– Оилада ёлғиз қиз бўлганим учун болалигимда онамдан "Нега опам ёки синглим йўқ”, деб кўп сўрарканман. Тақдирни қарангки, мен ҳам бир ўғил, бир қизлик бўлдим. Бир куни онам: "Болалигингда нега опам ёки синглим йўқ, деб кўп сўрардинг, қизинг ҳам шундай демаса бўлди”, деб кулди. Орадан роппа-роса бир йил ўтиб, ҳомиладор бўлдим. Яратгандан қиз фарзанд ато этишини сўрадим. Лекин бу галги ҳомиладорлигим осон кечмади. Оилавий поликниникамиз шифокорига учрашсам, фарзандинг эгизакка ўхшаяпти, деб ташҳис қўйди. Бир ойдан кейин доплер текширувидан ўтсам, фарзандингиз иккита эмас, учта деб экрандаги тасвирни кўрсатишди. Бу не синоат эканки, яратган мени уч фарзанд билан сийлаяпти, деб суюндим. Ҳомиладорликнинг 7 ойидан бошлаб ўрнимдан ҳам туролмадим. Оёқларим шишиб, озгина юрсам ҳам ҳансираб қолардим. 23 август куни укам Руслан билан пойтахтимиздаги туғруқхонага бордик. Шифокорлар кўрикдан ўтказиб, сизни зудлик билан жарроҳлик йўли билан туғдириш керак. Йўқса, соғлиғингизга зиён етади, дейишди. Оғриқнинг зўридан бехуш ётганимда бир шифокор: "Қойил, эгизаклар 4 та экан, кенжатойинг акаларининг ортида кўринмаган”, деди. Эгизакларимнинг тўнғичи 1900 г, кенжатойим Исломбек эса 1500 г оғирлик билан дунёга келди.
– Уларга ном танлаш ҳам осон кечмагандир?
– Оиламиз катталари билан маслаҳатлашсам Ҳасан-Ҳусан ва Ҳасанча-Ҳусанча деб исм қўйиш керак, дейишди. Лекин иккинчи эгизагимга "ча” қўшимчасини қўшиб номлашни истамадим. Катта умидлар билан уларга Каримжон ва Исломбек деб исм қўйдим. Илоҳим, улар юртимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшадиган фарзандлар бўлиб вояга етишсин.
– Бир қарашда улар бир-бирига жуда ўхшайди. Уларни қандай ажратасиз?
– Тўғри, Ҳасан-Ҳусан бир-бирига жуда ўхшайди. Лекин ҳар бирининг характери турлича. Масалан, Ҳасанжон уйқучи, Ҳусанжон эса йиғлоқи, Каримжон эътиборталаб, кенжатойим Исломбек эса одамшинаванда, гапирсангиз қиқир-қиқир кулади.
– Тўрт фарзандни парваришлаш осон эмас. Бунда кимнинг ёрдамига суянаяпсиз?
– Туғруқ пайтида иккита жарроҳликни бошдан ўтказдим. Икки кун комада, саккиз кун жонлантириш бўлимида даволанишимга тўғри келди. Яхши ҳамки, ёнимда онам бор экан. Кўпроқ онамнинг ёрдамига суянаяпман. Бундан ташқари, Бектемир тумани ҳокимиятига ва саҳоватпеша инсонларга ҳам миннатдорчилик билдираман. Улар имкон даражасида кўмак беришаяпти. Агар муштарийлар орасида ҳам саҳоватпеша инсонлар бўлса, ёрдамларини аямасликларини сўрардим. (90) 315-26-06 Гулшод Хайдарова