03:33 Хорлик ё борлик? | |
Санъат оламига дахлдор бўлганларни айримлари бугунги кундаги намоёнланиши саволлар туғдиради. Биринчи қахрамонимиз фильмларда (тушунишим бўйича) эпизодик роллар ижро этган ва унинг айрим иқрорликлари хайратлантиради. Яъни фильмга пул тикадиган бизнесмен деганда нахотки кўчада яшайдиган инсон дея тасаввур қилиш мумкин бўлса?
Ўзини актер деб таништирадиган бу инсон хақида сайтимиз мухлислари хабар бериб, у "Бобур" парки олдидаги "Бек" ва "Элвис" кафелари олдида ишлаб яшашини айтишди. Ўша манзилга келиб у билан учрашиб сухбатга чорладик.
Тошмухамедов Абдурасул Махкамович 1946 йил Тошкентда туғилган Тошмухамедов Абдурасул: - 15 йилдан бери “Ўзбекфильм”да ишлайман. Бошида қоровул бўлиб ишлаганман. “Ўткан кунлар” фильмида Отабекни дўппи сотувчи дўстини ролини ижро қилгандим. Кейин, “7 хайкал 1 кал”, “Маржона” “Қароқчи” ва бошқа фильмларда чиққанман. Кино сохасида институтни битирмаганман, “самоучка”ман. 2010 йилдан бери 4та фильм суратга олдик.
Sayyod: Нима қилиб кўчада юрибсиз? Тошмухамедов Абдурасул:-Мен кўчада юрмайман мен 50/50 ишлайман. Бу ерда мошиналарни қоровуллаб пул топаман.
Sayyod: 50/50 қандай қилиб ишлайсиз? Тошмухамедов Абдурасул:-Оператор, режиссерлар хаммасига пул бераман, фильмда хам чиқаман ва фильм экранга чиққанидан кейин бир ой ўтиб 1 миллион сарф қилган бўлсам 2 миллион қилиб қўлимга оламан.
Sayyod: Сиз сарф қиласизми? Қаердан пул оласиз? Тошмухамедов Абдурасул:-Мана шу ерда тирикчилик қиламан. Мошиналарга қарайман.
Sayyod: Кунига ўртача хисобда қанча топасиз? Тошмухамедов Абдурасул:-Аллохни бергани, ўртача 10-15 минг сўм кунига.
Sayyod: Уйингизчи? Тошмухамедов Абдурасул:-Уйим йўқ мани. Эски шахарда яшардим. Оилада 4 ўғил 3 қиз. Укаларим билан 3 йил аввал уришиб чиқиб кетганман. Чиқиша олмадик. Хозир шу ерда ишлаб мана шу ерларда ва Бобур паркида ухлайман. Хеч қандай камчиликлар йўқ. Хаммаси жойида (кулади)
Sayyod: 4 ўғил 3 қиздан нахотки бирортаси холингиздан хабар олиш даражасида бўлишмаса? Тошмухамедов Абдурасул:-Мен ўзим шуни хохламайман. Ўзим уришиб қолдимми, ўзим айбдорми, ўзим чиқиб кетдим.
Sayyod: Нимага айбдор? Тошмухамедов Абдурасул:-Энди бу ўзимни сирларим уларни сизларга гапира олмайман. Одатим шунақа.
Sayyod: У манзилда пропискангиз ва хужжатларингиз борми? Тошмухамедов Абдурасул:-Бор хаммаси, “Ўзбекфильм”да хам хамма маълумот ва хужжатларим мавжуд.
Sayyod: Пропискангиз бўлса нега судга бермадингиз? Тошмухамедов Абдурасул:-Йўқ, судга бермайман. Рахматли ота-онам рухи безовта бўлмасин. Илохи омин деб чиқиб кетдим, бўлди.
Sayyod: Кўчада яшашингиз хам тўғримаску. Тошмухамедов Абдурасул:-Нега кўчада яшарканман, ишлайман бу ерда.
Sayyod: Кечаси қаерда ухлайсиз унда? Тошмухамедов Абдурасул:-Ана “Бобур” паркига кираман , ётадиган жойларим бор.
Sayyod: Қаердадир ювиниб чўмилиш... Тошмухамедов Абдурасул:-Ўша ерда хаммом хам бор.
Sayyod: Демак сизга шу хаётни ўзи ёқяпти? Тошмухамедов Абдурасул:-Ха, ёқяпти.
Sayyod: 50/50 пул тикаман деяпсиз, шу пулга ижарада турсангиз бўладику Тошмухамедов Абдурасул:-Харакат қиляпман шунга. Яқинда касал бўлиб қолдим, шифохонада ётиб чиқдим ва хамма пулим даволанишга кетди. Ижарага чиқиб яшаш учун пул топа оламан.
Sayyod: Турмуш ўртоғингиз, фарзандларингиз борми? Тошмухамедов Абдурасул:-20 ёшимда уйланганман, хотинимни қорнида Хасан Хусан фарзандларимиз кўндаланг бўлиб қолиб, шифокорлар қорнини ёриб оламан дейишганида иккиси хам ва аёлим хам оламдан ўтишган.
Sayyod: Қишда қаерда ётасиз? Тошмухамедов Абдурасул:-Жой топаман, хаммаси яхши, жой бор. Айтдимку Бобур паркида деб.
Sayyod: Қишда хамми? Тошмухамедов Абдурасул:-Қоровулхона борку. Жойлар тиқилиб ётибди...
Sayyod: Агар санъат оламиданми ва балки кино сохасиданми кимдир уй-жой билан ёрдам бераман десачи? Тошмухамедов Абдурасул:-Йўқ демайман.
Санъат сохасидан бу инсонга ёрдам берилиши учун санъатга жуда бир хисса қўшган инсон дея олмайману...аммо унинг сўзлари ажаблантиради. Хулоса ўзингиздану лекин уйдагилари бирор чора кўришса бўларди. Ёши бир жойга етган одам 3 йилдан бери кўчада юрса. Ўша, укаларию опа-сингиллари нахотки қондоши кўчада яшашини била туриб кўнгли хотиржам яшай олса? Хайит арафасида чиққан бу мақолам хайрия фикрига чорларкан...Ўша ока-ука, опа-сингиллари уйида қурбонлик сўйиб гўштини қўшниларга тарқатадиганлари топилар. Бироқ... хайр ишни аввало мухтожларга(!) ўз қон қариндошингга кейин эса бегоналарга қилгин дейилган исломий тушунчалар қайда қолдийкан? Мана шундай оилаларни тушунмайман. Агар бу инсон оилада якка фарзанд бўлса ёки ундан ташқари яна фақат биргина окасими укасими бўлса, ха униси энди шундай бағритош инсон эканда дердим. Оилада нақ 7 фарзанд экан. Уларни яна қанча фарзанди бордир . Халқимиздаги "бири кофир бўлса бири мусулмон" деган нақл бўларди...билмасам... Судга беришга ота онасини рухини безовта қилмай деб турганни қондошлари хам ота-онасини рухи олдида нима деркин? Бирон нарса дейиш қийин зеро оила аъзоларини хам хақиқати бордир. Айбим бор деб турибдими демак...балки айби хам шу қадардир? Хорлик ё борлик? Иккиси! Хорликка розилик бўлинган қандай бўлса шундайлик- борлик.
Кейинги қахрамонимиз бир вақтлар яхшигина порлагану аммо шундай тез сўнгган "Зеро" гурухининг жарангдор овоз сохибаси Саяташ. Айни дамда у собиқ гурухдан яна Камилла Ягона тахаллуси билан ижодда бор. Саяташ бирор вақт ТВМ пайти экранда кўриниб турди, кейин эса "Болалар" гурухи билан хамкорликдаги қўшиқлари эштилиб турди... Айни дамда эса унинг Америкада ерости йўлида куни тиланчилик қилиб пул топишга қолган деган гап-сўзлар болалаганди. Унинг инстаграм сахифасида хам бу суратлар бор. Яқиндагина Тошкентга қайтган Саяташ билан боғландик.
Sayyod: Америкадаги ер ости ўтиш йўлидаги суратларингиз хақида изохингиз? Саяташ: -У ер ости ўтиш йўли эмасди, у метро эди.
Sayyod: Яхши, ўша метродаги у кўриниш нима эди? Саяташ: -У мени хаётим эди. У мени мусиқам ва менинг янги альбомим. Ўз ишим устидаги изланиш ва мусиқа ёзиш билан бандликни бир кўриниши. Узоқ вақтдан бери қўшиқ ёзяпман. Ўзимни мусиқага бахшида этиш. Чунки бу пайтгача бошқа нарсалар билан банд эдим, онамга уй қурдирдим ва умуман бошқа сохада ишлагандим. Хозир эса мусиқа ёзиш пайти келди.
Sayyod: Нима учун айнан метрода? Саяташ: -Чунки метрода хақиқий омма. Турли авлод вакиллари, турли одамлар . Метрода кўпгина хорижликлар ва келгиндилар , омадли ва омадсизлар , хуллас катта оқимдаги одамлар. Улар куйлаётганингни бахолай олишади. У ерда дунё миқёсида даражасида бўлган симфоник оркестрни хам тинглаш мумкин. У ердаги метро диққатга сазовор (достопримечательность) хисобланади. Кўпгина машхурлар метрода куйлаб ижодини бошлашган ва бугунги кунга келиб метро ижод тарафлама хам Нью Йоркнинг (достопримечательность) диққатга сазовор бўлган жойи хисобланади. Бу нарсаларни тушуниб хис этиш учун ва нима учун айнан метрода эканлигини билиш учун хам ўша ерда бўлиш керак.
Sayyod: Ўзбекистонда машхур бўлиб кейин хориждаги метрода куйлаб пул топиш бу ғалатику. Саяташ: -Биласизми...Жуда бир юлдуз хам эмасманда. Кейин, бировни чўнтагидагини хисоблаш хам керак эмаску.
Sayyod: Гап бировнинг чўнтагида эмас, Сиз барибир Ўзбек шоу-бизнеси вакилисиз, юзи хисобланасиз. Ўзбекистонда юлдуз бўлиб кейин, нахотки хорижнинг метросида пул топишдек нарсани ўзингизга лойиқ топдингиз? Саяташ: -Ха, лекин бу нарсадан мен ёмон бўлиб қолдим деганимаску, ўзимни, ўзбек эстрадасини ва ёки Ватанимизни юзини ерга қаратдим дегани хам эмас. Мен оддий одамман, хаётдан завқланиб яшашни ва бахтли бўлишга интиляпман холос. Истаган нарсамни кўришни хохлайман. .. Мен мусиқани севаман тушуняпсизми, мен ундан бахра оляпман ва бу метродаги нарса тажрибадек бўлди. Ўша ердаги оммага мени ижодим манзур келадими йўқми билмоқчи эдим холос.
Sayyod: Балки бу иложсизлик ва депрессия холати натижасидир? Саяташ: -Ха, албатта! Лекин депрессия эмас! Хеч қанақа депрессия эмас. Бу тажриба холос!
Sayyod: Хўш, метродаги омма қандай қабул қилди? Саяташ: -Одамлар қизиқиб хаттоки қайси тилда куйлаётганимни сўрашди.
Sayyod: Сиз у ерда ўзингизни қўшиқларингизни, хусусан ўзбек тилида хам куйладингиз, шундайми? Саяташ: -Ха албатта, фақатгина ўзимни қўшиқларимни куйладим, мана шунда эдида хамма гап. Аввалига жуда ноқулай бўлди, қаттиқ хаяжонландим. Кейин ўша метрода созандалар Нью Йорклик Майк хамда Мексикалик Антонио билан танишдим. Улар метронинг турли бекатларида мусиқа чалишарди. Тилларни билмасакда бизни мусиқа тили бирлаштириб, биз дўстлашдик. Мени таклифимга биноан улар мени мусиқамни чалишди мен эса куйлай бошладим. Бу тажриба “Урра!” даражасидаги омадли бўлди. Ўша хаяжонланган пайтимда шу йигитлар “Кўзларингни юмгинда, куйла холос” дея маслахат беришди. Хуллас хаяжондан титраб қақшаб, кўзларимни юмиб барча қўшиқларимни куйладим ва кўзларимни очганимда атрофимда оламон йиғилганди. Ваув! Бу дахшат , зўр эди! Кейин Франция телевидениесидан келиб суратга олиб каттагина репортаж уюштиришди, интервью олишди. Қаердан эканлигимни сўрашганида Ўрта Осиёдаги Ўзбекистонданман дедим. Тез кунда менга видеони юборишса сизга хам берардим.
Sayyod: Россиянинг “Голос” лойихасида иштирок этиш учун харакат қилганингиз ва лекин кастингдан ўтмаганингиз ростми? Саяташ: -Мен ўзи асли ич-ичимдан бу нарсага тайёрмас эдим ва иштирок этишни хам хохламагандим. Шунчаки мени таклиф этишгани учун йўқ дея олмадим ва бордим. Ўша пайтлар тайёрмас эдим хам, фикру хаёлим уй қуриш билан банд эди. Лекин шунга қарамай бордим ва менга маълум бўлмаган сабабларга кўра кастингдан ўтмадим. Бу йили жуда кўп иштирокчилар қатнашаётгани боис келаси йил келинг дейишди. Кейин эса келаси йили ва ундан кейинги йил хам мени таклиф этишди, бироқ менда бунга вақт хам иштиёқ хам бўлмади .
Sayyod: Айни дамда Тошкентга ижодингизни давомлаш учун қайтдингизми ёки яна ўша метрога қайтасизми? Режаларингиз қандай? Саяташ: -(кулади) Метро бу экспромт эди (олдиндан тайёрланилмаган, режалаштирилмаган ва таваккалига қилинган тажриба маъносида-Сайёд) . Бу мени доимий иш жойим эмас , шунчаки альбомим ва илхомимга боғлиқ нарса. Тошкентга эса яқинларим билан кўришиш, миллий таомларимиздан завқланишга ва ўзгаришлар билан танишишга келдим. Яқинда кетаман ва янги йил арафасида яхши бир янгилик билан қайтишни режалаштирдим. Ватанимни севаман ва биринчи рақамли Ватанпарварман!
Бу холат юзасидан хорлик эмас кўпроқ борлик-қандай бўлса шундайлик тушунилса керак... шунчаки ерда ўтириб куйлаши ва унга пул ташланиши минг унинг ижодий тажрибаси бўлсин бизни менталитет учун тиланчилик тажрибасидек хисобланса керак, тағин билмадим. Шахсий фикрим... Хунук манзара... Саяташ ноёб иқтидор ва махорат сохибаси эканлигини санъат оламидаги хамма биладию бироқ у билан ишлашдан аксарияти бош тортади... Характери жуда оғир дейишади. Балки шу сабаб хам шундай иқтидор сохибасини бугунги кунгача хечқайси продюсер ўз қарамоғига олмагандир... Бошқа тарафдан характери оғир бўлмаган артистлар хам жуда кам.
Учинчи қахрамонимиз билан эса мана анчадан бери боғлана олмаяпмиз. Руслан Шарипов! Интервьюга розилик беради аммо белгиланган вақтда ё телефон ўчиқ ва яна нималардир...ё нима деб жавоб бераётганига тушунмай фақатгина унинг холати хақида тахмин қилиб телефонни қўйишдан бошқа илож йўқ.
Бастакор, хонанда... Унинг салобатли бўғиқ овозини хечкимники билан адаштириб бўлмаса керак. Қанчадан қанча хитлар муаллифи. Санъат олами уни спиртли ичимликларга муккасидан кетган дейишади. Яқиндагина мухлислардан бири кўчада бир ахволдаги маст одамни унга ўхшатгани ва яхшилаб қараса у рости хам Руслан Шарипов эканини хамда у ўша атрофда яшашлигини одамлар айтишганини бизга ёзиб юборди. Бир таниқли хонанда эса уни кўчада маст холатда ким биландир уришиб турганида мошинасига ўтказиб уйига ташлаб кетгани, бироқ шунча вақт хамкорликда ишлашган бўлсада йўл бўйи Руслан уни хаттоки таний олмаганини айтиб ажабланди. Бир вақтлар Юлдуз Усмонова унга ёрдам қўлини бергани ва санъатга қайтарганидан хабардормиз. Буни Усмонова интервьюларида айтганди хам. Кейин бир муддат Дилдора Ниёзова билан хамкорлиги эштилиб тургандек бўлди... Яна гап-сўзлар... ва яна унга ачиниш хитоблари...
АтрофИда соғлом турмуш тарзи кечирадиганлар қолмаганидан кейин ижодкор нима қилсин? Хамма ўзини четга олаверса табиатан четдан таъсирга тобе инсон учун ирода қийин кечади. Хамма хам табиатан иродаси мустахкам эмас. Умримизни охиригача барибир хар биримиз четдан ёрдамга мухтожмиз. Кимдир сизни тинглаши хам катта ёрдам. Одам тафтини одам оладику. Руслан Шариповни олдига санъат оламидан ижодкорлардан кўпроқ бориб, кўпроқ ижодий масалада безовта қилаверишса балки уни хаёти аста-секинлик билан яхши тарафга ўзгараверар деб ўйлайман. Буям бир фикрда. Харакат керак. Унга эса балки туртки... Тамоман ўзгармас ва тамом бўлган инсонни ўзи йўқ! Уни шундай деб билиб ишонган ва шу холатга келтираётган биз бормиз холос. Санъат оламида Руслан Шарипов жудаям кўпчиликка ёрдами теккан деб биламан... Унга хам кимдирни ёрдам тегиб қолар деб ишонаман.
Мақолага хам умумий хулосам шу: хечким бундай хаётдан кафолатланмаган! Эртага қандай холатга тушиб қолишимизни билмаймиз. Шунда атрофдан умид қиламиз. Айтмасак хам, хохламасак хам шу атроф мухит бизни ўзгартира олади. Ё хор қилади ва ёки бор! Яхшиликда яхшиси билан бор бўлайлик! | |
Бўлим: FIKRiston | Кўрилган: 25449 | Чоп этди: Sayyod |
Нравится
Барча изохлар: 32 | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ! Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин! -Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. (батафсил манбаа)
Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод |