзи давлат телеканалига таклиф қилишса оқ кўйлак қора шим ва ёки галстук ва костюмсиз киргазишмайди хам)) Бир икки кўрсатувларга таклиф қилиб мана шундай “дресс код” айтишганида принципиал равишда бормай қўя қолганман. Ўзимми кўрсатишга боряпманми? Ватан остонадан бошланади дегандек рамкага солиш эса эфир остонасидан. Нима ижод унда? Улар истаганидек кийиниб ва улар истагандиек гапир ва фикрла?!... Нимаси журналистика?! Давлат телеканали ички мухитида гўёки хануз Сталин даври хукумрондек! Оддий сухандонлик қолган холос! Телеканал эфиридагиларнинг бари оддий сухандон! Журналистика йўқ! Мумкин хам эмасдек.
Жони эфирлар кўпайтирилсин деган фикр юқоридан янгради хамки дўппи ўрнига калла кесиш авж олаётгандек. Яна кулгулик кўринишдаде.. Телевидениеда жонли эфир билан боғлиқ постановка-сохта онлар яратилаётгани йўқ дейсизми? Бу хақида ўша телеканаллар ичидаги ходимлар бизларга аноним тарзда бўлса хам етказмаётган бўлса хам майли эди. Биламизку хаммасини .
Яна бир (жудаям қизиқ) холат: Яқиндагина “Тошкент” телеканалидаги (дейлик) жонли эфир пайти ертўладан чиқиб келаётган бошловчи ва гўёки 9-этаж ва ёки пастдаги ресторанда яна гўёки ёнғин хақидаги инстаграмда хабар изохида ўша холату ва суратга олишдан тортиб бошловчи ўзини тутишию либосигача хамма кескин танқид остига олди. Ўша телеканал ходимаси (ёки ўша бошловчими, танимадим) танқидларга изохда нима деб жавоб берди топингчи? Жиноят кодекси билан қўрқитиб хориж журналистларини кулгусига қолди . Сўз ва фикр эркинлиги ахволи! Айтяпманку Сталин даври уларни “ижоди”да. Давлат телеканалида артистлардан тортиб ёшларни ярим яланғоч кийинаётгани ва тиззасини очиб олишини кўрсатув хамда ток-шоу имитацияларида танқид қилишадию ўзларини бошловчилари жонли эфир репортажида калта юбкада оёқларини кўз-кўз қилиши асли иштонсизнинг йиртиқлар ямоғини санашдек гап бўлиб қолмоқда. Ўша жонли эфирдаги бошловчи кўринишига изохида одамлар шуни ёздида! Нима деб тергаяпсизлару ўзларинг нима намуна беряпсизлар? Оддий микрофонни ушлашни билмай подиумда юргандек нозланаётган бошловчи асли жонли эфир қиляптими ё ўзини рекламами тушунарсиз. Устози йўқ, мактаби йўқ журналистика бу! Тартиби мантиққа зид , шижоатсиз, фикрлари алғов далғов, нияти натижасини кўзламаган ва бари бир ромкадаги журналистика ахволи бу. Шу учунам бари текисланиб фақат сухандонлик кўринишида қолган. НомигаГина!
Ижодни эмас шахсни рекламаси нималарни келтириб чиқаради ва бундаги мантиқ нимада? Йиллаб ижодни қойиллатиб қўйганлар бундан мустасно албатта! Уларни хар не эфирдаги кўрсатувларга чақириб ижодий сухбатлар ўтказиб йиллар мобайнидаги халқ билан ишлашда стаж-багажининг хазинасидан бахраманд бўлиш қизиқроқ ва фойдалироқ бўлса керак. Ўша шогирд саналмиш санъатдаги ёшларга хам ва умуман олганда барча телетомошабинларга хам. Фаррух Зокиров, Насиба Абдуллаева ва хоказо... Санъатни номидан гапиришдаги санъат билан гапирадиган буюк шахсларимиз. Ишлатаётган сўзларию охангини ўзидан қанча тарбия олса бўлади.
Хитлар йўқ... Келгуси йилларга совға қилгувчи, бугунги кунларга боғлаб кетгувчи ижодий бойликлар қолмагандек... Ўтмиш садолари билан хануз ижоддамиз.
Ўтган 10-20 йиллик хитларнинг қай бири келажакка ўтаркин? Хозирги хитларни келгуси йил қайта эшитишмаяпти, соғинишмаяпти...тинглашса ностальгия қилишмаяпти... Йил деймизу, бир ой ўтиб унутишяпти бугунги қўшиқларни. Айланиб ўргилиб яна эски қўшиқларни қайта куйлаш, уларни расво қилиш ва ўтмиш хотираларини истаганича тахқирлаш билан овораю сарсондек ижод ахли... Нима қолдириляпти келажак учун? Бизга қолдиришгани ижод бўлди... қўпол қилиб айтганда башара эмас. Хозирчи? Эфир фақат шахс рекламасига ўтган. Лекин нега ўша шахсни арзигулик ижодини эмас? Арзигулик эмас бўлса унда нима бор у хақида гапириб? Уни кўрсатиб? Таклиф қилиб? Нимасига?
Телеканаллар маъмуриятига мана шу нарсаларни ўтмиш хурмати ва келажак учун масъул шахс сифатида инобатга олишларини сўрардим. Чунки хар бир ишдан нимадир қолиши керак. Сиз очганми канални ё ўша каналда ишлайсизми келгусида агар фарзандингиз нима фойда берган бу очган нарсангиз деса унитазни кўрсатишга кун қолмасин. Зеро хар бир ишдан қолган барча молиявий натижани ўйлаш бу нигохларни ўша унитазга қаратишдек гап. Хузурини у кўрган!
Инсон жамият учун хам из қолдириши мухим. Унинг маънавияти, фикрлари, чархланишлари, тарбияси! Кўп айтаман: хамманинг хам оиласида тарбия бут эмас! Таралабедод қолган ёшларни аксарини овунчи бу эфир. Масъулмасмиз тарбиясига деманг! Бу бефарқлик! Атрофга бефарқ бўладиган замонми хозир? Аксарият жиноятчилар ва жамиятга хавф соладиган шахсларни айби асл сабаблари негизида бефарқ кечган тарбия ётади. Уйи бефарқ, атроф бефарқ у билан сўзлашаётган эфир эса истаганини айтмоқда! Айтмоқда ва кўрсатмоқда! У ким ва қандай етиб чиқишида хамма масъул! Кимнидир тарбиясига масъул эмасман деб келажакда айнан уни қўлидан азият чекмаслигингизгаям кафолат йўқ-да.
Чуқурлашдимми? Йўқ, ўша чуқуридаги илдизга эътибор қаратдим холос. Чунки илдиз қурт босганига қараб дарахтдан мева олиб ейсизми йўқми хаммаси шунга боғлиқ! Илдиз тоза бўлгани билан мевасига қурт тушиши хам мумкин дерсиз. Аммо хосил бор, қолганини тозалаб ейиш мушкул иш эмас. Хосили йўқ дарахт бўлиб ўтгандан кўра деман –да!)
Хуллас, эфирлар хосилга тўлсин! Артистлар хам хосилини тақдим этсин. Шўппайиб қарағай дарахтдек хар қаердан шунчаки чиқиб келавермасдан! Ўтин бўлиб ёниб кетишга арзимайди бу касб. Хосил бер! Шунда тириксан ва кераксан! Кўнгилни сатрларга қуйинг, юракни мусиқаларда урдиринг, қўшиқларни кунларга боғлаб ундаги хотираларни йилларга мухрланг!
Яхши нияти билан Сайёд.
| |
Бўлим: TV | Teatr, Kino.uz | Кўрилган: 114006 | Чоп этди: Sayyod |
Нравится
Барча изохлар: 9 | ||||||||||||||
Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ! Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин! -Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. (батафсил манбаа)
Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод |